May 31, 2020

Зукко ким? Ландовур-чи?

Мальколм Гладуэллнинг "Зукколар ва ландовурлар" китоби қандай қилиб даҳога айланиш мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Муваффақият фақатгина туғма истеъдод ва тинимсиз меҳнат маҳсулими?

Дунё тан олган даҳолар муваффақият чўққисига фақатгина такрорланмас истеъдодлари туфайли эришганлари ростми? Муваффақиятли инсонларнинг бошқалардан қандай фарқлари бор?

Инсайт № 1. Муваффақият сири нимада?

Буюк ва муваффақиятли шахслар ҳақидаги одатий тасаввурларимиз мутлақо нотўғри.

Даҳолар ўз муваффақиятларига фақатгина тиришқоқлик ва меҳнат орқасидан эришганлар. Aмалиёт истеъдоддан муҳимроқдир.

Моцарт, “Битлз” гуруҳи ва Билл Гейтсни нима бирлаштиради? Улар бўш вақтларини тамомила амалиёт учун сарфлашган. Ўз истеъдодларини чархлаш учун камида 10,000 соат сарфлашган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Гладуэлл “10,000 соат” қоидасини ишлаб чиққан. Қоиданинг моҳияти оддий: бирон йўналишда қобилиятингизни чархлаш учун шу йўналишда камида 10,000 соат шуғулланишингиз керак. Шу тарзда ўз маҳоратингизни оширасиз.

Аммо бу қоида шартли ҳисобланади. Мисол учун, спортда бирон мақсадга эришиш учун уни қўллаш нотўғри бўлиши мумкин.

Даҳолар омад билан туғилишмайди. Муваффақият эгаларининг биргина қуроли бор – хоҳиш.

Мақсад йўлидаги қийинчиликлардан қўрқманг, шунда айнан сиз навбатдаги даҳога айланишингиз мумкин.

Инсайт №2. Наслий келиб чиқиш қобилиятга таъсир қиладими?

90-йиллар бошида Мичиган университети психологлари Дов Коэн ва Ричард Нисбетт тажриба ўтказишди – бир гуруҳ ёшларни йиғиб, уларга қарата камситувчи ва ҳақоратли сўзларни айта бошлашди.

Бир хил мазмундаги ҳақоратга ҳар бир иштирокчининг реакцияси турлича бўлган: кимнингдир жаҳли чиққан, кимдир пинагини бузмаган. Сабаб – турли наслий келиб чиқиш.

Шахсларнинг ирқи ва миллати шахс ҳаётида муҳим рол ўйнаши инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Aммо бу ҳақиқат хулқ-атвор ва дунёқараш шакклланишида муҳим, қобилиятда эмас.

Наслий, ирқий мансублик қобилиятларни белгилаб бермайди. Қобилиятни фақатгина хоҳиш, ҳаракат ва қатъият белгилайди.

Инсайт №3. Ўз ҳикоянгизни яратинг

Барчамиз муваффақиятли инсонлар ҳаётини ўрганишни ёқтирамиз. Шундай эмасми?

Иммигрантлар оиласида туғилган оддий йигитни кўз олдингизга келтиринг. У Буюк депрессия даврида қашшоқликка қарши курашади. Университетда ҳуқуқшунос дипломини олганига қарамай, ишга киришда кетма-кет муваффақиятсизликка дучор келади.

Бу йигит – Жозеф Флом. Флом кейинчалик “Форбес” журнали Уолт-Стритнинг энг нуфузли адвокатлик фирмаси дея эътироф этган Skadden’нинг асосчисига айланади.

У тиришқоқлиги ва иштиёқи туфайли муваффақиятга эришди. Насли, бой оила фарзанди бўлгани учун эмас.

Жозеф Skadden компаниясини нолдан бошлаб ўзи кўтарди. Дўстлари ва душманлари уни “темир ирода соҳиби” деб таърифлашарди.

Жозеф Флом ўз маваффақиятининг сабабини ҳар доим тақдир тақдим этган имкониятдан ўринли фойдаланиб қолганлиги билан изоҳлайди.

Даҳолар ҳар доим мураккаб тўсиқларга дуч келишган. Тўсиқларни енгиб ўтиш орқалигина ажойиб имконият ва муваффақият билан тақдирланишди.

Хулоса. Китобнинг асосий ғояси

Ўзига хос, алоҳида қобилият эгалари йўқ. Барчамизга бир хил имконият тақдим этилган.

Муваффақиятнинг асоси – қатъият ва меҳнат. Ҳеч қандай насаб, генетика, бойлик эмас.

Инсон ўз шахсини ўзи яратади. Ўз такрорланмас муваффақият ҳикоянгизни ёзиш ўз қўлингизда.