Форишда "фуқаробай" ишлаш тизими бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда
Муҳтарам юртбошимиз раислигида жорий йилнинг 27 январь куни ўтказилган йиғилишда “Фуқаробай” ишлаш бўйича янги тизимни ташкил этиш ва камбағалликни қисқартириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Унга биноан, Фориш туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят ва тумандаги Халқ қабулхонаси масъуллари уйма-уй юриш чоғида оғир вазиятдаги инсонлар ҳолатини атрофлича ўрганиб, маиший шароитларини яхшилаш ва камбағалликдан чиқаришнинг аниқ чораларини белгиламоқда.
Жумладан, Амир Темур МФЙ Кўҳнабозор қишлоғида яшовчи 1-гуруҳ ногирони 90 ёшли Асрор Раҳматовнинг дори-дармонга эҳтиёжи борлиги аниқланди ва масала жойида ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, тумандаги Эргаш Камолов маҳалласида истиқомат қилувчи Сарвиноз Раҳимова турмуш ўртоғининг бевақт ўлимидан сўнг рўзғоридаги қийинчиликлар сабаб, уйининг том қисми ёпилмасдан қолиб кетган. Оилага том қисмини ёпиш учун шу куннинг ўзида шифер етказиб берилди.
Суҳбат жараёнида Сарвиноз тикувчилик билан ҳам шуғулланишини айтди. Халқ қабулхонаси мудири унга тикув машинаси совға қилишини ваъда берди.
Ваъдага мувофиқ тикув машинаси 6-февраль куни Сарвинозга етказиб берилди.
Осмонсой қишлоғидаги Муҳаббат Мингйигитова хонадонидаги вазият ўрганилганда, боқувчисини йўқотганлиги ва иқтисодий қийинчилик сабаб, уйининг том қисми ёпилмаганлиги учун унга шу куннинг ўзида 50 дона шифер олиб берилди.
Шу билан бирга хонадонидаги табиий газ билан боғлиқ муаммолар аниқланди ва 6-февраль куни табиий газ улаб берилди.
Бир сўз билан айтганда, “фуқаробай” ишлаш тизими оилаларнинг ижтимоий ҳолати ҳақидаги реал маълумотларни тўплаш ва шу аснода зарур чораларни белгилашда муҳим аҳамият касб этаяпти.