May 19, 2020

ҚИЗИЛ АТИРГУЛЛАР

Келинчак секин кўзини очди. Нигоҳи ёруғлик билан тўқнашиб, кўзлари қамашиб кетди ва бирдан юмиб олди. Қулоғи остида онасининг "Кўзини очди, кўзини очди” деган сўзлари эшитилди. Киприкларини пирпиратиб овоз келган томонга қаради. Шундоққина ёнида Хосият опа, қизининг ўзига келганини кўриб уввос тортиб юборди.

Онасининг қаторида ҳамшира, унинг ёнида отаси, у ҳам жиққа ёш кўзларини рўмолчаси билан артаяпти.

Садоқат ажабланди, отасининг йиғлаганини сира кўрмаган. "Менга нимадир бўлдими, булар нега йиғлашаяпти?”. У ўзича ўйланди, аммо ҳеч нарсани эслолмай, фикрлари чувалашиб кетди. Келинчак карахт эди.

Хосият опа йиғидан тўхтаб, полга чўкка тушди ва қизининг бошини силади.

– Ўзимнинг ақлли қизим, жоним қизим. Аясини қўрқитган қизим…

Шу пайт эшик очилиб, аввал қайнонаси Нисо ая, сўнг қайнотаси Маннон ака кўринди. Нисо ая тўғри келини томонга юрди ва кўзини очганини кўриб, тушимми, ўнгимми, дегандай қараб қолди, сўнг ўзини унга отиб юз-кўзларидан ўпа бошлади.

– Хайрият, оҳу ноламиз худога етибди, хайрият, боламни қайтариб берибди, азиз жони фойдага қолибди.

Нисо аянинг бу ҳаракати бошқаларниям тўлқинлантирди, эркагу аёл пиқ-пиқ йиғлашга тушди. Навниҳол келинчакнинг ўлим оғзидан қайтиши ота-онаниям, қайнона-қайнотаниям эсанкиратиб, қувонч ёшларини тиёлмай қолишди.

– Тузукмисан, қизим? – сўради ниҳоят отаси Назир ака.

– Ҳа…

– Ҳеч қаеринг оғримаяпти?

– Йўқ.

Нисо ая келини ёнига, каравотнинг бир четига ўтирди.

– Юрагим ёрилишига бир баҳя қолди, болажоним, – деди ўпкалагандай. – Уч кундан бери кўзимга бир чилим уйқу келгани йўқ. Олдимда пайтинг билмаган эканман, икки йил ичида жону жаҳонимга айланиб қолибсан.

Нисо ая чин дилдан гапираётганди. Садоқатни боласидай қабул қилди ва келин бўлиб тушган куниёқ сенлай бошлади. "Сизласам бегонага ўхшаб қоласан”, деди соддагина қилиб. Садоқат ҳам унга меҳр қўйди. Қайнонасини кимдир "ойижон”, кимдир "аяжон” дейишни маслаҳат берди, у оддийгина қилиб "она”, деб чақирадиган бўлди. Кўринишиям Нисо аяга ўхшаб кетганидан билмаганлар уларни она-бола, деб ўйлашди. Эрта-индин набира кўраман деб турганида кутилмаган кўнгилсизлик униям, эриниям адойи тамом қилди. Хайриятки, келини кўзини очди, ҳушига келди…

Садоқат эса фаромуш, кўзлари олазарак кимнидир қидирар, дам-бадам эшикка қараб қўярди. Ўзини безовта қилаётган саволга жавоб истаб, бирпас ёнидагиларнинг оғзини пойлади. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, ахири сўради:

– Ўғлингиз қанилар?.. Келмадиларми?..

Бирдан ҳамма сергак тортди. Афтидан улар бу саволга тайёр эмасди. Қайнона нима дейишни билмай дудуқланди, онаси бошини хам қилиб олди, отаси кўзларини олиб қочди, қайнота келинига тикилиб қолди. Бир зумгина давом этган сукунат келинчак назарида соатдай туюлдими, хавотир уйғонди, юзи ўзгариб кетди. Маннон ака буни пайқаб, уни хотиржам қилди.

– Хитойдан юки келибди, Тошкентга кетди, уч-тўрт кунда қайтади.

Садоқат ҳеч нарса демасаям эридан ранжиди. Хаёлидан "Юк шунча зарур эканми? Ҳаётим қил устида турганда юк кўзларига кўринибдими? Акаларига айтсалар ҳам қарарди-ку”, деган фикр ўтди ва бирдан ҳомиладорлиги, кучли оғриқ билан туғруқхонага келгани ёдига тушди. Беихтиёр қўлини қорнига олиб борди.

– Бола… – У болам демоқчи эди, уялди. – Бола туғилдими? Яхшими? Ўғил эканми?

Яна бояги вазият қайталанди: ҳамма бошини хам қилиб, ҳамма кўзини олиб қочди, фақат қайнота яна келинини хотиржам қилди:

– Ҳа, яхши…

Маннон ака гапини тугатмай ҳамшира кўзойнагини пешонасига танғиб олган кексароқ врач аёлни бошлаб келди. Врач эшикдан кириши билан Садоқатни олқишлади.

– Офарин, қизим… Офарин… Ниҳоят ғолиб чиқдинг… Енгдинг… Бу мўъжиза! Ана энди бемалол юз йил яшайсан.


Келинчак жилмайди.

– Ота-онанг-ку ўзингники, қайнона-қайнотангга қойил қолдим. Ҳайдасам ҳам кетишмади. "Боламиз ўзига келсин”, дейишади нуқул. Мана, ўзига келди, хавф ортда қолди, – деди врач кулиб ва Нисо аяга қаради. – Энди уйга бориб чўзилиб ётсангиз бўлади.

– Уйда кўнглим тинчирмиди, бирпас ёнида ўтирай, – деди у.

– Чиндан айтаяпман, – врач жиддий тортди. – Бемор толиқиб қолади, дам олиши керак.

– Тўғри, юринглар, ташқарига чиқа

миз. – Назир ака ҳаммани палатадан олиб чиқиб кетди. Улар дарахт тагидаги скамейкага чўкишди. Маннон ака бир четга ўтиб телефонда ким биландир узоқ гаплашди, сўнг қудаларининг ёнига келди.

– Содиққа келин ҳушига келганини айтгандим, бораман, деб туриб олди. Сизнинг гапларингизни эслатдим, самолётга билет олиб ҳозироқ аканг билан учиб кет, дедим. Кўнди шекилли, индамади.

Назир аканинг нафаси ичига тушди. Ўша куни дўхтирлар аввал гўдак нобуд бўлганини, кейин онанинг ҳаёти хавф остида экани, тирик қолсаям бир умр фарзанд кўрмаслигини айтишганида ларзага келди. Аёлиям, қудалариям қотиб қолишди. Сукунатни Хосият аянинг йиғи аралаш илтижоси бўлди: "Қизим бола кўрмасаям майли, ногирон бўлсаям майли, фақат тирик қолса бас! Ўзим унга қарайман! Умримни бағишлайман! Илтимос, ҳаётини сақлаб қолинглар!”.

Ўшанда Назир ака қудасига: "Содиқжон ҳали ёш, фарзанд кўргиси келади, қизимнинг жони омон қолса, уйга олиб кетаман. Куёвимни бошқага уйлантирасиз. Бўладиган иш бошидан бўлгани, Содиқжон Садоқатга кўринмай тургани маъқул, шундай қилсак бир-биридан кўнгил узиши осонроқ бўлади”, деган эди.

Маннон ака бу гапларни жиддий қабул қилиб, ўғлининг йўлини боғлаб қўйди, келгани қўймаяпти. Аслида Назир аканинг ўзи шу нарсани сўраган бўлсаям Садоқат ҳушига келгач, ҳалиги гапидан пушаймон бўлди. Кўзига қизининг жони кўрингани учун бирдан кескин қарор чиқариб юборганини англади.

– Менгаям Содиқжон қўнғироқ қилганди, – деди у ўйчан. – Нега дадамга бунақа дедингиз, деб хафа бўлди. Бола бўлмаса ҳаёт ҳаёт бўлармиди, ўғлим, десам, Садоқат бўлмасаям ҳаёт ҳаёт бўлмайди, амаки, деди.

– Нега тақдирнинг бунақа синовига қолдик, – гапга қўшилди Нисо ая.– Бир Садоқатимни ўйлаб ёнаман, бир Содиғимни. Телефон қилиб хотинини сўрайди-да, нафаси ичига тушиб кетади. Биламан, йиғлаётган бўлади, ўпкаси тўлганидан гапиролмай қолади.

– Ҳозирам йиғлади. Ўзим ғалати бўлдим, – деди Маннон ака.

– Маннонжон, иккаласи бола тарбиялаб олса бўлмасмикин? – гап ташлаб кўрди Назир ака.

– Бировнинг боласи болалик қилармиди, дўстим. Кези келса ўз боланг ўзингга бўйсунмайди-ю… Яна ким билади. Тўғрисини айтсам, бошим қотган.

– Содиқжон-ку биттага уйланса олди-орқасини бола босиб кетади. Ҳаммадан Садоқатимга қийин бўлди, у ҳали жуда ёш. Бор гапдан хабар топса, қандай аҳволга тушаркин? – ташвишланиб гапирди Хосият опа.

– Мен ҳам шуни ўйлайман, – қудасини маъқуллади Нисо ая. – Қайси бармоғимни тишламай оғрийди. Тоҳир-Зуҳродай бир-биридан ажралмасди. Ўзимча, Содиғимни бошқага уйлантирсак, болаларини бирга тарбиялашса, деган фикргаям бораяпман…

– Содиқ Москвада бирор ой туриб келсин-чи, бир гап бўлар.

– Ўн гулидан бир гули очилмаган болам бирданига ҳам эридан, ҳам боласидан жудо бўлса-я. Боз устига бошқа фарзанд кўрмаса. Буни унга қандай айтаман? Нима деб овутаман?

Хосият опа йиғлаб юборди. Назир ака хотинига далда берди:

– Садоқат ақлли, ҳаммасини ётиғи билан тушунтирамиз. Тўғри, қийин бўлади, аммо қизим ўлимни қандай енгган бўлса, бу кўргиликниям енгади. Мана кўрасан.

Ҳамма сукутга чўмди. Хосият опа қудаларига "сизлар бораверинглар”, деганига қарамай улар жилишмади, ўтираверишди. Орадан бир мунча вақт ўтгач, Садоқатдан хабар олиш учун яна палатага киришди. У эндигина уйқудан уйғонган экан.

– Она, – деди келинчак қайнонасини кўриши билан. – Ўғлингизга қўнғироқ қилсам майлими? Хавотир олаётгандирлар…

Ўртада яна ноқулай вазият туғилди. Қайнона гапиришга оғиз жуфтлади-ю, лаби чўччайганича туриб қолди, нима дейишни билмасди.

– Содиқ билан ҳозиргина гаплашдим, қизим, – деди Маннон ака. – Юк тушираётган экан.

Келинчак ичида "Юк тушираётган бўлсалар нима қилибди, бир зумгина гаплашсалар бўлади-ку”, деб оғринсаям сиртига чиқармади, индамади. Аммо ўпкаси тўлиб, йиғлагиси келди. Ҳолатини уларга сездирмаслик учун яна савол берди:

– Уч-тўрт кундан кейин кетарканман, унгача ўғлингиз келадиларми, она? Бизни ўзлари олиб чиқадиларми?

– Ҳа, албатта.

– Она, чақалоқни кўрдингизми? Кимга ўхшайди?

– …

– Кўрмадингизми? Ая, сиз-чи?

– …

– Сизга ҳам кўрсатишмадими? Сўрасак олиб келишармикин?..

– Сен аввал соғлигингни тиклаб ол, чақалоқни ўйлама, – деди Назир ака.

– Хўп.

Садоқат шифтга

т​​​​икилиб хаёл суриб қолди. Унинг фикри-зикри боласи билан эрида экани шундоққина кўриниб турарди. Бирпас шу алфозда ётгач, Нисо аяга ўгирилди:

– Она, қизил атиргулимиз очилдими? Бу ерга келаётганимда ғунчалаган эди.

– Очилди, болам, очилди. Чамандай бўлган. Дарвозадан киргандан ҳиди димоққа урилади.

– Уйга кетгим келаяпти. Атиргулимизни соғиндим…

Ҳалидан бери қизининг гапларини сув бўлиб эшитиб турган Хосият опа ахири чидолмади, йиғлаб юборди. Унга Нисо ая қўшилди. Икки эркак нигоҳларини Садоқатдан яшириб олишди. Ҳеч бири ёр-ёр билан тушиб борган уй эшиги энди унга ёпилганини, қудалар келишиб икки ёшни бир-биридан совутишга қарор қилиб, эрини Москвага жўнатиб юборишаётганини, келинчак бир умр оналик бахтидан маҳрум бўлганини айтишолмасди. Айтиш қийин эди.

– Нима бўлди сизларга? Нега йиғлаяпсиз? – Садоқатнинг ранги оқариб кетди. – Ўғлингизга бир гап бўлдими? Нега келмаяптилар? Сизлар мени алдаяпсиз…

Ҳамма оғзига мум солиб олди. Келинчак баттар ваҳимага тушди ва ўрнидан турмоқчи бўлиб қўзғалди:

– Кетаман, ҳозироқ кетаман… У кишини кўришим керак…

– Қизим, – деди ниҳоят қайнота. – Содиқ чинданам Тошкентга кетган. Мана, ҳозир қўнғироқ қиламан… Ҳозир гаплашасиз… У соғ-саломат…

Маннон ака ўғлига қўнғироқ қилишга улгуролмади, палата эшиги ғийқиллаб очилди ва барчанинг нигоҳи эшикка қадалди. Қўлида бир даста қип-қизил атиргул кўтарган Содиқ кўринди.

– Дада… Кечиринг… Мен кетмадим… Кетолмадим… Кетолмайман…

У Садоқатнинг ёнига келиб ўтирди. Палатани атиргул ҳиди тутиб кетди…

ТАМОМ.