May 18, 2020

"Феррарисини сотган руҳоний". Робин Шарма

Питерни оиласи ҳам, дўстлари ҳам яхши кўришар, унинг ҳамма нарсаси бор эди. Аммо у ҳар доим ниманидир кутиб, ниманингдир орзусида яшарди. Дарс пайтида ёзги таътил ҳақида, ёзги таътил вақтида эса Янги йил байрами ҳақида ўйларди. У доим орузлар билан яшарди, айни дамда ва айни жойда мавжуд бўлмас, ҳозирги лаҳзани ҳис қилмасди.

Кунларнинг бирида Питер тонг саҳарда ўрмонда сайр қилиб юрганди. Атроф сокин ва илиқ. Бирпас тин олиш мақсадида майсаларга чўзилиб, мудраб қолди. Кимнингдир қатъий овозидан уйғониб кетди: “Питер! Питер!”

Питер кўзларини очиб, узун сочлари оппоқ бўлган кекса аёлни кўрди. У Питернинг устида энгашиб турарди. Қария қўлларида узун тилла ипли шар тутиб турарди. Қария болага қарата деди:

–  Питер, сенга совғам бор. Бу шар ва тилла ип сенга. Тилла ип ҳаётинг риштаси. Уни сал тортсанг, соатлар бир неча сонияда ўтиб кетади. Қаттиқроқ тортсанг кунлар дақиқалардек ўтади. Бор кучинг билан тортсангиз, йиллар бир неча кунда ўтиб кетади.

“Наҳотки мен энди ўзимга қизиқ бўлмаган соатларни осонгина ўтказиб юборсам? Наҳотки энди мен интиқ бўлиб кутадиган лаҳзалар жуда ҳам тез келса”, дея Питер бу совғадан жуда хурсанд бўлди.

Кейинги кун. Питер синфда дарсда ўтирарди. Дарс жуда зерикарли бўлиб, у деворда осиғлиқ соатдан кўзини узмасди. Дарс зерикарли бўлгани сари вақтнинг ўтиши ҳам қийинлашарди. Бирданига Питер ўз совғаси ҳақида эслаб қолди. Ипни озгина тортган эди ўз уйида, боғда пайдо бўлиб қолди.

Шу пайт Питернинг тезроқ мактабни батамом тугатгиси, улғайгиси келиб қолди. Янги туйғулар, эркинлик, қизлар билан учрашиш... Питер ипни сал қаттиқроқ тортганди 18 ёшли йигитчага айланиб қолди. Олдида Элиза исмли гўзал жонон турарди. “Қанчалар ҳурлиқо”, дея хаёлидан ўтказди Питер.

Питер бу жараёнга жуда ҳам қизиқиб қолди, кейинчалик нима бўлишини билиш истаги тинч қўймасди. Тезроқ катта одамлардек яшашни истарди. Ипни яна тортганида ўзини болалари қуршовида ўтирган ўрта ёшли эркак ҳолида кўрди. Элиза энди унинг рафиқаси, фарзандларининг онаси эди.

Питер кўзгу олдига яқинлашиб, ўзига разм соларкан, сочлари орасида оқ толаларга кўзи тушди. Питерга бу реаллик ёқмади ва яна ипни тортиб юборди.

Лаҳза ҳам ўтмасданоқ унинг танаси 90 ёшли қарияникига айланиб қолди. Элиза бир неча йил аввал вафот этган, болалар ўз уйларида мустақил ҳаёт кечиришарди. Питер тамомила ёлғизланиб қолган, умри интиҳосига етиб борарди. У ўйланиб қолди.

“Мен ҳеч қачон болаларим билан балиқ овига чиқа олмадим. Элиза-чи? У билан ой ёруғида сайр қилмадик. Ойим яхши кўрган китобларни ўқиб кўрмадим. Уй қурмадим, боғ яратмадим. Аммо энди жуда кеч. Ҳеч нарса қилмасдан, ҳеч нарсадан роҳатланмасдан ҳаётдан ўтиб кетяпман. Ҳаётимнинг барча ажойиб лаҳзаларини ўтказиб юбордим...”

Тушкунликка тушган Питер болалигидаги ўша ўрмон томон йўл солди. Ўрмон ўзгариб кетганди – нозик ниҳолларнинг ўрнини азим дарахтлар эгаллаганди. Майсага оҳиста чўзилиб, кўзларини юмди. “Питер!” деган таниш овоздан сесканиб уйғониб кетди. Қаршисида яна ўша узун сочлари оқарган қария аёл турарди.

–  Хўш, Питер, сенга совғам ёқдими?

–  Аввалига мен жуда бахтиёр эдим. Ниманидир кутишимнинг ҳожати йўқ эди. Аммо умрим кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Тўғри, унда қайғули дамлар кўп эди. Аммо ажойиб лаҳзалар ҳам талайгина эди. Ҳеч нарсани англашга улгурмадим. Ҳаётим бўм-бўш. У менсиз ўтиб кетди...

–   Бунчалар ношукр бўлмасанг?! Майли, мен сенга яна битта совға беришим мумкин. Истаган нарсангни сўра.

–  Мен яна мактаб ўқувчиси бўлишни ва ҳаётимни ҳар бир лаҳзаси билан яшаб ўтишни истайман, деди Питер ва кўзлари юмилиб, ухлаб қолди.

Чуқур уйқуга кетган Питер яна ўзининг исмини чақиришаётганини эшитиб, уйғониб кетди. Бу гал уни онаси чақирар, тезроқ туриб, мактабга отланишга ундарди.

Шодлиги ичига сиғмаган мактаб ўқувчиси Питер бундан сўнг ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини ҳис қилиб яшашни ўрганди.

Кактус канали материали

https://t.me/joinchat/AAAAAFEP0mLW1o8nGMIk6w