May 8, 2020

21-аср Рокфеллери – Жек Ма

Дунёдаги энг йирик онлайн савдо платформаларидан бири ALIBABA ва унинг асосчиси Жек Ма ҳақида китоб – Дункан Кларк "Alibaba".

Инсайт №1 Кенг масштабдаги натижага ишонч – компания ривожининг гарови

1964 йилда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида мусиқачилар оиласида Ма Юнь исмли болакай дунёга келди. Келажакда шу болакай Жек Ма исми ва 35 млрд доллар маблағи билан Хитойнинг энг бой одамига айланади.

Жек Ма камбағалликда ўсди. Синфдошлари доим уни мазах қилишарди. Ўқиши ҳам ўлда-жўлда эди. Бошланғич таълимда имтиҳонларни уч марта йиқилиб, кейингина топширди. Ўрта таълимда эса тўрт марта муваффақиятсизликдан кейингина имтиҳонларни топшира олди.

Аммо Жек Ма қатъиятли бола эди. 12 ёшида инглиз тилини ўрганишга қарор қилади. Бунинг учун ҳар куни тонгда велосипедда 40 дақиқа йўл босиб, энг яқин меҳмонхонага келиши керак эди. Шу ерда хорижий сайёҳлар билан суҳбатлашиб, инглизчада машқ қила оларди.

Университетга кириш ҳам осон бўлмади. У ҳужжат топшираётган олийгоҳ шаҳардаги энг ёмон ўқув муассаси эди. Жек математика имтиҳонларида олиши керак бўлган 120 баллдан атиги 1 баллни қўлга кирита олди. Уч марта имтиҳондан йиқилгач, инглиз тили педагогикаси йўналишига ўқишга кира олди.

Университетни битиргач, ойига 12 доллар маош билан инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишга криди. Уйланди. Маоши ҳеч нарсага етмагани боис анча вақт бошқа иш қидириб юрди.

Ишга олиш суҳбатларининг барчасида бир хил жақоб оларди – ЙЎҚ. Ҳатто KFC тез овқатланиш тармоғига янги ишчи олиш учун берилган эълон бўйича келган 25 кишидан 24 кишини танлаб олишди, фақатгина Жек ишсиз қолди.

Аммо Жек ўзини ва оиласини таъминлаш учун иш қидиришда давом этди. Таржималар бюросини очди. Бу бизнесни ўзидаги инглиз тилини билиш кўникмасига асосланган ҳолда очган эди.

Бироз муддатдан сўнг Жек АҚШга боришга муваффақ бўлди. Айнан шу ерда ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа старт олди. У Хитойда ишлаб чиқарилган товарлар бошқа мамлакатлардаги худди шунақа товарларга қарагнда сезиларли даражада арзонлигига гувоҳ бўлди.

Шундан сўнг Жек хитойлик ишлаб чиқарувчиларга дунё бозорига чиқиш, бутун дунёдаги потенциал харидорлар билан алоқа ўрнатиш имконини берувчи онлайн савдо платформасини яратишга қарор қилди. Бу хитойлик тадбиркорларни қиммат ер солиғи ва ижара харажатларидан ҳам озод этарди.

Ғоясини Кремний водийсига тақдим қилган Жек рад жавобини олди.

Хитойга қайтгач, 23 нафар яқин дўстларини жамлаб, ғоясини айтиб берди. 23 кишидан 17 нафари уни қўллаб-қувватлади. Ва биргаликда пул ташлаб, 60 минг доллар бошланғич маблағ билан иш бошлашди.

Шу тарзда дунёдаги энг йиирк виртуал савдо тармоғи ўз ишини бошлади. Жек минглаб хитойлик тадбиркорларга миллионлаб харидорларни жамлаган тайёр платформада ўз маҳсулотини бепул таклиф қилиш имкониятини яратган эди. Маҳсулотини реклама қилишни истаган тадбиркорларгина пул тўлашади.

Ўзгаришлар, ҳатто энг оғир вазиятларда ҳам тез қарор қабул қила олиш ALIBABA’га тирик қолиш ва ривожланишга ёрдам берди.

2002 йилда Хитойда SARS вируси эпидемияси хуруж қилди. Эпидемияда 800 киши вафот этди, 8 мингдан зиёд киши касалланди. Аммо шу вазиятда ҳам ALIBABA харидорларга қулайлик яратди. Вирус туфайли уйдан чиқишга қўрқиб қолган одамлар харидларни онлайн буюртма қилишлари ва ўз уйларида қабул қилиб олишлари мумкин эди. Вазиятга тез мослашувчанлик туфайли ALIBABA 10 йил ичида йирик корпорацияга – ALIBABA Group’га айланди. Унинг таркибига Alibaba.com, Alibaba Pictures, AliExpress.com, Taobao.com, Tmall.com, Alipay киради. Бир йилда 400 млн киши ALIBABA сайтларидан харидни амалга оширади. Жек Ма эса 21 аср Рокфеллерига айланди.

Айнан Жек Ма туфайли Хитойда бизнес юритиш тизими анча қулайлашди.

Инсайт №2 Корпоратив маданиятни шакллантиринг, ходимларингиз билан дўстлашинг

ALIBABA ходимларининг қийин вазиятларни енгиб ўтишга бўлган кучли мотивацияси компания ривожида муҳим рол ўйнаган. Жек Ма ўз компанияси персонали учун муваффақиятни таъминловчи 6 принципни ишлаб чиққан:

Жамоавий иш – компания корпоратив маданиятининг муҳим қисми. Ҳамкасблар бир-бирлари билан яқиндан танишиши, мослшаши, бирга ишлашдан завқ олиши учун уларга норасмий тадбирлар, кечалар уюштиринг. Мисол учун, ALIBABA ходимлари доимий равишда жамоавий ўйинлар ўйнашади, ишдан кейинги соатларда бирга қўшиқ айтишади, рақсга тушишади. Меҳнат таътилида саёҳатга чиқишади.

Ўзгаришларга тайёрлик. ALIBABA’да ходимлар ўз ишини аъло даражада бажараётган бўлса ҳам, тез-тез бошқа лавозимга, вазифага ўтказилади. Бунда ходим янгиликка тез мослашувчан бўлади, қийинчиликлардан қўрқмайди, бир хилликдан зерикмайди.

Ҳалоллик. Бир ходим бтта лавозида ўрнашиб олиши, ўз йўналишида таниш-билишчилик, коррупцияга йўл қўймаслиги учун ҳам тез-тез вазифаси алмаштирилади.

Иштиёқ. Ўз ишини яхши кўрган, натижага иштиёқманд бўлган ходимгина яхши меҳнат қилади, янгилик учун ёниб туради. Ишга меҳрини беради.

Масъулият. Ҳар бир ходим компания учун ўзининг керакли эканлигини ҳис қилади. Шу орқали компания ривожига шахсий улушини қўшиши зарурлигини онгли равишда англайди.

Мана шу олти принцип компния ривожининг пойдевори ҳисобланади.

Хулоса. Китобнинг асосий ғояси

  • Жек Ма – иқтидор ва меҳнатсеварлик орқали имконсиз кўринган натижаларни ҳам қўлга киритиш мумкинлигига тирик мисол.
  • Мижоз истагини қондира олиш, ўзгаришларга мослаша олиш компанияга рақобатда ғалабани таъминлайди.
  • Ҳар бир ходимнинг иш самарадорлиги корпоратив кайфият ва компанияда йўлга қўйилган иш бошқарувига бевосита боғлиқ.
Пул ҳар доим етарли. Бизга ўз орзуси учун ўлишга ҳам тайёр бўлган иштиёқманд одамлар етишмайди холос. (Жек Ма)