Shamol Ortidan yugurib (Xolid Husayniy)
***
1984 йилнинг ёзида 21 га тўлдим. Отам ўша
йили «бьюик»ни сотиб, етмиш биринчи йилда
ишлаб чиқарилган «фольксваген» микроавтобу-
сини сотиб олди.
Бобо тирикчиликнинг янги йўлини топганди.
У шанба кунлари мени эрталаб уйғотар, кейин
биргаликда Фримонт, Юнион-Сити, Ньюарк,
Хэйворд, Сан-Хосе сингари йўналишларда йўл-
га чиқар, одамлардан эски-туски нарсаларни
арзон нархларда сотиб олардик. Улар орасидан
биркўз Барби қўғирчоғидан тортиб эски тикув
машиналаригача, ёғоч теннис ракеткасидан
тортиб, тори узилган гитараларгача топиларди.
Куннинг ярмига бориб, машинамиз салони ана
шундай ашқол-дашқолларга тўлиб-тошар ва
биз ортга қайтардик. Эртаси куни саҳарда биз
Сан-Хоседаги эски буюмлар бозорида бўлардик.
Бу ерда 25 центга олинган «Чикаго» гуруҳининг
эски пластинкасини бир долларга, ўн долларга
харид қилинган «Зингер» машинасини ҳам тўрт
бараварига пуллаш имкони бор эди.
Айтиш жоизки, Америкада эски буюмлар сав-
доси муҳожир афғонлар учун энг сердаромад
иш саналарди. Шу боис, ушбу бозорнинг асосий
сотувчилари ҳам афғонлар эди. Савдо сусайган
пайтда сотувчилар бир пиёла чой устида бир-би-
ри билан ўтмиш ҳақида, кўрган-кечирганлари
ҳақида, бу ердаги таниш-билишларнинг шахсий
ҳаёти ҳақида (афғонлар ғийбатни ёқтиришади)
гурунглашиб ўтиришарди. Бу «эскифурушлар»
орасида чилангар ва тикувчиларни ҳам, собиқ
элчилар, жарроҳлар ва профессорларни ҳам уч-
ратиш мумкин эди.
Ана шундай кунларнинг бири. Отамнинг ёй-
маси ёнига икки финжон қаҳва билан қайтсам,
Бобо кексароқ, оқсоч бир эркак билан гапла-
шиб ўтирибди.
– Амир, – деди у мени ҳалиги одамга таништи-
риб, – ўғлим, бу киши генерал-соҳиб, Иқбол
Тоҳирий жаноблари бўладилар. Кобулда мудо-
фаа вазирлигида катта лавозимда ишлаганлар.
Тоҳирий! Қаерда эшитганман бу фамилияни?
Унинг қорасидан оқи кўп сочлари орқага сил-
лиқ қилиб таралган, қалин қошлари ҳам оқара
бошлаганди.
Ийманибгина унга салом бердим.
– Салом, бачам, – деди генерал менга қўл уза-
таркан. Унинг қўллари илиқ, нам ва юмшоқ эди.
– Амир келажакда ёзувчи бўлмоқчи, у кол-
лежнинг биринчи курсини тугатди.
– Мошооллоҳ, – елкамни қоқди Тоҳирий. – Биз-
нинг шўрлик халқимиз, бечора Ватанимизнинг,
унинг бошига тушган кулфатларни ҳам ёзгин,
ўғлим!
Раҳимхон совға қилган чарм муқовали блок-
нотда ўнтача ҳикоям жой олганди. Негадир
бу одам билан менинг ижодий изланишларим
ҳақида гапириш ноқулайдек туюлди.
Тоҳирий отам билан ёшлик хотиралари ҳақи-
да анча суҳбатлашди.
– Зиндаги мегузарад – ҳаёт ўтавераркан, би-
родар, – енгилгина хўрсинди генерал ва менга
ўгирилди. – Бачам, сенинг отанг беназир одам.
Бу билан фахрланишинг керак.
– Муболаға қиляпсиз, – камтаринлик билан
томоқ қирди Бобо.
– Падари бузруквор, чой дамлаб келувдим!
Беихтиёр қиз боланинг ипакдек мулойим то-
вушидан энтикиб кетдим. Ортимда баланд бўй-
ли, сочлари кифтлари оша шаршарадек ёйил-
ган париваш қўлида елим пиёла ва термос тутиб
турарди. Қалдирғоч қанотидек қалин ва қора
қошлари тароқ тишларидек киприклари билан
бўйлашиб, жоду кўзлар малоҳатини яширмоққа
чоғланиб турарди.
– Барака топ, қизалоғим, – Генерал жилма-
йиб, унинг қўлидаги термос ва пиёлани олди.
Қиз шуни кутиб тургандек ҳуркаклик билан
биздан икки қатор наридаги жигарранг фур-
гон тарафга юрди. Шу лаҳзада қулоғи орқасида
ярим ойни эслатувчи кичкина, қизил нори бор-
лигини пайқадим.
Фургон олдидаги ёймада эски китоб ва плас-
тинкалар териб қўйилганди. Орамиз анча узоқ
бўлса-да, бозор санжоб бўлгани боис, уни яққол
кўра олардим.
– Менинг қизим – Сурайё, – деди Тоҳирий
унинг ортидан термилиб қоларкан ва оғир хўр-
синиб, бизга юзланди. – Энди менга рухсат.
Генерал биз билан қуюқ хайрлашиб, қизининг
ортидан кетди. Мен кун бўйи унинг кулранг
фургонидан кўз узмай ўтирдим.
Фақат кеч кириб, уйга қайтаётганимизда,
Тоҳирий фамилиясини қаерда эшитганимни
эсладим.
– Ота, генералнинг қизи ҳақида қандайдир
миш-мишлар юрармиди? – дея сўрадим Бободан
имкон қадар бефарқ оҳангда.
– Мени биласан-ку, – деди отам машина ру-
лини бошқариб бораркан. – Ғийбат, миш-миш
бор жойдан ўзимни олиб қочаман. Хўш, нимага унга қизиқиб қолдинг? – отам пешойна оша ай-
ёрона жилмайди.
– Шунчаки сўрадим-да, – ғудрандим мен.
– Шунақа де? Балки қизи юрагингдан урган-
дир? – сўради отам мендан нигоҳини узмай.
– Ота, қўйсангиз-чи!
У жилмайиб қўйди. Биз 680-шоссе бўйлаб
елиб борардик.
– Шуни биламанки, шўрлик қизнинг ҳаёти
бир номардни деб издан чиққан, – деди отам
ҳазин товушда. – Уни жуда ақлли, меҳнаткаш
қиз деб эшитгандим. Ўша воқеадан кейин гене-
ралнинг эшигини бирорта совчи тақиллатмади.
...Кечаси, билан Сурайё ҳақида, унинг ярим
ойга ўхшаган қизил нори, маъсум кўзлари, аянчли
қисмати ҳақида ўйлаб, ухлолмай чиқдим. Сурайё!
Эски бозордан топган маликам менинг!
***
Шарқ шоирлари ҳижрон кечасини Ялдо туни-
га менгзашган. Бу туннинг машаққати ва изти-
робини эса, Сурайёнинг ишқига мубтало бўлгач,
англадим. Унинг гўзал чеҳраси, шаҳло кўзлари
мени тинимсиз таъқиб этарди.
Якшанба кунларини орзиқиб кутардим. Мана
у, сарғайган китобларни пештахтага тартиб би-
лан тераётир. Мен соатлаб уларнинг дўконидан
кўз узмай ўтиришга ҳозир эдим.
Сурайёжон, қора тун зулматини йиртган пор-
лоқ қуёшим!
Кунлар ўтиб борарди. Мен эса, Сурайё билан
гаплашиш учун баҳона қидирар, гўё шунчаки
ўткинчи сифатида унинг дўкони ёнидан ўтиб
қайтар, аммо оғиз очишга на журъат, на баҳона
топа олардим.
Қуёшнинг заррин нурларини тўкиб ёз, атроф-
ни хазонрезгига тўлдириб куз, қордан оппоқ
пойандоз тўшаб қиш ўтди, дарахтлар куртак
ёзиб, кўклам нафаси елса ҳам, менга тил бит-
мади.
1985 йил май ойининг охирлари. Коллеж
имтиҳонларини ҳам бешга топширгандим.
Якшанбаларнинг бирида отам билан савдога
чиққандик. Кун иссиқ бўлишига қарамай, сав-
до ҳам қизирди. Қўлимиз қўлимизга тегмасди.
Шу чоқ миямга зўр фикр келди.
– Ота, кун исиб кетди, кола ичиб келай! Сизга
ҳам олиб келаман!
– Майли, фақат эҳтиёт бўл!
– Нимага? – ажабландим.
– Нима, сенингча мен аҳмоққа ўхшайманми?
– Тушунмадим!
– Унутма, Тоҳирий тиш-тирноғига қадар
пуштун миллатига мансуб. Унинг учун ор-но-
мус ҳамма нарсадан устун. Айниқса, сўз унинг
оиласи, аёли ёки қизи ҳақида борганда. Ўғлим,
ҳаммасини сезиб, билиб юрибман. Менинг бо-
шимни эгиб қўймасанг, бас.
– Ота, хавотир олманг, – дея олдим холос.
...Тоҳирийнинг кулранг микроавтобуси ол-
дида қиз бир ўзи савдо қилаётганди. Оёқяланг,
этаги узун оқ кўйлакда. Аввалига унинг дўкони
ёнидан ғизиллаб ўтиб кетмоқчи эдим. Лекин...
ўлай агар, қандай қилиб унинг ёнида пайдо бў-
либ қолганимни билмайман.
– Салом, – дедим қулоғимгача қизариб. –
Кечирасиз, генерал-соҳиб йўқмидилар?
– Салом, – деди қиз қўлидаги китобдан бош
кўтараркан, қўнғироқ овози билан. – Отам анави ёққа кетди, – қиз билагузукларини жаранг-
латиб, қўли билан ўнг тарафни кўрсатди.
– Отангизни зиёрат этгани келувдим, – дедим
бошқа баҳона тополмай. – Менинг исмим Амир,
шунчаки ким келганини билишингиз учун...
Энди мен борай... безовта қилдим...
– Йўқ, йўқ, бемалол, – деди қиз. – Таниш-
ганимдан хурсандман.
– Унда... мен бора қолай, – яна шу гапни так-
рорладим. – Худо ҳофиз! – бир қадам юриб, яна
тўхтадим. – Узр, қандай китоб ўқияпсиз?
Нима қиляпман ўзи? Назаримда ҳамма ёқда
жимлик. Бозордаги бутун афғонларнинг бутун
эътибори бизга қаратилгандай. Гарчи бу ер
Америка бўлса-да, атрофни афғонлар ўраб ол-
ган. Бизда йигит ва қиз ўртасидаги муносабат
мутлақо бошқача баҳоланади.
Сурайё бепарволик билан китобнинг муқова-
сини кўрсатди.
– Ўқиганмисиз?
«Яшин водийси». Мен бу асарни ўқигандим.
Қимтиниб бош ирғадим.
– Ҳа, жуда ғамгин воқеа.
– Одатда ғамгин воқеалар чиройли асарлар-
га асос бўлади, – деди Сурайё қувлик билан ва
қўшиб қўйди. – Эшитишимча, сиз ҳам ёзиб ту-
раркансиз?
Ана холос! У қаердан эшитдийкин? Наҳот
отаси айтган бўлса? Отаси сўраган бўлиши ҳам
ақлга сиғмайди. Бирор одобли афғон қизи ота-
сидан ўзи тенги йигит ҳақида сўрай олмайди.
– Ҳа, истасангиз, ҳикояларимни сизга ўқишга
беришим мумкин! – ўз овозимни аранг танидим.
– Жон дердим.
«Жон дердим!»
Шу чоқ унинг ёнида бир сумка мева кўтарган
аёл пайдо бўлди. Мен уни қаердадир кўрган-
дим. Унинг юзларида табассум ёйилди:
– Амиржон, тузукмисиз, мен Жамиламан,
Сурайёнинг ойиси. Отангиз яхшимилар?
– Салом, холажон, – дедим ўнғайсизланиб. –
Раҳмат, тузуклар!
– Бобонгиз Ғози соҳиб судья эдилар. Биз улар
билан узоқ қариндош эдик. – Аёл жилмайиб қўй-
ганида, тилла тишлари ярақлаб кетди. – Келинг,
ўғлим, ўтиринг! Сурайё, қизим, акангга стул оп-
кел! Манави шафтолилардан ювиб кел! Шунақа
ширинки, асалнинг ўзгинаси!
Бу табассум ва илтифот мендаги тараддудни
хиёл тарқатиб юборди.
– Йўқ, раҳмат, отам кутяптилар. Боришим
керак!
– Унда шошмай туринг, – аёл бир нечта киви
ва икки дона шафтолини қоғоз пакетга солиб, қў-
лимга тутқазди. – Отангизга биздан салом айтинг.
...– Сен кола опкеламан деб кетмаганмидинг?
– отам қўлимдан меваларни оларкан, зимдан
термилди. Жин урсин, кола опкеламан деб кет-
ганим ёдимга тушди. Мен ўзимча нимадир деб
ғудрандим. – Ўғлим, фақат бояги гапларим
эсингдан чиқмасин!
Кейинги олти кун, олти оқшом яна мен учун
ялдо тунларидек узун туюлди. Ахир мен уни
фақатгина якшанба кунлари кўра олардим.
Шу тахлит кунлар кетидан ҳафталаб ўтавер-
ди. Мен қизнинг ёнига бориш учун генералнинг
қаёққадир кетишини кутардим. Жамила хонимдан ҳайиқмай қолгандим. У ҳар гал мени
очиқ чеҳра қарши олар, чой ва кулча билан
сийларди. Улар билан Кобул хотиралари ҳақи-
да баҳслашардик. Ана шундай суҳбатларнинг
бирида мен Сурайё билан ёлғиз қолгандим. Гап
касб танлаш масаласига бориб тақалди. Сурайё
ўқитувчи бўлиш истагида эканини айтди.
– Болалигимдан ўқитувчи бўлишни орзу қи-
ламан. Онам ҳам Кобулда қизлар мактабида
форс тилидан сабоқ берарди. Мен Кобулда тўр-
тинчи синфга бораётганимда, отам уйимизга
янги оқсоч қиз топиб келди. Унинг исми Зебо
экан. У саводсиз эди. Баъзан Эронда яшовчи
опасига хат ёзиб беришимни илтимос қилар,
опасидан келган хатларни ҳам менга ўқитарди.
Бир куни мен унга «кел, сенга ўқиш-ёзишни ўр-
гатаман, кейин ўзинг истаганча хат ёзишинг,
китоб ва газеталарни ўқишинг мумкин», дедим.
Зебонинг қувончдан кўзлари чарақлаб кетди.
Ҳар куни бир-икки соат у билан ошхонада ўти-
риб, дарс қиладиган бўлдик. Бир йил деганда
унинг саводи тўлиқ чиқди. У болаларга мўлжал-
ланган китобларни бемалол ўқийдиган бўлди. У
мени ҳар гал муаллим деб атаганида таним яй-
раб кетарди. Бу хитоб менга шундай ёқардики,
катта бўлсам албатта муаллим бўламан, деб аҳд
қилдим. Сиз мени тушуняпсизми?
– Ҳа!
Аслида... уни тушунишга менга йўл бўлсин.
Ахир мен ҳам Ҳасанга ўқиш-ёзишни ўргатсам
бўларди-ку! Нега шундай қилмадим? У бунга ло-
йиқ эмасмиди? Аксинча, мен ўз саводимдан уни
мазах қилишда фойдаландим. Уни «телба» деб
кулганим-чи? Йўқ, мен бориб турган аблаҳман!
Шу чоқ нимадир эсимга тушиб, сергаклан-
дим.
– Эсимдан чиқай дебди, манавини сизга оп-
келувдим. – Чўнтагимдан қистирғич билан би-
риктирилган бир даста варақни чиқардим. –
Ваъда қилганимдек...
– Демак, эсингиздан чиқмабди-да, – Сурайё-
нинг кўзларида севинч учқунлари порлади.
Аммо зум ўтмай юзларидаги қувонч қаёққадир
ғойиб бўлди. Орқамда кимнингдир шарпасини
пайқаб ўгирилдим. Генерал Тоҳирий!
– Амиржон, сени кўриб турганимдан бағоят
хурсандман. Ижодлар қалай кетяпти?
– Салом, генерал соҳиб, – дедим шоша-пиша.
– Раҳмат... мен...
– Бугун ҳаво жуда ажойиб бўлди-да, Амиржон!
– Генерел савдо пештахтаси томон ўтаркан,
қизи томонга қўл узатди. Сурайё ҳозирги мен-
дан олган варақларни отасига берди. – Лекин,
ҳафтанинг охирига бориб ёмғир ёғармиш.
Генерал варақларни ғижимлаб, бурчакда тур-
ган ахлат қутисига ирғитди ва елкамга оҳиста
қўл ташлади.
– Ўғлим, мен сени жуда яхши кўраман. Виж-
донли, ор-номусли йигитсан. Лекин, баъзан сен-
дек ёшларни ҳам тартибга чақириб туриш ке-
рак. Сенга шуни айтиб қўйишим керакки, биз
бозордамиз ва ҳамма бизга қаттиқ тикилиб ту-
рибди. Бу ерда ҳамма ўзича ижодкор, шунақа
тўқиб бичишадики... – Тоҳирий беозор кулимси-
ради. – Отангга саломимни етказгин!
Кечқурун отамга ҳаммасини айтиб бердим.
Отам бари бир бундан хабар топарди. Отам бош
чайқаб хўрсиниб қўя қолди.
Кейинги ҳафтада отам шамоллаб қолди.
Ҳаммаси шамоллаш ва қуруқ йўталдан бошлан-
ди. Борган сари соғлиғи ёмонлашаверди.
Бобонинг доктор ва шифохонага аввалдан тобу
тоқати йўқ эди. Бирор марта соғлиғидан шикоят
қилиб, дўхтирга борганини эслолмайман.
Орадан бир икки кун ўтиб, унинг ортидан
ювиниш хонасига киргандим. Чаноққа қон ту-
пураётганини кўриб, юрагим орқага тортиб
кетди.
– Ота, анчадан бери шунақами?
– Тушликка нима қилдинг? – сўради жавобан.
– Дўхтирга бормасангиз бўлмайди!
Сан-Хоседаги округ госпиталига бордик. У ер-
даги захил юзли врач рентгенга жўнатди. Бир оз
ўтиб, ҳамшира бизни унинг кабинетига чақирди.
Врач нималарнидир ёзиб ўтирарди. Биз киргач,
бир тўлдирилган варақни узатаркан:
– Рўйхатхонага олиб боринг, – дея буюрди.
– Нима бу? – сўрадим мен.
– Пульмонологик клиникага йўлланма. Отан-
гизнинг чап ўпкасида қорайиш бор. Мутахассис
кўригидан ўтиши керак.
– Саратонми? – негадир босиқлик билан сўра-
ди отам. Этим жимирлаб кетди.
– Бўлиши мумкин, – шифокор яна нималар-
нидир ёзишга тутинди. – Аввал компьютер то-
мографиясидан ўтказиш керак. Текширувдан
ўтасиз, улар икки ҳафтада телефон қилиб, аниқ
ташхисни айтишади.
Икки ҳафта-я, айтишга осон! Бу икки ҳаф-
та биз учун қанчалик оғир кечишини биларми-
кин? На илож, йўлланмани тегишли жойга топ-
ширдик.
Ўша куни кечаси билан отамга шифо бериши-
ни Яратгандан сўраб чиқдим. Икки ҳафта ўтди
ҳамки, ҳеч ким телефон қилмади. Ўзим бордим.
Йўлланмани йўқотишган экан. Яна сарсонгар-
чилик...
Бизни текшириши керак бўлган доктор асли
россиялик эканини эшитган Бобо «кирмайман»
дея тўполон кўтарди. Уни кўндиришга ҳар қан-
ча уринмай фойдаси бўлмади. Фақат, эронлик
Амоний деган пульмонологни топгачгина отам
текширишга рухсат берди.
Доктор Амоний қалин мўйловли, сочларига
оқ оралаган киши экан.
Янги текширув натижалари чиққунича, яна
бир ҳафта кутдик. Натижалар кутилганидан
ҳам ёмон чиқди. Доктор умидсиз бош чайқади:
– Отангизнинг умрини кимёвий даволаш
орқали бир оз чўзиш мумкин, холос. Аммо, да-
волашнинг имкони йўқ.
– Тушунарли, – бош ирғади отам. – Сизга кат-
та раҳмат. Менга ҳеч қандай кимёвий даволаш-
нинг зарурати йўқ.
– Ота!
– Амир, – Бобо менга юзланди. – Илтимос, одам-
лар олдида мени шарманда қилма! Аллоҳнинг
иродаси!
Генерал Тоҳирий «башорат» қилган ёмғир
икки ҳафта кечикканди. Биз кўчага чиққани-
мизда машиналар ғилдираклари атрофга сувни
фавворадек сачратиб борарди. Отам индамай
сигарет чекиб ўтирарди. Уйимиз эшиги олдида
юрак ютиб, гап бошладим.
– Ота, балки, кимёвий даволаш...
– Ўғлим, биласан, мен битта гапираман. 22
га тўлдинг. Катта эркак бўп қолдинг. Мен буниаллақачон билганман. Бари бир сенга айти-
шим керак эди. Сендан илтимос, ҳеч кимга оғиз
очма! Шов-шув кўтаришни, одамларнинг менга
раҳми келишини истамайман.
Нима ҳам қила олардим?
Кунлар яна ўз оқимида оқа бошлади. Бобом
ҳеч нарса бўлмагандек мол йиққани мен билан
шаҳарма-шаҳар кезар, бозорга қатнарди. Бу
кунлар бизни муқаррар ва мудҳиш ҳақиқатга
тобора яқинлаштириб борарди.
Бора-бора шанба кунлари мол йиғишга ўзим
чиқадиган бўп қолдим. Отам фақат мен билан
бозорга чиқар, таниш-билишлар отамни кун-
дан-кунга озиб бораётганини кўриб, «парҳез
яхши наф беряптими» деб қўйишарди. Кун са-
йин шўрликнинг чаккалари тортишиб, териси
осилиб, ранги сарғайиб, чўпдек озиб борарди.
Совуқ кунларнинг бирида отам оғирлашиб
қолди.
***
Отамнинг бошига етиб келганимда, оёқ-қўл-
ларини типирчилатиб ётарди. Бир зумда атро-
фимизни одамлар ўраб олишди. Отам безгак
тутгандек тинимсиз қалтирарди, оғзидан қон
аралаш кўпик кела бошлаганди. Чинқирганча
«Тез ёрдам» машинаси етиб келди.
Ўша оқшом отамнинг бошида ўтириб тонг от-
тирдим.
Эртаси куни госпиталь қабулхонаси таниш-
нотаниш афғонларга тўлиб кетди. Улар бир-
ма-бир палатага кириб, отамнинг аҳволини
сўраб кетишарди. Отам анча ўзига келиб қол-
ганди.
Тушга яқин Тоҳирий хотини ва қизи билан
кириб келди. Сурайё билан нигоҳларимиз бир
лаҳзагина тўқнашиб кетди.
– Сизга нима бўлди, биродар? – сўради ге-
нерал отамнинг қўлини эҳтиёткорлик билан
сиқаркан.
– Сизни овора қилиб қўйганимдан хижолат-
даман, – капельницага кўз қирини ташлаб, си-
ниқ жилмайди отам. – Келиб кўнглимни шод эт-
дингизлар.
– Қўйсангиз-чи, биродар, – генерал менга ўги-
рилди. – Амиржон ўғлим, агар нима керак бў-
либ қолса, бизга айтарсан. – Унинг овозидаги
оталарча ғамхўрлик оҳангидан кўнглим эзилиб
кетди. Томоғимга нимадир келиб тиқилди. Кўз
ёшимни уларга сездирмаслик учун қабулхонага
чиқиб кетдим.
Кўп ўтмай, эшик оҳиста очилиб, Сурайё пай-
до бўлди. Эгнида кулранг свитер, жинси шим,
сочлари елкаси билан битта қилиб ёйилган. О,
қанийди ҳозир унинг қучоғига сингиб кетолсам!
– Амир, жуда таассуфдамиз, – деди у ширин
овозда. – Биз отангнинг тоби йўқлигини билган-
дик. Аммо, бунақа касаллигини...
– Отам ҳеч ким билмасин, деганди.
– Сизга ҳеч нарса керакмасми?
– Йўқ, – дедим жилмайишга уриниб. У менинг
қўлларимдан тутди. Бутун баданим бўйлаб са-
мовий ҳарорат ёйилди.
– Сурайё, сиз, бора қолинг... яна тунов кун-
гидек отангиз келиб қолмасин. Келганингиздан
қанчалик хурсанд эканимни тасаввур ҳам этол-
майсиз.
Икки кун ўтиб отамга рухсат беришди. Ҳар
қанча кўндиришга уринмай, отам кимёвий даволаш курсларига рози бўлмади. Уни ўзи совға
қилган «форд» машинамда олиб кетдим.
Ўша куни диванда, бир боғ ўтиндек қуруқ-
шаб қолган отамнинг ёнида ўтириб, овқатлан-
тирдим.
– Ота, айтинг, яна нима қилай?
– Ҳеч нарса керакмас, болам. Балки, сенга
бирор нима керакдир?
Отамнинг чўкиб қолган кўзларида таниш ай-
ёрона ифода порлади.
– Ота, агар йўқ демасангиз... генералнинг қи-
зини... сўраб кўрасизми?
Бобонинг юзларида анчадан бери кўрилма-
ган табассум жонланди.
– Ўғлим, қароринг қатъийми?
– Қатъий, ота!
– Телефонни олиб бер!
Отам зарур рақамни териб, гўшакни қулоғи-
га тутди.
– Ассалому алайкум, Жамила хоним тузукми-
сиз? Раҳмат, шукур! Генерал соҳиб уйдамилар?
Раҳмат! – орадаги сўзсизлик ичида отам менга
қиё боқиб, кўз қисди. – Ассалому алайкум, гене-
рал соҳиб, раҳмат, тузукман. Эртага бир юмуш
билан хонадонингизга борсам, қабул қиласиз-
ларми, дегандим? Лаббай? Соат ўн бирларда!
Ташаккур, Худо ҳофиз!
Отам дастакни иларкан, дафъатан менга қа-
раб, баралла кулиб юборди.
Эртаси куни отамнинг оҳорли, жойрави ки-
йимларини кийишга ёрдамлашдим. Бир пайт-
лар унинг миқти гавдасидан тўлиб турадиган
костюми энди худди ходага илингандек шал-
пайиб қопти.
Генерал оиласи билан Фримонтдаги афғон
маҳаллаларидан бирида яшарди. Машинада
отамни унинг уйи ёнигача олиб бордим.
– Уйда бўп тур, – деди отам машинадан ту-
шаркан. – Бир соатларда сенга ўзим телефон
қиламан.
Мана, кузатиб турибман, отам ишончсиз қа-
дам билан генералнинг хонадонига кириб бо-
раётир. Ўзининг сўнгги оталик бурчини бажо
этиш учун.
Уйимиз қанчалик торлигини ўшанда билдим.
Вақт ўтиши мунча қийин бўлмаса? Ошхонага
чиқаман, уйга кираман. Нега отам қўнғироқ
қилмаяпти. Генерал рад этса-чи? Балки, мен
унга ёқмасман.
Телефон жиринглаши билан таҳлика ичида
гўшакка ёпишдим.
– Генерал – рози! – Отамнинг бу гапидан тур-
ган еримда сакраб тушаёздим. – Лекин, Сурайё
сен билан гаплашиб олмоқчи. У ҳозир хонасида.
Бир муддат жимликдан сўнг гўшакдан
Сурайёнинг тиниқ овози янгради.
– Амир! Салом! Отам рози бўлдилар.
– Эшитдим, Сурайё, мени бир оғиз сўзинг би-
лан бахтли эта оласан (уни илк бора сенсира-
шим эди).
– Фақат... биласанми? Сенга бир муҳим гапни
айтмоқчиман. Ҳозирнинг ўзида.
– Қулоғим сенда!
– Сен ҳали мен ҳақимда кўп нарсани билмай-
сан. Орамизда бирор мавҳумлик бўлишини ис-
тамасдим. – Орага бир оз жимлик чўкди. – Биз
аввал Виржинияда яшаганмиз. Мен ўшанда
18 ёшда эдим. Бир афғон йигит билан уйдан қочиб кетганман... У эса, қип-қизил гиёҳванд
бўлиб чиқди. У билан бир ойча бирга яшадим.
Виржиниядаги ҳамма афғонлар тилидан туш-
май қолгандик. Отам, охири бизни қидириб
келди ва судрагудек қилиб мени уйга опкетди.
Мен ўшанда унга бақирдим, чақирдим. Дунёни
бошимга кўтариб йиғладим. – Телефон жимиб
қолди. Алоқа узилдимикин деб ўйлагандим, йўқ,
у йиғлаётган экан. – Менинг бу шармандали
ишимдан онамнинг ўнг юзи фалажланиб қолган
экан. Бечора онам? Мен аҳмоқни деб... Кейин
биз Калифорнияга кўчиб келдик.
– Ҳозир отанг билан муносабатингиз қандай?
– сўрадим юрак ютиб.
– Отам билан ҳар доим гапимиз бир жойдан
чиқмаган, – деди Сурайё бурун тортиб, – бироқ,
мен ундан миннатдорман. У бўлмаса, мен ўлиб
кетардим.
Ўшанда қай аҳволга тушдим? Ахир мен ҳали
аёл кишининг қучоғини кўрмаган мужаррад
эдим. У эса... Аммо, нима бўлганда ҳам, мен қа-
роримни ўзгартирмадим. Мен уни бахтсиз ўт-
миши учун айблай олмасдим.
– Сиз... яна ўз фикрингизда қоласизми?
– Сурайё, – дедим овозим титраб. – Илтимос
қиламан, менга турмушга чиқ!
Сурайёнинг ўксик йиғисидан гўшак ҳам тит-
раб кетгандек бўлди.
Унга ҳавасим келди. У ўз сирини очиб, кўнг-
лини бўшатиб олди. Энди уни ҳеч қачон виждон
дарди қийнамайди. Мен-чи? Ҳасанга қилган
ноҳақликларим, уни мараз Асефнинг қўлида
хўрланишига йўл қўйганим, буям етмагандек
унинг гарданига туҳмат тамғасини босганим, ота-болани қирқ йиллик қадрдон уйидан қувга-
ним ҳақида кимга арз эта оламан, кимга?
***
Тўйимиз барча афғон расм-русумлари асоси-
да ўтди. Отам Фримотндаги бир афғонга тегиш-
ли ҳашаматли ресторанни ижарага олди. Отам
тўйимизга атроф-жавонибда яшайдиган афғон
борки, барчасини таклиф этди. Қўни-қўшнилар
ҳам жам бўлишди.
Ниҳоят оқшом чўкди. Бизни гўшангага куза-
тиб қўйишди. Ўша оқшом мен илк бор... илк бор
аёл тафтини, аёл ҳароратини ҳис этдим. Табиат
аёл зотига бахш этган бетимсол нафосат ва на-
зокат лаззатини тота олдим...
Қизиқ, Ҳасан ҳам уйландимикин? Ҳозир
унинг ҳам қучоғида бирор нозанин тўлғанаёт-
ганмикин? Унинг сочларини қай париваш эр-
калаб силаётган бўлса?..
...Сурайё хонадонимизга файз олиб кирганди.
У энди отамга ҳам худди ўз падари бузрукворидек
ғамхўрлик кўрсата бошлаганди. У ҳар куни эрта-
лаб отамга нонушта тайёрлар, ётиш-туришига
кўмаклашар, кийимларини ювар, газеталар ўқиб
берар, Бобо ёқтирган афғонча шўрва тайёрлар,
ҳар куни уйимиз атрофини сайр қилдирарди.
Кунларнинг бирида уйга эртароқ келганимда
Сурайё ниманидир отамнинг адёли остига
яширганини пайқаб қолдим. Кела солиб, адёл
қатига қўл суқдим. Бу ўша, туғилган кунимда
Раҳимхон совға қилган блокнот эди. Мен ҳамма
ҳикояларимни шу блокнотга ёзиб борардим.
– Бунақа ажойиб ҳикоялар битишингизни
билмаган эканман.
Отам ёстиқдан аранг бошини кўтарди:
– Блокнотингни мен бердим унга! – Томоғимга
яна нимадир тиқилиб, хонадан ўқдай учиб чиқдим.
...Ярим оқшомда отам бизни ёнига чақирди.
Ҳар иккимизнинг пешонамиздан ўпди.
– Дорингизни олиб келайми? – сўради Сурайё
тавозе билан.
– Шарт эмас, – отам синиқ жилмайди. – Бугун
ҳеч қаерим оғримаяпти.
– Яхши дам олинг, – Сурайё унинг усти-
ни оҳиста ёпиб қўйди. Бобо оҳиста кўзларини
юмди ва қайтиб очмади.
...Хэйрводдаги масжиднинг олдида маши-
на тўлиб кетганди. Атроф-жавонибдаги афғон
борки, бари отамнинг жанозасига тўпланди.
Мен эшик олдида, генерал Тоҳирийнинг ёни-
да бел боғлаб, қўл қовуштириб турар, келган-
лар бирма-бир таъзия билдириб айвон томон-
га ўтишарди. Уларнинг кўпини танимадим.
Лекин улар отамни танишаркан. Уларнинг ҳар
бири отам ҳақидаги илиқ гапларни айтиб, унга
Яратганнинг раҳматини тилашарди.
Уларнинг назарида мен ўша инсоннинг ўғли
эдим холос, бошқа ҳеч ким эмас. Бобо энди йўқ.
Энди ким менинг бошимни силайди? Ким менга
тўғри йўл кўрсатади? Энди мен унингсиз қан-
дай яшайман. Мени нега ташлаб кетдингиз,
отажон? Мен бу мудҳиш воқеликни алланечук
карахт алпозда кузатиб турардим.
Отамни қабристоннинг мусулмонлар қўйила-
диган қисмида дафн этишди. Одамлар оҳиста
тарқала бошлашди. Мен отамни кимсасиз қаб-
ристонда, тупроқ остида ёлғиз ташлаб, ортимга
қайтарканман, ҳўнграб юбордим...
Вақт яна ўз оқимида давом этарди.
***
Мен вақт ўтиши билан Тоҳирийлар хонадо-
ни билан боғлиқ кўп нарсаларни билиб олдим.
Масалан, генералнинг мигрень касали билан
оғришини, баъзан дард хуруж қилганида кун
бўйи қоронғи хонасида қамалиб ўтиришини
ҳам кейин билдим. Бундай пайтларда ҳеч ким
уни безовта қилолмас экан.
Сурайёнинг айтишича, у эсини танигандан
бери генерал ва Жамила хоним алоҳида хона-
ларда ётишаркан.
Яна шуни билдимки, генерал оиласини асо-
сан давлат томонидан ажратиладиган ёрдам
пули эвазига боқар, эски бозорга эса, шунча-
ки вақт ўтказиш, афғон танишлари билан чақ-
чақлашиш учунгина чиқаркан. Генерал эрта-
ми-кечми Афғонистон озод бўлишига, у ўз юр-
тига оиласи билан қайтиши, яна аввалгидек
юқори лавозимлардан бирини эгаллашига ишо-
нарди. Қайнонам Жамила холанинг беқиёс да-
ражада гўзал овози борлиги, халқ қўшиқлари,
мумтоз ашулаларини маромига етказиб куйла-
шини ҳам кейинроқ эшитдим. Бироқ, генерал
гарчи мусиқани, санъатни ёқтирса-да, аёли-
нинг бошқалар олдида қўшиқ айтишини уму-
ман истамаскан.
Қайнонам мени ўз ўғлидек кўрарди ва буни
мендан яшириб ҳам ўтирмасди. Ҳатто эрига
айтишга журъат этолмаган гапларни ҳам мен
орқали етказарди. Сурайёнинг айтишича, мия-
сига қон қуйилгач, унинг саломатлиги анча
ёмонлашиб қолганди.
Жамила хола турли гап-сўзларга сабаб бўлган
қизини никоҳимга олиб, бу бадномликдан уларнинг оиласини қутқазганим учун ҳам мендан
миннатдор эди.
Кунларнинг бирида Сурайё менга Виржиния-
да юз берган нохуш воқеани ҳам гапириб берди.
Ўшанда Сурайёнинг яқин қариндошлари-
дан бири, Шариф амакининг қизининг тўйи-
дан чиқиб келаётгандик. Йўл-йўлакай Сурайё
йиғлаб келди.
– Мен... сизга муносиб эмасдим, – деди у ўзи-
ни тўхтата олмай. – Ахир сиз ҳам шундай, ҳали
чимилдиқ кўрмаган, иффатли, бокира қизга уй-
ланишингиз мумкин эди. Мен... мен...
Мен унинг ёноқларини ювиб оқаётган кўз
ёшларини кафтим билан артдим.
– Сизга ҳаммасини айтмагандим. Ўша куни...
отам бизни топиб келди. Қўлида милтиқ. Ўша...
йигитга «милтиғимда иккита патрон бор, биттаси
сенинг, иккинчиси менинг умримга нуқта қўя-
ди» деб айтди. Ўшанда... оғзимга келган гаплар-
ни айтдим, додладим, бақириб-чақирдим. Унга...
ўз отамга ўлим тиладим. – Сурайё ҳамон тиним-
сиз йиғларди. – Ўз отамга! Отам индамай қўлим-
дан тутиб, олиб чиқиб кетди. Уйда онам мени
кўз ёш билан қарши олди. Мени қучоқлаб туриб
юм-юм йиғлади. Нимадир демоқчи бўлар, лекин
мен унинг гапларига тушунмасдим. Ҳа, менинг
йўқолишим онамга қаттиқ зарба бўлганди. Унинг
нутқи ҳам алланечук тушунарсиз бўлиб қолганди.
Шунда отам мени ётоғимга олиб кирди-да,
қўлимга қайчи тутқазиб, сочимни тагидан
қирқишни буюрди. Унинг амрини бажаришдан
бошқа чорам йўқ эди. Бир неча ҳафта уйдан
ташқарига чиқолмадим. Кўчага чиққанимда
эса, ҳамма менга қўлини бигиз қилиб кўрсата-
ётгандек бўлаверарди.
– Бу гаплар бундан уч йил аввал, уч минг
чақирим олисда юз берганди. – Сурайёнинг
ёшли кўзларида негадир табассум жилваланди.
– Отангиз совчи бўлиб борган куни, сиз билан
телефонда гаплашганимда, бунақа бадном қиз-
га уйланмайсиз, деб ўйлагандим.
– Ахир, мен бундай ўйлашим мумкин эмасди.
– Мен қанчалар бахтлиман. Сиз мен таниган
афғонларга умуман ўхшамайсиз.
У қучоғимга сирғалиб кирди. Унинг нам
ёноқларига оҳиста лаб босдим.
Бобонинг ўлимидан сўнг, биз Сурайё билан
бир хонали квартирага кўчиб ўтдик. Отамнинг
микроавтобусини сотиб юбордим ва эски бозор-
дан тамоман қадамимни уздим. Бироқ, ҳар жума
куни отамнинг қабрини зиёрат қилишни кан-
да қилмасдим. Кўпинча отамнинг қабри устида
Сурайё олиб келган янги гулдасталар турарди.
Ёзда Сан-Хосе университетига ўқишга кир-
дим. Ўқишдан сўнг, мебел дўконига қоровул
бўлиб ёлландим. Ҳамма ишдан кетиши билан
мен қоровулхонадаги диван устида ястанганча,
китоб мутолаа қилар, дарс тайёрлар, ижод қи-
лардим. Дастлабки романимни ҳам шу ерда ёза
бошладим. Кейинги йили Сурайё ҳам шу уни-
верситетга, отасининг истагига қарама-қарши
ўлароқ, педагогика йўналиши бўйича ўқишга
кирди.
1988 йили, шўравийлар Афғонистонни тарк
этишидан бир йил аввал мен илк романимни
ёзиб битирдим. Унда воқеалар Кобулда, ота ва
ўғил ўртасида рўй берганди.
Мен ушбу асаримни чоп этиш бўйича ўн-
лаб нашриётларга маълумотнома жўнатдим.
Ниҳоят, Нью-Йоркдаги нашриётлардан бири
асарнинг тўлиқ матнини юборишимни сўради.
Олти ҳафта ўтиб, Нью-Йоркдан Мартин
Гривнолт исмли киши телефон қилиб, асар
чоп этилишини, унинг ўзи менинг муаллифлик
ҳуқуқимни ҳимоялашга масъул эканини айтди.
Бу бизнинг оиламиз учун жуда ҳам қувончли
воқеа бўлди.
Сурайё кўзига ёш олиб, мени қучоқлади:
– Қанчалик хурсандлигимни билсангиз эди.
Афсуски, амаким бу кунларни кўра олмадилар.
Рост, отам бу кунни кўрганида борми? Ахир у
менинг келажагим, истиқболим учун ўз ватани-
дан, ўтмишидан воз кечмаганмиди?
Шу онда Раҳимхоннинг қачонлардир айтган
гаплари ёдимга тушди «Ўғлим, ҳали сен буюк
ёзувчи бўласан, сенинг асарларингни бутун
жаҳон ўқийди».
Ҳа, тақдир менга чинакам туҳфа ато этганди.
Аммо, мен бунга лойиқ эдимми?
Кейинги йилнинг ёзида китобим нашрдан
чиқди. Нашриёт мени бешта шаҳар бўйлаб, ки-
тобнинг тарғибот сафарига жўнатди. Мен аме-
рикалик афғонлар орасида ҳақиқий юлдузга
айланаёздим.
Мен бахтли эдим. Фақат бу бахтнинг тўкисли-
ги учун бир нарса етишмасди. Фарзанд! Ҳар гал
ота бўлиш ҳақида ўйласам юрагимни аллақан-
дай ҳаяжон ва ҳатто қўрқув чулғаб оларди. Мен
худди Бобо сингари ота бўла олармикинман?
Қанийди?
Вақт ўтиб борарди. Сурайё билан ҳар ой би-
рор янгиликдан умид кутардик. Вақт ўтгани
сайин Сурайёнинг умидлари сўниб, тушкун, жиззаки аёлга айлана борди. Жамила хола ҳам
авваллари эҳтиёткорлик билан бу хусусда гап
қистирган бўлса, эндиликда очиқ-ошкор буви
бўлиш орзуси ушалмаётганини баралла айта
бошлади. Гарчи генерал бу хусусда оғиз очма-
са-да, унинг қарашларидан нигоронлик алома-
тини сезиш қийин эмасди.
Ана шундай рутубатли кунларнинг бирида
Сурайёга таскин бердим:
– Яна бир оз кутайлик. Ҳаммаси яхши бўлади.
– Яна қанча кутамиз? Нега бундай бўляпти?
Мен бошқа кутолмайман, Амир!
– Бўпти, дўхтирга борармиз, – дея уни тинч-
лантирган бўлдим.
Розен фамилияли шифокор ҳар иккимизни
пухта текширувдан ўтказди. Мен-ку, дастлабки
текширувдан яхши ўтдим. Менда ҳеч бир муам-
мо чиқмади. Аммо, Сурайё... Уни бир неча бор
текширувдан ўтказишди. Пешоб таҳлили, қон
таҳлили, яна алламбалолар! Ҳамма хулосалар би-
лан танишиб чиққан Розен умидсиз бош чайқа-
ди. Тиббиётда камдан-кам учрайдиган бундай
ҳолат «сабаби ноаён бепуштлик» деб номланар-
кан. Ўргилдим сендақа шифокордан. Сабабини
билмасанг, нима қилиб ўтирибсан бу ерда?
Шунда ҳам бизга бир қулоч дори ёзиб берди.
Хуллас, Сурайё ҳам, унга қўшилиб мен ҳам да-
воланишнинг турли йўлларини бошимиздан ке-
чирдик. Ҳеч қандай наф бўлмагач, Розен сунъ-
ий уруғлантиришни таклиф этди. Аммо бунинг
учун жуда катта харажат талаб қилинаркан.
Биринчи романимдан олинган аванс пулини
айнан шу ишга сарфладик. Ҳарқалай, мусулмон
эркак киши учун аёли билан қанчадан-қанча номаҳрам ҳакимлар кўригидан ўтиш, жинсий
ҳаёт билан боғлиқ гапларни уларнинг муҳока-
масига ташлаш... жуда оғир бўларкан. Ва ниҳо-
ят қанчадан-қанча нохуш амалиётлар сўнгида
яна доктор Розен қабулига қайтдик. Бу гал док-
тор столни черта туриб, илк бора «фарзандлик-
ка олиш» хусусида сўз очди.
Бу 1991 йилнинг март ойида содир бўлганди.
Ўша куни Сурайё йўл-йўлакай йиғлаб келди.
Шу ҳафтанинг охирида биз қайнотамникига
бордик ва сўнгги янгиликларни гапириб бер-
дик. Дастурхон устидаги бу галги учрашуви-
миз унча қўр емади. Қайнонам пишириб келган
балиқнинг хушбўй ҳиди ҳам иштаҳамизни қи-
тиқлай олмади.
– Болаларим, бола асраб олиш... биз афғон-
ларга тўғри келмайди, – ниҳоят генерал ўз сўзи-
ни айтди. – Бир кунмас бир кун бола ота-онам
деб билгани бегона бўлиб чиққанини англаса,
қаттиқ руҳий зарбага дучор бўлади. Бари бир
қон тортади, деган гап бор. Бегона бола ўз ота--
онасини қидириб кетади. Бизнинг халқимиз қиз
беришда, келин туширишда етти авлодни бе-
корга суриштирмайди. Сизлар асраб оладиган
бола кимнинг зурриёди, отаси ким, онаси ким,
валади зиноми, бошқами, қаердан биласизлар?
– Бўлди, бу ҳақда бошқа гапиришни ҳам,
эшитишни ҳам истамайман, – қуруққина қилиб
луқма ташлади Сурайё...
Сурайё ҳам, генерал ҳам бола асраб олишга
рўйхушлик беришмади. Мен ҳам насли-насаби
номаълум болага оталик меҳримни беришим
лозимлигини ўйласам, музлаб кетардим. Аммо,
начора, тақдир ҳукмига бўйсунмай иложим йўқ эди. Балки бу қилган гуноҳларим эвазига берил-
ган жазодир?
Бир неча ой ўтиб, иккинчи романим учун
аванс пулини олдим ва уй учун биринчи бадал-
ни тўладим. Сан-Францискодан олинган бу уй
бир оз эскироқ бўлса-да, икки кишилик оила
учун барча шароитлари муҳайё эди.
Кечалари алламаҳалгача Сурайёнинг ёнги-
насида очиқ деразаларнинг ғичирлаши, чирил-
доқларнинг ноласини эшитиб ётар ва шу асно-
да фарзандсизлик аталмиш мусибатни бутун
моҳияти билан англагандек бўлардим. Мана,
ўша мусибат, у ҳар доим биз билан бирга, қу-
вонч ва андуҳимизга шерик... Кечалари ҳам
худди қўндоқдаги боладек иккимизнинг ўрта-
мизда ётади...