Тушда кечган умрлар
Ўткир Ҳошимов
ТУШДА КЕЧГАН УМРЛАР
(роман)
Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти
Тошкент - 2002
Ватаним Истиқлолга эришмаса, бу асар дунё юзини кўрмас эди...
Муаллиф
РУСТАМНИНГ ОХИРГИ КУНДАЛИГИДАН
Куз ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди. Оёқ остида касалманд хазонлар инграйди... Эрта
баҳордан бўтана бўлиб, шоша-пиша, қирғоғига сиғмай оққан ариқлар тиниқлашади. Шунча
уринишлари зое кетганини тушуниб, оламга маъюс боқади... Энди сув тубида шодон чайқалган
майсалар эмас, хазон кўмилиб ётади... Еру кўкни кафандек оппоқ туман чулғайди. Оқзулмат
орасидан қарғаларнинг хосиятсиз фиғони эшитилади.
...Эрта-индин осмонга мотам либосини кийган булутлар чиқади. Ер устида узоқ чарх уради-
да, аччиқ-аччиқ кўз ёши тўкади. Сим-сим ёмғир ёғади: тўрт кунлик умрида дунёга сиғмаган,
охир-оқибат жон таслим этган табиатга аза очиб, унсиз йиғлайди...
Мен неча ёшга чиқдим ўзи? Йигирма иккига?! Йўғ-э, ахир мен етмиш иккидаман-ку! Балки
саксон иккидадир? Нима фарқи бор?! «Донолар ҳаётни кузатурлар жим...»
ҚУРБОНОЙ ХОЛАНИНГ ҲАР КУНГИ ТАШВИШЛАРИ
Биқини ачишиб уйғонди. «Худойим, ўзингнинг раҳминг келсин», — деди пичирлаб. Эски
дарди яна қўзғади шекилли. Тўрт йилдирки, аҳвол шу. Сал оғирроқ иш қилса, ёқмасроқ овқат
еса, тамом: ўнг кўкрагининг таги симиллаб оғрийди.
Бодрингдек бир нарса биқинига ботиб, тўсатдан санчиқ киради. Охири оғзи тахирланиб,
кўнгли беҳузур бўлади. Қайт қилади.
Умида уч-тўрт марта қўлидан судрагудек бўлиб дўхтир-хонага олиб чиқди. Дўхтир хотин:
«Меъдангиз айниган, хола, гастрит бўлгансиз», деб қўя қолди. Баннисага ётқизишга ордер керак
экан. Ордер йўқ эмиш... Ёзда касали зўриқиб кетди. Шунақанги азоб бердики, худоё тавба,
бундан кўра ўнта туққан афзал. Умида у ёққа югуриб, бу ёққа югуриб ордер топди. Ўн олтинчи
баннисага, олти кишили палатага жойлаштирди.
Дўхтирлар ҳам ўлмасин! Хўп антиқа асбоблар ўйлаб чиқарибдими, барака топгурлар!
Чалқанча ётқизиб қўйди-да, қорнига мой суриб, қўлидаги асбобини у ёққа юргизди, бу ёққа
юргизди. Икки кўзи телевизорда. «Ошқозонингизда касал йўқ хола, — деди ниҳоят —
Ўтқопчангизда тош бор. Ғиж-ғиж тош». Худойимдан ўргилай! Бандасига атаган дардиям кўп
экан-да! Тош қаёқдан келади? Атайлаб тош емагандир, ахир! «Операция қилиш керак, хола —
деди дўхтир — Бошқа иложи йўқ». Апарайса қилармиш! Айтишга осон. Аслида-ку, ҳар кимнинг жони Худонинг омонати.
Эртами-кечми олади омонатини. Боринг ана тиғнинг тагидан омон-эсон қутулиб чиқди ҳам...
Бир йилгача яримжон бўлиб юрадими? Кўчани ким супуради? Бир эмас, иккита тўрт қаватли
«дўм»нинг зинасини ким ювади? Тағин нима дейди, денг? «Сизга энгашиш мумкин эмас, хола.
Ишингизни ўзгартиринг», эмиш. Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи биларкан-да.
Қурбоной хола бўйнидан ачом қилиб ётган неварасини уйғотиб юбормаслик учун секин
қаддини ростлади. Уй ичи шам ҳидига тўлган эди. Кеча чироқ ўчиб қолгани, янги қўшни —
Шаҳнозадан шам олиб чиққани эсига тушди. Нимқоронғида пайпаслаб, боланинг бутига қўл
юборди: қуп-қуруқ. Мана, сийиб қўймабди-ку! Шу... Умидаям хў-ўп тепса-табранмас чиқди-да.
Кап-катта бола ҳар куни сийиб қўяди, деб нолигандан кўра ётар чоғи қовуғини жиндай ёғлаб
қўйса-ку, олам гулистон!
Нариги девор тагидаги каравот ғирчиллади. Қизчасини қучоқлаб ётган Умида овоз берди:
— Чой қўйиб кетинг, ойи! — Шундай деди-ю, бошига кўрпа тортди.
Қурбоной хола индамай ошхонага чиқди. Ўлсин! Чироқ ҳалиям келмабди. Ваннахонага ўтиб
шошилмай таҳорат олди. Газга чой қўйиб, уйга қайтиб кирди. Бомдодни ўқиди. Ўтганларга
Аллоҳнинг раҳматини, қолганларга имон тилади. Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан
асрашни сўраб, юзига фотиҳа тортди.
Қоронғи ошхонада бир бурда нон кавшаб, чой ичган бўлди. Йўлакдаги илгакда осиғлиқ
турган пахтали чопонини кийиб, бошига пахмоқ рўмол ўради. Биқини тағин ачишиб оғриди.
Бирпас иккиланиб турди-да, чопонини ечди. Тағин уйга кирди. Тимирскиланиб сандиқ очди.
Қитир-қитирдан Умида қайта уйғониб кетди шекилли, норози тўнғиллади:
— Ҳеч тинчимас экансиз-да!
— Болаларни вақтида олиб бормасанг, боғча опаси киргизмийди, — деди Қурбоной хола
ўзини оқлаган оҳангда.
Сандиқнинг бир бурчидан эски шарф топди. Тўркўйлаги устидан кўкрагига танғиди.
Йўлакка чиқиб тағин чопонини кийди. Рўмол ўради. Ваннахонада турган пақирни тарақлатиб
юбормаслик учун ҳалқасидан оҳиста кўтарди. Бандига узун таёқ тиқилган супургини қўлтиққа
қистириб, қоронғи зиналардан пастга тушди.
Ойнаси синган ташқари эшикни очиши билан юзига муздек ҳаво урилди. Қор ёғяпти
шекилли! Йўқ, туман тушибди. Қуюқ туман. Еру осмон оқиш, хира пардага ўраб ташлангандек.
Қизиқ, ҳамма нарса телба-тескари кўринади. Ўн қадам наридаги бақатеракдан кўра икки
четидаги симёғочларда чироқлар ёниб турган кўча яқинроқ туюлади. Кўчадан ўтаётган сийрак
машиналар нур елпиғичи билан туманни ёриб имиллайди. Қурбоной хола бир қўлида пақир,
қўлтиғида супурги билан уйни айланиб ўтаётганида «дўм» чеккасидаги бақатерак тагида шарпа
кўрингандек бўлди. Тўхтаб, ўша томонга қараган эди, шарпа терак орқасидан силжиб ажралди-
да, шатир-шутур хазон босиб, туманлик қўйнига сингиб кетди. Қурбоной хола шарпа бошига
ёш болаларникига ўхшаган чўққисимон телпак кийганини ғира-шира илғади-ю, йўлида давом
этди. Аввал магазин томондаги йўлкани супуриш керак. Жеқдаги хўжайин қаттиқ тайинлаган:
«Бу - катта гастроном, хола, ҳар хил одам келади, тағин битта-яримта катталар бу «дўм» кимга
қарашли, деса, бизга гап тегиб қолмасин, тушундингизми?»
Тушунади. Нега тушунмасин!
Пастак нон дўконининг деразасида чироқ бор. Қизғиш нур тушиб турибди. Аммо нон
машинаси кўринмайди. Бундан чиқди ҳали соат етти бўлмабди. Дўкон ёнбошида дарвоза. У ёғи
гастроном. Унинг ҳам деразаларида чироқ ёниқ. Лекин гастроном соат саккизда очилади.
Эшиги тепасидаги қизил чироқ кулга тушган чўғдек хира йилтирайди.
Қурбоной хола пақирини бақатерак тагига қўйди-да, «бисмилло», деб йўлкани супуришга
тушди. Худойлигини айтганда, иши оғирмас. Аввал иккита «дўм»нинг атрофини супуриб
чиқади. Кейин зиналарни ювади. Пешингача ишини битириб келади-да, уйидаги юмушларга қарайди. Овқат қилади. Невараларининг кийимини чаяди.
Биринчи кунлари аввал зиналарни ювиб, кейин кўча супураётган эди. Бўлмади:
«дўм»дагилар жекка шикоятёзишибди. «Эрталабдан тарақ-туруқ қилиб уйқумизни бузади»,
дейишибди. Қурбоной хола қўшниларни безовта қилмасликка сўз берди. Ишни супуришдан
бошлайдиган бўлди. Нима қипти: хаёл суре-еб супураверади. Супурги «шиғғ-шиғғ» қилади. Бир
йўлкани бошидан охиригача супуриб бўлгач, ахлатни тўдалайди. Шунақа-ку, манави бақатерак
дегани ўлгур ёмон. Баҳорда гуллайдими, нима бало, ҳаммаёқни попилтириқ босиб кетади.
Осмондан қордек ёғади-я, қирғин келгур! Сув сепсанг, ерга ёпишиб қолади. Сепмасанг, супурги
уришинг билан тўзғаб, бетингга сапчийди... Кузда ундан баттар. Хазонни тўдалаб ёқсанг, балога
қоласан. Ҳавони заҳарлаяпсан, дейди. Ахлат машина олмайди... Ким ўйлаб топганийкин бу
бақатерак жониворни!..
Бир замонлар Қатортол қандоқ жойлар эди! Ўрикзорлар, узумзорлар, нокзорлар... Ҳар
нашватилар бўлардики, шираси чак-чак томиб ётарди...
Қурбоной хола енгил қадам товушини эшитиб, супуришдан тўхтади. Ортига бурилиб
қаради. Эгнига «олимпийка», бошига чўққисимон тўқима қалпоқча кийган икки киши шитоб
билан югуриб, ёнидан шарпадек ўтиб кетди. Аввал ихчамроғи, кетидан қорин қўйган, ҳансираб
нафас олаёт-гани... Қурбоной хола икковиниям танийди. Қорин қўйгани – праписир. Униси –
ўғли. Эслади: ҳали дарахт панасида турган одам шу йигит бўлиши керак... Ота-бола қишин-ёзин
канда қилмай, ҳар куни эрталаб югуришади. Кўчанинг нариги бетидаги катта дарвозали участка
праписирники. Праписир отасига йил оши берганда Қурбоной хола бориб хизмат қилган... Ота-
бола ҳар сафар унинг ёнидан югуриб ўтишади. Саломлашмайдиям, гаплашмайдиям... Майли,
ҳар бандаи мўмин ўзидан тинсин...
Яна шиғиллатиб супуришга тушди. Биқинида оғриқ кучайганига парво қилмади. Бибиблаб
нон машина келди. Ичкаридан дўкончи чиқди. Машинанинг орқа кажавасини очишди. Туман
тарқамади-ю, кун бир қадар ёришгандек бўлди. Бир маҳал орқа томондан йўғон овоз келди:
— Супуряпсанми?
Қурбоной хола овоз эгасини таниди: Комиссар. «Ўйнаяпман!» - деб ўйлади энсаси қотиб.
Ҳар куни «супуряпсанми», деб сўрайди. Ишдан тўхтаб, бурилиб қаради. Салом берди.
Комиссар беш-олти қадам нарида турар, бошида қора шляпа, эгнида қора плаш, қўлида сут
бидон бор эди.
— Невараларинг омонми? — деди Комиссар ёшига ярашмаган ўктам товушда.
— Худога шукр, юришибди. Юмалаб-сумалаб.
— Ўзинг аҳмоқсан! — деди Комиссар зарда билан — Неча марта айтдим: куёвингни судга
бер! Моягини бир бураса, қизингга дом олиб беради. Ё участкасининг ярмини кесиб беради.
«Бир камим қизимнинг кундош билан бир ҳовлида туриши қолувди, болаларини ўкситиб», —
деб ўйлади Қурбоной хола дили оғриб.
— Майли, – деди секин – Худога солдим. Комиссар кулди. Кулиши ғалати. Худди одамни
майна қилгандек «хэх-хэх-хэх», дейди.
— Худонинг сендан бошқа иши йўқ! Фалончи бандамнинг арзи ҳолини эшитаман, деб кўзи
учиб турибди. «Э-э! Тезроқ даф бўлсанг-чи! Сен билан гаплашиб юракни қон қилгандан кўра...»
Қурбоной хола атай гапни бошқа ёққа бурди:
— Сутга кетяпсизми?
— Бориб келдим. Бугун сут келмас экан. Дўкон кеча байрамда ишлагани учун бугун одих
қипти.
Қурбоной хола супургисини чангаллаб, ишни давом эттирмоқчи эди, Комиссар маъноли
йўталиб қўйди. Чамаси яна гаплашгиси бор эди.
— Эрталаб каша пишириб емасам, меъдам оғрийди.
— Кексалик-да! – деди Қурбоной хола. — Мени қари деяпсанми, хэх! – Қурбоной хола жавоб бермади. Шахт билан супуришни
давом эттираётган эди, қулоғига яна Комиссарнинг овози кирди:
— Анави ким? Қурбоной хола Комиссар қўлини бигиз қилиб кўрсатган томонга қаради. Уй
ертўласининг зинасида бир одам ғужанак бўлиб ётарди.
— Қаёқдан билай? – деди Қурбоной хола бепарволик билан – Анави ёқдан келганлардан
биттасидир-да. Биласиз-ку, қиш келса қаланғи-қасанғилар кўпаяди. Кеча байрам қилиб бўкиб
ичган бўлса...
— Йўқ, унақага ўхшамайди. – Комиссар шахдам қадамлар билан ўша томон юрди. – Ётиши
бежо-ку!
Курбоной холанинг кўнглига мубҳам хавотир тушди. Супургисини судраб Комиссарга
эргашди.
— Ҳой, кимсан? – Комиссар энгашиб, елкасига туртган эди, гавда қимирламади. Қурбоной
хола яқин бориб гавда устига эгилди-ю, даҳшат ичида ўзини орқага ташлади.
— Вой! Вой ўлмасам! – деди оёқ-қўлидан мадор кетиб. Рустамжон-ку! Куёв-ку! Кечагина
ўйнаб-кулиб ўтирувди-я!
Рустам ертўланинг семон зинаси устида ғайритабиий ёнбошлаб ётар, бошидан оққан қон
ҳалқоб бўлиб қолган, ички кийимда, бир оёғида латта шиппак, иккинчи шиппаги пастки зинада
тўнкарилиб ётар эди. Ўнг қўли тагида қолган, негадир мушт бўлиб тугилган чап қўли зинага
осилиб турар, гўё ўша ердан бир нарса олмоқчи бўлгану, шу алпозда қотиб қолганга ўхшарди.
Комиссар сут бидонини ерга қўйиб чўккалади. Елкасидан тортиб секин ағдарган эди,
Рустамнинг оғзидан қон сизиб чиқиб, бўйнига оқди. Шунда, Қурбоной хола унинг билаги ҳам
тилиниб кетганини, тирсагидан каф-тининг орқасигача қора қонга беланганини кўрди.
— Войдод! Ким бор! – деб жонҳолатда дод сола бошлади. – Ёрдам беринглар! Хотинини
чақиринглар! Шаҳнозани чақиринглар!
Бир зумда одам тўпланди.
— Қаранглар, дераза синибди! - деди кимдир ҳаяжонли қичқириб.
Қурбоной хола аланг-жаланг бўлиб тепага қаради. Тўртинчи қаватдаги деразанинг бир
тавақаси очиқ турар, ерда, Рустамдан нарироқда катта-кичик ойна парчалари сочилиб ётарди.
— Дўхтир чақирсаларинг-чи! – деди Қурбоной хола изиллаб. – Хотини қаёқда, хотини!
— Шунақа бўлишини билардим, – деди кимдир беписанд оҳангда.
Қурбоной хола бу совуқ гап кимдан чиққанини англамай аланглаган эди, праписир ўғлининг
елкасига мушт туширди.
— Ўчир овозингни, аҳмоқ!
Ота-бола ҳамон ўша кийимда эди: бошида чўққисимон қалпоқ, эгнида олимпийка.
— Дўхтир қани, дўхтир? – деди Қурбоной хола илтижо билан. – Инсофларинг борми,
чақиринглар ахир!
Комиссар Рустамнинг билагини ушлаб, томирини текширди.
— Докторнинг кераги йўқ, – деди совуққонлик билан. – Милицияга қўнғироқ қилиш керак.
ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН
Шоматова Шаҳноза. Йигирма бир ёшда. Олийгоҳнинг тўртинчи курс
талабаси. Миллати — ўзбек. Турмуш курган. Аввал судланмаган. Қатортол
мавзеси, 9-уй, 23-хонадонда истиқомат қилади.
— Сиз марҳум Шоматов Рустамнинг хотини эканлигингизни тасдиқлайсизми?
— Ҳа.
— Тўйинглар қачон бўлган?
— Шу йили ёзда.
— Аниқроғи?
— Саккизинчи август куни.
— Ҳозир турган уйларингга қачон кўчиб келгансизлар?
— Сентябрнинг охирида.
— Унгача қаерда тургансизлар?
— Қайнонамникида. Пскентда.
— Ҳовлинглар каттамиди?
— Нима десам экан... Эл қатори ҳовли...
— Гражданка Шоматова, айтинг-чи, нима учун Пскентдаги ҳовлида турмай, Тошкентга
кўчиб келдингизлар? Қайнонангиз билан орангиз бузилдими?
— Ойимлар билан аҳил эдик.
— Овсинингиз билан-чи?
— У киши билан ҳам.
— Бўлмаса нега...
— Ҳар куни олтмиш чақиримга қатнашимиз керакмиди?
— Бир нарсага келишиб олсак, гражданка Шоматова... Саволни мен бераман! Олтмиш
чақиримга қатнаш оғирлик қилган бўлса, нега талабалар ётоғидан жой олмадинглар?
— Рустам акам хоҳламадилар. Алоҳида уй олиш учун ҳаракат қилдилар.
— Шоматов бир вақтлар судда ишлаганидан хабарингиз борми?..
— Айтгандек бўлувдилар.
— Ишдан нега кетган экан?
— Аниғини билмайман.
— Сиз тўртинчи қурсда ўқийсиз. Эрингиз иккинчи курсда бўлган...
— Агар Афғонистонга олиб бориб, урушга солишмаса, Рустам акам ҳам тўртинчи курсда
бўлардилар.
— Тушунарли... Эрингиз Афғонистонда хизмат қилган, байналмилал жангчи сифатида ўзига
берилган имтиёзлардан фойдаланган... Навбатсиз уй олган...
— Рустам акам у ёққа борганларини дастак қилганларидан менинг хабарим йўқ.
— Бўлиши мумкин... Айтинг-чи, эрингизнинг асаби жойидамиди? Контузия бўлган,
яраланган экан... Йиғлашнинг ҳожати йўқ.
— Жаҳллари ёмон эди... Аммо «у ёқ»даги гапларни ҳеч гапирмасдилар! Ярадор
бўлганлариниям тасодифан билганман. Белларига ўқ теккан экан. «Ойимга айтма, шунчаки,
дайди ўқ ялаб ўтди», деганлар.
— Йиғламанг... Марҳум эрингиз билан кўпдан танишмидингиз?
— Биринчи курсдан бери...
«СОВУҚНИ ЁМОН КЎРАРДИЛАР»
Шаҳноза мелисахонанинг файзсиз йўлакларидан ўтиб бораркан, ҳеч кимни кўрмас, ҳеч
нимани эшитмас эди. Гувоҳ сифатида «повуска» олганидан бери аяси нуқул қулоғига қуяди:
«Гапингни билиб гапир, жон болам, тағин сениям оёғингдан тортиб юрмасин!» Дадаси
хавотирда. Кеча «начальник»ка қўнғироқ қилмоқчи эди, аяси бобиллаб берди: «Нима қиласиз
подадан олдин чанг кўтариб! Мелиса «гуноҳи бўйнида эканки, типирчилаб қопти», демайдими!
Нима, Шаҳноза эрини бўғиб ўлдирибдими?!»
Шаҳноза зиналардан тушиб бораркан, вужудида аллақандай лоқайдлик, карахтлик сезди.
Дунёларингга ўт тушиб кетмайдими Рустам ака бўлмаганидан кейин! Эшик олдида турган
мелисага рухсат қоғозини топшириб, ташқарига чиқди-ю, бир лаҳза туриб қолди.
Қор ёғяпти. Биринчи қор... Эрталабдан бери эзиб ёққан ёмғир охири қорга айланибди. Еру
кўкни кафанга ўраб ташлашга қасд қилгандек, шунақанги шиддат билан ёғяптики, кўча
четидаги дарахтлар табиатнинг муқаррар ҳукми олдида ночор таъзим бажо қилгандек энкайиб
қолибди. Юпун кийинган одамлар сирпана-сирпана жонсарак югургилайди. Машиналар
ғилдираги остидан лой аралаш қор сачрайди... Рустам акаси қорни ёмон кўрарди. Девдек
гавдали, Алпо-мишдек бақувват одам совуқ тушар-тушмас бўйнига шарф ўраб олар, Шаҳноза:
«Вой-бў, қорбобо бўп кетинг-э!» — деса, «Ҳайронман, Шаҳноз, шу қор деган нарса ёғмаса
кимнинг кўнгли қоларкин?» — деб гапни ҳазилга бурарди. «Мозори устини бир қарич қор
босгандир? Қандоқ ётганийкин Рустам акам? Бечора Рустам акам! Нега кетдим? Нега кетдим
ўша куни!» Шаҳноза тойғона-тойғона шошқин юриб кетди. Унсиз йиғлаб борар, оёғидан зах
ўтиб кетганини, муздек қамчиси билан аёвсиз савалаётган қор орасидан лабларига шўртанг кўз
ёши сизиб кираётганини ҳис этиб турар, бироқ ҳеч нимани ўйлагиси келмас, хаёлида қатьий бир
аҳд қасамдек чарх урарди. Боради! Пиёда боради Қозиробод мозорига! Рустам акасининг
бошига ёққан қорни сидириб ташлайди. Мана шу қўллари билан! Бу дунёда роҳат кўрмади,
ақалли у ёқда тинч ётсин шўрлик! Ўшанда, биринчи курсда ўзининг бошига қор ёққанида кураб
ташлаган, жонини асраб қолган Рустам акаси эди-ку!
* * *
Шаҳноза шаҳар мактабида ўқигани учун умрида пахтага бормаган эди. Институтда «Эртага
пахтага кетилади», деган эълонни эшитиб, шошиб қолди. Барвақт бормаса, қолиб кетадигандек,
кечаси билан ивир-ғавир бўлиб чиқди. Талабаларнинг пахта ҳашаридаги романтик
саргузаштларини кўп ўқиган, телевизорда мунтазам кўрсатиладиган манзаралар кўз ўнгида
намоён бўлар, тезроқ далага боргиси, пахта тергиси келарди. Аяси бўғирсоқ, печенье пиширди,
худди Шаҳноза оч қоладигандай каттакон сумкага қуюлтирилган сут, консервалар тиқиштирди.
Кўрпа-тўшагини буклама каравот орқасига тиқиб адасининг машинасида институт олдига
келишса, ҳали одам тўпланмаган экан. Ҳатто икки қадам наридаги ётоқда турадиган талабалар
ҳам тушмабди. Шаҳноза кўча четидаги чинор тагида турган Диля - Дилфузани кўриб, югуриб
борди. Миттигина гавдали Дилфуза ҳам шаҳарлик эди. У ҳам биринчи марта пахтага бораётгани
учунми, саҳарлаб келиб олибди... Автобуслар карвони тушга яқин йўлга тушди. Имиллаб, узоқ
юрдилар. Рақам билан номланадиган совхозлардан бирининг марказида тақсимот бўлди.
Шаҳнозаларнинг автобуси яна анча юрди. Ниҳоят чўл-биёбоннинг қоқ ўртасида, бостирмага
ухшаган аллақандай пастак, узун бино олдида тўхташди. Бинонинг бетон деворлари шўрлаб
кетган, деразаларнинг оинаси синган эди. Сал нарирокда атрофи қора қоғоз билан ўралган
ҳожатхона қўнқайиб турарди. Юз қадамча олисда эса оппоқ попилтириқлари шамолда
силкинаётган қамишзор шовуллар эди.
Юкларни туширишди. Шаҳноза қўрқа-писа ичкарига бош суқди-ю, дарров қайтиб чиқди.
Бостирманинг қорайиб кетган пастак шифтида олмадеккина лампочка осилиб турарди. Бор-йўқ
жиҳоз шу. Юзлари офтобда қорайган, норғул гавдали, қошлари қалин Рустам ака (курсдагилар
ёши каттароқ бўлгани учунми уни шундай деб чақиришарди) дарров болаларни ишга солди.
— Бор, бурган юлиб кел! – деди йигитлардан бирига. – Қизлар, баракни супуриб
чиқасизлар!
Бирпасда иш қизиб кетди. Диля баракни супурди. Шаҳноза пақир кўтариб, сувга кетаётган
эди, Рустам йигитлардан бирига буюрди:
— Сувга сен бор! Эҳтиёт бўл, қудуққа энгашма...– Қудуқ дегани семон қувурни тик қилиб
ерга кўмилган нарса экан. Машинада сув олиб келиб, хлор аралаштириб, шу «қудуқ»қа
қуйишаркан.
Рустам, эҳтиёт бўл, деб бежиз айтмаган экан. Бултур қайсидир совхозда талабалардан бири
сирғаниб, қудуққа тушиб кетибди. Ўртоклари тортиб олгунча тамом бўпти...
Баракнинг ўртасига брезент парда осиб, иккига бўлдилар. Бир томонга болалар жойлашди,
бир томонга қизлар. Ўша оқшом нон-чой қилиб ётиб қолишди. Кечқурун Шаҳноза Диля билан
ташқарига чиққан эди, қамишзор томондан чақалоқ йиғиси эшитилди.
— Нима бу, Диля? – деди қўрқиб.
— Чақалоқ йиғлаяпти, шекилли... – Икковлари баракка югуриб кирдилар.
— Қизлар, анави қамишзор ичида чақалоқ йиғлаяпти! – деди Диля овози титраб. Парда
тўсиқнинг нариги томонидан Рустамнинг овози келди.
— Чақалоқмас, шоқол! – деди вазминлик билан. – Чиябўри... Қўрқманглар. – Бирпас жим
турди-да, қўшиб қўйди: – Ташқарига ёлғиз чиқманглар...
Шаҳноза анчагача ухлолмай ётди. Парданинг нариги томонида чироқ ёниқ турар, болалар,
чамаси, қарта ўйнар эди... Бир маҳал қўзи илинган экан, бўйнидан аллақандай совуқ, юмшоқ
нарса ўрмалаб ўтаётганини ҳис қилди. Жонҳолатда чинқириб юборди. Қўли билан силтаб
ташлаган эди, бояги нарса ерга тушганини идрок этди. Қизлар уйғониб, ҳаммаёқ қий-чув бўлиб
кетди. Кимдир чироқни ёқди. Шаҳноза қўрқувдан кўзлари олайганча йиғма каравотда ўтирар,
нуқул бир гапни такрорлар эди:
— Аннақа... юмшоқ нарса...
Нариги томондан Рустам чиқиб келди. Эгнида эски жинси шим, кўйлакчан.
— Сичқон-ку! – деди кулиб. (Кулганда чеҳрасида нур порлаб кетгандек бўлди.) —
Қўрқманг. Ҳадемай ўрганиб кетасиз...
Тўғри айтган экан. Бир ҳафта-ўн кун ўтиб, қизлар тўшаги устида ўрмалаб юрган сичқонни
кўрса қўрқмайдиган бўлишди.
... Учинчи куни куллиёт комсомоли раҳбари — оппоқ, думалоқ юзли, мўйлови ўзига
ярашган Санжар ака мажлис қилди. Айтишига қараганда, норма қатъий экан. Пахта - етмиш
кило, подбор - юз эллик кило. Ким нормани бажармаса – ўқишдан ҳайдалади!
«Санжар ака» гапиряпти-ю, Диля нуқул тирсаги билан Шаҳнозанинг биқинига туртади.
«Ҳа?» — деб жеркиб берган эди, Диля кулимсиради. «Чиройли йигит-а?»
Шаҳноза энсаси қотиб, юзини ўгирди. Чиройлими, баломи, етмиш кило пахтани қандай
теради? Кун бўйи бели сингудек бўлиб зўрға ўттиз килога олиб боряпти-ку! Вилоятлардан
келган қизлар-ку нормани бемалол бажаради. Аввал ҳам қилиб юрган иши. Шаҳноза билан
Диляга қийин. Бир этакни тўлдиргунча пешин бўлади. Йўқ! Ғайрат қилмаса бўлмайди... Бир
куни жон-жаҳди билан ишлашга қасд қилди. Биринчи этак анча тез тўлди. Иккинчисига
келганда бели қақшаб оғрий бошлади. Теради. Барибир теради! Нима, бошқалардан кам жойи
борми? Тушга яқин иккинчи этак ҳам тўлди. Юк оғирлик қилганидан икки букланиб қолди.
Этакни бўйнидан тушириб, бирпас дам олди. Осмонда қат-қат булутлар оҳиста сузиб борар,
баланд-баланддан турналарнинг ҳорғин ноласи эшитилар, аммо ўзи кўринмасди.
Орқа томондан гурсиллаган қадам товуши эшитилди. Шиббалаб пахта босилган этакни
орқалаганча эгат оралаб Рустам келар эди. Кўйлакчан бўлиб, енгини шимариб олган, оёғида
этик...
— Ҳорманг! — деди кулимсираб. Шаҳноза ҳорғин жавоб қилди:
— Саломат...
— Беринг, пахтангизни топшириб келаман.
Шаҳноза иккиланиб қолди. Нима қилади бировни койитиб. Узи камида эллик килоча юк
орқалаб кетяпти-ку...
— Бераверинг, – Рустам Шаҳнозанинг пахта тўла этагига қўл чўзди. – Бирпас дамингизни
олинг.
— Анави ёқда яна бор, – деди Шаҳноза ийманиб. Рустам елкасидаги этакни ерга қўйди.
Икковлари Шаҳноза териб, марзага тўкиб қўйган пахта уюми тепасига боришди. Рустам чаққон
ҳаракатлар билан пахтани Шаҳнозанинг этагига зичлаб жойлади. Қайтиб келиб ўзининг пахтасини ҳаменгилгина кўтарди-да, йўл четида турган тележка томон тез-тез юриб кетди.
— Зўрсиз-ку! – деди қайтиб келиб. – Эллик икки кило чиқди. Шаҳноза терган пахтаси
қандай қилиб «эллик икки» кило чиққанини тушунди. Рустам ўзиникидан қўшган...
...Бир ойга деб олиб келишган эди. Икки ой ўтди. Шаҳнозанинг дадаси билан аяси тўрт
марта келиб кетишди. Иссиқ тўркуйлак, кирза этик олиб келишди. Одамни қон қилиб
юборадиган куз ёмғирлари бошланди. Баракнинг шифер томидан чакка ўтиб, ҳаммаёқ захлаб
кетди. Пахта тугул подбор ҳам қолмаган, аммо ёмғир тиниши билан уларни далага ҳайдашар,
талабалар бийдек пахтазорда тентираб юришар, ҳар қадамда этикка ботмон-ботмон лой
ёпишиб, марзаларнинг у ер- бу ерида тўкилиб қолган кўрак аралаш кир пахтани лойдан ажратиб
этакка тиқишар эди. Аллақаердан чўян печка, занглаб кетган тунука карнайлар топиб келишди.
Рустам печкани қизларнинг «бўлма»сига ўрнатди. Кўмир йўқлиги учун ўтин ёқишар, ёмғирда
қолган ўтин то ёнгунча баракни аччиқ тутунга тўлдириб юборарди. Домлалар икки ҳафтада
алмашиб турар эди. Энг кейин келган Муҳтабар опа деган ёш домла талабаларнинг аҳволини
кўриб, йиғламоқдан бери бўлар, қайтишга рухсат йўқ эди. Жумҳурият олти миллион тоннали
режани бажармагунча пахтазор фронт майдони деб эълон қилинибди.
... Қор ёғди. Шаҳноза биринчи қорнинг шу қадар шиддат билан ёғишини энди кўриши эди.
Қандайдир бирон соат ичида барак томини бир қарич қор босди. Ҳамма мунғайиб қолди.
Пахтазор ҳам, барак ҳам, талабалар ҳам... Ўша кеча болалар ётган томонда аллаким туни билан
қув-қув йўталиб чиқди. Шаҳноза эрталаб қараса, Рустам бўйнига қалин шарф ўраб олибди.
Нуқул йўталади. Юзлари бўғриқиб кетган.
— Шу... қор деган нарсани ким ўйлаб топганийкин? – деди ҳазилга олиб. – Совуқни ёмон
кўраман, Шаҳноза...
Шаҳноза аяси олиб келган бир банка қуюлтирилган сутни берди.
— Иссиқ чойга қўшиб ичсангиз ўтиб кетади. Шунақа деди-ю, ўзининг ҳам оёқ-қўллари
қақшаб
оғриётганини, боши ғувуллаб бораётганини сезиб турарди... Кечга бориб иситмаси
кўтарилиб кетди. Диля олиб келган макарон шўрвани кўриб кўнгли ағдарилди. Кечаси билан
алаҳлаб чиқди. Худди осмонда учиб юрганга ўхшар, тўсатдан чуқурга тушиб кетаётгандек
бўлар, чўчиб уйғонар, «Ая, аяжон!» — деб инграр эди.
Бир маҳал кўзини очса, тепасида Муҳтабар опа, Диля, Рустам туришибди.
— Ма, ичгин, асал чой! – деди Диля унинг бошига эгилиб. Шаҳноза кўзларини ҳорғин юмиб
юзини ўгирди. Қуруқ йўтал тутди. Энтикиб нафас ола бошлади. Ташқарида трактор тариллади.
Шаҳнозанинг қулоғи шанғиллар, биров унинг миясига кириб олиб, муттасил тўқмоқ билан
ураётганга ўхшар эди. Ўша томондан шовқин-сурон эшитилди.
— Туш! – деди кимдир бақириб. – Туш бу ёққа! Бирпасдан кейин Муҳтабар опа баракка
қайтиб кирди:
— Рустам трактор миниб совхоз марказига кетди, – деди ўйланиб. – Қайсар йигит экан, бир
балони бошламаса гўргайди.
... Шаҳноза кимнингдир муздек кафти пешонасига текканини сезиб сесканиб кўзини очди.
Шифтдаги лампочка ўлимтик нур сочар, ёнида оқ халат кийган семиз хотин ўтирар, оёқ
томонида Муҳтабар опа, қизлар тўдалашиб туришар, ялангбош сочи, елкаларига қор қўнган
Рустам эшикка яқинроқ жойда турганча Шаҳнозадан кўз узмас эди.
Дўхтир Шаҳнозанинг ўпкасини эшитаётганда Рустам чиқиб кетди. Кейин тағин қайтиб
кирди.
— Пневмония! – деди дўхтир негадир Рустамга юзланиб. – Ўнг ўпкаси шамоллаган.
Касалхонага олиб бориш керак. – Шундай деб ўрнидан тураётган эди, Рустам қатьий бош
чайқади:
— Йўқ, опа! Сиз кетмайсиз! — Қизиқ йигит экан-ку, бу! – Дўхтир нажот кутгандек атрофига аланглади. - Ярим кеча
бўлди. Ўн беш чақиримга тракторга босиб опкелгани етмагандек... Бу нимаси? Мен ҳам бола-
чақали одамман!
— Кетмайсиз! – деди Рустам кўзлари ёниб. – Машина топиб келаман. Шаҳнозани
касалхонага ўзингиз олиб борасиз...
Дўхтир жавоб қилиб улгурмасдан шитоб билан чиқиб кетди. Ташқарида трактор гуриллади
Шаҳнозани «Нива»га ўтқазишаётганида тонг ёришиб Қолган эди. Бир ёнига дўхтир ўтирди, бир
ёнига Рустам... Иситмаси саккиз кундан кейин тушди... Шу орада Диля, Рустам туман
касалхонасига икки марта келиб-кетишди. Шаҳноза Рустамнинг соқоли ўсиб кетганини, кўзлари
киртайиб, ранги бир ҳолатга тушиб қолганини кўрди. Ўша воқеадан кейин баракда мажлис
бўлганини, Рустамни ўқишдан ҳайдашларига бир баҳя қолганини Дилядан эшитди. Рустам
учинчи марта кўргани борганида қўлини анча вақт ушлаб турди-да, пичирлади:
— Раҳмат, Рустам ака...
ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН
— Гражданка Шоматова, еттинчи ноябрдан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси қаерда эдингиз?
— Мана шу... ўзимизнинг уйда.
— Кечаси биланми?
— Ҳа...
— Эрингиз, мабодо, кечаси ташқарига чиқмадими?
— Йўқ.
— Уйингизга бирон шубҳали одам келмадими?
— Йўқ.
— Ўша ҳодиса рўй берганида сиз қаерда эдингиз?
— Эрталаб сутга чиқдим. Узоқ кутиб қоддим. Сут етмади. Қайтиб келсам...
— Йиғламанг... Йиғидан наф йўқ.
— Келсам... Бу аҳвол. Рустам акамни олиб кетишган экан. Уй тўла одам. Мелисалар...
— Ўйлаб кўринг-чи, гражданка Шоматова, эрингиз билан қасдлашган одамлар бормиди?
— Билмайман...
— «Эримнинг жаҳли ёмон эди», дедингиз. Айтинг-чи, масалан, қанақа пайтда жаҳли
ёмонлиги билинарди?
— Қулоғим сизда!
— Рустам ака ноҳақликни кўрсалар, чидаб туролмасдилар.
— Масалан...
— Умуман-да...
— Бизга умумий гап эмас, аниқ далил керак. Айтинг-чи, қўшнилар билан муносабатингиз
қандай эди? Хусусан, эрингизнинг?
— Янги одаммиз. Қўни-қўшнилар билан кириш-чиқишимиз йўқ ҳисоб. Фақат Қурбоной
холани танирдик.
— Ким у, Қурбоной хола?
— Бир уйда турамиз, фаррош хотин. Яхши аёл.
— Биронта қўшни билан сан-манга бормаганмисизлар?
— Йўқ.
— Яхшилаб эслаб кўринг?
— Йўқ, дедим-ку!
— Менга қаранг, гражданка Шоматова! Биз ҳақиқатни аниқлашимиз, эрингизнинг
қотилларини топишимиз керак. Тушунарлими?
— Қўни-қўшнилар орасида марҳум Шоматов Рустамга қасд қилганлар йўқ, деб
тасдиқлайсизми?
— Бўлмаса, манави протоколни эшитинг:
Шу йил йигирма иккинчи октябрь куни кеч соат 23 дан 40 минут ўтганида Шоматов Рустам
10-уй, 35-квартирада яшовчи гражданин Васильев Григорий Степановичнинг эшигини
тақиллатган. Васильев эшикни очиши билан каратэ усулини қўллаб, уни ерга ағдарган ва
бундан кейин жим юрмасанг, сўйиб ташлайман, деб дағдаға қилган. Васильев милицияга
шикоят ёзган. Аммо эртасига даъвосидан кечиб аризасини қайтариб олган. Бу ҳангомадан
хабарингиз йўқмиди?
— Нега хабарим бўлмасин! Ўз кўзим билан кўрганман! Васильев дедингизми? Ўша кундаги
қилиғи учун тошбўрон қилса арзийди! Ишонмасангиз ўзини чақириб сўраб кўринг.
— Бу ёғи сизнинг ишингиз эмас, гражданка Шоматова... Айтинг-чи, мабодо эрингиз кейинги
кунларда Васильев билан тўқнашмаганмиди?
— Йўқ... Менимча, йўқ.
— Марҳум Шоматов кўп ичармиди?
— Йўқ, баъзан ичардилар...
«ҲОЗИР КЕЧИРИМ СЎРАЙСАН!»
Рустам билан Шаҳноза ўша куни рўпарадаги уйда тўй бўлаётганидан бехабар эдилар. Домда
ит эгасини танимайди. Улар-ку, янги қўшни. Эскилари ҳам бир-бири билан ҳушига келса
саломлашади, бўлмаса серрайиб, ўтиб кетаверади. Рости, тўйга чиққилари ҳам йўқ эди.
Қурбоной хола қўймади. «Вой, Худо урди-кетди! Кўздек қўшнининг тўйига чиқмасанглар, уят
бўлмайдими? Эрта-индин сизлар ҳам фарзанд кўрасизлар. Тўй қиласизлар», деб дашном берди.
Тўй ширингина бўдди. Икки уй ўртасидаги майдончага Дастурхон ёзилган. Тўрда келин-куёв...
Ортига илиб қўйилган гиламга қўшалоқ никоҳ ҳалқасининг тасвирини солиб, пахта билан «Хуш
келибсиз, азиз меҳмонлар!» деб ёзилган. Ҳаммаёқда гул... Хурсандчилик... Шаҳноза Рустам
акаси билан этакроқ томонда – қўшни уй девори тагида ўтиришарди... Шаҳноза ўзларининг
тўйи бошқачароқ, файзлироқ бўлганини, ашулачилар янаям шўхроқ қўшиқ айтганини, ёшлар
янаям шодонроқ рақсга тушганини эслар, Рустам акасига дам-бадам жилмаййб қараб қўярди.
Фақат бир нарсадан кўнгли ғаш эди. Рустам акаси бугун негадир кўп ичяпти...
Навбатдаги қўшиқ тугаб, бир лаҳза жимлик чўкди. Кайвони микрофонни «пуф-пуфлаб»,
«Энди табрик учун сўз келинимиз Зебохоннинг дугонаси...» — деб гап бошлаган эди, юқорида,
худди Шаҳноза билан Рустам акасининг боши устида дераза шарақлаб, ғазабнок ҳайқириқ
эшитилди:
— Эй! Шовқин-суронингни тўхтатасанми-йўқми?
Тўйхона сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Келиннинг дугонасига тантанавор алпозда сўз
бераётган тўйбошининг дами ичига тушиб кетди.
Шаҳноза бошини кўтариб қаради-ю, шундоқ тепасида, тўртинчи қаватнинг очиқ
деразасидан энгашиб турган майкачан барзангини кўрди.
— Ухлашга қўясанларми-йўқми? – деди барзанги қаҳр билан.
Шаҳноза Рустам акаси ўрнидан туриб кетганини, ўша томонга қараб, кўзларида ғазаб тўла
ўт ёнаётганини энди кўрди.
— Ўтиринг! – деди билагига ёпишиб. – Илтимос, ўтиринг, Рустам ака!
Дераза тарақлаб ёпилгани қулоғига чалинди. Рустам жойига ўтирди. Шаҳноза эрининг
қўллари асабий қалтираётганини сезиб турарди.
Тўйдан файз кетди. Ҳамма мунғайиб қолган, оппоқ рўмол остидаги келин бошини қуйи
солиб ўтирар, эгнига зарбоф тўн, бошига дўппи кийган куёв унинг қулоғига шивирлаб, алланимани тушунтирар эди.
— Вой онангни!... — Рустам рўпарасида ўтирган ингичка мўйловли йигитга пиёла узатди. –
Қуй! – деди бақириб. – Тўлатиб қуй!
Дам олмай сипқарди-да, отилиб даврага чиқди. Торини ғилофга тиқа бошлаган созанданинг
оддига югуриб борди.
— Чал! – деди ғайритабиий тантана билан. — Чал дейман! «Лазги»ни чал!
Микрофон яна гумбурлай бошлади. Шаҳноза Рустам акасининг рақс тушишини биринчи
кўриши эди. Бутун вужуди ўйнаяпти! Шиддат билан, ғайрат билан... Давра ёшларга тўлиб
кетди. Шаҳноза яна... шуни сездики... Рустам акаси рақс тушаётгани йўқ... нола чекяпти...
Аламли, изтиробли нола! Фақат ўзию Шаҳноза тушунадиган нола...
Шу пайт кутилмаган ҳодиса рўй берди. Шаҳноза бошига, елкасига ёғилган муздек сувдан
сесканиб, ўрнидан сапчиб турди. «Вой!» деб қичқириб юборди. Нима бўлганини тушунолмай
аланг-жаланг қараса, атрофида ўтирганлар ҳам ўрнидан туриб кетибди. Биров жиққа сув бўлган
сочини силайди, биров баданига ёпишган кўйлагини сийпалайди. Оппоқ дастурхон устида
парча-парча сув доғлари ялтираб кўринар, лаганлардаги газаклар ҳам ҳўл эди.
Шаҳноза Рустам акасининг адл қомати тўйхона чироғи ёритиб турган нур остидан отилиб
чиқиб бораётганини кўрдию жонҳолатда қичқирди:
— Рустам ака! Қайтинг, Рустам ака!
Ўша заҳоти эрининг кетидан қоронғиликка шўнғиди.
Юраги қинидан чиққудек бўлиб зинадан кўтарилди. Тўртинчи қаватда, зина рўпарасидаги
очиқ эшик олдида Рустам акаси майкачан айиқбашара барзанги билан рўпарама-рўпара турар
эди.
— Сен сув сепдингми?
— Мен! – деди барзанги хотиржам оҳангда. — Ярим кеча бўлди. Тўхтат бозорингни!
Шундай деб эшикни ёпмоқчи эди, Рустам оёғини тираб қолди.
— Йўқол! — деди айиқбашара таҳдид билан. — Ҳозир милиция чақираман!
— Чақир!
— Рустам ака, олишманг! — Шаҳноза эрининг елкасига осилди.
— Нари тур! Чақир ўша милициянгни!
Барзанги эшик ортига бир энгашди-ю, қўлида арақми, виноми шишаси пайдо бўлди.
Шишани Рустамнинг боши устида кўтарди. Шаҳноза нима бўлганини пайқамай қолди. Бир
маҳал қараса барзанги ерда чўзилиб ётибди. Шиша бир четга учиб кетган. Рустам акаси унинг
кўкрагига тиззасини ботирганча, бўйнидан бўғяпти. Бир зумда барзангининг оғзидан кўпик кела
бошлади.
— Рустам ака! Нима қиляпсиз! Ўлдириб қўясиз! – Шаҳноза чирқиллаб эрининг елкасидан
тортқилашга тушди. Қани кучи етса! – Рустам ака! Қамаб қўяди! — деди йиғлаб.
Рустам ҳушини йиғиб олди чоғи, қўлини бўшатди. Айиқбашара барзанги хириллаб нафас
ола бошлади. Ўзини Ўнгламоқчи эди, Рустам оёғи билан елкасидан босди.
— Менга қара! — деди ҳар сўзини таъкидлаб. — Мен сенинг хуторингга бориб тўй
қиляпманми?
Барзанги типирчилаб, Рустамнинг оёғини суриб ташлашга уринган эди, Рустам қаттиқроқ
босди.
— Гапир! – деди тахдид билан. – Тўй қаерда бўляпти? – Барзанги кўзини олайтириб
сўкинди.
— Шунақами? — Рустам қўлини тағин бўғзига тақаши билан барзанги ювош тортиб қолди.
— Билиб қўй! — деди Рустам тишлари ғижирлаб. — Одамлар хоҳлаганча тўй қилади.
Хоҳласа эрталабгача карнай чалади. Тушундингми?
Шаҳноза шундагина йўлакка одам тўлиб кетганини пайқади. Ҳеч кимдан садо чиқмас, ҳамма у ёғи нима бўлишини қутиб турганга ўхшар эди.
— Кечирим сўра! — деди Рустам таҳдид билан. Барзанги қаддини ростламоқчи бўлганида
Рустам елкасидан қаттиқроқ босди.
— Кечирим сўра!
— Кечирасан... — Барзанги хириллаб, юзини ўгирди. Шаҳнозанинг қулоғи остида
гуддиракдек қўрқинчли овоз янгради.
— Нега миллатчилик қиласан, ўв?!
Йўқ, бу овоз баланд эмас, асабий эмас эди. Жуда осойишта, ишончли ва шунинг учун ҳам
хатарли эди. Ким ўзи бу одам?
Зинадагилар орасидан арвоҳдек озғин, заҳил юзли чол ажралиб чиқди. Бошида қора шляпа,
эгнида қора плаш, оёғида яп-янги ялтироқ туфли.
— Миллатчилик қилма! — деди чол тошбақаникига ўхшаш ингичка бўйнини чўзиб. —
Миллатчилик қилма, бола!
Рустам калтакесакни кўриб жиркангандек юзини бурди. Барзанги қаддини ростлаб, майка-
иштонининг чангини қоқди.
— Барибир сени қаматаман!
— Қамата қол! — Рустам негадир кулди. — Эшитиб қўй, — деди таъкидлаб. — Ҳамманинг
олдида айтяпман. Ернинг тагидан бўлсаям топаман-да, сўйиб кетаман!
— Оғзингга қараб гапир, бола! – Бояги «арвоҳ» қўлини пахса қидди. — Умринг турмада
чирийди, аҳмоқ!
ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН
Ғаниев Соат Ғаниевич. Етмиш беш ёшда. Иттифоқ миқёсидаги пенсионер.
Миллати — йўқ. Сўққабош. Аввал судланмаган. Қатортол мавзеи, 40-уй, 41-
хонадонда истиқомат қилади. 1941 йилдан бери партия аъзоси. Қизил Юлдуз,
Жанговар Қизил Байроқ орденлари, олтита медаль нишондори.
— Гражданин Ғаниев! Еттинчи ноябрдан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси қаерда эдингиз?
— Биринчидан, ўртоқ терговчи, мен «гражданин Ғаниев» эмас, истеъфодаги полковник,
ўртоқ Ғаниевман! Марҳамат қилиб, ўртоқ полковник, деб мурожаат этишингизни сўрайман.
Ўртоқ Комиссар, десангиз ҳам розиман. Мени таниганлар «ўртоқ Комиссар», дейишади.
— Биз сизни гувоҳ сифатида повестка билан...
— Повесткангизни пишириб енг! Хоҳласам, генералнинг ўзи билан гаплашиб қўя қоламан!
— Марҳум Шоматовни биринчи бўлиб сиз...
— Ҳа-я, мен кўрганман! Такрор айтаман. Мени сўроққа чақирган бўлсангиз, адашасиз.
Шунчаки коллега сифатида маслаҳат сўрасангиз бошқа гап.
— Сиз кўрганингизда Шоматов ўлганмиди?
— Бадани совуб бўлганди. Замонавий экспертизангиз Шоматов қачон ўлганини аниқлай
олмадими?
— Саволни мен...
— Йиғиштиринг демагогияни! Сўроқ қилишни билмас экансиз. Умуман, системангиз айниб
кетган. Тартиб йўқ. Тартиб бўлса, Шоматовни органга ишга олмас эдинглар.
— Кечирасиз, гражданин... ўртоқ Комиссар... Бу гапларни сиз қаёқдан биласиз?
— Мен ҳамма нарсани биламан. Бу соҳада иш бошлаганимда сизнинг отангиз ҳам
туғилмаган эди.
— Шоматов милицияда эмас, судда ишлаган. Оддий курьер бўлиб.
— Фарқи йўқ! Милиция ҳам, суд ҳам - орган! Пайти келиб ҳайдаладиган одамни органга ишга олмаслик керак.
— Шоматов ҳайдалган эмас, ўз ихтиёри билан бўшаган.
— Аҳамияти йўқ.
— Айтинг-чи, гражданин... ўртоқ Комиссар... сизнинг тахминингизча, марҳум Шоматов
билан рўй берган ҳодисада қайси тахмин ҳақиқатга яқинроқ туради: қотилликми? Бахтсиз
ҳодисами ё ўз жонига қасд қилишми?
— Гапни шундан бошлаш керак эди!.. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Менга қолса биронтаси
аввал ўлдириб, кейин деразадан ташлаб юборган.
— Экспертизанинг аниқлашича, марҳумга биров пичоқ урмаган. Боши ёрилган, бўйин
умуртқалари синган. Марҳум баланд жойдан боши билан тушсагина бўйин умуртқалари шу
қадар эзғиланиб кетиши мумкин.
— Демак, Шоматов ўз жонига қасд қилган, демоқчими экспертизангиз?
— Бу - аниқ хулоса эмас.
— Унақа бўлса, марҳамат килиб, битга саволга жавоб берсангиз. Шоматовнинг атрофида
ойна синиқлари сочилиб ётган эди. Экспертизангиз ойна бўлаклари тўртинчи қаватдаги,
Шоматов квартирасининг деразасидаги ойнага мос келиш-келмаслигини аниқладими, ё
шунгаям ақли етмадими?
— Бизни камситяпсиз, ўртоқ Комиссар! Ерда сочилиб ётган ойна синиқлари ўша деразадан
тушган. Марҳумнинг билагини ҳам ойна синиғи тилиб юборган.
— Хэх! Бўлмаса айтинг-чи, Шоматов жонига қасд қилиб, ўзини ерга ташлаган бўлса, уйдаги
жиҳозларни ким синдирди? Қайси аҳмоқ ўлишидан олдин ойнани синдириб, ўз билагини ўзи
кесиб ўтиради? Шунчаки, деразани очиб, ерга сакраб қўя қолмайдими?
— Демак, сиз қотиллик рўй берган деб тасдиқлайсизми?
— Мен ҳеч нима деганим йўқ, коллега. Илинтиришга уринмай қўя қолинг.
— Йўқ, мен бошқа маънода... Яъни... биронтасидан гумонингиз бўлса...
— Гумонми? Гумоним - ҳаммадан! Эшитдингизми? Ҳам-мадан! Сизга ҳам шуни маслаҳат
бераман! Юз фоиз ҳаммадан, ҳатто ўзининг хотинидан, боласидан гумон қилмайдиган одамдан
ҳақиқий чекист чиқмайди! Аввало Шоматовнинг ўзидан гумон қилиш керак!
— Яъни... Қайси маънода?
— Балониям билмайсанлар! Ҳайронман, институтларингда нимани ўргатади сенларга? Ўша
боланинг тили бир қарич эди! Тушунарлими?
— Кечирасиз-ку, қандай қилиб марҳумнинг ўзидан...
— Ўртоқ Сталин билан тиш дўхтир ҳангомасини эшитганмисан? Дарвоқе, нечанчи йилда
туғилгансан? Тушунарли... Сенлар ўртоқ Сталинни ёмонлаб ўрганиб қолгансан! Агар ўша замон
бўлса... Хэх! Бир ойдан бери арзимаган ишни очолмай тимирскиланиб юрибсанлар. Хафа
бўлдингми? Хафа бўлсанг ундан нари! Кейинги ишингда фойдаси тегади. Шундай қилиб, ўртоқ
Сталиннинг тиши оғриб қолибди... Дўхтир чақирибди. Дўхтир доҳийнинг тишини кавлаштириб
даволашга киришибди. Бир кун ўтибди, икки кун ўтибди... Дўхтир нуқул тишнинг тузилиши,
неча қатлам бўлиши, иддизи нечта бўлишини айтиб, вайсармиш... Охири доҳий дўхтирдан
сўрабди: «Тиш қаттиқми, хил қаттиқми?» — «Ҳазиллашяпсизми, ўртоқ Сталин, - дебди дўхтир.
— Тишнинг эмал қатлами шунақанги қаттиқки, пўлатни кесиб ташлайди. Тил нима? Бир парча
юмшоқ мускул-да», - дебди. «Шунақами?» — дебди ўртоқ Сталин. Ўша куни ўртоқ Берияга
буюрибди. «Лаврентий Павлович, — дебди. - Манави дўхтирнинг тили жуда юмшоқ экан.
Эртага мен Сталиннинг тишини даволадим деб вайсаб юради, жавобини беринглар», — дебди.
Ярим соатдан кейин дўхтирнинг «жавобини» беришибди. Чаккасидан отишаётганда ҳам дўхтир
тўхтовсиз вайсармиш: «Ўртоқ Сталиннинг тишини даволашга улгурмадим-да, номим тарихда
қоларди», — дермиш.
— Бу гапни марҳум Шоматовга нима дахли бор?
— Хэх! Боядан бери танбур чертяпман экан-да! Шоматов ҳам тариҳда қолгиси
келадиганлардан эди! Қачон қараса масала талашади. Ўзича ҳақиқат ўрнатмоқчи бўлади.
Кўрганмиз, бунақаларни!.. Мен ўн беш ёшимдан комиссар бўлганман!
— Ўн беш ёшдан?
— Ҳа, ўн беш ёшдан! Сенлар нима? Амаллаб ўқишга кирасан... Амаллаб битирасан.
Биламан, коллега, ҳаммасини биламан! Гапингиз ёлгон деб кўр-чи! Хэх! Чекист - чекист бўлиб
туғилиши керак! Вот масала қаерда! Ҳай, майли, Шоматовнинг хотинини тергов қилдингми?
— Албатта!
— Гумони кимданмиш?
— Унисини айтмади-ку, қўшнининг тўйи куни бўлган воқеани гапириб берди. ,
— Хабарим бор! Менга қолса, айб Шоматовнинг ўзида эди. Айтяпман-ку, бурнини сукмаган
жойи йўқ эди бу боланинг! Сен, коллега, Шоматовнинг хотинини сиқувга ол, уқдингми? Нима
бало, елкасига қоқиб чиқариб юбордингми?
— Қизиқ одам экансиз. Қамоққа тиқишим керакмиди, сизнингча!
— Бўлмаса-чи! Эзиш керак буларни. Эзиш! Шунақанги бурагинки, дунёни бошига кўтариб
дод солсин!
— Айби исботланмаган одамни-я?!.
— Хэх! Шу кетишинг бўлса икки дунёда ҳеч кимнинг айбини бўйнига қўёлмайсан!
— Жудаям унчалик эмас, ўртоқ Комиссар... Бизнинг ҳам усулларимиз кўп...
— Кўрамиз, қаёққача бораркансан ўша усулларинг билан!