Ҳанс Рослинг: "Ҳаққонийлик" (Factfulness)
Рослинг бу инстинктни инсониятнинг дунёни қабул қилишдаги энг катта хатоси деб баҳолайди. Бўлиниш инстинкти бизда дунё камбағаллар ва бойларга бўлинган деган адолатсизлик картинасини ҳосил қилади.
Инсон психикаси дихотимияни – ҳамма нарсани иккига бўлиб тасаввур қилишни яхши кўради: яхшилар ва ёмонлар, бойлар ва камбағаллар, ривожланганлар ва қолоқлар. Ваҳоланки, олтин ўрталик ҳам мавжуд. Бир мамлакатда жуда бойлар ва жуда қашшоқларнинг бўлиши ҳақиқат, лекин бу ўша мамлакат фақатгина шу икки тоифадан иборат дегани эмас. Ўртаҳол шароитда яшаётган, бойлик ва камбағаллик 50/50 бўлган тоифа аксариятни ташкил қилади.
Аммо муаллиф ўтказган сўровномалар бошқача натижани кўрсатади. Дунёда камбағаллик даражаси неча фоиз деган саволга аксарият, ҳатто интеллигент қатлам вакиллари ҳам 50 фоиз деб жавоб беришади. Аслида эса бу кўрсаткич – атиги 9 фоиз.
Дунёда 60-йилларда бой мамлакатлар ва қашшоқ мамлакталар контрасти жуда сезиларли даражада бўлган бўлса, иккинчи минг йилликка келиб, бу контраст тобора йўқолиб бормоқда. Аммо статистикадан қолган ҳиссиётлар таъсири ҳали йўқолмади. Яъни одамларнинг дунёдаги вазият ҳақидаги тасаввурлари ҳали ҳам 60-йилларники билан турибди. Чунки дунё манзарасини шакллантирувчи асосий платформа – оммавий ахборот воситалари шу қолипда маълумот узатмоқда.
Биз 60-йилларнинг хариталаридан фойдаланмаймиз-ку, лекин нега 60 йилларнинг статистикаси билан қотиб қоляпмиз, деб ёзади Рослинг.
2-инстинкт: негатив инстинкти – бу диққатимизни ёмонликка қаратишга мажбурлайди.
Инсон онги танқид қилишга, камчилик ахтаришга мослашган. Чунки камчиликни топиб. Уни бартараф этиш орқалигина прогрессга эришиш мумкин. Аммо умумий картинада ижобий ўзгаришлар ҳам борлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Дунёда маънавий инқироз кетяпти, охирзамон келяпти, муаммолар кўпайяпти, деган фикрлар аксариятда устувор. Ваҳоланки, ижобий ўсиш суръатлари кўпроқ. Болалар меҳнатига чек қўйилади, одамларнинг яшаш давомийлиги ошяпти, илгари аҳолининг 29 фоизи қашшоқликда яшаган бўлса, ҳозир уларнинг кўрсаткичи 9 фоиз.
Бундай мушоҳадага кўпинча ёши ката авлод сабабчи бўлади. Улар ўтган даврлар носталгияси билан яшашади. Қачондир ҳаммаси жуда яхши эди, замон қаерга қараб кетяпти, деган фикр кекса авлодда доим бўлади. Ваҳоланки, аксар ҳолларда бугун кечагидан кўра яхшироқ бўлади.
3-инстинкт: тўғри чизиқ инстинкти дунёда аҳоли сони тўхтовсиз ўсяпти, яқинда Ер куррасида жой қолмайди деган тасаввурни беради.
Аҳоли сони ошиб бораётгани рост. Аммо бу 20-30 йилдан кейин Ер юзида одам сиғмай қолади дегани эмас. Чунки одамлар туғилган сари, вафот этаётганлар ҳам борлигини унутмаслик керак. Рослинг китобида аҳоли ўсиш динамикасининг ижобий, лекни хатарли эмаслигини ажойиб тарзда тушунтирган.
4-инстинкт: қўрқув инстинкти
Ибтидоий даврда қўрқув инсонларнинг асосий ҳимоя воситаси бўлган. Айнан қўрқув мияни керакли чораларни кўришга ундайди. Аммо қўрқув миянинг аниқ таҳлил қила олиш қобилиятини хиралаштириши, ҳиссиётларга эрк бериши ҳам факт.
Дунё бизга хатарлар билан тўла макондек кўринади. Сабаб – ОАВ шундай манзарани яратади. Катастрофалар, ўлим, террор актлари, касалликлар. Лекин тарих контекстида қарайдиган бўлсак, инсоният ҳозир тарихнинг энг яхши даврида яшамоқда. Умр давомийлиги ошмоқда, прогресс бор, таълим кўрсаткичлари ошяпти. Лекин бизга фақатгина салбий воқеликларни кўрсатишади, қўрқувда ушлаб туришади. Қўрқув эса рационал мушоҳадага имкон қолдирмайди.
5-инстинкт: ҳажмлар чалғитади
Аксар ҳолларда рақамларнинг ҳажмини нейтрал ҳолда тасаввур қила олмаймиз. Юнисеф маълумотларига кўра, 2016 йилда 4,2 млн бола вафот этган. Бу даҳшатлидек туюлади. Лекин маълумотнинг бекграундига қарайдиган бўлсак, эрта вафот этган чақалоқлар сони 2015 йилда 4,4 млн, 2014 йилда 4,5 млн, 1950 йилда 14,4 млн бўлганини кўриш мумкин.
Демак, 4,2 млн қанчалик катта рақамдек кўринмасин, аввалги кўрсаткичлар билан солиштирганда кичик эканлигини кўриш мумкин. Шу боис ҳажмларни якка ҳолда эмас, балки контекстдан юлмаган ҳолда кўриш мақсадга мувофиқ.
6-инстинкт: ноўрин умумлаштиришлар
Ўзимиз кўрган ва кўниккан қоидани ҳамма жойда амал қилади, ҳамма жойда бир хил кучга эга деб ўйлаш реалликни нотўғри қабул қилишга сабаб бўлади. Рослинг буни биргина оддий мисол билан тушунтиради.
Рослинг ўз талабалари билан Ҳиндистонда тиббий амалиёт ўташ учун борганди. 3-4 нафар шифокор шифохона лифтида кўтарилаётган пайтда Рослингнинг талабаларидан бири лифтга улгуриш учун югуриб келиб, лифт эшиклари ёпилмаслиги учун оёғини қўяди. Аммо лифт барибир ёпилади ва қизнинг оёғини қисиб, юқорига судрай бошлайди.
Бу қизнинг аҳмоқлиги туфайли эмас, балки ўзи яшаган Швециядаги қоидалар Ҳиндистонда ҳам амал қилади деб ўйлагани учун содир бўлади. Чунки Швецияда лифтлар ҳаракатни сезувчи датчик билан жиҳозланган, Ҳиндистонда эса йўқ.
Биргина мамлакат, кичик ҳудуддаги ҳолат ва қонуниятлардан келиб чиққан ҳолда бутун дунёга баҳо бериш нотўғри.
7-инстинкт: тақдирга бўйсуниш ҳисси барчаси аллақачон белгилаб қўйилган деган догмани ҳосил қилади
Бирон ҳолат бўйича турғун қарашларнинг бўлиши прогрессни инкор қилади. Дейлик, дунёдаги қашшоқлик ҳақида гап кетганда кишининг кўз олдига биринчи навбатда Африка давлатлари гавдаланади. Бунинг устига, улар ҳеч қачон қашшоқликдан чиқиб кета олмайди, уларнинг маданияти, табиати, шароитлари прогресс учун имкон қолдирмайди, деб ўйлаймиз, Африкани ҳеч бўлмаганда Шарқий Европа давлатлари сингари тараққиёт босқичида кўра олмаймиз. Лекин 50-60 йил аввал ҳозирда энг ривожланганлар қаторида бўлган Скандинавия давлатлари ҳам қашшоқ эди. Лекин улар ҳозир бой-ку? Хусусан, ҳозир бой бўлган давлат ҳеч қачон қашшоқлашиб қолмайди деган тасаввур ҳам ноўрин. Гап тараққиёт ҳақида гап кетганда турғунлик сифатиин ишлатиш нотўғри. Чунки ҳамма илгарилама ҳаракат қилади – кимдир тезроқ, кимдир эса секинроқ. Аммо ҳеч ким бир жойда турмайди. Шу боис Рослинг стереотиплардан чекинишни маслаҳат беради.
8-инстинкт: ҳаммасини соддалаштиришга уриниш реалликнинг бузилишига олиб келади.
Ҳаммамиз соддаликка интиламиз, содда сабаблар мураккаб масалаларни тушунтиришини истаймиз. Чунки бунақа шароитда яшаш осонлашади. Рослинг буни инсон ҳақида унинг оёқларини кўриш билангина кифояланишга ўхшатади. Оёқларни кўрганда бу одамнинг оёқлари эканлигига ҳеч қандай шубҳа бўлмайди. Лекин бу инсон ҳақида тўлиқ тасаввур шакллантириш учун мутлақо етарли эмас.
Ҳолат ҳақида умумий тасаввурга эга бўлиш учун энг бирламчи маълумотларгагина боғланиб қолиш нотўғри. Шунингдек, битта манбанинг маълумотларига таяниш ҳам. Рослинг бир мисол келтиради. У Мозамбик бош вазири билан суҳбатлашиб қолганида вазир ўз мамлакатида сезиларли тараққиёт кузатилаётганини айтади. Рослинг очиқ статистикаларда Мозамбикнинг ялпи ички маҳсулоти юқори эмаслигини айтганда, вазир мамлакат тараққиётини таҳлил қилишда бошқа манбаларга ҳам таянишини айтади. “Мозамбикда ҳар йили анъанавий равишда ўтказиладиган умумхалқ паради бор. Унда ҳамма чиройли кийимларда қатнашади. Ўшанда одамларнинг оёқ кийими бор-йўқлигига қарайман. Ва оёқ кийими бор бўлганлар сони тобора ортмоқда”, дейди вазир.
9-инстинкт: айблаш инстинкти – бу бизни барча кўнгилсизликлар учун айбдорни топишга мажбурлайди.
Дунёда қандайдир глобал нохушлик содир бўлса, дарров бу қасидир ёмон одам/гуруҳ/мамлакатнинг қасддан қилган ҳаракати деб ўйлашади. (худди ҳозир пандемияга сабаб қилиб Хитой ёки Американи кўрсатишаётгандек). Бу табиий. Аммо ёмон томони шундаки, эҳтимолий айбдорни топгач, бошқа вариантларни кўриб чиқмаймиз ҳам ҳатто. Биринчи “номзод”га барчасини тўнкаш осонроқ. (балки ҳаммасига айбдор аслида Америка эмас, ҳеч кимнинг хайлига ҳам келмаган Англиядир?..) бу эса муаммонинг асл ечимини топишдан чалғитади.
Муаммони таҳлил қилаётганда сабабларни ва бу сабабларни яратган муҳитни таҳлил қилиш керак, золимларни эмас.
10-инстинкт: шошилиш инстинкти бизни тезкор ва аҳмоқона қарорлар қабул қилишга мажбурлайди
Хавф эҳтимоли пайдо бўлганда мия тезкор қарорлар қабул қилишга ҳаракат қилади. Аммо бу тезкорлик ҳам узоқни кўзлашга асосланган бўлиши керак. Дейлик, автомобилда ҳаракатланаётганда йўлингиздан қўққисдан пиёда чиқиб қолди. Уни уриб юбормаслик учун рулни ён томонга кескин бурасиз, аммо ён томонда катта юк машинаси келаётган бўлиши, оқибат янада аянчли бўлиши мумкин-ку? Ўша дақиқада рулни ёнга буришдан кўра, тормозни босиш ёки сигнални босиш балки яхшироқ бўлармиди?
Дунёда эпидемия, уруш, табиий офат глобал хавфлар эҳтимоли пайдо бўлганда тезкор қарорлар қабул қилиш керак бўлади. Аммо бу қарорлар учун Рослинг айтганидек ҳеч бўлмаса етарли маълумот ва минимум бўлса-да вақт берилиши керак.
Шошилинч қарор қабул қилиш ибтидоий одамлар учун қўл келган. Чунки уларда вазиятни таҳлил қилиш учун етарли имкон берадиган инструментлар мавжуд бўлмаган. Аммо шошилинчда келган биринчи қарорни шунчаки қабул қилиш аксарият ҳолларда панд беради.