September 13, 2020

Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (109)

وَهُوَ بَيْنَ الْغُلُوِّ وَالتَّقْصِيرِ

208. Ислом дини ғулув (чуқур кетиш) билан қосирлик (сусткашлик қилиш) ўртасидадир.

Ислом – ғулув, яъни ҳаддан ошиш, чуқур кетиш билан қосирлик, яъни бепарволик ва сусткашлик қилиш ўртасида. У ўртача дин бўлиб, унда ўта қаттиқлик ва инжиқлик ҳам, ҳамма нарсага ўта бепарво ва суст қараш ҳам йўқдир. Чунки, ҳар икки тараф ҳам айб ва нуқсонли, яхшилик эса бу иккисининг ўртасидадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг» (Моида: 77).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мутанаттиълар (яъни дин ишида ўта қаттиқ йўлни тутувчилар) ҳалок бўлсин»[1] деб уч марта айтганлар.

Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўраганларида уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилгач, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, охирги гуноҳлари кечирилган бўлса?», дедилар. Улардан бири: «Мен кечалари доимо намоз ўқийман», деди. Иккинчиси: «Мен кундузлари доимо рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар[2]. Чунки, бу Аллоҳ буюрмаган ўта қаттиқ йўлни ушлаш бўлур эди. Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, Аллоҳ Сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром қилиб олманглар» (Моида: 87) деб буюргач, оят давомида: «ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилманглар!» (Моида: 87), дейди. Яъни оят ҳар икки тарафдан қайтаришни ўз ичига олган, саҳиҳ дин эса ўртададир.

وَبَيْنَ التَّشْبِيهِ وَالتَّعْطِيلِ

209. У ташбеҳ билан таътил ўртасидадир.

Ислом дини ақидада таътил билан ташбеҳ ўртасида. Яъни Аллоҳнинг исм ва сифатларини таътил қилиш (йўққа чиқариш) билан уларни махлуқотлар сифатларига ташбеҳ қилиш (ўхшатиш) ўртасидадир. Муъаттила (яъни таътил қилувчилар) Аллоҳни поклашда ғулув кетиб қолишган ва (Аллоҳнинг исм ва сифатлари бор десак, уни махлуқларга ўхшатган бўлиб қоламиз, деб) У зотнинг исм ва сифатларни рад қилишган. Мушаббиҳа (ташбеҳ қилувчилар) эса исм ва сифатларни исботлашда ғулув кетиб қолишган ва Аллоҳ таолонинг сифатларини махлуқларнинг сифатларига ўхшатиб қўйишган. Тўғри ақида эса бу иккисининг ўртасида. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» (Шуро: 11). Бу – мушаббиҳага раддиядир. Оят давомидаги «У эшитувчи ва кўрувчидир» (Шуро: 11) ибораси эса муъаттилага раддиядир.

Биз аҳли сунна вал-жамоа эса Аллоҳ таолонинг Ўзи ёки пайғамбари У зотга исботлаган барча исму сифатларни исботлаймиз, уларни йўққа ҳам чиқармаймиз, рад ҳам қилмаймиз, махлуқотлардан биронтасининг сифатларига ўхшатмаймиз ҳам. Балки «Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари Унинг Ўзигагина лойиқ ва муносиб бўлган сифатлардир. Гарчи мазкур сифатлардан баъзилари инсонларда ҳам бор бўлса-да, уларнинг кайфияти турличадир, зотан сифат Ўз эгасига тобеъдир» деймиз.

وَبَيْنَ الْجَبْرِ وَالْقَدرِ

210. У жабрия билан қадария эътиқоди ўртасидадир.

Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига кўра, Ислом жабрия ва қадария эътиқодлари ўртасида. Жабриялар қадарни исботлашда ғулув кетишиб, ҳатто бандадан ихтиёрни бутунлай олиб ташлашади, «Бандада ҳеч қандай ихтиёр йўқ, унинг барча феъл-ишлари мажбурий равишда амалга ошади, у қадар измидаги бир асбоб холос, намози, рўзаси ва бошқа барча амаллари унинг ихтиёрисиз содир бўлади, у асбоб-ускуна мисол беихтиёр ҳаракатда давом этади» дейишади. Қадариялар эса банданинг инон-ихтиёрини исботлашда ғулув кетишиб, қадарни бутунлай рад қилишади, банданинг амаллари унинг тўла ихтиёри билан амалга ошишини, унинг амаллари Аллоҳнинг хоҳиш-иродасидан хориж эканини даъво қилишади, банданинг мустақил хоҳиш-иродаси бор, у ўз феълларини ўзи яратади, бунга Аллоҳ аралашмайди, дейишади. Ҳар икки эътиқод ботил ва нотўғридир.

Аҳли сунна вал-жамоа бу масалада ўрта йўлни ушлайди. Улар эътиқодича, банданинг ихтиёри ва хоҳиш-иродаси бор, у ўз ихтиёри билан амал қилади, лекин у Аллоҳнинг қазо ва қадаридан ташқарига чиқолмайди, унинг феълларини Аллоҳ яратади, у эса уларни амалга оширади, маъсиятларни ҳам, тоатларни ҳам унинг ўзи амалга оширади, тақдир қилувчи эса Аллоҳдир, шу боис у ўз гуноҳларига жазо олади, тоатлари учун мукофотланади, агар тоату маъсиятларини ихтиёрсиз қилганида эди, савобга ҳам, жазога ҳам эришмаган бўларди, мажнун ва гўдак бола, шунингдек мажбурланган одам жазога тортилмагани каби.
__________
[1] Муслим (2670) ривояти. [2] Бухорий (5063) ва Муслим (1401) ривоятлари.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !