Аллоҳга ширк келтириш (3)

Иккинчи: Ширкнинг пайдо бўлиши

Ширк ҳақида гапирарканмиз, зеҳнга биринчи келадиган савол – ширк ер юзида қандай бошланган ва у Аллоҳ таоло одамларни яратган тоза хилқатни қандай қилиб булғаган? Уламолар наздидаги машҳур гапга кўра, ширкнинг бошланиши Нуҳ алайҳиссалом қавмида бўлган.

Одам авлоди ўз оталари Одам алайҳиссалом миллати-динида, ҳақ шариат ва ҳидоят устида яшаб келарди. Муфассирлар устози Имом Табарий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Одам ва Нуҳ ўртасида ўн аср ўтган, ҳаммаси ҳақ шариат устида ўтганди, шундан сўнг улар ичида ихтилоф содир бўлди, кейин уларга пайғамбарлар юборилди.

Ҳа, одамлар ҳақ шариат ва ҳидоят устида келардилар..

Нуҳ алайҳиссалом уларга пайғамбар қилиб юборилган қавмда (Нуҳ алайҳиссалом юборилишидан аввал) Аллоҳга ибодат қиладиган ва Унга ширк келтирмайдиган солиҳ муваҳҳидлар бор бўлиб, улар тоат-ибодат билан машғул бўлган кишилар эди. Улар вафот этиб кетишгач, қавмлари бизга ибодатнинг фазилатини эслатиб турадиган, Аллоҳнинг тоатига буюриб турадиган зотлар орамиздан кетиб қолди, деб кўп қайғурдилар..

Кейин орага шайтон аралашди.. Уларнинг суратларини тасвирлаб, ҳайкалларини ясаб, намозгоҳларингизга қўйиб қўйинглар, шунда уларни кўрганда ибодат завқи ёдларингизга тушиб, завқ-шавқ билан ибодатга киришасизлар, деб васваса қилди..

Уларга бу гап маъқул келиб, мазкур солиҳларнинг шаклларини тасвирга тушириб, масжидларига қўйиб қўйдилар..

Дарҳақиқат, шайтон айтганидек бўлди.. Ҳар сафар уларнинг суратларига боқишганда у зотларнинг ибодатлари эсларига тушиб, худди улардек ибодат қилишга тиришар эдилар..

Шу зайлда йиллар ўтди.. Бу авлод дунёдан ўтиб кетиб, ортларидан уларнинг фарзандлари ўсиб-улғайди.. Оталари доим мазкур тимсол эгаларини яхшилик билан тилга олишларини кўриб катта бўлишгани учун улар ҳам оталаридан ўрнак олиб, уларни улуғлаб, табаррук кўриб ўтдилар..

Сўнг улардан кейинги авлодлар даври келди.. Шайтон уларга ота-боболари мазкур ҳайкалларга ибодат қилишганини уқтирди.. Шундай қилиб, уларга ибодат қилиш бошланди..

Имом Бухорий «Нуҳ» сураси тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилади:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ - رضى الله عنهما - صَارَتِ الأَوْثَانُ الَّتِى كَانَتْ فِى قَوْمِ نُوحٍ فِى الْعَرَبِ بَعْدُ ، أَمَّا وُدٌّ كَانَتْ لِكَلْبٍ بِدَوْمَةِ الْجَنْدَلِ ، وَأَمَّا سُوَاعٌ كَانَتْ لِهُذَيْلٍ ، وَأَمَّا يَغُوثُ فَكَانَتْ لِمُرَادٍ ثُمَّ لِبَنِى غُطَيْفٍ بِالْجُرُفِ عِنْدَ سَبَا ، وَأَمَّا يَعُوقُ فَكَانَتْ لِهَمْدَانَ ، وَأَمَّا نَسْرٌ فَكَانَتْ لِحِمْيَرَ ، لآلِ ذِى الْكَلاَعِ . أَسْمَاءُ رِجَالٍ صَالِحِينَ مِنْ قَوْمِ نُوحٍ ، فَلَمَّا هَلَكُوا أَوْحَى الشَّيْطَانُ إِلَى قَوْمِهِمْ أَنِ انْصِبُوا إِلَى مَجَالِسِهِمُ الَّتِى كَانُوا يَجْلِسُونَ أَنْصَابًا ، وَسَمُّوهَا بِأَسْمَائِهِمْ فَفَعَلُوا فَلَمْ تُعْبَدْ حَتَّى إِذَا هَلَكَ أُولَئِكَ وَتَنَسَّخَ الْعِلْمُ عُبِدَتْ .

«Нуҳ қавмида бўлган бутлар кейинчалик арабларда давом этди. Вад Давматул Жандалдаги Калб қабиласининг бути эди. Сувоъ эса Ҳузайл қабиласининг бути эди. Яғус Мурод қабиласининг бути эди, кейинроқ Сабаъдаги Бану Ғутайф қабиласининг бутига айланди. Яъуқ Ҳамдон қабиласининг бути эди. Наср Ҳимяр қабиласининг бути эди. Булар аслида Нуҳ қавмидаги солиҳ кишиларнинг исмлари эди. Улар дунёдан ўтиб кетишгач, шайтон уларнинг қавмдошларига ўзлари ўтирадиган мажлисларига ўша зотларнинг ҳайкалларини ўрнатиб, уларнинг номлари билан номлашни ўргатди. Аввалда уларга ибодат қилинмади. Кейин бу авлод ўтиб кетиб, илм ёддан чиққач, кейингилар даврида уларга сиғиниладиган бўлди» (Бухорий: №4920).

Ҳофиз Ибн Ҳажар «Ал-фатҳ»да айтадилар: «Фокиҳий Убайд ибн Умайр ривоят йўли билан келтиришича, бут-санамлар илк бор Нуҳ қавмида пайдо бўлди. Фарзандлар оталарига меҳрибон эдилар. Улардан бир киши вафот этгач, фарзанди дард-фарёд қилиб, сабр қилолмай қолди. Сўнг унинг суратини қилдириб, соғинган пайтида унга тикилиб ўтирадиган бўлди. У вафот этганидан кейин (болалари ҳам) худди шундай қиладиган бўлдилар. Ҳатто ана шу ҳолда бирин-кетин авлодлар ўтиб борди. Оталар ўтиб кетгач, болалари айтишдики, оталаримиз бу (сурат-ҳайкал)ларни ўз олиҳалари бўлгани учун ясаб олганлар. Шундай қилиб, уларга сиғиниш бошланди» (Фатҳул-Борий: 8/537).

Аллоҳ таоло уларга раҳм қилишни ва уларни ширк зулматларидан тавҳид ёруғлигига чиқаришни истади ва уларга Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Нуҳ пайғамбар улар ичида 950 йил кеча-ю кундуз тўхтовсиз Аллоҳга даъват қилиб турди.

Лекин, улар қайсарлик билан ўз ширкларида маҳкам тураверишди ва Нуҳнинг даъватини кибр билан рад қилишди.

«Улар (бошлиқлари Нуҳга қарши) жуда катта макр-ҳийлалар қилдилар. Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 22, 23).

Нуҳ алайҳиссалом уларнинг ҳидоятларидан умидсиз бўлгач, улар қаршисига шундай дуо қилди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки, Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар» (Нуҳ: 26, 27).

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари дуосини ижобат қилиб, уларни тўфон билан ҳалок қилди: «То Бизнинг фармонимиз келиб, тандирдан сув отилган вақтда, (бу азоб келганига белги эди) (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Қайси кимсалар хусусида Бизнинг сўзимиз (яъни, ғарқ бўлиш ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса, (улар бундан мустасно. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» Унга иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар. 41. У деди: «Кемага мининглар! Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». 42. Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!» 43. У (ўғли) деди: «Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман». (Нуҳ) айтди: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)». (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди. 44. (Сўнгра): «Эй Ер, сувингни ютгил; эй само, ўзингни тутгин (яъни, ёғишни бас қил»), дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: «Золим қавмга ҳалокат бўлгай», дейилди» (Ҳуд: 40-44).

(Давоми бор)

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !