Сайёр қабул
October 8, 2021

45 КИШИ ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ


Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев Пастдарғом туман Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди.

Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.


Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда вилоят суди раиси О. Ҳайитов бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати, мамлакатимиздаги бугунги сиёсий-ижтимоий вазият, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида тушунча берди. Кейинги йилларда кўплаб ташкил этилаётган сайёр қабулларнинг самарали бўлаётганлиги, одамларнинг муаммолари ечим топаётганлиги ҳақида мисоллар билан гапириб, йиғилганларни фаол бўлишга чақирди.


Шундан сўнг, аҳолини қабул қилиш бошланди. Тадбир давомида 50 яқин фуқаро ўз муаммоларига ечим истаб мурожаат қилди. Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 19 нафар фуқаро ҳамда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 23 нафар фуқаро сайёр қабулда вилоят суди раисига мурожаат қилди. Улар қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.


- Мамлакатимизда қонун устивор, жиноятга жазо муқаррар. Ҳар ким қилмишига яраша жазосини олиши аниқ, - деди ўз сўзида О. Ҳайитов. – Бироқ, қилмишининг оқибатини англаб етган, пушаймон бўлган, ўзига хулоса чиқарган шахсларга ҳукуматимиз енгилликлар бераяпти. Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам шунга қаратилган. Бугун сайёр суд мажлиси ташкил этилади ва суд ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиб, қонуний хулоса қилади. Жазоси енгиллаштирилиб, озодликка чиқарилганлар бутунлай қутулиб кетди, дегани эмас. Бу уларга имконият. Лекин бу яхшиликни, бағрикенгликни суиистеъмол қилмаслик керак.


Шундан сўнг, сайёр суд мажлиси ташкил этилди. С.Ходжимаматов ЖИБ Пастдарғом туман судининг 10.08.2020 йилги ҳукми билан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “г”банди билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Сайёр судда жазонинг ўталмай қолган 1 йил муддатини ўташдан озод этилди. А.Абдираимов ЖИБ Булунғур туман судининг 19.01.2021 йилги ҳукми билан Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, 1 йил 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган эди. Ушбу жазони ўталмай қолган 1 йил муддатини ўташдан озод этилди. Ж.Муродуллаев ЖИБ Пастдарғом туман судининг 25.12.2020 йилги ҳукми билан Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисми ва 277-моддаси 2-қисми “б”банди билан айбли деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган бўлиб, жазонинг ўталмай қолган 1 йил 4 ой муддатини ўташдан озод этилди.
Худди шу тариқа барча мурожаатлар бирма-бир кўриб чиқилиб, аксарият мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Г.Исмаилова, А.Тилавов ва М.Джуманов муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган эди. Улар сайёр қабулда иштирок этиб, жазосининг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари озод қилишни сўраб билан мурожаат қилди. Сайёр судда уларнинг ҳам мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Яна жуда кўп фуқаролар турли масалаларда мурожаат қилишди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиб, ижобий ҳал этилишига ҳаракат қилинди. Айримлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Самарқанд вилоят судининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими