May 25, 2020

Раббоний бўлинг, рамазоний эмас (1)

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд..

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугун сиз билан ўта муҳим мавзулардан бири ҳақида суҳбатлашамиз. Суҳбатимиз «Раббоний бўлинг, рамазоний эмас» деб аталади.

Одатимизга кўра, уни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Ўзгармас иймоний омиллар.

Иккинчи: Билдингми, маҳкам тут.

Учинчи: Аллоҳдан мадад сўра ва сустлашма.

Сўзларимга диққат билан қулоқ тутишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. «Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар: 18).

Биринчи: Ўзгармас иймоний омиллар

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Мана, Рамазон ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ким Рамазонга ибодат қилган бўлса, у ўтди. Ким Аллоҳга ибодат қилса, Аллоҳ абадий ўлмас, Барҳаёт зотдир. Рўза ойи ниҳоясига етди, таровиҳ ва тиловати Қуръон ойи ўтиб кетди, эзгулик, саховат, инъому эҳсон ойи ўтди. Унда фойда қилган фойда қилиб қолди, зиён қилган эса зиён қилиб қолаверди.

Эй кўзим, ёш тўк надоматлар қилиб,

Нур ёғилган кечалар ўтди елиб.

Нур ёғилган кечалар ўтди елиб.

Барча бирдек маъсиятлардан қочиб,

Бағрини тоат-ибодатға очиб,

Бир бировдан ортиқ эрмасди ҳама,

Ким намозда, ким тиловатда яна...

Фозил биродарлар!

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ой-у кунлардан афзал қилган, уни Ўзининг мўл-кўл раҳмат-у баракотлари билан хослаган, унда бандаларини тоат-ибодатларга муяссар этган.

Рамазон ойи киргач, мусулмонлар ўзгача бир шукуҳ ва интиқлик билан Аллоҳ жалла ва алонинг тоат-ибодатига берилишларига гувоҳ бўласиз. Тўғрида, ахир, нега ҳам ундай бўлмасин?! Жаҳаннам қопқалари ёпилган, жаннат дарвозалари очиб қўйилган, жин-шайтонларнинг ашаддийлари кишанга солинган бўлса!!

Одамлар ажиб бир соғинч ва иштиёқ билан ибодатлар сари ошиқадилар.. Бироқ... Рамазон чиқиши билан дилни оғритадиган, кўнгилни хира қиладиган ҳолат вужудга келади.. Рамазонда пок нафаслари билан масжидларни муаттар этган кишилардан кўплари Рамазон чиқиши билан оламлар Парвардигори тоатидан юз ўгириб кетадилар.. Худди Рамазонда бошқа бир парвардигорга ибодат қилишгандек!!

Иймоннинг ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳеч қачон ўзгармайдиган собит асослари ва ўзгармас омиллари мавжуд.

Масалан, намоз.. Қайси бир ҳақиқий мўмин Рамазондан кейин намоздан беҳожат бўлиши мумкин?! Рамазон чиқди, энди намоз ўқимасам ҳам бўлаверади, деган фикр қайси бир ҳақиқий мўминнинг кўнглига келиши мумкин?!

Масжидларнинг Рамазондаги кўринишига ва Рамазондан кейиги кўринишига бир назар солинг..

Мўмин биродар! Иймонида содиқ бўлган ҳеч бир мўмин диннинг иккинчи рукни бўлмиш ушбу асл-асосдан ҳеч қачон ўзини беҳожат санамайди! Зотан, Аллоҳ таоло айтганки:

«Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!» (Бақара: 238).

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Парвардигорингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз, шоядки нажот топсангизлар» (Ҳаж: 77).

Аллоҳ таоло хоҳ Рамазонда, хоҳ Рамазондан кейин бўлсин, намозни зое қилиш ва тарк қилишдан огоҳлантирган.

Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям: 59).

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушланувчидир. Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни ҳаёти- дунёда иймон келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилгаи саодатманд зотларгина дўзахдан) нажот топувчидирлар. Улар жаннатларда бир-бирлари билаи (дўзахга ташланган) жиноятчи-кофир ҳақида савол-жавоб қилишурлар. (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида,) Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқувчилардан бўлмадик» (Муддассир: 38-43).

Эй Рамазон рўзасига мушарраф бўлган мусулмон биродар, намозни асло зое қилмагин! Зеро, намоз Аллоҳ билан сенинг ўртангдаги алоқадир, сени гуноҳу маъсиятлардан покловчи чашмадир.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким эрта-кеч масжидга бориб-келиб юрса, ҳар бориб келгани сайин Аллоҳ унга жаннатдан бўлган ўрнини ҳозирлайверади» (Бухорий: №662, Муслим: №669).

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ у билан хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсага сизларни йўллаб қўяйми?», дедилар. Саҳобалар: «Ҳа, йўлланг, ё Расулуллоҳ», дейишди. «Қийин пайтларда таҳоратни комил қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва бир намоздан сўнг кейинги намозни кутиш. Мана шу риботдир (Аллоҳ йўлига ўзни боғлашдир), мана шу риботдир, мана шу риботдир», дедилар (Муслим: №251, Муватто: 1/161, Термизий: №51, Насоий: 1/89,90).

Аллоҳ таоло мўминларга намозни фарз қилди ва барча замону маконларда уни Ўзига сиғиниладиган ибодат қилди. Банда қиёмат куни энг биринчи бўлиб айни шу амалидан – намозидан сўралади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали намоздир. Агар намози яхши бўлса, зафарга эришади ва нажот топади. Намози ёмон бўлса, зиёнкор ва номурод бўлади» (Термизий: №413, Насоий: 1/232, Ҳоким: 1/263, Аҳмад: 5/72, Саҳиҳул-жомиъ: №2573).

(Давоми бор)

💎  #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !