Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (90)
لا يُسْأَلُ عَمَّا يَفْعَلُ وَهُمْ يُسْأَلُونَ الأنبياء:23.
180. «У қилаётган иши ҳақида сўралмайди, бандалар эса сўраладилар» (Анбиё: 23).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиладиган иши ҳақида ҳеч ким олдида масъул эмас, У барча нарсани ҳикмат билан қилади ва ўз ўринга қўяди. Бандалар эса қиладиган ишларидан сўраладилар, чунки улар хатога йўл қўядилар ва ишларни ўз ўрнидан бошқа ўринга ҳам қўядилар. Бу борада холиқ билан махлуқ ўртасида фарқ бор. Аллоҳ таолонинг иш-феълларида бирон халаллик содир бўлмайди. Бандада эса зулм, ҳасад, кибр бор, унинг ўз тасарруфларида хатога йўл қўйишига олиб келадиган ишлари бўлади.
وَفِي دُعاءِ الأَحْيَاءِ وَصَدَقَاتِهِمْ مَنْفَعَةٌ لِلأَمْواتِ.
181. Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир.
Аслида бу фиқҳий масала бўлса-да, унинг ақидага ҳам тааллуқи бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан»[1].
Демак, банданинг вафоти билан унинг амаллари тўхтайди. Фақат садақаи жория, яъни масжид, мактаб-мадраса каби мусулмонларга фойдаси етиб турадиган бирон нарса қуриб кетган бўлса, то фойдаланиб туриларкан, ажри ҳам давомий бориб туради.
Ёки фиқҳ, ақида каби илмлардан дарс берган, шогирдлар чиқарган бўлса, ўша таълимининг ажри бориб туради. Одамларга фойдаси тегадиган китоблар ёзган бўлса, унинг ҳам ажри бориб туради. Чунки, бу ҳам илмидан фойдалантириш жумласига киради.
Ёки ўзини пок тутиш учун ва солиҳ фарзанд талабида уйланган бўлса, солиҳ фарзанд бунёдга келган бўлса, бу ҳам унинг касби натижаси саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кишининг энг покиза емиши касби ортидан топган (ризқ)идир. Фарзанди ҳам кишининг касбидандир»[2]. Солиҳ фарзанди вафотидан кейин унинг ҳаққига дуо қилади ва бу дуо унга етиб туради.
Мана шу масаладан бошқаси ихтилофли саналади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас)» (Нажм: 39). Оят мазмунига кўра, бировнинг амалининг бошқа бировга фойдаси тегмайди, фақат унинг ўзи сабаб бўлган амал бундан мустасно. Бир тоифа уламолар мана шу оятдан келиб чиқиб: «Инсонга ўз амалидан бошқа нарса мутлақо фойда бермайди» дейишади. Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитга бошқаларнинг дуо, истиғфор каби амалларидан ҳам фойда етиб туришини айтганлар. «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин» (Ҳашр: 10), «Ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19) оятлари маййитлар ҳаққига мағфират сўраб дуо қилишни ҳам ўзи ичига олади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга агар улар бирон биродарларини дафн қилсалар, қабри устида туриб, унга истиғфор айтишга ва сабот сўраб дуо қилишга буюрганлар[3].
Қилинган садақанинг ҳам маййитга фойдаси етади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, онаси вафот этганини, агар сўзлаган бўлганида садақага буюрган бўлишини айтиб: «Унинг номидан садақа қилсам бўладими?» деб сўраганида: «Ҳа», деб жавоб берганлар[4].
Шунингдек, ҳажнинг ҳам бошқаларга манфаати етади. Бу ҳақда далиллар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг «Шубрума номидан» деб эҳром боғлаётганини эшитиб, «Шубрума ким?» деб сўрадилар. У акаси ё бир яқини эканини айтганида: «Ўзинг ҳаж қилганмисан?», дедилар. «Йўқ», деди. «Аввал ўзингга ҳаж қил, кейин Шубрумага қиласан», дедилар[5]. Шунингдек, бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан онаси номидан ҳаж қилиш ҳақида сўраб: «Онам бўйнида ҳаж фарзлиги бўлган ҳолда вафот этди, мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» деб сўраганида: «Ҳа, онанг номидан ҳаж қилавер» деганлар[6]. Демак, бу ишлар – дуо, истиғфор, садақа, ҳаж ва умра бошқалар тарафидан қилинганда маййитга манфаати етади ва «Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас)» (Нажм: 39) оятини бу хослаб қўяди.
Бир тоифа бу ҳақда ғулув кетиб: «Маййитга тирикларнинг ҳамма амалидан манфаат етади» дейди ва қорилар ёллаб, маййит учун хатми қуръонлар қилдиришади. Бундай ишларнинг ўликка ҳам, тирикка ҳам фойдаси тегмайди. Қори қироати учун ҳақ олса, унга савоб бўлмайди. Иккинчи тарафдан, бу иш бидъат, унга ҳеч қандай далил йўқ. Субҳаналлоҳ! Агар қорига бериладиган пулни садақа қилиб чиқарганида суннатга эргашган бўлар ва маййитга фойда етказган бўларди. Аммо, энди бидъат қилгани учун ўликка ҳам, тирикка ҳам манфаати етмайди ва бу суннатни тарк қилиши оқибатидир.
__________
[1] Муслим (1631) ривояти.
[2] Абу Довуд (3528), Термизий (1362) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган.
[3] Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биродарингизга истиғфор айтингиз ва унга сабот сўраб дуо қилингиз, чунки у ҳозир сўроқ-саволга тутилади» (Абу Довуд (3221), Ҳоким (1/370) ривоятлари, Ҳоким: «Бу ҳадис иснод шартига кўра саҳиҳ, лекин икковлари (яъни, Бухорий ва Муслим) келтирмаганлар», деган.
[4] Бухорий (2760) ва Муслим (1004) ривоятлари.
[5] Абу Довуд (1811), Ибн Можа (2903), Ибн Хузайма (3039) ривоятлари.
[6] Бухорий (1852) ривояти.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !