June 14, 2020

Сеҳргарлик (11)

Сеҳрнинг давоси ва ундан сақланиш йўллари (1)

Севикли дўстларим! Сеҳр, жин тегиши, эрнинг аёлидан боғлаб-тўсиб қўйилиши кабилардан сақланишнинг энг катта йўли қуйидагилардир:

1) Аллоҳ азза ва жаллага тавҳидни рўёбга чиқариш, бандаликни Унга холис қилиш ва Унгагина таваккул қилиш.

Муваҳҳиднинг қалбини тавҳид чироғи ёритган ва иймон нури мунаввар этган бўлади. Шу боис уни Аллоҳдан бошқа бировдан қўрқиш ҳислари қамраб ололмайди.

Балки, қўрқув ва муҳаббати ёлғиз Аллоҳга йўналган бўлади.

Ибн Таймия айтганларидек, бундай қалб соҳиби дунёда турган ҳолидаёқ жаннатдадир.. Барзахда ётган ҳолида ҳам жаннатдадир.. Охиратда ҳам жаннатда бўлади.

Қалбдаги иймон қуввати шайтонни заифлаштиради. Банданинг иймони зиёдалашиб боргани ва ибодатни Аллоҳга холис қилгани сари шайтоннинг унга ҳукмронлик қилиши заифлашиб бораверади.

Мисол учун, Умар Форуқ розияллоҳу анҳудан шайтон қочар экан. Бухорий ва Муслим Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бир куни Қурайш аёллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишиб, ўзларига керакли масалаларни сўраб – бир ривоятда: овозлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозини босиб кетган ҳолда гапириб – туришганида Умар розияллоҳу анҳу киришга изн сўради. Умарнинг дарагини эшитган аёллар шоша-пиша ҳижобларига интилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бердилар. Умарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулган ҳолда кутиб олдилар. «Аллоҳ сизни хушнуд қилсин, ё Расулуллоҳ! Ота-онам сизга фидо бўлсин, кулгингизнинг сабаби нима?», деб сўради Умар. «Ҳузуримдаги мана бу аёллардан ажабландим. Сизнинг овозингизни эшитишлари билан ҳижобга интилишди», дедилар.

Умар: «Ё Расулуллоҳ, ҳайбатланишларига аслида, сиз лойиқроқсиз», деди, сўнгра аёлларга қараб: «Эй ўзларига душманлар, мендан ҳайбатланасизлар-у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайбатланмайсизларми?!», деди.

Улар: «Ҳа, сен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараганда анча қаттиққўл ва тошбағир одамсан», дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Ибн Хаттоб, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шайтон сизнинг йўлингиздан чиқиб қолса, албатта бошқа йўлга юриб кетади» (Бухорий: 7/37, Муслим: №2396).

Ҳа, шайтон Умар розияллоҳу анҳунинг иймони қувватидан қўрқиб, қочиб, у юрган йўлдан бошқа йўлга кириб кетар экан!

Ибн Жавзий «Талбису иблис» китобида қизиқ бир қиссани келтиради:

Аллоҳга шерик қилиб, сиғиниб юрилган бир дарахт бор эди. Бир куни бир киши Аллоҳ учун ғазаб қилиб, шу дарахтни кесиб ташлашга аҳд қилди. У дарахт ёнига келганида шайтон инсон суратида унинг олдида пайдо бўлиб: «Нима қилмоқчисан?», деб сўради.

«Аллоҳга шерик қилиниб, сиғиниладиган шу дарахтни кесиб ташламоқчиман», деб жавоб берди у.

«Сен ўзинг унга сиғинмас экансан-ку, сиғинадиганларнинг сенга нима зарари бор?!», деди шайтон.

«Йўқ, мен уни албатта кесиб ташлайман!», деди ҳалиги одам.

«Мен сенга ундан кўра яхшироқ бир таклиф айтсам, нима дейсан? Сен уни кесмагин, эвазига ҳар куни уйқудан уйғонишингда ёстиғинг олдида икки динор қўйилганини кўрасан».

«Ким бунга кафил бўлади?!»

«Мен кафилман!».

Шундан сўнг ҳалиги одам ортига қайтди. Эрталаб уйқудан турганида ёстиғи олдида икки динор қўйилганини кўрди.

Эртасига эрталаб ваъда қилинган икки динорни ёстиғи олдида топмади. Шунда ғазабланиб, болтасини кўтариб, дарахтни кесиш учун жўнади. Дарахт олдида шайтон унга кечаги суратида йўлиқиб: «Нима қилмоқчисан?», деб сўради.

«Аллоҳга шерик қилиниб, сиғиниладиган шу дарахтни кесиб ташламоқчиман», деб жавоб берди у.

«Бекор айтибсан, бунга ҳаргиз йўл қўймайман!», деди шайтон.

Киши дарахтга болта урмоқчи бўлганида шайтон уни кўтариб, ерга урди, бўғиб, ўлдириб қўяёзди.

Сўнг: «Биласанми, мен кимман? Мен шайтонман. Сен аввалги сафар Аллоҳ учун ғазаб қилиб келгандинг, шу боис сенга кучим етмас эди. Шунинг учун мен сени икки динор билан алдадим. Аммо, бугун ўша маҳрум бўлганинг икки динор учун ғазаб қилиб келдинг, шунинг учун мен сени мағлуб қилдим», деди.

Ўйлаб кўринг, эй Аллоҳнинг бандаси!

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Аллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир» (Наҳл: 99, 100).

Мўминларга шайтон ҳукмрон бўлолмайди.

Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат —ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)» (Ҳижр: 42).

(Давоми бор)

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !