July 2, 2020

Постамериканча дунё: у қандай бўлади?

Қуйида йирик сиёсатшунос Фарид Закариянинг "Постамерика дунёси" китобининг энг қизиқарли жойларидан жамланган саммарини ўқишингиз мумкин. Агар саммари сизни қизиқтирса, китобни тўлиқ ўқиб кўришни тавсия қиламан (шахсий тавсия). Жуда фойдали китоб.

Нима учун Шарқ Ғарбдан ортда қолди?

Хитой, Ҳиндистон, Яқин Шарқ давлатлари ғарб тамаддунидан анча аввалроқ гуллаб-яшнашни бошлаган. Ўрта асрларда бу ҳудудлар фан, санъат, архитектура, фалсафа ва тиббиёт ривожида ўша давр Европасини ортда қолдирган. Аммо 17-аср аввалига келиб, ғарбий Европа ривожланишнинг барча кўрсаткичларида етакчи бўлиб олди. Бунга сабаб нима?

Гап шундаки, аксарият Осиё давлатларида давлат бошқаруви тирания, марказлашув, халқни солиқлар билан қийнашга асосланган эди. Ҳукмдорлар ўзларига ҳашаматли саройлар қуриб олиш билан банд бўлишган, инфратузилмани яхшилаш, савдо ва фанни ривожлантириш ҳақида бош қотиришмаган. Одамлар шахсий бойишдан манфаатдор эмасди, чунки давлат барибир унинг пулини тортиб оларди.

Шарқ мамлакатларида фуқаролик жамияти суст ривожланган, кўп жиҳатдан давлатга боғлиқ бўлиб қолган. Мисол учун, Ҳиндистонда савдогарлар каста иерархиясининг қуйи бўғинига мансуб бўлган, саройнинг инжиқликлари билан ҳисоблашиб иш кўришга мажубр бўлган. Хитойда эса савдогарлар император саройига манзур келиш учунгина исталган дақиқада савдони йиғиштириб қўйиб, конфуцийликни ўрганишга берилиб кетиши мумкин эди.

Европада эса қирол ҳокимияти бу даражада марказлашган ва қудратли эмасди. Биринчидан, қироллар ҳар доим черковлар билан рақобатлашишга мажбур бўлган. Иккинчидан, ерга эгалик шакли аниқ белгилаб қўйилган ва бу қиролнинг ҳокимиятини чеклаб қўяр эди. 1215 йилдаёқ қабул қилинган эркинликлар хартияси ғарб дунёсининг ҳуқуқ ҳақидаги энг биринчи ҳужжати бўлди.

Бундан ташқари, Европа минтақасидаги тоғлар ва водийлар давлат ва шаҳарлар ўртасида табиий чегараларни ҳосил қилган эди. 1500 йилда Европада 500та давлат, мустақил шаҳар ва князлик бўлган. Ҳар бир ҳудудда ўзига хос бўлган сиёсий шакллар орасидаги ранг-баранглик сиёсатчилар ва сиёсий таълимотлар ўртасида соғлом рақобатни пайдо қилди. Натижада бир давлатда ўз йўлини топа олмаган одам бошқа давлатга бемалол ўтиб, фаровон ҳаёт қуриши мумкин эди. Шу орқали Европа бойлик тўплаш, уруш санъати, фан тараққиёти масалаларида илгарилаб кетди.

Айни шу даврда Россия ва Хитойда улкан марказлашган империялар, 100 йиллардан давомида ўрнини бошқаларга бўшатмаган сулолалар ҳукмронлик қиларди.

Иқтисодий ва ҳарбий соҳадаги тараққиёт европаликларни мустамлака ҳаракатларини олиб боришга илҳомлантирди. Улар Осиё, Африка ва Америка қитъаларига қараб йўл олишди. 20-аср аввалида европаликлар ер юзининг 85 фоизига эгалик қилишарди.

Мустамлакага айланган давлат раҳбарлари, табиийки, Ғарбнинг сиёсий ва иқтисодий назоратидан чиқиб кетишга ҳаракат қилган. Пётр биринчидан бошлаб Камол Отатурккача, Жавоҳарлал Нерудан тортиб Камол Абул Носиргача барчаси бир нарсани яхши тушунган – иқтисодий қолоқликдан ғарб ҳокимият институтлари, иш юритиш усуллари, ҳарбий тузилмаларидан намуна олиш орқалигина чиқиб кетиш мумкин.

Ғарб ва Шарқ: бирга ёки алоҳида?

Қизиқ савол: замонавийлашиш, аммо ўз навбатида, ғарблашмаслик мумкинми? Замонавийлашиш деганда айнан ғарб стандартларига мослашиш назарда тутиладими?

Дунёда Америка эмас, Япония, Ҳиндистон, Хитой сингари шарқ мамлакатлари етакчига айланса, глобал қиёфа қандай ўзгаради?

Замонавий жамият саноатлашув, урбанизация, таълим даражасининг ўсишини мақсад қилади. Ҳаётнинг барча соҳаларида ғарб одатлари ва анъаналари чуқур кириб борган – давлат бошқаруви шакллари, бизнес юритиш усуллари, байрамлар, спорт ва кўнгилхушлик шакллари. Ҳаммасининг тарихига қарасангиз, бошланғич нуқтаси ғарбга бориб тақалади.

Инсоният тарихида маданий қадриятларни экспорт қилиш бўйича энг зўр рекордчи сифатида Буюк Британияни кўрсатиш мумкин. Британ империяси бутун дунёга инглиз тилини ёйди, банк тизими, инсон ҳуқуқлари, жамоавий спорт шакллари, бошқарув шакли, парламент тизими, шахс эркинлиги тушунчасини оммалаштирди.

Дунёда «америка орзуси» феномени пайдо бўлишидан аввал ҳаммани илҳомлантирадиган ва нусха оладиган «британча ҳаёт тарзи» мавжуд эди. Кейинчалик эса...

Макдоналдс, рок-н-ролл, жинси… Булар Американинг бутун дунёга қилган муваффақиятли экспортлари. 1.5 млрд.дан зиёд дунё аҳолиси инглиз тилида гаплашади. Глобаллашув кенгайгани сари ягона стандартлар – АҚШ стандартларига тушиш зарурати ҳам ортиб боради.

Учинчи дунё давлатлари

Аввалги учинчи дунё давлатлари инсон ҳуқуқларини таъминлашга эришиш, гендер тенглигни ўрнатиш ҳаракати билан социал трансформацияни бошдан ўтказмоқда. Улар ҳам тобора Европага ва Шимолий Америкага ўхшаб бормоқда. Аммо Закариянинг қайд этишича, ғарб модели асосида модернизациялашув жараёнида маҳаллий маданият элементлари ҳам сақланиб қолиши лозим.

Ҳозирча фақатгина Япония суперзамонавий давлат бўлиш билан бирга шарққа хосликни ҳам сақлаб қолиш мумкинлигини ўз мисолида исботламоқда.

Замонавийлик нима?

Дунёдаги энг катта казино – Макао Хитойда жойлашган. Уни қуришда Венециядаги Авлиё Марк майдони архитектурасидан намуна сифатида фойдаланилган. Авлиё Марк майдони эса ўз даврида араб маданияти элементларидан фойдаланилган ҳолда бунёд этилган. Хўш, савол туғилади: казинони қандай номлаш керак – хитойча, европача, арабча? Ёки шунчаки замонавий деб қўйиш керак холосми?

Дин ва инсон ҳуқуқлари

Закария Хитой ва Ҳиндистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоси нега Америкадагидан фарқланишини қуйидагича изоҳлайди: америкаликларнинг аксарияти амал қиладиган протестантлик динида миссионерлик – ўз таълимотига бошқаларни ҳам тарғиб қилиш принципи мавжуд. Улар динлари эътироф этадиган қадриятларни оммалаштириш, кенг ёйишга ҳаракат қилишади. Аммо Ҳиндистондаги ҳиндуийлик дини ҳам, Хитойда конфуцийлик дини ҳам диний таълимотни ёйиш, бошқаларни даъват этишга чақирмайди. Балки шунинг учун ҳам Хитой ҳам, Ҳиндистон ҳам ўз ташқи сиёсатида диний қадриятларини асос қилиб олмаса керак.

Тўқликка шўхлик: табиатга зиён

Шиддатли иқтисодий ўсишнинг салбий оқибатларидан бири – табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш, атроф-муҳитга зарар етказишдир. Ичимлик суви, тоза ҳаво, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – буларнинг захираси тугаб бориши мумкин. 20-асрда дунё аҳолиси 3 бараварга, аммо у сарфлайдиган сув ҳажми 6 бараварга ошди.

Америкаликлар бир кунда ўртача 400 литр сув сарфлашади. Қашшоқ давлатларда эса кун давомида 40 литр сув топиш ҳам катта муваффақият. Аммо қашшоқ давлатлар қанчалик бойий бошласа, улар шунчалик кўп сув истеъмол қила бошлайди. Африка ва Яқин Шарқда сув ресурсларига эгалик учун зиддиятлар аллақачон кузатилмоқда. Сув манбалари тугагач, миллионлаб одамлар ўз яшаш жойларини ўзгартиришга мажбур бўлишади.

Шунингдек, электрга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Автомобил ва самолётлар сони ошган. Траспортлар сонининг ошиб бориши ёқилғига бўлган талабни оширади. Электространциялар қуришга бўлга эҳтиёжни пайдо қилади. Натижада 1997 йилда Киотода қабул қилинган протокол – иссиқхона газларини камайтириш мажбуриятни белгиловчи ҳужжатнинг аҳамияти пучга чиқиши мумкин…

Америка иқтисодиётнинг кучли ва заиф томонлари

АҚШ жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши юқорилиги кўрсаткичини 20- аср бошидан бери стабил ҳолатда сақлаб келмоқда. АҚШ иқтисодиёти мудофаа масалаларига харажатларни кўтара оляпти. Мамлакатнинг ҳарбий соҳада тадқиқотлар олиб бориш учун бошқа барча мамлакатлар сарфлайдиган харажатларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўпроқ маблағ ажратади.

АҚШда йирик корпорациялар ва университетлар ўртасида алоқа жуда яхши йўлга қўйилгани сабабли мамлакат нанотехнология, биотехнология ва бошқа инновациялар борасида етакчиликни сақлаб қолмоқда. Илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг амалиётга жорий қилиниши бўйича ҳам АҚШга ҳеч ким бас кела олмаяпти. Америка олий таълим муассасалари сифат кўрсаткичида пешқадам, улар халқаро талабаларнинг 30 фоизини ўзига жалб қилади. Хитой ва Ҳиндистонда ҳам олий таълим муассасалари кўплаб очилаётган бўлса-да, улар сифат бўйича қуйи ўринларда қолмоқда.

АҚШ исқтисодиётининг яна бир ютуғи – иммигрантларнинг тўхтовсиз оқимидир. Пул топиш илинжида ҳар қандай меҳнатни қилишга тайёр бўлган иммигрантлар иқтисодиётни тўхтовсиз айлантириб туради. Мисол учун, Силикон водийсида очиладиган фирмаларнинг нақ ярми иммигрантлар ҳисобига тўғри келади.

Аммо мамлакат иқтисодиётининг заиф томонлари ҳам бор. Жамғармалар ҳажми қисқармоқда, хорижий ўзлаштирмалар миқдори ошган, аҳоли қатламлари орасидаги мулкий тенгсизлик кучаймоқда. Америкаликларнинг 63 фоизи мамлакатдан ўрта қатлам тобора йўқолиб бораётганига ишонади.

Собиқ учинчи дунё давлатлари иқтисодий жиҳатдан шиддат билан ўсаётган бир вақтда бундай муаммолар АҚШга оғирлик қилади. Мисол учун, Нью-Йорк фонд биржаси акцияларнинг энг йирик айланмаси кечадиган майдон бўлмай қолган. Бу масалада Европа фонд биржалари АҚШни ортда қолдирмоқда.

Саноат мамлакатлари орасида АҚШ даромад солиғининг энг паст кўрсаткичига эга бўлган. Аммо ҳозир у даромад кўрсаткичи юқорилиги бўйича дунёда иккинчи ўринда. Муаммо шундаки, АҚШ солиқни кўтармади, балки бошқа давлатлар солиқни туширди. 30 йил аввал АҚШнинг бозорни назорат қилиш инструментлари жуда эгилувчан ҳисобланган бўлса, ҳозир Шарқий Европа бу борада ўзиб кетяпти.

АҚШга тавсиялар

Фарид Закария Америка яқин йилларда дунёдаги қудратли держава ролини йўқотиб қўйиши мумкинлигини башорат қилади.

Муаллиф АҚШ бу ролни йўқотмаслик учун ўз ташқи сиёсатини қуйидаги векторлар асосида ўзгартириши кераклигини таъкидлайди:

Ҳарбий кучга таянишни қисқартириш. Ислом экстремизми билан кураш учун турли ҳарбий методларни ишлаб чиқишга АҚШ 1 трлн доллар сарфлади. Аммо бир неча баравар самарали бўлиши мумкин бўлган фуқаролик дипломатиясини ривожлантиришга атиги 10 млрд доллар ажратилган.

Ўз ҳаракатлари ва ташқи сиёсатнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланишига эришиши керак.

Иккиюзламачиликни тўхтатиш. АҚШ ўз манфаатлари юзасидан иккиюзламачилик қилишни бас қилиши керак. Нега у Саудия Арабистони ёки Тайванда демократия тўлқинларининг бостирилишига бефарқ-у, лекин Шимолий Кореянинг Бирмага таъсир кўрсатишини қўллаб-қувватлаётган Хитой ва Ҳиндистонни танқид қилади? Агар унга демократия муҳим бўлса, буни барча жойда бирдек намоён қилсин.

Дунёдаги ҳар қандай конфликтга аралашавермаслик. Конфликт ҳиди чиққан ҳар қандай жойга югуриб боришдан АҚШ тийилиши керак. Мисол учун, Яқин Шарқда шиалар ва сунинйлар ўртасидаги келишмовчиликни ҳал қилишга катта ресурсларни сарфлашдан унга нима наф?

Миллий манфаатларни пеш қилиш эмас, халқаро нормаларга кўра иш тутиш. Агар АҚШ дунёда стабил тинчлик бўлиши тарафдори бўлса, ҳеч қандай истисносиз умум қабул қилинган нормалар асосида ташқи сиёсатини юритиши, ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзбошимчалик қилмаслиги керак.

Қўрқишни бас қилиш. Америка жамияти терроризм, мусулмонлар, иммигрантлар, хорижий компаниялар ва эркин савдодан қўрқиш синдромига чалинган. Дунёдаги энг кучли миллат ўзини гўё душманлар қуршовида қолиб кетгандек тутади. Натижада душманларни янчиб ташлаш, уларни дунё харитасидан ўчириб ташлаш каби агрессияни намойиш эта бошлашади. Бу агрессия АҚШнинг халқаро аренадаги образига салбий бўёқ чаплайди. АҚШ арча сиёсий шакллар ва маданиятларга тоқатлиликни намойиш эта олиши муҳим.

Kaktus каналига аъзо бўлинг