September 30, 2020

ТАДБИРКОРЛАРГА ОИД ИМТИЁЗЛАР ВА ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ ТАКОМИЛЛАШУВИ.

Ривожланган мамлакатларда кичик бизнес субъектлари иқтисодиётни тараққий этишида асосий ўринни эгаллайди. Шу боис ҳам юртбошимиз томонидан республикамиз иқтисодиётида бугунги кунда кичик бизнес субъектларининг ролини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу жумладан, мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг барча тоифалари учун тенг рақобат шароитларига эга бўлган ягона иқтисодий маконни шакллантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 20 июль куни имзоланган “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор имтиёзлар белгиланди.

Хусусан, пандемия даврида умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини таъминлаш, шунингдек, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этиладиган бўлди. Шунингдек, кўчмас мулкни ижарага бериш бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳам вақтинча тўхтатилади.

Аҳамиятли томони, 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналаридан алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ундирилмайди. Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдорини 5 фоиздан 3 фоизга пасайтиришга доир имтиёз муддати эса 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.
Бундан ташқари қонунчилик соҳасида ҳам қонун билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қирқдан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Жумладан, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини либераллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.
Жиноят кодексининг 30 та моддасига айнан тадбиркорлик фаолияти ҳимоясига қаратилган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига қарши қаратилган жиноятларни тизимлаштириш ҳамда уларнинг ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида - Жиноят кодексига “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” номли янги боб киритилган.
Жумладан, аввал ЖКнинг 180 (сохта банкротлик) ва 181 (банкротликни яшириш) моддаларида “етказилган моддий зарарнинг ўрни уч карра қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди” деб белгиланган бўлса, янги Қонунга кўра, энди ушбу жиноятлар бўйича зарар тўлиқ қоплаган тақдирда айбдорга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Аввалги уч карра миқдорида етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги норма ўз ўрнида тадбиркорликнинг молиявий аҳволига сезиларли даражада таъсир қиларди ва у томонидан ушбу зарарни қоплашга нияти ва имконияти бўлмасди.
ЖК 184-моддаси (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) 5-қисм билан тўлдирилиб, унга кўра “биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа жавобгарликдан озод қилинади”. Ушбу қўшимчанинг мақсади шундан иборатки, тадбиркор биринчи марта содир этилган жиноий ҳаракати учун жавобгарликдан озод этилиб, бўйин товлаш оқибатида тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлашга қаратилган.
Қонун билан савдо ёки воситачилик фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиш, яъни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаб, назорат қилинмайдиган фойда (даромад) олиш мақсадида савдо ёки воситачилик фаолиятини амалга ошириш анча ёки кўп миқдорда содир этганлик учун белгиланган жавобгарлик ЖК 188-моддасидан чиқариб ташланди ва бу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилди (МЖтК 176-м.). Шу билан бирга, агар ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс томонидан ноқонуний тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад давлатга ихтиёрий равишда тўланган, шунингдек тадбиркорлик субъектини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилган тақдирда, ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинмаган ҳолда жавобгарликдан озод қилиниши қайд этилди.
Шунингдек, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча ёки кўп миқдордаги қийматда бузиш учун ЖК 189-моддасида белгиланган жиноий жавобгарлик олиб ташланиб, ушбу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди (МЖтК 164-м.). Ушбу қўшимчанинг асосий мақсади шундан иборатки, тадбиркорнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган ҳаракатлари учун енгилроқ маъмурий жавобгарлик белгилашдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорлик соҳасида қабул қилинаётган ҳужжатларнинг такомиллашуви тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтириш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этилаётган бир вақтда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг навбатдаги қўллаб-қувватлови айни пайтда даромадсиз қолган ушбу тадбиркорлар учун яна бир имкониятдир. Фақат улардан фойдаланаётганда гигиена ва карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш лозим. Акс ҳолда оқибати қандай бўлиши барчамизга аён.

Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг девонхона мудираси М.Сарибаева

Янгиер шаҳар маъмурий судининг судья ёрдамчиси Р.Нуруллаев