Тилга кўчмаган мухаббат
9-синф
Ўшанда мен унинг ортида ўтириб, жингалак қора сочларига термулардим. У муҳаббатимни сезмасди, лекин ичимда у мени севиб қолишини орзу қилардим. Танаффусда у ёнимга келиб, дафтаримни сўраб турди, мен бердим. Ўшанда юрак ютиб, мен унга шунчаки синфдош ўртоқ бўлишни истамаслигимни айтгим келди. Лекин айтолмадим. Мен уни яхши кўраман. Лекин буни айтиш негадир менга жуда қийин эди. 10-синф У доим дугоналари даврасида бўлар, мени умуман сезмасди. Мен эса дарсдаям, кўчадаям нигоҳларим билан уни кузатардим. У меники бўлишини қанчалар орзу қилардим, доим у ҳақда хаёл сурадим. Лекин у… у менинг муҳаббатимдан бехабар эди. Битирув оқшоми
У ҳаммадан гўзал бўлиб кетганди. Пушти матодан тикилган либоси сарв қоматига янаям кўрк бағишлар, у худди оққушдек учиб юрарди. Синфдошлар билан ҳазиллашиб, қаҳ-қаҳ отиб кулар, мен эса унинг юзига ярашиб турган кулгичларига суқланиб боқардим. Қанийди, у менинг муҳаббатимни сезганида эди, мен томон шунчаки бир ўгирилиб қараганида эди… Лекин мен унинг бахтдан масрур кўзларида севги нишонасини сезмадим. Рақс ортидан рақс, у бирам чиройли ўйнардики. Мен гўё сеҳрлангандек фақат унга боқар, унинг ҳар бир ҳаракатини кузатардим. Унга бор ҳақиқатни айтиб, уни қанчалар севишимни ошкор этгим келар, лекин бундай қилолмасдим. Бир неча йил ўтиб…
Кеча унинг тўйи бўлди. Биз синфдошлар бир стол атрофида ўтирдик. Мана, ниҳоят, у ёнида хурсанд қиёфада келаётган ёри билан тўйхонага кириб келди. Мен чанқоқ нигоҳларим билан унинг эгилиб турган юзи, кўзларига тикилардим. Унинг нигоҳларидан муҳаббат изини изладим. Мен доим у меники бўлишини орзу қилганман. Лекин ўзимни алдаб нима қилдим? У мени умуман севмайди, бўлмаса бошқа бировга турмушга чиқиб кетармиди? Орадан йиллар ўтди… Кеча унинг оламдан ўтганини айтиб қолишди. Синфдошлар йиғилишиб бордик. Мен кўзларимдаги шашқатор оқаётган ёшларни тўхтата олмасдим. Уни ниҳоятда яхши кўрганимни, усиз кунларим зерикарли, бир хил, нурсиз ўтганини, у менинг кўнглимда доим порлаб туриб, менга яшашга куч берганини, унинг хаёли билан яшаганимни қани эди бировга айта олсам. Энди ҳаётимдан қуёшим кетди, мен буткул зулматда қолдим.
Сўнгги сўз ўрнида… Кеча унинг яқин дугонаси синфдошимиз Ҳалимани учратиб қолдим. «Биласанми, у мудом сени севган, ўша мактаб давримиздан бошлаб. Лекин сен буни билмагансан. Сен билиб қолишингдан, устидан кулишингдан қўрққан. Лекин доим сенинг ортингдан тикилиб, «Қани эди, у мени яхши кўриб қолсайди», деб ният қилганини сен сезмагансан ҳам. Сендан ҳеч қанақа ишора, ҳаракат бўлмагач, у тақдирига тан берди. Мактабни битирганимиздан кейин ҳам учрашганимизда, телефонда гаплашганимизда у ҳамиша сен ҳақингда гапириб, сени умуман эсдан чиқара олмаётганини айтарди. Аслида у сенинг бефарқлигинг туфайли ҳам бошқа бировга турмушга чиқиб кетди. Баъзида кўнглини менга очиб, эрини умуман севмаслигини, юрагидаги жавобсиз муҳаббати уни олов бўлиб ёндираётганини йиғлаб гапирарди. Мана шунақа гаплар. У ўлаётганда ҳам сени ўйлаб жон берди, бир дақиқа бўлса-да, сени унутгани йўқ. Агар сенда ҳам унга нисбатан бирон туйғу бўлганида эди, сизлар бахтли ва чиройли жуфтлик бўлардинглар. Афсус…»
ШАБНАМ
Эринг сочингни силаса-ю, бошқа бировни ўйласа, сени қучган қўллари билан бошқани ҳам қучаётганини сезиб турсанг бундан оғири йўқ. Аммо мен эримни телбаларча ўзимни унутиб севардим. Унинг хиёнат кўчасига мўралаганини сезсамда, буни билмасликка олардим. Йўқ, йўқ бу сиз ўйлагандек тўғри йўл эмас. Балки сиз хиёнаткорсиз, менинг туйғуларимни оёқости қилаяпсиз деб жанжал қилганимда юз чандон енгил эди. Иккимиз ҳам биладиган бу ҳақиқатни бошқалардан сир тутиб сизни ҳам ўзимни ҳам авайладим. Дугоналарим ўргатганидек, ўзимни ўзгартириб, пардозни кўпайтириш, ҳар турли либосларга бурканиш қўлимдан келмасди. Менга сизнинг кўнглингиз керак эди. Дастлаб ишларим кўпайди деб баҳона қилдингиз, кейин телефонда пичирлаб гаплашадиган бўлдингиз. Мен нимага кеч келаяпсиз деб сўрамадим. Сиз айтадиган ёлғонни олдиндан тахмин қилиш қийин эмасди. Сизнинг уйқу аралаш ўша аёлнинг номини айтиб юборишингиз эса мени эсдан оғдириб юборай дерди. Фақатгина фарзандларим мени яшашга мажбурлигимни эслатиб турарди. Улар билан овунардим, сиз билан аҳил ўтган дамларимиз хотираси қалбимда милтиллабгина умид бериб турарди.Йўғингизда кўйлагингизни қучоқлаб йиғлаб хумордан чиқардим. Сиздан нафратлансам эҳтимол яшашим осонлашармиди, йўғе нималар деяпман мен аллақачон яшамай қўйганман. Фақат тирик юрибман. Болаларимнинг камолини кўриш, сизнинг меҳрингиз тушган ўша аёлнинг қучоғидан тортиб эмас, ихтиёрингиз билан қайтишингизни кутиб кун ўтказаяпман. Атрофдагилар худди маликалардек яшайсиз, сизга маза деб ҳавас қилишади. Ҳа, яшашим ҳеч бир маликаникидан кам эмас. Фақат ўз шаҳзодасини канизакларга бериб қўйган, айёрлик ва макрни билмайдиган бўшгина маликаман.Ҳақиқатдан менда ҳамма нарса бор: данғиллама уй, машина, ўзим истаганча пул берасиз. Лекин буларнинг ҳеч бири кемтик кўнглимни тўлдира олмайди. Ишда ҳам уйда ҳам ўзимни бахтли кўрсатишга уринганим сари ўзимни нотабиий ҳис қиламан.Ёлғиз қолсам, хаёлларга берилиб ўтираверсам. Фақат хаёлдагина ўзим истаганча бахтли яшашим, сохта табассум қилмаслигим, эримнинг менга кун сари ортиб кетаётган хушомадларига жаҳлим чиқаётганини очиқ айтишим мумкин эди.Сизнинг кўнглингизга қараб, учинчи одамнинг чиқиб кетишини шунчаки кутиб хато қилган эканман.Сиз учун, ўзимнинг бахтим учун курашишим керак экан.Тоққа қор чиройли ёғадида, дам олиш куни дўстларим билан тоққа борамиз.Сизнинг кайфиятингиз чоғ эди.Мен сизнинг у ерга ким билан бирга боришингизни яхши билардим.Дада, мен ҳам сиз билан бирга борай.Ўғлим сизга ялинди.Кейингни сафар оилавий борамиз болам, бу гал дўстларим кўп, машинага сиғмайсан.Тез-тез ураётган юрагимнинг типирчилашидан ўзимни зўрға боссамда, сизга яхши бориб келинг дедим.Бир кўнглим ортингиздан изма-из бор, уларни фош қилиб ташла, қачонгача ўзингни хор қилиб яшайсан дейди.Яна бир овоз эса қўй, ўзингни ерга уриб овора бўлма дейди.Ҳар икки овоз миямда айланавериб бошим оғриб кетди.Одатда, ўша билан бирга бўлган кунларингиз уйга камдан кам қўнғироқ қилардингиз. Бугун ҳам бизни тамомила эсдан чиқардингиз.Кечга яқинлашгани сари, юрагим ғаш бўлаверди.Ўзим қўнғироқ қилишга ботинолмадим.Мабодо қўнғироқ қилганимда ёнингизда аёл кишининг овози эшитилса ўзимни ўзим баттар қийнаган бўламан деб ўйладим.Сизга уч тўрт марта қўнғироқ қилган ўғлим телефонингиз ўчиқ деди. Кечки соат еттиларда эса қўл телефоним жиринглади.Сизнинг рақамингизни кўриб хурсанд бўлиб кетдим.Синглим, бу телефон эгаси кимингиз бўлади? Қўнғироқ қилган киши эрим эмасди.Эрим, қану у, нимага ўзи гаплашмаяпти? Илтимос, фалон ердаги касалхонага тез етиб келинг.Касалхонага боргунча ҳам худодан сизнинг умрингизни тилаб бордим.Ахир аёл учун хиёнат қилса ҳам, урса ҳам сўкса ҳам эрининг бори яхши.Касалхонада эса мени мудҳиш хабар кутаётганди.Бу мурдалар эр-хотин бўлса керак, иккаласи автоҳалокат туфайли ҳалок бўлишибди.Бечоралар, тоққа дам олгани боришган экан, бу киши сизга тегишли эмаску, барибир бир қарангчи? Нафасим қисилиб, бўйнимнинг орқаси оғир тош осгандек қотиб қолди.Шифокор кўрсатган устига оқ мато ёпилган одамни очиб кўрдим.Очсам, ўша сиз билан менинг ўртамда турган чиройликкина жувон, юзининг бир тарафи
таниб бўлмас даражада жароҳатланганди. Мен эса уни танидим. Ахир телефонингизда унинг суратини бир эмас, бир неча марта кўргандим.
— У аёл киши, мана бунисини кўринг.
Қўлларим қалтираб кетди. Ўзимни қўлга олиб чойшабни очдим, қизиқ ўша вақтда қандай қилиб ўзимни ташлаб юбормаганимга ҳалиям ҳайрон бўламан. Сизнинг жонсиз танангиз устида ҳам шаънингизни ўйлабмана.
— Илтимос, эримнинг машинасида мана шу аёл бўлганини ҳеч қаерга ёзманглар, ҳеч ким бу ҳақида билмасин деб шифокорларга ёлвордим.
Мендан бошқа ҳеч ким сиз машинангизда аёл киши билан автоҳалокатга учраганингизни билмайди. Фақат менинг ғариб кўнглим, ҳали ҳануз сизни кутиб яшаяпти. Ҳеч қачон қайтмаслигингизга кўнолмаган юрак ўша хиёнаткорни унут деганим сари ҳар уришида сизнинг исмингизни айтиб тепаяпти. Совуқ ер сизни бағрига олганига бир йил бўлди. Лекин мен ҳамон сизни кутаяпман.
Тамом.