Odamxo'r (Hikoya)
-Собир жўра, Нексияни миниб чиқ. Бир сув омборга чўмилгани бориб келамиз!
Узун бўйли, озғин гавдали Шуҳрат қисиқ кўзларини чақчайтириб гапира бошлади.
Унинг гапини ёнида бирга келаётган қоп қора тусли Низом ва сочлари сарғиш, юзлари майин сепкилли оппоқ бўлган Акобирлар дарров қўллашга тушди.
Коллеждан қайтишда Собирни болаликдан бирга ўсган уч синфдош жўралари ўртага олишаётганди.
-Нексия меники эмаску?! Отам рухсат бермайди.
Баланд бўйли, оппоқ келишган қиёфали Собир бироз хижолат тортиб гапирди. У ҳозир жўралари мазах қила бошлашини сезиб турарди.
-Ҳэ қўйсангчи - Акобир ҳар доимгидек гап отишни бошлаб берди - Уйда сўзи ўтадиган одам бор. Сўзи ўтмайдиган бор. Собир жўрамнинг сўзи саал ўтмайдида..
-Саал эмас..ааанча ўтмайди - Низом чўғга пуфлади - Ҳа энди ерга ураверманглар жўрамни!
-Сўзи ўтганда миниб чиқардида.. - Шуҳрат оловга ёғ сепди - нима Нексиянинг боши осмондами?!
.... -Худди бир икки марта мени машинада сайр қилдириб муттаҳам қилиб қўйгандек гапирасилар ей!? - Собир ўзини ерга урилган деб ҳис этаётган бўлсада сир бой бермасликка интилди - Нима қилиб бўлсаям тезласаларингу мен машинани миниб чиқсам!
-Э ўша машиналарингни бир тийинга олмайман! - Шуҳрат осмондан келди - Нима машина битта сенинг отангда борми? Ана Акобир бориб Ҳалим поччасидан сўраса беради машинасини! Тунов куни ўша билан бориб келгандик. Нексиянг ўзинга сийлов. Бизга ўша Тико ям бўлаверади!
-Бўпти бориб келаверинглар?! - Собирнинг алами ошаётган бўлсада барибир сездирмасликка тиришди - Менга нима!
-Сенга нима бўлса катта гапирмада! Билдик Нексия битта отангда бор экан!
-Нима мен битта отамда Нексия бор деяпманми?..
Шуҳрат жавоб қайтармади. Кейин уч жўра гўё Собир ораларида йўқдек ўзаро турли мавзуларда суҳбатлаша бошлади. Собир ҳам гапга қўшилмоқчи бўлса, униннг оғзига уриб эътиборсиз ўз сўзларида давом этишарди.
-Бўпти миниб чиқаман! - Собирнинг асаблари ортиқ дош беролмади. Ўзининг оиласида ўрни борлиги, ота онасига сўзи ўтишини исботламоқчи бўлди - Индамаса роса ерга урсаларинг а?! Кейинги сафар кўрамиз қайси бирларинг машина миниб чиқаркансизлар! Катта гапириш осон.
-Сен аввал нексияни миниб чииқ! - Акобир сўнгги зарбани берди - Биз сайр қилайлик. Ана кейин гапирсанг ярашади. Олдиндан мақтанасан!
Бу орада Собирларнинг уйига яқинлашиб қолишганди.
-Кутиб туринглар, ўн дақиқада чиқаман!
Собир қўлини мушт қилди. Унинг асаблари эговланиб бўлганди.
-Бир соат бўлсаям кўтаверамиз - Низом муроса оҳангида гапирди - Фақат ростдан миниб чиқасанми?
-Албатта!.
Собир бошқа гапирмай уйига шошилди. Жўралари ортидан пичир пичир қилишганича қолишди. Ҳаво роса иссиқ. Майнинг сўнгги кунлари бўлгани учун қуёш куйдиргудек нур сочяпти. Бунақа жазирамада сув омборига бориб чўмилишга нима етсин!
-Ойи... - Собир кўчадан катта гапириб шахд билан кирган бўлсада, айвонда телевизор томоша қилиб ўтирган онасининг ёнига келгач мушукка ўхшаб суйкаланди - Нексиянинг калитини беринг, жўраларим билан сув омборига чўмилишга бормоқчи эдик!
-Нима?
Онаси Зоҳида кескин ўгирилганди, Собир ийманиб унга шивирлади:
-Ҳа нима қилибди..бир марта минсам камайиб қолмайдику?!
-Отангни нг аччиғи тезлигини биласанку? - ўрта бўйли, ўртача гавдали, оппоқ гўзал чеҳрали, қирқ ёшли Зоҳида ўғлининг эркалиги тутганини англасада дўқ уриб қайтармоқчи бўлди - Машинанинг бир жойи сал ьтирналса олти ой мижингланади. Минг марта кечирим сўраб, миллион марта тавба қилсанг ҳам эзаверади! Қўй, тинчгина ўтир!
-Нима тинчгина ўтир? Одамларнинг боласи отасиники тугул поччасининг машинасини миниб чиқади. Биз эса уйдаги машинани минишга ҳаққимиз йўқ! -Жеркима менга! Қачон ўзинг машина олсанг минасан!
-Ҳа қачон олсам минаман! - Собир йиғлагудек бўлди. Агар машинани миниб чиқа олмаса жўралари кўзини мутлақо очирмай қўйишади - Минилмайдиган бўлса нима кераги бор? Ундан кўра сотиб юборайлик!
Собир бақира бошлаганди, онаси уни яна койиди. -Бас! Ўчир овозингни! Отанг болохонада ухлаяпти. Уйғотиб юборсанг кечгача минғиллайди.
-Берасизми бермайсизми калитни? Зоҳида ўғлининг юзига қаради. Собир йиғлагудек бўлиб турар, ранги учиб бўздек бўлганди. Ҳа бўпти - она барибир онада ўғлининг раъйини қайтаргиси келмади.
Ўрнидан туриб хонага кирдида Нексияинг калитини олиб чиқди - Фақат эҳтиёт бўлиб бориб келгин! Бирон жойига гард юқса отанг гап билан еб адо қилади!
-Хў п бўлади! Раҳмат ойижон!
Собир қувончдан сакраб юборди. -Ҳай аста! Ҳалитдан ҳовлиқаяпсанку?
-Хўп хўп билмабман!.
Оғзи қулоғига етган Собир дарвозахонада турган Нексия томонга шошилди.
---Аҳуувв!..
Яшил дарвоза очилиб қизил рангли Нексия кўрингач Акобир қўлини осмонга кўтариб олқишлади. Бироздан сўнг Собир машинани уларнинг ёнгинасига юргазиб келди.
-Ўтиринглар!.. - Шу дамда Собир Кўрдиларингми дегандек гердайиб қўйди - Тўғри сув омборига борамизми? Ёки дўконга кириб майда чуйда қиламизми?
-Ўша ёқда ҳамма нарса бор!
Шуҳратнинг чўнтагида пули йўқлиги учун дўкон таклифини дарров рад этди. Жўралари ўтиргач Собир Нексияни оҳиста юргизиб катта йўлдан сув омборига томон жўнади.
--Ассалому алайкум! Ота, калитни беринг. жўраларим билан сув омборига бормоқчи эдик!
Собирнинг тенгдоши, қишлоқнинг нариги чеккасида яшайдиган Нодир боя жўралари Элдор ва Каримга :
-Сув омборига чўмилгани бориьб келайлик - деб таклиф қилганди. Ўрта бўйли, тўлароқ гавдали, қорасоч, қорақош Нодир оилада жуда эркин. Отаси сира унинг раъйини қайтармаган. Шундай бўлсада Нодир ҳаддан ортиқ талтайиб кетмаган. Одобни унутмайди.
-Менинг чўнтагимда калит турганини қачон кўргансан? - отаси Қобил Нодирга ажабланиб гапирди - Ана калит деворда михда осиғлиқ турибди. Олавер.
-Ҳа сўрадимда!
-Ҳа майли. Фақат қишлоқнинг кўчасида тез ҳайдама. Болалар югуриб чиқиши мумкин. Тўхташга улгура олмай қоласан.
--Хўп бўлади!.
Нодир асфальтранг янги Нексияни юргизиб чаққонлик билан кўчага чиқарди. Сўнг у ёқ бу ёққа қарагач тез юргизиб кетди. Кўча бўмбўш. Айни қоқ туш паласида кўчада ёш бола нима қилсин!
-Нарзулла!? Ҳу Нарзулла!
Дарвозадан бўйлаган Қобил ҳовлида ҳеч ким кўринмаётганига ажабланди. Олди қисми пачоқланган Нексия дарвозахона ичида турганига қараганда, ҳар ҳолда уйда одам бордек.
Уй томонга қараб бироз муддат тикилган Қобил ортига ўгирилаётганди, болохона эшиги очилиб қовоғи осилган Нарзулла кўринди.
-Ҳуоуо? Марҳамат!
-Э бу ёққа кел ука! - Қобил эҳтиётлик билан муомала қилаётганди. Нарзулланинг терс феъл атвори барчага маълам - Олисдан ошно бўлмасдан. Гаплашадиган гап бор эди.
-Салом алейкум - пастга тушиб келган Нарзулла уч қадам нарида тўхтади - Қани хизмат?
-Ўзинг яхшимисан ука? - Қобил яқинлашиб қўл узатди - Бола-чақа, мол-ҳол дегандек. Узр уйқунгни буздим шекилли. Муҳим гап эдида.
-Ҳмм.
Нарзулла қовоғини осилтирганча гапирсанг гапир дегандек қарагач Қобил яна хушмуомалалик билан давом этди.
-Ука, бўлар иш бўпти. Энг муҳими болаларимиз соғ қолишган. Ҳеч кимга азият етмаган. Техника пулга топиладиган нарсада. Албатта ўғлим хато иш қилган. Буни тан оламан. Қисқаси машинангни ўрнига заводдан бориб янги худди шунақа рангдагисидан олиб келиб бераман! Фақат милиция -пилиция қилиб юрманглар илтимос!
Мен бугун қассоб чақирдим. Кечгача сўқимга боқилаётган ҳўкиз ва қўчқорларни сўйиб топшираман. Пулни тахлагач эртага машина олиб келишга бирга жўнаймиз. Заводдан бориб ўзинг танлайсан хўпми укам!?
-Аниқми? Эртага пул тайёр бўлмади деб ортга суриб турмайсизми?
-Йўқ албатта! Мени биласанку боламга гард юқишини истамайман! Унинг баданига тикон кирса менинг танамга пичоқ суқилгандек бўлади! Бугунги хатоси учун ҳали бери машина олмайман. Ремонт ҳам қилмайман. Бирон йил пиёда юрса босилиб қолади!
-Болангизни ҳаддан зиёд эрка қилгансиз! Бунақа эмасда! Бировни майиб қилса, ёки босиб кетса нима қиласиз? Эркалаб тураверасизми? Тартибга олинг болани! Кучингиз етмаса милиция тартибга олиб қўяди.
-Йўқ йуқ ука! Милиция демагин! Қамалиб яхши одам бўлганни қаерда кўргансан? Ҳаёти барбод бўлади холос! Ўғлимни ўзим танобини тортиб қўяман. Келишдик а? Эртага пешиндан кейин йўлга чиқамиз! Хўпми ука?
-Бўпти майли!.
-Қўлни ташла?
Нарзулла Қобилнинг қўлини тутди.
-Мана бу бошқа гап! - Қобил ҳовлида ҳеч ким кўринмаётганига ажабланди - Ўғлинг яхшими? Жўрасининг ишидан у ҳам жаҳлда бўлса керак. Тайинлаб қўйгин гина қилиб юрмасин! Илтимос ука!
Хўуп!
Қобил ортига қараб қараб қўяркан секин узоқлашди. Кўчага чиққач эса уйи томонга шошилди.
-Ҳэ оналарингни...
Нарзулла Қобилнинг ортидан сўкиниб қўйдида дарвозани ёпди. Сўнг яна уй томонга юриб болохонага кўтарилди.
Миясида Қобилнинг сўзларини таҳлил қиларкан унинг боласини шунчалик эрка қилганига жаҳли чиқаётганди. Болохонага кириб ўрнига чўзилгач эса хаёлига хотини қўшни Азимнинг машинасида шифохонага олиб кетган ўғли келиб тўлғана бошлади. Боласининг чиндан ҳушини йўқотган бўлиши мумкинлигини ўйларкан, яна сўкинди.
-Бўш! Латта! Салга қизболага ўхшаб ўзини ташлаб юборди. Айб менда эмас деб туравермайсанми? Бир оғиз сўкишимни кўтармасанг нима қилиб юрибсан?! ҳэ....
Ўзини чалғитиш учун бошқа нарсаларни хаёлига келтириб кўзларини юмдида, уйқуга кетди.
Бироқ, кўп ухлай олмади. Дераза токчасида турган қўл телефонининг жиринглаши унинг ширин уйқусини бузди.
-Ухлагани ҳам қўйишмайди!
Жаҳл билван сўкиниб қўйгач, яна кўзини юмганди, телефон қайтадан жиринглади.
-Уфф...
Ноилож ўрнидан туриб телефонни қўлига оларкан, хотини қўнғироқ қилаётганини кўриб ғазабланди.
-Ухлашимни билиб туриб ҳам қўнғироқ қилади бу!
-Ало!! Нима дейсан?
-Менга бақирманг хўпми?! - хотинининг кутилмаган чинқириғи Нарзуллани довдиратди - Боламнинг қон босими кўтарилиб кетибди! Ҳамон ҳушига келгани йўқ! Докторлар ҳайрон ёш боладаям шунақанги баланд қон босими бўладими биринчи бор кўришимиз дейишяпти! Агар унга бирон кор-ҳол бўладиган бўлса мен сизни тирик қўймайман! Машинанг бошингдан қолсин! Боламни единг! Уйда хотиржам хурракни отаяпсизми виждонсиз?! Ота эмиш бу кишим! Боланинг қадрига етмаган ношукр! Болам вояга етди деб суюниш ўрнига уни ўл деб қарғайсан! Ана ётибди кўнглинг жойига тушдими одамхўр!? Ҳэ машинанг каллангни есин!
-Ўчир овозингни!?
Сенсирайсан!
Тилинггни суғуриб оламан! Мен нима қилдим? Боя аварияда ичи эзилган болангни! Ҳозир бориб ўша эркатойнинг калласини узаман!
-Сенсирайдида!! - Зоҳида овозинг борича чинқирди - Ўз боласини ўл ча ўл деб қарғаб тўшакка михлаган отанинг нимасини сизлайди! Уйда ётмай келинг бу ёққа! Қандай юрагингизга сиғяпти уйқу а?! Виждонсиз! Одамхўр! Ҳии..
Хотинининг овози бирдан ўчганига ажабланган Нарзулла телефонда бегона овозлар эшитила бошлагач аёлнинг юраги беҳол бўлиб қолганини пайқади.
-Ало! Алё?
Бироқ, телефон ўчиб асабийлаша бошлаган Нарзуллани баттар хавотирга солди.
-Ҳа оналарингни...
Сўкинганча кийинаркан, унинг хаёлига келган биринчи фикр бориб Қобилнинг уйида тўполон кўтариш бўлди.
Ҳа ахир фақат у асабийлашиши керакми. Айбдорлар эса хотиржам ўтиришибди. Улар ҳам қийналишсин!
Болохонадан тез пастга тушгач, тагхонага кириб чархлаб қўйилган ойболтани кўтариб чиқди.
--Қани эркатойинг?! Чақир бу ёққа!?
Оғилхона яқинида ҳўкизни сўйиб терисини шилаётган Наим қассоб ва унинг икки шогирдига ёрдамлашаётган Қобил қўлида тиғи ялтираётган болтани кўтарган Нарзуллани кўриб оғзини ланг очди. Унинг важоҳатини кўриб ҳаяжондан титраркан, ўзини босиқ тутишга уриниб баланд овозда:
-Ҳа Нарзулла? Тинчликми? Бахайр. Бахайр - деб ўзи томонга чорлади.
-Қани эркатойинг?! - Нарзулла Қобил ва қассобларга қараб қўйгач тўғри уй томонга юрди. Унинг ўкирган овозини эшитиб хонадан отилиб чиққан Қобилнинг хотини Манзура қўрққанидан жойида қотиб қолганди - Менинг болам шифохонада кома да ётибди! Аварияда унинг ичи эзилган! Қонга қон! Жонга жон! Барингни ўлдираман!
-Вой дод!? - болта кўтариб яқинлашаётган босқинчининг важоҳатини кўрган Манзура чинқирди - Қутқаринглар!
Шошилмай қадам ташларкан Нарзулла аёлни чопмоқчи эмасди. Шунчаки бир кўзини қўрқитиб қўймоқчи эди.
-Тўхта аҳмоқ! Мана мен билан гаплаш!
Қобил югурганди, қассоб ва шогирдлари ундан илдамлик билан олдинга ўтиб Нарзулланинг йўлини тўсишди.
-Нарзулла ақлингни йиғ! - Наим қассоб чап қўли билан иягини силаб қўяркан, ўнг қўлидаги қонли қассоб пичоғини ўқталди - Бир қадам қўйсанг ёраман! Сен ҳали одам чопадиган бўлиб қолдингми? Жинни -пинни бўлмадингми мабодо?!
-Ҳэй! Сиз аралашманг бировнинг ишига! Менинг болам комада ётибди! Уни шу ҳолга солганни мен барибир тирик қўймайман! Қонга қон! Жонга жон!
-Боланга нима қилди? - Қобил ва
жоҳат билан яқинлаша бошлади - Тўқнашувда ҳеч нарса бўлмаган эканку?!
-Кел кел! - Нарзулла ойболтани қўлида чоғлади - Чопишни сендан бошлайман! Барингни ўлдираман!
-Ўлдирасанми?! Мана мени ўлдир! - Қобил қўрқмай олдинга юрди - Аммо, боламни тинч қўй!
-Ўлдираман ҳам !
-Тентаклик қилма!
Нарзулла болтани сермаб Қобилга ташланмоқчи бўлганди, Наим қассоб унга бақириб отилди. Шогирдлари эса Қобилни тўхтатиб ортга тортишди.
-Яқинлашма биронтанг! - Нарзулла болтани тезликда қассобга томон ўнглади - Аяб ўтирмайман!
-Аааааааааааа!
Тажовузкорнинг ҳамлаларини кўриб қаттиқ ҳаяжонланган Манзура овозининг борича чинқирди. Аёлнинг нигоҳлари бир нуқтага қараганча қотиб қолганди. Унинг кўз олдида болтаси баланд кўтарилган Нарзулла турар, хаёлида эса босқинчи ўғли Нодирни чопиб ташлаётгандек эди.
Хотинининг мазаси қочаётганини фаҳмлаган Қобил у томонга ёрдамга шошилди. Бир неча йилдан буён қон босими баландлигидан қийналадиган Манзуранинг қон босими ҳозир энг баланд нуқтага кўтарилганди.
Аёлнинг чинқириб жазавага тушиб қолганини кўрган Нарзулла сал ҳовуридан тушгандек бўлди. Кейин яна бўкирди.
-Баҳона қилмаларинг! Барибир тинч қўймайман! Болангни калласини узмасам ҳисобмас!
-Боламга бармоғингни учини текизиб кўрчи! Мен сени нима қиларканман!
Хотинини тинчлантиришга уринаётган Қобил ўгирилиб ғазаб билан бақирди. Унинг ранги оқариб кетганидан юраги сиқилиб мазаси қоча бошлагани аниқ эди.
-Ёраман! Бошини узаман болангни!
Нарзулланинг важоҳати яна пасайди. Бақир-чақирни эшитиб дарвозадан ҳамда девор ошиб қўшнилар кириб кела бошлашгач у бор овозида бақириб ўзининг ҳатти ҳаракатини оқлай бошлади.
-Аварияда ўғлимнинг ичи эзилган! Ҳозир комада ётибди! Қонга қон! Жонга жон!
Одамлар тўплана бошлагач у нима қиларини билмай қолди. Бировни чопса умри қамоқда чиришини яхши тушунгани боис қандай ортга чекинишни билмай боши қота бошлади.
-Онаси кўзингнни оч! Онаси!
Қобил ўзини ташлаб юборган хотинини силкилай бошлади.
-Болам! Нодир!
Манзура оёқда тура олмай қолган бўлсада ҳамон боласини босқинчидан қутқаришга хаёлан уринарди.
Шу пайт қўшнининг ҳамшира бўлиб ишлайдиган келини ҳам келиб қолди. У девор оша бўлаётган воқеаларни кузатган ва қон босими баланд Манзуранинг аҳволи оғирлашганини тушуниб қўлид дори дармон билан шошилганди.
-Ака четроқ туринг!
Ҳамшира келин Манзурага укол урди. Сўнг ранги оқариб қолган Қобилга тикилдида, яна бошқа шприцни қўлига олди.
-Келинг сизгаям укол қиламан! Сизнинг ҳам қон босимингиз ошганга ўхшайди.
-Йўқ мен яхшиман!
-Яхшига ўхшамаяпти! Қани қон босимингизни ўлчаб кўрайчи!
Қобилнинг чиндан ҳам қон босими ошганди. Ҳамшира унгаям укол қилишини кузатаркан Нарзулла секин ортга чекина бошлади.
-Огоҳлантириб қўяй! - деди у дарвозага етгач ортига ўгирилиб - Агар ўғлимга бирон гап бўлса барингни чопаман! Биронтанг тирик қолмайсан!. Ўғлингни яширган жойингдан излаб топаман!
Одамлар бу гап сўзлар негалигини суриштирар, болта кўтарган Нарзулланинг дўқ пўписаси сабабини билолмай ҳайрон эди.
Нарзулла дарвозадан чиқиб бир неча қадам юрганди, рўпарасида осмондан тушгандек Нодир пайдо бўлди.
-Мана мен! Нима дейсиз?Йўлимдан қоч эркатой! Лекин, аяб ўтирмайман!
Нарзулла рўпарасида пайдо бўлган Нодирни кўриб иккиланиб қолганди. Ичида шайтон
-ҳа ур ана! Йўлингни тўсди. Писанд қилмайди сени - деётган бўлсада, қамалишини ўйлаб ичида титроқ турди.
-Мен одам ўлдирганим йўқ! - Нодир ўзига етгунича қайсар, Нарзулланинг кўзларига тик қараб гапирди - Ўғлингизга бирон жароҳат етган бўлса мени жазоланг. Ахир у соппа - соғку?!
-Ҳэйй! - Нарзулла болтани кўтариб ўкирди - Собир ҳозир шифохонада комада ётибди! Унинг ичи эзилган! Агар унга бирон гап бўлса барингни ўлдираман!.
-Бошқа ҳеч ким жароҳатланмадику? Балки ўзингиз ургандирсиз машинамни пачоқ қилиб келибсан деб!
-Ҳуу итвачча!!..
Нарзулла болтасини баланд кўтарганди, унинг ортидан секин келган бир неча киши маҳкам ушлаб болтани тортиб олишга ҳаракат қилишди. Куч билан силтанган болта ортга кескин тортилиб орқадан ушлаган Шерниёз муаллимнинг пешонасига урилди.
Кутилмаган зарбдан йиқилган муаллимнинг пешонаси ёрилиб қон кўринди. Олисдан кузатиб турганлардан бири болта тиғи
билан урилди деб ўйлаб кутилмаганда бақириб қолди.
-Чопиб ташлади! Шерниёз муаллимни ўлдириб қўйди!
Бу гапни эшитган Қобил жонҳолатда ўтирган ўрнидан отилиб турганди, бирдан кўз олди қоронғулашиб
кетгандек бўлди.
Шунда ҳам олдинга интилганди, нафаси бўғила бошлади.
Сўнг назарида кўксида тош пайдо бўлгандек туюлди. Кейин шу қадар қаттиқ оғриқ турдики нафас ололмай ҳам чиқаролмай ҳам қолди.
-Оҳҳ!...
Эрининг кўксини ушлаганча эгила бошлаганини кўрган Манзуранинг кўзларида яна олов учқунлари пайдо бўлди.
Муаллим ҳақида у ҳам эшитгани учун довдираб турганди, эрининг мазаси қочганини кўриб асаблари дош бермади. Аёлнинг бошида кучли оғриқ пайдо бўлиб атрофида нима бўлаётганини тушунмай қолди.
Нарзулла эса бу пайтда тинмай сўкиниб силтанаркан:
-Қўйворинглар мени! Барибир ўчимни оламан! Бугун қутулиб қолдим деб хомтама бўлмасин! Қонга қон жонга жон! - деб бақирарди.
Кимдир шу пайт:
-Милицияни чақиринглар! Маҳалла идорасида ўтирганди - деб қичқирди.
Ота онасининг мазаси қочганини кўриб ёрдамга шошилган Нодирнинг ортидан бақираётган Нарзулла Шерниёз муаллимнинг бошини ёрганини энди англаб бўкиришдан тўхтади.
Бу пайтда одамлар юрагини чангаллаб ётган Қобил ва унинг хотинига ёрдамлашишга ҳаракат қилишаркан: -Нодирни чопгани йўқ! Шерниёз муаллимни болталаб қўйди - дейишарди. Воқеани кўрмаган, аммо, қулоғига бу гап чалинганлар, бир бирига айтишаркан, икки ҳовли нарида яшайдиган Шерниёз муаллимнинг ота онасигача хунук гап етиб борди. Муаллимнинг қари отаси:
-вой болам, вой болам - деб Қобилники томонга юрган бўлса, чолининг ортидан шошилган кампири бор овозда: -боламлаб - аюҳаннос сола бошлади. Муаллимни эса бу вақтда кўтариб ўтқазишган, сув тутқазиб юзидаги қонни ювишганди. -Ота! Она, мен яхши! Соппа - соғман!. Шерниёз боламлаб келаётган ота онасига пешвоз чиқиш учун ўрнидан қўзғалди. Қўққисдан кўринган ўғлини кўрган чол: -Хиҳ! - дедию, юришдан тўхтади. Кейин астагина пичирлаб: -Ҳа падарлаънати! Единг - деди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб турганидан фойдаланган Нарзулла силлиққина қўзғалиб тезда уйига йўл олди. Йўл-йўлакай дўконга кириб бир шиша ароқ олдида, уйга бориб ёнбошлаб олганча шишани бўшатди.
Сўнг кўзлари юмилиб уйқуга кетди. -Ҳэй отаси! Туринг, жаноза бўлибди қишлоқда. Одамлар кетишяпти. Хурракни отиб ётган Нарзулла хотинининг турткиси билан уйғонаркан, дастлаб -туш кўряпман шекилли. Хотиним шифохонада бўлиши керакку? - деб ўйлади. Кейин қулоғига чиндан ҳам отамлаган овоз чалингач кўзларини уқалади.
-Қачон келдинг?! Ким ўлибди?
-Тунда қайтгандик. Томчи дори(осма-капелница) қўйишгач Собир ўзига келди. Дўхтирлар текшириб: -Бола қаттиқ ҳаяжонланган! Сиқилишига йўл қўйманглар! Жиддий хавф йўқ дейишувди, уйга қайтақолдик. Келганимизда ухлаётган экансиз безовта қилмадик! -Ҳа яхши. Ким ўлибди?
-Шерниёз муаллимнинг отаси ўтибди! - Э.. Худо раҳмат қилсин!
Нарзулла ўрнидан қўзғалдида, бирдан кечаги воқеаларни эслаб таппа чўзилди. -Вой? Нега яна ётиб олдингиз. Бормайсизми?
-Кеча кўпроқ ичгандим, ҳидини сезмаяпсанми? Оғзимдан анқиб ётибдику! Одамлар гапиради. Эртан худойига борарман.
-Ҳа ўзингиз биласиз!.
-Вой тавба! Ҳей отаси, сиз нима иш қилдингиз кеча?
Уйқудан кўзларини зўрға очган Нарзулла хотинининг гапини эшитиб ўқрайди. -Нима қилибман? -Шерниёз муаллимнинг бошига болта билан туртган экансизку? Одамлар -Шерниёзни болталашди деса отаси қўрққанмикан, шунга ўтиб қолганмиш! -Ажали етгандирда! -Боя чолини кўмиб келишгач кампири ҳам юмалабди. Кечгача униям чиқаришармиш! Шерниёз муаллим сизни судга бераман деганмиш! -Нима ота-онасини мен ўлдирибманми? Одамларнинг гапи ўлдирган! Қариларнинг ажали етиб турганда! -Кеча сиз жанжал кўтарган маҳалда Қобил аканинг юраги қисиб қолган экан. Яхшиям қўшнисининг келини дўхтир, дарҳол укол уриб, дардини сал юмшатгач шифохонага жўнаттирибди. Операция қилиб зўрға сақлаб қолишибди. Сиз мабодо кўчага чиқсангиз ҳам нариги кўчаларга ўтиб юрманг. Оғайнилари ташланиб қолишмасин! -Ҳмм... (Орадан бир ой ўтди) -Энди ўзим ремонт қилишим керак! Кошки бир сўм топиб қўйган бўлса машинани минган полвон! Ҳээ сендақа авлиёдан ўргилдим. Нарзулла ҳар кунги ўлан қўшиғини бошлаганди, хотини чидаб туролмади. -Э одам подам эмассиз-ей! Шунчалик ҳам мижғов, майда гап бўладими одам а? Болам бечорани еб адо қилдингизку? Ўсмир боланинг қон босими шунақа кўтарилиб кетаверишига шифокорлар ҳайрону лол! -Ёш боши билан нима
ўй ғами борки бунчалик қон босими ўйнайди дейишади. Билишмайдида, уйда умрнинг эгови ўтирганини! Одамлар сизга бежизга одамхўр деб лақаб қўйишмади. Сизнинг жанжалингиз туфайли ота онаси ўлиб кетган бўлсаям Шерниёз муаллимнинг инсофи бор экан! Судга бермади. Қобил ака ҳам сиз туфайли юрагини операция қилдирди. Ҳалиям қишлоғимиз одамлари яхши инсонлар. Бошқа ерда бўлса сизни аллақачон ё қаматишарди, ёки уриб майиб қилишарди.
-Қани уриб кўришсинчи?
-Э сизни уриб ҳам нима қилишарди. Худо урган банда сизку! Ўз болангизни эзиб адо қиляпсиз!
-Нима деяпсан?!
-Эшитганингиз! Агар яна бир оғиз машина деганингизни эшитсам мен ўзим сизни судга бераман! Гап тамом.
-Қўлингдан келганини қил!
-Чидайсизми?
-Жавобингни бераман!
-Бўпти! Костюмни елкага илиб чиқиб кетаверинг! Уй-жой мен ва болаларимга тегишли!
-Ҳовли меники!
-Қонун мен томонда!
-Ҳуҳҳ.......... - Нарзулла ўрнидан отилиб турдида, яна қайтиб жойига ўтирди - Кўп асабимга ўйнама хўпми..Ҳозир лекин, каллангни сапчадек узиб ташлайман!
-Узинг, узинг қани кўрамиз! Ўзингизни қаерда кўраркансиз..
Нарзулла бошини эгиб анча ўтирди. Кейин алам билан минғиллай бошлади.
-Ҳаммасига сен айбдорсан! Ўшанда машинани бермаганингда шу гаплар йўқ эди. Менинг гапимни бир тийинга олмайсан сен.
-Вой Худоо яна бошланди! Одам деганиям шунчалик майда гап бўладими а? Бўлар иш бўлган. Шунча вақт ўтган.. ортга қайтариб бўлмайдику?
-Машинамни янгилаб беррр! Қанча қийинчилик билан олганман мен бу машинани! Бир марта кўчага миниб чиқиб дабдала қилиб келди! Меҳнат қилиб топмагандаа..
-Э Худо! Э Худо! Қандай чидаш мумкин а бу майда гапгаа? Энди бир умр шу таънани эшитаман шекилли!..
-Эшитасанда машинани берухсат берганингдан кейин....
-Эй инсон! Болага раҳмингиз келсин! Қон босими ўйноқи бўлиб қолди. Камига ўзини бир иш қилиб қўймасин!
-Машинани тўғрилаб қўйсин жойига!
-Уф-ейй! Уф-еййй! У Худо урди одамни.. бўлди қилинг. Ҳозир қон босимим ошиб ўлсам тинасизми а?
-Ўлсанг ўласан кетасанда.. Нима хотин камми? Қирқиннг чиқмасдан қиз хотин оламан! Бўл машинани тўғрилаларинг....
Эр-хотиннинг даҳанаки жанги ҳали узоқ давом этадиганга ўхшаётганди, кўчадан дарвоза олдига машинанинг келиб тўхтаган овози эшитилди.
Нарзулла ниҳоят гапдан чалғиб кўчага қараш учун қўзғалганди, дарвозада Қобил кўринди.
-Нарзулла!? Ҳов Нарзулла?
-Ҳа аа?!
Дағал овозни эшитиб Нарзуллани кўрган Қобил унга:
-Бу ёққа қарайсанми? - деб қўли билан имлади.
-Ҳа ҳозир!
Нарзулла қовоғини осиб Қобилнинг рўпарасига борди.
-Салом алейкум!
-Ваалайкум ассалом ука! - Қобил Нарзулланинг тиришиб турган башарасига қараб истеҳзога ўхшаш оҳангда гапирди - Ана урилган машинангнинг ўрнига заводдан ёғи билан машина келтирдим! Қабул қилиб ол!
-Йўғе?
Нарзулла ишонқирамай дарвозадан чиққанди, кўчада турган чўғдек қип-қизил янги Нексияни кўриб кўзларига ишонмай қолди.
-Гапингизнинг устидан чиқибсиз! - деди у оғзи қулоғига етгудек бўлиб - Қойил!
-Агар шу машинани олиб келмасам у дунёга боргандаям мижингланиб турган бўлардингда! - Қобил аяб ўтирмасдан шартта кўнглидаги гапни айтиб қўяқолди - Мана қутулдимми энди?!
-Э пичинг қилманг! Мен бориб урганим йўқ! Ўша куниёқ милицияга берсам бўларкан!
-Бериш керак эди! Бўпти энди ўтган гапни қайта қўзғайверишдан фойда йўқ. Ана машина, мана ҳужжатлари. Қани энди менга ўзингнинг машинангни чиқариб берчи!
-Ие?
Нарзулланинг кўзи бир ўйнади. Бироқ, ошиқча гапирмади.
-Нима э? Машинангнинг ўрнига заводдан машина олиб келдим лафзим бўйича! Урилган машина энди меникида!?
-Бўпти ҳозир!
Нарзулла ичкарига кириб дарвозанинг қанотларини кенг қилиб очдида, бориб машинасини миниб кўчага чиқарди. Сўнг четроққа тўхтатгач, тушиб Қобилга бир қараб қўйдида, бориб янги машинага ўтирди. Янги нексияни юргизиб дарвозахонага киргазгач, пастга тушиб дарвозани ёпди.
-Ҳужжатлари қани машинанинг?
Қобил урилган машинанинг ичларини бир
қарагач Нарзуллага юзланганди, у индамай бориб уйдан ҳужжатларни кўтариб чиқди.
-Мана!
-Бўлдими? Бошқа даъвоинг йўқми? Қани омин оллоҳу акбар!
Нарзулла ҳам омин қилгач Қобил бурилиб қўли билан ишора қилганди,эллик қадамча нарида турган қора Нексия юриб унга яқинлашди.
Нексия тўхтагач ундан тўртта ёш йигитлар тушишди.
Кўринишидан
уларнинг шаҳарлик эканини англаш қийин эмасди.
-Мана шу машина - деди Қобил уларга урилган Нексияни кўрсатиб, кейин кўзининг ости билан ортда кузатиб турган Нарзуллага бир қараб қўйди - Тоза Дэу машина. Ёлчитиб минилмаган. Жамиси бўлиб беш минг ҳам юрмаган!
-Ҳозир кўрайликчи!
Шаҳарлик йигитлар машинани обдон қараб чиқишди.
-Бўлади! - деди улардан бири Қобилга - Нархини айтинг буни?
-Айтдимку, 10 минг берасизлар. Урилганини тўрт юз беш юз доллар билан тўғрилаб бозорга чиқарсам ўн икки дан кам кетмайди! Буни мендан яхши биласизларку? Ҳозирги янги нексиялардан мана шу эски Дэу пайти чиқарилганлари зўр! Нексия -2 лар тез шақирдаб қолади! Булар эса ўлмас мол!
-Ҳа бўпти! Ўн бўлса ўн!
Шаҳарлик йигитлар Қобилнинг қўлига пулни санаб беришларини кузатаркан Нарзулланинг жони халқумига келаёзди.
Қаранг а уни шу қадар лақиллатиб кетишибди!
-Боя билганимда, бермасдим машинани! - деди у ўзига ўзи алам билан - Ё ҳалиям лафздан қайтсамикан.
Бу орада Қобил ва шаҳарликлар жўнаб кетишди.
Урилган машинасининг ортидан чангини кузатиб қоларкан, Нарзулла аламидан баданини ўйиб ғижимларди.
-Вой ана Худога шукур-ей! - янги Нексияни кўриб Зоҳида қувончини яширмади - Олиб келибдику? Энди гапдан қутуладиган бўлдигей!
-Э ўчир овозингни! - бор аламини хотинига сочган Нарзулла ўшқирди - Ўзимнинг машинам зўр эди! Дэу лар зўр чиққан заводдан! Ҳозирги лар сифати паст! Мени лақиллатиб кетишди! Ҳаммасига сен ва ўғлинг айбдор! Машинамни топиб берларинг!
-Вой ўлай?! - Зоҳида эрининг қалампир чайнагандек буришиб турган юзига қараб анграйиб қолди - Қутулдимми десам ҳали кўнглингиз жойига тушмаганмиди?
-Э ўчир овозингнии!! Ўзимнинг машинамни топиб берасанлар!
Тамом.