📖 МАЪНАВИЙ НОНУШТА ☕️
📚 РУҲИЙ ОЗУҚА 🍵
⛅️ Субҳидам суҳбатлари ⛅️
{أَلَيْسَ اللَّهُ بِكَافٍ عَبْدَهُ}
Бошқа саҳиҳ қироатда “عِبادَهُ” — “бандаларини” деб кўплик сийғасида ўқилган.
Шунга биноан, икки хил қироатда ўқилган бу оятни қуйидагича таржима қилиш мумкин:
“Аллоҳ Ўз бандаси Муҳаммадга кифоя қилмасми?!”
“Аллоҳ барча солиҳ бандаларини турли бало-офатлардан асраш учун етарли эмасми?!”
Ҳа, албатта Аллоҳнинг Ўзи етарли, Унинг Ўзи кифоя!
Ҳасбуналлоҳ, ва неъмал вакийл.
Бу оят инсон қалбига хотиржамлик бағишловчи, иймон, ишонч, таваккул ва умидни янада кучайтирувчи, Аллоҳга боғланишга, Унинг Ўзига таваккал қилишга ундовчи, қувватбахш ва завқбахш оятлардан ҳисобланади.
Биринчидан, бу оятда Аллоҳ ҳақир сувдан яралган заиф инсонларни Ўзига нисбат бериб: “عِبادَهُ”
“Ўз бандаларини” деди.
Иккинчидан, уларни энг юқори васфлари билан ёд этиб “абд — банда” деди.
Убудият (бандалик) инсон боласига берилган энг шарафли, энг юқори мартаба.
Ҳар бир нарсани тўғри тушуниб, тўғри татбиқ қиладиганлар бор ва нотўғри, тескари тушуниб, нотўғри амал қиладиганлар бор.
“Аллоҳнинг Ўзи бизга кифоя қилади”, деб оёқни осмондан қилиб ётиш оятни тўғри тушунмасликдир.
“Олма пиш, оғзимга туш” исломда қораланган дангасаликдир.
Ахир Аллоҳ:
فَٱذۡكُرُونِیۤ أَذۡكُرۡكُمۡ
“Мени ёд этинг, эсланг, Мен ҳам сизларни ёд этаман, эслайман”, деган.
Пайғамбар солаллоҳу алайҳи ва саллам:
“احْفَظِ اللهَ يَحْفَظْكَ”
“Аллоҳ амрини муҳофаза қил, шунда Аллоҳ сени ҳам муҳофаза қилгай, сақлагай, ҳимоя қилгай”, деганлар.
Демак халқнинг:
Сендан — угина, Мендан — бугина.
Сендан — ҳаракат, Мендан — баракат, деган мақолллари асоссиз эмас.
Шундан келиб чиқиб олимлар:
من عَبدَ الله كما يريد..
كفاه الله كل ما يريد
“Ким Аллоҳга У истагандай ибодат қилса, банда истаган ҳар бир нарсага Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилгай”... дейдилар.
Учинчидан, бу ояти каримада Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири Ал-Кофий исми келган.
Бу исм маъноси Аллоҳнинг Ал-Вакил исмига яқин.
Қаранг, Аллоҳ пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни тўлиқ Ўз ҳимоясига олиб:
“وَٱللَّهُ یَعۡصِمُكَ مِنَ ٱلنَّاسِۗ”
“Аллоҳ сизни одамларнинг шарридан сақлаб олади”, деди. Шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ниҳоятда кўп дуо қилардилар.
Боболари Иброҳим алайҳиссалом каби кўпинча:
حَسْبِيَ اللهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ
“Аллоҳнинг Ўзи менга кифоя қилади. У нақадар яхши вакил”, дердилар.
Эрталаб ва кечки зикрда етти марта:
حسبي الله لا إله إلا هو عليه توكلت وهو رب العرش العظيم
деган дуо суннатда келган.
Ҳасбияллоҳ, яъни Аллоҳнинг Ўзи менга кифоя қилади, демакдир.
Таом тановулидан сўнг:
الْحَمْدُ لِلهِ الَّذِي كَفَانَا وَأَرْوَانَا غَيْرَ مَكْكْفِيٍّ وَلَا مَكْفُورٍ
деб дуо қилсалар, гоҳида дастурхон йиғиштирилганда:
الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّنَا غَيْرَ مَكْفِيٍّ ، وَلاَ مُوَدَّعٍ ، وَلاَ مُسْتَغْنًى رَبَّنَا.
деб дуо қилар эдилар.
Қарздор кишига:
اللَّهُمَّ اكْفِنِي بِحَلالِكَ عَنْ حَرَامِكَ وَأَغْنِنِي بِفَضْلِكَ عَمَّنْ سِوَاكَ
деган дуони ўргатганлар.
Бошларини ёстиққа қўйганларида:
الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَطْعَمَنَا وَسَقَانَا، وَكَفَانَا وَآوَانَا، وَكَمْ مِمَّنْ لَا كَافِيَ لَهُ وَلَا مُؤْوِيَ
деб Аллоҳга ҳамду сано айтардилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар доим Аллоҳнинг Ал-Кофий исми ва кифоялик сифатини эслаб, Унинг Ўзига илтижо қилардилар.
Аллоҳ бошимизга тушган бу бало-офатларни аритсин.
Бутун инсониятни ғам-қайғуга солган бу кулфатларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилсин.
Ё Кофий!
Ё Кофий!
Ё Кофий!
Ўзинг бизга кифоясан, бошимизга тушган мусибатлар Ўзингга аён, бизни ёрдамсиз ташлаб қўйма.
Сен хоҳлагандек ибодат қилолмаётганимизни ва барча гуноҳларимизни тан оламиз, тавба қиламиз.
Гуноҳларимизни Сендан ўзга ҳеч ким мағфират қилмас.
Ё Ғаффор, ё Вадуд мағфират эт, бу балоларни бошимиздан кўтар. Бунга Сендан ўзга ҳеч ким қодир эмас.
حَسْبِيَ اللهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ
حسبي الله لا إله إلا هو عليه توكلت وهو رب العرش العظيم
Теппасида қудратли эгаси бўлган, “Менинг Ўзим бандамга кифоя қиламан” деган меҳрибон Рабби бўлган банда ҳеч қачон ноумид бўлмайди.
Ноумид бўлманг!
Ғамга таслим бўлманг!
Ҳаммангизга Аллоҳ кифоясида бўладиган хайрли кун тилаб қоламан.
Абу Абдулборий Жалолиддин