Майкл Миллер. “Бизнес учун YouTube. Видео ёрдамида самарали маркетинг»
Ушбу китобда муаллиф дунёдаги энг оммабоп платформалардан бири бўлган YouTube'дан бизнес мақсадида фойдаланиш бўйича тавсияларни бериб ўтади.
* YouTube – дунёда энг кўп фойдаланиладиган, оммабоп онлайн платформалардан бири.
* Бир ойда 1.8 млрд.дан зиёд фаол фойдаланувчига эга.
* Ўзбекистонда Google’дан кейин энг кўп фойдаланиладиган сайт.
YouTube анъанавий телевидениенинг ўрнини эгаллаб бормоқда.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, YouTube интернет фойдаланувчиларининг 75 фоизига янги ғоялар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Инсайт №1 Аудитория учун қизиқарли контент яратиш
YouTube’дан бизнес юритиш мақсадида самарали фойдаланиш мумкин. Бунда бизнес тури, қаерда эканлигингиз, неча кишилик жамоа борлиги муҳим эмас. Ғоя ва интернет бўлса кифоя.
Бизнеснинг исталган шакли учун YouTube канали фақатгина фойдага хизмат қилади. Аммо канални қандай юритиш керак? Шунчаки маҳсулот/хизматни реклама қилиб бориш билан диққатни жалб қилиш қийин.
YouTube’да видео ахборий, таълимий ёки кўнгилочар йўналишда бўлиши мумкин. Муҳими, видео аудиториянгиз учун қизиқарли ва қийматли бўлиши керак.
Мақсад маҳсулотни танитиш бўлса
Бундай видеодан мақсад минимум харажат билан максимум аудиторияни қамраб олишдир. Телевидение рекламасидан YouTube рекламасига ўтаётган йирик бизнеслар буни танлайди.
Дейлик, йирик банк тадбиркорлар ва кичик бизнес ўртасида ўз номини танитмоқчи. Стартап бошлаш, муваффақиятли бизнес эгалари, кредит қулайликлари ҳақида эксперт фикрлари – шунга ўхшаш видеоларни тайёрлаб, реклама мақсадида YouTube’га жойлайди.
Бундай видеореклама банкнинг бошқа банкларга қарагандан кўпроқ потенциалга эга бўлиш имокниятини оширади, номини танитиб олади.
Мақсад маҳсулот рекламаси бўлса
Агар янги маҳсулотни оммага видео орқали тақдим этмоқчи бўлсангиз, унинг имкониятларини реал мисолда кўрсатинг.
Дейлик, экскаватор ишлаб чиқарасиз. Экскаваторнинг максимал оғирликдаги юк билан, совуқ ҳавода миқ этмай ишлаётганини кўрсатиб берсангиз, унга нисбатан ишонч ортади. Ўнқир-чўнқир йўлларда бемалол ҳаракатлана олиш каби ютуқли томонларини ҳам кўрсатиб бериш мумкин.
Муҳими, шунчаки гап билан эмас, амалда маҳсулотнинг устунликлари ва сифатини кўрсатиш керак.
Чакана савдо учун видео B2C (Business to customer – бизнесдан харидорга)
Чакана савдодаги дўкон эгаси бўлсангиз, дўконни реклама қилиш учун савдо жараёнини видеога олиб жойлаб қўйиш – хато.
Қандай турдаги маҳсулотларга эга эканлигингиз, чегирмали нарх, етказиб бериш хизмати, бепул қадоқ ва ўрам, санитария қоидаларига алоҳида эътибор каби устунликларни кўрсатиш мумкин. Фаолиятингизга нисбатан турли блог ва форумларда билдирилган изоҳлар (хоҳ ижобий, хоҳ салбий)ни қўшиб қўйиш ҳам, унинг оммабоплигига ишора қилади.
Бизнес савдо учун видео – B2B (Business to business – бизнесдан бизнесга)
Бизнес эгалари учун маҳсулот ёки хизмат таклиф қилишда ҳам чакана савдодаги сингари принцип амал қилади: маҳсулотингизни ичкаридан кўрсатиб беринг. У мижознинг қайси муаммосини қай йўсинда ҳал қилишини аниқ кўрсатинг.
Реал ҳаётда ҳар бир потенциал мижозга маҳсулот ҳақида гапириб бериш анча вақт талаб қилади, натижа кафолатланмайди.
Биргина сифатли видео орқали эса катта аудиторияга маълумот бериш ва яхши самара олиш мумкин.
Видеодан жонли мулоқотда мижозларга қўшимча маълумот беришда ҳам фойдаланиш мумкин :))
Мижозларни қўллаб-қувватлаш учун
Мижозларда маҳсулотингиз бўйича пайдо бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий савол ва муаммоларнинг ечимини YouTube’да тақдим қилинг.
Саволларга батафсил жавоб бериш, муаммолар ечимини амалда кўрсатиш мумкин.
Жамоа учун ички таълим
Жамоага янги қўшилаётган аъзога иш тартибини бир бошдан тушунтирмаслик мақсадида керакли маълумотни серияли видеолар сифатиди тайёрлаш мумкин. Янги ходим билиши керак бўлган барча маълумотларни видеога жойлаб ҳам вақтдан ютасиз, ҳам ходим учун қулайлик яратасиз.
YouTube’да сизни кузатиб борувчи аудитория баннер рекламаси орқали жамланган аудиториядан кўра қадрлироқ. Чунки улар сизни доимий кузатиб бориш орқали бизнесингиз, унинг афзалликлари ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлишади, ўша маҳсулот ҳақида мутахассис даражасида билимга эга бўлиши ҳам мумкин.
Муҳими, YouTube’даги аудитория бизнесингиз учун текин реклама агенти бўлиб “ишлайди”. Кези келганда, маҳсулотингизни мақтаб қўйиши, тавсия қилиши мумкин. Шунинг учун аудитория билан бир томонлама эмас, икки томонлама мулоқот олиб боринг. Уларнинг изоҳларига жавоб ёзинг, кузатиб бораётгани учун ташаккур билдиринг, доимий мижозларга бонуслар тақдим этинг, фаолликка чорловчи акциялар уюштиринг.
Инсайт № 2 Промоушн
YouTube’да контент стратегиясини ишлаб чиққач, уни қандай танитиш, реклама орқали танитиш, оммалаштириш (промоушн)ни ўйлаб кўриш керак. Ҳозирги замонда рекламанинг энг қулай шакли – блогерлар. Блогерлар ўз аудиториясини билади, у билан тил топиша олади, фикрини сингдира олади. Шунинг учун блогерлар каналида берилган рекламанинг самараси юқори.
Бунда бир неча жиҳатга эътибор қаратиш керак.
Сизга потенциал мижоз бўла оладиган аудиторияга эга блогерни танланг. Талабалар учун ёзадиган блогернинг каналида қимматбаҳо тақинчоқлар бинесини реклама қилиш нотўғри. Дўконингиз Тошкентда бўлсаю, аудиториясининг аксариятини водийликлар ташкил этадиан каналдаги реклама ҳам мантиқсиз. Шунинг учун ўзингизга керакли аудиторияга эга бўлган блогерни танланг.
Жуда катта аудиторияга эга бўлган, 100 минглаб одам кузатадиган “юлдуз” блогерлар билан дастлабки босқичда ҳамкорлик қилиш унчалик тўғри эмас: 1.уларда реклама бериш қиммат. 2. YouTube канални энди бошлаган бўлсангиз, дарров йирик реклама қилиш мақсадга мувофиқ эмас. 3. “Юлдуз” блогерлардан бизнес имижини яратиш мақсадида фойдаланиш яхшироқ.
Яхшиси, ўртача аудиторияга эга бўлган бир неча блогерга реклама учун мурожаат қилинг. Бунда аудиторияни кўпроқ қамраб олиш мумкин.
Блогерни қандай танлаш мумкин?
1.Мустақил излаб
Бунда реклама берувчи кўпроқ ўз диди ва интуициясига таянади, блогернинг профессионал кўрсаткичларига эмас.
2. Реклама агентликлари
Ўзбекистонда ҳам блогерлар учун реклама агентликлари мавжуд (Venkon digital). Агентликка бизнес ва контентингиз ҳақида, реклама учун қанча тўлай олишингиз хусусида маълумот берсангиз, керакли блогерни танлаб беришади.
3. Онлайн платформалар
GetBlogger сингари платформалар интернетда фаол, ўз аудиториясига эга бўлган блогерлар ҳақида маълумот жамлаб боради. Бу блогерлар каталогидек гап. Ўзингизга мақбулини танлаб олаверасиз.
Блогерни танлаб олгач, унинг фаолиятини муайян вақт кузатинг. Лайклар сони, изоҳлардаги фаоллик, кўришлар сони билан танишиб чиқинг. Массфолловерлар, лайкни ялиниб йиғувчилар, ботлар орқали аудиторияни кўпайтириб олган блогер учун пул тўлашни истамасангиз, албатта.
Блогер билан рекламани қандай амлга ошириш масаласида келишиб олиш керак бўлади.
Бриф тайёрланг
Бриф блогердан қандай реклама исташингизни кўрсатувчи қисқа қайдлар. Реклама шакли ва кайфияти, давомийлиги, нималарга эътибор қаратиш кераклини кўрсатиб ўтинг.
Преролл
Видеоблогерларнинг реклама хизматидан фойдаланишда энг яхши йўл – преролл. Яъни видео аввалига сизнинг бизнесингиз ҳақида маълумот берувчи қисқа, оригинал кириш қисми.
Хулоса. Китобнинг асосий ғояси:
* YouTube энг йирик онлайн майдонлардан бири. Бизнесни ривожлантириш учун ундан фойдаланиш фақат фойдага хизмат қилади.
* Мотивацион роликлар жойлаб брендни танитиш, маҳсулотни амалда ишлатиб кўрсатиш, янги товар ва технологияларни намойиш қилиш мумкин. Мижозлар томонидан кўп бериладиган саволларга жавобларни видео шаклида жойлаш, бизнесдаги жамоангиз учун профессионализмни ривожлантиришга қаратилган таълимий видеоларни ҳам жойлаш мумкин.
* YouTube каналига аудитория йиғиш учун ўрта даражадаги блогерларнинг реклама хизматидан фойдаланиш мумкин. Реклама учун блогер танлашда унинг қанча обуначиси борлиги, лайк ва изоҳлари сони муҳим эмас. Унинг аудиторияси учун сиз ва сизнинг бизнесингиз қизиқми – шунга эътибор қаратинг.