Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (57)
ولا يَخرُجُ العَبْدُ مِنَ الإيمَانِ إلا بـِجُحُودِ ما أَدْخَلـَهُ فـِيهِ.
130. Банда ўзини иймонга олиб кирган нарсани инкор қилиш билангина диндан чиқади.
Бу гапга унча қўшилмаймиз. Чунки, диндан чиқаришни фақат инкорнинг ўзига чеклаш муржиаларнинг фикридир. Исломни бузувчи нарсалар кўп. Инкор қилиш ҳам диндан чиқаради, Аллоҳга ширк келтириш ҳам диндан чиқаради, динни ёки диндаги бирон нарсани масхара қилиш ҳам диндан чиқаради, ҳаромни ҳалол санаш ёки ҳалолни ҳаром санаш ҳам диндан чиқаради. Бундан ташқари ҳам кишини диндан чиқарадиган талайгина нарсалар борки, уламолар уларни муртадлик ҳақидаги бобларда зикр қилганлар.
Шайхулислом Муҳаммад ибн Сулаймон уларнинг энг муҳимларидан ўнтасини зикр қилган, аслида улар ундан ҳам кўпроқ. Исломни бузувчи нарсаларни фақат инкорга чеклаш хато. Олимлик даъвосидаги айрим ёзувчилар одамларни динда бўшаштириш мақсадида ҳозирда айни шу фикрни ёйишга уринишмоқда. Инкор қилмадими, бас, улар наздида у одам мусулмон. Бутга сажда қилиб туриб: «Мен инкор қилувчи эмасман, тавҳидни тан оламан» деса, унинг ишини оддий бир гуноҳга ҳисоб қилишади. Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйса ёки Аллоҳни сўкса ёки пайғамбарни сўкса ёки динни сўкса: «Бу одам мусулмон, чунки (мусулмонликни) инкор қилгани йўқ», дейишади. Бу жуда қўпол хато. Бу нарса динни тамоман вайрон қилади. Бундай хатарли сўзлардан ҳазир бўлиш лозим.
وَالإيمانُ: هُوَ الإقْرارُ بِاللِّسانِ، والتَّصْديقُ بِالْجِنانِ
131. Иймон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир.
Бу муржиаларнинг таърифи, улар иймонни тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашга чеклайдилар.
Тўғри сўз шуки, иймон – тил билан айтиш, дил билан эътиқод қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир. Амаллар иймон ҳақиқати ичига дохилдир, иймондан айри нарса эмас. Ким тил билан айтиш ва қалб билан тасдиқлашга чекланиб, амалга беэътибор қараса, у саҳиҳ иймон аҳлидан бўлмайди.
Демак, иймон – уламолар айтганларидек, тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир, у тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди.
Аллоҳ таоло айтади:
«Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига Қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар» (Анфол: 2).
«Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур» (Тавба: 124).
«Токи.. иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай» (Муддассир: 31).
Ушбу оятлар иймоннинг зиёдаланиши ва камайишига далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир»[1]. Бу ҳам иймоннинг камайишига далилдир.
Бир ривоятда: «Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқ!»[2]. Бу иймон камайиб бориб, ҳатто хардал (хантал, горчица) уруғи вазнича бўлиб қолишига далилдир.
Саҳиҳ ҳадисда келадики: «Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киради, сўнгра Аллоҳ таоло: «Кимнинг қалбида хантал уруғи мисқолича иймон бўлса, уни (дўзахдан) чиқаринглар!» деб амр этади»[3].
Демак, иймон – тил билан айтиш, дил билан эътиқод қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир, у тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди. Бу унинг Китобу Суннатдан олинган саҳиҳ таърифидир.
У ҳанафийлар айтганидек, фақат тил билан айтиш ва қалб билан тасдиқлаш эмас.
Карромиялар айтганидек, фақат тил билан айтиб қўйиш ҳам эмас.
Ашъарийлар айтганидек, қалб билан тасдиқлаб қўйишгина ҳам эмас.
Жаҳмиялар айтганидек, кўнгилда билиб қўйишгина ҳам эмас.
Муржиалар тўрт тоифа бўлиб, улар ичида ҳақдан энг узоғи жаҳмиялардир. Улар сўзича Фиръавн ҳам мўмин бўлади, чунки у қалби билан таниган, иблис ҳам мўмин бўлади, чунки у ҳам қалби билан Раббини таниган.
Ашъарийларнинг иймон қалб билан тасдиқлаш, деган сўзларига кўра, Абу Лаҳаб, Абу Толиб, Абу Жаҳл ва бошқа мушриклар ҳаммаси мўмин бўлади. Чунки, улар кўнгилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақлигига ишонишар ва тасдиқлашар эди. Лекин кибрлари ва ҳасадлари ҳақни тан олишларига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишларига йўл қўймаган эди.
Яҳудлар дилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг элчиси эканларини эътироф этишарди, лекин ҳасад ва кибр уларни ҳаққа эргашишдан ман қилди:
«Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар). Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар» (Бақара: 146).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларнинг гаплари шак-шубҳасиз сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар» (Анъом: 33). «Сизни ёлғончи қилмайдилар» дегани «сизни тасдиқлайдилар» деганидир.
Абу Толиб айтган эди (шеър мазмуни):
«Муҳаммаднинг дини барча динлардан яхшироқ экани менга маълум, агар маломат ва ҳақоратдан қўрқмасайдим, аниқки, ўзимни унга қучоқ очган кўрардим».
__________
[1] Муслим (49) ривояти
[2] Муслим (50) ривояти.
[3] Бухорий (7510) ва Муслим (192) ривоятлари.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !