Ўзбекистонда яшайдиган бола-чақасини кўриб келиш мақсади бўлган чет эл фуқаросининг чегарадан қонуний тартибда ўтмасдан, чегарани бузиб ўтгани учун жавобгарликка сабаб бўлди. Сайёр суд.

by @jib.sir
Ўзбекистонда яшайдиган бола-чақасини кўриб келиш мақсади бўлган чет эл фуқаросининг чегарадан қонуний тартибда ўтмасдан, чегарани бузиб ўтгани учун жавобгарликка сабаб бўлди. Сайёр суд.


Жиноят ишлари бўйича Боёвут туман суди томонидан Ширин энергетика ва маиший хизмат кўрсатиш коллежи биносида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми билан айбланган чет эл фуқароси М.О.га (фамилия, исм қисқартилган) нисбатан жиноят иши атрофлича муҳокама қилинди.




Суд мажлисида аниқланган ҳолатларга кўра, Тожикистон Республикаси фуқароси 1960 йилда туғилган М.О., 2018 йил 26 март куни Ўзбекистон Республикаси, Сирдарё вилояти, Ширин шаҳрида яшовчи турмуш ўртоғи Ш.Ф., ўғли М.Ш.ва набираларини кўриб келиш мақсадида Ўзбекистон Республикасига қонуний тартибда ўтиш мақсадида Тожикистон Республикаси Спитамен туманида жойлашган “Плотина – авто” ўтказиш пунктига борган вақтида уни Тожикистон Республикаси чегарачилари тўхтатиб фуқаролик паспорти Тожикистон Республикаси миллий паспорти эканлигини, Ўзбекистон Республикасига ўтиши учун эса унга чет элга чиқиш паспорти (загран.паспорт) керак эканлигини айтиб, уни Тожикистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига белгиланган тартибда ўтишига рухсат беришмаганликлари. Шундан сўнг М.О. Тожикистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига ўтиш учун давлат чегарасини айланма йўллар орқали ўтишга қарор қилиб, Тожикистон Республикаси Зафаробод туманидаги “Жоме” қишлоғига келиб, давлат чегарасини ноқонуний равишда бузиб, Ўзбекистон Республикаси Сирдарё вилояти Ширин шаҳри ҳудудига ўтган ва Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини қўриқловчи ҳарбий хизматчилар томонидан М.О. тўхтатилиб, унга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Суд судланувчига жазо тури ва меъёрини белгилашда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг Қарорларида белгиланган кўрсатмаларига ҳамда Жиноят Кодексининг инсонпарвалик ва одиллик принципларига амал қилиб, судланувчи М.О.нинг шахсини, ёшини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини айбини енгиллаштирувчи ҳолатлари деб, унинг қилмишида айбини оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб топиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, у айбли деб топилган модда санкциясида назарда тутилган жарима жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ миқдорда жарима жазосини тайинлади.


Ишни сайёр суд мажлисида кўриб чиқишдан сўнг, мазкур турдаги қоидабузарликларни олдини олиш ва келгусида такрорланмаслик юзасидан сайёр суд мажлисида иштирок этаётган аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилди. Суд, очиқ мулоқотда қатнашган фуқароларга, ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ўртасида, яъни икки қардош давлат ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш ва ўз давлатлари фуқаролари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга интилган ҳолда, иккала давлат фуқароларининг ўзаро келиб-кетиш қоидалари ва шартларини тартибга солиш мақсадида 2018 йил 9 март куни Душанбе шаҳрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Тожикистон Республикаси ҳукумати ўртасида имзоланган “Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида”ги Битимда қайд этилган кириш-чиқиш тартиблари, талаб фуқаролар учун қилинадиган ҳужжатлар, виза муддатлари ва улар учун тўландиган консуллик йиғимлар ҳақида батафсил тушунтирилиб ўтилди. 

November 18, 2018