Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (102)
وَنُؤْمِنُ بِما جاءَ مِنْ كَراماتِهِمْ، وَصَحَّ عَنِ الثِّقاتِ مِنْ رِواياتِهِمْ .
198. Уларнинг (яъни авлиёларнинг) кароматлари тўғрисида ишончли кишилар орқали етиб келган саҳиҳ ривоятларни тасдиқлаймиз.
Бу – яъни, кароматлар мавзуси катта баҳс ўрнидир. Каромат – одатдан ташқари, ғайриоддий иш бўлиб, у агар пайғамбардан содир бўлса, мўъжиза дейилади, Қуръон мўъжизаси каби. Зеро, инсу жиндан ҳеч бири Қуръонга тенг келувчи нарсани олиб келишга қодир бўлмаган. У энг катта мўъжиза. Ёки бўлмаса, Мусо алайҳис-саломга берилган асо ва тўққиз аломат мўъжизаси, Ийсо алайҳис-саломга ато этилган ўликларни тирилтириш мўъжизаси ҳам шу турга киради.
Агар ғайриоддий иш солиҳ мўмин кишининг қўлида содир бўлса, у унинг ўзи томонидан бўлмай, балки Аллоҳ томонидан унга берилган кароматдир. Ғор эгалари билан ёки Марям билан юз берган ҳодиса каби. «Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди» (Оли Имрон: 37). Марям алайҳас-салом ибодатхонасида Аллоҳга ибодат билан машғул экан, унга ризқ ўзи келарди. Шунингдек, бу умматнинг солиҳ зотларида ҳам кўплаб кароматлар содир бўлган. Бу ҳақда шайхулислом юқорида номи ўтган китобда баён қилган.
Аммо ғайриоддий иш агар фолбин ё сеҳргарда содир бўлса, бу шайтоний иш бўлиб, имтиҳон ва синов юзасидан унга берилган бўлади. Баъзан ҳавода учиши, сув устида юриши ёки шу каби одатий, бўлмаган ишларни қилиб кўрсатиши мумкин. Буни шайтоний амаллардан деб кўрилади.
Кароматни бошқа нарсадан ажратиш йўли шуки, агар ғайриоддий иш Исломга мувофиқ бўлиб, солиҳ мўмин кишидан содир бўлса, каромат бўлади, акс ҳолда у шайтонлар ёрдамида амалга оширилган шайтоний амал бўлади.
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад, эсланг: Аллоҳ) уларнинг барчаларини тўплайдиган Кунда: «Эй жинлар жамоаси, инсонлардан жуда кўпини (адаштирдингиз), дер». Шунда у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: «Парвардигоро, бизлар бир биримиздан фойдаландик ва Ўзинг биз учун белгилаб қўйган ажалимизга етиб келдик», дейишади» (Анъом: 128). Яъни, жин одамзотдан уни ўзига итоат қилдириш ва бўйсундириш билан фойдаланди, инсон эса жиндан ўзи истаган баъзи хабарларни олиш ва уни ўзига хизмат қилдириш учун фойдаланди. «Аллоҳ айтур: «Жойингиз дўзахдир! Унда абадий қолурсиз, магар Аллоҳнинг хоҳиши билангина (чиқишингиз мумкин)». Албатта, Парвардигорингиз ҳикмат ва билим соҳибидир. Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз» (Анъом: 128, 129).
Шайтоний ғайриоддий ишлар билан каромат ўртасидаги фарқ шу, яъни иймон ва амали солиҳ. Аҳли сунна вал-жамоанинг фикри шудир.
Бошқа тоифаларда бундай ғайриоддий ишларни тушунишда кўп янглишишлар бўлди. Муътазилалар ва уларга ўхшаган ақлонийлар (яъни, ақлни нақлдан устун кўрувчилар) ҳозирги пайтгача ҳам кароматларни инкор қилишади, уларнинг баъзи ҳаддан ошганлари ҳатто айрим мўъжизаларни ҳам инкор қилишади ва уларнинг ақлга тўғри келмаслигини рўкач қилишади.
Иккинчи бир тоифа – қубурийлар ва сўфийлар эса кароматларни исботлашда ғулув кетиб, ҳатто уларни шайтоннинг дўстлари учун ҳам исботлашди. Улар ҳатто намоз ўқимайдиган, рўза тутмайдиган кимса тарафидан ғайриоддий иш – шайтоний амал содир бўлса, шуни ҳам каромат сифатида талқин қилишади. Айрим қубурийлар валийлар хусусида ғулув кетиб, ҳатто уларни Аллоҳга шерик ҳам қилиб қўйишади. Шаъронийнинг «Табақотул-авлиё» деб номланган китобида ажойибу ғаройиб гаплар ва ботил ҳикояларни кўриш мумкин. Валий улар наздида шаръий таклифотлардан хориж ва ибодатга эҳтиёжи йўқ, деб тасвирланади.
Ҳар қанча солиҳ ва обид бўлмасин, ҳеч ким ҳеч қачон бандаликдан чиқиб кетолмайди, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам, авлиёлар ҳам бундан мустасно эмас. Ҳатто пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг Аллоҳни энг танувчироғингиз ва Ундан энг тақво қилувчироғингиз бўлишни умид қиламан», деганлар. Ваҳоланки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам башариятнинг саййиди, бутун ер юзида то қиёмат яшаб ўтувчи кишиларнинг энг яхшиси эдилар. Шундай зотга Аллоҳ таоло: «То сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99) деб буюрди. Бирон киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам етган даражага етган эмас. Ана шундай зот ҳам Аллоҳга бандаликдан хориж бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Ийсо Масиҳ алайҳис-салом ҳақида айтади: «Масиҳ ҳам, Аллоҳга яқин қилинган фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмайдилар. Кимки Унга бандалик қилишдан ор қилса ва кибру ҳаво қилса, бас, уларнинг барчасини Ўз ҳузурига жам қилажак. Ана ўшанда иймон келтириб, яхши амаллар қилган кишиларнинг мукофотларини комил қилиб бериб, яна Ўз фазлу карамидан қўшимча ҳам қилур. Аммо ор қилган, кибру ҳаво қил-ган кимсаларни эса аламли азоб билан азоблайди ва улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор тополмаслар» (Нисо: 172, 173).
Бу ҳам яхши билиб олиш лозим бўлган катта мавзулардан биридир.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !