Бу пайтда ўртоқларим бир неча қизни севишга улгурган, баъзилари эса қўлидан ҳам ушлаш шарафига муяссар бўлганди. Мен бўлсам фақатгина ўқишни ўйлар, дадамнинг ёшлигимда берган танбеҳлари
Биринчи муҳаббатим Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда, Зуҳро юлдуз милтириб, хира ханда отганда,Руҳимда бир маюъслик, сокинлик уйғотганди,Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим. Ҳа, бу сатрлар неча минглаб ошиқлар дардига малҳам бўлган. Неча куйган қалбларда ёнаётган лахта-лахта чўғларнинг сўнишига сабаб бўлган.Унинг кўзлари доим маъюс боқарди. Ҳар доим бунинг фарқига борсам ҳам негадир “нега кўзларинг маъюс” дея сўрай олмасдим. Балки бу саволни бера олмаганимга айнан шу маъюс боқувчи кўзлар сабабчидир? ******Мактабда шитоб билан дарсликлар дарёсига шўнғиб юрган кезларим эди. Бу пайтда ўртоқларим бир неча қизни севишга улгурган, баъзилари эса қўлидан ҳам ушлаш шарафига муяссар бўлганди. Мен бўлсам фақатгина ўқишни ўйлар, дадамнинг ёшлигимда берган танбеҳлари олдида уялиб қолмасликка, мактабнинг аълочи ўқувчиларидан бўлишга ҳаракат қилардим. Шу зайлда умр ўтиб борарди. Шундай кунларнинг бирида елкамда сумкам, қўлтиғимда бир даста китоб билан мактабдан уйга қайтар эканман, ўй билан билан қаршимдан келаётган икки қизни кўрмай қолибман. Кўрмай қолиб, тасодифан қизларнинг бирига урилиб кетдим. Урилганим ҳам майли, қўлимдаги китобларим сочилиб кетгани менга роса алам қилди. Кўзингга қарасанг бўлмайдими? Ё тавба. Инсон боласининг овози ҳам шунчалик ёқимли, ширали бўладими? Қулоғимга мойдек ёқди. Аммо мен кўзимга қарамаган бўлсам, сенинг кўзинг қаерда эди деган фикр билан жаҳл устида бу беодоб қизларнинг таъзирини бериб қўйиш мақсадида илкис уларга қарадим. Қарадим-у, тилим гапга айланмай қолди. Бундай бўлишига сабаб, биринчидан улар параллел синфда ўқийдиган қизлар бўлса, иккинчидан оппоқ кофта, шунга яраша ўзига оро берган қизнинг гўзаллиги, беғубор кўзлари, сутга чайиб олгандек юзлари, хуллас бутун борлиғи эди. Индолмай қолганимга кўргач, улар кулишиб йўлларида давом этишди. Мен эса ердан китобларимни тўплар эканман уларнинг йўлини кузатиб қолдим. Уйга қандай етиб келганимни билмайман. Негадир ўша қизнинг кўзлари кўз ўнгимдан кетмасди. Илк марта қалбимда қандайдир ёқимли ҳиссиёт уйғонди. Кеч бўлишини, тезроқ тонг отишини, ўша қизни яна бир бор кўришни истардим...Эртаси куни мактабга келиб биринчи қилган ишим синфдош йигитлардан бу қизнинг кимлигини суриштириш бўлди. Ана шунда яқин дўстларимдан бири, Одилнинг “у қиз мени амакимни қизи бўлади” дегани жонимга оро кирди. Ҳа, дўст, нима бало юракдан урдими дейман, - деган ҳазиломуз саволига эътибор ҳам бермай, унинг исмини сўрадим. Гули.Исм ҳам шунақа чиройли бўладими? Ёки менга шундай туюлдими? Наҳотки, бу қизни олдин сира кўрмаган бўлсам? Ё ўқишга берилиб кетиб, ён-теваракка назар ташлашни, ким билан ўқиётганимни ҳам унутиб қўйдиммикан? Савол кетидан савол. Бироқ барчаси жавобсиз. Гулини учратганим юрагимда ўт-олов пайдо қилган бўлса, ўқишга бўлган иштиёқим ҳам шунчалик ортиб борарди. Чунки Гулига ўзимни кўрсатишим, талаба деган номга сазовор бўлишим, бу билан эса ҳам қишлоқда, ҳам туманда ўзига хос ном чиқаришим керак эди. Гулининг кўнгилини олиш, унинг юрагига йўл топиш осон бўлмади. Зеро, у ҳам аълочи ўқувчилардан бўлиб, мактабда бўлиб ўтадиган ҳар қандай тадбир ташкилотчилари орасида бўларди. Бу эса ўз навбатида мен учун қулай имкониятларни туғдирарди. У билан суҳбатлашиш, керак бўлса, тортишишга тўғри келарди. Кунларнинг бирида дўстим Одил мени четга имлади. Қўлимга тутган қоғоз бармоқларни куйдираётганини биргина мен билардим, холос. Бизни четдан кузатиб турганлар эса мийиғида кулиб туришарди. Тўғриси, менга юборилган илк севги хатини мактабда ўқий олмадим. Уйгача эса сабрим чидамади. Йўлда очиб, шоша пиша кўз югуртирдим. Қиз болаларга хос чиройли ҳуснихат билан ёзилган сатрларни ўқир эканман, юрагим қинидан отилиб кетай дерди. Нега дейсизми? Чунки Гули менинг дил изҳорларимни қабул қилган, ҳаттоки “Сизни севаман!” деб ҳам ёзганди. Кунлар ортидан кунлар ўтарди. Аммо менда Гулига гапириш журъати, жасорати борган сари йўқолиб борарди. Уни кўрдим дегунча тадбирларда булбулдек сайрадиган тилим танглайимга ёпишиб қоларди. Гулининг дугоналари ҳар хил гап сўзлар билан пичинглар қилар, лекин булар ҳам таъсир қилмасди. Бечора қиз бўлса, ердан кўзини узмай тезроқ мендан узоқлашишга ҳаракат қиларди. Китобларда ўқиганим бор. Севишган йигит-қизлар бир-бирлари билан соатлаб, ҳаттоки кези келганида кунбўйи суҳбатлашишади, гаплари асло адо бўлмайди. Аммо негадир бизда тамоман акси бўлиб чиқди. Гулининг хатдаги гапларидан далда олиб, уни учрашувга таклиф қилдим. Хайриятки, бу таклифим рад этилмади. Акс ҳолда севги деган ширин, шу билан бирга азобларга дучор қилувчи туйғудан бир умрга воз кечишим тайин эди. Учрашув жойини қаранг. Қишлоғимизда катта бир тут дарахти бўларди. Унинг ёши ҳақида ҳар ким ҳар хил фикр билдиради. Кимдир уни 100 ёшда деса, яна кимдир 200 ёшдан ошиб кетган дейди. Кимга ишонишга ҳам ҳайронсан киши.Кеч киргунга қадар оёғи куйган товуқдек ўзимни қўярга жой тополмай юрдим. Пала-партиш иш қилаётганимни, хаёлим жойида эмаслигини кўрган онамнинг саволларига ҳам узиқ-юлуқ жавоб қайтарардим. Бу кунни зўрға кеч қилдим. Кечга яқин эса сал-пал ўзимга қараган бўлиб, кўчага отландим. Одатда менинг кўчага чиқишимдан ҳеч кимнинг хаёлига бирор ёмон фикр келмасди. Чунки доим кимдандир китоб сўрагани ё бўлмаса, дарс қилгани дўстларимникига борардим. Бу сафар ҳам худди шундай бўлди, бироқ қўлимда китоб ёки дафтар йўқ эди.Қишлоқ ёшларнинг оташин севги изҳорларига гувоҳ кекса тут дарахти тагида бироз муддат турдим. Гулидан хабар бўлавермади. Келишган вақтимиздан бирор ўн дақиқа ўтди. Китобларда қизларнинг йигитларни куттиришни яхши кўришлари ҳақида ўқигандим, аммо биринчи марта бунга гувоҳ бўлиб турибман. Шу пайт узоқда келаётган одам шарпасига кўзим тушди. Юрагим қинидан чиқиб кетай дея гурсиллаб урарди. Юрагимнинг бир четида келмаса ҳам майли эди деган ҳис ҳам йўқ эмас. Чунки унга нима дейишни, гапни нимадан бошлашни билмасдим. Орзиқиб кутилган дамлар. Гулининг нозик қўлини ушлаб кўришдим. Қиз бола билан биринчи марта ёлғиз учрашиб туришим эмасми, тилим калимага келмай, каловланиб қолдим. Яхшимисиз? Ўқишга тайёргарлик яхши кетяптими? – Гулининг шу гапларидан сўнг суҳбатлашишга мавзу топилганидан хурсанд бўлдим. Ҳа, раҳмат яхши. Насиб бўлса, талаба бўламан, - дедим ўзимга ишонч билан. Бизни ташлаб кетар экансизда, - Гулининг овозидан бироз ўпкаланган, бироз эркаланган оҳанг бор эди. Нега энди тез-тез келиб тураман. Жуда бўлмаса хат ёзарман.Яхши, - орага ноқулай сукут чўкди. Қандай бузишни билмай ҳайрон эдим. Қизнинг ўзи жонимга оро кирди. Мени сизламасдан сен десангиз яхши бўларди. Нега энди, ахир сиз ҳам сен ҳам битта тилдан чиқадику. Яъни, бувим шундай дерди.Менга ноқулай-да.Хўп. Аммо Гулини сен дейишга тилим бормасди. Ўртоқларимнинг учрашувлар ҳақидаги таассуротларида уларнинг қизни қандай ўпганликларини кўп марта эшитгандим. Мен ҳам аввалига шундай фикрга бордим, лекин гапиришни эплолмай турган одам, қандай қилиб ундан бўса олишим мумкин? Мен кетдим, - Гулининг овозидан ўзимга келдим. Дарров-а?!Кеч бўлиб кетди. Уйда йўқлигимни билишса, қидириб қолишади.Бўпти. Зоримиз бору, зўримиз йўқ, - қайсидир китобда ўқиган гапимни бехосдан айтиб юбордим. Ҳар доим шундай йўл тутасиз, - деди қиз худди жаҳл қилгандек.Майли хайр.Гули мени бир умрга ташлаб кетаётгандек шошиб, Гули, сени севаман, - дедим.Қизнинг кўзлари ерга тикилди. Юзлари қизарди. Қўлидаги рўмолчасини ўйнай бошлади. Гапирмайсанми?Нима дей?Нима дердинг, билмасам. Сени менга айтадиган гапинг йўқми?Бор. Айт унда. Айтмайман. Айт.Айтмайман.Мана бўлмаса, - дея Гулининг қўлларидан ушлаб ўзимга тортдим. Гули икки қўли билан кўкрагимдан итариб, қутулиб кетишга уринарди. Қўйворинг.Олдин айт.Қўйворсангиз айтаман. Уни кўпам қийнагим келмади, қўйиб юбордим ва хаёлимдан бир шоирнинг мисралари ўтди:Кўйлагимнинг тугмаси, ботмасин деб қучмайман. Шоирларимиз ҳам бор бўлсин, “Кўйлагимнинг тугмаси, ботмасин деб қучмайман” эмиш. Жуда ғалати мисра. Бироқ ҳозирги вазиятга жуда мос эди. қўлларимдан қутулган Гули:Жинни, - дедим эркаланиб.Ким жинни?Сиз жинни.Мени жинни қилган сенсан.Бекор гап. Рост.Ишонмайман. Нега?Шунга?Нега?Бошқа қизларга ҳам шундай деганмисиз?Бу нима деганинг?Биламан, бошқаларга ҳам шундай дегансиз.Нималар деяпсан? – ростданам жаҳлим чиқа бошлаганди. Буни кўриб: Ҳазиллашдим. Жаҳлингиз ҳам бурнингизнинг учида туради. Бунақа ҳазил қилма.Хўп бўлади. Яна бир марта.Нима?!Яна бир марта қайтар.Хўп бўлади. Мени кутасанми?Тушунмадим. Ўқишни битириб келгунимча кутасанми?Кутайми?Ҳа. Ўқишни тугатсам, кейин...Нима кейин?Кейин тўй қиламиз. Мен кетдим. Жавоб бермадинг-ку?Шартми?Ҳа.Кутмасам бу ерга келармидим.Эҳ, аҳмоқ. Рост айтяпти. Ахир мени севмаса, кутмаса учрашувга чиқармиди?Кузатиб қўяман.Кераги йўқ. уйдагилар кўриб қолса, шарманда бўламиз. Акаларимни биласизку. Бўпти хайр. Жоним, - бу сўзни эшитиб Гули менга ялт этиб қаради. Мен сизнинг жонингиз эмасман.Жонимсан.Хайр.Хайр.Бу бизнинг илк учрашувимиз эди.Гулини билмадим-у, мен мактабга уни кўриш учун борардим. Мактаб биноси қуёш ботишга кўндаланг тушганлиги сабабли тепадан, қишлоқдан тушиб келадиганларнинг ҳаммаси ён деразадан кўриниб турарди. Ҳар куни эртароқ бориб, дераза ёнида ўтирардим. Узоқдан унинг қомати кўриниши билан юрагим ҳапқириб кетарди. У ҳам дарров деразага кўз ташлар, майин жилмаярди. Унинг ширингина жилмайиши мен учун бу куннинг мазмунли ва қувноқ ўтишини таъминларди. Севгилим, шундай дейишга ҳаққим бор деб ўйлардим, жуда чиройли, қоматлари келишган, оппоқ юзли, қошлари камон, лаблари ғунча, одобли, бунинг устига аълочи бўлганлиги учунми, доим унинг ортидан йигитлар чопиб юрарди. Ўзимдан катта, тенгқур ёки кичкина болаларнинг Гули ҳақида орзиқиб гапиришлари ёки қарашлари менинг асабимни бузса ҳам, ўзимга ишонч билан у меники деб ўйлардим. Шу сабабли ҳам бундай гап-сўзларга эътибор қаратмасдим. Гули ҳам уларнинг бирортасига рўйхушлик бермасди, чунки ҳар доим кузатув остида эканлигини, доим унга кимнингдир икки кўзи термилиб туришини қалбан ҳис қиларди. Ким дейсизми? Албатта, мен-да. Ҳаттоки бир марта Гули сабаб бир бола билан урушганман ҳам. Мактаб футбол майдонида синфдошлар терга ботиб копток тепардик. Синфимизда ўғил болалар кўп бўлганлиги сабабли бемалол икки гуруҳга бўлиниб футбол ўйнардим. Майдон четида эса биздан бир синф юқори ўқийдиган болалар тўпланишиб ўтиришарди. Тўпни ён чизиқдан ўйинга киратаман деб турганимда улардан бири гап ташлади:- Мана шу болами?Бу овозни эшитиб беихтиёр улар томонга қарадим. Овоз эгаси мендан бир қаричлар баландроқ, гавдаси ҳам анчагина катта бола эди. Дарров унинг кўринишидан гап бошлаганимга ҳайрон бўлманг, биласиз-ку мактаб даврида болаларга уларнинг ташқи кўринишига, гавдасига қараб баҳо берилади. Ёшлигимга бориб мен ҳам шу қоидага амал қилдим. Қарашим уларга ёқмади шекилли:Бор тўпингни теп, куёвтўра, - деди улардан яна бири. Ким гапирганини билмадим-у, лекин жаҳлим чиққанлигини кўрсатиш учун ўқрайиб қараб қўйдим. Ўз навбатида менинг қарашим уларга ёқмади. Ҳа, нега олақараш қиласан, - деди ҳалиги бола яна.Нима қараш ҳам мумкин эмасми?Мумкин эмас. Ўзингдан катта бир нарса деганда индамай тургин. Нима қилишни ўзим биламан.Жа билағонмисан?Ҳа, нимайди?Мана шу гапим уларга ортиқчалик қилди. Ҳаммаси, яъни 10 киши бирдан ўрнидан турди ва менга қараб кела бошлади. Вазиятни зимдан кузатиб турган синфдошларим ҳам бирпасда йиғилиб келишди. Роса тортишдик. Гап айланиб айланиб Гулига келди. Уларнинг нега менга пичинг қилишаётганини энди билдим. Боя айтганим биринчи бола унга даъвогарлик қилмоқда эди. шунда уларнинг орасидан бироз гапга чечанроғи:Келинглар, улар бир куч синашиб кўришсин, ким ютиб чиқса, ўшаники.Нима Гули сенга молмидики, ким ғолиб келса ўшаники десанг, - деб ҳалиги болага хўмрайдим. Урушмайман десанг, ўз ўзидан қўрққан бўласан ва Гулини тинч қўясан. Гарчи уруш жанжалга тобим йўқ бўлса ҳам орият учун рози бўлдим. Бир гуруҳ болалар мактабимиз ортидаги янги қурилаётган бино ичига кирдик. Ҳалиги бола мендан анча гавдалироқ эмасми, унинг олдида ёш боладек бўлиб қолдим. Лекин алам билан қизариб, бўзариб турардим. Хуллас, муштлашиш бошланди. Бир-икки мушт егач менда қаердандир куч пайдо бўлди. Қайтариб туширдим. Бироқ кучлар тенг эмасди. Барибир у устунлик қиларди. Нима қилсам экан деб ўйланиб тургандим, симёғочдек бир нарсанинг учиб келаётганига кўзим тушди. Албатта, бу симёғоч эмасди, оёқ эди. ўзимни аранг четга олиб, симёғочни ушладим. Лекин мен ўйлагандек, осон эмасди, яъни анча оғир эди. бундан ташқари куч билан босиб келарди. Йиқилиш учун ер танлай дея ортимга ўгирилдим. Ўгирилдим-у, тамом деб ўйладим. Чунки ерда ётган бетондан ярим метрча темир чиқиб турарди. Агар унинг устига йиқиладиган бўлсам, ўлиб кетишим ҳам ҳеч гап эмас. Шу хаёл билан симёғочни қандай кўтарганимни, унинг эгасини тагимга босиб, юз-кўзи аралаш мушт тушира бошлаганимни билмайман. Синфдошларимдан бири “бўлди, бўлди” деб мени орқага тортқиларди. Ўзимга келиб қарасам, ҳалиги боланинг юзи қонга бўялиб кетибди. Сал ўзимга қараб, бинодан чиқар эканмиз, узоқдан Гулининг бизга тикилиб турганини кўриб қолдим. У мени кўрди-ю, индамай йўлида давом этди. Узоқда бўлса ҳам унинг қизарганлигини, жаҳли чиққанлигини сездим. Кечки учрашув ҳам расво бўладиган бўлди, деб ўйладим ичимда. Кечқурун Гули мени хўмрайиб кутиб олди. “Ҳозир бошланади” хаёлимдан ўтказдим мен.Нега бугун анави бола билан муштлашдингиз?Сени деб.Нима сабаб?У сени севаман деди, мен эса мен севаман деди. Ким кучли бўлса Гули ўшаники деди.Нима мен сизларга буюммидимки, талашиб-тортишсаларинг?Мен ҳам шуни айтдим, лекин улар кўнишмади.Хўш?Нима Хўш?Нима бўлди?Ютиб чиқдим.Қойиллатибсиз. Албатта. Доим ҳазил қиласиз.Ҳа нима қилай бўлмаса?Сал жиддийроқ бўлинг. Хўп бўлади. Шу билан гўё суҳбатимиз якунлангандек, энди Гулининг кўнглини кўтаришим, унинг гўзал кулгичларини яна асл ҳолига қайтаришимиз зарур эди. Шу пайт бир воқеа эсимга тушиб қолди.Гули эсингдами, мендан ручка сўраган эдинг?Ҳа, нега бирдан шуни эслаб қолдингиз, - деди Гули ва ўзи билмаган ҳолда юзига кулгу югурди. – Роса боплаган эдингиз ўзиям.Нега энди боплар эканман, бор гапни айтганманда.Бор гапликка бор гапку-я, лекин бутун синфнинг олдида сўраш шартмиди?Воқеа шундай содир бўлганди. Кунлардан бир кун Гули мендан ручка сўради. Мен ҳам Гулининг менга иши тушганидан хурсанд бўлиб, бериб юбордим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан арзимаган сабаб туфайли тортишиб қолдик, шунда мен ҳеч иккиланмасдан:Ручкамни қайтар, - деганман. Гули ҳам ҳаққини бировга едириб қўядиганлардан эмас. Ма, шу ручканг бошингдан қолсин, - деб отиб юборган. Синфдошларимиз бир-бирига қараганча ҳайрон. Шундан кейин бутун бошли бир кун аразлашиб юрганмиз.Яна ручка воқеасидаги ҳолат қайтариладими?Йўқ, - деди Гули шошиб-пишиб. Бу қилиғидан ўзи ҳам уялиб кетди. Аниқроғи, паст кетганидан. Мен эса унинг бу гапидан мириқиб кулдим. Кулинг, кулинг, Сизга фақат кулгу бўлса бўлди. Бўпти, бўпти мана бўлди, бўлди, - дедим ўзимни зўрға кулгудан тийиб. Худди шунга ўхшаш воқеа яна бир марта содир бўлди. Бир куни биздан уч синф юқори ўқийдиган бир акамиз, мени кўриб, кулиб юборди. Мен ҳам ундан кулгусининг сабаби қизиқиб сўрадим.Энди ука, бу қизни тинч қўй. Ҳали сен севишга ёшлик қиласан. Бундан ташқари Гулининг ҳам кўнгли менда, - деган гапидан кейин қизариб кетдим. Ростини айтиш керак унинг гапларидан сўнг уялдим. Ҳали неча ёшга кирдингки, севасан деб ўзимга савол ҳам бердим. Аммо бўш келмадим. Энди бу ака кўнгилда. Унга буйруқ бериб бўлмаса, ўзингиз айтгандек бундан ташқари Гулининг кўнгли менда бўлса. Бўлмаган гап.Нега энди, нима мени севиши мумкин эмас деб ўйлайсизми?Ука, майли ҳозир бекорчи гапларни қўяйлик. Ҳаммасини вақт кўрсатади.Шу суҳбатдан кейин Гулидан ўзимни олиб қочадиган бўлдим. Чунки унинг севаман деган сўзларига шубҳа уйғонганди. Мактабга борсам ҳам ўзимни кўрмаганга олар, имкони борича унинг кўзига кўринмасликка уринардим. Орадан бир неча кун ўтиб, дўстим Одил яна бир хатни қўлимга тутқазди. Ўтган сафар севгимни рад қилганмикан деган ҳадикда ўқишга ботина олмаган бўлсам, бу сафар ҳалиги йигитнинг гаплари ростини тасдиқлаганмикан деган ўй билан қоғозни ғижимлаб ташладим. Бир хаёлим ёқиб юбориш келди, аммо Гулимнинг ёзганлари нима экан деган қизиқиш билан хатни очдим. Ҳаётимда қачон бунчалик хурсанд бўлганимни эслай олмайман. Гули араз қилган эди. Арази ҳам ўзига ярашади. Ёзган ҳар бир сўзини ёдлаб олдим. Ўша кунлари истаган пайтингизда, ҳар қандай шароитда хатда ёзилган сўзларни сўрасангиз нуқта, вергулигача айтиб бера олардим. Умрни оқар дарёга ўхшатишади. Бу гапнинг нечоғлик тўғри эканлигига яна бир марта амин бўлдим. Ёзги таътил кунлари бошланиш арафасида. Қани энди мактабда дарслар тугмаса эди. Ахир уч ой Гулини кўрмасдан яшаб бўладими? Бироқ бунинг ҳам йўлини топдим. Дўстим Аҳмад ёрдам берди. Амакисининг қизи эмасми, Гулини кўргим келса, унга айтаман, у бўлса Гулини уйларига чақиради. Мен эса дўстимни кўриш баҳонасида Аҳмаднинг уйига бораман. Гулини бир марта кўриш учун нималарни ўйлаб топмадим. Албатта, Гулининг кўзларидан унинг ҳам мени кўргиси келаётгани яққол сезилиб турарди. Битирувчи синф эмасмизми, ҳар йилгидек анъанага кўра сентябрь ойининг ўрталарида бизни пахта теримига жалб қилишди. Бу жараённи кимдир интиқлик билан кутса, яна кимдир тезроқ бу муддат ўтиб кетишини истарди. Шу йили мен ҳам пахта терими сабаб узоқ туманга боришимизни хурсандчилик билан кутиб олдим. Ўйлагандимки, Гули билан яқиндан гаплашиш, дилимдагиларни очиб солишга имконият туғилади. Автобус мактаб ўқувчилари билан тўлган. Кимдир онаси билан, яна кимдир бирор қариндоши билан хайрлашарди. Менинг кўзларим эса йўлда. Чунки Гули кўринмасди. Шу пайт ҳатто ҳашарга бораман деганимга ҳам пушаймон бўлдим. Бир ниятим автобусдан тушиб қолиш ҳам бўлди. Бироқ дўстларимнинг қистови билан қолдим. Машина жойидан қўзғалар экан кимнингдир “ҳайдовчи ака тўхтанг” деган овозини эшитиб кўзларим автобус эшигига қадалди. Аҳмаднинг ёрдамида кўрпа-тўшакларини кўтариб кираётган Гулини кўриб, кўнглим жойига тушди. Синфдошларим ўзлари билиб, мени ёнимдаги жойни бўшатишди. Гули ҳам индамасдан ёнимдан жой олди. Айтсам ишонмайсиз, биз борадиган жой икки соатлик йўл. Шунча вақт давомида гапирмасдан кетишнинг имкони борми? Ҳа, бор экан дўстларим, бор экан. Гули ва мен худди оғзимизга талқон солиб олгандек икки соат жим кетдик. Бизга ажратилган болалар боғчасига бориб тушдик ҳамки тилим айланай демасди. Йигитлар алоҳида, қизлар алоҳида хоналарга жойлашдик. Эртадан пахта терими. Тушунган дўстларнинг садағаси кетсанг арзийди. Ҳар куни тонгда пахта даласига терим учун кирар эканмиз ё менинг ёки Гулининг ёнидаги эгат бўш турарди. Яъни бу ким биринчи бўлиб далага киришига боғлиқ. Қолганлар ҳам иложи борича биздан узоқ туришга уринарди. Аҳмоқман десам ҳам бўлаверади. Бир ярим ой давом этган терим пайтида Гули билан ақалли бир марта дилдан суҳбатлашмабман. Фақатгина ёнгинамда эгилиб нозик бармоқлари билан чаноқлардан пахта толаларини эпчиллик билан териб олаётган қизнинг юзларига тикилардим холос. Гули ҳам бир сўз айтай демасди. Баъзан унинг дугоналари келиб, “почча, ҳалиям талқон еяпсизми?” ҳазил қилиб кетишарди. Шундай ҳазилларнинг биридан сўнг Гулига гапиришга, унинг майин овозини эшитишга қарор қилдим. Кечаси билан унга нима дейишни, гапираётганда ўзимни қандай тутишни роса машқ қилдим. Лекин... Ҳа, тўғри англадингиз, яна гапира олмадим. Дўстларим устимдан кула бошлашди. Тилсиз ошиқ. Тан олиш керак-да, ростданам тилсиз ошиқман. Дўстлар даврасида унча мунчасига гап бермайдиган, теша тегмаган гапларни териб-териб, топиб айта оладиган боланинг бир қиз олдида забонсиз қолишига яна нима деб таъриф бериш мумкин? Халқимизда кўп гапирма, кўп тингла дейишади. Аммо бу нақл ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермас экан. Менинг кўп гапирмаслигим, нафақат кўп гапирмаслигим, балки умуман гапира олмаслигим, муҳаббатим интиҳо топишига сабаб бўлдимикан? Яна нега деган савол пайдо бўлдими?Пахта теримидан кейин чарчаб ётоққа қайтиб келдик. Кечки овқатни еб бўлиб, ҳовлига тоза ҳаво олгани чиқдик. Шу пайт ҳовли бурчагида бир қиз ва йигит ўтирганини кўриб қолдик. Болаларга бориб кўриб келинглар, бу севишганлар ким экан дедим, бироқ ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳеч ким гапимга эътибор бермади. Шунда ўз ўлимига яқинлашаётган ўлжадек, юрагимда ғалати бир ҳадик билан уларга яқинлашдим. Оппоқ кофтани кўрибоқ, хаёлимга Гули деган фикр келганди. Аммо бу фикрдан ўзим ҳам уялгандим. Яқинлашиб, не кўз билан кўрайки, Гули. Мен акамиз билан салом-алик қилдим. Гулининг юзлари қизариб кетганлиги гарчи қоронғу бўлса ҳам билинди. Ёки мен сездим. Индамадим. Индай олмайди. Индай олмасдим ҳам. Нима ҳам дердим?! Энг қизиғи, Гули жойидан қимирламади. Негалигини ҳалигача тушунмайман. Қиз бола уялиб қочиб кетиши керак эмасмиди? Ёки Гулида уят йўқмиди? Келинг, яхшиси бу саволни берилмаган деб ҳисоболайлик. Мен нима қилишни, нима дейишни билмай турган жойимда қотиб қолдим. Яхшиямки, қоронғуда йўқолиб қолганимни билган Одил ёнимга келди. У ҳам вазиятни тушунди ва мени тезроқ олиб кетишга ҳаракат қиларди. Унинг нималар дегани, мени юпатгани, таскин берувчи сўзлар айтгани, ҳеч бири қулоғимга кирмади. Қандай ҳам кирарди? Бошқа у ҳақида ўйламасликка, уни кўрмасликка, унга кўринмасликка ҳаракат қилдим. Интилдим. Бир йиллик муҳаббат тарихи, албатта, агар шуни тарих дейиш жоиз бўлса, шу тариқа ўз ниҳоясига етаётганди. Гулига бошқа дуч келмаслик учун ҳам ўқишга кирдим. Балки бугун менинг “кимдир” бўлиб етишишимга у сабабчидир. Яна ким билсин. ******Орадан ўтган икки-уч йил дардимга малҳам бўлди десам, катта хатога йўл қўйган бўламан. Уни унута олмадим. Ахир қандай қилиб унутай? Ўқийдиган мактабимиз бир, мактабга борадиган, қайтадиган йўлимиз бир бўлса. Битирув кечасига у сабабли бормадим, бормадим эмас, аниқроғи боролмадим. Дўстларим ҳар қанча қистамасин, касал эканлигимни, бундан ташқари дарсларим борлигини баҳона қилдим. Алам билан бўлса керак, ўқиш кириш учуна тайёргарликка жон жаҳдим билан киришдим. Ҳа, мана шунақа, менинг севгим жим эди. Мен жимгина севдим ва жимгина ажралиб кетдим. Балки муҳаббат романлари ёки ҳикояларидаги ё бўлмаса ҳаётдаги баъзи севган йигитларга ўхшаб курашганимда муҳаббатим ёнимда бўлармиди? Балки шунда бахт қасрини қурган, том маънодаги бахтли ҳаёт нималигини тушуниб етган, севганим билан бир умрга ували-жували бўлиб умргузаронлик қилган, менга яхшилик соғинадиганларнинг ҳавасини, ёмонлик тилайдиганларнинг эса ҳасадини келтириб юрган бўлармидим? Яна ким билади дейсиз?Тамом.