June 14, 2020

Прокрастинация: "кейинроқ қиламан"дан қандай қутулиш мумкин?

Дам олиш кунида уйда тозалаш ишларини олиб боришни режалаштирасиз. Якшанба тонги “бугун дам олиш куни-ку” деган баҳона билан кечроқ уйғонасиз. Уйқудан уйғониб, биринчи қиладиган иш – ижтимоий тармоқларни титкилаш. Иккиси бирга бўлган нонушта ва тушлик. Режадан ташқари сайр, кино. Натижада дам олиш куни бир нафасда ўтиб кетади, уй эса тозаланмаган.

Прокрастинация деб номланадиган бу ҳолат нафақат юмушларнинг тўпланиб бораверишига, балки руҳий тушкунлик, ўзига нисбатан ишончнинг сусайишига ҳам сабаб бўлади.

Пётр Людвиг, Адел Шикер муаллифлигидаги “Прокрастинацияни енгинг: ишларни кейинга қолдиришни қандай тўхтатиш мумкин?” (Победи прокрастинацию/The end of procrastination) китобида бу туннелдан чиқиб кетиш бўйича тавсиялар бериб ўтилган.

Инсайт № 1.

Тасаввурни ишга солинг, энг кучли мотивация шу

Энг кучли мотивация – қачондир туғилганинг ва қачондир ўлишиниг муқаррарлиги ҳақидаги ҳақиқатни доимо эсда тутишдир. Бизга берилган вақт чегараланган.

Вақтимизнинг чегараланганлиги англаш бу вақтни фойдали ишларга сарфлаш, янгилик яратиш, нимадир из қолдириб кетишга ундайди.

Умрнинг чегаралангни ҳақида тасаввур ҳаракатланишга ундовчи энг кучли магнитдир. Сиз ҳақиқатан керак деб билган ишларга вақт ажрата бошлайсиз, беҳуда юмушлардан тийиласиз. Бу устувор вазифаларни тўғри белгилаш ва уларни бажариш учун куч топишга ёрдам беради.

“Тез орада ўлишим ҳақидаги ўй керакли қарорларни тезроқ қабул қилишга ёрдам берди. Ўлим қаршисида ҳамма нарса ўз мазмунини йўқотади – атрофдагиларнинг фикри, амбиция (шуҳратпарастлик), мувафаққиятсизликдан, шарманда бўлишдан қўрқув ҳисси. Фақатгина ҳақиқатан муҳим нарсаларгина ўз қийматини қолади. Ўлимни ёдда тутиш йўқотишинг мумкин бўлган нарсалар ҳақида ўйлашга мажбурловчи ақлий тузоқдан энг самарали ҳимоядир. Сен аллақачон барчасини йўқотиб бўлгансан – ҳеч нарсанг йўқ. Ва юрагинг амрига қулоқ солишдан ҳеч нарса қайтара олмайди”.

Стив Жобс

Инсайт № 2.

Ички мувозанатни кучайтиринг

Тан олайлик: ҳаммамизга бир суткада 24 соат берилган. Дунёдаги энг бой одамларда ҳам 24 соат бор. Аммо муваффақиятли ва муваффақиятсизларни нима ажратиб туради? Жавоб оддий: ички мувозанат.

Ички мувозанатни иккига ажратиш мумкин: самарадорлик ва маҳсулдорлик.

Мисол: манзилга пиёда етиб бориш керак. Маҳсулдорлик – ушбу манзилга қанча вақтда ёки қанча қадам билан етиб бориш.

Самарадорлик эса манзилга энг қисқа вақтда ва минимум ресурсни сарфлаган ҳолда етиб боришни ифодалайди.

Шу боис ички мувозанат мақсадни амалга оширишда муҳим саналади.

Инсайт № 3.

Натижаларни кўзланг. Натижалар кейинги қадамларга руҳлантиради

Мақсад сари ҳаракатланиш учун аниқ кўзланган марра, кўзга кўринадиган натижа бўлиши керак. Натижага эришгандан кейин ҳаракатлар зое кетмагани ҳис қилинади.

Натижа ҳиссий бўлиши мумкин – ўзи билан фахрланиш ички қониқиш ҳиссини ҳосил қилади. Мисол, шанба куни вақтли уйғониб, хонани сарамжомлашни режалаштирдингиз ва буни баржардингиз ҳам. Ўзингизга берилган ваъданинг устидан чиққанингиз учун ички фахрни сеза бошлайсиз.

Натижа моддий бўлиши ҳам мумкин. Яна ўша мисол. Хонани саранжомладингиз – атроф тоза ва саришта. Бу яхши кайфият беради, уйга келгандан тўзиб турган хонадан ҳафсалангиз пир бўлмайди.

Инсайт № 4.

Объективликка интилинг, воқеликка четдан назар солишга ҳаракат қилинг.

Мақсад йўлида объективликни ҳам унутмаслик керак.

Миямиз бизни ҳар доим ҳақ эканлигимизга, тўғри йўлда эканлигимизга ишонтиради. Аммо ҳаракатларимиз аслида тўғри бўлиб чиқмаслиги ҳам мумкин. Хатоларга йўл қўяётган бўлишимиз, мақсад учун нотўғри йўлни танлаган бўлишимиздан ҳеч биримиз истисно этилмаганмиз. Шунинг учун ҳаракатларингизни вақти-вақти билан бегона нигоҳ билан, четдан таҳлил қилинг.

Британиялик файласуф ва математик олими Бертран Рассел: “Дунёнинг муаммоси шундаки – аҳмоқлар ўзларига жуда ишонишади, ақллилар эса доим ўзларига шубҳа билан қарашади”, деган эди.

Хулоса

Вақт етишмовчилигидан арз қилиш – замонавий дунёнинг одати. Аслида вақт эмас, уни тўғри тақсимлаш кўникмаси етишмайди холос. Вақт етишмвочилиги эмас, Прокрастинация бизни орқага тортади. Тўғри мотивация, ички мувозанат, натижадан лаззатлана олиш ва объективликни шакллантириш орқали бу вақт ўғриси билан курашиш мумкин.