July 4, 2020

ЯРАШУВ – АХИЛЛИК ВА КЕЧИРИМЛИЛИК БЕЛГИСИ

ЯРАШУВ – АХИЛЛИК ВА КЕЧИРИМЛИЛИК БЕЛГИСИ

June 30, 2020

ЯРАШУВ – АХИЛЛИК ВА КЕЧИРИМЛИЛИК БЕЛГИСИ.

Истиқлол йилларида суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини кучайтириш борасида муҳим ишлар амалга оширилди.

Шулардан бири, суд-ҳуқуқ тизимидаги муҳим ислоҳотлардан бири ярашув институти жорий қилинди.

Ушбу институт дастлаб фақат ижтимоий хавфи катта бўлмаган Жиноят кодексининг айрим моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга нисбатан тадбиқ этилган бўлса, бугунга келиб ярашув Жиноят кодексининг 40 дан ортиқ моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун қўлланилиши мумкин.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 661-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Судлар томонидан жиноят содир этган шахсларга нисбатан ярашув институтини тадбиқ этиш ҳоллари йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Бунда қонунчилигимиздаги инсонпарварлик принципига риоя қилиниб, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламай, жиноят содир этган шахсга нисбатан у аҳлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишнинг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу билан минглаб инсонларнинг тинч ҳаёт тарзи сақлаб қолинмоқда.

Жумладан, Ш. исмли шахс терговда қисми алоҳида ажратилган шахс билан бир гуруҳ бўлиб, Сардоба туманида яшовчи Т. исмли шахснинг яшаш хонадони олдида у билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолиб, Т. исмли шахсни баданининг турли жойларига қўллари, оёқлари ва ғишт билан уриб, унга “соғлиқни қисқа муддатли бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати” етказган.

Натижада Ш. исмли шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2—қисми билан айбланиб, жиноят иши судга юборилган.

Бироқ, суд мажлисида судланувчи ҳамда жабрланувчи юқоридаги қонун мазмунини тўлиқ тушунгандан сўнг судга ўзаро ярашганликлари тўғрисида ариза тақдим этиши натижасида Ш. исмли шахсга нисбатан жиноят иши жиноят ишлари бўйича Сардоба туман суди томонидан тарафларнинг ярашганли сабабли тугатилган.

Ярашув институтининг афзаллиги яна шундаки, биринчидан, жабрланувчига етказилган зарар тез ва тўлиқ қопланиши таъминланади. Яъни унинг манфаатлари устувор саналади.

Иккинчидан, жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилгани учун судланмаган ҳисобланади. Учинчидан, айбдорни кечириш орқали жазоланмасдан тарбияланади.

Ярашув жамиятда судланганлик ҳолатини камайтирибгина қолмай, унинг узоқ давом этадиган, ҳатто авлодлар тақдирига ҳам таъсир ўтказадиган оқибатларини бартараф қилиш имконини берди.

А.Эргашев

Жиноят ишлари буйича Сирдарё вилоят суди судьяси