Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар силсиласи (37)
Жанг пайтида ортга қочиш (3)
Иккинчи: Исломда жиҳоднинг машруъ бўлиши ва ундан бўлган мақсад (3)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада қарор топгач ва Аллоҳ таоло у зотни ансорлар ва муҳожирлардан иборат покиза ва садоқатли мўминлар билан қувватлантиргач, асҳоблари у зотнинг ҳимояси ва нусрати йўлида жонларини фидо қиладиган, у зотнинг муҳаббатини ўз оталари, фарзандлари ва аёллари муҳаббатидан устун қўядиган бўлишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада Ислом давлатини барпо қилгач, Исломнинг тўла маънодаги, ўз раҳбари, армияси, куч-қудрати, ерига эга бўлган давлати қарор топгач.. Ана шундан кейингина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зот билан бирга мўминларга жангга изн берилди. Бироқ, шунда ҳам уларга уруш фарз қилинмади, балки даъват эркинлигини ва шахс эркинлигини таъминлаш учун тажовузкор кучларга қарши жанг қилишга изн берилди. Аллоҳ таоло деди:
«Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир. Улар ўз диёрларидан фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» (Ҳаж: 39-41).
Фақат ҳижратнинг иккинчи йилида Аллоҳ таоло қуйидаги оят билан урушни фарз қилди:
«Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216).
Шундан сўнг Аллоҳ таоло жиҳоднинг шарафини баён қилди ва мўминларни жиҳодга тарғиб қилиб, шундай оятлар туширди:
«Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми? (Ўша «тижорат» мана будир) — Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирасизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қиласизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши (иш)дир. (Агар шундай қилсангизлар, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга ва абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур. Бу эса улуғ бахтдир. Ва (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлган ғалаба ва яқин(да рўй берувчи Макка) фатҳидир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!» (Саф: 10-13).
Аллоҳга қасамки, бу жуда катта фойда келтирувчи тижорат эди!! Нега ҳам шундай бўлмасин, ахир?! Зотан, Аллоҳ таоло гуноҳларни мағфират этишни, дунёда нусрат ва охиратда дўзахдан қутулиш ва жанатга эришишни шунга боғлиқ қилди!!
Ана шундай фойдали тижорат ортидан мана бу олий даражадаги битим ва улуғ ваъда келадики, уни Аллоҳ таоло Ўзининг энг афзал китоблари бўлмиш Таврот, Инжил ва Қуръонда ваъда қилган. Аллоҳга қасамки, бундан олийроқ битим ва бундан юксакроқ савдо шартномаси бўлиши мумкин эмас!! Ундаги харидор – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи, тўлов баҳоси – жаннат, савдога қўйилган мато эса Аллоҳ йўлида жону мол билан жиҳод қилишдир!
Тожирлар харидорнинг буюклигини, тўлов ҳаққининг миқдорини ҳамда ушбу битимни ўз бағрига жойлаган китобнинг қадрини кўришгач, матонинг қадри ва шаъни нақадар олий эканини англаб етдилар ва ўз ихтиёрларида бўлган матоларини арзимас баҳоларга сотишни катта зиён деб кўрдилар. Ва шунинг учун ҳам улар Буюк Харидор билан розилик битимини туздилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақиқий буюк бахтдир» (Тавба: 111).
Битимга қўл қўйилгач ва унда фойда кўрган тижоратчилар ўз қимматбаҳо молларини, яъни жонлари ва молларини харидор қўлига топширишгач, уларга: «Жонингиз ва молингиз бизники бўлди, энди Биз уларни сизларга тўла-тўкис, мукаррам ва азиз ҳолида сизларга қайтариб берамиз», деб айтилди. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар» (Оли Имрон: 169).
(Давоми бор)
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !