May 2, 2020

Apple, Microsoft ва Intel’нинг “Стратегия санъати”

Майкл Кусумано ва Девид Йоффи ҳаммуаллифлигидаги “Стратегия санъати” китоби нафақат Силикон водийси, балки бутун дунёдаги етакчи компаниялар раҳбарлари:

Стив Жобс (Apple)

Билл Гейтс (Microsoft)

Энди Гроув (Intel) нинг бошқарув стратегияси ҳақида маълумот беради.

Китоб оддий биография эмас – у ерда оддий университет талабасининг сариқ чақасиз ўз бизнесини гаржда бошлагани ҳақидаги ҳикояни учратмайсиз. Муаллифлар уч таниқли СЕОнинг иш услуби – келажакни прогнозлай олиш, рақиблар билан мулоқот, коллективни бошқариш, банкротлик хавфи пайдо бўлганда қандай иш тутишини йиллар давомида тадқиқ қилишган. Сўнгра улар қўллаган стратегиянниг энг муҳим 5 қоидасини шу китобда жамлашган.

Китоб қулай структурага эга: 5та қоида алоҳида бобларга ажратилган. Ҳар бир боб аввалида қоидалар мазмуни билан биргина гапда танишиш, қизиқтирганларини эса қуйироқда батафсил ўқиб олиш мумкин.

1-қоида

Ўз вақтида ортга қадам ташлай олишни ҳам уддалаш керак. Кейинроқ олдинга катта қадмм ташлаш учун ҳам ортга юра олиш керак.

Харидор нимани исташини, рақибнинг кейинги ҳаракатини, тараққиёт динамикасини кўра олиш учун ҳам ортга қадам ташлай олиш керак. Муҳими, қадамни ортга ўгирилиб эмас, олдинга қараган ҳолда ташлай олишдир.

2-қоида

Қоидаларни ўзгартириш учун катта ўйинларда ўйнаш керак.

Компанияни таваккал чегарасига олиб келиб қўйма.

Ўз ўрмонинг фарроши бўл – муаммоларингни ўзинг топ ва ҳал қил.

Йўқотишларни қисқартир.

3-қоида

Доналаб маҳсулот яратишдан наф йўқ, қудратли платформани ҳосил қилиш керак.

Шунчаки платформалар эмас, балки бутун бошли экотизимни ярата олиш керак.

Ўзингга керакли хомашёларнинг ҳаммасини ўзинг ишлаб чиқар. Бошқаларга боғлиқ бўлиб қолма.

Эскириб, замондан ортда қолмаслик учун янги платформаларни ярат ва ривожлантир.

4-қоида

Кўзга ташланма, диққат марказида бўлма.

Рақибингни доим ёнингда тут.

Рақибингнинг кучидан фойдаланишни ўрган.

Мағлубиятдан қўрқма.

5-қоида

Ўзингни барча камчиликларинг билан бирга англаб бор.

Деталларга бутун борлиғинг билан эътибор қарат. Аммо ҳаммасига эмас, эътиборга арзийдиганларига.

Ҳолатнинг умумий манзарасини кўздан қочирма.

Ҳокимиятни билим эгаларига бер.

Шунингдек, китобда СЕОларнинг қуйидаги саволларга берган жавобларини ҳам топа оласиз:

Компаниянгизни 5 йилдан кейин қандай тасаввур қиласиз?

Дунёни қандай кўришни истардингиз?

Келажак харидорлари нимани исташади?

Рақибларингизнинг кейинги ҳаракати қандай бўлади?

Сизнинг соҳангизда яқин келажакда кутилаётган энг катта ўзгариш нима?

Китобда Ларри Пейж (Google) , Марк Цукерберг (Facebook), Жефф Безос (Amazon), Пони Ма (Tencent) кабиларнинг стратегик бошқаруви ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.