May 6, 2020

“Вавилонлик энг бой одам”. Жорж Самуэл Клейсон

Аркад ёш йигит бўлиб, қўлёзма тайёрлаш билан шуғулланарди. Ҳар куни лой тахтачаларга ёғоч таёқчалар билан ёзув туширарди. Аркад қандай қилиб бой бўлиш мумкинлиги ҳақида кўп ўйларди. Бой бўлиш унга шунчаки орзу эмас, қатъий мақсад эди. Ойлаб машаққат билан ишласа ҳам, топгани еб-ичишидан ортмасди.

Бир куни у ишлайдиган ёзмахонага бадавлат Алгамиш ташриф буюрди. Унга қисқа муддат ичида қўлёзма тайёрлаш керак эди. Аркад унинг буюртмасини айтилган муддатда тайёрлаб беришини, лекин бунинг эвазига Алгамиш бой бўлиш сирини айтиши кераклигини талаб қилади. Алгамиш рози бўлди.

Аркад туни билан ухламай, Алгамишнинг буюртмасини тайёрлаб чиқди. Эртаси куни буюртмасини қабул қилиб олган Алгамиш бой бўлиш сирини очиқлади:

– Сен келишувни бажардинг. Энди мен қандай бой бўлганимни айтаман. Бойлигим сири шундаки, мен топган маблағимнинг бир қисмини, албатта, ўзим учун қолдираман.

– Атиги шу холосми?

– Ҳа, айнан шу туфайли мен оддий чўпондан пулдор одамга айландим.

– Аммо мен топган маблағининг ҳаммаси менг тегишли-ку шундоқ ҳам?

– Шундай ҳам дейлик. Аммо ўтган ой топган маблағингдан қанчаси ўзингда қолди? Маошингдан қассобга, новвойга, тикувчига тўладинг. Пулингдан ҳаммага бериб чиқдинг. Фақат ўзингга эмас. Сен фақат кийим ва овқат учун пул топяпсан. Бу қул бўлишдек гап.

Биринчи галда ўзингга пул тўлашни ўрган. Бу топадиган маблағингнинг 10дан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак. Ҳар бир танга сенинг қулинг, у сенга хизмат қилади, ўзига ўхшаган тангаларни кўпайтириш учун хизмат қилади. Сен жамғарадиган пул доимо ишлаб туриши керак. Шу орқалигина ўз бойлигингни кўпайтиришинг мумкин.

Бойлик дарахтга ўхшайди. Маблағингдан ажратиб қўйган тангалар орқали дарахтга уруғ қадайсан. Қанчалик эрта уруғ қадасанг, дарахт шунчалик тез ўсади. У яхши ҳосилга кириш учун ўғитлашинг, суғоришинг, парвариш қилишинг керак. Ўғит ва сув ҳам жамғарилган маблағ ҳисобидан бўлади. Агар уни парваришлаш учун пулни аямасанг, дарахтинг зўр ҳосил беради.

Шундан сўнг Аркад ҳар бир маошидан 10 тангани жамғара бошлади. Қизиғи, 10 тангани харажатлардан иқтисод қилган бўлса ҳам, қийинчилик сезмади. Бир йилдан сўнг маблағини кўпайтириш учун Аркад жамғармасини тошйўнарга берди. Тошйўнар унга узоқ мамлакатдан қимматбаҳо тошлар олиб келиши, Аркад улар орқали бойиб олмоқчи эди.

Айнан шу орада Аркад яна Алгамишни учратиб қолди ва унга қилган иши ҳақида гапириб берди.

– Қанақасига? Қимматбаҳо тош олиб келиш учун пулингни тошйўнарга бердингми? Бу новвойга пул бериб кийим сўрашдек гап-ку. Сен дарахтингни илдизи билан чопиб ташлабсан. Аммо яна уриниб кўришинг мумкин. Агар қимматбаҳо тошлар билан бойимоқчи бўлсанг, тошйўнар билан эмас, бу ишга ақли етадиган заргар билан маслаҳатлаш. Масалада ҳеч нарсани тушунмайдиган одамнинг гапига кирсанг, аҳмоқлигинг учун товон тўлайсан...

Ҳаммаси Алгамиш айтгандек бўлди. Тошйўнарга қимматбаҳо тош деб, алдаб, оддий ялтироқ шишаларни беришди. Аркад пулига куйиб қолди.

Аркад яна ҳаммасини қайта бошлади. Бу гал у жамғармасини қалқон ясовчи устага берди. Уста қалқон ясаш учун керакли хомшаёни сотиб олиб, ишлаб чиқаришини кўпайтирди. Натижада ҳар ой Аркадга даромадидан фоиз тўлаб турди. Аркад ўзини муваффақиятли ҳис қила бошлади. Хурсандлигидан байрам уюштириб, ўзига қиммтабаҳо нарсалар сотиб олди.

Бу орада у яна Алгамиш билан кўришиб қолди. Аммо яна қилган иши учун танбеҳ эшитди.

– Сен байрам қилишинг билан ўз хизматкорларингни “еб қўйяпсан”-ку. Агар уларни дарров сарфлай бошласанг, улар сенга қандай қилиб хизмат қилсин? Аввал хизматкорларнинг катта армиясини ярат. Кейин байрам ҳақида ўйласанг бўлади.

Аркад унинг маслаҳатини қабул қилди. Жамғармасидан келаётган фойдани асраб қўйишни ўрганди. 5 йилдан кейин Аркад ва Алгамиш яна учрашишди. Аркад ўз бойликлари ҳақида гапириб берди.

–  Аркад, сен бой бўлишнинг учта сабоғини ўзлаштирдинг. Биринчи бўлиб, даромаднинг бир қисмини жамғаришни ўргандинг. Иккинчидан, дуч келган одамнинг тавсияга эргашиб кетмасликни, ақл соҳиблари билангина кенгаш қилишни ўргандинг. Ниҳояда эса хизматкорларингни бошқаришни – пулларингни ўзинг учун ишлашига эриша олдинг.

Шундан сўнг Алгамиш қариб қолганини, ўғиллари пул топишни эмас, фақат пул сарфлашни билгани учун бойлигини Аркадга қолдирмоқчилигини айтади. Пулни бошқаришни ўрганган Аркад Вавилондаги энг бой одамга айланди...