Сет Годин. “Пушти сигир”
Инсайт №1
Бугунги маркетинг муҳитида “пушти сигир”сиз бизнес муваффақиятига эришиш қийин. Ҳозиргача 4 “P” модели маркетологларга бозорда маҳсулот савдосини йўлга қўйиш учун қўл келган. Яъни – маҳсулот (product), нарх (price), савдо нуқтаси (place) ва промоушн (реклама) (promoushn).
Аммо бугунги бозор шароитида бу модел иш бермайди. Улар ўтмишда қолган. Ҳозир эски тўртта «P»нинг ўрнини ягона Р эгалламоқда – пушти бузоқ.
Бозорга таклиф қилаётган маҳсулот ёки хизматингизда уникаллик, барчадан ажралиб турувчи ўзига хослик (рус тилида “изюминка” дейилади) яратиш орқали харидор эътиборини жалб қилишингиз мумкин. Пушти сигирнинг сеҳри мана шунда. Бу маҳсулот учун қўшимча бонус (сюрприз), оригинал ёндашув бўлиши мумкин.
Бозорда рақобат жуда кучли. Зўрдан зўр чиқади. Бу рақобат тўлқинидан – подадан ажралиб туриш учун ҳамма сингари оқ ёки қўнғир эмас, балки пушти тусдаги сигирга айланиш керак. Шунда сизни илғаб олишади.
Инсайт № 2
Ўзига хослик нима?
Қолиплардан истисно тарзида яратилган, одатдагидан ташқари, диққатни тортувчи, қизиқарли, илғаб олмасликнинг иложи йўқ – мана шу оригиналлик. Харидор танлов қилаётганда сиз 10та қўнғир рангнинг ичида битта пушти бўлиб ажралиб туришингиз керак.
Товар/хизмат учун “изюминка” – оригинал жиҳат реклама орқали ёки босқичма-босқич жорий қилинмайди. У товарнинг бирламчи асосини ташкил этиши керак.
Яратилмаган нарсанинг ўзи қолмаган. Уларнинг орасида зиғирча қизиқиш уйғотмайдиган маҳсулотлар ҳам талайгина. Сизни ҳам қизиқ эмас деб ўтказиб юбормасликлари учун пушти бузоқ моделидан фойдаланишингиз керак.
Оддий бир мисол. Қатнов зич бўлган ҳудудда 10та сомсахона бор. Уларнинг барчаси бир хил нархда бир хил сомса тайёрлаб сотади. Мазасида фарқ йўқ. 10та сомсахона орасида қолган 9тага эмас, айнан сизникига киришлари учун нима қилиш керак? Сомса учун семиртирадиган буғдой унидан эмас, ортиқча вазн ҳосил қилмайдиган маккажўхори унидан фойдаланиб кўрсангиз-чи? Бу ўринда маза ҳам ўзгармай қолса?... “Бизнинг сомсалардан истаганча ейишингиз мумкин, ортиқча вазн ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас” деб рекламани ҳам босаверсангиз бўлади.
Инсайт № 3
Маҳсулотни қандай промоушн (реклама) қилиш мумкин?
Эски типда ишловчи маркетологлар телевидение рекламасига зўр беришни ёқлашади. Эмишки, телевидение энг катта аудиторияни қамраб олади. Аммо ҳозир бундай эмас.
Шунақа маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз, харидор бўлинг, деб қичқириш фойда бермайди. Маҳсулотингиз одатдагидан фарқ қилмаса, ҳар қанча қичқирманг, харидор сизни эшитишни истамайди. Унда нима қилиш керак?
Янгилик яратиш керак. Ҳеч кимда бўлмаган янгиликни. Устимдан кулишади, қабул қила олишмайди, деган ўйни бир четга йиғиштириб, бум бўладиган янгилик қилиш керак.
Хулоса. Китобнинг асосий ғояси:
Рақиблар орасида ажралиб туришни истасангиз, пушти сигир бўлинг. Рекламага эмас, балки инновацияга ресурс сарфлаш керак.
Бир-биридан фарқланмайдиган 10та маҳсулот тинимсиз реклама қилинса ҳам харидор унга диққат қаратмаслиги мумкин. Чунки реклама харидор чақиришнинг самарали усули бўлмай қолди. Аммо ўзига хос, уникал бўлган, нариги 10та товардан ажралиб турадиган маҳсулот реклама қилинмаса ҳам, харидор ўзи топиб боради.
Маркетингнинг янги қоидалари билан ўйнанг. Аввало ўзингизга эътибор қаратинг, рекламага эмас.