September 15, 2020

Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (111)

وَنَسْأَلُ اللهَ تعالَى أَنْ يُثَبِّتَنا عَلَى الإِيمانِ، وَيَخْتِمَ لَنا بِهِ

213. Аллоҳ Таолодан бизни иймонда собит қилишини ва ҳаётимизни фақат мўмин бўлган ҳолимизда хотималашини сўраймиз.

Бу Аллоҳ таолога нисбатан одоб намунасидир. Муаллиф аҳли сунна вал-жамоа ақидасини баён қилиб ўтгач, унда собитқадам қилишини Аллоҳ таолодан сўрамоқдалар. Зеро, инсонга ақидани ўқиб-ўрганишининг ўзи кифоя қилмайди, олим ҳам адашиши, тойилиши мумкин. Шунинг учун ҳеч ким илмига мағрур бўлмаслиги, фитналардан хотиржам бўлиб қолмаслиги лозим бўлади. Чунки, унинг илми Иброҳим алайҳис-саломнинг илмича борми?! Ўшандай зот ҳам: «Мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин. Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар» (Иброҳим: 35, 36) деб дуо қилган.

Инсон доим Аллоҳдан офият ва динда саломатликни сўрамоғи лозим. Қанча-қанча олимлар борки, тойилиб, диндан чиқиб кетишган. Амаллар хотималарига қараб баҳоланади.

ويَعْصِمَنا مِنَ الأَهْواءِ الْمُخْتَلِفَةِ، وَالآراءِ الْمُتَفَرِّقَةِ، وَالْمَذاهِبِ الرَّدِيَّةِ, مِثْلَ الْمُشَبِّهَةِ, وَالْمُعْتَزِلَةِ، وَ الْجَهْمِيَّةِ, وَالْجَبْريَّةِ, وَالْقَدَريَّةِ, وَغَيْرِهِمْ، مِنَ الَّذِينَ خالَفُوا السُّنّةَ وَالْجَماعةَ، وَحالَفُوا الضَّلالَةَ

214. Суннат ва жамоатга қарши чиқиб залолатга юз тутган мушаббиҳа, муътазила, жаҳмия, жабрия, қадария каби ҳар хил фирқаларнинг турли ҳавойи йўлларидан, тарқоқ фикрларидан ва ботил мазҳабларидан Ўз фазли билан сақлашини сўраймиз.

Одамларни асосан нафси-ҳаволар йўлдан оздиради. Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!» (Қасас: 50).

«Ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва дилини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!» (Жосия: 23).

Инсон нафси ҳавосига эргашишдан саломат қилишини ва хоҳиш-ҳавосига зид бўлса-да ҳаққа йўллашини Аллоҳ таолодан сўрамоғи лозим. Аллоҳ таоло яҳудлар ҳақида айтади: «Ҳар қачон бир Пайғамбар сизларга ёқмайдиган нарса (оятлар) билан келса, бировини ёлғончи деб, бировини ўлдираверасизларми?!» (Бақара: 87).

Ботил мазҳаблардан мурод – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган фирқа-тоифалардир: «Бу уммат етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг ҳаммаси дўзахда, фақат бир фирқа (дўзахдан нажот топади)», дедилар. Саҳобалар: «У (нажот топувчи фирқа) кимлар, ё Расулуллоҳ?» деб сўраганларида: «Мен ва асҳобларим тутган йўлда бўлганлар» деб жавоб бердилар[1]. Мазкур фирқаларнинг ҳаммаси дўзахда бўлишига сабаб - улар ҳақдан тойилиб кетганлар, фақат битта фирқа, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари йўлини тутган кишилар дўзахдан нажот топувчи фирқадирлар. Шунинг учун ҳам уларни «нажот топувчи фирқа» деб аталади.

Мушаббиҳалар – Аллоҳнинг сифатларини махлуқлар сифатига ўхшатувчилардир.
Муътазилалар – Аллоҳни поклаш даъвоси билан ғулув кетиб қолишган, Унинг сифатларини йўққа чиқарган ва рад қилган тоифадир. Улар Восил ибн Ато ва Амр ибн Убайднинг тобеъларидир. Бу иккиси аслида Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бўлиб, у кишининг дарс ҳалқаларида иштирок этишарди. Ҳасан Басрийдан гуноҳи кабира соҳиби ҳақида сўралганда у киши Китобу Суннатга мувофиқ жавоб бериб: «У Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинади, гуноҳи кабира сабабли кишини кофир саналмайди, балки уни иймони ноқис дейилади», деганларида Восил у кишининг бу гапларини инкор қилиб: «Йўқ, у икки манзил ўртасидаги бир манзилда бўлади, кофир ҳам, мусулмон ҳам бўлмайди», деб мана шу ботил мазҳабни ихтиро қилди. Ҳасан Басрийнинг мажлисидан четланиб, атрофига ўз жинсидан бўлган одамларни тўплади ва алоҳида жамоа ташкил қилди. Шу боис бу жамоа муътазила (четланувчилар) деб аталди.

Жабрия ва Жаҳмиялар – Жаҳм ибн Сафвон ат-Термизийнинг[2] тобеълари бўлиб, Жаҳм устози Жаъд ибн Дирҳамнинг[3] йўлини ривожлантирган эди. Жаъд эса уни яҳудий Толутдан, Толут эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилган Лабид ибн Аъсамдан олган эди. Бу мазҳаб Қуръонни махлуқ дейиш билан машҳур бўлган. Уларнинг яна бир машҳур сўзлари – жабр, яъни инсон барча ишларида мажбур ва ихтиёрсиз эканлиги ҳақидаги сўздир. Улар Жаҳмга нисбат берилиб жаҳмиялар дейилади. Жаҳм бу эътиқодни Бани Умайя давлатининг охирги даврларида чиққан ва Холид ибн Абдуллоҳ ал-Қасрий томонидан қатл қилинган Жаъд номли кимсадан қабул қилган. Холид қурбон ҳайити намозида хутба қилиб: «Эй одамлар, қурбонлик қилинглар, Аллоҳ қурбонлигингизни қабул қилсин. Мен Жаъд ибн Дирҳамни қурбонлик қиламан, чунки у Аллоҳ таоло Мусо билан гаплашмаган, Иброҳимни Ўзига халил қилмаган, деб даъво қилмоқда», деди. Сўнг минбардан тушиб, уни бўғизлади. Чунки, у зиндиқ бўлган ва шу туфайли қатл қилиниши вожиб бўлган эди. Аҳли сунна вал-жамоа бу иши учун Холиддан миннатдор бўлди.

Жаҳм унинг мазҳабини ривожлантирди, шунинг учун бу мазҳаб унга нисбатланиб «жаҳмия» деб аталди. У жабр ва жаҳмияликни жамлаган эди.

Шоир айтади (шеър таржимаси) :
«Одамларни очиқдан-очиқ дўзахга чақираётган, исми жаҳаннам сўзидан олинган шайтондан ажабланаман».

Қадариялар – муътазила тоифасидан бўлиб, улар иш-амаллар банданинг мутлақ иродаси ва истак-хоҳиши самарасидир, уларга Аллоҳ аралашмайди, банда ўз феълини ўзи яратади, дейишади. Бу тоифа банданинг қудратини исбот қилишда ғулув кетди. Уларнинг бу гапларидан, Аллоҳ таоло ожиз, яратиш ва пайдо қилишда бошқалар Унга шерик бўлади, деган гап келиб чиқади. Бу эса айни мажусийларнинг сўзидир. Шунинг учун муътазилалар «бу умматнинг мажусийлари» деб ном олишган[4]. Мажусийлар: «Борлиқнинг иккита яратувчиси бор, бири яхшиликларни яратувчиси, иккинчиси ёмонликларни яратувчиси» дейишади. Муътазилалар уларга қўшимча қилиб: «Ҳар ким ўзининг феълини ўзи яратади» дейишди ва бу билан Аллоҳ таоло билан бирга кўплаб яратувчиларни исбот қилишди.

وَنَحْنُ مِنْهُمْ بِراءٌ، وهُم عِنْدَنا ضُلاَّلٌ وأرْدِياء, وبِاللهِ الْعِصمةُ والتَّوفِيقُ.

215. Биз улардан покмиз, бизнинг наздимизда улар адашганлар ва ёмонлардир. Фақат Аллоҳгина (гуноҳу залолатдан) асрайди ва тавфиқ беради.

Биз улардан покмиз, уларни Аллоҳ учун ёмон кўрамиз ва душман тутамиз. Чунки, улар залолат ва ботил аҳлидир. Улардан юз ўгириш ва уларни ёмон кўриш, уларнинг ботил гапларига раддия бериш вожибдир.

Биз «Бу фирқаларнинг ҳаммаси Исломда, шундай бўлгач уларнинг хатоларидан кўз юмиш лозим, сўз эркинлиги, фикр эркинлигига йўл бериш керак» дейдиган одамлардан ҳам покмиз. Бу хато ва уммат учун хатарли йўлдир. Сўз ва фикр эркинлиги Китобу Суннатга ва умматнинг салафлари эътиқод қилган нарсалар доирасига чекланиши лозим. Мухолиф фирқаларнинг ҳаммаси дўзахда, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларининг йўлини тутган фирқагина ундан нажот топади.

Инсон хатодан холи эмас. Гуноҳдан сақлаш ҳам, тавфиқ ҳам, куч-қудрат ҳам Аллоҳнинг қўлида. Инсонда ўзининг нажот топишига бирон кафолат йўқ. Фақат Аллоҳдан умид қилади ва қўрқади.

Шу билан аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ҳақидаги муҳим сўзларни ўз ичига олган ушбу рисола ниҳоясига етди. Аллоҳ таолодан уни барчамизга манфаатли қилишини, муаллифига мўл-кўл ажру савоблар ато этишини сўраймиз. Аллоҳ таоло у кишини ва бошқа барча имомларни чиройли мукофотлар билан мукофотласин.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
__________
[1] Абу Довуд (4596), Ибн Можа (3991), Аҳмад (2/332), Ҳоким (1/128) ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган. [2] Залолат асосчиси, жаҳмиялар бошлиғи, заковатли ва баҳс-мунозарада моҳир эди. Сифатларни инкор қилар, бу билан ўз даъвосича, Аллоҳ таолони поклар эди, Қуръонни махлуқ дер, Аллоҳ таолони барча маконларда эканини айтар эди. 128 - ҳижрийда Бану Умайяга қарши жангда ўлдирилган (Сияру аъламин-нубала: 6/26,27). [3] Жаъд ибн Дирҳам – Умавийларнинг Шомдаги охирги халифаси Марвон ибн Муҳаммаднинг устози бўлган, биринчи бўлиб «Аллоҳ таоло Иброҳимни халил қилмаган, Мусо билан бевосита гаплашмаган» деган сўзни айтиб чиққан. Мадоиний уни зиндиқ бўлганини айтади. 124 ҳижрийда Холид ибн Абдуллоҳ Қасрий қатл қилган. (Сияру аъламин-нубала: 5/433). [4] Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қадариялар бу умматнинг мажусийларидир, улар касал бўлсалар кўргани борманглар, ўлсалар жанозаларида иштирок этманглар» Абу Довуд (4691) ривояти.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !