April 22, 2020

Tushda kechgan umrlar (O'tkir Hoshimov)

РУСТАМНИНГ УЧИНЧИ КУНДАЛИГИДАН


Августнинг тўққизинчи куни
Кеча менинг энг бахтли куним эди. Бугун — энг бадбахт куним...
Августнинг ўнинчи куни
Менга нима бўлди ўзи? Янгаси нега кетмайди? Эшик тагида қоровул бўлиб ўтириши
шартми?
Августнинг ўн биринчи куни
Эрталаб чиқиб кетаётганимда онам қаттиқ тайинлади. «Чиллалисан, жон болам, кун
ботмасдан уйга кел...» ...Оёғим тортмаяпти... Нега бунча ҳаяжонланаман?
Августнинг ўн иккинчи куни
Ичиб келдим... Шаҳноза аввал ҳайрон бўлди. Кейин... йиғлади. Ўзимнинг ҳам хўрлигим
келяпти.

Августнинг ўн учинчи куни
Нонушта устида ойим менга еттита, Шаҳнозага еттита майиз едирди. Седана сепилган битта
ширмой нонни иккига бўлиб, ярмини Шаҳнозага, ярмини менга узатди. Ялпизми, исириқми
ҳиди анқиб турган чой қуйди. «Бисмилло деб енглар, ихлос билан ичинглар, жон болаларим»,
— деди. Шаҳноза уялиб ерга қаради, аммо ойимнинг айтганини қилиб ширмойни еди, чойни
ихлос билан ичди.
Августнинг ўн тўртинчи куни
Ётар олдидан Шаҳноза ширин жилмайди.
— Бугун уйимизга меҳмон келди... Ҳайрон бўлдим.
— Қанақа меҳмон?
— Топинг-чи? — Индамай елкамни қисдим.
— Тополмайсизам! — Шаҳноза менинг ёстиғимни қучоқлаб туриб, болаларча содда қувлик
билан кулди. — Узоқ қариндошларингиз орасида хушторингиз бормиди? — Эркаланиб
бурнимни беозор чимчилади. — Қани, эслаб кўрсинлар-чи!
— Жиннимисан! — дедим кулиб.
— Шунақасиз-да! — У шодон қаҳ-қаҳ урди. — Демак, бор экан-да!
Бетоқат қараб турганимни кўриб тушунтирди:
— Бугун фолбин келди. Холаваччангизми-ей, аммаваччангизми-ей... узоқ
қариндошингизнинг қизи бор экан. Сиздан умидвор экан... Сиз бевафолик қилиб, ташлаб
кетибсиз. Шунга... «боғлаб» қўйганмиш... Яхшимас-да, бир бечорани куйдириб, бошқасига
уйланиш...
Шаҳноза яна кулди. Кулгиси йиғига ўхшаб кетди.
Августнинг ўн бешинчи куни
Майкамни алмаштираётган эдим, Шаҳнозанинг ҳаяжонли хитобини эшитдим:
— Вой, нима бу, Рустам ака?
Қарасам, кўзлари қўрқувдан катта-катта очилиб тикилиб турибди.
Майкамни шоша-пиша кияётгандим, Шаҳноза югуриб келиб, белимни силади.
— Оғрияптими? — деди худди ўзи азоб чекаётгандек изтироб билан.
Кулдим.
— Қизиқмисан! Эсимдан ҳам чиқиб кетган. Шунчаки, дайди ўқ.
Шаҳноза гапимга ишонмади. Чандиқни силаб, кўзимга шунчалар қўрқиб термулдики,
жаҳлим чиқди.
— Эсинг жойидами? Ҳеч гап йўқ, дедим-ку... Ойимларга айтиб юрма.
Августнинг ўн олтинчи куни
Нонушта устида Турсунбой ака келиб қолди. Шаҳноза шошилиб уйга кирди-да, бошига
ҳарир рўмол ёпиб чиқди. Куёвжўрага уч марта таъзим бажо айлаб, «келин салом» қилди.
Турсунбой ака «Бахтли бўлинг, синглим, қўша қаринглар», деб киссасидан йигирма беш сўмлик
чиқарди.
— Шаҳноза, қизим, — деди ойим. — Турсунбой бегона эмас. Рустамжоннинг куёвжўраси.
Ўзингизнинг акангиздек гап.
Шаҳноза бошидан ҳарир рўмолини ечди. Турсунбой акага бармокларининг учига пиёла қўндириб чой узатди.
— Хола! — деди Турсунбой ака дилкаш шанғиллаб. — Куёвтўрани бир ўйнатиб келсам
нима дейсиз. Майлими, келин? — деди Шаҳнозага юзланиб. — Би-ир шамоллаб келсин-да,
куёвтўра! Қани, отлан, ука!
Кўчага чиққанимизда дашном берди:
— Шунга шунча мотамми? Ким айтади сени уруш кўрган йигит деб!
Юрагим шувиллаб кетди.
— Нима «шунга шунча?» — дедим хавотирланиб.
Бир камим энди бутун қишлоққа овоза бўлишим қолувди. Турсунбой ака кўзимга бирпас
қараб турди-да, товушини пасайтирди:
— Куёвжўра бўлганимдан кейин маслаҳат беришга ҳаққим борми ахир? Ғирт жинни
экансан-ку! Ичиб келишга бало борми, чилласи чиқмаган келиннинг ёнига!
Энди оғиз очмоқчи эдим, жеркиб берди.
— Нима қиласан, йўқ жойдан гап чиқариб! Мана, ўзим ҳам... — Бир зум чайналиб турди-да,
ишонч билан давом этди. — Мен ҳам бир ҳафтагача қўшилолмаганман янганг билан. Эшиқдан
кирсам оёқ қисталоқ қалтирайди... Ёстиққа бош қўйдим дегунча «у ёқдаги» ўликлар хаёлимга
келаверади. — Турсунбой ака кўзимга синчков қараб қўйди. — Энг зўр дўхтирга олиб бораман.
Ташвиш қилма, бегонамас, ўзимнинг поччам. Манаман деган уролог!
...Янги ТошМИнинг пастбаланд йўлакларидан ўтиб, Турсунбой аканинг поччасини топгунча
талай вақт ўтди...
Доцент ёруғ чеҳрали одам экан. Ийманиб турганимни кўриб, Турсунбой акага имо қилди:
— Томоша борми сенга? Чиқ-чи, қани!
Доцент ярадор белимни узоқ текширди. Кафтининг қирраси билан биқинимга уриб кўрди.
— Пешоб пайтида ачишмайдими? Бош чайқадим.
— Пешоб равон тушадими?
— Ҳа, — деб бош ирғадим.
— Ёлғон «визов» бўлмайдими? Гапини англамаган эдим, тушунтирди:
— Яъни... Пешобга боргингиз келади-ю, бир-икки томчи тушиб...
— Унақаси йўқ.
— Яхши... — Доцент чаққон ҳаракат билан белимдан
сонимгача пайпаслаб чиқди.
— Болалигингизда «свинка» бўлмаганмисиз? — Асабийлаша бошладим.
— Нима у?
— Бизда «тепки» дейди. Томоғингизга без келиб, мояк шишмаганми?
— Йўқ!
У ўйланиб қолди.
— Аввал хотин киши билан бўлганмисиз? — деди тўсатдан. Қарасам, мутлақо жиддий
гапиряпти.
Начора, эътироф этдим. — Ҳа, бўлган бунақанги гуноҳ ишлар. Судда ишлаб юрганимда...
— Ўшанда жараён нормал кечганмиди?
— Ҳа! — дедим қўрслик билан. — Рисоладагидек бўлган! Доцент ранжимади.
— Гап бундай, ука! — деди самимият билан. — Жўн тилда қандай тушунтирсам экан?
Умуртқа поғонасининг думғаза қисмида пастки органлар фаолиятини бошқарувчи шохчалар
бўлади. Простата безлари, сийдик қопчаси, мояк сингари органларни ўша шахобчалар
бошқариб туради. Сизда шахобчанинг асаб толаси шикастланган. Ўқ асаб толасига теккан. Миқ
этмай, кўзига тикилиб турганимни кўриб, қайта бошдан тушунтира кетди:
— Нерв системаси шунақа нозик нарсаки... Айниқса, алоқа пайтида... Арзимаган шовқин,
бир оғиз кўнгилсизроқ гап, ёмон хотира... шунга ўхшаган нарсалар тормозланиш жараёнини кучайтириб юборади.
Кийинаётганимда ишонч билан таскин берди:
— Жиддий хавф йўқ. Ҳаммаси яхши бўлади. Бу нарсага, яъни эр-хотин орасидаги интим
муносабатга табиий ҳол деб қаранг. Ҳадеб шуни ўйлайверсангиз ўзингизга ишонч йўқолади.
Занжирли реакция бошланиб кетади.
Бир даста дори қоғозлар ёзиб, қўлимга тутқазди.
— Овқатга алоҳида эътибор берасиз. Қази, ёнғоқ, қизил сабзи, топилса, балиқ икрасини
кўпроқ истеъмол қиласиз. Аччиқ, шўр нарсалардан ўзингизни тийинг. Ичкилик ичмайсиз.
Эшик ғийқиллаб очилиб, Турсунбой аканинг дўппили боши кўринди.
— Ёп! — деди доцент негадир асабийлашиб. Чиқиб кетаётганимда алоҳида таъкидлади:
— Рустамжон! Яна бир гап. Иложи бўлса муҳитни ўзгартириш керак. Яшаш муҳитини. Ҳали
айтдим-ку, сизда патология йўқ. Эрекциянинг рўй бериши асаб осойишталигига боғлиқ.
Тағин ҳеч балога тушунмадим.
— Келин икковингиз бошқа муҳитда бўлишингизга тўғри келади. Вақтинча бўлса ҳам...
Европаликлар «никоҳ сайли» деган гапни бекорга ўйлаб топмаган...
Августнинг ўн еттинчи куни
Иланг-биланг йўл эмиш. Бир томон қумли чўл. Бир томон — «зелёнка». «Зелёнка»дан ўқ
отилаётганмиш. Қизиқ, автомат товуши келмасмиш-да, ёнимдан ҳуштак чалиб ўтаётган ўқлар
овозини аниқ эшитармишман. «Зелёнка»га отай десам, автоматим йўқ. Қочай, десам пана жой
кўринмайди. Бор бўйимча ўзимни ерга отибман... Бир маҳал катта йўлдан БМП елиб келди.
Қарасам, ёнимдан шитоб билан ўтиб кетяпти. «Олиб кетинглар, мени олиб кетинглар!» —
дедим сапчиб туриб. БМП тўхтамади. «Обкет! — дедим бақириб. — Обкет мени!» БМП
тўхтади. Етиб борсам, Хайриддин қўл чўзиб турибди. «Чиқинг, жўра, чиқинг тезроқ!» — деди.
БМПга тортиб чиқарди.
Чўчиб уйғондим... Уй ичи қоронғу. Тўшакда ўтирибман. Юрагим гурсиллаб уряпти.
— Нима бўлди? — деди Шаҳноза овози қўрқувдан титраб.
— Ҳеч нима. — Ўзимни мажбур қилиб илжайдим. — Чанқадим. Бир пиёла сув бер,
Шаҳноз...
Августнинг ўн саккизинчи куни
Уйғонсам, деразадан ғира-шира тонг нури тушяпти. Шаҳноза тошойна олдида ўтирибди. Ич
кийимда. Қўлида миттигина киприк бўягич... Индамай кузатиб ётавердим. У ҳам қоп-қора
кўзларини бир нуқтага тикканча қилт этмай ўтираверди. Гўзал ва жонсиз ҳайкалдек. Қайси
келин ўзига оро бермайди. Қайси келин куёвга ёққиси, қўни-қўшниларга чиройли кўрингиси
келмайди? Хаёлимдан изтиробли ўй кечди. Шаҳноза пардозга ўтиргану, иккиланиб қолган. Ким
учун пардоз қилсин? Нима учун?..
Бир маҳал тикилиб ётганимни ички сезги билан ҳис этди шекилли, ярқ этиб қаради.
— Вой, уйғондингизми? — деди жилмайиб. Жилмайиши аллақандай аянчли кўринди.
Ҳовли томондан пақир бандининг даранглагани эшитидди. Ойимми, келинойимми «сигнал»
беряпти. Шаҳноза — янги келин. Келин деган кун ёйилгунча ялпайиб ётса уят бўлади. Қўни-
қўшнилар куёв чарчатиб қўйибди-да, ноз уйқудан турмабди, деб гап қилади. Келин ҳовлига сув
сепиши керак. Кўча эшик олдини супуриши керак. «Нима бўлганда ҳам!» Шаҳноза киприк
бўягични тошойна пештахтасига қўйди-да, илдам ўрнидан турди. Тезгина гулдор халатини
кийиб, оёғига шиппак илди, ҳовлига шошилди.

Августнинг ўн тўққизинчи куни
Кун ботди. Қоронғу тушяпти. Уйга боргим келмаяпти. Шаҳнозанинг юзига қарашдан
қўрқяпман!
Августнинг йигирманчи куни
Кўчада Турсунбой акага дуч келдим. Велосипед миниб кетаётган экан...
— Яхшимисан, укам, хурсандчиликми? — деб сўради. Ҳеч ким бизнинг гап-сўзимизни
тингламаяптими, деган андишада атрофга алангладим. Назаримда Турсунбой ака атайлаб
овозини баралла қўйиб гапираётгандек, бутун қишлоқ бири деразадан, бири дарвозадан мўралаб
тургандек туюлди. Турмайман бу ерда! Ҳар бирининг кўзи лазер нурига, ҳар бирининг қулоғи
локаторга айланган, бекорчиликдан бировнинг тўшагида нима бўлаётганини суриштирадиган
майдакаш одамлар орасида туролмайман! Уй талаб қиламан! Жиллақурса, кафтдек бошпана
берсин менга. Мен учун эмас, ақалли оилам учун, Шаҳноза учун!
Ўша куни
Талабалар шаҳарчаси арининг уясига ўхшайди. Мандат деган серғалва тадбир авж палласига
чиққани учунми, тумонат одам. Ҳали шаҳар ҳавосига кўникиб улгурмаган, кўйлак-шими
ғижимланган йигитлар, узун лозим кийган, сочини майдалаб ўрган қизалоқлар... Бақатераклар
соясида Ўзбекистоннинг минг бир бурчагидан келган машиналар... Ойнабанд эшиклар олди
қий-чув. Бири ялиниб, бири пўписа қилаётган оталар, атлас кўйлагининг ёқасига «Қаҳрамон
она» медалини тақиб олган оналар... Ҳай-ҳай-ҳай! Қўрқади медалингдан! «Ие, онахон, сиз Қаҳ-
рамонмисиз? Ўнта бола туққанмисиз, марҳамат, киринг! — дейди. — Ўғлингиз ким бўлмоқчи?
Инженерми? Кимёгарми? Юристми? Бош устига, илми борми ишқилиб? Бўпти-да! Сизнинг
болангиз ўқимаса, ким ўқийди?» Овора бўласан! Ўқишга кирадиганларнинг рўйхати икки ой
олдин тайёрлаб қўйилган. Мен ҳам юрист бўлмоқчи эдим. Шу ниятда саккиз ой судда дастёрлик
қилганман. Яхшисиниям кўрдим, ёмониниям... Охир-оқибат ҳафсалам ҳам совиди... Тағинам
ўзимизнинг факультетда адолат бор экан. Бўлмаса, бунгаям киролмасдим.
Билагига қизил латта ўраган иккитаси йўлимни тўсди. Қийин шуларгаям, воситачи бўлиш
осонми?
— Нари турсанг-чи, ука! Ўқишга олиб кирадиган одамим йўқ. Бошқа иш билан келдим.
Йўлаклар кимсасиз. Ифлос. Қоғоз парчалари сочилиб ётибди.
Эшигига «местком» деган ёзув илинган хонада ўтирган, сочи калта қилиб қирқилган қиз
ачиниб бош чайқади.
— Санжар Оллоберганович ҳозиргина чиқиб кетувдилар. Нима деб қўяй?
— Ўзи билан гаплашишим керак, — дедим ҳафсалам пир бўлиб. — Зарил ишим бор эди.
— Энди янаги жумага келадилар. — Қиз астойдил ёрдам бергиси келаётгани кўриниб
турарди. — Биласизми, — деди дераза олдига бориб. — Ҳов анави қайрағоч соясида турган
қора «Волга» Санжар Оллобергановичники. Йўлдан деканатга кирмоқ-чи эдилар. Машина
олдида пойлаб турсангиз, тушиб қоладилар.
— Номери неччи?
— Ниманинг номери? — деди қиз тушунмай.
— Машинанинг.
— Билмасам... — Қиз бир зум ўйланиб турди-да, қўшиб қўйди: — Менимча, бошланиши ўн
бир.
«Бошланиши ўн бир» «Волга» олдида узоқ туриб қолдим. Шаҳарча ҳамон ғужғон ўйнар, ойнабанд эшик тарафдан шовқин-сурон эшитиларди. Ниҳоят, ярашиқли кийинган,
қизларникига ўхшаш лўппи, оппоқ юзларида ўзига ишонч, хотиржамлик акс этиб турган
хушмўйлов йигит вазмин қа-дамлар билан яқин кела бошлади.
Танидим! Ахир бу — ўзимизнинг «вожак»-ку! Пахтадаги воқеадан кейин мени ўқишдан
ҳайдашга ваъда берган комсомол сардори Санжар! Ўзгармабди. Фақат сал тўлишибди. Янаям
салобатли бўп қопти.
Мен томонга шубҳали қараб қўйди-да, машина эшигига калит солди.
— Сизни кутиб турувдим, — дедим яқин бориб.
У менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди-да, элас-элас таниди шекилли, самимий жилмайиб,
қўл узатди.
— Сиз бизда ўқирдингиз-а! — деди ҳамон жилмайиб. Қўлига тутқазган аризамни синчиклаб
ўқиб чиқди.
— Проблема йўқ! — деди ишонч билан. — Ётоқхонадан алоҳида хона ажратамиз. Ўқишни
битиргунча келин билан тураверасизлар.
Ҳаммаси аён! Энди Шаҳноза ётоқ йўлагида турсичан юрган талабалар орасидан ўтиб,
бурчакдаги ошхонага бориб, чой қайнатиши қолувди.
— Тушунмадингиз, — дедим совуққонлик билан. — Бизга ётоқхона эмас, уй керак. Алоҳида
квартира...
У астойдил ажабланди:
— Ўйлаб гапиряпсизми, Рустамбек! Домлаларнинг ўзидан юзга яқин одам навбатда
турибди. Сизга, кечирасиз-ку, аспирантлар уйидан ҳам жой беролмаймиз.
— Менга аспирантлар уйи керакмас, — дедим қайсарлик қилиб.
Санжар Оллоберганович тағин бошимдан оёғимгача қараб чиқди.
— Тўғри, — деди қўлидаги аризани силкитиб. — Афғонистонда бўлган экансиз. Лекин у
ёққа сизни биз юборган эмасмиз. Қолаверса, бизда «афғон» болалар кўп. Ҳар биттасига алоҳида
квартирани қаердан оламиз?
— Мен «бола» эмасман! — дедим ғашим келиб. — Гап шу, Санжарбек! Аризамни қабул
қилдингиз, деб ҳисоблайман. Келаси жума куни нечанчи навбатда турганимни тасдиқловчи
қоғоз ёзиб берасиз. У ёғи менинг ишим!
Чамаси, турқи тароватим қўрққувли эди шекилли, «местком» елка қисганча машинага
ўтирди-да, осойишта ҳайдаб кетди. Шунда... қора «Волга»ни аввал ҳам кўрганим ёдимга
тушгандек бўлди. ЗАГСга ариза топширадиган кунимиз «Пахтакор» метроси олдида Шаҳноза
шу машинадан тушган-ди... Тағин билмадим...
Августнинг йигирма биринчи куни
Шаҳнозанинг юзи аллақандай нотекис бўлиб бораётганини биринчи марта пайқадим.
Синчиклаб қарасам, ҳуснбузар тошиб кетибди. Мойупа суриб шунча уринади, лаънати ҳусн-
бузар қасд қилгандек баттар кўпаяди.
Августнинг йигирма учинчи куни
Эски шаҳардан чарс сотиб олдим. Яхши! Фақат... Уйга боргим келмаяпти. Қоронғи
тушишидан қўрқяпман.
Ўша куни кечаси
Қоп-қора соқолли «дух» мени бўғяпти. Бошида салла. Қизиқ, қўлида ҳам салла. Саллани сиртмоқ қилиб, бўйнимга солди-да, кўзлари олайиб, торта бошлади. Урай десам, қўлим
етмайди. Нафасим қайтиб, хириллаб қолдим. «Дух» эса тишларини ғижирлатиб, сиртмоқ учини
тортади.
— Автомат! Автоматим қани? — ... Сапчиб туриб кетдим.— Автомат! — дедим хириллаб.
Кўзимни очсам, каравот ёнида, ерда ётибман. Шаҳноза пиёлада совуқ чой тутяпти.
— Ичинг, — деди дағ-дағ титраб. — Сизга нима бўлди, Рустам ака?
Пешонамдан совуқ тер чиқиб, Шаҳнозанинг оёғидан қучдим.
— Қўрқма, Шаҳноз, — дедим юпатиб. — Ҳозир... ҳозир ўтиб кетади... Шунчаки, туш
кўрдим...
Августнинг йигирма тўртинчи куни
...Кўзлари... ҳайрат аралаш меҳр билан ёниб турадиган кўзлари қовжираб кетибди. Минг йил
уйқудан қолган одамдек. Келин дегани тўйдан кейин яйраб-яшнаб, очилиб кетгувчи эди.
Шаҳноза кўз ўнгимда сўлиб боряпти.
Августнинг йигирма бешинчи куни
Кечқурун уйга келсам, Шаҳноза ҳовлига сув сепаётган экан. Эгнида халат, жиякли атлас
лозим.
— Аям келдилар, — деди қулоғимга пичирлаб. — Кириб, сўрашинг.
Кўзида қувонч, овози хушчақчақ эди.
Қайнонам ойимнинг олдида жуда ёш кўринади. Айланиб-ўргилиб сўрашди. Пешонамдан
ўпиб кўришаркан, кўзимга хавотирланиб қараб қўйганини аниқ сездим.
Ётоққа кирсам, Шаҳноза диван олдида турибди.
— Кўзингизни юминг! — деди эркаланиб. — Йў-ўқ, уна-қаси кетмайди. Яхшилаб юминг.
Ана шунақа! Мана бу сизга! Адамлардан — куёвларига!
Кўзимни очган эдим, қўлимга гулдор салофан қопчиқ тутқазди.
«Монтано» спорт кастюмчаси экан.
— Қани, дадасининг қизини битта ўпиб қўйсинлар-чи! — Шаҳноза кулимсираб юзини
тутди... Юзлари ловуллаб турибди.
Августнинг йигирма олтинчи куни
Доцент очиқ чеҳра билан кутиб олди. Нима ўзгариш бўлаётганини сўради.
— Энг муҳими — қўрқманг! — деди бир бошдан тушунтириб. — Ўша паллада шошманг.
Ҳаяжонланманг. Касалман, деган гапни хаёлингиздан чиқариб ташланг. — Бармоқлари билан
столни чертиб ўтирди-ўтирди-да, ўзига ўзи гапираётгандек қўшиб қўйди: — Бунақа пайтда кўп
нарса аёлнинг маҳоратига боғлиқ. «Маҳорат?» Қанақа маҳорат? Нима, Шаҳноза ж...мидики,
«маҳорат»ни намойиш қилса?
Доцент важоҳатимни кўриб, кўзини олиб қочди.
— Мени айтди дерсиз, ука, — деди юпатиб. — Ҳали қўша-қўша фарзандлар кўрасиз.
Ўғлингизнинг тўйида ўзим бориб ошнинг энг ширин жойидан ейман. Келишдикми?
Августнинг йигирма тўққизинчи куни
Шаҳар ижрокўмининг уй тақсимоти бўйича комиссияси терговга ўхшаган нарса бўларкан.
Узун стол тўрида калта енгли кўйлак кийган, жингалаксоч киши ўтирибди. Стол атрофида йигирма чоғли одам. Эркак-аёл аралаш. Негадир ҳаммасининг қиёфаси бир хил: тунд, лоқайд.
Фақат бир одам — мажлис раисининг ўнг тарафида ўтирган киши бошқаларга ўхшамайди. Юзи
шунақанги озғин, шунақанги заҳилки, биров эски ўликни гўрдан суғуриб чиқиб, калла чаноғига
тери ёпиштириб қўйгандек. Чакаклари ич-ичига кириб кетган, бўйни ингичка, қилтириқ. Аммо
тошбақанинг бўйнидек сертомир, чайир... Юпқа лаблари асабий титрайди. Шундай иссиқда
қора костюм кийиб, бўйинбоғ тақиб олган, кўкраги тўла орден, медаллар. «Қизил юлдуз»,
«Жанговар Қизил байроқ», «Ватан уруши»... Гап бунда ҳам эмас. Кўзлари ғалати, кўзлари... Чор
атрофга, одамларга, оламга, борингки, ўзига ҳам шу қадар чексиз қаҳр билан боқадики, қараса
этингни сескантириб юборади. Баайни Ёвуз Руҳнинг ўзгинаси!
— Фамилиянгиз? — деди Жингалаксоч мен томонга қарамай.
Айтдим.
— Одамларга нима бўлган ўзи, Соат Ғаниевич! — Жингалаксоч қўлидаги «дело»ни Ёвуз
Руҳ олдига ташлади. — Шунча эгоизмни кимдан ўрганган бу ёшлар! — деди афсус-надомат
билан.
Ёвуз Руҳ қоғоз титкиларкан, мен томонга қараб қўйди. Ўзининг ҳақлиги-ю, менинг
ноҳақлигимга, ўзининг қудрати-ю, менинг ожизлигимга ишонч билан тўлиб-тошган бу нигоҳда
яна бир нарса — нафрат бор эди! Ҳатто «инқилоб чавандози»нинг белига «осилиб» турган
прокуратура «босси» ҳам менга бунчалик жирканиб қарамаганди. Беихтиёр кўзимни олиб
қочдим.
— Уй керакми сенга?
Худо ҳаққи! Шарти кетиб, парти қолган кекса одамнинг овози шу қадар гумбурлашини
биринчи кўришим. Худди гўрдан чиққан садодек!
— Уй керак бўлиб қолдими? — деди Ёвуз Руҳ тағин таҳдидли гумбурлаб.
Тамом! Ҳаммаси тушунарли! Булардан ҳеч қачон, ҳеч қандай нажот йўқлигини англадиму,
вужудимда ажиб енгиллик сездим. Нима қипти, биринчи марта кўряпманми бунақа
Ҳангомаларни!
— Ҳа! — дедим ўзимни босишга уриниб. — Уй керак!
— Домлаларга йўқ уйни сенга қаёқдан топиб берсин?
— Унисини билмадим, — дедим ростини айтиб. — Аммо менга уй керак. Хотиним билан
ётоқхонада туролмайман!
Ёвуз Руҳ кўзимга тешиб юборгудек узоқ тикилди.
— Биографиянгда ёзибсан! — деди қоғоз варақлаб. — Шаҳар судида ишлаган экансан. Бир
йил ишладингми?
— Саккиз ой...
— Нега ҳайдашди?
— Ҳайдашгани йўқ, — дедим хотиржамлик билан. — Ишлагим келмади.
— Эшитдингизми, Дмитрий Степанович! — Ёвуз Руҳ Жингалаксочга қараб кулди. Кулгиси
ғалати экан. Худди калтакесакнинг томоқ қоқишига ўхшайди. — Суд органида ишлагилари
келмабди... Хэх! Жингалаксоч индамади. Чарчоқ қиёфада бошини кафтига қўйганча тирсаги
билан столга таянди. Бир чеккада ётган «Малборо» сигаретидан олиб, ялтироқ чақмоқтош ёқди.
Узун стол атрофида ўтирган бир хил қиёфадагилар бир хилда сукут сақлашар, ҳайҳотдек хона
жимжит, Ёвуз Руҳ варақлаётган қоғозлар ғайритабиий баланд овозда шитирлар эди.
— Афғонда хизмат қилган экан, — деди Ёвуз Руҳ. — Бош аргументи шу.
— Начора? — Жингалаксоч тутун қайтарди. Юзимга тикилиб туриб, анчайин осойишта
оҳангда тушунтирди: — Сизни Афғонистонга биз юборган эмасмиз, йигитча.
— У ёққа борганимга мен ҳам афсусланаман! — дедим совуққина қилиб.
— Қўйиб берса душман томонига ҳам ўтиб кетади бунақалар. — Ёвуз Руҳ ўйиб юборгудек
чақчайди. — Шошма! — деди навбатдаги қоғоз варағини ажратиб олиб. — Отанг колхоз раиси экан-ку! Тўғрими шу гап?..
— Тўғри.
— Раис бўлса битта ўғлига Тошкентдан участками, кооператив уйми олиб беришга кучи
етмайдими?
Кулдим.
— Бундан чиқди... Раис отам менга участка ёки кооператив уй олиб берса, ҳаммаси ўзидан-
ўзи ҳал бўлади. Шунақами?
— Пажалста! — деди Ёвуз Руҳ қўл дўлғаб. Жингалаксоч унинг хулосасини дарҳол
қувватлади:
— Шахсий мулк сотиб олишга ҳар бир гражданнинг ҳаққи бор.
— Шунақа-ку... — дедим киноя билан. — Отам энди раис эмас-да! Лагерда ётибди.
Шимолий Қозоғистонда! «Ўзбек иши» билан қамалган.
Ёвуз Руҳнинг кўзлари ёниб кетди.
— Ах-да! — деди ғўлдираб. — Кўрдингизми, Дмитрий Степанич! Бу... — ипдек бармоғини
бигиз қилиб мени кўрсатди. — Бу — шубҳали шахс! Биографиясини ёлғон ёзган. Отаси
қамалганини атайлаб яширган. Жамоатчиликни чалғитмоқчи бўлган.
— Қизиқ...—дедим ясама лоқайдлик билан. — Отам раислигидан фойдаланиб, менга уй
олиб берса, қонунга хилоф эмас. Дадамнинг қамалганини ёзмасам — жиноят экан-да!
— Сен... сен... гапни чалғитма, унсур! — Ёвуз Руҳ ўрнидан туриб кетди. Тошбақаникидек
ингичка бўйни баттар тиришиб, боши асабий қалтиради. Кўксидаги орденлари жиринглаб
кетди. — Бўшатиб қўй кабинетни!
— Ҳаяжонланманг, Соат Ғаниевич! — Жингалаксоч Ёвуз Руҳни юпатди. — Ўтиринг!..
Йигитча! — деди муросага чор-ловчи оҳангда. — Сизга квартира беролмаймиз. Бўпти, сизга
рухсат.
— Уй керакмиш бунга! — Ёвуз Руҳ ҳамон ғазабини босиб ололмасди. — Ана,
хотинингникига бориб тур!
Чиқиб кетардим-у, гапи нашъа қилди.
— Мусулмонмисиз? — дедим қоним қайнаб. — Мусулмончилик қоидаларини
тушунасизми?
— Мен ҳеч қанақа мусулмончилик-пусулмончиликни билмайман! — Ёвуз Руҳнинг боши
соат капгиридек ликиллади.
— Мен биламан! — дедим қайсарлик билан. — Ичкуёв бўлишни хоҳламайман!
— Бўлмаса, хотининг билан кўчада ётиб юравер! — Боядан бери тилимни тийиб турган
эдим. Ёвуз Руҳнинг гапи жонимдан ўтиб кетди. Айтмаслигим керак бўлган гапни айтиб
юбордим:
— Нега шу тупроқда туғилиб ўсганлар шаҳар чеккасига чиқиб, лой чангаллайди-да, кеча
келганларга уй тайёр?
— Нима? — Жингалаксочнинг кўзлари таҳдидли қисилди. — Нима дедингиз?
— Аниқроқ қилиб айтайми? — дедим ғазабдан овозим қалтираб. — Нима учун ўзбекка уй
йўқ-да, кеча вагондан тушганларга уй тайёр?
— Шунақа денг? — Жингалаксоч лабининг бир чети билан кинояли илжайди. — Демак, сиз
Тошкент фақат туб аҳолиники, ғайримиллатлар кетсин, демоқчисиз? Тўғри тушундимми?
— Йўқ! — дедим бош чайқаб. — Илгари келганлар кетсин, демоқчи эмасман. Энди
келаётганлар келмасин, демоқчиман. Аҳоли ўзимизда ҳам...
У ёғини айтолмадим. Стол атрофида ўтирган бир хил қиёфалилар тўсатдан ҳар хил қиёфага
кирди. Ҳар хил овозда ҳайқира бошлади. Бири кўзи олайиб бақирди, бири чинқирди, яна бири
ҳайратдан ёқасини ушлади. Фақат айбномаси бир хил эди. Миллатчи! Халқлар дўстлигининг
душмани!

— Жим! — Гувиллаб турган йўғон-ингичка товушларни гумбурлаган садо таққа тўхтатди.
— Жим бўл! — деди Ёвуз Руҳ ўкириб. Қалтироқ қўлини пахса қилиб қичқирди: — Унсур! —
деди оғзидан кўпик сачратиб. — Сени ўз қўлим билан отиб ташлашга тайёрман! — Кейин
Жингалаксочга юз-ланди. — Милиция борми бу даргоҳца, Дмитрий Степанич! Бунақа
бандитларни тийиб қўядиганлар борми-йўқми исполкомда!
Жингалаксоч вазмин одам экан. Шошилмай ўрнидан турди.
— Қўйинг, Соат Ғаниевич! — деди тасалли бериб. — Асабингизни асранг.
Секин-секин юриб ёнимга келди.
— Ўртоқ Шоматов, — деди қуруқ ва расмий оҳангда. — Совет граждани сифатида
давлатдан квартира олишга ҳақлисиз. Навбатингиз келса — оласиз. Сиз — озодсиз!
Қаранг, қандай яхши! Менга озодлик ҳадя этяпти! Мана, майнавозчилик томошаси тугаяпти.
Ҳаммаси жойида. Ҳаммаси рисоладагидек.
— Рухсатингиз билан бир нарсани сўрасам, — дедим иложи борича мулойим қилиб. —
Навбатим қачон келади?
Жингалаксоч мендан ҳам мулойим жилмайди:
— Юз йилдан кейин!
Ўша куни
Гарангсиб кўчага чиқдим. Чарс чекким келарди. Майли, биз камбағалларга «Прима» ҳам
тешиб чиқмайди! Энди сигарет тутатсам, ёнбош томондан ғўлдираган овоз келди:
— Чекишдан ол, ука!
Энсам қотиб бурилиб қарадим. Ким бўлди бу? Аввалига эслолмай турдим-у, тамакидан
сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, илжайганидан таниб қолдим.
— Ие, Маузер ака!
— Қалайсан? — деди у қўлимни қисиб. — Шомансур акадан хабар борми?
— Хат келди. Юрганмишлар...
— Майли, ука, сабр қилинглар! — деди у сигарет тутатиб. — Мени айтди, дерсан, бу
олатасирлар босилади. Нариси билан уч-тўрт йил. Жим юрибсанми ишқилиб? Ҳеч қаёққа
бормадингми?
— Бордим. Республика прокуратурасига.
— КПЗга тиқмадими?
— Яна бир марта келсанг, жиннихонага жўнатаман, деди.
— Тўғри айтибди! — Маузер Соатович илжайиб қўйди. — Жўнатадиям! Уларга
чекланмаган ҳуқуқ берилган.
— Дадамнинг орденини топширдим. Амбарцумянга бериб қўйсин.
— Бекор қипсан! — У кескин бош чайқади. — Даданг орденни ҳалол меҳнат қилиб
олганлар.
— Бўлмаса, ҳалол меҳнат қилган одамни қамоққа тиқмасин.
Маузер ака «шу гапни менга айтяпсанми?» дегандек таънаомуз қараб қўйди. Бирпас сукут
сақлаб турди-да, сўради:
— Бу ерда нима қилиб юрибсан?
— Уй масаласида келгандим.
— Уйни нима қиласан?
— Уйландим, — дедим хушламай.
— Зарилмиди? Нима қилардинг ёш бошингга бўйинтуруқ илиб?
Ғашим кела бошлаганини сезиб, елкамга қоқди.
— Мен-ку, овқатланиб олдим, — деди кулимсираб. — Қорнинг қалай? Бу ернинг ошхонасида лағмонни боплайди. Ейсанми?
Индамай бош чайқадим.
— Юр, бўлмаса, салқинроққа борайлик.
Рўпарадаги боққа кирдик. Камалакранг харракка бориб ўтирдик. Боғ ичи дим, болалар қий-
чув солиб отўйин учар эди.
— Комиссия мажлиси бўлдими? — деди у менга қарамай.— Зампред бошқаргандир
йиғилишни? Сочлари жингалак Васильев?
Бош ирғадим.
— Нима деди?
— Юз йилдан кейин навбатим келаркан.
— Тўғри айтибди! — Маузер ака хунук хириллаб кулди. — Бу ўртоқ, — деди тушунтириб.
— Ўзбекистонга ёрдам бериш учун Марказдан келганлардан.
Менга нима? Марказдан келадими, Америкаданми? Маузер ака мунғайиб ўтирганимни
кўриб, елкамга қўл ташлади.
— Ўзбекнинг мақолини эшитганмисан? — деди кўзимга тикилиб, салқиган қовоқлари
липиллаб кетди. — Меҳмон — отангдан улуғ. Зўр мақол-а? — Тағин кулган эди, йўтал тутди.
— Шунақа! — деди туфлаб. — Уйингни тўрини бўшатиб берасан. Охирги кўйлагингни сотиб
бўлса ҳам дастурхон ёзасан. Ноз-неъматларни тўлдириб ташлайсан. Мехмон, ия, булар
жаннатда яшаркан-ку, деб ўйлаб қолади. Кетаётганида елкасига тўн ёпасан. Хотинига бир жўра
атлас берасан. Болаларига мева-чева... Меҳмон яна ўйлаб қолади. Ие, пора беряпти-ку, бундан
чиқди, бир балоси бор, дейди... Кейин мазахўрак бўлади. Эртасига ўнта меҳмон келади. Сенга
пойгак ҳам тегмай қолади. Ҳовлига чиқасан. Индинига юзтаси келади. Ҳовлигаям эга чиқади.
Кўчага чиқиб кетасан. Кўчаям торлик қилиб қолса, «фиш-ш-шт!» — У ҳуштак чалган эди,
оғзидан тупук сачраб кетди. — Учасан, космосга!
Маузер Соатович жимиб қолди. Салқиган қовоқлари орасида милтираб турган кўзларида
ғусса бор эди.
— Халқлар биродарлиги деган нарса — муқаддас тушун-ча,—деди хўрсиниб. — Аммо бир
юрт иккинчи юртни азбаройи бахтли қилиш учун босиб олмас экан. Бундан ўттиз йил, қирқ йил
аввал юртимизга келган биродарларимизда инсоф бор эди... Энди бўлса... — У ҳафсаласизлик
билан қўл силтади. — Ўзимизда юз минглаб ишсизлар юрибди саланглаб, иттифоқ
тасарруфидаги корхонани қуради-да, йигирма минг-ўттиз минг «мутахассис» олиб келади.
Қурган заводи республикага шимилдириқ ҳам бермайди. Ҳаво билан сувни заҳарлагани қолади.
— Бирпас жим қолди-да, ўрнидан турди. — Бўпти, кетдик, укам, сениям юрагингни сиқиб
юбордим...
Катта кўчани кесиб ўтаётганимизда, истеҳзоли илжайди.
— Марказ нега шунақа қилаётганини биласанми? Халқаро қонун бор: қайси юртда туб
аҳоли сони эллик фоиздан кам бўлса, «миллий озчиликка» айланиб қолади, яъни ўша юртга
эгалик ҳуқуқини йўқотиши мумкин. Мана, мақсад қаерда ётибди! Бўпти, хайр! — У асабий
қалтираётган қўлини чўзди. — Сенинг уйинг масаласи бўйича, албатта, мақола ёзаман! — деди
ишонтириб. — Яна эллик учта «афғон»нинг хати қўлимда турибди!
Сентябрнинг биринчи куни
Ўқишлар бошланди. Иккинчи курсга кириб, уялиб кетдим. Укам тенги олтита бола
ўтирибди. Қолгани қизлар. Ҳаммаси офтобда эркаланиб шўхлик қилаётган мушук болага
ўхшайди. Ўн икки нафар йигит армияга кетибди... «Мушукчалар» менга-ку унча эътибор
беришмади. Аммо ҳаммаси охирги қаторда ўтирган, бир кўзи кўр, оғзи қийшайиб кетган
йигитга хавотирланиб, ҳатто ирганиб қараётганини аудиторияга кирган заҳоти ҳис қилдим Биддимки, «афғонлар»дан. Ёнига бориб ўтирдим.
— О-о-отим Т-с-солижон... — деди дудуқланиб. («С»га «Т»ни қўшиб гапирмаса, тили
айланмас экан.)
Солижоннинг юзи чиндан ҳам қўрққувли эди. Чап кўзи кўр, оғзи қийшиқ, чап юзи оловга
тушган маҳсидек ғижимланиб кетган. Тутилиб-тутилиб айтган ҳикоясидан шуни англадимки,
Қобул томонларда бензовоз ҳайдаган экан... У ёққа кетишдан олдин математика куллиётида
ўқиркан. У ердаги фанлар оғир бўлгани, мияси муттасил оғришини ҳисобга олиб, бизга
ўтказишибди.
— У ёқда нима бўлди? — десам, дудуқланиб тушунтирди:
— Фу-фу-фугас портлади... — Елкасидан қучиб, юзидан силагим келди.
Сентябрнинг еттинчи куни
Республика газетасида «Афғонистон жангчиларига муносабат шуми?» деган мақола
чиқибди. Ўзим бехабар эдим. Танаффусда Шаҳноза қўлимга газета тутқазди. (Хотининг
тўртинчи курсда, ўзинг иккинчида ўқисанг, қизиқ бўларкан.) Мақолада шаҳар ижроқўми,
хусусан, раис ўринбосари Д.С.Васильев Афғонда жароҳатланган аскарлар қисматига бефарқ
қараётгани, бу масалада шикоятлар кўплиги айтилган эди. Бири телефон, бири уй, тағин
биттаси оддий табобат ёрдамига муҳтож бўлиб юрганларнинг узундан-узоқ рўйхатида менинг
ҳам исми шарифим бор эди. Қизиқ одам-да, Маузер ака! «Булар билан олишишдан наф йўқ»,
деб менга насиҳат қилади-да, тағин ўзини ўтга уради! Нима фойдаси бор!
Сентябрнинг саккизинчи куни
Шаҳноза «аямни соғиндим, кўриб келамиз», деб туриб олди. Аввалига тушунмадим. Мунча
тиқилинч? Кейин бирдан ёдимга тушди. Ахир бугун саккизинчи-ку! Тўйимизга роса 1 ой бўлди.
Вой, Шаҳноза-ей! Вой, шум-ей! Йўлдан гул, торт олдик. ...Бу кўча менга яхши таниш. Бир
вақтлар мана шу тол тагигача кузатиб қўярдим. У ёғи Шаҳнозанинг таъбири билан айтганда,
«тақиқланган зона» эди: қўни-қўшнилар кўрса гап-сўз кўпаяди... Бир ой илгари шу кўчадан
жўраларим билан қий-чув қилиб кириб бордик. Ҳозир ҳам қулоғим остида ноғора садоси,
карнайнинг тантанавор овози янграб кетгандек бўлди. Энди бу кўча — менинг ҳам кўчам.
Анави кунгурадор, дарвозали уй — менинг ҳам уйим! Куёвман... Ҳар қалай! Дарвозани Дилноза
очди: Шаҳнозанинг қақажон синглиси. Опасининг бўйнига осилиб, икки юзидан чўлпиллатиб
ўпди.
— Рустам ака, салом! — деди катта қизлардек қўл чўзиб.
— Почча дегин, жинни! — Шаҳноза дашном бериб улгурмасиданоқ Дилноза ҳовлига
югурди.
— Аяжон! Шаҳноза опам билан Рустам акамлар келишди! Шаҳнозанинг «қиз ўтириши»да
келганимда одам кўплиги учунми, ҳовли тордек кўринган эди. Энди разм солсам, кенг-мўл
экан. Ҳовли ўртасида гулзор яшнаб ётибди. Мармар фавворачадан сув зарралари отилади. Дид
билан гир айлантириб солинган уйлар ярақлайди. Очиқ айвон нафис пардалар билан тўсилган.
Қайнонам югуриб айвондан тушди. Аввал менинг пешонамдан ўпди. Кейин Шаҳнозани
қучоғига олди. Айланиб-ўргилиб кўришаркан, Шаҳнозага термулиб турган кўзларида «қалай,
янгиликлар борми?» деган унсиз саволни уққандек бўлдим. Кўнглим чўкиб туриб қолдим.
— Қани, ичкари киринглар! — Қайнонам елкамга қоқиб илтифот қилди. — Қудам
яхшимилар? Қудабувамлардан хуш-хабар борми? Ҳамманглар яхши ўтирибсизларми? —
Айвонга чиқаётганимизда ичкарига қараб, овоз берди: — Адажониси! Қизингиз билан ўғлингиз
келди!

Ичкаридан қайнотам чиқди. «Адидас» кийиб олган, сочлари қоп-қора, ҳаракатлари
ёшлардек чаққон... Икковимиз кўришаётганимизда қайнонам беозор койиди:
— Вой ўлмасам, бу қанақа юриш куёвингизни олдида, аллакимларга ўхшаб... Боринг,
костюм кийиб чиқинг!
— Нима қипти, Рустам ўзимнинг ўғлим! — деди қайнотам
дўстона жилмайиб.
Шаҳноза қўнғироқ қилиб қўйган шекилли, дастурхон ноз-неъматлар билан безатилган,
ўртада «Наполеон» коньяги, «Золотое кольцо» арағи турарди. Қайнотам дадамдан қандай хабар
борлигини суриштирди.
— Хафа бўлманглар! — деди далда бериб. — Буям юрт бошига тушган тўй-да. Кўрасиз,
ҳаммаси изга тушиб кетади.
Шаҳноза бирпасда елиб-югуриб хизмат қилишга киришди. Аввал чой, кетидан шўрва
келтирди. Қайнотам шоколаднинг зар қоғозини йиртиб, олдимдаги ликопчага қўйди. Коньяк
пўкагини оча бошлади. Шаҳноза менга таънаомуз қараб турганини сезиб, илтимос қилдим:
— Қўйинг, ада, мен ичмайман.
— Тўғри қиласизлар! — деди Шаҳноза жилмайиб. — Иссиқ кунда...
— Сен эркакларнинг ишига аралашма, хўпми, қизим! — деди қайнотам эркаловчи оҳангда.
— Яхшиси, аянгга қараш...
Миттигина биллур қадаҳдаги бир қултум ичкиликдан терлаб кетдим.
— Васильевнинг пўстагини қоқишибди-ку!—деди қайнотам шўрва ичатуриб.
Тушунмадим.
— Кечаги газетани айтаман! — Қайнотам кулимсираб бош чайқади. — Ўзимга айтсангиз
ҳам бўларди, Рустамжон. Дмитрий Степанович билан яхши танишмиз.
Бундан чиқди қайнотам Жингалаксоч билан... Ҳа, дарвоқе, шаҳардаги каттакон «торг»нинг
бошлиғи бўлганидан кейин танийди-да.
— Бу ёғини ўйламаган эканман, — дедим қимтиниб. — Маузер Соатович билан тасодифан...
— Ким у Маузер Соатович? — деди қайнотам гапимни бўлиб.
— Редакцияда ишлайди.
— Умуман, тўғри ёзган, — деди қайнотам яна коньяк қуйиб.
— Барибир бизга уй бермайди, — дедим ишонч билан.
— Нега бермас экан? Беради! Қани, олдик! Саломатлик бўлсин! — Қайнотам самимий
илтифот қилди. — Олаверинг, Рустамжон. Нима қипти, жиндай-жиндай...
Ийманиб шўрва ҳўплаётганимда ўрнидан турди.
— Бемалол ёзилиб ўтираверинг, мен ҳозир... — деди-да, айвонга чиқди. Зум ўтмай ўша
томондан телефонни ғириллатиб рақам тераётгани эшитилди.
Хонага гунафшаранг бахмал муқовали альбом кўтариб Дилноза кирди. Ниҳолдек нозик.
Қош-кўзлари Шаҳнозага ўхшаб кетади.
— Рустам ака, — деди сирли қилиб. — Битта нарса кўрсатайми?
Ёнимдаги стулга ўтирди-да, альбомни очди.
— Мана! — деди кўзларида болаларча табассум ёниб. — Қаранг!
Бу ўзимнинг Афғонистондан юборган суратим эди. Эгним-да бушлат, бошимда шлемофон,
елкамда автомат...
— Дилноз!.. — Остонада пайдо бўлган Шаҳноза альбомга кўзи тушди-ю, югуриб келди.
Альбомга қўл чўзган эди, Дилноза чаққонлик қилиб, шаппа ёпди.
— Йиғлагансиз! — деди каттакон сирни очаётгандек бошини сарак-сарак қилиб. — Ўзим
кўрганман, Рустам акамнинг суратини томоша қилиб, ҳар куни йиғлагансиз!
Шаҳноза дув қизариб кетди.
— Хоин! — деди мушти билан ясама дағдаға қилиб.

— Йиғлагансиз! Йиғлагансиз! — Дилноза кула-кула айвонга қочиб чиқди.
Ўша томондан қайнотамнинг овози кедди:
— Барношка! Мен — Расулевман. Дмитрий Степановични улагин... Степанич! Салом!
Анави масала бўйича индинга борса бўладими? Ҳа, Шоматов Рустам... Келишдик, соат учга!
Бирпасдан кейин қайтиб кирди.
— Рустамжон! — деди тушунтириб. — Индин соат учга ижроқўмга борасиз. Иккинчи қават,
зампред қабулхонаси...
— Васильев дегани ўша одам бўлса, — деб бошлаган эдим, қайнотам кулиб, сўзимни кесди:
— Бемалол бораверинг. Ёрдам беришади. Газета танқидидан хулоса чиқарсин-да, мундоқ!
Сиз ўзингизнинг қонуний ҳаққингизни талаб қиляпсиз!
Сентябрнинг ўнинчи куни
Эшикни иккиланиб очдим. Майли, Жингалаксоч қайнотамнинг сўзини ерда қолдирмаслик
учун мени қабул қилишга-ку қилар. Аммо ўша одам мен эканимни қаёқдан билсин? Кўради-ю,
ҳайдаб чиқаради. Юз йилдан кейин кўришишга ваъдалашганмиз, ахир!
Қабулхонада оёғини чалиштириб сигарет чекиб ўтирган котиба қиздан бўлак ҳеч ким йўқ
эди. Қиз исми шарифимни сўради.
— Бир минутга! — деди-да, сигаретни кулдонга босиб ўчирди. Шошилмай ўрнидан турди.
Жинси юбкаси шунақанги калта эканки, хаёлимга бемаъни ўй келди: табиий зарурат юзасидан
анавинақа жойга борса, юбкасини кўтариб ҳам ўтирмаса керак. У чарм қопланган эшик ортида
ғойиб бўлди-да, дарҳол қайтиб чиқди. Оппоқ, лўмбиллаган сонларини намойиш қилиб, дик-дик
юриб келиб, жойига ўтираркан, мулойим жилмайди:
— Марҳамат, ўртоқ Шоматов.
Хона унчалик катта эмасди. Ортиқча ҳашамлар йўқ. Деворда «Партия — давримизнинг ақл-
идроки ва виждонидир» деган шиор осиғлиқ турибди. Кириб борганимда Жингалаксоч хона
ўртасида турган экан. Осойишта юриб келиб, кўришиш учун қўл чўзди.
— Дмитрий Степанович! — деди ўзини таништириб. Анграйиб қоддим. Наҳот танимаган
бўлса? Икки ҳафта олдинги даҳанаки «жанг» наҳот ёдида бўлмаса!
— Шоматов, — дедим минғиллаб.
— Ўтиринг, ўртоқ Шоматов. — У тўрдаги столдан ғижимланиб кетган таниш папкани олиб
келди. Стол қиррасидаги курсига, ёнимга ўтирди. — Қани, кўрайлик-чи, нима гап ўзи? — деди
вазминлик билан.
Қоғозларни шошмасдан варақлашини кузатиб ўтирибман-у, хаёлимда нуқул бир гап
айланади. «Мазах қиляпти! Ҳозир мулойим жилмаяди-да, узр, йигитча, юз йилдан кейин
келасиз, дейди».
— Ўртоқ Шоматов! — деди у ҳужжатларни обдан текшириб бўлгач. — Гарчанд қонунни
четлаб ўтишга тўғри келса-да, сизга ёрдам берамиз. Интернационалист-жангчиларга
кўмаклашиш — бизнинг бурчимиз. Ҳозирча эски фонддан ажратиб турамиз. Кейин ўйлашиб
кўрамиз...
— Нима? — дедим ўз қулоғимга ишонмай.
Дмитрий Степановичнинг мовий кўзларида табассум пайдо бўлди.
— Эски фонддан, — деди тушунтириб. — Чилонзорда бир хонали квартира бўшаган.
Англашимча, сиз жуда ҳам муҳтожсиз. Янги уй қурилиб битишини кутолмайсиз.
Гап оҳангида «Хафа бўлмайсиз-да, биродар», деган маъно бор эди.
— Ордерни келар чоршанба куни Чилонзор ижроқўмидан оласиз! — У хайрлашаётиб
қўлимни самимий қисди. — Уй тўйига таклиф қилсангиз, албатта, бораман!
Гарангсиб эшик олдига борганимда қўшиб қўйди:

— Редакцияга расмий жавоб хати қиламиз. Унгача ўзингиз Ҳам ишим ижобий ҳал бўлди,
деб айтиб қўйсангиз ёмон бўлмасди.
Эшик тутқичидан ушлаганча узоқ туриб қолдим. Демак, таниб турибди. Мақолани ҳам
ўқиган. Ўша кунги «безорилигимни» бир оғиз юзимга солмади.
— Раҳмат, Дмитрий Степанович! — дедим ҳаяжонланиб.
— Арзимайди. Бирон проблема туғилса, бемалол келаверинг.
Ташқари чиқиб, рўпарасидаги қайрағочга суяниб қоддим. Узоқ турдим. Курант соати
тантанавор занг урар, япроқлари эрта сарғайган қайрағоч куз шамолида оҳиста шовуллар эди.
Юрагим шодон гурсилларди. Бор экан-ку адолат! Бу дунёда ҳақиқат деган нарса ҳам бор экан-
ку!
«Маузер аканинг олдига бораман. Ҳозир! Ҳозироқ! Кейин Шаҳнозадан суюнчи оламан.
Адамга телефон қиламиз! Раҳмат, деймиз! Раҳмат, ада, ҳақиқатни тиклашга ёрдам берганингиз
учун минг раҳмат!»
Ўша куни кечқурун
Эр-хотин автомат телефонда қўнғироқ қилдик. Адам вазминлик билан қутлади.
— Ҳали сенлар кўрганингни ҳеч ким кўрмайди, болаларим, иноқ бўлинглар, сенларнинг
бахтингни кўрсам, бас, — деди. Шаҳноза икковимиз «Гулистон»га кирдик. Шаҳноза жиндай
шампань ичди. Юзлари ёниб кетди. Хурсандмиз!
Сентябрнинг ўн учинчи куни
Шаҳнозанинг юзига яна ҳуснбузар тошди. Чиннидек тиниқ чеҳраси ғадир-будир бўлиб
кетяпти.
Сентябрнинг ўн олтинчи қуни. Кечаси
Ғалати товушдан уйғониб кетдим. Нима гаплигини тушунолмай узоқ гарангсиб ётдим.
Ҳушим жойига келганида англаб етдим: Шаҳноза тескари қараб йиғлаб ётибди. Унини
чиқармаслик учун ёстиқни тишлаб олган. Ўкинч билан, алам билан йиғлаяпти. Ҳар
ҳиқиллаганида гавдаси силкиниб-силкиниб кетади... Ўзимни ухлаганга солиб ётавердим.
...Ёнингда жондан суйган одаминг йиғлаб ётса-ю, сен ақалли бир оғиз ширин сўз билан
юпатолмасанг, оғир бўларкан. ...Ўлгим келяпти...
Сентябрнинг ўттизинчи куни
Кўчиб ўтдик. Тўғри, Шаҳнозанинг ярим жиҳозлари Пскентда қолиб кетди. Аммо энди
бизнинг ўз бошпанамиз бор! Ҳар куни олтмиш чақиримга қатнаб юрмаймиз. Дмитрий
Степанович «эски фонд» деганда вайронага айланган уйни тасаввур қилган эдим. Йўқ, бир
хонали бўлса
ҳам яхши таъмирланган, қутидеккина уй экан... Кечқурун уйимиз меҳмонга тўлди. Ойим,
акам, келинойим, бу ёқдан қайнотам билан қайнонам, Дилноза... Шаҳноза ўз қўли билан ош
дамлади. Ойим «Туп қўйиб, палак ёзинглар, ўзларингдан кўпайинглар», деб оқ фотиҳа берди.
Уч эркак иккита арақни бўшатдик. Хуллас, ҳаммаёқ байрам! Энг муҳими, энг... энг муҳими —
доцент айтганидек, муҳит ўзгарди. Шояд энди...

Октябрнинг бошлари

Қарасам, буфет токчасида қўғирчоқ турибди. Қоп-қора сочи иккита қилиб ўрилган. Атлас
кўйлак, атлас лозим кийгизиб қўйилган... Кўзлари мунчоқдек. «Қаёқдан келди», десам, Шаҳноза
қўғирчоқни олиб, бағрига босди.
— Чиройлими? — деди жилмайиб.
Қўғирчоқ сочини силаркан, кўзининг туб-тубида яшириниб ётган мунг юзага қалқиб
чиққандек бўлди. Қиз бола нимага эсини танимасдан туриб қўғирчоқ ўйнайди? Нима учун
«боласи»нинг сочини тарайди. Ювин-тиради, аллалаб ухлатади? Шахноза ҳамон қўғирчоқ
сочини силар, мендан кўз узмас эди. Индамай кўчага йўл олдим. Чарс чекким келяпти!
Эртаси куни
Бу гал доцент анча хомуш муомала қилди.
— Биласизми, ука, нуқул шуни ўйлаб, яхши қилмаяпсиз. Айтдим-ку, хаёлингизда фақат бир
нарса айланаверса, тормозланиш кучайиб кетади.
Қоним қайнаб кетди.
— Нима қилай бўлмаса! — дедим бақириб. — Ўйламагин деб калламни узиб ташлайми?
Доцент елкамга кафтини босиб, кўзимга ҳамдардлик билан узоқ тикилди. — Ахир хотиним
тирик одам-ку, — дедим титраб. — Қўғирчоқ эмас-ку, дўхтир! Икки ой бўлди!
Доцент бир лаҳза ўйланиб қолди.
— Тушингиз бузилиб, эакуляция бўлиб турадими? Дафъатан гапини тушунмадим. Кейин
бориб етди калламга.
— Нимайди? — дедим ғашим келиб.
— Бир гап айтсам, кўнглингизга келмайдими? — деди ҳардамхаёл алпозда.
— Айтаверинг! Менда кўнгил қоптими?
Доцент рўпарамга ўтирди.
— Аввал ҳам гапирмоқчи бўлгандим-у, тилим бормаган-ди. — Узоқ жим қолди-да,
иккиланиброқ давом этди:— Ўзбекка ўзбек сифатида бу гапни айтишим ноқулай. Врач
сифатида гапиришга ҳам ҳаққим йўқ. — Тағин, бирпас чайналиб турди-да, қатъий қарорга
келди шекилли, ишонч билан деди: — Агар майл сезсангиз, бошқа аёл билан бўлиб кўрасиз!
Йўқ, келин билан ажрашинг, демайман. Шунчаки, кўнглингиз тусаган бирон аёл билан... Кўп
эмас, бир-икки марта. Ҳаётда бундай ҳолатлар кўп бўлади, Рустамжон. Бир аёлга муносабатда
рўй берган тормозланиш бошқаси билан бўлганда йўқолиши, яъни уйғониш жараёни нормал
изга тушиб кетиши мумкин. Биласизми... — Бошини кўтариб, кўзимга қаради-ю, дами ичига
тушиб кетди.
— Мен фаришта эмасман, дўхтир, — дедим эзилиб. — Лекин Шаҳнозанинг садоқатига
жавобим шу бўладими?
Доцент ерга қараб, хўрсинди:
— Узр, укажон...
Октябрнинг ўрталари
Домимизда Қурбоной хола деган хотин бор. Фаррош. Коптокдек думалоқ, қачон қараса,
қўлидан супурги тушмайди. Аллақаерини онамга ўхшатаман. Меҳрибонлигими, ҳар гапда
айланиб-ўргилишими...
Кечқурун эшик жиринглаб қолди. Чиқсам, Қурбоной хола турибди.
— Аканг келди, холанг тасаддуқ! — деди елкамга қоқиб. — Пешинда келган эди. Бизникига
кириб ўтириб турақолинг, Рустамжон билан келин ҳали-замон кеп қолишади, десам кўнмади.

Шошиб турган экан, хат ташлаб кетди. — Қурбоной хола конвертига Пскент адреси ёзилган
хатни узатди. Дадамдан.
— Уйга киринг, хола. Келинингизнинг овқати тайёр бўп қолди, — деб ҳарчанд қистамай,
рози бўлмади.
— Умидахон иккинчи исменда, холагинанг ўргилсин. Невараларим ёлғиз. Худо хохласа,
ойинглар келганларида, албатта, кираман! — дедию шоша-пиша тушиб кетди.
...Шаҳноза овқат келтиргунча диванга ёнбошлаб, хатни икки марта ўқиб чиқдим.
«Рустамжон, — деб ёзибди дадам. — Тўйинг бўлганини ўқиб, ўзимда йўқ севиндим. Мендан
келинга салом айт. Насиб этса, ўз юртимга омон-эсон борсам, Шаҳноза қизимнинг қўлидан
албатта ош ейман. «Сизнинг масалангиз бўйича оёғим етган жойгача боравераман», дебсан.
Калта ўйлама, жон болам! Феълингни биламан-ку, Рустамжон! Арзимаган нарсага ловиллаб
кетасан. Шундоқ ювош акангни бошига қай кунларни солмади булар! Дадам тинч бўлсин, бир
азоби икки бўлмасин, десанг, ҳеч кимнинг эшигини тақиллатма! Ҳеч кимга ялинма! Турган-
битгани ёлғон-яшиққа, зўравонликка қурилган бу юртда адолат деган нарсанинг ўзи йўқ! Аммо
бу гапни айтолмайсан. Ғиринг десанг, уриб белингни синдиради! Ёшим олтмишдан ўтиб, кўп
нарсаларга энди-энди тушуняпман, хом сут эмган банда! Ўйлаб қарасам, ўтган умрим — умр
эмас, туш экан. Гўё мен эсимни таниб-танимай биров уйқу дори ичиргану туш кўриб
юраверганман: гоҳ ширин, гоҳ хатарли туш кўриб. Ўша «биров» қаёққа судраса, кетидан
эргашиб кетаверганман, нима буюрса, қулоқ қоқмай бажараверганман... Уйғонишга эса
қўрққанман... Мана энди, уйғониб, ён-веримга қарасам, менга ўхшаганлар кўп экан...
Ишонасанми, ўғлим: баъзан қараб туриб кулгим келади. Хўп, мен-ку, «гуноҳкорман»,
«жиноятчиман». Биздақа «ёмонлар»ни «яхши» йўлга соладиганлар-чи? Улар ким? Муроди
нима? Разм солиб қарасам, улар ҳам уззукун туш кўриб юрганга ўхшайди. Вазифаси битта:
буйруқни бажариш... Кўзида маъно йўқ. Мен уларни ёмон кўраман. Аммо қараб туриб баъзан
шуларга ҳам раҳмим келади. Ўлганининг кунидан, азбаройи бола-чақасини боқиш учун шу
юмушни бажариб юрганга ўхшайди, бечоралар... Худо ҳаққи, ақлим етмайди: бу қанақа ҳаёт?
Авваллари лагердаги баъзи оғзига кучи етмаганлар мени «босмачи» деса, хафа бўлардим.
Энди парво қилмайман. Босмачи ким? Қайси босмачи қайси юртга босиб борибди? Ўз юртини
ҳимоя қилган одам босмачи бўладими? Йигирма-йигирма беш йил аввал туғилмаганимга
афсусланаман, ўғлим! Йигирма беш йил олдин, аср бошида туғилганимда эди, «босмачилар»
қаторида туриб, ҳақиқий босмачиларнинг додини берган бўлардим. Тоғ-тошларда ўлиб кетсам
рози эдим. Ўшанда онанг бечора мени учратмасди. Сен ҳам туғилмасдинг. Афғонистонга бориб,
ўзинг ҳам азоб чекмасдинг. Ўзгаларга ҳам ўқ отмасдинг! Яна бир карра айтаман: Рустамжон,
жон болам! Милиция, тергов, прокуратура деган идораларнинг эшигига йўлай кўрма! Ғинг деб
овозинг чиқдими, милён хил айбни бўйнингга шилқ этиб илади-да, КПЗга тиқади. Кейин,
додингни Худога айтасан! Буларнинг қўлига тушишни душманимга ҳам раво кўрмайман,
ўғлим! Шунақанги маккорки, қилаётган ҳунарларини кўрса Шайтоннинг оғзи очилиб қолади.
Шунақанги бешафқатки, қўллаётган усулларини кўрса, фашистнинг лабига учуқ тошади!
Адолат, ҳақиқат деган нарсаларни излаб овора бўлма. Бунақа гаплар қорга ёзиб, офтобда
қуритилган. Яхшиси, ўзингни ўйла. Онангни эҳтиёт қил. Сен у ёқдасан, мен — қамокдаман...
Онанг шўрлик иккаламизнинг дардимизда адойи тамом бўлди-ку! Лагерь началниги дуруст
одам кўринади. Октябрь ойида посилкага рухсат берган. Иложи бўлса, жун пайпоқ, қўлқоп
юборинглар. (Акангга ҳам ёзганман бу гапни.) Бу юртлар совуқ... Началник декабрда свидание
берамиз, деб ваъда қилган. Гапида турса, яна хабар қиламан. Онанг келиб, овора бўлиб
юрмасин. Илҳом иккаловинг келсанг — бас. Мендан Шаҳнозахонга салом айт. Худо насибамни
қўшиб омон-эсон борсам, келинимни пешонасидан ўпиб, яна бир карра оқ фотиҳа бераман.
Дуои салом билан, даданг. 23 сентябрь».

Октябрнинг ўрталари
Бугун Ёвуз Руҳни кўрдим. Гастрономда гўштга навбат кутиб тургандим, қарасам,
олдинроқда у ҳам турибди. Кўзлари оловдек ёниб, менга узоқ тикилди. Салом беришимни
кутди. Кўзига тик қараб туравердим.
— Ёшлар айниб кетди, — деди ёнидаги кампирга ҳасрат қилиб. — Катталарни иззат
қилмайди. Ҳасрат қиляпти-ю, овози ўктам, қаҳрли.
Қариганда аҳволи шу бўлса, ёшлигида қанақа бўлганийкин? Хаёлимга келган гапдан ичимда
кулиб қўйдим: «Қари бўри!» Бундан чиқди Ёвуз Руҳ шу атрофда туради.
Октябрнинг йигирманчи куни
«Қўлга тушишим»га сал қолди. Кундалигимни «ўз жойи»га — балкондаги эски қақир-
қуқурлар солинган шкафнинг энг пастки тортмасига яшираётганимда Шаҳноза чиқиб қолди.
«Нима қидиряпсиз?» деган эди, сигарет чекишга чиққанимни айтдим. Маънилироқ баҳона
тополмасам нима қилай? Шаҳноза кўзимга узоқ тикилиб турди-да, индамай уйга кириб кетди.
Шунақанги синчковки, хохласанг, нима туш кўрганинггача айтиб беради...
Октябрнинг йигирма иккинчи куни
Рўпарадаги домда турадиган қўшнимиз ўғлини уйлантирди. Улар билан кириш-чиқишимиз
йўқ... Умуман, домда туриш ғалати... Қишлоқда, борингки, шаҳардаги маҳаллаларда ҳам қўни-
қўшни бир-бирининг иссиқ-совуғидан хабар олиб тура-ди. Ён қўшнилар биров-бировига бир
коса овқат узатади. Эркаклар кечқурунлари чойхонага чиқиб гурунглашишади. Бировникида
яхши тўй, ёмон ўлим бўлса, ҳамма ёпирилиб келади... Домдагилар... Нима десам экан...
тошбақага ўхшайди. Аҳён-аҳёнда зинадами, эшигингиз рўпарасидами, қўшнингизга дуч
келасиз. Бошини косаси ичидан чиқариб, хўмрайиб қараб қўяди. На салом бор, на алик... Бирпас
қараб туради-да, ўрмалаб инига кириб кетади...
...Тўйга чиқмокчи эмасдик-ку, Қурбоной хола койиб берди:
— Вой, худо урди-кетди, Рустамжон болам! Кўздек қўшнининг тўйига чиқмайдими одам
деган? Шаҳноз келинимгаям айт: холам тайинладилар, дегин, силкиниб-силкиниб хизмат
қилсин! Тўй дегани кўпчилик билан бўлади-да, холанг қоқиндиқ! Худо хоҳласа, эртага сенлар
ҳам бешик тўйи қиласан, ўғил тўйи кўрасан...
Хўп, дедим. Шаҳноза эрталабдан чиқиб «силкиниб-силкиниб» хизмат қилди. Мен ҳам
наҳорги ошда лаган ташидим. Кечқурун икки дом ўртасига ёзилган никоҳ дастурхонини
безатишда кўмаклашдим... Қизиқ, тўй деган нарсанинг Худо назар солган ғалати файзи бўлади,
шекилли. Ўзимнинг руҳим-да ҳам ажиб енгиллик сездим...
Тўй кечаси очиқ деб эълон қилинганида рўпарамизга ингичка мўйловли сумакдек озғин
йигит билан атлас кўйлак кийган, қорни қаппайиб, юзини сезилар-сезилмас доғ босган аёл
келиб ўтирди. Келин-куёв шаънига айтилган биринчи табрикдан кейин рўпарамизда ўтирган аёл
жилмайган кўйи менга гап отди:
— Танимадингиз-а, Рустам ака! — Ёнидаги йигитга ўгирилиб, таништирди. — Бу киши —
Бахтйёр акам...
Бир зум тикилиб турдим-да, эсладим.
— Ие, Ҳабиба?
«Сиз» дейишни ҳам, «сен» дейишни ҳам билмай, каловланиб қолдим.
Ахир бу — Ҳабиба-ку! Ўнинчи синфда ўқиётганимда саккизинчида эди. Менга замондош
шоирларнинг шеърлари қўшилган ишқий мактублар ёзавериб, бошимни қотириб юборган қизалоқ! Боядан бери танимай ўтирганимга ўзим ҳайрон бўлдим. Жудаям ўзгариб кетибди.
— Яхши юрибсизми, Ҳабибахон? — дедим бошқа гап тополмай.
— Ништякман! — Ҳабиба шўх жилмайиб «Бахтиёр акаси»га юзланди. — Рустам ака билан
мактабдошмиз... Келинойимизни таништирмайсизми, мундоқ, Рустам ака!
Шаҳнозани таништирарканман, хаёлимга нохуш ўйлар келди. Назаримда, Ҳабиба, кўриб
қўй, сен писанд қилмагандинг, тенгимни топдим, яқинда фарзандли бўламиз, деётгандек,
Шаҳнозага истеҳзо аралаш тикилиб-тикилиб қараётгандек эди... Худога шукр! Ит эгасини
танимайдиган Тошкентдек шаҳри азимда ҳам яна бир ҳамқишлоғим топилди... Ким билсин,
қишлоқдаги висир-висирлар Ҳабибанинг ҳам қулоғига етгандир. Ҳаммаси жонга тегди! Ичгим
келяпти!
...Базм айни қизиганда тўртинчи қават деразаси очилиб майкачан бўлиб олган айиқбашара
барзанги «ўчир даранг-дурунгингни» деб ҳокимона буйруқ берганда вужудимга титроқ кирди.
Қарасам, тўйхонадаги уч юзга яқин одам дами ичига тушиб, мунғайиб турибди. Куёв билан
келин саросимада, машшокдар созини ғилофига соладиган... Бу қандоқ гап! Тўй қилиш
гуноҳми? Кимдан қўрқасан? Нимага қўрқасан, қўйга ўхшаган овсарлар! Умрим бино бўлиб,
қўлимни кўтарган бола эмасдим. Атайлаб «Лазги»га ўйнадим. Девор тагидаги столда қий-чув
кўтарилганини, беш-олти хотин-халаж орасида Шаҳноза ҳам сапчиб ўрнидан туриб кетганини,
жиққа ҳўл бўлиб, баданига ёпишиб қолган кўйлагининг ёқасини ғижимлаётганини кўриб,
тепага қарадим. Барзанги деразани ланг очганча қўлида яшил пластмасса пақир ушлаб турибди.
...Тўртинчи қаватга қандай чиққаним эсимда йўқ. Худо ҳаққи, мен унга қўл кўтармоқчи
эмасдим. Қўлидаги вино шишасини бошим устида кўтарганидан кейин... у ёғи нима бўлгани
ёдимда йўқ. Шаҳнозанинг «Ўлдириб қўясиз!» деган чинқириғидан ўзимга келдим... Ким нима
деди, нима қилди, бунисиниям эслолмайман. Фақат гўрдан чиққандек гулдураган садо
қулоғимга аниқ-равшан кирди:
— Ғирт миллатчи экансан, бола! Умринг турмада чириб кетади!
...Бу — Ёвуз Руҳнинг овози эди.
Октябрнинг йигирма учинчи куни
Фарҳод бозоридан майда-чуйда харид қилиб келаётсам, домнинг пастида Қурбоной хола
ўрис кампир Клава хола билан гаплашиб турибди. Салом бердим. Русчалаб.
— Сан, ўғлим, хапа бўма! — деди Клава хола соф тошкентча шевада. — Ичвоганидан кейин
кўнглига кеган қилғилиқни қилган-де, ану чўчқа! Эси бўса, мундоқ пастга тушмийдими,
ўтирмийдими, одамга ўхшаб... Кечаги воқеа ёдимга тушди.
— Қўяверинг, хола, — дедим кулиб. — Шунчаки гап-да! Эсимдан ҳам чиқиб кетди...
— Келинни обкир маникигаям, — Клава хола сидқи-дилдан тайинлади.—Мундоқ кириш-
чиқиш қилийлик, болам, кўздай қўшнимиз...
— Раҳмат, хола, — дедим меҳрим ийиб. — Ўзингиз чиқинг бизникига!
— Насиб этса чиқаман, болам... — Клава хола Қурбоной холага юзланиб тағин ўз
дардларидан ҳасратлаша кетди.
Ўша куни кечқурун
Уйимизга Ёвуз Руҳ келди. Юракни сиқадиган оқшом эди. Пешиндан кейин осмонни
мағзавадек кир булутлар қоплади. Қуёш ботганми-йўқми, билиб бўлмайди. Дилтанг қоронғилик
чўкди.Ташқарида куз шамоли инграйди. Дераза рўпарасидаги бақатераклар шохи айқаш-уйқаш
бўлиб, бандидан узилган хазонлар кўршапалакдек жонсарак парвоз қилади.
Шаҳноза тушдан кейин «аямлардан хабар олиб келай», деб уйга кетганча ҳамон дараги йўқ, кўнглим алағда эди. Эшик жиринглади. Йўқ, бу Шаҳноза эмас. Шаҳнозада калит бор, очиб
кираверади. Ҳайрон бўлиб, эшикни очсам, остонада Ёвуз Руҳ турибди. Бошида қора шляпа.
Эгнида узун, қора плаш. Кўзлари ёниб турибди.
— Икки оғиз гап бор! — деди-да, рухсат сўраб ўтирмай, ичкари кирди.
Беихтиёр ортга чекиниб, йўл бўшатдим.
Ёвуз Руҳ йўлакка кириб атрофни синчков кузата бошлади. Худди бу хонадонда аллақандай
шубҳали шахслар яшириниб ётгандек... Ўзимга нашъа қидди. «Нега киргиздим уйимга!»
— Хизмат? — дедим ғашим келганини яширмай.
— Гап бор! — У шляпасини ечаётган эди, билагидан тутдим.
— Ечинишингиз шартмас.
— Чироқни ёқ! — деди у ғуддираб. Асабийлашдим.
— Қоронғидан қўрқасизми?
— Мен ҳеч нимадан қўрқмайман. Ёқ чироғингни! Унинг заҳил юзи нимқоронғида яна ҳам
оқариб кетгандек бўлди.
Нега буйруқ қилади бу менга? Нега сенсирайди? Мен унинг ўғли бўлмасам, невараси
бўлмасам! Хаёлимга ғалати савол келди. «Қизиқ, шунинг ҳам болалари бормикин?»
— Менга қаранг! — дедим таҳдидига таҳдид билан. — Гапингиз бўлса айтинг-да, чиқиб
кетинг.
Бу арвоҳни Шаҳноза кўришини хоҳламасдим.
— Хэх! — Ёвуз Руҳ калтакесақцек томоқ қоқди. — Кечаги қилиғинг билан бир эмас, тўртта
статья сотиб олганингни биласанми? — У ипдек бармоқларини букиб, санай кетди. —
Бировнинг уйига бостириб кирдинг — бир! Уриб, майиб қиддинг — икки! Миллатчилик
қилдинг — уч... Исполком-даги мажлисда ҳам миллатчиликка оид гаплар айтган эдинг...
Бир қўлим билан эшикни очиб, иккинчиси билан елкасидан тутдим.
— Чиқинг! —Ёвуз Руҳнинг боши соат капгиридек ликиллаб кетди. — Жўнанг! — дедим
таҳдид билан. Тағин бир дақиқа, атиги бир дақиқа ўтса, ўзимни идрок этолмай қолишимни
сезиб турардим.
— Кўрамиз! — У зина майдончасига чиқди-да, қоронғида кўзлари ёниб, гумбурлади. —
Отангни ёнига бадарға қилмасам... Унсур!
Октябрнинг йигирма бешинчи куни
Кундуз кунлари метрода одам сийрак бўлади. Дарсдан қайтаётгандик. Шаҳноза ўртароқдаги
ўриндиқда ўтирар, мен ёнида тик турган эдим. Метроми, автобусми, бўш жой бўлса ҳам
ўтирмасликка одатланганман. «Ёшлик» бекатида беш-ўн одам чиқди. Ичиб олган шекилли,
баркашдек башараси қизариб кетган йигит илжайиб келиб, Шаҳнозанинг ёнига ўтирди.
Сурбетларча караб-қараб қўйди-да, гапга солди:
— Соатингиз неччи бўлди, яхши қиз?
Шаҳноза энсаси қотиб юзини ўгирган эди, йигит шаппа билагидан ушлади.
— Айтақолинг, жонидан!
Ёқасидан олиб бир силтагандим, японча курткасининг занжири тириллаб узилди.
— Қўйвор! — деди типирчилаб.
Кейин нима бўлгани эсимда йўқ. Шуниси ёдимдаки, навбатдаги бекатда поезд тўхташи
билан итқитиб юбордим. У вагонга ёпирилиб кираётган одамларга туртинганча гандираклаб
бориб, мармар скамейкага урилди, ўнбалоқ ошиб кетди... Ташқари чиқсак, ёмғир шивалаётган
экан... Совуқ ва зериктирувчи куз ёмғирининг дебочаси. Ўзимни қўлга олишга ҳарчанд
уринмай, ҳамон титроғим босилмас, ғазабдан тишларим ғижирлаётганини сезиб турардим.
— Ёмғирпўш олмаган экансан-да, — дедим ўзимниям, Шаҳнозани ҳам юпатиш учун.

Шаҳноза юзини ўгирди. Ранги ўчиб кетган, лаблари пирпираб турарди.
Уйгача гаплашмай кеддик. Эшикдан киришимиз билан Шаҳноза туфлисини ечиб улоктирди.
— Қанақа одамсиз? — деди тўсатдан. — Қанақа одамсиз ўзи? Бугун биттасини урасиз!
Эртага бошқасини бўғасиз! Кунига бир карра юрагимни ёрмасангиз, кўнглингиз жойига
тушмайди! — У йиғлаб юборди. — Башарангизга қаранг! Бандитнинг ўзисиз!
Миям зирқираб кетди.
— Ҳа! — дедим бақириб. — Бандитман! Каллакесарман! Чидасанг — шу!
Шаҳноза юзимга ярқ этиб қаради.
— Муштлашишдан бошқа нарсаниям биласизми? — деди кўзлари ғазабдан ёниб.
Юрагимда бир нима узилиб кетгандек бўлди.
— Балки билагингдан ушлагани хуш ёққандир? — дедим ўкириб.
— Ҳа! — Шаҳноза алам билан ер тепинди. — Ёқди! Билдингизми, ёқди! — деди чинқириб.
Ўзининг гапидан ўзи қўрқиб кетгандек, бирдан жимиб қолди. Кафти билан оғзини тўсиб,
юзимга термилиб турди-да, ҳўнграб юборди.
— Рустам ака! — деди бўйнимга осилиб. — Кечиринг, жон Рустам ака... — Сўнгги
сўзларини йиғидан бўғилиб, пичирлаб айтди. — Қийналиб кетдим. Қийналиб кетди-им!
Ўша кеча
Тошойна токчасида тунчироқ милтираб турибди. Гоҳ ўчади, гоҳ ёнади... Шаҳноза аллақайси
«Совғалар магазини»дан топиб келган тунчироқ... Жимжилоқнинг учидек келадиган, шамга
ўхшаган митги чироқча гоҳ ёнади, гоҳ ўчади. Муттасил қизил нур таратади... Қизил нур!
Биламан, Шаҳноза уйғоқ... Шунчаки, ўзини ухлаганга солиб ётибди... Ҳали тўғри айтди:
муштлашишдан бошқа. нимаям келарди қўлимдан! Рост айтди. Тағинам инсофли экан. Бошқа
қиз бўлса...
— Шаҳноз, — дедим босиқлик билан. — Сениям қийнаб юбордим. Раҳмат, шунча
чидадинг...
У жавоб бермади. Аммо бир лаҳза нафас олишдан тўхтагандек бўлди.
Қароримни иложи борича осойишта тушунтиришим керак: секин, жанжал-суронсиз...
— Бундай қиламиз, Шаҳноз, — дедим осойишта ва қатъий оҳангда. — Мен кетаман.
Эртага...
Шаҳноза қаддини ростлади. Яланғоч тиззаларини қучоқлаганча юзимга ҳам таажжуб, ҳам
хавотир билан тикилди.
— Қўлимда яхшими-ёмонми, ҳунарим бор. Шопир ҳамма ерда керак, — дедим кўзига
қарамай. — Қўрқма! Узоққа кетаман. Сени безовта қилмайман...
Шаҳноза юзимга яна бирпас термулиб турди-да, тўсатдан устимга ўзини отди.
— Рустам ака! — деди инграб. Ўпкасини тутолмай энтикиб-энтикиб йиғлаб юборди. —
Ўлиб қоламан, Рустам ака! Сизсиз ўлиб қоламан! — Юз-кўзимдан ўпа бошлади. Елкамга,
бўйнимга қайноқ кўз ёшлари томар, нуқул битта гапни такрорлар эди: — Ўлиб қоламан! Ўлиб
қоламан! — Бутун вужуди қалтираб нола қилди: — Керакмас! Керакмас менга «ўша нарса»,
Рустам ака! Менга... ўзингиз кераксиз! Эшитяп-сизми, ўзингиз.
...Шу кеча... шу кеча Шаҳноза менга... «ёрдам беришга» уринди... Шўрлик Шаҳноз!