Мартин Лютер Кинг – "Менинг орзуйим бор"
Мартин Лютер Кинг қора танлиларнинг оқ танлилар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлиши учун курашган жамоат арбоби. Америка прогрессивизмининг ёрқин намояндаси, АҚШда қора танлилар ҳуқуқлари учун қўзғалган ҳаракатнинг етакчиларидан бири. Илоҳиёт фанлари доктори. Баптизм (ихтиёрий танловга асосланган эҳтиқод) руҳонийси. Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори. Келиб чиқиши афроамерикан бўлиб, руҳоний оиласида улғайган. Болалигидан нотиқлик хусусиятлари билан кўзга ташланади.
Мартин Лютер Кингнинг қора танлилар ҳуқуқлари учун олиб борган курашининг ўзига хослиги шундаки – у барчасига тинчлик йўли билан, қурол ва куч ишлатишсиз, фақатгина қонунни инкор қилиш йўли билан эришишни мақсад қилади. Унинг танлаган йўли Маҳатма Гандининг сиёсий қарашларига асосланган. Шунингдек, Мартин чиқишларида диний атамалар, муқаддас китоблар оятларидан кўп фойдаланар, илоҳий муҳаббатга асосланган ҳолда оммага таъсир кўрсатишга уринарди.
Биринчи акциясини Кинг Алабама штатида 1955 йилда ўтказади. Қора танли қиз – Роза Паркс автобусда оқ танлилар учун мўлжалланган ўриндиққа ўтирганда, уни “негр”лар учун ажратилган орқа ўриндиққа ўтиришни талаб қилишади, Роза эса бўйин товлайди. Бу ҳаракати учун Паркс ҳибсга олинади. Бунга қарши тарзда Мартин Лютер раҳбарлигида автоубс протести амалга оширилади ва бу бир йилдан ортиқ давом этади. Протест сифатида “қора”лар жамоат транспортларидан фойдаланишдан бош тортишади, бу эса шаҳар транспорт бошқармаси бюджетига салбий таъсир кўрсатади. Якунда протест ғалаб қозонади – АҚШ олий суди Алабамадаги сегрегация сиёсатини ноқонуний деб топади.
Кинг АҚШнинг Въетнамда олиб борган урушини қоралаб чиққанлардан бири эди.
1968 йил 4 апрел куни Мемфисда исён қилаётган ишчиларни қўллаш учун протест маршини ташкил қилади. Ва шу марш чоғида снайпер Жеймс Эрл Рей томонидан отиб ўлдирилади. Кингнинг ўлими “қора”ларнинг жунбушга келишига сабаб бўлган, мамлакатда кескин қаршиликларни келтириб чиқарган ва ҳукумат уларга қарши армияни ишга солишга мажбур бўлади.
Мартин Лютер Кинг раҳбарлигидаги ҳаракатлар 1964 йилда президент Линдон Жонсоннинг “Фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунни имзолашига сабаб бўлган.
Кинг 12 йил давомида (ҳаётининг 3дан бир қисми) узлуксиз равишда ФБР таъқиби ва назорати остида бўлган. Чунки бу инсон ҳуқуқлари фаолининг ортидан минглаб одамларнинг эргашиши разведка хизматини ташвишга солган, унинг фаолияти мамлакатда дестабилизацияни келтириб чиқариши мумкинлигидан доимо хавотирда бўлган.
ФБР Кингни обрўсизлантириш учун уни жинсий маняк сифатида кўрсатишга уринишлар қилгани айтилади. ФБР ўзида Кинг бир қизнинг зўрланиши жараёнига гувоҳ бўлган-у ёрдам кўрсатмагани ҳақидаги далиллар борлигини иддао қилган. Лекин бунинг асослилиги исботланмаган. ФБР ҳатто Мартин Лютер Кингнинг коммунистлар билан алоқаси борлигини ҳам “исботлашга” уринган.
1963 йилда Кинг Вашингтонда марш ташкил этишда иштирок этади ва унда ўзининг машҳур “Менинг орзуйим бор” нутқини сўзлайди.
“Бугун менинг орзуйим бор. Бир кун келиб ҳатто Алабамада – золим ирқпарастлари, ёғли лабларидан доим камситувчи сўзлар чиқадиган губернаторлари билан мана шу Алабамада кичик қора болакайлар ва кичик қора қизалоқлар оқ танли болакайлар ва қизалоқлар билан қўл ушлашиб, опа-сингил, ака-ука сингари мактабга боришади. Мен бугун шу ҳақида орзу қиламан. Бу ишонч бизга бирга ишлашга, бирга ибодат қилишга, бирга курашишга, қамоққа бирга боришга, озодликни биргаликда талаб қилишга, озодлик куни келишини билган ҳолда ҳаракат қилишга куч беради. Ва Яратганнинг барча бандалари машҳур сўзларни уларга янги маъно берган ҳолда куйлашади – “Бу менинг ватаним, озодликнинг порлоқ замини. Ва мен бу ҳақида куйлайман”. Ҳар бир тоғдан озодликнинг овози янграсин. Ҳар бир қишлоқда, ҳар бир штатда, ҳар бир шаҳарда озодлик жаранг сочади. Бу кунда барча бандалар – оқлар ва қоралар, яҳудийлар ва оташпарастлар, протестантлар ва католиклар қўл ушлашиб эски негрлар мадҳиясини куйлашади – “Озодмиз, озодмиз, раҳмат сенга Парвардигор. Ва ниҳоят биз озодмиз!”