Bir kechalik kelinchak...
16 - 25 qismgacha
📝БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
#mutoalaZavqi
1️⃣6️⃣ кисм
— Тўйни тезлатамизми? — сўради Билол ресторанга кириб жойлашишгандан сўнг хавотир аралаш. — Ёки…
— Тавба қилдим, — деди Насиба ҳийла бош эгиб. — Кеча танишдингиз-у, дарров тўй ҳақида гапиришингиз нимаси? Сизни ҳали яхши танимасам, кимсиз, қанақа оиладансиз, билмасам… Айтинг, шуларни билмай туриб қайси қиз тўйга рози бўлади?
— Тўғри, — асабий лаб тишлаб бошини сарак-сарак қилди Билол. — Буёғини ўйламабман… Умуман, бемалол суриштиравер! Бухорога борсанг, ҳаммасини билволасан. Онам ўлиб кетган. Отасиз ўсганман Нури аммамнинг қўлида. Аммам ҳам мактабни тугатиб улгурмасимдан поччамнинг гапи билан мени ҳайдаб солган. Ўшандан бери шаҳардаман. Ўзим йиғладим, ўзим юпандим. Бойларникида гўнг ҳам ташидим, ер чопдим, ишқилиб қорнимни тўйдирдим. Ўзим ўқишга кирдим. Менинг бошқа ўрганадиган томоним йўқ.
— Кечиринг, — Насиба Билолга ер остидан қараб туриб жуда ачиниб кетди. Шу сабабми, янада меҳри товланди. — Ярангизни янгилаганим учун кечиринг. Мен шунчаки ҳазиллашгандим. Аслида унақа қизлардан эмасман. Юзларингиз ҳаммасини, қандай одамлигингизни айтиб турибди. Илтимос, кечиринг, бошқа сўрамайман. Хотиржам бўлинг, тўй тез кунда бўлади. Фақат… Яхши йигит, тўйдан олдин ЗАГС деган нарсалар бўларди. Загсдан ўтиб олиш керак эмасми?
— Э-э-э, буёғини ўйламабман, — баттар тундлашди Билол. — Ахир… Шаҳарда рўйхатда турмаган одам ЗАГС дан ўта олмайди-ку! Йўқ, икки-уч кунда ҳал қиламан буниям.
— Нимани ҳал қиласиз? Тушунмадим.
— Э, ётоқхонада турмай қўйганим учун рўйхатдан ўчириб ташлашибди. Эрта-индин таниш болаларга айтиб, илтимос қилиб, рўйхат масаласини ҳал қиламан.
— Ҳеч кимдан ҳеч нарсани илтимос қилмайсиз, — деди Насиба. — Менинг уйимда рўйхатдан ўтасиз. Энди бир камингиз арзимаган иш учун бошқаларга ялиниб юришмиди? Ҳечам ундай қилмайсиз!
— Раҳмат, — деди бўшашиб Билол. — Фариштанинг ўзи экансан. Ҳойнаҳой худо шунча қийналганларим учун атайин сени рўпара қилган шекилли. Ишон, сендақа қизни умримда учратмаганман. Ҳалиги… Ҳозирги қизлар муаммонгни айта бошладингми, тамом, шартта ўрнидан туриб кетиб қолишади.
— Мен кетмайман, — деди Насиба. — Мендан осонликча қутулиб бўпсиз! Ерга кирсангиз қулоғингиздан, осмонга чиқсангиз, оёғингиздан тортиб оламан. Қани, қутулиб кўринг-чи!
— Қутулиб жинни бўлибманми? — чуқур хўрсиниб жавоб қилди Билол. — Сени зўрға топдим-ку ўзи! Жонимда қасдим йўқ.
— Жоннинг нима даҳли бор бунга?
— Ие, сени йўқотсам жоним чиқиб кетади, ахир! Ё ишонмайсанми?
— Майли, буни қўйиб туринг, — деди Насиба. — Фақат ростингизни айтинг… Фақат… Хафа бўлманг!.. Оғзи куйган қатиқниям пуфлаб ичаркан-да! Сиз… Наркоманмасмисиз?..
Билол кутилмаган саволни эшитди-ю, ялт этиб Насибанинг кўзларига боқди.
— Ҳалиям менга ишонмайсанми?.. Ҳа-я… Анави… Фурқат… Ишон, жоним, мен наркоманмасман. Ундайлардан ҳазар қиламан. Ишонмасанг, ана, ўқишимга бориб суриштир! Қўрқадиган ерим йўқ.
— Қизиқмисиз? Қаёқдаги гапларни гапирманг! Шунчаки… Наркоманларга йўлиқавериб қўрқиб қолганман. Шунга сўрадим… Майли, кетамиз энди.
— Ҳалиги… Тўй масаласини айтмадинг-ку!..
— Тўйми? Бўлади тўй! Яқин кунларда бўлади! Тайёргарчиликни кўраверинг, куёв бола!..
Билол азбаройи севиниб кетганидан йўл-йўлакай Насибани маҳкам қучди-ю, тамшана-тамшана сочларини ҳидлай бошлади.
* * *
Тўполон билан тўй ҳам ўтди. Бир-бирига ташна икки қалб росманасига бирлашди. Кўнгиллар бир-биридан тўйгунича сув ичадиган бўлди. Айниқса, Насибанинг қувончи бағрига сиғмасди. Ҳар қадамда Билолни Фурқатга таққосларди. Барибир Билол устун келаверарди. Ичмаса, чекмаса, вақтида уйга келса, ҳар бир ишни бамаслаҳат адо этса… Бундан ҳам Билолнинг мустақиллиги, ҳеч кимга ялиниб, бўзраявермаслиги Насибага жуда ёқиб тушганди. Шу жиҳати ҳам Фурқатга буткул терслигини кўргани сайин қувонарди. Ҳар бир ҳаракатни содир этишда жуда эҳтиёткорона йўл тутарди.
Ҳар сафар бир пайтлар Фурқатникидагилар ҳовлисига кириб келгани, менсимайгина, димоғи осмон ҳолатда онасининг қўлига пул тутқазганлари, она-бола шунчалар ожизликларини уларнинг кўзларида кўриб бош эгганлари, Фурқатнинг оиласидагилардан бир неча ўн поғона паст эканликлари алам қилгани кўз ўнгида гавдаланиб Насибани эҳтиёткорликка ундарди. Ўзининг ўрнига Билолни қўйиб кўрарди-ю, сергак тортарди. Аммо…
Тўй ўтганига икки ҳафта бўлганди. Якшанба бўлгани боис Насиба дўконлардан кечга яқин хабар олишга аҳд қилганди. Шунинг учун бемалол ухлаганди. Эрталаб сесканиб уйғонди-ю, ёнида Билол йўқлигини кўриб жони чиқаёзди. Даст ўрнидан турди-ю, деразадан ҳовлига мўралади. Машинаси жойида турибди.
— Қизиқ, — деди ўзига ўзи апил-тапил кийиниб ташқарига йўл оларкан. — Бунақа одати йўғиди шекилли. Қаерга кета қолдийкин?
Ҳовлида Нафосат ая айланиб юрар, юзлари тунд эди.
Насибага кўзи тушиб зўрма-зўраки жилмайиш қилди.
— Куёвингиз қаерга кетди, ойи? — сўради Насиба. — Сизга айтдими?
— Ҳа, ўқишига кетганмиш.
— Бугун якшанба-ку!
— Билмасам, ўзига қўнғироқ қип кўр! Менга шунақа деди. Туришидан… Кайфияти ёмон эмасди. Ҳа, энди бирор зарил иши бордир-да!
Насиба индамай хонасига қайтди ва қўл телефонини олиб Билолнинг рақамини терди. Икки марта гудок кетгандаёқ Билол гўшакни кўтарди.
— Ҳа-а, яхши йигит, — деди Насиба ҳар галгидек эркаланиб. — Нега мени ташлаб кетдингиз? Қаердасиз?
Билол бир муддат сукутга толди. Бу ҳам Насибанинг юрагини баттар ўртаб юборди.
— Гапира қолсангиз-чи, — энди йиғламсираган кўйи сўз қотди у. — Юрагим тўхтаб қолади ҳозир.
— Хавотир олма, — деди ниҳоят Билол. — Ўқишимга келувдим. Аниқроғи, ётоқхонага. Мени… Ўқишдан ҳайдашмоқчийкан.
— Ҳайдашмоқчи? Ким? Нега ҳайдайди? Нима айб қилибсизки, ҳайдашади?
— Контракт пулини тўлай олмагандим вақтида. Шунга…
— Уф-ф, бирор жиддий айбмикан деб ўлаёздим-а! Шуни менга айтсангиз бўларди-ку индамай чиқиб кетмай!
— Сен шундоғам чарчагансан. Уйқунгни бузгим келмади.
— Тез уйга келинг, ҳаммасини уйда гаплашамиз!
— Боролмайман. Бу ишни ҳал қилмасам бўлмайди. Ахир, қанча қийналиб ўқишга кирганман.
— Менга қаранг, қайсарлик қилмасангиз-чи! Келинг! Ҳеч ким сизни ҳеч қаёққа ҳайдамайди. Ҳайдаб кўрсин-чи, нима қиларканман!
— Бўпти, — деди совуққон оҳангда Билол. — Ҳозир етиб бораман!..
* * *
Орадан бир соатча ўтиб Билол бўшашганча кириб келди. Ҳовлида кўрпа қавиётган Нафосат ая билан сўрашган бўлди-ю, ичкарига ўзини урди.
— Қанча? — сўради Насиба Билол ёнига келиб ўтиргач. — Хотинингиз тадбиркор бўла туриб нега ҳаммасини ичингизга ютяпсиз? Айтинг, қанча пул ўтказсак, тилини тияди ўша домлаларингиз?
— Улар нақд олади, — деди Билол шифтга ҳиссиз нигоҳ ташлаб. — Агар пул ўтказиш мумкин бўлганда, аллақачон ҳомий топиб тинчитардим.
— Ҳеч қанақа ҳомий топмайсиз. Менга айтинг қанчалигини, вассалом!
— Тўрт милён сўм, — деди Билол муштларини тугиб. — Айтдим-ку, катта пул!.. Эҳ, нимаям қила олардим?!.
— Хавотирланманг, — деди Насиба. — Эртага ўша тўрт милённи мендан оласиз-у, дарров обориб қўлларига тутқазасиз. Тушунтира олдимми?
— Сендан? Э, йў-ўқ, мен умримда аёл кишига қарам бўлмаганман. Керакмас! Пешонадагини кўравераман. Бир менмидим ўқишдан ҳайдалаётган?!.
— Ҳайдалиб бўпсиз! Тўхтанг, шу кунгача сўрамабманам. Қайси факультетда ўқийсиз ўзи?
— Хайрият-эй, — дея мажбуран жилмайди Билол. — Хотиним менинг ўқишим биланам қизиқаркан… Журфакда ўқийман.
— Ҳа-а, шунақами? Шунинг учун ёнингизда диктофон кўтариб юраркансиз-да! Менга қаранг, тағин менинг жамики гапларимни ёзиб юриб юқорига узатворманг!..
— Жиннимисан? Наҳотки, мени шунчалар пасткаш деб ўйласанг? Сезиб юрибман ўзи, тоғангам негадир менга шубҳа назариминан қарай бошлади. Ҳойнаҳой, мениям ўғри, қароқчи, априс деб ўйлаётган бўлса керак!
— Тоғамга эътибор қилманг, — деди Насиба бирдан жиддий тортиб. — У ойимнинг туғишган акаси, отамнинг ўрнида отам. Шунинг учун яна чув тушиб қолмасин дейди-да! Асосийси, мен биламан-ку кимлигингизни! Шунинг ўзи кифоя қилади!.. Хўш, эртага пулни олиб ишни битирасизми? Фақат йўқ дея кўрманг!
— Бўпти, сенга йўқ деб бўлармиди!?. — деди Билол оғзининг таноби қочиб. — Эртага бўлса эртага-да!
* * *
Эрта тонгда одатга кўра Насиба ҳовлига чиқиб дастурхон қаршисига чўкди. Билол ҳали уйғонмаганди. Ойисининг қўлидан чойнакни олди-да, бир пиёла чой ичган бўлди. Нафосат аянинг негадир қовоғи солиқ эди. Кўнгли ғашланди. Қалбан дунёнинг кутилмаганда рўбарў келадиган синовларидан, қийноқларидан, тасодифларидан куйиб кетгандек бўлди. Аслида бу ҳолатини Нафосат аяга сездирмоқчи эмасди. Ичида сақлаб тура олмади.
— Ойи, тоғам ҳам қаёқдаги гапларни гапиравермасин, — деди охири портлаб. — Билолнинг кимлигини ўзим биламан. Нега тоғам ҳадеб шубҳаланаверади?
— Ҳа энди, сен яна алданиб қолмагин дейди-да тоғанг, — мажбуран кулимсираб жавоб берди Нафосат ая. — Билолингам ўзи негадир кейинги вақтларда шубҳалантирадиган бўп қолди-да! Ичимдагини топ дейди-ю, индамайди. Тоғанг шунисидан гумон қиляпти-да!
— У ўзи шунақа камгап. Лекин кўнгли тоза. Ҳали бир-икки йил ўтсин, кўникади янги оилага, ана унда гапиравериб зериктиради сизларни.
— Илойим шундай бўлсин!..
Насиба бир соатча вақт ўтгач, ишга отланди. Ваъда қилинган пулларни олиб Билолнинг қўлига тутқазгач, одатдагидек уни университетга яқин жойдаги бекат ёнида қолдирди-ю, негадир жўнаб кетишга шошилмади.
Билолнинг кетидан ўйчан қараб қолди. Ҳадеганда тоғасининг аччиқ-аччиқ гаплари хаёлида чарх ура бошлагач, кўнглининг аллақаерида бир тутам туман пайдо бўлгандек туюлди. Борган сари тоғасининг шубҳаларига ишона бошлади. Бироқ шу заҳоти иблисни ҳайдаб солди.
— Билол ундай йигитмас! — дея баланд овозда сўзланиб моторга ўт қўйди. — Ишонмасангиз ишонманг, тоға! Аммо мен Билолга ишонаман! У Фурқат эмас! Билол соф виждонли, мард йигит!..
📝 БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
#mutoalaZavqi
1️⃣7️⃣ кисм!
Насиба дўконига келиб энди Ноиланинг ҳисобларини тинглаб, зарур топшириқлар бериб бўлганди. Негадир кўнгли айний бошлади. Хавотири ортиб бир неча маротаба ваннахонага ҳам кириб чиқишга улгурди. Ҳадеганда кўнгил айниши пасанда бўлавермагач, сақич чайнаб кўрди. Сал ёрдам бергандек туюлди. Шу пайт эшик оҳиста тақиллаб, ичкарига тоғаси Нормат полвон кирди. Унинг қовоқлари уйилган, тушкун кайфиятда эди.
— Ассалому алайкум, тоғажон! — Насиба даст ўрнидан туриб тоғаси билан кўришди-да, ўтиришга таклиф этди. — Нега кайфиятингиз бузуқ, тоға? Тинчликми?
— Тинчлик, тинчлик, — деди Нормат полвон уф тортиб. — Халоскоринг кўринмайди?
— Тоға, ҳалиям шубҳаланаверасиз-а Билолдан! У яхши инсон. Нега ишонмайсиз унга?
— Билмадим, нимагадир ўшанингни кўрсам, асабим бузилаверади. Бунга асосим ҳам бор.
— Нима асос? Қанақа асос? Нима айб қилдики, хуноб бўляпсиз?
— Жияним, сен менга ўз қизимдайсан. Буни биласан. Опам ҳам яхши билади. Сен қийналсанг, сенга азоб беришса, менинг жоним оғрийди.
— Биламан, — деди кулимсираб Насиба. — Менга ёмонлик қилмаяпти-ку Билол! Ўқишини ўқийди, келиб менга ёрдамлашади. Бунинг нимаси ёмон?
— Сен пулгаям ўшани аралаштириб қўйганмишсанми? Нега? Ахир, бу пул-ку!
— Вой, тоға, бўлди-да энди! Бир оиламиз, баъзиларга ўхшаган наркоман, пиёниста ё ўғри бўлсайкан, ишонмасам! Туппа-тузук одам бўлса…
— Очиғи, сенга бу гапни айтмоқчимасийдим. Мана шу тобдаги соддалигинг мажбур қилди. Энди айтаман.
— Нимани айтасиз?
— Кеча Билол уйга соат нечада келди?
— Кеча адашмасам… Кечаси ўн иккиларга яқин келди. Нимайди?
— Сен қаерда юрганини суриштирдингми?
— Қаерда юрарди? Дўконда бўлган. Ноилага ёрдам берган. Буни аниқ биламан.
— Ноиладан сўрадингми дўкондан соат нечада чиқиб кетганини?
— Йўқ, нега сўрашим керак?
— Мана шуни бекор қипсан. Сўрашинг керак эди.
— Нима бўлди ўзи? Тушунтириброқ гапирсангиз-чи! Ўзи шундоғам эрталабдан бери кўнглим айниб турибди. Айтинг, тоға!
— Кеча Билолинг Фурқатминан бирга ресторанда ўтирганди, — деди Нормат полвон афтини бужмайтириб. — У душманингга дўст бўлиб юрибди. Сен бўлсанг, кўрмаяпсан, эшитмаяпсан. Мундай орқасидан одам қўйсангам зиён қилмасди. Хўш, нега Фурқатминан топишди? Муддаоси нима?
Насиба бундай хабарни сира кутмаганди. Дарров ранги ўзгариб, қўлига телефонини олди-да, Билолга қўнғироқ қилишга тушди.
* * *
Қайғу ва қувонч ёнма-ён юради деб беҳуда айтишмас экан эскилар. Насибанинг кўнгли тоғаси чиқиб кетгандан кейин баттар ғашланди. Шу ғашлик исканжасида йўлнинг нариги юзидаги полииклиникага кириб кўнгли айниш сабабини билишга ошиқди. Таниш врач аёл унга бир қаради-ю, зудлик билан гинеколог қабулига олиб кирди…
Насиба ҳомиладор экан.
Бу ростакам бахт эди.
Насиба бир муддат бўлсин Нормат полвоннинг гапларини ҳам унутиб бу хушхабарни тезроқ ким биландир баҳам кўргиси келди. Аммо Билолга айтишни хоҳламасди. У кўз ўнгида гавдаланди дегунча Фурқат билан чақчақлашиб ўтиргандаги ҳолати ғойибона хаёлида чарх ура бошлади.
— Ҳозир келсин, — деди кабинетига кириб курсига чўкаркан. — Душманим билан чақчақлашишни кўрсатиб қўяман унга! Ярамас, ҳа, ростданам… Муддаоси нима ўзи? Мени банкрот қилиб қочишми?.. Йўғ-э, жа унчаликмасдир. Тасодифан кўришса кўришгандир ўща маразминан. Ё атайин мен билан яшаётганини айтиб мақтаниш учун ўзи чақиргандир?!. Ҳа, мен Билолга ишонаман. Ҳали келсин, ҳаммаси равшан бўлади…
Шу кўйи ярим соатча қимирламай ўтирди. Қувончли хабарни Ноила билан баҳам кўргиси ҳам келди. Лекин фикридан қайтди. Бу хабарни биринчи бўлиб Билол эшитишини истади.
Ниҳоят кабинет эшиги йўлига бир-икки тақиллади-ю, ичкарига Билол кирди.
Насиба атайлаб қовоғини уйиб олди. Шу йўл билан эрининг юз тузилишидаги ўзгаришни аниқлаб олмоқчи бўлди.
— Нима бўлди? — кела солиб Насибанинг икки елкасидан тутди Билол. — Нега рангинг оқарибди? Тинчликми?
Насиба олдинига Билолга жиддий, сирли тикилиб қаради. Кўзлари ўша-ўша самимий, сирлилик, алдов, фириб ва совуққонликдан асар ҳам кўринмайди. Шу нарса Насибанинг кўнглига таскин бериб жилмайди.
— Хотинингизнинг кўнгли айниб ўлай десаям мундай хабарлашай демайсиз-а, — ўпкаланган бўлди эркаланиб. — Эрталабдан бери ваннахонага қатнайвериб тинкам қуриди-ку!
— Худо асрасин, — унинг сочларини силаб пешонасига пешона тиради Билол. — Дўхтирга чиқмадингми? Ана, рўпарамизда-ку дўхтир!
— Чиқдим ўша дўхтирингизга!
— Хўш, нима деди? Дори ёзиб бердими?
— Йўқ.
— Ие, нимага?
— Дори ичиш мумкинмасакан.
— Оббо, дўхтирларнинг шу гапига ишониб ўтирибсанми? Юр, бирор профессорга бориб текширтирамиз!
— Бормайман.
— Нега бормайсан?
— Хоҳламайман.
— Уф-ф… Жа қайсарсан-да ўзингам! Бирор еринг оғриётган бўлса, бу тахлит ўтиришинг яхшимас, Наси!..
Насиба эрининг бу қадар куйинчаклигидан, ўзи ҳақида қайғураётганидан беҳад мамнун бўлиб кетди.
Ортиқ чидаб ўтира олмасди.
Айтди.
— Мен ҳомиладор эканман.
— Нима?..
Билол кутилмаган хабарни эшитганданоқ беихтиёр ўрнидан туриб кетди.
— Нима дединг? — такрор сўради кўзлари чақнаб. — Яна бир марта қайтаргин!
— Сиз ота бўласиз. Тушунтира олдимми?
— Ростданми? — ўзи билмаган ҳолда бақириб юборди Билол. — Айт, сени ҳозир кўтариб олиб дўкон ичкарисини айлантирсам ҳеч нима қилмасмикан?
— Жинни бўлманг, — деди Насиба бош чайқаб. — Кўз тегади. Ҳозирча ҳеч кимга билдирмаймиз. Қўрқаман. Бахтимизга кўз тегишидан қўрқаман!
— Майли, сен айтганча бўла қолсин! У ҳолда ҳеч бўлмаса, ойижонимизга айтишимиз керак.
— Улгурамиз…
Насиба Билолдан худди шундай ҳолатни кутганди. Агар ҳомиладорлигини эшитгач, баъзи бировлар каби қовоғи уйилса, кечира олмасди. Шукр қилди. Билолга яна бир карра ишончи ортди. Бироқ Нормат полвоннинг гапи ҳам хаёлида айланишдан тўхтамаётганди. Эсига тушди-ю, қайтадан қовоғи уйилиб, Билолни курсига ўтиришга чорлади.
— Энди сизга яна бир хабарни айтаман, — деди Билолнинг кўзларига тик боқиб. — Айтинг, кеча Фурқатминан нега учрашдингиз-у, ниманинг муносабати билан чақчақлашдингиз?
Билол бу гапни эшитди-ю, мулзам тортди. Бармоқларидан лабларигача асабий титрай бошлади. Аста Насибанинг қаршисидаги курсига чўкди-да, бош эгди.
— Ҳа, сирингиз очилиб қолдими? Билиб қолдимми пана-пастқамда қилиб юрган ишларингизни?
— Сен… — Билол беихтиёр ўрнидан турди-ю, Насибанинг бошини кафтлари орасига олди. — Сенга ҳозир асабийлашиш умуман мумкин эмас. Боламизга зиён етиши мумкин.
— Унда сизам асабимга ўйнаманг! Нима етмайди ўзи сизга? Уйимга рўйхатга киритиб қўйган бўлсам, контрактингиз тўланган бўлса, тўйниям ўзим қилсам, яна нима қилай сиз хурсанд бўлишингиз, пана-панада номардлик қилмаслигингиз учун?
— Билардим, — деди Билол лаб тишлаб. — Сезардим. Аёлларнинг тана қилиши ҳақида кўп ўқигандим. Лекин ҳаётда кўрмовдим. Мана, энди ҳаётдаям кўриб турибман. Демак, ёзувчилар тўғри ёзишаркан.
— Бас қилинг дийдиёнгизни! — Насиба сал овоз кўтарган ҳолда Билолни жеркиб берди. — Гапни айлантирманг! Саволимга жавоб беринг! Фурқат кимингиз бўлади? Нимага у билан учрашиб юрибсиз? Ниятингиз нима ўзи?
— Тоғанг дийдиё қилдими яна? — сўради Билол чопиб бориб кабинет эшигини тамбалаб келгач. — У алдабди сени. Мен ҳеч ким билан учрашганим йўқ, ҳеч қанақанги Фурқат билан чақчақлашаётганим йўқ. Ишон!
— Тоғам осмондан олиб гапирмаса керак ҳар ҳолда? Қолаверса, ўтган гал ўзим ҳам гувоҳ бўлганман Фурқат билан танишлигингизга. Айтаверинг, жонингизни олмайман. Балки хато қилгандирсиз!?. Айтинг!
— Менинг бошқа гапим йўқ, — деди Билол тоқатсизланиб. — Майли, ёқмаётган бўлсам, кета қоламан. Ўзингга бошқасини топарсан! Сени алдамайдиганини, Фурқатга ўхшаганлар билан гаплашмайдиганини…
Шундай деб Билол кабинетни тарк этишга тутинди. Лекин Насиба йўлини тўсди.
— Қаёққа? — деди у икки қўли билан кабинет эшигини тўсиб. — Гап кўтармайдиган бўп қолдиларми? Ими-жимида ўйиндан чиқмоқчиларми? Бола-чи? Бу шўрлик нима қилади?
— Нима қилай унда? Тинчлик бермаяпсан-ку!
— Сиз шунга мажбур қилманг унда! Хўш, айтасизми?
— Туҳмат бу! Мен Фурқат билан охирги марта ўзингнинг ёнингда кўришганман! Буни биласан.
— Нимага унда тоғам унақа деяпти? Осмондан олиб гапирибди-да!
— Тоғангни яхши билмайсан шекилли ҳали-а?
— Нега? Жудаям яхши биламан.
— У ҳолда нега сиқувга олмаяпсан?
— Нима учун сиқувга олишим керак?
— Буни ўзидан сўрайсан!
— Йўқ, сиз айтасиз!
— Айтмайман.
— Айтмагунингизча шу ердан чиқмаймиз.
— Майли.
Билол зарда билан курсига ўтирди-да, оёқларини чалиштириб, бошини орқага ташлаб юборди ва кўзларини юмди.📝
БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
📝 БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
#mutoalaZavqi
1️⃣8️⃣ кисм!
Орага чўккан бир неча дақиқалик сукутни яна эшикнинг безовта тақиллаши бузди.
— Кираверинг, — ўтирган ерида овоз берди Насиба. — Асабим бузилиб турганда намунча қаттиқ тақиқлатишади-а булар?..
Шу орада Билол ҳам қаддини кўтариб, эшик томонга юзланди.
Ноила экан. Эҳтиёткорлик билан рухсат сўраб ичкарига кирди-да, Насибага умидвор термилди.
— Ҳа, нима гап, Ноила опа? — сўради Насиба ўрнидан қўзғалиб. — Нега хомушсиз?
— «Мол» опкелишувди, шуни олишга…
— Опкелишган бўлса, қабул қилинг! Пулини бугун кечгача ўтказиб берамиз!
— Улар нақд оладиганлар-да! — деди Ноила қимтиниб. — Шунинг учун…
— У ҳолда кассадан бериб юборинг!
— Кассада пул йўқ.
— Ие, нега йўқ бўлади? Шундай катта дўкон кассасида пул бўлмайдими?
— Инкассаторлардан ортганини Нормат ака олувдилар кеча. Эрталаб қайтараман дедилар, аммо қайтармадилар.
— Нормат ака? Нега олади? Қанча олди?
— 60 милён сўм бориди, ҳаммасини олувдилар.
— Нима?
Бу гапни эшитиб Насибанинг кўзлари косасидан чиқаёзди. Шу баҳонада Билол жонланиб ўрнидан турди.
— Ана, энди ҳақиқатни айтаман, — деди у. — Мендан хавфсираётувдинг, эрингга ишонмаётувдинг. Энди айтаман.
— Нимани айтасиз?
— Ноила опа, мен ҳозир чиқиб ўзим ҳал қиламан…
Ноила тушунди ва бош эгганча кабинетни тарк этди.
— Тоғанг анчадан бери шунақа иш қилиб юрибди, — давом этди Билол. — Ҳозиргача олган пуллари юз милёнга етиб қолди.
— Наҳотки?.. Тоғам-а? Нега менга бир оғиз айтмади? Мақсади нима? Шунча пулни нима қилади? Нега сўроқсиз олади?..
— Унисини ўзидан сўрайсан. Мен қаёқдан биламан? Мен… Охирги марта кеча пул олаётганини кўриб қолувдим. Шундан бери мени ёмон кўриб юрибди. Биласанми, тоғанг бўлгани учун индаёлмаяпман. Бошқаси бўлганда…
— Майли, асабийлашманг, — деди Насиба икки қўли билан бошини чангаллаб. — Мени уйга обориб қўйинг, ғалати бўп кетяпман!
— Ўзингни эҳтиёт қил, — Билол эҳтиёткорлик билан Насибани қўлтиғидан олди-да, ташқарига етаклади. — Агар менга изн берсанг, тоғангни йўлга солиб қўярдим. Пулларнинг ҳаммасини қайтартирардим.
— Қайтаради, қайтармай қайга боради. Ҳали қараб турсин!..
* * *
Уйга етиб келишгач, манзара янада тундлашди. Нафосат ая бор гапни қизидан эшитди-ю, йиғлашга тушди. Насиба эса кўнгил айниши бир дард бўлса, тоғасининг қилиб юрган иши икки дард бўлиб баттар сиқилар, ҳовлидаги сўрида ўтирганча Нормат полвон кириб келишини кутарди. Ниҳоят унинг қораси кўринди. Нормат полвонни кўргач, биринчи бўлиб Билол ўрнидан қўзғалди. Тоғанинг авзойи бузуқ. Тўппа-тўғри Билолнинг устига бостириб келар, мана-мана мушт туширгулик шашти бор эди.
— Ҳой, Нормат, ўзингни бос, — ўтирган ерида қичқирди Нафосат ая. — Билол сенга нима ёмонлик қилди?
Билол ҳам вазиятни олдиндан пайқаб улгургани боис жавоб қайтаришга шай турарди. Аммо Насиба тоғасининг йўлига кўндаланг бўлди.
— Ҳа-а, Билол арпангизни хом ўрдими? — дея тоғага совуқ боқди у. — Кучингиз шунга етдими? Қани, уриб кўринг-чи, нима қиларканман!..
— Нима қиласан? — пишқирди Нормат полвон. — Шу сиғинди туғишган тоғангдан азиз бўлдими?
— Ҳа, азиз бўлди, — бўш келмади Насиба. — У менинг эрим! Сизга ўхшаб кўзимга чўп тиқаётгани йўқ!
— Нима? Қанақа чўп? Ҳа-а, бойиб кетдингизми? Яқиндаям бурнингизни тортиб юровдингиз! Энди пул тушиб жир битиб қолдими?
— Ҳой, Нормат, — Нафосат ая чопа келиб укасининг билагидан тортқилади. — Қўшнилар нима дейди? Манави ёққа ўтир! Ўтир дедим!
Нормат полвон опасининг турткилари остида сўрига омонатгина чўкди.
— Менга қара, — дея Нафосат ая гапни ётиғи билан бошлади. — Жиянингнинг қанча қийинчиликминан оёққа турганини ҳеч ким билмасаям сен билардинг. Нега ўғирлик қилдинг?
— Қанақа ўғирлик, опа? — дея ўшқирди Нормат полвон. — Ҳаддим сиғмайдими олтмиш милён сўм пулга? Айтинг, ҳаддим сиғмайдими? Мен шу қизингизни гўдаклигидан елкамда кўтариб катта қилганман! Шунинг ҳурмати йўқми?
— Ие, буни пул деб қўйибди, ука! Жиянинг катта ишнинг тепасида турибди, ахир! Ҳар ёқдан ҳар ким тортқилаб кетаверса, охири нима бўлади? Кап-катта эркаксан, тушунмайсанми шуни? Ё атайин қиляпсанми?
— Бераман ўша пулини, бошида қолсин! Менга қаранг, эри-чи, манави эрка куёвингиз душманларимизминан ош-қатиқ бўлиб юрибди. Унга мумкин-а? Эртага ҳамма дўконлар-у цехларни тортиб олса, тиззасига шапатилаб қолмайдими шу қизингиз?
— Тоға, бугун кечқурун пулларни жойига қўясиз, — гапни калта қилди Насиба. — Юз милёндан ошиб кетибди олганларингиз. Кейин бўшсиз. Бошқа ишламайсиз менда! Бошқа гап йўқ. Билолни бўлса, тинч қўйинг! Сизнинг ишингизмас уни тергаш.
— Ҳа-а, шунақами ҳали? — ўрнидан туриб кетди Нормат полвон. — Бўпти-и! Мана, биз бир сиғиндичалик бўлмай қолибмиз, яхши-и!.. Майли, энди қариндош-уруғчилик, жигарчилик тугади. Биттангам қадам босиб уйимга борма! Нақ бўғизлаб ташлайман!
— Пулларни опкелинг-да, катта кўча! — деди Насиба. — Менга бунақанги ўғри тоғалар керак эмас!
* * *
Орадан ярим соатча вақт ўтди. Билол диваннинг бир четида ўтирганча Насибанинг сочини силар, индамасди, сукут сақларди. Насиба эса унга ер остидан қараб гап нимада эканини англашга уринар, аммо уддасидан чиқа олмасди. Билолга ишонгиси келарди. Аммо Фурқатнинг ёнида тасаввур этди дегунча эндигина тетапоя бўла бошлаган ишонч ғойиб бўлаверарди.
«Наҳотки, мен яна адашган бўлсам? — ўйларди ўзича. — Икки марта адашдим. Учинчи бор адашмаслигим керак эди-ку! Наҳотки, Билол шунчалар пасткаш бўлса? Ҳа-а, беҳуда Фурқат билан ош-қатиқ бўлиб юрмагандир? Тоғам бекорга шунча гапни гапириб ташламагандир? У ҳолда нима учун очиғини айтиб қўя қолмаяпти ўзи? Нимани яширяпти мендан? Дўст бўлса, хотиним деса, қадримга етса, қилган яхшиликларимдан миннатдор бўлса, шу ишни қилармиди? Душман шунақа бўладими? Илондек қўйнингга кириб олгачгина заҳарлайдими? Наридан туриб сочиб қўя қолса бўлмайдими заҳрини? Барибир тегади-ку келиб!.. Билмадим. Кимга ишонишниям билмай қолдим? Кимга ишониб суяна бошласам, панд беряпти. Алдашга, чув туширишга бел боғлаяпти. Агар тоғам пул ўғирлаб додимни бермоқчи бўлган чиқса, Билол қандай йўл билан чув туширмоқчи? Демак, Фурқат билан тил топишиб бор дўконларимни тортиб олишни ният қилганми? Шунинг ҳаракатида юрибдими?.. Ҳа-я, эрта-индин ҳаммасини номига ўтказиб мени ҳайдаб солса-чи? Унда нима бўлади? Кимга йиғлаб бораман, кимга?..»
Насиба хаёллари зўр келиб кутилмаганда Билолнинг қўлини бошидан итқитиб ташлади.
— Ҳа, нима бўлди? — мулойимлик билан сўради Билол. — Ҳалиям жаҳлингдан тушмадингми? Э, ташвиш қилма, бугун топади пулни! Топмаса, ўзим шуғулланаман.
— Сиз-чи? — Насиба даст ўрнидан турди-да, Билолга тик боқди. — Ўзингиз қачон бас қиласиз сотқинликни? Мени тириклай гўрга тиққандан кейинми?
— Уф-ф, — Билол ҳорғинлик билан ўрнидан қўзғалди-да, дераза қаршисига туриб олди. — Мен нима айб қилдим, ахир?
— Фурқат билан ош-қатиқсиз, мана шу айбингиз! — деди Насиба зарда аралаш. — Нега у билан яқин бўлволдингиз? Майли, бир пайтлар уйида мардикор ишлаганман дедингиз, тушундим. Лекин ҳозир-чи? Ҳозир нима мажбур қиляпти? Биласиз, Фурқат менинг ашаддий душманим. Бир пайтлар мени ит кунига солган ҳам ўша. Келиб-келиб ўша билан дўстлашишингиз алам қиляпти. Очиғини айтинг, айтмагунингизча, менга яқинлашманг!..
— Ҳали шунақами? — дея унга яқин келди Билол. — Демак, яқинлашмаслигим керак, шундайми? Жуда яхши, унда яхши қол! Мени излаб овора бўлма, барибир тополмайсан!
Шундай деб Билол ташқарига чиқиб кетди. Насиба эса бу ишини шунчаки жиззакиликка йўйди-ю, индамай ётаверди. Аммо орадан ўн, ўн беш, йигирма дақиқа ўтди ҳамки, Билол қайтиб ичкарига кирмади. Шундагина безовталиги ортиб чопқиллаганча ҳовлига чиқди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Шоша-пиша ортга қайтиб телефонига ёпишди. Афсуски, Билолнинг рақамига туша олмади. Бу баттар юрагига хижиллик солиб қўриқчилардан бири Низомга қўнғироқ қилди. Орадан ярим соатча ўтди, ё ўтмади, Низом етиб келди.
— Менга қара, — деди Насиба йиғлагудек бўлиб. — Дўконларнинг биронтасига мабодо Билол аканг бормадими? Кўзинг тушмадими?
— Тушди, — деди Низом жиддийлик билан. — Боягина кўрдим.
— Қаерда кўрдинг? Нима деди?
— Буни сизга айта олмайман, опа, — деди Низом ер чизиб. — Ҳақим йўқ.
— Ие, нега айтолмайсан? Ким буйруқ берди сенга?
— Билол акам илтимос қилувди. Шунга…
— Мен билмайман, — Насиба апил-тапил оёғига туфлисини илди-ю, қўлига сумкачасини олди. — Ҳозироқ унинг олдига оборасан! Қани, олдимга туш!
— Опа, ундай қила олмайман, — деди Низом қайсарланиб. — Сўз берганман!
— Сен башарти ишдан бўшашни хоҳлаб қолмадингми? — Насиба бу гал нозик жойидан олди. — Агар шундай бўлса, ҳозироқ ҳайдаласан!
— Опа-а, илтимос, кечиринг, ваъда бергандим-да!
— Юр дедим сенга! Обор мени ўша Билол аканг турган ерга!..
— Хўп, — деди бўшашиб Низом. — Фақат… Кўрганларингизга… Илтимос, опажон, нима кўрсангиз, мени аралаштирмасангиз, ёлвораман! Мен… Балога қолиб кетаман кейин!
— Кўнглинг тўқ бўлсин! Сен обориб қўй-да, орқага қайтавер!
Машина жойидан қўзғалди. Низомнинг сирли гаплари, қайсарланиши Насибани баттар шубҳалантира бошлади. Энди умуман ишончи йўқолиш палласига кирди. Билол кўз олдига келди дегунча асабийлашаверди.
«Демак, бирёқда туғишган тоғам, иккинчи ёқда Билол ҳам менинг пойимни қирқишга тушибди, — кўнглидан ўтказди у. — Мана, ҳозир ҳаммаси ошкор бўлади. Жойида ҳал бўлади ҳаммаси. Ифлос… Номард!.. Худо олсин сендайларни!..»
📝БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
#mutoalaZavqi
1️⃣9️⃣ кисм!
Машина шаҳардан ташқарига чиққач, ўнгдаги кўчага бурилди. Низом кўримсизроқ, дарвозасининг бўёқлари кўчган ҳовли рўпарасида тормоз берди. Қоронғиликда маҳалланинг охири кўрина қолмасди. Қарама-қарши тарафда эса кенг далалар бўлиб, ўша ёқдан қурбақаларнинг қуриллашигина қулоққа чалинарди.
— Сен мени қаерга бошлаб келдинг? — сўради Насиба Низомга еб қўйгудек совуқ боқиб. — Бу ерлар қаер ўзи?
— Бу Тошкент районига қарайди, — деди Низом. — Опа, илтимос, мен кета қолай! Билол ака мени кўрса, ғажиб ташлайди.
— Билол бу ерда нима қиляпти ўзи? Сен биласан, ҳаммасини биласан. Тилинг бир-да-а? Шунинг учун миқ этмаяпсан.
— Опа, пастга тушайлик, ҳаммасини ўзингиз кўрасиз. Фақат мен панада тураман. Яхшиси, кета қоламан. Ўзларинг келишиб олаверасизлар.
— Олдин менга кўрсат кўрсатадиганингни! Кўрсатмагунча ҳеч қаерга кетмайсан!
Улар олдинма-кетин пастга тушишди. Низом Насибани ҳовлининг орқа тарафига бошлади. Буёқ пахса девор билан ўралганди. Бир бурчакда эса подвалга тушадиган зиналар кўриниб турибди. Зиналарнинг ўнг ёнбошига дарича ўрнатилибди. Пастдан — подвалдан кимнингдир бақиргани эшитилиб қоларди.
Насиба бу товуш таниш туйилиб, янада сергак тортганча Низомнинг имоси билан даричадан ичкарига мўралади. Подвалда чамаси бир неча ўн чоғли одам бор эди. Шундоқ рўпарасида Билол курсига керилганча ўтириб олган, қаршисида кимдир тиз чўкиб турарди.
Насиба шу кимсанинг кимлигини билишга уринди. Орқадан, бунинг устига чироқ хиралиги сабаб ҳадеганда таний қолмади.
— Сен қара-чи, — деди Низомга юзланиб. — Анави тиз чўкиб турган ким?
Низом даричадан бир марта ичкарига қараб олди-ю, ўрнидан қўзғалди.
— Бу Фурқат, — деди у овозини бир парда кўтариб. — Ўзингиз танийдиган ўша…
— У нимага тиз чўкиб турибди? Билолнинг олдида-я?..
— Опа, уёғини Билол аканинг ўзидан сўрайсиз. Мен жавоб бера олмайман. Илтимос, кета қолай! Кўнглим ғаш негадир. Мени кўрмаслиги керак Билол ака.
— Аввал чақириб бер, ана ундан кейин кетавер! — деди Насиба. — Бўл, ортиқ бу ерда тура олмайман.
— Бўпти, тақиллатаман-у, кетаман! Ўзингиз гаплашаверасиз!
Шундай деб Низом даричани бир-икки тақиллатган бўлди. Кейин пастроқ тушиб подвал эшигини тепди ва дарҳол ўзини орқага олиб машина томон илдамлади.
* * *
Насиба ҳануз ҳеч нарсага тушуна олмасди. Бу кимнинг уйи, нега Билол бу ерга келди, нега Фурқат унинг пойида тиз чўкяпти, ким ўзи Билол аслида?.. Наҳотки, яна адашган бўлса? Наҳотки, яхши, беозор, камсуқум, ўзи каби қийинчиликда ўсган етим, меҳрибон дегани мараз бир кимса бўлиб чиқса? Кимлар билан боғланиб қолди ўзи Насиба? Ахир, бу ишлари қонунга зид-ку! Саминга ўхшаганлар сезса, обориб қамаб қўяди-ку Билолни!..
Саволлар бир талай эди. Лекин бу саволларга фақат Билолнинг ўзи жавоб қайтара олади.
Насиба тоқати тоқ бўлса-да, юрагида Билолга нисбатан нафрат тобора алангалай бошласа-да, лом-мим демади. Кутди. Ичкаридан чиқишини пойлаб турди.
Ниҳоят подвал эшиги очилиб, аввал ўзи танимайдиган бир неча барзанги чиқди-да, кўча тарафга қараб юрди. Уларнинг кетидан Фурқат ёнида икки йигит билан юқорига чиқди ва у ҳам кўчага йўл олди. Насиба панадалиги сабабли улар кўрмасди. Охирида Билол ким биландир пичир-пичир қилганча ташқарига чиқиб келди. Ёнидаги подвал эшигини қайта ёпиб қулф солгани аниқ қулоққа чалинди.
Насиба атайин жойидан жилмай Билолнинг навбатдаги ҳаракатларини кузатди. У бамайлахотир атрофни кузатди-ю, ёнидаги билан хайр-хўшлашгач, кўчанинг бошқа бир томонига кета бошлади. Наридаги бир неча барзанги чопа келиб унга эргашди…
Ана, энди кутиш ғирт аҳмоқлик эди. Агар яна бир неча дақиқа шундай бўшашганча турса, Билол машинасига ўтиради-ю, жўнаб қолади.
Насиба тез-тез юриб бориб Билолга етиб олди ва туйқусдан унга яқинлашиб тирсагидан тутди.
Қўрқаркан эркак киши ҳам. Ёнидагилар-ку, майли, Билол ёмон қўрқиб кетди.
Ўзи сезмаган ҳолда жазавага тушиб қичқирди.
— Ҳе онангни!..
Лекин қаршисида Насибани кўриб нима қилишни билмай беихтиёр ортга тисланди.
— Сен?.. Бу ерни қандай топиб келдинг?
Насиба унинг қўлтиғидаги халтачага кўзи тушгани ҳамоно бир зарб билан тортиб олди ва ичини очди.
Воҳ, халтачада даста-даста кўкимтир долларлар бор эди.
Билолнинг ёнидагилар Насиба кимлигини дарров пайқашдими, аста олдинга юриб кетишди. Насиба эса эрининг кўзларига тик боқди.
— Нима, манавинақанги пана-пастқамларда хоҳлаган қандимни ейишим мумкин, биров билмайди, Насиба гўл деб ўйлаганмидингиз? Йўқ, Насиба гўл эмас! У ернинг тагида илон қимирласа билади. Тан бергандирсиз энди?
— Ўн марталаб, йўқ, милён марталаб тан бердим, — тиржайиб ер чизди Билол. — Шу ерни топиб келибсанки… Тўхта, адашмасам, сени Низом опкелган бўлса керак. Фақат ўша биларди қаердалигимни. Топдимми?
— Сизга нима фарқи бор? — деди Насиба совуққонлик билан. — Уям менинг хизматчим. Нима десам шуни қилади.
— Гап йўқ, — деди Билол бошини сарак-сарак қилиб. — Бир нима деётганим йўқ-ку, Наси!
— Мени Наси деманг! Паспортимда Насиба деб ёзилган.
— Хўп, Насиба бўлса Насиба-да! Ҳалиги… Менга мумкин деб ўйлабман.
— Шу лаҳзадан бошлаб сизга ҳеч нима мумкин эмас. Машинани калитиниям беринг буёққа! Машина менинг пулларимга келган.
— Жинни бўлганмисан? — кутилмаганда кулиб юборди Билол. — Қанақа машина? Қанақа қайтариш? Ҳалиям менга ишонмаяпсанми? Вей, сен олдин ўзингнинг қариндошчаларингдан гумонсирагин! Ана, тоғанг, юз милёндан ортиқ пулингни ўғирлаганди, хўш, қайтариб ололдингми?
— Қайтариб оламан эртами-кечми? Сизга нима оғири тушяпти?
— Олиб бўпсан менсиз! Мана шу қўлингдаги долларларни тоғангнинг киссасидан суғуриб олишди бизнинг йигитлар! Ишонасанми, ё ҳалиям гумонинг тарқамадими?
Насибанинг хаёллари чалкашиб кетганди. Нималарни ўйлаётгани, кўксига ботиб турган бир тутам нарса нафратми, аламми, ё бошқа бир юкми, била олмай ҳалак эди. Билгани, Билол ўзига очиқчасига хиёнат қилди, унга сездирмай манавиндай гуруҳлар тузиб юрибди. Билмай жиноятчига тегиб қўйдими? Наҳотки, ўқдан қочиб бомбага йўлиққан бўлса? Нимага? Қайси айби, гуноҳлари учун худо бунча жазо беряпти? Бузуқлик қилмаган бўлса, бировнинг ҳақига кўз олайтирмаса, нима учун шунча азоб, жазолар? Тағин… Бола орттириб олгани-чи!?. Худо, кўриб турибсан-ку ҳаммасини! Жазолашни бас қилсанг-чи! Ё мен ортиқчаманми дунёингда? Яратган еринг мени кўтара олмаяптими?..
Насиба илкис бошини кўтарди-да, қайтадан Билолнинг кўзларига боқди.
У хотиржам эди. Сигарет тутатганча зулмат қаърига ҳиссиз боқарди.
— Машинага чиқайлик, — деди Насиба аста олдинга юриб. — Нега қараб турибсиз? Юрмайсизми?
Билол югуриб борди-да, машина эшигини очди.
— Марҳамат, ўтирсинлар, хоним, — деди ҳазил аралаш. — Шундай-й!.. Хўш, қай манзилга олиб боришни буюрадилар?
— Бас қилинг ялтоқланишни! — жеркиб ташлади уни Насиба. — Ўтиринг машинага! Хўш, бу пуллар қайдан келди ва қандай қўлингизга тушди?
— Мана, энди тушунтираман, — деди Билол ортга ўгирилиб. — Бу пуллар боя айтганимдай тоғангдан тортиб олинди. Яна Фурқат ҳам сендан 15 минг доллар қарздор экан. Шундаймиди?
— Хўш, нима бўпти?
— Қара, шунча пулингни бермай юрибди-ю, ғамингга келмайди-я, вей!
— Сиздан пулимни ундириб беринг деб сўрамагандим-ку!
— Сўрашинг шартмас. Мен аҳд қилдим пулни ундиришга!
— Шунинг учун қаршингизда тиз чўкдими у?..
— Нима? — Билол ҳайрати ошиб Насибанинг билагини маҳкам сиқимлаб олди. — Сен қайдан биласан? Ё кузатаётганмидинг?
— Сиз ҳалиям мени гўл, содда, билимсиз деб ўйлайсиз шекилли-а? Айтдим-ку, ер тагида илон қимирласа биламан!
Билол бир муддат сукутга толди. Нималарни ўйлади, худога аён. Бирпаслик сукутдан кейин икки кафти билан бошини чангаллади.
— Ҳа, кўрган бўлсанг, демак, менинг қудратимни билибсан! Ҳа, тиз чўктирдим уни! Нега деганда, ўша ифлос тоғангминан тилни бир қилиб сени шилаётган экан. Тоғангниям айбдор деб бўлмайди бу ерда. Қўрқитаркан Фурқат униям. Нормат оға қўрққанидан пулларни кассангдан оларкан-у, Фурқатнинг қўлига топшираркан. У эса наркотик сотиб олиб фойда қиларкан-у, тоғангга арзимаган «капейка»ни бериб алдаркан. Яна ва яна пул олиб келишни буюраркан. Олиб келмаса, зуғум қиларкан. Ўлдириб юбориш билан қўрқитаркан.
📝 БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
#mutoalaZavqi
2️⃣0️⃣ кисм!
Насибанинг хонадони шу тобда Яратган эгамнинг зулматини эслатарди. Ташқарида зоҳир тун шарпаси қалблардаги зулмат қаршисида ожиздек эди.
Бир ёқда Нафосат ая ув тортиб йиғласа, сўрининг бир бурчагида Насиба ўз ёғида қовриларди. Улар бир-бирларини юпатишга ожиз қолишганди. Юпанч изламасдилар. Ҳар ким ўз хаёллари-ю, дардлар денгизига шўнғиганча сўзсиз, имо-ишораларсиз сузарди.
Охири Насибанинг тоқати тоқ бўлди. Билолнинг қилиб юрган ишлари, тоғаси тутиб қўйган номақбул йўл, хиёнат бағрини кемириб, у ҳам онасига қўшилиб йиғлай бошлади.
— Қўй, йиғлама, қизим, — дея Насибани овутишга тутинди Нафосат ая. — Бу дунёнинг кўргиликлари кўп. Ҳар бирига ўлиб-тирилаверса, ер юзида бағри бут одамнинг ўзи қолмайди. Бўлар иш бўлди. Энди буёғига Билолни қандай қутқариш ҳақида ўйлайлик, жон қизим! У шўрликда айб йўқ, ғўрлик қилган, сен-у мени балодан қутқараман деб ўзи тиғ остига тушди. Қўл қовуштириб ўтираверсак, қандай бўларкин? Худонинг ғазаби келмасмикин?
— Худо ғазабини шундоғам сочиб бўлди бизга, — деди Насиба йиғлашдан тўхтаб. — Бундан ортиқ ғазаб бўлармиди!? Дўст, жигар деб юраверибман. Улар эса оёғимга болта уришдан бошқасига ярамади.
— Пул ўлсин, пул, — деди қизини қучиб Нафосат ая. — Ҳаммасига мана шу ўлгур айбдор. Қандай тоғанг бориди-я! Фурқатникидан келганингда жон олиб жон берганди. Сўйиб ташлашга тайёр эди сени хафа қилганларни. Энди эса… Норматнинг кўзини кўр, қулоғини кар қилибди шу пул. Ана, энди юраверади чориғини зўрға судраб.
— Мен тоғамга ёмонлик қилмадим-ку, ойи! Нега у менга ёмонлик қилди? Нимага дўст-душманнинг олдида юзимни ерга қаратди? Шу тоғам учун жонимни фидо қилишгаям тайёр эдим-ку!
— Худога солдим униям, — деди Нафосат ая кўз ёшларини енгига артиб. — Бизниям кўриб турибди. Ҳеч кимга ёмонлик тиламадик. Сен ёш, ёлғиз бошингминан, не азобларда оёққа тургандинг. Сувлари саттанг-а пишқириб оққан анҳорлардан лойга ботиб «мол» ташиганингда биттаси бориб қўлингдан тортволмаганди. Ҳа-а, худо бор, ўзи беради жазосини! Йиғлама, куйинма!..
Насиба нимадир эсига тушгандек даст ўрнидан турди-да, қўл телефонини олди ва керакли рақамларни тера бошлади.
* * *
— Ҳа, — деган таниш овоз янгради гўшакдан. — Ким бу?
— Танимадингизми, ака, — деди Насиба ҳорғин оҳангда. — Мен Насибаман!
— Қайси Насиба? Мен унақа одамни танимайман.
— Наҳотки? Ахир…
Афсуски, телефон ўчирилди.
— Мараз! — дея зарда билан телефонни сўрига улоқтирди Насиба. — Прокурориям танимай қопти! Кечагина қўлимдан бир дунё пулни санаб олганда таниганди. Энди танимай қопти…
Шу пайт телефони безовта жиринглай бошлади.
Насиба ҳовлиқиб сўрига чиқди-да, рақамга боқди. Бегона рақам. Танигандек бўлди-ю, эслай олмади.
Умуман, ҳозир фарқи йўқ эди. Қаердандир бир тутамгина таянч изларди.
Умид билан гўшакни кўтарди.
— Мени танидингми, жоним?..
Бу Фурқатнинг товуши эди.
Насиба ўзи учун жирканч овозни эшитгандаёқ гўё сочлари тикка бўлиб, ниҳоятда асабий лаб тишлаб олди.
Телефонни қайтадан нарига ирғитмоқчи бўлди.
Аммо ундай қила олмади.
Умид йўл бермади.
Фурқатнинг қўнғироғи қанчалар кутилмаган, овози жирканч бўлмасин, барибир умид қилди.
Ҳозирги аҳволида умиддан бўлак туйғу қалбини забт эта олмаётганди.
— Сизга нима керак? — сўради совуққонлик билан Насиба. — Нега қўнғироқ қиляпсиз?
— Бошингга мушкул иш тушибди деб эшитдим-у, чидаб тура олмадим, — деди Фурқат. — Агар хафа бўлмасанг, изн берсанг, сенга ёрдам бермоқчиман, ишон! Тағин ўзинг биласан. Агар бир қарорга келсанг, шу рақамга чиқарсан! Хайрлашмайман.
Алоқа узилгач, Насиба онасига ер остидан разм солди. Ундан бирор жўяли гап кутди.
Нафосат ая унинг ким билан гаплашганини билмайди. Қаердан жўяли гап айтсин?
Шу ўй миясига урилгачгина, Насиба сергак тортди.
— Фурқат қўнғироқ қиляпти, — деди у Нафосат аяга дардли боқиб. — Ёрдам бермоқчиймиш.
— Оббо, энди шуниси етмай турувди, — деди Нафосат ая. — Балога йўлиқтирганлари эсидан чиқибдими? Ёрдам берармиш…
— У адашган, — деди Насиба қайсарлик билан. — Одам адашиши мумкин-ку!
— Адашса, сенинг балога гирифтор бўлишинг эвазига адашган! Ҳалиям ўшанинг овозини эшитсанг, безовталаниб қоласан-а, қизим! Ўтмишинг ёдингдан чиқдими?
— Чиққани йўқ. Нега чиқсин? Мен… Ҳозир қандай бўлмасин Билолни чиқариб олишим керак қамоқдан. Ёш умри хазон бўлади. Келажаги жувонмарг бўлади.
— Фурқат чиқариб бериб бўпти уни, — деди Нафосат ая. — Ҳалиям соддалигинг қолмади! Ахир, у наркоман, бойнинг боласи. Нима қилиб бўлмасин сенинг бор будингни тортиб олгиси келади. Ундайларга карқуноқдан булбул чиқиши алам қилаверади. Ишон, ундайлар ҳеч қачон камбағалга дўст бўлмайди-и!!!
— Менга дўстлигининг ҳечам кераги йўқ. Билолни қамоқдан чиқаришда ёрдам қилса бўлдийди.
— Билмайман, ўзинг ўйла, ўзинг фикр қил. Мен миямга келганини айтдим.
Насиба кўнглининг бир четида учқун чақнаган каби шоша-пиша ўрнидан турди-да, хонасига йўл олди.
Кирганданоқ эшикни ичкаридан тамбалаб, Фурқатнинг рақамини терди.
— Ҳа-а, намунча хомушсан, жоним? — сўради Фурқат ғўлдираш аралаш.
Насиба билдики, у наркотик қабул қилган. Лекин ҳозир бунинг аҳамияти йўқ эди. Умуман, Фурқатнинг қай аҳволда бўлиши уни қизиқтирмаётганди.
— Телефон қил дедингиз, мана, қилдим, — деди у шивирлаб. — Нима ишингиз бориди?
— Иш мендамас, сенда, — деди Фурқат. — Билиб турибман, шу паллада фақат Билол ҳақида қайғуряпсан. Арзанда эринг қамалиб қолди. Агар ҳаракатингни қилмасанг, камида 20 йилга кетади. Гапим тўғрими ё ҳалиям ноҳақманми?
— Шунинг учун телефон қилибмидингиз? Устимдан кулиш учун бошқа вақт топилмадими?
— Вей, сен ким бўпсанки, устингдан кулсам? Сал пастроқ тушсанг, яхши бўларди. Ҳарқалай, қачонлардир эр-хотин бўлганмиз.
— Илтимос, бунақа бўлар-бўлмас гапларни гапириб бошимни қотирманг. Сизниям, мениям кимлигимизни худо билади. Кўриб турибди.
— Тўппа-тўғри. Худо кўриб турибди. Кўр, мен ҳақ эканман, шунинг учун худо менга ғазабини сочмади. Бизнесим зўр кетяпти, қўлимни қаерга узатсам етяпти. Сен-чи? Сенинг ишларинг ёмон. Жар ёқасида турибсан. Кейин-чи, Билол қамалишиминан қутулиб ҳам қолмайсан. Эрта-индин прокуратура босади дўкон, цехларингни. Ана унда аҳволинг жудаям ночор бўп қолади, жоним! Шуларни ўйлаяпсанми?
— Менинг ҳисоб-китоб ишларим жойида, — деди Насиба бўш келмай. — Текшираверсин. Қўрқадиган ерим йўқ.
— Эҳ, ҳалиям қайсарлигинг қолмабди. Майли, солиқдан, бошқа ташкилотлардан камчилик, хато бўлмаслиги мумкин. Лекин бошқа ишлар-чи? Масалан, агар мен айтгандек йўл тутмасанг, менам прокуратурага битта ариза ташлаб қўяман. Биласанми, нима дейман? Боягина ўша арзанда эринг менинг қўлимдан 15 минг долларни қуртдай қилиб санаб олди. Пулларни сенга берди. Аниқ биламанки, ҳозир ўша пуллар сенда. Демак, бармоқ излари сеники ва Билолники. Ўша арзандангнинг ёнидаги югурдакларниям танийман. Пулни эса сенинг буйруғинг билан зўрлик қилиб олганини ёзаман. Бу «заказуха»га айланиб кетади, жоним! Қўрқмайсанми?
— Маразийдинг, маразлигингча қопсан, — деди Насиба нафратини яшира олмай. — Энди бу йўлга ўтдингми?
— Сенлама, — деди Фурқат янада жонланиб. — Мендан қарздорсан. Қарзинг шунақанги кўпки, уни доллар билан ҳам, евро билан ҳам ўлчаб бўлмайди. Сен узишинг керак ўша қарзингни! Қарз қиёматга қолмаслиги керак. Агар узсанг, тўрт томонинг қибла! Хоҳлаган тарафингга учавер! Ҳеч ким ортингдан қувламайди. Хўш, етиб бордими гапларим?
— Мақсадингни айт, — деди Насиба жаҳлдан ёрилгудек бўлиб. — Қанча берсам, унинг ўчади? Айт! Фақат гапни айлантирмасдан айт! Нафсинг қанча тилаяпти?
— Ёнингда ҳеч ким йўқми?
— Йўқ, тезроқ гапир! Сен билан лақиллашишга вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ.
— «Сен»ламасанг яхши бўларди. Ўзидан каттани «сен»лаш яхшимас.
— Сендақалар «сиз»лашга арзимайди.
— Шунақами? Бўпти, бунисигаям чидаймиз.
— Тезроқ айт кўнглингдагини. Гапни чўзма! Эркакмисан ўзи?
— Ў, мана шу гапинг мени жуда ранжитди-да! Эссиз, мени ҳали отам ҳам бунчалик ҳақоратламаганди. Яхши иш қилмадинг.
— Хўп, гапиринг. Нотўғри гапларим учун узр! Фақат тезроқ айтинг муддаоингизни!
— Ана энди ўзингга келдинг. Хў-ўш, энди сен хоҳлагандай муддаога ўтамиз.
Хуллас, сен менинг туйғуларим билан бир вақтлар ўйнашиб қўйгандинг. Биринчи айбинг шу. Иккинчиси, худо раҳмат қилгур ўша ярамас Нодир билан бирга менга хиёнат қилгансан. Сенга ўша пайтлардаёқ айтгандим хиёнатни кечира олмаслигимни. Аммо сен қулоқ тутмадинг. Ғўрлик қилдинг. Бу иккинчи айбинг. Учинчиси, мана, Билол деган арзандангнинг қилган ишлари… Дўстларимнинг олдида мени бир тийин қилдиларинг иккаланг бир бўлиб. Майли, нимаям дердим?!. Ўша гап, агар шартимни бажарсанг, тинч қўяман. Кўнмасанг, мендан хафа бўлиб юрма. Биласан, мен ҳаётда ютқазишни ёмон кўраман.
— Хўп, айтинг шартингизни! Пулми?
— Пулингни бошимга ураманми? Бошқа нарса.
— Айтинг, нима? Намунча чўзғиладингиз?
— Биласанми, бир дўстим бор Нозим деган. Жуда «крутой» бола ўзиям. Аммо бахти чопмаган менга ўхшаб. Хуллас, ўша Нозим билан ётиб берасан. Мен эсдалик учун видеога олволаман. Баҳс бойлагандик уминан. Сени тўшакда «ас» деб мақтанувдим. Ишонмаяпти. Агар шу шартимни бажарсанг…
— Ифлос!!!
Насиба қўлидаги телефонни деворга чунонам урдики, юз бўлакка бўлиниб кетди.
Ўзи эса дод деб йиғлаганча ҳовлига чопди.
t.me/kongilkaliti
📝 БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
#mutoalaZavqi
2️⃣1️⃣ кисм!
Фурқатнинг юзсизларча, бир туки сесканмай, масхарага қоришиқ айтган бу гапларини эшитса, нафақат одам, ҳатто илон пўст ташлайди.
Одамзод метиндан-да мустаҳкам экан. Насибанинг аламдан юраги тўхтаб қолмади, ҳушини йўқотмади. Бўшашганча ўтириб қолмади. Кўнглининг туб-тубидан сизиб чиқаётган зардобларга тиқилиб ҳам қолмади.
Титраб-қақшаб Нафосат аянинг хонасига кирди. Кирди-ю, онанинг бағрига ўзини отди ва ҳўнграб йиғлаб юборди.
Уй хизматчиси Ойша ҳам ҳайрон. Азбаройи қўрқиб кетганидан, рангида ранг қолмаган. Касал-пасал бўлди шекилли деб ўйлаб нуқул қўл-оёқларини уқалар, ора-сирада унсиз қон йиғлаётган Нафосат аяга жавдирарди.
— Бўлди, қизим, бўлди, — она-да, дарров ўзини қўлга олиб Насибанинг бошини қучди. — Йиғлаб мени куйдиравермагин! Менам бўларим бўлиб ўтирибман! Худо олсин ундайларни! Илоё рўшнолик кўрмасин! Қон қусиб ўлмаса розимасман!..
— Ундайлар қон қусмайди, ойи-и! — йиғи аралаш сўзланарди Насиба. — Ифлоснинг гапирган гапларини бир эшитсангиз эди, ойи-и! Мени, аёллик ғуруримни ер билан битта қилди ифлос! Қандай чидайма-ан, қандай?..
— Сенга айтдим телефон қилса олма деб! Қулоқсизсан ўзингам! Телефон қилса қилиб ўлмайдими?!. Падарига лаънат ундайларнинг!..
— У… Менга шарт қўйяпти! — деди ҳиқиллашдан тийила олмай Насиба. — Бажармасам, қаматиб юборармиш.
— Ким? Нега шарт қўяди? Арпасини хом ўрганмидинг уларни?..
— Энди нима қиламан? Қай бирига чидайман? Мен аҳмоқ Билолни чиқаришда ёрдам берса керак, пул сўраса керак деб ўйлабман. У ифлос…
— Қўй, йиғи-сиғи билан иш битмайди. Билол қамоқдан чиқиб ҳам қолмайди. Буёғига нима қилишни ўйлаш керак. Хўш, прокурорингга яна қўнғироқ қип кўрдингми?
— Йўқ, — дея шоша-пиша ўрнидан қўзғалди-ю, кўз ёшларини арта-арта қаддини ғоз тутди Насиба. — Телефоним пачоқ бўп кетди. Деворга ургандим…
— Майли, Ойшахон, нариги хонадаги телефонни опчиқинг! Ҳозир…
— Энди кеч бўлди, ойи! Эртага қўнғироқ қиламиз. Майлими сизнинг ёнингизда қолсам? У хонага киришга қўрқяпман!
— Ётақол, — қизини маҳкам қучоқлаб олди Нафосат ая. — Бугун би-ир иккаламиз ачом-ачом қилиб ётайлик-а? Қани, ётақол! Ўзим сочларингни силабгина ётаман! Ухлайқол, қўзим!
— Ҳалиям ёш боладай эркалайсиз-а, ойи? Ахир…
— Жим, — гапни энди ҳазилга бурди Нафосат ая. — Ола бўжилар кеп қолади, жим! Ухла!..
Онанинг шу биргина ҳазили Насибани қувонтириб, кулишга, эркаланишга мажбур этганди.
Нафосат аянинг кафтларини юзига босганча ухлаб қолди.
* * *
Яна тонг отди. Оллоҳнинг нури бўлмиш қуёш яна олис тоғлар ортидан аста мўралаб шаҳарга тафт улаша бошлади. Бироқ Насибанинг кўнгил тонги ҳали-вери ёришадиган эмасди. Уйғонди, онанинг эркалашлари қуршовида нонушта қилган бўлди. Томоғидан қил ўтмаётганига қарамай, зўрлов билан бир тишлам нонни ютди. Кейин эса…
Қалбини ваҳима булути қоплади. Қоп-қора булутлар қаддини эгишга, дунёдан воз кечишга, борса-келмас деб аталмиш ёқларга кетишга, тарки дунё қилишга ошиқтирарди. Фақат онага меҳр, вужудида меҳмон бўлишга аҳд қилган фарзандига бўлган умид тўхтатиб қоларди.
«Ана, яна ҳаммаси бошидан бошланади, — ўйларди машина рулини истамайгина бошқариб бораркан. — Ҳозир қайси дўконга бормай, клуб, цехга кириб бормай, ҳойнаҳой прокуратура, СЭС, мелисалар кўндаланг бўлади. Сўроқ-саволга тутади, ишимни ёпишга мажбур этади. Анави мараз Фурқат арз қилиб улгургандир. Қўлларимга кишан солиб қамоққа олиб кетишади. Онажоним дод солганча қолаверади. Ҳеч ким унинг фарёдига қулоқ тутиб ўтирмайди. Одамзод шунақа шафқатсиз мавжудот. Қўшниникида аза бўлса ҳам тўй қилишдан тийилмайди. Тўй сиғиб кетаверади кўнглига. Чунки аза уникидамас, қўшниникида бўлади. Қанчалар разиллик…»
Насиба ярим йўлга етганда, дафъатан тормоз босди. Нимадир ёдига тушган каби рулни ортга бурди.
У Билол ўқийдиган университетга бориб суриштиришга аҳд қилди. Қалбидаги шубҳалар ёлғон эканига амин бўлишни, қаршисида Билолнинг юзи ёруғлигини ўзи учун қайта-қайта исботлашни хоҳлади.
Не ўйлар, гумонлар, қўрқув, даҳшатлар домида ниҳоят университет ҳовлисига келиб тўхтади ва машинани четроққа қўйиб ичкарига йўл олди.
Журналистика факультети биринчи қаватда жойлашган. Тепасига «Декан» ёзувли тахтача илинган эшикни оҳиста тақиллатди ва жавоб кутиб ўтирмай, ичкарига кирди.
Тўрда ёши олтмишларга борган, оппоқ сочли эркак ўтирар, қандайдир қоғозларни титкилаш билан овора эди.
— Келинг, қизим, — деди у даст ўрнидан туриб. — Қани, ўтиринг!
Насиба кўрсатилган курсига чўкди. Эркак эса стол устидаги қоғозларни бир четга сурди-да, ҳурмат юзасидан столини айланиб ўтиб Насибанинг рўпарасига келиб ўтирди.
— Хуш кепсиз, қизим! Нима хизматлар билан келдингиз? — сўради у мулойимлик билан.
— Мен… Билол Валижонов деган талабани қидириб келувдим, — деди Насиба. — Шу ерда ўқийди адашмасам.
— Билол Валижонов ҳақиқатан бизнинг факультетда ўқийди, — деди эркак кулимсираб. — Мен декан бўламан. Исми-шарифим Муродилла Қўшматович. Хў-ўш… Билол сизга ким бўлади? Укангизми?..
Насиба ростини айтишга негадир қўрқаётганди. Деканнинг бу саволи далда бўлди.
— Ҳа, укам, — деди таваккал. — Анчадан бери кўришмовдик. Шунга…
— Жуда соз. Билол жуда тиришқоқ талаба. Факультетимизнинг фахри десам сира хато бўлмайди. Билими кучли. Аммо бир айби бор. Балки ўзингизам биларсиз бу айбини?
— Й-йўқ, — деди янада эҳтиёткорлик билан Насиба. — Айбини… Билмас эканман…
— Биласиз. Прогулчи у. Жуда кўп дарс қолдиради. Тўғри, аълочи, дарсларга кирмасданам имтиҳон, зачётларни аълога топширади. Лекин университетда қонун битта-да! Шуни ҳисобга олсак, прогул қилавериши… Айтганча, қизим, боя бизга олдин милиция, кейин прокуратурадан хат келганди. Билол бирор айб қилибдими, билмайман, қамаб қўйишганмиш. Тушдан кейин талабамизнинг қанчалик аълочи ва хулқи яхшилиги ҳақида ёзиб жўнатвормоқчийдим. Сизниям хабарингиз борми?
— Ҳа, хабарим бор, — деди Насиба оғир хўрсиниб. — Шунинг учун келувдим бу ерга. Туҳматга қолди у. Умрида ёмонларга қўшилмаган. Билмадим… Кимга керак бўлдийкин…
— Хавотир олманг, — деди декан норози бош чайқаб. — Шубҳа-гумонларни йиғиштиринг. Биз бор эканмиз, Билолни чиқариб оламиз. Сира қайғурманг!
Шу бир оғиз сўз Насибанинг кўзларини мошдек очган каби қалбида қайтадан ҳаётга меҳр, яшашга иштиёқ туғилди. Рўпарасидаги деканга ихлоси ортди. Шундай одамлар борлигига шукр қилди.
— Майли, мен борай, — дея аста ўрнидан турди у. — Кўнглим тинчланди. Борингларга шукр, домла!
— Сизгаям раҳмат! Укангиз ҳақида қайғурибсизми, демак, сиз-у биз бир хил фикрларканмиз! Яна айтаман, ташвиш тортманг! Мен бугуноқ ректорга чиқаман. Ўша милициясигаям, прокуратурасигаям қўнғироқ қилиб чиқариб олади Билолни!
— Хўп, яхши кунларингизда хизмат қилайлик! Хайр!
— Хайр, қизим!
* * *
Декан билан бўлган суҳбат Насибанинг қалбида Билолга нисбатан ишонч ҳамда меҳр ортишига туртки бўлди. У Билолга янада қаттиқроқ ишона бошлади. Ишонч ҳисси янада кучга тўлиб, вужудига сингиб боргани сайин меҳри шунча кучлироқ товлана борди. Йўл-йўлакай, Фурқат билан Билолни таққослаб кўрди. Билол устун келди. У талаба эри ҳақиқий дўст эканини яна бир карра чуқурроқ англади.
— Қанийди ҳозир мўъжиза юз берса-ю, — дерди овоз чиқариб. — Билол қамоқдан қутулиб чиқиб мени супермаркетда кутаётган бўлса! Қанчалар мамнун бўлардим, енгил тортардим-а!..
Аслида Яратганнинг мўъжизалари кўп. Уларни бармоқ билан санаб тугатиб бўлмайди. Шу тобда қийналган, умри деярли ҳам руҳий, ҳам жисмоний азобда ўтган, ҳар қадамда таҳқирланган, алданган, масхараланган Насибанинг оҳлари худога етмай қолишини ақл бовар ҳам қилмасди.
Супермаркетларидан бирига етиб келиб, шоша-пиша кабинетига кирди-ю, худонинг қудратига тан берди.
Кўзларига ишонмади.
Оҳлари дарров кўкка етганига ҳадеганда ишона қолмади.
Чунки кабинетда Билол уч чоғли нотаниш, барваста, кўркам йигитлар билан чақчақлашиб ўтирарди.
— Нега менга хабар бермадингиз? — Насиба кирди-ю, саломни ҳам унутиб Билолга ташланди. — Ахир, ўзим олиб келардим-ку ўша қарғиш теккан жойлардан!.. Йўқ, йўқ, мен туш кўряпман шекилли. Туш кўряпман-а, тўғрими?..
Йигитлар уни тушунгани учун ими-жимида кабинетни тарк этишганди.
Насиба илкис ҳушёр тортиб эҳтиёткорона ортга тисланди.
Билол эса кулимсираганча сукут сақларди.
— Нега индамаяпсиз? — деди Насиба ваҳима аралаш. — Ўзингизмисиз ё адашдимми? Уйқудаманми?..
— Ўзимман, — деди ниҳоят Билол Насибанинг икки елкасидан оҳиста қучиб. — Қўйворишди. Айбимни исбот қила олишмади. Ҳалиги… Самин ака деган прокурор бориди-ку!
— Хўш, бўлса нима қипти? Уям сизни айбладими?
— Йў-ўқ, эшитгин-да гапни охиригача! Ўша одам ўртага тушди. Хуллас, чиқариб олди. Ишни ёптирди. Аммо…
— Нима аммо? Айтинг тезроқ, юрагим ёрилиб кетади ҳозир!
Билол киссасидан бир парча қоғоз чиқарди-да, Насибага узатди.
— Шу қоғозда ёзилган пулларни анави йигитлардан бервориш керак экан.
Насиба қоғоздаги рақамларга бир қаради-ю, қайтадан Билолга тутқазди.
— У йигитлар ким ўзи? Ишончлимикан? Тағин «ухлатиб» кетишмасин булар ҳам! Бунисини кўтара олмайман энди!
— Улар ўша прокурорнинг одами. Ўзим кўрдим. Бирга боришди милиция бўлимига!
— Хўп, — деди Насиба чуқур нафас олиб. — Ҳозир пулларни берамиз. Барака топсин прокурор ҳам! Кеча асабимга ўйновди, ҳарқалай ёрдам берибди. Демак, ёмон одаммас. Юринг, тез пулни берамиз-у, уйга жўнаймиз! Ойим ҳам мотам тутиб ўтирибди!..
Шу лаҳзаларда Насибадан бахтиёр одам йўқдек эди.
Қўл остидагилар билан бир-бир кўришаркан, бир гапириб ўн кулар, Билолнинг қўлини сира қўйиб юбормасди.
📝 БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
#mutoalaZavqi
2️⃣2️⃣ кисм
— Ишонасизми, — дерди машина моторига ўт қўйишни ҳам унутиб Насиба. — Эрталаб шу ёққа келаётганимда худога астойдил нола қилгандим. Дўконга кирсам-у, сиз ўтирган бўлиб чиқсангиз деб йиғлагандим. Худо эшитди фарёдларимни! Ишонасизми шундай мўъжизага?
— Нега ишонмай? — деди Билол хотиржамлик билан. — Менга худо болалигимдан ҳамроҳ. Ҳар гал раҳмимни еган. Ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаган, оч қолдирмаган. Ўқишдаям фақат худо ёрдам бериб келган. Менга қара, нега ўтирибмиз? Ҳайдамайсанми машинани?
— Вой, эсим қурсин, — дея ўрнидан қўзғалди Насиба. — Ўтиринг рулга! Мен ҳозир машина ҳайдай олмайман. Қаранг, хурсандлигимдан қўлларимгача қалтираб кетяпти!
— Бўпти, кўндирдинг, — жилмайиб машинадан тушди Билол. — Сен менинг ўрнимга ўтир унда! Узоқлашсанг, худди йўқотиб қўяётгандай ваҳимага туша бошлайман.
— Йўқотмайсиз, — деди Насиба кулиб. — Орзу қилсангизам бунга эриша олмайсиз. Мендан қутулиб бўпсиз!..
Шундай ҳазил-мутойиба, қочиримли гаплар билан ниҳоят уйга ҳам етиб келишди.
Ойша ҳовлиларни аввалгидан-да яхшироқ йиғиштирган, супур-сидир қилган. Нафосат ая эса дарвозахонада уларни муштоқ кутарди. Билол машинадан тушди-ю, худди ҳиндлар каби эгилиб, Нафосат аянинг пойини кўзларига сурди.
— Вой, ундай қилма-анг, болам, — Нафосат ая азбаройи ноқулай вазиятга тушганидан кулиб юборди. — Ҳиндиларга ўхшаб…
— Бизнинг оналаримиз ҳиндлардан камми? — дея қайнонасини қучди Билол. — Улардан ортиқроқ. Шунинг учун улар бир марта онасининг пойини кўзга сурса, биз ўн марта суришимиз керак.
— Баракалла, — деди йиғламсираб Нафосат ая. — Илойим қўша қаринглар! Кўрган битганингиз шу бўлсин!..
— Майли, сизлар ўтира туринглар, мен кийимларимни алмаштириб чиқаман!
Билол Насибага бир марта кўз қисди-ю, ичкарига чопди. Нафосат ая эса қизини яна бир марта қучиб табриклади. Сўнгра авайлабгина сўри томон етаклади.
— Кўз тегмасин, жуда киришимли йигитакан, — деди Нафосат ая ичкарига ишора қилиб. — Роса уялтирди-я!.. Илойим бахтинг кулгани рост бўлсин!
— Рост бахтим кулгани, ойи, — деди Насиба кўзлари чақнаб. — Унақа одатим йўғиди-ку, аммо бугун куёвингизнинг ўқишига кириб суриштирдим. Юрагимдаги шубҳалар ҳақиқатга яқинми-йўқми, текшириб кўришни хоҳладим.
— Хўш, кейин-чи? Шубҳаларинг тўғри эканми?
— Йўқ, ғирт ёлғонакан. Декани шунақа мақтадики куёвингизни!.. Йиғлаб юбораёздим хурсанд бўлганимдан. Аълочийкан, ҳаммалари яхши кўришаркан уни. Фақат прогулчироқ деди.
— Ҳа-а, ўзингам мактабда роса прогул қилишни қотирардинг. Ўхшатмагунча учратмас деб шунга айтишади-да, қизим! Ҳой, Ойшабегим, овқатни сузаверинг! Ўзингизам шу ерга ўтирасиз! Биргалашиб би-ир ошхўрлик қилайлик! Ўғлим эсон-омон чиқиб келганига, балолар ариганига ош буюровдим Ойшабегимга!..
* * *
Ҳаш-паш дегунча шаҳарга тун чўкди. Билол ва Насиба ёлғиз қолишди.
Айниқса, Насиба шу лаҳзаларни орзиқиб кутганди. Орзулари кўплигидан кўксига сиға қолмасди. Билолнинг елкасига бош қўйганча орзулайверди, орзулайверди…
— Айтганча, — кутилмаганда Билол нимадир ёдига тушгандек сўз қотди. — Фарзандимизга нима деб исм қўямиз?
— Ҳозир қўймаймиз, — деди Насиба маъюс жилмайиб. — Ҳали туғилмаган болага исм қўйиб бўлмайди.
— Нега? Барибир олдиндан билишимиз керак-ку!
— Хаёлингизда исмни танланг-да, ҳеч кимга билдирмай юраверинг! Шунда кўз тегмайди…
Шу тобда Насибанинг телефони безовта жиринглай бошлади. У рақамга қаради-ю, кўнгли сал таскин топиб гўшакни олди.
— Ҳа, Ноила опа, — деди мулойимлик билан. — Тинчликми? Ишлар яхши кетяптими?
— Насибахон, мен қўрқиб кетяпман, — деди йиғламсираб Ноила. — Дўконимизга тўрт-беш чоғли барзанги келиб катта пул талаб қиляпти! Кассадаги пулларни бермасак, сўйиб кетишаркан!
— Нима?..
Билол суҳбатни аниқ эшитганди. Зарда билан телефонни Насибанинг қўлидан тортиб олди.
— Сенга ҳаяжонланиш, хавотирланиш мумкинмас, — деди мажбуран тиржайиб. — Ўзимга қўйиб бер уларни! Ноила опа, беринг телефонни ўша барзангиларга! Тез бўлинг!
Киприк қоққанчалик вақт ўтиб гўшакдан эркак кишининг йўғон ва таҳдидли товуши эшитилди.
— Эшитаман! Ким бу?
— Мен Билолман, — деди у жиддий оҳангда. — Ҳозир оёқларингни қўлингга олиш-да, қури дўкондан! Йўқса, яхши иш бўлмайди!
— Хўп бўлади!..
— Ана, бўлди, — деди Билол ҳийла керилиб. — Сен фақат боламизни, мени ўйла. Бунақанги ишларни ўзимга қўйиб бер!..
— Вой, тавба қилдим, — Насиба эрининг тутган иши, бир зумда муаммони ҳал этганидан ҳайратланиб даст ўрнидан турди. — Бу қанақаси? Сиз… Танирмидингиз уларни?
— Кимни? — оғзининг таноби қочиб Насибага тикилди Билол. — Барзангиларними?
— Ҳа-да!
— Қаёқдан таний уларни? Жоним, бир нарсани тан ол! Эрингни жиноятчи зоти борки, жуда яхши таниб олган. Бу ҳам сенинг шарофатинг билан. Уларни танишим шартмас. Исмимни эшитса ҳисоб, дарров уни ўчади. Биз сен билан мана шулар ҳақида жиддий гаплашиб олишимиз керак.
— Нимани гаплашамиз? — ҳайрон бўлиб Билолга қаттиқроқ тикилди Насиба. — Кетишди-ку менимча улар! Яна нима гап бўлиши мумкин?
— Сен ҳомиладорсан, — шошилмасдан гап бошлади Билол. — Боламизни кўз қорачиғингдай асрашга масъулсан. Мен ҳам сенинг асабийлашишингга йўл қўймаслигим керак. Сен ўзингни уринтирмаслигинг зарур.
— Уринтирмайман, хотирингиз жам бўлсин!
— Йўқ, мен бошқа нарсани айтмоқчиман.
— Нимани? Гапираверинг! Қулоғим сизда, яхши йигит!
— Манави дўкон, цех, клуб… Хуллас, ҳаммасини менинг номимга ўтказмасанг бўлмайдиганга ўхшайди.
— Нима? Нега? Тинчликми?
— Тинчликмаслигини ўзингам кўриб турибсан. Улар мен бор-йўқ сени тинч қўйишмайди. Таъқиб қилавериб жондан тўйдиришади.
— Сиз борсиз-ку! Ё бош олиб кетмоқчимисиз?
— Жиннимисан? Қаерга бош олиб кетаман? Мен умуман айтяпман. Уёқда прокурор турибди тиш қайраб. Фурқат эса пайт пойлаяпти. Анави келганлар Фурқатнинг югурдаклари, аниқ билиб турибман. Агар ҳамма бизнес менинг номимда бўлса, ҳеч ким сенга ортиқча зуғум қила олмайди.
— Тавба, бу қанақаси бўлди? Нима фарқи бор кимнинг номидалиги? Ҳимоя қиласиз-ку мени барибир!
— Тушунмадинг. Токи дўконлар-у, ишқилиб ҳамма бизнесинг сенинг номингда экан, тинчий олмайсан. Ҳар тарафингдан келиб турткилайверишади. Айниқса, Фурқат…
— Сизнинг номингизда бўлса индашмайдими? Жа ишондим-да!
— Ҳа, менинг номимда бўлса, тега олишмайди. Тегишга қўрқишади.
— Мен қаёқдан биламан? Балки сизам ҳаммасини номингизга ўтказволгач, мени ташлаб кетарсиз?!. Билиб бўладими? Пул деб қўйибди буни!
— Сен нотўғри фикрлама, — деди Билол куйинчаклик билан. — Агар менга ишонмаётган бўлсанг, ана, университетга бориб домлалардан сўра, суриштир, курсдошлар қанча у ерда. Уларниям сўроққа тут!
— Суриштириб бўлганман, — деди Насиба бош силкитиб. — Аллақачон деканингиз айтган кимлигингизни.
— Ў, наҳотки? Қачон улгура қолдинг? Хўш, нима деди декан? Ҳойнаҳой, кўп дарс қолдиради деб нолигандир-а? Топдимми?
— Худди шундай деди. Ўзи яхши йигит-у, аммо прогулчи деди.
Билол бу гаплардан кейин завқланиб кулди. Аммо дарров жиддийлашди.
— Майли, унда нега ишонмаяпсан ҳалиям? Ана, айтибди-ку декан кимлигимни! Мен у айтгандай одамман. Ўзгармайман.
— Мен ўйлаб кўришим керак, — деди Насиба бўшашиб. — Бу йўл-йўлакай икки оғиз гапминан ҳал бўладиган ишмас. Милёнлаб пуллар турибди.
— Майли, ўйлаб кўр, шошилтирмайман. Қачон бир қарорга келсанг, айтарсан.
* * *
Ярим кечаси Насибанинг уйқуси қочди. Тағин кўнгли айниб бир неча маротаба ваннахонага кириб чиқди. Шўр бодринг егиси келаверганди, Ойша топиб келтирди. Ярим тун бўлишига қарамай, яна икки-учтасини паққос туширди-ю, балконга чиқиб олис осмонга, турнақатор юлдузларга ўйчан назар ташлади. Хаёлида эса ҳануз Билолнинг сўнгги гаплари, Фурқатнинг масхаралашга беланган ҳақоратлари айланарди.
«Бунчаям чалкаш бўлмаса бу жумбоқлар, — кўнглидан ўтказди оғир хўрсиниқ аралаш. — Бири масхаралайди, иккинчиси пул дейди. Наҳотки, бу сафар ҳам бахтим очилмаган бўлса? Билол сувилон каби ичимга ўрнашволиб кейин ташлаб кетса-чи? Манави боласининг ҳам юзини қилмайдими? Йўғ-э, агар юз-хотир қилмаса, аллақачон додимни берарди. Балки ҳақдир у. Шу бизнес ўлгурини очганимдан бери бошим ғавғодан чиқмайди. Нуқул тазйиқ ўтказишади. Қўрқитишади. Зўрлик қилишади. Масхаралашади.
Ғуруримни ер билан битта қилишади. Нега? Балки шу Билол деганлари, суюкли эрим ҳақиқатан мени деб елиб-югураётгандир? Мана, қамоқдан чиқариб ҳам олдим. Ҳазилакам пул кетмади. Шундаям юз-хотир қилмаслиги, чув тушириши мумкинми? Унда худойимнинг хоҳиши қайда қолади? Эркаклик субути қайда қолади? Йўқ, Билол ундайлардан эмас. У номардликка қўл урмайди. Чунки мени севади. Севишига заррача шубҳам йўқ. Қолаверса, ўртада фарзандимиз бўлади ҳадемай. Фарзандини кўчада қўймас ҳеч бўлмаса!?. Ҳа, розилик бераман. Майли, ишласин, пул топсин. Зўрларга сўз бермай яшасин! Мен эса унинг дилбандини дунёга келтиришни ўйлай. Ким қўйибди менга қорнимни қаппайтирволиб тадбиркорлик қилишни!? Фурқатнинг анави телефон орқали айтган гапларини, ҳақоратлариниям Билолга айтиб бераман. Адабини берсин! Шундай бопласинки, туғилганига пушаймонлар есин!
Айтаман! Айтаман! Айтаман!..»
📝 БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
#mutoalaZavqi
2️⃣3️⃣ кисм!
— Нега ухламаяпсан? — Билол кутилмаганда уйғониб кетди-ю, Насибанинг ўтирганини кўриб ўрнидан қўзғалди. — Нима бўлди? Бирор еринг оғрияптими?
— Шўр бодринг егим келувди, едим, — деди Насиба кулимсираб. — Қўймаяпти болангиз. Жудаям қайсар чиқиб қолди.
— Онасига ўхшаган-да, — ҳазиллашди Билол. — Онасиям қайсар-ку! Қайсарнинг боласи қайсар бўлади-да!
— Ажаб бўпти, — Билолнинг юзига секин шапатилаб қўйди Насиба. — Сиз оппоқсиз, қўйдай ювошсиз. Тўғрими?
— Худди шундай. Мендан ювош эрни топиб бўпсан!
— Биласизми, мен сизга бир гапни айтмоқчийдим. Аслида эрталаб айтаман девдим, аммо ўзингиз уйғониб қолдингиз. Айтайми?
— Қанақа гап? Айтавер!
— Фурқат нима деганини биласизми менга?
— Фурқат? Қачон кўришдинг у билан? Нега?
— Кўришиб ўлибманми ўша билан? Қўнғироқ қилди мараз. Энди телефон рақамимниям ўзгартирадиганга ўхшайман.
— Хўш, нима деди? Пул талаб қилдими? Ё менинг устимдан арз қилдими?
— Ҳа, олдин устингиздан арз қилди. “Пулимни қуртдай қип санаб олди”, деди. Кейин эса… Мени қўрқитишга тушди. Шарт қўйди. Шу шартимни бажарсанг, тинч қўяман, бўлмаса, қаматвораман деди.
— Қанақа шарт? Айтавер! Гапни чўзмасанг-чи!
— Унинг Нозим деган ўртоғи боракан. Ўша билан ётиб беришим керак экан. Мени тўшакда “ас” деб мақтаганмиш. Иккаласи баҳс бойлаганмиш.
— Нима?
Билол бу гапларни эшитиб қандай ўрнидан сакраб туриб кетганини ўзи ҳам пайқамай қолди.
— Сен… Индамай эшитиб туравердингми? Сўкиб, қарғаб ташламадингми?
— Нега қараб турай? Ўша маразни деб энг яхши кўрган телефоним пачоқ бўлди. Деворга ургандим… Лекин мен аёлман. Барибир унга бас кела олмасдим. Яхшиямки сиз чиқиб қолдингиз ўша қамоқ лаънатисидан. Бўлмаса, билмадим, у мени қай кўйга соларди… Билмадим…
Насиба иложи борича ўзини тутишга, йиғламасликка уринганди.
Иложи бўлмади.
Йиғлаб юборди.
— Қўй, кўз ёшларингга арзимайди у хунаса, — дея Насибани қучиб юпата бошлади Билол. — Мен унга тўшакда “ас”ликни кўрсатиб қўяман. Ҳойнаҳой мени қамалди, энди ҳаётда чиқмайди деб ўйлагандир. Йиғлама, ундайларни йиғлаб эмас, кулиб енгиш керак. Ана, энди тушунгандирсан нега бизнесни менинг номимга ўтказ деганимни. Ҳалитдан бошлабди-ку ит эмган!
— Ҳа, бошлади… Мен… Бир қарорга келдим… Эртага иккимиз нотариусга борамиз. Ҳаммасини номингизга ўтказамиз. Менга ким қўйибди қорнимни қаппайтириб бизнес қилишни?!. Ҳаммасини ўзингиз қиласиз. Бизни боқасиз. Лекин ҳаддингиздан ошмайсиз.
— Тушундим, — дея Насибанинг сочларини силаб қўйди Билол. — Ҳаддимдан ошсам, аллақачон ошардим. Ҳали кўрасан, бутун шаҳардаги манаман дегани бизнинг оёқларимизни ўпади. Мен бунга эришаман! Фурқатниям, бошқасиниям ўзимга қўйиб бер!..
* * *
Насиба энди ростакамига ташвишлар, ғам, камситилишлар-у шубҳа-гумонлар барҳам топганига кун сайин ишона борарди. Билол бизнесни номига ўтказгач, астойдил ишга киришганди. Барча дўкон-у цехлар, клубни баравар назорат қилар, қаттиққўллик билан иш юритарди. Фурқатнинг ҳам адабини берибди. Ноила қўнғироқ қилиб шипшитди. Билолнинг қўриқчи ва ёрдамчилари уни роса дўппослаб, оғиз-бурнини қонга бўяганмиш. Бу хунук манзарани тасаввур этди-ю, Насибанинг юраги ғаш тортди. Бироқ Фурқатнинг телефон орқали гапирган сўнгги гаплари, масхарали кулишлари кўз ўнгида гавдалангач, қўл силтади. Ачиниш-у, шафқат туйғусини нари ҳайдади…
Бугун эса якшанба эди. Билол ишдан эртароқ қайтишга, биргалашиб би-ир театрга тушишга ваъда берганди.
Насиба умри бино бўлиб театрга тушмагани учунми, жуда қизиқ туюла бошлади. Театрга асосан башанг кийинган эркак, аёллар киришади деб эшитгани бор эди.
Шкафни титкилаб ўзига энг кўп ёққан кўйлагини кийди. Шу кўйлакда қорнининг қаппая бошлагани сезилмас экан. Қолаверса, кийган заҳоти янада очилганини кўзгуда кўриб кўнгли кўтарилди. Апил-тапил бўянгач, Ойшани тезлади. Паловни тезлатмаса, Билол оч қолишидан қўрқди…
Афсуски, соат кечки етти яримга занг урса-да, Билолдан дарак йўқ эди.
Қўнғироқ қилди. Хизмат доирасидан ташқарида бўлиб чиқаверди. Нафосат ая ҳам тундлашиб борарди. Ойша безовта эди.
— Кўришим шарт эмасдир балки? Гапираверинг ҳақиқатни!
— Йўқ, сен ҳозир мен билан бориб ўша омборни кўришинг керак. Ундан кейин эса бизнесингни қайта номингга расмийлаштирамиз!
— Берилиб, қизиқиб ишлаётгандингиз-ку! Нима жин урди?
— Жин ургани йўқ. Жонга тегди шунчаки… Мана, уч ой бўлди шу дўконлар номимга ўтганига. Уч ойдан бери ётсам ҳам, турсам ҳам қийналавераман… Йўқ, қайтариб олмасанг бўлмайди. Ишон, мен ёрдамлашаман. Ишдан қочиш йўқ. Фақат мени шу азоблардан халос қилсанг бўлди. Нима дейсан?
— Нима дердим? Шунчалик виждонингиз қийналаётган бўлса, майли, ўтказинг номимга! Қилиб юрган ишим. Ишдан қочмайман. Болам бир гап бўлиб туғилар, ахир! Сиз борсиз-ку!..
— Хайрият-эй, — даст ўрнидан туриб кетди Билол. — Ақлингга қойилман! Билардим… Билардим кўнишингни! Сен… Баҳоси йўқ аёлсан!.. Юр, тезроқ омборингни кўрайлик! Қанча юк келганини кўр, кейин ҳужжат ишларини тезлатмасак бўлмайди. Уёқда ўқишим ҳам хит қиляпти. Тезроқ тугай қолсайди…
Насиба ҳануз ҳеч нарсага тушунмасди. Билол нима сабабдан бирданига тўнини тескари кийиб олиши уни ўйлантирарди.
Барибир бир кунмас бир кун ҳақиқат юзага чиқиши аниқлигига бўлган ишонч уни йўлга отлантирди.
Ҳужжат ишлари тугагач, Билолни бошқатдан кузатиб кўришни кўнглига тугди.
Она-боланинг қош-қабоғига қарашдан, айбдорона бош эгиб қўйишдан нарига ўта олмасди.
Соат кечки тўққиз бўлди. Билолга на қўнғироқ қилиб тушиб бўларди, на ўзи кириб келарди.
— Ошни сузинг, — деди Нафосат ая охири тоқати тоқ бўлиб. — Ишларингам бор бўлсин, қизим! Очдан ўлиш ҳам ҳеч гапмас бунақа кутишда. Келса, ана, Ойша сузиб бераверади. Ўтир, қизим!..
* * *
Тунни Насиба деярли кўз юммасдан ўтказди ҳисоб. Қўнғироқ қилаверди, ҳар гал омади келавермади.
Тонгга яқин соат бешларда ниҳоятда чарчабди чоғи, ётоққа киришни хоҳламай, йўлакдаги диванга чўкди-ю, мудрабди. Телефоннинг безовта жиринглашидан уйғониб кетди.
Билол қўнғироқ қилаётган экан.
— Инсофингиз борми? — салом-аликни ҳам унутиб киноя аралаш сўз қотди у. — Тун бўйи ухламаганимни билармидингиз? Театрингиз-ку, бошида қолсин! Ҳеч бўлмаса бир оғиз айтиб қўяди-да одам! Кечаси билан телефон қилавериб бўлганимча бўлдим, ахир!
— Тушунаман, кечир, — деди Билол хотиржамлик билан. — Менам ўйнаб юрганим йўқ-ку! Энди уйга жўнайман деб тургандим, тол кўчадаги дўконга бир вагон “мол” кеп қопти. Тез вагонни бўшатиб бермасак бўлмаскан. Одам ёлладим, тепасида туриб туширтирдим. Гапиравераркансан-да сенам!
— Вой, хавотир олдим-да менам! Бир оғиз айтиб қўйсангиз бўларди-ку!
— Майли, кечир, жоним, — деди Билол гапни калта қилишга уриниб. — Бугун кечки пайт албатта кутгин! Ваъдамни бажармасам жуда уятли бўп кетади! Ҳечдан кўра кеч дейишади-ку! Хўш, кечирдингми Мажнунингни?
— Агар яна бир марта мана шунақа менга айтмай йўқолиб қолсангиз, кўрасиз кўрадиганингизни! Сочингизни битталаб юлволаман!
— Тавба қилди-им, маликам! Бошқа қайтарилмайди!..
Ўй суришга, бош қотиришга Насибанинг қурби етмасди. Уйқу зўрлик қила бошлаганди. Эрининг тинч эканига амин бўлгач, хавотирлар тумани тарқаб, енгил тортгандек бўлди ва ётоққа йўл олди…
* * *
Телефон орқали гаплашганда уйқусирагани учунми, ўйлаб кўрмаган экан. Тушга яқин уйғонгач, миясига келган ўй шу бўлди. Ахир, илгари дўконларига вагонлаб юк келмасди-ку! Нимайкин ўзи? Нега вагонда келади?..
Худди шу шубҳали ўйлар Насибани ҳушёр торттирди.
Шоша-пиша телефонини қўлига олди-да, Ноилага қўнғироқ қилди.
— Ноила опа, тинчликми ҳаммаёқ? — сўради хотиржам тортишга уриниб. — Ҳеч ким безовта қилмаяптими?
— Раҳмат, Насибахон, ҳамма тинч! — деди Ноила опа. — Ўзингиз қалайсиз? Дам олиш зериктириб қўймаяптими?..
Насиба жавоб ўрнига мақсадга ўтишни лозим топди.
— Кеча вагонда юк келганмиди дўконга? — сўради у. — “Мол” келиб тушдими демоқчийдим.
— Йў-ўқ, — деди Ноила. — Ҳеч қанақа “мол” келгани йўқ. Ким айтди, Насибахон?
— Билол дўкондамиди кеча?
— Уям кечки пайт кетиб қолган. Ўзим ёпиб кетдим дўконни!
— Шунақами?..
Насибанинг юрагидаги шубҳалар юз чандон ортиб бошқа дўконларга қўнғироқ қилиб кўрди. Ҳеч ким вагонда юк келганини тасдиқламади. У яна ўртага қандайдир ёлғон аралашганини ҳис этиб шоша-пиша кийинди-ю, йўлга тушди. Бориб ўз кўзи билан кўрмаса, Билолнинг ростдан ҳам иш билан бандлигига амин бўлмаса тинчий олмасди…
“Точка”ларнинг ҳаммасига бош суқиб чиқди. Билол йўқ эди. Қайта-қайта қўнғироқ қилди. Рақамга туша олмади.
Азбаройи аламга тўлганидан нима қилишни билмай, шаҳардан ташқаридаги дала ҳовлига жўнашни ихтиёр қилди. Ўша ёқда бир бало борлигини кўнгли сезгандек бўлаверди. Аммо жўнашга улгурмади. Билолнинг ўзи дўконга кириб келди.
— Нега ёлғон гапирдингиз? — кабинетга кирар-кирмас уни сўроққа тута кетди Насиба. — Гапиринг, қани ўша бир вагон юк?
— Очиғини айтайми? — деди Билол Насибага негадир дардли боқиб. — Барибир ишонмайсан менга. Шунинг учун очиғини айтайми?
— Айтинг! Нимани айтмоқчисиз? Нима деб ўзингизни оқламоқчисиз?
— Кел, бизнесингни ўзингга расмийлаштирайлик! Виждоним қийналиб кетди рости! Ўзинг шуғуллан! Мен ёрдамчи бўлиб юравераман!
— Нима учун кутилмаганда бундай қарорга келдингиз? Ёлғонларингиз сув юзига чиққанигами?
— Ёлғон йўқ менда ҳеч қандай. Ҳозир бориб ўша омборни кўрсатаман. Мен… Вокзал ёнидаги омборни ижарага олувдим. Юклар ўша ерда. Кетдик, бориб кўрамиз!
📝 БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК…
#mutoalaZavqi
2️⃣4️⃣ кисм!
Билолнинг тутган иши Насибанинг наздида жуда шубҳали эди. Омбор борлигини ўзидан бўлак ҳеч ким билмаса, вагонда юк келганидан дўкондагилар ҳам бехабар бўлишса, буни қандай тушунса бўлади? Нега бу ҳийлаларни ўйлаб топди-ю, нима учун қайтадан бизнесни Насибанинг ўзига қайтаришни хоҳлаб қолди? Сабаби нимада?..
Насиба атайин сир бой бермади. Ортиқча савол ҳам бериб ўтирмади. Билол хоҳлагандек, ўша шубҳали омборни кўришга рози бўлди ва машина моторига ўт қўйди.
Бу гал Билол яна бир иш қилдики, гумонини баттар кучайтирди.
У ўзининг машинасига ўтирди. Илгари ёнида Насиба бўлса, ҳеч қачон ўз машинасига ўтирмасди. Демак, бу ерда яна бошқа гап бор.
Насиба қўлига телефонини олди-да, Билолга қўнғироқ қилди.
— Ҳа, нима гап, жоним? — деган овоз келди гўшакдан. — Тинчликми?
— Нега мен биланмас, ўзингизнинг машинангиздасиз? — сўради Насиба. — Бунақа одатингиз йўғиди-ку!
— Нима фарқи бор? Юравер, мен орқангдан кузатиб боряпман! Ўн беш дақиқа ичида омборда бўламиз!..
Барибир Насибанинг кўнглидаги ғашлик тарқамади. Эҳтиёткорроқ бўлишга аҳд қилиб тезликни оширди.
Ниҳоят вокзал ёнбошидаги ўша айтилган омборга ҳам етиб келди. Билол машинасини омбор эшиги рўпарасида тўхтатди-ю, аммо пастга тушишга шошилмади. Насиба атайин машинадан тушмай уни кузатди. Билол ўтирган ерида ким биландир телефон орқали гаплашди. Шундан кейингина пастга тушиб Насибага қўл силтади.
— Бу ерда бир гап бор, — деди ўзига ўзи Насиба ҳануз пастга тушишга шошилмай. — Билол қандайдир ўйинни ўйлаб топган кўринади. Худойим, ўзинг кўриб турибсан. Ҳақ-ноҳақни ўзинг ажрим қил. Мени, вужудимдаги боламни ўзинг балолардан асра! Менинг ҳеч кимга ёмонлигим йўқ. Фақат мени, боламни тинч қўйишса, балолар даф бўлса бас…
Шуларни тилига кўчирганча Насиба таваккал пастга тушди. Тушаётганда чап қовоғи пир-пир уча бошлади. Кейин эса ўнг қовоғи учди. Кетидан икки билаги баравар учиб ғашини келтирди.
Биларди, қачонки қовоқлари учса яхшилик ё ёмонликка. Иккала қовоғи ҳам кетма-кетига учди. Демак, яхшилик ва ёмонлик ёнма-ён келади. Билакларининг учиши эса кимлар биландир кўришишидан дарак. Улар Насибани ҳеч қачон алдамайди. Албатта яхшилиг-у ёмонликдан ўз вақтида огоҳ этишади.
— Мен Билолга қаттиқ ишонардим, — деди у машина ёнидан туриб уни кузатаркан. — Мени кимсасиз жойларга олиб келди. Нега? Мақсади нима? Нега ўша ернинг ўзидаёқ ниятини айтмади? Ҳа, қўрққан. Афсус, яна чўғдан қочиб алангага рўбарў келдим шекилли. Майли, нимаям қила олардим. Алданганим ҳақиқат экан. Кўнглим сезиб турибди. Балки охирги нафасларимни олаётгандирман? Бор бойлигимга фақат ўзи эгалик қилиш учун бир балони ўйлаб топган кўринади Билол. Ахир, бу адолатдан эмас-ку! Ҳаммасини ўзига хатлаб берган бўлсам. Яллосини қилиб юравермайдими? Мени йўқ қилишдан нима наф топади?..
Шу тобда орқа тарафдан таниш машина катта тезликда келиб Насибага яқин жойда тўхтади. Билол ҳам уни кўрди дегунча югурганча у томонга етиб келди…
Адашмаган экан. Машинадан гумашталари қуршовида Фурқат тушди-да, Насибага яқинлашди.
— Ў, кимларни кўряпман, — деди у намойишкорона. — Қаранглар, болалар, аёл бўлса шундай бўлсин-да! Ваъдасини унутмабди. Нозим, бугун бахтинг куладиган бўлди! Баҳсда ютқазадиган бўлдинг, жўра! Ана, худди шу аёл мен мақтаган Насиба бўлади! Биласанми унинг қанча бойлиги бор? Э, тушингдаям кўрмагансан шунча пулни! Хўш, Билол, нима қиламиз энди? Омбор тайёрми?
Насиба кучли хавфни кўнгли сезиб улгурган бўлса-да, бир туки сесканмай, бир Билолга, бир Фурқатга назар ташлади. Улар мамнун эди.
Насиба ўша кеча Фурқатнинг ҳақоратли сўзларини ёдга олди. Ҳа, бундан чиқди у фикридан қайтмаган. Айёрона йўл билан Насибанинг шаънини, номусини булғашга бел бойлаган. Лекин… Қайси гуноҳлари учун? Хотин бўлиб қучоғига кирганда, кўрсатган ҳунарлари каммиди? Нега бундай қабиҳликка бормоқчи?..
— Жоним, — дея пилдираб келиб Насибанинг қўлидан тутишга чоғланди Билол. — Омборга кирмасанг бўлмайди. Юрақол, Нозим хафа қилмайди сени.
— Ҳали сен шунақамидинг? — деди Насиба унинг ўзига узанган қўлини силтаб ташлаб. — Анави ифлоснинг ноғорасига ўйнадингми? Худодан қўрқмайсанми?
— Бу хотин яхшиликчасига кўнмайди барибир, — деди Фурқат турган ерида. — Билол, ваъданг бошқачайди-ку! Нега қоққан қозиқдай қотиб турибсан? Опкирмайсанми келинни? Куёв кутиб қолди! Маҳтал қип қўйиш яхшима-ас куёвни!..
— Наси, — унга яқинроқ келиб қулоғига шивирлай бошлади Билол. — Яхши қиз бўл! Омборга кирсанг бас, ҳаммасидан қутуласан! Нозим ниятига етади-ю, вассалом! Кейин биз омборни ёқворамиз. Ортиқ хор бўлмайсан. Абадий уйқуга кетасан!
— Нима?..
Насиба шу саволни беришгагина улгурди. Дафъатан серқатнов йўл тарафдан иккита милиция машинаси сиреналарини ёққанча катта тезликда кириб келди. Кейинги воқеалар шу қадар тез содир бўлдики, Насиба хаёлларини-да йиғишга улгурмай қолди.
Милиционерлар Билолни ҳам, Фурқат-у, ёнидаги гумашталарни ҳам қўлга олишди. Қўлларини кишанлаб, негадир Насибанинг қаршисига етаклаб келишди.
Шунда милиция машинасининг биридан Насибага таниш чеҳралар тушиб келди. Бири прокурор, иккинчиси эса Фурқатнинг отаси Қудрат Каримович эди.
Прокурор Насибага бошини қуйи солган кўйи яқинлашиб келиб паст овозда салом берди. Кетидан Қудрат Каримович ҳам саломлашди. Аммо Насиба бу саломларга алик оладиган ҳолатда эмасди. Хаёллари буткул чалкашиб кетганди. Нималар бўлаётганини англай олмай ҳалак эди. Билгани Фурқат ва Билол уни Нозим деганига қўшиб беришни, кейин эса ёлғиз ўзини омборга қамаб ёқиб юборишни мўлжаллагани эди.
— Синглим, бахтингиз боракан, — деди прокурор ўртадаги жимликни бузиб. — Яхшиям агентурамиз яхши ишлайди. Йўқса, сиздай беғубор, безиён қиз манавинақанги иблис малайларининг қўлида ўлиб кетиши ҳеч гапмас. Худога айтганингиз боракан.
— Нега бундай бўлди? — сўради Насиба йиғламсираб. — Мен… Уларга нима ёмонлик қилиб эдим? Айтинг, нима ёмонлик қилдим?..
— Сизнинг пулларингиз керак эди иккаласига. Сабаби шу холос. Кейин… Биласизми булар ким? Булар аслида ака-ука экан! Ана, Қудрат Каримовичдай одам ҳам бугун билиб қопти. Шу инсон бизни йўлга отлантирди. Аслида милициянинг ишига аралашишга менинг ҳақим йўғиди, буни биласиз! Лекин аканинг ҳурмати учун менам бирга келдим.
— Ҳа, қизим, мен фарзанд ўстирмаган эканман, — деди Қудрат Каримович кўз ёшларини тия олмай. — Билол ҳам менинг ўғлим эканини ҳозиргина билдим. Бир пайтлар Бухорода бунинг онаси раҳматли билан никоҳимиз бўлган… Лекин Фурқат иккови топишиши, сиздай бегуноҳ қизни ўртага олиб майна қилиши, ит кунига солиши етти ухлаб тушимга кирмаганди. Эсингиздами, Фурқат маразлик қилгандаям ўзим бирга бориб кечирим сўрагандим сиздан? Кечирмагандингиз. Тўғри қилгандингиз. Ўшанда бекор сиздан хафа бўлган эканман. Бундайларни худоям кечирмайди. Мана, энди мен бу нонкўрлар учун ўлиб қолсам ҳам кечирим сўрамайман. Аксинча, булар қилмишига яраша жазо олишини хоҳлайман. Агар прокурорлар, суд жазо бермаса, ўзим талаб қилиб турволаман! Уларнинг ер юзида яшашгаям ҳақи йўқ аслида. Булар менинг юзимниям ерга қаратди. Нонкўрлик қилди!..
Насиба барчасини эшитиб, идрок этиб турарди. Бироқ жавоб қайтаришга ожиз эди. Алам, нафрат, пушаймонлар, шукроналик гапиришга қўймасди. Нимадир дейишга чоғланди дегунча ўпкаси тўлиб келарди-да, бўғзига нимадир тиқилгандек тек қотарди.
— Синглим, — деди прокурор милиция офицерига айбдорларни машинага олиб боришни ишора қилиш орқали тайинларкан. — Ҳаммасини эшитдим. Билол сиз билан танишиш, ишончингизга кириш илинжида клуб ёнидаги муштлашувни уюштирган ва шунинг баҳонасида сиз билан яқин бўлволган. Айтганча, бизнесингизни бунинг номига хатлаб берганингизданам хабарим бор. Хавотир олманг, мен нотариусга тайинладим. Бугуноқ ҳаммасини номингизга қайта расмийлаштириб, уйингизга боради. Фақат илтимос, бундан кейин ҳушёр бўлинг. Ёмонларнинг алдовига учманг!..
Насиба яна ҳеч нарса демади. Аччиқ кўз ёшлари лабларини куйдириб ўтганини ҳам сезиб-сезмай тураверди.
Милиция машиналари, Қудрат Каримович, прокурор хайр-маъзур қилиб кетишгандан кейин ҳам анча вақт туриб қолди. Шу кўйи тураверди.
Бироқ ҳеч нарсани ўйламади. Қайғу чекмасликка уринди. Хаёлан Яратганга шукр қилди, тавба қилди. Қорнидаги бола безовта типирчилай бошлагандагина ҳушига келиб сергакланди ва машинасига ўтириб моторга ўт қўйди.
* * *
… Орадан йигирма йил вақт ўтди. Насиба бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирмади.
Гарчи Билолни кўришга кўзи бўлмаса-да, фарзандини — қизи Нафисани дунёга келтирди.
Қизини ер-кўкка ишонмай, авайлаб тарбия қилди. Қонида бор экан-да, Нафиса улғайгач, шаҳарнинг кўзга кўринган, обрўли ва салобати юксак онасига ёрдамчи бўлди. Икковлашиб ҳам қанча-қанча тўсиқларни енгиб ўтишди. Сув келса симириб, тош келса кемириб деганларидек тижорат, тадбиркорликнинг қаттиқ нонини аҳил бўлиб, бир-бирларини суйиб, қадрлаб, олқишлаб баҳам кўришди…
Насибага алам қиларди. Жондан азиз қадрдон онаси Нафосат аяни бурноғи йили тупроққа топширди.
Нафосат аясиз дунёдек кенг ва гўзал ҳовлиси ҳувиллаб қолгандек, анча вақт йиғлаб юрди. Ўша лаҳзаларда ҳам Нафиса унга далда бўлди. Овутди, кўнглини кўтарди…
Фақат… Шу қизидан бир гапни яширгани ҳамон тинчлик бермайди. Отаси Билол эканини айтмади. Айта олмади. Йигирма йил шу сирни кўксига маҳкам беркитиб келди. Нафиса гоҳида отасини суриштириб қоларди. Ўшанда юрак ютиб, зардоб ютиб «Отанг ўлган», дейишдан нарига ўта олмади. Билмайди, бу қизғонишмиди, ғурурмиди, ё телбаликми, ишқилиб, Билолни қизининг отаси экани ҳақидаги ҳақиқатни юзага чиқармади. Бунинг ўрнига тун-кун худойимдан Билолга жазо сўради. Ўз ўтмишини эслаганда, йиғлаб-сиқтаб унга жазо сўрайверди…
Фурқатни ҳам қатордан қўймади. Уни эслади дегунча қачонлардир етилиб келаётгандаги аҳволи, туфлисининг пошнаси тушиб қолгач, ялангоёқ кетаётгани, Фурқат ўшанда ялтираган хориж машинасида яқинлашиб келгани, ортидан қолмагани, хуллас, барча-барчаси кўз олдида гавдаланаверди.
«Яратган эгам, ўзингга ҳақ эканман, — деди ҳар нола қилганда. — Мана, юзимни ёруғ қилдинг, халқ, маҳалла-кўй, қавм-қариндош олдида азиз қилдинг. Ёлвораман, менгаям ўлгунимча бир марта бўлсаям, ўша маразнинг ялангоёқ, хор-зорликда кўча кезишини кўрсат! Ўшанда менам унинг ёнидан ўзимнинг ярқираган хориж машинамда ўтиб кетай. Мени кўрсин-у, ичидан зил кетсин! Билолигаям шу кунларни кўрсат! Кўрсатгин, худойим, кўрсатгин!..»
Аллоҳ суйган бандаларини ҳеч қачон ноумид қўймаскан. Ёш пайтларида ҳам сўраса худойим бераридан қисмасди. Бу сафар ҳам азалий оҳлари етиб борибди. Насиба қизини ёнига ўтқазиб шаҳардаги катта бозор ёнидан ўтиб бораётганда, икки таниш башарага кўзи тушди. Уларнинг бири новчароқ, иккинчиси паканароқ эди. Иккаласи ҳам кир-чир, минг ямоқ кийимда, соқоллари ўсиб кетган, бошлари эгилганча қолган, телбаларча бир-бирларига нимадир дея беўхшов ва жирканч куларди. Улар Фурқат ва Билолнинг ўзгинаси эди.
— Вой тавба қилдим, — дея машинани уларнинг рўпарасида тўхтатди. — Қанчалар меҳрибонсан-а, худойим! Кўрсатдинг-а барибир, кўрсатдинг!?. Қара, шу кунга тушишларини сўровдим ўзингдан, туширибсан-а! Ўзингга шукр!.. Борингга шукр! Нафиса қизим, — Насиба ёнида ҳайрон бўлган кўйи бир кўча юзидаги икки кимсага, бир унга қараб қўяётган қизига юзланди. — Анавиларни кўряпсанми?
— Бомжларними? — дея янада жиддийлашди Нафиса. — Ойи, нега уларнинг рўпарасида тўхтадингиз? Садақа қилмоқчимисиз? Шу бомж, алкашларга-я?..
— Ойим, улар бомж бўлмай туриб жуда бой одамлар эди, — деди қизига тик боқиб Насиба. — Кечир, шу пайтгача отанг ўлган деб келдим! Ҳақиқатни билишингни истамадим. Лекин ҳақиқатдан қочиб қутулиб бўлмас экан. Мана шуларнинг бири, ҳов анави бўйдори сенинг отанг Билол бўлади, жоним! Хабаринг бор, мен айтиб берганман ака-укалар мени синдирмоқчи бўлишганини. Эсладингми?
— Ҳа, ойи, эсладим. Мана шулармиди?
— Ҳа, шулар эди. Булар ака-ука! Пастакроғини мен аҳмоқ бир пайтлар ёниб севгандим. У эса… Ҳа, майли, ўтмишни ёдга олиб йиғлашдан, дард чекишдан фойда йўқ. Билиб қўйсанг бас. Ўша новчароғи сенинг отанг Билол. Истасанг, бор, тушиб кўришиб кел, ўзингни таништир! Мен қаршилик қилмайман!
— Зарил келгани йўқ, ойи, — деди Нафиса қовоқ уйиб.
— Отам бўлса нима қилай? Бир марта қизим бориди деб келганмиди? Йўқ. Бунинг ўрнига сиздан меҳрибон, соддадил ойимни ботқоққа ботирмоқчи бўлган. Керакмас, худо кечирсин-у, менинг ундай отам йўқ! Менинг отам ҳам, онам ҳам, опа-сингил-у ака-укам ҳам сиз. Бахтимга узоқ умр кўринг, ойижон! Илтимос, кетайлик шу ердан! Кета қолайлик, ойи!..
— Баракалла, қизим, — деди моторга ўт қўяркан Насиба. — Сендай ақл-ҳушли, куйинчак фарзандим борлигидан ҳар дақиқада бир қопдан семираман! Худойимга шукр! Адолат қилганига, яхши-ёмонни ажратиб қўйганига, ҳеч кимдан кам қилмаганига, умр бериб қўйганига шукр! Илойим умримизга кўз тегмасин!..
Машина ўрнидан қўзғалди.
Фурқат ва Билол Насибани танишганди.
Тобора узоқлашиб бораётган машина ортидан кўзларида ёш билан тикилиб туришарди-ю, миқ эта олишмасди.
Иккови ҳам ўз дарди, хаёллари билан банд эди.
📝 БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК..
#mutoalaZavqi
2️⃣5️⃣ кисм!
Бойларнинг хонадонида туғилиб ўсган қизлар одатда эрка ва инжиқ, худбин, димоғдор бўлишади. Жаҳлини чиқарсангиз-у, кашшоқлардан эканингизни сезиб қолишса, «Сен ўзи кимсан? Кучала еган ерингга бориб кучан! Ҳаддингни бил!», қабилидаги ҳақоратларни ёғдиришдан ҳам тойишмайди.
Хайриятки, ҳадемай йигирма ёшни қаршилай деган Нафиса бундай нуқслардан мосуво бўлди. У гўдаклигидан севимли онаси Насибанинг не азобда ишлашларини, тортган хўрликларини, мушкулотларини, надомат-у, армонларини баравар елкасида ортмоқлаб ўсди. Кўча-кўйда қийналган одамларни кўрса, сўнгги бир бурда нонини-да, бўлишишга тайёр турди.
Фақат… Насиба бошидан ўтган қийинчиликлар Нафисанинг ҳам бошига тушиб қолмаслиги учун уни болаликдаёқ спортга берди. Нафиса онасининг хоҳиши билан каратэчи бўлди. Шу нарса ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизни сал эркакшодароқ қилиб қўйди. Ўзига, кучига ишонгани учун мактабда ҳам синфдош ўғил болалар билан худди ўртоқлар каби дадил туриб суҳбатлашарди, худо кўрсатмасин, синфдош қизлардан бирига қайсидир ўғил бола шилқимлик қилса ёки ранжитадиган гап айтса, шу заҳоти ўртага тушарди. Керак бўлса, ўша боланинг қулоғини чўзиб, бурнини деворга ишқарди…
Шуларни қайта-қайта ўйларкан, онаси қуриб қўйган нуфузли кафелардан бирига кириб келди. Шу ерда негадир хотиржам тортади. Қўлига бир чашка кофеми, чойми олади-да, узоқ-узоқ ўй суриб ўтиради. Хўрандаларнинг келиб-кетишларини зимдан кузатади. Қачонки, асабийлик нари чекинса, аста ўрнидан қўзғалади-ю, уйига жўнайди.
Бугун ҳам шундай қилмоқчи эди. Кўз ўнгидан кечаги манзара кета қолай демасди.
Онаси Насибанинг тундлашиб қолиши, ортда лойга ботган, кийимлари исқирт икки эркакнинг бири отаси эканини тасаввур қилгани сайин асабий лаб тишлай бошларди. Бир кўнгли барибир отаси борлигидан тўла бошласа, бир кўнгли онасини хор-зор қилишга уринган бу тасқарани тепкилаб ташла дерди. Аммо шайтонга қўл бериб ўрганмаган. Шайтонни ўша исқирт отасидан ҳам минг чандон ёмон кўради. Шунинг учун индамайгина қўл силтаб қўя қолишни афзал билиб, аста ўрнидан қўзғалиб кетишга чоғланди. Бироқ икки қадам олдинга юриб улгурмай, беихтиёр кафе бурчагидаги барга кўзи тушиб таққа тўхтади.
Бар «стойка»лари олдида худди ўша кеча ўзи онаси билан бирга кўргани икки исқирт эркак бармен билан нима ҳақиқадир баҳслашарди. Чамаси, бармен уларни чиқиб кетишга ундар, эркаклар эса икки қўлини кўксига қўйганча нималардир деб ёлворарди.
Нафисанинг қалби беихтиёр ларзага келди. Худди иситмаси кўтарилган бемор каби аъзойи бадани ўт бўлиб ёна бошлади.
Билмайди. Бу қандай ҳис бўлдики, Нафисани ҳаяжонланишга, титрашга мажбур этмоқда. Негадир оёқлари ҳам ўша томон юришни ихтиёр қилмоқда…
Нафиса лабларини қаттиқ тишлаганча шоша-пиша барга яқинлашди.
Эркаклар уни кўрди-ю, ўзларини икки қадам четга олди. Йўқ, бугун иккаласи ҳам бинойидек кийиниб олибди. Кундалик жинси шим, қора кофта…
Худди эгизаклар каби бир хил кийинишгани Нафисани янада ажаблантирди. Ўзига қолса, эгизак бўлса керак деган ўйга борарди. Онаси Насибанинг «улар ака-укайкан», деган гапи эсига тушди-ю, тилини тийди.
— Буларга нима керак экан? — сўради бармендан нарида турган Фурқат ва Билолга қараб олиб. — Тинчликми? Ё тиланчилик қилишяптими?
— Нафисахон, жондан тўйдирворишди бу алкашлар, — арз қила кетди бармен. — Эрталаб сўфи азон чақирмасдан келволиб бир стакандан ароқ сўрашувди. Бердим. Пулини ҳозир опкелиб топширишмоқчийди. Опкелишмабди. Яна икки шиша ароқ берармишман. Ҳақини эртага албатта етказишармиш. Э, бунақаларнинг милёнтасини кўрворганмиз. Опкелмайди. Туришини кўряпсиз-ку, бир-биридан исқирт. Ҳе, «бомж»лар!..
— Менга қаранг, Тилаш ака, — деди жиддийлик билан Нафиса яна бир карра отаси бўлмиш Билолга кўз ташлаб олиб. — Бировларнинг устидан кулиш яхшимас. Худогаям хуш келмайди. Агар ўзингизам шуларнинг кунига тушиб қолсангиз, нима қилардингиз? Кейин-чи, менинг ёнимда ҳаётда дўқламанг қашшоқларни! Тушундингизми?..
Тилаш бармен Нафисанинг пўписасини эшитди-ю, бош эгган кўйи икки қўлини кўксига қўйди.
Шундай қилишга мажбур эди. Нафиса жаҳли чиққанда қандай тезоб ва жаҳлдор қизга айланиб қолишини биларди.
Гап қайтариб қўйса, тепки еб қолишдан, ишдан ҳайдалишдан қўрқарди.
* * *
Шу тобда қаёқдан пайдо бўлишди, билмайди, икки стол нарида юзларига қора ниқоб тортган, қўлларида кушхонанинг узун пичоқларини сиқимлаган уч барзанги пайдо бўлди.
Ўша маҳал кун шомдан ўтганди. Кўчалардаги симёғочларга ўрнатилган чироқлар ҳам кетма-кет ёқила бошлаганди.
— Оллоҳу Акбар!.. — қичқирди олдиндаги барзанги кафе эшигини ичкаридан тамбалаб қўйгач. — Ҳамманг полга юзтубан ёт хонасалотлар! Ёт дедим! Кассир қани? Вей, «Шилта», кассирни ушла! Пулларни қуртдек қилиб санаб бермаса, сўйвор!..
Бу орада қолган барзангиларнинг бири телефон симларини ҳам узиб ташлади. Полга турнақатор ётиб олганларнинг, ҳатто, барменнинг ҳам қўл телефонларини тортиб олди. Навбат Нафисага етди. Қиз қаршисига яқинлашиб келиб, оғзидан тупук сачратганча зўрлигини кўрсатишга уринаётган, юзи тўла ҳуснбузарми, ё бошқа алламбалоларга тўла озғин, узун бўйли бу босқинчига хотиржамлик билан қараб қолди. Босқинчи эса у сукут сақлагани сари жаҳл отига минарди.
— Вей, сен нега ётмадинг полга-а? — қичқирди босқинчи ва Нафисанинг елкасига қўл чўзди.
Ана энди буёғига тек туриш сира тўғри келмасди. Нафиса бир зарб билан босқинчининг қўлини суриб ташлади. Босқинчи қаршисидаги қизнинг бу қадар қайсарлигини кўриб аламдан тамом бўлаёзди. Жонҳолатда қўлидаги кушхона пичоғини томоғига тираш учун чоғланди. Нафиса эса унинг пешонаси аралаш кучли зарба йўллади.
Босқинчи лоф бўлмаса, ўн метр нарига учиб полга чалқанча қулади. Қулади-ю, уни ўчди.
Шериклари ҳам анойи эмас-ку! Улар аллақачон ими-жимида кассадаги пулларни қора целлофан халтага жойлаб кетишга чоғланиш арафасида экан. Ҳамтовоғининг калтак еб йиқилганини кўришди-ю, баравар Нафисага ташланишди.
Уларга бир марталикдан оёқ зарбаси етарли бўлди. Кўрибсизки, уч босқинчи, ҳозиргина «Оллоҳу Акбар» дея дунёга жар солган маразлар қаторлашганча кафе полида «ухлаб» қолишди.
— Илтимос, ҳаммангиз ўрнингиздан туринг! — қичқирди ҳануз ўрнидан туришга қўрқаётган мижозлар, кафе ходимларига Нафиса. — Бундан кейин ҳеч ким сизларни хафа қила олмайди. Тилаш ака, манави пулларни кассага солиб қўйинг. Кейин милицияга қўнғироқ қилинг! Манави нусхаларни опкетишсин!..
Тилаш оби-тобида пулларни кассага қайта қўйиб келгандан кейин қўрқа-писа Нафисага яқинлашиб, полда чўзилиб ётганлар тарафга ишора қилди. — Синглим… Ўлиб қолмадимикан ишқилиб?..
— Бунақалар трамвайнинг тагида қолсаям бутун чиқади, — деди Нафиса. — Мелиса чақиринг, келишгунча уйғонишади ноз уйқусидан. Хуллас, ҳаммасини сизга ишондим. Мен тез уйга бормасам бўлмайди.
— Хўп бўлади! — деди Тилаш бармен қўлини кўксига қўйиб. — Раҳмат, синглим!..
* * *
Нафиса уйга янада тушкун кайфиятда қайтди. Уни бир томондан тайёрга айёрлик қилишга уринган босқинчилар ташвишга солса, иккинчи томондан яхшими, ёмонми, баттолми, бағритошми, барибир падарининг юриш-туриши азобларди. Ич-ичидан номаълум ва ўта кучли фарёд отилиб нақ бўғзига тиқилаверарди. Бу фарёдни бўғзидан юлиб ташлашга уринарди. Аммо ҳадди сиғмасди. У гўёки отаси кўринишидаги фаришта-ю, оғзи орқали кириб бўғзида тиқилгандек туюлаверарди…
Онасига кўрсатган кунлари учун хаёлан бўлса-да, қарғашга, иймонсиздан олиб иймонсизга солишга шайланарди. Шу заҳоти шашти аллақаёқларга ғойиб бўларди-ю, бўшашганча қолаверарди…
Отасининг бир марта бўлсин чақалоқлигида қўлига олиб эркаламагани, эсини таниганда бир марта бўлсин узоқдан ҳам қўл силтаб саломлашмагани алам қиларди.
Кейин бирпас кўксидаги чўғ оловга айланарди-ю, дарров ўчарди…
Шундай ўйлар гирдобида уйга қандай етиб келганини ҳам пайқамабди.
Ҳовлидаги сўрида онаси йўлига кўз тикиб ўтирган экан. Нафиса машинасининг эшикларини ёпди-да, бир муддат Насибага — меҳрибон волидасига ўша ердан туриб тикилиб қолди.
Бечора аёлнинг сочлари пахтадек оқарибди. Ёши қирқдан ўтибоқ, юзларига ажин оралабди. Дунёнинг ташвишлари ҳам қуриб кетсин.
Одам қачонгача қўрқиб-пусиб умр кечиради? Қачонгача қузғунларга ем бўлади. Қачон хотиржам тортади-ю, ўзи учун ҳам яшайди? Нега онамни худонинг берган куни шундай маъюс ҳолда кўравераман? Қачон юзларига, лабларига табассум югуради? Агар мен уни шу дардлардан, безовталик ва қўрқув, алам, армонлардан халос эта олмасам, нега дунёга келдим? Тайёрига айёр бўлиб яшаш учунми? Йўқ, бугундан эътиборан менинг онам етти қават кўрпача устида ўтириб, ҳаётнинг гаштини суради. Ойижонимнинг дардларини, ташвиш юкларини мен елкамга оламан. Тамом, вассалом!..
* * *
Нафиса оҳиста юриб келиб онанинг кўксига бош қўйди-да, бир муддат сукутга солди. Шу баҳонада онанинг юрак уришига қулоқ тутди. Унинг юраги ҳамон безовта урар, кўксининг аллақаерида безовталик ҳисси изғирди.
Вужудининг аллақаери билинар-билинмас титрарди.
— Ойижон, бугунам кафенгизга қора ниқоблилар бостириб кирди, — деди Нафиса шивирлаб. — Қўлларида узун пичоқлариям бор.
— Нима? Сен… Ўша ердамидинг? — Насиба бу хабарни эшитди-ю, турган ерида сапчиб кетди. — Нима қилди? У ярамаслар сенга ёмонлик қип қўйишмадими ишқилиб?..
— Вой ойижоним-эй, — деди онасининг оқарган сочларини силаб Нафиса. — Бошқа одам бўлса, дарров пулларини суриштирарди. Сиз эса барибир мени қайғурдингиз-а! Қайси сайёрадан тушгансиз ўзи, ойи? Нибируданми, Марсданми?..
— Гапира қолсанг-чи, — бу саволларга жавоб қайтариш ўрнига Насиба қизининг икки билагини сиқимлаб олди. — Бирор еринг лат емадими ишқилиб?
— Нега лат ейиши керак? — деди Нафиса. — Худди қизингизни билмайдигандай сўрайсиз-а! Уччала ярамасниям мелисага топширвордик. Пулларни эса кассага қайтардик. Хавотир олманг! Менга ҳеч ким жароҳат етказа олмайди. Ҳали унақаси онадан туғилган эмас.
— Сен барибир эҳтиёт бўлгин-да, қизалоғим, — деди Насиба йиғламсираб. — Ундайларга ишониб бўларканми?!. Орқадан келиб пичоқ тиқволса нима қиламан мен?..
— Хўп, манави ерга ўтирайлик, — сўрига ишора қилди Нафиса тоқати-тоқ бўлиб. — Қани, ўтирволинг-чи! Жуда яхши-и! Энди менинг гапларимга яхшилаб қулоқ солинг, ойи! Қулоқ соласизми?
Насиба фарзандининг бу қадар меҳрибонлигидан янада кўнгли бўшаб кўзлари ёшланди.
— Қулоқ соламан, — деди Нафисани бағрига босиб. — Нима гапинг бор? Айтавер, болам, айтавер!..
— Эртадан бошлаб ҳамма дўкон-у цехларни тунги клубгача менга ўтказиб берасиз. Ўзингиз ишга чиқмайсиз. Етар! Шунча ишладингиз, умрингиз иш, иш, ишминан ўтди. Хўш, нима топдингиз? Ҳеч нарса. Агар манави алмисоқдан қолган икки қаватли уйни айтмаса, ҳеч вақонгиз йўқ. Одамларга ўхшаб курортларга бормайсиз. Тоғларга чиқиб ҳаво алмаштирмайсиз. Мен ўтган ҳафтадагидай давлинангиз кўтарилиб азоб чекишингизни хоҳламайман.
Насиба қизининг бу гапларини жим тинглаб тургач, қалби янада кўпроқ фахр туйғусига тўлиб Нафисани қаттиқроқ қучиб олди. Лекин нимадир ёдига тушдими, дарров қўлларини тортиб олди ва шоша-пиша ўрнидан қўзғалиб, бир қадам ортга тисланди.
— Бизнесни менинг номимга ўтказинг дегандай бўлдингми? — сўради у Нафисага аланг-жаланг боқиб. — Н-нега?
— Вой, ҳозиргина айтдим-ку негалигини! — тутоқиб кетди Нафиса. — Ҳалиям ишлашдан воз кеча олмаяпсизми? Шунга қўрқиб кетдингизми? Барибир ишламайсиз, ойи-и, ишламайсиз! Агар мени севсангиз, ишламайсиз!.
— Ишламайман, қизим, ишламайман, — деди Насиба мажбуран кулимсираб. — Фақат… Бир воқеа эсимга тушиб кетди. Шунга…
— Қайси воқеа? Айтинг, ойи! Нима гап?..
Насиба гап бошлашга шошилмасди. «Айтсамми-айтмасамми?», деган ўй миясини кемира бошлаганди. Лекин бошлашга бошлаб қўйган. Нафиса барибир айтмаганига қўймайди.
— Қачонлардир анави гўрсўхта отангминан турмуш қурганимда, — деди Насиба лаблари титраб. — Тўйдан кейин ҳеч қанча ўтмай, уям бизнесимни номига ўтказиб беришимни сўраганди. Гўё менинг ортимдан ёмон одамлар соядек эргашиб юрганини баҳона қилганди. Ўшанда унга ишонгандим. Дарров ўтказиб бергандим. Шунга…
— Нима?.. — Онасининг бу гаплари кўксига тиғдек санчилиб, Насиба ранги оқаринқираган кўйи ўрнидан туриб кетди.
— Ҳали… Сиз… Менгаям… Ўзингиз аччиқ тўлғоқ еб туққан, шу кунгача эркалаб, дунёларига ишонмай катта қилган қизингизгаям ишонмайсизми?..
— Йўқ, йўқ, асло ундаймас, — деди Насиба кулимсираб. — Шунчаки… Ўша ярамас отанг эсимга тушиб кетди холос. Сенга эса бизнес экани-у, жонимни сўрасангам кўксимдан суғуриб бераман, жоним. Сен бу алдоқчи, шафқатсиз, қонхўр ва йирингхўрлар макон тутган дунёда якка-ю, ёлғизимсан. Сенга ишонмасам, ернинг бетида нима қилиб сандирақлаб юрибман? Албатта ишонаман-да!..
— Унда эртагаёқ шу ишни тугатишимиз керак. Чўзиб бўлмайди. Ўша ифлослар менминан гаплашсин энди.
— Вой, қизим, тағин биронтасини ёмон уриб қўймагин! Билиб бўладими. Қаматворишданам тоймайди у қонхўрлар!
— Хавотир олманг, — деди Нафиса онасининг икки елкасидан тутиб. — Мени қаматадигани ҳали энасининг қорнидаям йўқ.
— Бўпти, эртага сен айтгандай ҳамма ишимни хатлаб бераман. Ҳозир, юр, ош ланж бўп кетди. Биргалашиб ейлик!..
* * *
Сарвари оламга тун чўкди. Оймома замин узра сайр қилиб, зориққанларга ўз нурларини тарата бошлади. Шаффоф нурларини ҳеч кимдан, яхшидан, ёмондан, дилозордан, қотилдан, шоҳ-у гадодан ҳам дариғ тутиб ўтирмади. Барча-барчага ўзининг илиқ тафтини ҳадя этишда давом қилди.
Шу паллада Нафиса ҳашаматли ётоқнинг ҳашаматга бурканган каравотида деразадан оймомани жимгина томоша қиларди. Ҳадеганда кўзларига уйқу қўнавермаганидан, миясини турли ўйлар забтига ола борарди.
«Ана энди мен олчоқлар, порахўрлар, текинхўр ўғри-ю, босқинчиларга кўрсатиб қўяман, — ўйларди у. — Менинг онам не машаққатларда топган пулларни талон-тарож қилдириб қўймайман. Агар шу ишни қила олмасам, ўлиб кетаверганим яхши. Биргина онасининг оғирини енгил қила олмаган фарзанднинг яшашга ҳам ҳаққи йўқ.. Дарвоқе, кўзимни юмдим дегунча, ўша дилозор, шафқатсиз, тошюрак, баттол отамнинг сиймоси хаёлимда гавдалана бошлайди-я! Унга на ачинаман, на ғазабнокман. Кўнглимнинг туб-тубида милтиллаган чироқ ёниб тургандек бўлади. У мендан отамга яқин боришимни, унга ёрдам беришимни талаб қилаверади. Бошқа бир четида эса зулмат ҳукмрон. Зулмат мендан у одамни нари ҳайдаб солишни, гуноҳ бўлса-да, ўлдириб юборишни, онамнинг ўчини олишни талаб қилади. Нима қилай? Мени дунёга келтирган одамга қандай қўл кўтараман? Отам-ку! Ёрдам берсам, тағин ойижонимнинг кўнгли ўксимасмикан? Ҳилвирабгина қолган юраги ғам-андуҳга тўлиб азобланмасмикан? Менга бўлган ишончи ҳам сўниб қолмасмикан?.. Билмадим, худойим, билмадим… Ўзинг тўғри йўлга бошла, художон! Мендек ғариб бандангни ҳақ йўлига бошла!.. Эртадан бошлаб эса ойижоним ҳам бошқа бадавлатлар каби «особняк»ларда яшайди. Беш қаватли ҳашаматли ҳовлининг бекасига айланади. Худойим, ўзинг гувоҳсан! Менинг онажоним энди ҳеч қачон ғам, алам кўрмайди..»
Davomi bor...