Сизда 8 сония бор. Ғояни қандай тақдим этиш ва сотиш керак?
Суткада 24 соат бор. Шунинг 7-8 соатини уйқу билан ўтказсанг, қолган 16-17 соат давомида гапирасан, гапирувчиларни тинглайсан ёки шунчаки ўзингни тинглаётгандек қилиб кўрсатасан...
Нутқ – ҳаётнинг ажралмас қисми. Унинг сифатли бўлиши муҳим. Зерикарли гапни гапириш ҳам, зерикарли гапни эшитиш ҳам ҳеч кимга ёқмайди.
Шунинг учун нотиқлик санъатини ўзлаштириб олиш айни муддао. Бир неча айёрликлар орқали одамларни сени эшитишга ва эшитганларини эслаб қолишгаа эришиш мумкин.
Энг муҳими: тингловчининг диққатини биринчи 8 сонияда тутиб олиш керак, акс ҳолда қолган барча ҳаракатлар бефойда.
Яхши нутққа эришиш воситаси учта:
Диққатни тортиш
Хилма-хиллик
Авторитет
Диққатни тортиш
Тингловчи диққатини жамлашнинг бир неча содда усуллари:
Гапни чўзма
- Тета-тет суҳбатларда суҳбатдошдан кўра камроқ гапиришга ҳаракат қил.
- Сўзга чиққанда ҳар бир маълумотга 30-60 сониядан кўп тўхталма. Асосий тезисларни сана, тафсилотларни аудитория сўрасагина тақдим эт.
- Агар кўргазмали тақдимотинг бўлса, у 10 бетдан ошмаслиги керак.
Кўпроқ гапир
- Йўқ, бу биринчи тавсияга зид эмас. Бунда беҳуда, “сувли” гапларни кўп гапириш эмас, балки қизиқарли, керакли маълумотни кўпроқ тақдим этишни англатади.
- Нутқ пайтида иложи борича ўзингга шубҳанг борлигини, ҳаяжонланаётганингни билдирувчи паузалар қилма.
Нутқ аввалида гапирадиганларинг ҳақида эмас, гапирмайдиганларингиз ҳақида ҳам айт.
“Мен лойиҳанинг барча 17 пункти ҳақида гапириб ўтирмайман. Бу узоқ ва зерикарли. Энг муҳим ва қизиқарли бўлган пунктларни сизга қисқача баён қиламан”. Шу шаклда тингловчига аввалдан ваъда бер ва шу ваъдани бажар.
Учтадан кўп пунктга эга бўлган рўйхат тузма.
Нутқда бирон нарсанинг рўйхатини тақдим этмоқчи бўлсанг, рўйхатнинг фақатгина учта қисмини санаб ўт. “Қолгани ҳам қизиқ бўлса, қўшимча маълумот беришим мумкин”, деб илова қил.
Жаргонларни ишлатма.
Тор доирада тушуниладиган, маъноси ҳамма учун аён бўлмаган сўзларни ишлатма. Агар шунга тўғри келса, сўзнинг изоҳини ҳам бер.
Тингловчида туғиладиган учта саволга жавоб бер:
1. У нега буни тинглаши керак?
Тингловчи сени эшитиб, вақтини сарфлашдан қандай наф кўришини изоҳла.
2. Нима ҳақида гапиряпсан?
Нутқингдан мақсад аниқ бўлсин. Лекин уни дарров айтиб қўйма, аудиторияга қизиғинг қолмайди.
3.Бу маълумотлар унга нега керак?
Сен бераётган маълумотлар тингловчига қандай асқатиши мумкин? Потенциал аудиториянгнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда уларга бу ҳақида айт.
Хилма хиллик
Бир хил ҳолатда туриб гапираверсанг, аудитория тугул, ўзинг ҳам зерикиб кетасан. Шунинг учун ранг-барангликкаа эътибор қарат. Кул, жаҳл қил, йиғла, образга кир.
Оҳангни ўзгартир. Гапнинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда овоз оҳангини бошқара олсанг, сен профессионалсан.
Учта канал: бош, юрак, қўл
Одам маълумотни учта канал орқали қабул қилади: бош, юрак, қўл. Максимал натижага эришиш учун тингловчига ҳар учала канал орқали таъсир кўрсат.
Бош – тингловчи сенинг нутқингдан сўнг нима ҳақида ўйлайди? Уни мулоҳазага ундаш учун савол бер, мантиғини ишлатишга унда.
Юрак – тингловчи нимани ҳис қиляпти? Энг жиддий суҳбатларда ҳам туйғуларга таъсир қилиш йўлларини топ. Ҳамсуҳбат сени фақат ақл билан эмас, юрак билан ҳам эслаб қолсин.
Қўл – тингловчини ҳаракатга келтир. Қўлига тарқатма материал бер. Айтаётган нарсангни унинг қўли билан жонлантир, ҳаракатга чорла.
Кириш қисми учун ноанъанавий усул
Нутқнинг дастлабки 8 сониясида тингловчи диққатини торта олиш учун кириш қисмини ноодатий тарзда бошла. Мисол учун:
1. Савол бер
2. Жумбоқ айт
3. Риторик савол қўй: “Сизда ҳам шунақаси бўлганми...”
4. “Тасаввур қилинг...”
5. Аналогларни келтир: “Яхши савол – мустаҳкам сейфни очиш маҳорати билан тенг”
6. Қисқа ҳикоя: “Кеча ишдан уйга қайтаётганимда ғаройиб ҳодиса содир бўлди...”
7. Шоу ташкиллаштир: “Ҳозир мен аудиториядан чиқиб кетаман, бир дақиқадан кейин кирганимда...”
8. Калит сўз билан диққатни торт: “81 минг соат. (пауза) Инсон ҳаёт давомида шунча вақтни ишхонада ўтказади. (пауза) Агар қилаётган иши унга ёқмаса-чи?...”
9. Иқтибос келтир: “Ҳар бир нутқ – ўзингни намойиш этиш учун имконият”. Америка президентлари спичрайтери Жеймс Хьюмснин шу гапини ёқтираман...”
10. Қизиқарли факт келтир: “Бир кунда мияда қанча фикр пайдо бўлади? 60 минг!”
Авторитет
Нега баъзилар гапирганда ҳар бир сўзини эслаб қоламиз, яна ва яна тинглагинг келади. Баъзиларни эса ўзингни мажбурлаб ҳам тинглай олмайсан? Чунки ҳар қандай одамнинг диққатини жалб қила оладиган авторитет шахслар бўлади. Бунга имидж, драйв ва характер орқали эришиш мумкин.
Имиж
Одамнинг назарига тушиши мумкин бўлган ҳар қандай жиҳат имиж учун муҳим.
- Юз ифодаси, жест ва тана ҳолати – бачканаликдан холи бўлиши керак.
- Кўз қарашлари. Тингловчининг кўзига қарашдан қочма. Лекин кўп тикилиб ҳам турма. Унинг кўзлари рангини илғай оладиган даражада тикилиш кифоя. Катта аудитория олида нутқ сўзлаётганда битта одамнинг кўзига ҳадеб қарайвериш ярамайди.
- Оҳанг. Катта аудиторияга жуда тез гапирма. Минғиллама, бақирма. Агар тета-тет суҳбат бораётган бўлса, суҳбатдошингнинг оҳангига мослашган ҳолда гапир.
- Кийиминг аудиториядаги одамларга, кун мавзусига мос бўлсин. Энг яхшиси – камтарона классика.
- Ижтимоий тармоқлардаги аккаунтингда ҳам авторитет шахс образини яратгин. Расмларингни тартибга сол.
Драйв
Бу тингловчи сен билан ўтказган вақти давомида оладиган ҳиссиётлар. Сен уни тўлқинтира олишинг керак.
- Бошқа нарсаларга чалғима.
- Ортиқча маълумот билан аудиториянинг бошини қотирма.
- Таймлайнга риоя қил.
- Битта ҳолатда қотиб қолма, ҳаракатлан.
- Гапираётган гапингга ўзинг ҳам бефарқ эмаслигингини, аудиториянинг ҳолати сен учун қизиқлигини кўрсат. Образли гапир.
- Саволлар ва изоҳларга жонли реакция билдир.
- Аудиторияни руҳлантир.
- Инновацион ғоялар билан ҳайратлантир.
- Тажриба қилишдан ва таваккалдан қўрқма.
Характер
Кучли инсонларнинг характери ҳаёт давомида ўзгариб боради. Кучсизлар эса ўз омадсизликларини "характерим шунақа" деган баҳона билан оқлайди, ўзгаришга куч топа олмайди. Кучли характер жиҳатлари:
- Ўзингни танқид қила ол
- Хатоларни тан ол ва улардан тўғри хулоса чиқар
- Бошқаларнинг фикрини ва ҳаракатини ҳурмат қил
- Бошқаларни тинглашни ўрган
- Ташаббускор бўл
- Ўз фикрингни очиқ айт
- Агрессия ва бачканаликсиз ўз позициянгни ҳимоя қил
- Муаммоларга поизитив ёндаш
- Омадга ишон
- Босим остида ҳам ўзнигни йўқотма
- Стрессга чидамли бўл
- Импровизация қила ол
- Юмор ҳиссини шакллантир
- Қадриятларга содиқ бўл
- Ўз омадсизликларингда бошқаларни абйлама
- Қатъиятли бўл
- Бошлаган ишингни охирига етказ
Маълумот ёқдими? Кактусчилар ҳақида дўстларингга ҳам айтиб бер ва рахмат айт.