September 9, 2020

Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (107)

وَنَرَى الْجَماعَةَ حَقاًّ وَصَواباً، وَالْفرْقَةَ زَيْغاً وَعَذاباً.

205. Жамоатни ҳақ ва тўғрилик деб, тафриқа-бўлинишни эса хато ва азоб деб биламиз!

Биз – яъни, аҳли сунна вал-жамоа бирлашишни ҳақ, бўлинишни эса азоб, деб эътиқод қиламиз. Умматнинг ҳақ устида бирлашиши раҳмат, фирқаларга бўлинишлари азобдир. Демак, бирлашиш ва бўлинмаслик вожибдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103). Аллоҳнинг арқони Қуръон ва Исломдир. Уммат Қуръон ва Суннат асосида бирлашиши лозим. Аллоҳ таоло бўлинишдан қайтарди ва Аллоҳнинг арқони – Қуръон асосида бирлашишга буюрди. Ҳар турли фирқалар ва ҳизбларга бўлиниш жоиз эмас, чунки тафриқа-келишмовчиликлар шундан келиб чиқади.

Аллоҳ таоло Ўзининг Китоби асосида бирлашишга, фикр ва қалбларнинг тарқоқлигини улоқтиришга буюрди. Мусулмонлар дунёнинг турли қитъаларида тарқалган бўлишларига, бир-бирларидан ҳар қанча узоқ диёрларда яшаган бўлишларига қарамай, улар ҳақ устида бирлаша оладилар, қалблари бир, бир-бирларини яхши кўрадилар. Ботил аҳли гарчи бир жойда, ёнма-ён яшаса ҳам, қалблари бир-биридан узоқдир.

Аллоҳ таоло айтади: «(Оғизларидаги сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир» (Ҳашр: 14).

«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон: 105).

«Мушриклардан бўлманглар! Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум: 31, 32).

«Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шуро: 13).

Мусулмонлар ақидаларида ҳам, ибодатларида ҳам, жамоатларида ҳам, мусулмон раҳбарга итоатларида ҳам бир бўлинмас уммат, бир жону бир тан бўлишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, бир-бирини тутиб турган бино мисол бўлишлари лозим. Бу мусулмонлар учун раҳмат бўлади, уларнинг қонлари тўкилишдан сақланади, қалбларида бир-бирига муҳаббат пайдо бўлади, жамиятларининг хавфсизлиги ҳам кафолатланган бўлади. Иттифоқликлари ортидан ризқлари ҳам мўл-кўл бўлади. Бўлиниб, бир-бирларига нафрат қилишса, ўзаро қирпичоқ бўлишса, устларига душманлар ҳукмрон бўлишига ва ўртада қонлар тўкишига сабаб бўладилар.

Ихтилоф икки қисм бўлади:

Биринчи қисм: Ақидадаги ихтилоф. Бу асло жоиз эмас. Чунки, ақидада парчаланиш ўзаро нафрат ва адоват келтириб чиқаради ва бирдамликка путур етказади. Мусулмонлар ягона ақидада – «Ла илаҳа иллаллоҳ»га сўзда ҳам, амалда ҳам, эътиқодда ҳам жипслашишлари лозим. Ақидада ижтиҳодга ва фикрлар хилма-хиллигига ўрин йўқ. Шундай экан, унда ихтилоф қилишга ўрин йўқ. Ақида ижтиҳодлар ва фикрлардан эмас, Китобу Суннатдан олинади. Ақидада бўлиниш худди жаҳмия, муътазила, ашъария ва бошқа адашган фирқалардан содир бўлгани каби ўзаро адоват, нафрат ва жанжалга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу уммат етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг ҳаммаси дўзахда, фақат бир фирқа (дўзахдан нажот топади)», дедилар. Саҳобалар: «У (нажот топувчи фирқа) кимлар, ё Расулуллоҳ?» деб сўраганларида: «Мен ва асҳобларим тутган йўлда бўлганлар» деб жавоб бердилар[1]. Демак, одамларни фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари нимага амал қилган бўлсалар, ўша нарсагина бирлаштириши мумкин экан.

Иккинчи қисм: Фиқҳий ижтиҳоддаги ихтилоф. Бу ихтилоф адоват келтириб чиқармайди, чунки у далилларга одамларнинг билим ва тушунчаларидан келиб чиқиб ёндошишлари оқибатида юзага келади. Уламолар истинбот (далиллардан ҳукмлар олиш) қувватида, шунингдек илмнинг оз-кўплигида бир-бирларидан фарқли бўлганлари боис бу соҳада ихтилофлар бўлиб туради.

Муайян бир раъй-фикрга таассуб бўлмаган ҳолда бу ихтилоф адоватга олиб келмайди. Саҳобалар ҳам фиқҳий масалаларда ихтилоф қилишар, бироқ бу улар ўртасида адоватни пайдо қилмас, балки ўзаро биродар бўлиб қолаверишар эди. Салафи солиҳ ва тўрт мазҳаб имомлари ҳам ихтилоф қилишган, улар ўртасида ҳам адоват бўлмаган, бир-бирларига юксак эҳтиромлари сақланиб қолган эди. Уларнинг шогирдлари ҳақида ҳам гап шу. Энди кимда-ким бировнинг раъйига таассуб билан ёндошса, шу нарса адоватга сабаб бўлади. Мусулмон киши Китобу Суннатдан бўлган далилга мувофиқ келадиган сўзларни олиши лозим.

Аллоҳ таоло айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).

Яна айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мўминларга айтинг): «Сизлар (бу ҳаёти дунёда кофирлар билан) ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми (Қиёмат Кунида) Аллоҳга (қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур)» (Шуро: 10).

Демак, ихтилофли ўринларда Китоб ва Суннатга мурожаат қилинади, далили кучли бўлган фикрни олинади.
__________
[1] Абу Довуд (4596), Ибн Можа (3991), Аҳмад (2/332), Ҳоким (1/128) ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !