September 10, 2020

Покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бадном қилиш (7)

Тўртинчи: Жирканч туҳматга бир мисол (3)

(Давоми)

Яна онамизнинг, уммул-муъминийн Оиша розияллоҳу анҳонинг сўзларига қайтамиз. Одамларнинг ўз шаънларида шундай бўҳтон гапларни гапириб юришганини билганларидан кейинги ҳолатларини шундай ифодалайдилар:

«Буни эшитиб мен: «Субханаллоҳ, одамлар шундай деб гапириб юришибдими?!», дедим.
Сўнгра шу кеча тонг отгунча йиғлаб чиқдим, кўз ёшим тинмади, кўзимга уйқу қўнмади. Йиғлаган ҳолда тонг оттирдим.

Ваҳий келиши узоқлашиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳлларидан ажралиш ҳақида маслаҳатлашишга Алий ибн Аби Толиб ва Усома ибн Зайдни чақирдилар.

Усома ибн Зайд Расулуллоҳ аҳли-оилаларининг поклигини билгани ва дилида уларга нисбатан муҳаббат бўлгани учун: «Ё Расулуллоҳ, улар аҳлингиздир, Аллоҳга қасамки, биз улардан фақат яхшиликни биламиз», деди.

Алий ибн Аби Толиб эса: «Аллоҳ таоло сизни аёллардан қисмаган. Ундан бошқа аёллар ҳам кўп», деди...

...Шу куни ҳам менинг кўз ёшим тинмади, кўзимга уйқу қўнмади. Эртаси куни ҳам кўз ёшим тинмади, кўзимга уйқу қўнмади, ҳатто йиғи жигаримни тилка-пора қилиб юборса керак, деб ўйладим.

Ота-онам менинг олдимга ўтиришган, мен эса йиғлаётган эдим, бир ансорий аёл киришга изн сўради. Мен унга изн бердим. У ҳам келиб, мен билан бирга йиғлаб ўтирди.

Шу ҳолда эканмиз, тўсатдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келиб, салом бердилар ва ўтирдилар.

Мен ҳақимда гап-сўзлар тарқалганидан бери олдимда ҳеч ўтирмаган эдилар.

Бир ойдан бери мен ҳақимда у кишига бирор нарса ваҳий қилинмаган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирганларидан сўнг шаҳодат калималарини айтдилар, сўнг шундай дедилар:

«Аммо баъд, эй Оиша, менга сен ҳақингда шундай-шундай гаплар етди. Агар сен бу гаплардан пок бўлсанг, Аллоҳ тез орада сенинг поклигингни кўрсатади. Агар гуноҳга қўл урган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, тавба қил. Чунки, банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тугатгач, кўз ёшларим таққа тўхтади ва бир томчи ҳам ёш оққанини сезмадим. Сўнг отамга: «Менинг ўрнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига жавоб беринг», дедим.

Отам: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима дейишни билмайман», деди.

Кейин онамга: «Менинг ўрнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб беринг», дедим.

Онам ҳам: «Аллоҳга қасамки,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима дейишни билмаяпман», деди.

Шунда мен дедим: «Мен кичик ёшли қизман. Қуръондан кўп нарса ўқиёлмайман. Аллоҳга қасамки, билишимча, сизлар бу гап-сўзни эшитганингиздан сўнг у дилингизга ўрнашиб, ҳатто сизлар унинг ростлигига ишониб ҳам қолибсизлар. Агар мен ҳозир сизларга: «Мен бундан покман» десам ҳам – поклигимга эса Аллоҳнинг Ўзи шоҳид – сизлар менга ишонмайсизлар, агар гуноҳни эътироф этсам – Аллоҳ Ўзи менинг бу гуноҳдан поклигимни яхши билиб турибди – сизлар бунга ишонасизлар. Қасамки, мен сизлар билан ўртамиздаги ҳолатга Юсуфнинг отаси айтган қуйидаги сўзлардан бошқа ўхшаш тополмайман: «Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир» (Юсуф: 18)».

Шундан сўнг тескари ўгирилиб, ётиб олдим. Аллоҳга қасамки, мен шу пайтда ўзимнинг поклигимни ва Аллоҳ мени албатта поклашини билиб турардим.

Лекин, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мен ҳақимда тиловат қилинадиган оят нозил қилишини ҳеч ўйламаган эдим. Ўзимни Аллоҳ таоло Қуръонда менинг ишим ҳақида сўзлашидан ҳақирроқ деб кўрардим.

Лекин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир туш кўриб, шу тушларида Аллоҳ таоло мени оқласа керак, деб ўйлардим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали ўринларидан қўзғалмасларидан, уйдагилардан бирортаси чиқмасидан туриб Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига оят нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келгандаги оғриқли ҳолат содир бўлди. Ҳатто, нозил қилинаётган Сўзнинг оғирлигидан у зотдан совуқ кунда тер маржондек оқа бошлади.

Ваҳий тушиш ҳолати кўтарилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларида табассум порлаб, энг аввал айтган сўзлари: «Хушхабар, эй Оиша, дарҳақиқат, Аллоҳ Ўзи сени оқлади!», дейиш бўлди.

Шунда онам менга: «Тур, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бор!», деди.

Мен: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, у киши учун турмайман, фақат Аллоҳга ҳамд айтаман, У менинг поклигимни эълон қилиб, оят нозил қилди», дедим. Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

«Шак-шубҳасиз бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир. (Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!» десалар бўлмасмиди?! Улар (яъни Оишани бандом қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Энди агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар. Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, албатта сизларни тинмай сўзлаган нарса — бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир). Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!» десангизлар бўлмасмиди?! Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур. Ва Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат соҳибидир. Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати ва Аллоҳнинг меҳрибон ва раҳмли экани бўлмаса эди (албатта сизларга бу қилмишларингиз учун азобни нақд қилган бўлур эди)». (Нур: 11-20).

(Шундан сўнг Мистаҳ ибн Асоса, Ҳассон ибн Собит ва Ҳамна бинт Жаҳш каби бадномчиларга саксон даррадан урилди).

(Давоми бор)

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !