Янги тартибдаги ипотека кредитлари кимларга берилади?
Мамлакатимизда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори ипотека кредити асосида аҳолига аҳолига уй-жой берилиши тизимида энг муҳим ҳужжатлардан бири десак адашмаган бўламиз.
Ушбу қарор коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жойлар қурилишига кенг жалб қилиш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинди.
Ҳозирги вақтга қадар мамлакатизда ипотека кредити асосида аҳоли уй-жой билан таъминлаш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Уларда ипотека кредити нима эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Яъни, ипотека кредити бу – қонун хужжатларида белгиланган тартибда келишилган якка тартибдаги ва намунавий лойиха асосида, қурилишнинг белгиланган нормалари ва қоидаларига риоя қилган холда якка тартибда уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун, якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш учун жисмоний шахсларга ажратиладиган кредитлар мажмуаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 майдаги қарори билан бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий қилинди. Шунингдек, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан ўз маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат этилди.
Кимларга берилади ва қаерга мурожаат қилиши керак?
Ушбу қарорда 2020 йил 1 майдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилганлиги белгиланди.
Қарорда ипотека кредитининг янги тартиби билан жисмоний шахсларга уй-жой берилиши назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 сентабрдаги 784-сон қарорида ипотека кредити берилишининг ёш чегараси белгилаб қўйилган. Яъни, ипотека кредити 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади. Кредит олиш учун ёш чегараси белгиланишининг асосий сабаби бу ушбу ипотека кредитини олиш муомала лаёқатига етиши ҳамда тўловга қобилиятлилиги ҳисобга олинган. Қонунчиликда шахс 18 ёшга тўлганда истисно ҳолатларни ҳисобга олинмаганда тўлиқ муомала лаёқатига етган ҳисобланади ва ўзининг юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатлари учун ўзи жавоб беради.
Фуқаролар ушбу қарор билан уй-жой олиш учун ўзлари хоҳлаган жойдаги хусусий қурилиш ташкилотларига мурожаат қилишлари мумкин. Бунда улар ўртасида шартнома тузилади. Кейин фуқаро тижорат банкларига мурожаат қилиши мумкин ва ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этган ҳолда ипотека кредитларини олишлари мумкин бўлади. Бунда фуқаро қарз олувчи ҳисобланади.
Янги тартиб бўйича ипотека кредити қандай миқдорларда ажратилади?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қуриб битказилган квартираларни, шунингдек, тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари қуйидаги тартибда амалга оширилиши белгиланди:
қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;
шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;
Тошкент шаҳрида 2 хонали квартиралар учун 198 миллион сўмдан 264 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 миллион сўмдан 352 миллион сўмгача.
Бу нима дегани? Шу вақтга қадар мамлакатимизда тижорат банклари томонидан ипотека кредитлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 ва 3000 баробаригача миқдорларда берилар эди. Шунингдек, аниқ миқдорлари белгиланмаган эди. Яъни, айрим кўплаб тижорат банклари томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1100 баробаригача миқдорда берилишини ва ундан ортиқ сўммадаги уй-жойлар учун ипотека кредити берилиши бизда мавжуд эмас деган фикрларни билдиришар эди. Эндиликда, бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари белгиланди ҳамда энди фуқаролар ушбу белгиланган энг кўп миқдоргача ипотека кредитларини олишлари мумкин бўлади. Айрим фуқароларда тушунмовчилик Бу билан бирламчи бозордаги уй-жойларнинг нархларининг энг кўп миқдорлари белгиланмади. Фақатгина ипотека кредитининг энг кўп миқдорлари белгиланди холос.
Янги тартиб бўйича ипотека кредитининг муддати қандай?
Мазкур қарорда белгилаб қўйилдики, янги тартиб доирасида аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари (шу жумладан, бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари) муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилди.
Бу билан ипотека кредитларининг муддати 20 йилгача узайтирилди. Ушбу тартиб билан фуқаролар эндиликда 15 йилдан 20 йилгача бўлган муддат билан ипотека кредитлари олишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, янги тартиб доирасида тижорат банкларида жойлаштирган кредит ресурслари муддатини 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади.
Бундан ташқари тижорат банклари бир ой муддатда янги тартиб доирасида жисмоний шахсларга берилган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилгача узайтиради ҳамда тузилган шартномаларга тегишли ўзгартиришлар киритади.
Бунда 15 йилдан 20 йилгача муддатнинг оралиғида бўлиши ҳам мумкин. Яъни, 16, 17 ёки 19 йилгача ҳам ипотека кредитларини олиш мумкин. Энг кам муддати 15 йил ва энг кўп муддати 20 йил.
Субсидиялар қандай белгиланди?
Мазкур қарорда белгилаб қўйилдики, 2020 йил 1 майдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилиши ва белгиланган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари ҳамда ипотека кредити беришнинг 15 йилдан 20 йилгача узайтирилиши 2022 йил 1 январга қадар амал қилади ва янги тартибга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ажратиладиган ипотека кредитларига нисбатан татбиқ этилади.
Шунингдек, мазкур қарорда шаҳарларда ва Тошкент шаҳрида белгиланган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари назарда тутилган квартираларни сотиб олишга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидиялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида тўланади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, 2020 йил 1 мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилмоқда.
Бундан ташқари мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 2020-2021 йиллар давомида уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5886-сон Фармони билан тегишли ҳудуд учун белгиланган субсидиялар сонини 1,3 бараварга ва суммасини 40 фоизгача оширишга рухсат берилди.
Янги тартиб бўйича ипотека кредитининг фоизи ва уй-жойнинг умумий баҳоси қандай?
Ушбу қарорда ипотека кредитининг фоизи ўзгариши ҳақида норма белгиланмаган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5886-сон Фармонида белгиланган қуйидаги фоизларда берилади:
қишлоқ жойларда — уй-жой ҳисобланган қийматининг 90 фоизидан ошмайдиган миқдорда 15 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
шаҳарларда — уй-жой ҳисобланган қийматининг 80 фоизидан ошмайдиган миқдорда 15 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда.
Шунингдек, уй-жойнинг қиймати уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда икки ва уч хонали квартиралар майдонининг энг кам меъёрларини инобатга олган ҳолда белгиланади.
Фаррух Жураев Адлия вазирлиги масъул ходими