March 5, 2019

Кассация суди қонунийликни таъминлаб, жиноят содир этмаган шахсни оқлади.

Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг 2018 йил 26 январдаги ҳукмига кўра, Дилдабеков Тагабай Сирдарё туманида жойлашган “Шоликор” сув истеъмолчилари уюшмасидаги “Хўжакелди” фермер хўжалиги раиси лавозимида ишлаб келиб, электр истеъмолчиси сифатида Давлат акциядорлик компанияси “Сирдарё ҲЭТК” акциядорлик жамияти Сирдарё тумани электр таъминоти корхонаси билан тегишли тартибда шартнома тузмасдан, умумий фойдаланишдаги “Шодлик” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудини электр энергияси билан таъминловчи, 35/10 киловатт юқори кучланишдаги “Роҳат” нимстанцияси электр тармоғига 160 киловатт кучланишдаги трансформаторни ўзбошимчалик билан улаб, ноқонуний равишда 2017 йил 15 июнь кунидан 2017 йил 19 август кунига қадар электр токи билан ишловчи сув насослари орқали ўзининг зиммасидаги фермер хўжалигининг 12 гектар ер майдонидаги экинларни суғоришда фойдаланиб келиб, Сирдарё тумани электр таъминоти корхонасига 43.344.288 сўмлик анча миқдорда зарар етказганликда, яъни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 185-2-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга шу модда билан 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Судланган Т.Дилдабеков ва унинг ҳимоячиси кассация тартибидаги шикоят келтириб, унда дастлабки тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан иш ҳолатларига адолатли баҳо берилмаганлиги, ЖПК ва Пленум Қарорлари талабига амал қилинмасдан жиноят иши бир тарафлама олиб борилганлиги ҳақида важлар келтириб, суд ҳукмини бекор қилиб, зарар суммасини қайта ҳисобланиши натижасида чиққан суммадан келиб чиқиб, айблов масаласини ҳал қилиб адолатли қарор чиқаришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят кассация судлов ҳайъати томонидан судланган Т.Дилдабековнинг кассация шикоятида келтирган важларини текшириш мақсадида қисман суд терговини ўтказган ҳолда иш бўйича тўпланган ҳужжатларни таҳлил қилиб, қуйидагиларга асосан суд ҳукмини бекор қилиб, шикоятни қаноатлантиришни лозим топди.

Кассация инстанция судида сўралган Т.Дилдабеков, фуқаровий даъвогар П.Захидов, гувоҳлар Б.Нуртоев, Б.Джусупов, А.Хожиев, А.Бабаджановларнинг кўрсатувларига кўра, Т.Дилдабеков электр тармоғига 2017 йил 15 июнда эмас, балки 2017 йил 5 август куни ўзбошимчалик билан уланиб, 2017 йил 19 август куни текшириш ўтказилган вақтга қадар 15 кун мобайнида фойдаланганлиги аниқланган.

Юқорида қайд этилган, яъни Т.Дилдабековнинг жами 15 кун мобайнида электр энергиясида ноқонуний равишда фойдаланганлик даври аниқланган ҳолатларни эътиборга олиб, кассация инстанция суди Т.Дилдабековнинг электр тармоғидан ўзбошимчалик билан фойдаланган даври учун етказилган зарар миқдорини қайта ҳисоблаб, етказилган зарар миқдорини 10.002.528 сўм деб эътироф этди.

Шу билан биргаликда суд, Т.Дилдабековнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда, унинг 2017 йил 5 августдан 2017 йил 19 августига қадар электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олганлиги каби харакатларни содир этган вақтда Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг 149.775 сўмни ташкил қилганини эътиборга олиб, унинг ҳаракатлари натижаси етказилган 10.002.528 сўмлик зарар, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг саккизинчи бўлимида кўрсатилган анча миқдорни (энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдорни) ташкил қилмаслиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 1-қисмида - умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун, 2-қисмида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, қонун мазмунига кўра шахсни ушбу ЖК 185-2-моддаси 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш учун тегишли жиноий таркиби, яънни шахс илгари худди шундай ҳуқуқбузарлик учун МЖтКнинг 101-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран содир этиши ва бунинг натижасида анча миқдорда (энг кам ойлик иш ҳақининг 100-300 баравари миқдорда) зарар етказиши шартлиги аниқланиши лозимдир.

Шунингдек, кассация суди томонидан иш бўйича тўпланган барча ҳужжатлар синчковлик билан таҳлил қилишда, иш ҳужжатларида мавжуд бўлган Сирдарё вилоят ИИБ Ахборот марказининг талабномасига кўра, Т.Дилдабеков муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлиги аниқланганлиги эътиборга олган.

Кассация инстанцияси судлов ҳайъати, иш ҳолатлари, Қонун ва Олий суд Пленум қарори талабларидан келиб чиқиб, Т.Дилдабековга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукмини бекор қилган ҳолда, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят ишини ҳаракатдан тугатиб, шахсни реабилитация қилган.

Мазкур ишни кўриб чиқишда аниқланган ҳолатларга кўра, Т.Дилдабековнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги аниқланиб ҳамда кассация суди томонидан унинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида белгиланган“Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” каби ҳуқуқ ва эркинликлари тиклади.

Шунингдек, кассация суди қонун устуворлигини таъминлаш билан биргаликда айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасида - умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, кассация судлов ҳайъати мазкур жиноят ишидан Т.Дилдабековнинг электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланганлиги оқибатида электр тармоқлари корхонасига 10.002.528 сўм миқдорида зарар етказганлик ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатларни ажратиб, ушбу ҳужжатларни унинг маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун прокуратура органларига юборишни лозим топди. Бундай ҳолда Т.Дилдабековнинг Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлиги натижасида етказилган 10.002.528 сўм зарарни ундириш билан биргаликда унга (фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда) жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.

Хулоса ўрнида, гарчи суд томонидан шахснинг қилмишида жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланмаган бўлса-да, бироқ суд қонунийликни таъминлаш мақсадида шахснинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги боис маъмурий жавобгарликдан озод этилмаслиги ҳақида қонун талабларни тушунтириб ўтишни жоиз деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди судьяси

С.Мамбеткадиров

Жиноят ишлари бўйича

Сирдарё вилоят суди судьяси

К.Толлибоев