Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (15)
وإنَّ مُحمَّدًا عَبْدُه المُصْطَفَى، ونـَبِيـُّهُ الْمُجْـتَـَبى، ورَسُولُهُ الْمُْرتَـَضى
40. (Яна шуни айтамизки,) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг танланган бандаси, сараланган пайғамбари ҳамда (Парвардигори ундан) рози бўлган расулидирлар.
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ сўзларининг аввалида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таниш, Унинг ёлғиз Ўзи ибодатга сазовор маъбуд ва тарбияткунанда эканига, Унинг камолот сифатлари ва жалолат васфлари билан азалий ва абадий сифатланган эканига эътиқод қилиш каби У зот ҳаққида вожиб бўлган нарсаларни баён қилгач, энди пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида эътиқод қилиш лозим бўлган нарсаларга ўтдилар. «Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод қилиб айтамизки: Аллоҳ яккадир, Унинг шериги йўқдир...» деган сўзларининг давоми сифатида «Яна шуни айтамизки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг танланган бандаси...» дейдилар. Шундай эътиқод қилиш вожиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг улуҳиятига қандай гувоҳлик берсак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига ҳам худди шундай гувоҳлик беришимиз лозим. Шунинг учун ҳам бу икки шаҳодат калималари доимо чамбарчас ва ҳар доим ёнма-ён зикр қилинади.
«Муҳаммад» пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур исмларидир. Бу ҳақда Қуръони каримда келган:
«Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).
«Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган нарсага (Қуръонга) — ҳолбуки у Парвардигорлари томонидан келган ҳақиқатдир — иймон келтирган зотларнинг эса ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва ишларини ўнглар» (Муҳаммад: 2).
«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир» (Фатҳ: 29).
Қуръонда Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳис-салом тилидан келтирган сўзлари орасида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аҳмад деган исмлари ҳам зикр қилинган: «Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)» (Саф: 6).
Ҳадисларда У зотнинг бошқа исмлари ҳам келган, Ибнул Қаййим «Жалоул-афҳом» китобларида уларни зикр қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни билиш дин вожиботлари ва Ислом асосларидан. Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон «Уч асос» китобида айтади: «Биринчи асос: Аллоҳни таниш, иккинчи асос: Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни таниш, учинчи асос: Ислом динини далиллар билан билиш». Демак, сизга Аллоҳни таниш қанчалик вожиб бўлса, Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у зот олиб келган Ислом динини далиллар билан билиш шунчалик вожиб бўлади. Маййит қабрига қўйилгач сўраладиган асосий нарсалар ҳам шулардир.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ азза ва жалланинг бандасидирлар, у кишига на улуҳиятдан, на рубубиятдан бирон насиба-улуш берилмаган. У зот Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, Унинг буйруқларига бўйсунувчи, қайтариқларидан тийилувчи ва Аллоҳ азза ва жалладан етказувчидирлар. Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусларида ғулув кетувчиларга раддия борки, баъзилар у зотни улуҳият ёки рурубиятдан насибадор қилишади ва Аллоҳ билан биргаликда у кишига ҳам дуо-илтижо қилишади. Бу эса гўё масиҳийлар Ийсо ибн Марям ҳақларида ғулув кетиб, уни Аллоҳнинг ўғли ёки худо деб ёки учта илоҳнинг бири деб даъво қилишларига ўхшаб кетади.
«Танланган бандаси» деган сўзда ғулув кетишдан қайтариш бор. У киши банда, самовоту ердаги барча мавжудот Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) банда-қул ҳолида келур» (Марям: 93).
Малоикалар Аллоҳнинг бандаларидир: «Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26, 27).
Расуллар ва набийлар Аллоҳнинг бандаларидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нуҳ алайҳис-салом ҳақида: «Зеро, у доимо шукр қилувчи банда эди» (Исро: 3), «Улар Бизнинг бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончи қилишди» (Қамар: 9), дейди.
Довуд «Бизнинг бандамиз (тоат-ибодатда) қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтувчидир» (Сод: 17), дейди.
Сулаймон алайҳис-салом ҳақида: «(Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтувчидир» (Сод: 30), дейди.
Айюб алайҳис-салом ҳақида: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб «Дарҳақиқат мени шайтон бало ва азоб билан ушлади», деган пайтини эсланг!» (Сод: 41), дейди.
Ийсо алайҳис-салом ҳақида: «У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир» (Зухруф: 59), дейди.
Агар махлуқотларнинг энг улуғи бўлган набийлар, расуллар, малоикалар Аллоҳнинг бандалари бўлар экан, энди улардан қуйироқда турувчи азиз-авлиёлар-у солиҳ кишилар албатта банда эканликлари аниқдир.
Пайғамбарларнинг энг афзали ва сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда банда деб атади:
«Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз...» (Бақара: 23).
«Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир» (Фурқон: 1).
«(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» (Исро: 1).
Бандалик мақоми энг олий мақомлардан бўлиб, Аллоҳ азза ва жаллага банда бўлишдан юксак шараф йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мени насоролар Ийсо ибн Марямни мақтаб кўкларга кўтарганидек кўкка кўтариб мақтаманглар. Мен оддий бир бандаман. Аллоҳнинг бандаси ва расули, денглар»[1].
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мустафо – танланган ва саралаб олингандирлар. Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотни қавмлари орасидан Ўз рисолатига танлаб олган. Аллоҳ Ўзининг рисолатини қаерга қўйишни яхши билади, унга сазоворлигини ва ушбу вазифани адо эта олишини билган кишисинигина унга ихтиёр қилади. Чунки, бу жуда оғир ва улкан вазифа бўлиб, Аллоҳ таоло унга нолойиқ одамни ҳаргиз танламайди: «Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билувчидир» (Анъом: 124). (Сараланган деб таржима қилганимиз) Мужтабо ҳам мустафо маъносидадир.
Набий — Аллоҳ таоло томонидан шариат туширилган ва лекин уни таблиғ қилишга-етказишга буюрилмаган кишидир, расул эса Аллоҳ таоло томонидан шариат туширилган ва уни таблиғ қилишга амр қилинган кишидир. Таблиғ қилишга буюрилиш – одамларни унга тортиш ва у сабабли жанг қилишга буюрилиш маъносидадир.
Ундан ташқари, набийга ҳам ваҳий келади, у ҳам Аллоҳ азза ва жаллага даъват қилади. Лекин у ўзидан аввалги пайғамбарга эргашган ва унинг йўлида юрган, алоҳида хос шариат олиб келмаган бўлади. Бани Исроил пайғамбарлари шу қабилдан бўлиб, улар Мусо алайҳис-саломга нозил қилинган Тавротга даъват қилиб келардилар.
__________
[1] Имом Бухорий ривояти (3445).
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !