Tushda kechgan umrlar
ОҚИМГА ҚАРШИ СУЗГАНИМ БЎЛСИН!
Сўтаг-ей! Жўжахўроз-ей! Қўйиб берса мени сўроқ қилмоқчи! Мени-я! Жанговар Қизил
Байроқ, Қизил Юддуз орденлари кавалери, кимсан Комиссарни-я! Аввал бурнингни артиб ол,
мишиқи! Совет органининг куни шуларга қолдими энди? Қаёққа қараб кетяпмиз ўзи? Хўп
замонлар ўтган экан-да? Эгнингда чарм пальто. Бошингда шапка. Ёнингда наган. Қайси эшикни
тақиллатсанг кўради-ю, тахта бўлади-қолади. «Гражданин фалончи сизми?» — десанг, тили
калимага кел-майди, унсурнинг!..
Хрушчев дегани чиқиб ўртоқ Сталинга ёпишиб кўрди. Жасадини мавзолейдан чиқариб
ташлади! Ўзи нима бўлди! Хор-зор бўлиб ўдди-ку! Ўз кўнгилларида халққа озодлик бердилар.
Озодлик эмиш! Ким қўйибди тизгинсиз оломонга озодликни! Кейин бошқаси келди... Қоғозга
қарамасдан гапирса, отйни айтолмайди-ю, тағин бу киши маршал эмиш! «Генералиссимус»
деган сўзни айтишга тили келишса, оларди шу юксак унвонниям! Нуқул орден улашиш билан
овора! Охири нима бўлди? Ҳаммасида орден. Ҳаммаси порахўр! Амбарцумян — маладес!
Каллаварам ўзбекнинг нозик жойидан маҳкам ушлади! Манаман деган обкомлару райкомларни,
раислару буғалтирларни ғиппа ёқасидан олди! «Марҳамат қилиб, тўплаган миллионларни чўзиб
қўй! Очиғини айт! Кимдан олдингу кимга чўздинг? Қачон? Қанча?» Мана буни ҳақиқий
сталинча метод деса бўлади! Отангга раҳмат-э, шоввоз! Қани шунақалардан ўн минги, боринг,
ана мингтаси бўлса! Ҳаммаёқда тартиб қарор топарди! Замон айниб кетди, замон! Ҳамма
«демократия» деб чинқиради. «Перестройка», дейди! Ошкоралик дейди! Ҳамма озод.
Ҳамманинг тили бир қарич! Оғзига келганини вайсайди. Кўрамиз, ҳали нима бўларкин... Эртага
демократия диктатураси бошланади. Ҳаммаси анархияга айланиб кетади. Халқ нима? Пода-ку,
мол-ку! Қамчингни қарсиллатсанг-чи! Нима деди анави гўдак терговчи? «Биздаям яхши
усуллар бор», эмиш. Биламиз усулингни! Уйига бир чимдим наша ташлаб қўярсан, саратонда
бир ҳафта сув ичирмассан. Ёки, аксинча, совуқ хонага олиб кириб, миясидан муздек сув
томизарсан. Камерага қамаб, рецидивистларга дўппослатарсан. «Қани, йигитлар, манави
сенларга совға, хоҳлаган ишингни қил», деб шипшитиб қўярсан. Шуми? Ҳаммаси алмисоқдан қолган методлар! Мендан сўрамайсанми? Айтиб бермайманми, бир чеккадан! Энг жўнидан энг
антиқасигача!
Дўхтирлар нима учун қон олганда тўртинчи бармоқни тешади? Биласанми шуни?
Билмайсан! Нега деганда тўртинчи бармоқнинг нерв толалари нозик бўлмайди. Энг ёмон
оғрийдигани қайси бармоқ? Биласанми? Билмайсан. Бош бармоқ, нодон. Бош бармоқ!
Маҳбуснинг бош бармоғини эшик тирқишига тиқасан-да, секи-ин, ҳафсала билан қисаверасан.
Дод демагунча! Кейин қўйиб юборасан. Ундан кейин қайтадан бошлайсан. Майли, тирноғи
кўчиб, майдаланиб кетсин! Суяги қисирлаб синаётганини ўзи эшитсин! Шикоят қиладими?
Кимга? Ўзига ўзи тан жароҳати етказган, деб протокол тузиб қўясан. Гуноҳи янаям оғирлашади.
Тамом!
Буниси энг оддий усул. Йўғ-э, бундан ҳам осони бор. Жўнгина. Маҳбуснинг бирон жойи
тирналмайдиям. Прокурорга шикоят ҳам қилолмайди. Қирқ саккизинчи йилда бир
адабиётшунос олим қўлга олинган эди. Қиззиғарнинг иккита китоби чиқибди-ю, ўртоқ Сталин
ҳақида бир оғиз сўз йўқ. Нуқул Навоий... Нуқул Бобур... Пошшолар. Вазирлар. Бобур деган
пошшо ёзганмиш: «Жамолинг ишқида, ёрим, бир ойдирки, бедорман!» Қаранг-а, Ҳиндистонни
босиб олган золим пошшонинг гаплари ихтиро эмиш! Пошшойинг-ку, ўлиб кетган! Сен-чи?
Профессор деган унвони бор аҳмоқ. Ёлғон-яшиқ шиғирларни мақташинг шартми? Ўтмишни
идеаллаштириш эмасми бу! Кўрайлик-чи, ўша Бобур деганингни ёзганлари ростми-ёлғонми?
Қани, бурчакка тур! Бир ой эмас, ақалли уч кун ухламай кўр-чи!
Чироқни кўзига тўғрилаб, саволингни бераверасан. Оч қўйиш, сув бермаслик шарт эмас.
Сувниям ичади. Мискадаги ювиндиниям вақтида бериб турасан. Фақат ухлатмайсан. Шеригинг
билан алмашиб турасан, холос. Бир кеча-кундуз мижжа қоқмай тик оёқда турсин-чи, ҳоли нима
кечаркин? Тагидан арра солинган терақдек гуп этиб ағдарилади. Сувга ҳам қарамай қўяди,
иблис! Икки кўзи қизариб, милки осилиб кетади. Йиқилдими, бошидан сув қуйиб, уйғотасан-да,
тағин сўроқ қилаверасан. Керак бўлса, гугурт чўпидан «тиргович» ясаб, милкига тиқиб қўясан.
Икки кечада сулайиб қолади. Яхши! Бизнинг шошадиган жойимиз йўқ. Ҳушингга келтириб,
ҳаммасини қайтадан бошлайверамиз. Ўртоқ Ленин топиб айтган: «Интеллигентлар бориб
турган вайсақи бўлади». Профессор дегани шу бўлса, хэх! Бўйи бир қарич. Лилипутнинг
ўзгинаси. Аммо чидамли экан, унсур! Оёқлари ипдек, пуф десанг учиб кетадиган ҳоли бор-ку,
миқ этмайди, эшшак!
Начора, бошқа усулни қўллашга тўғри келди. Иккита каллакесар ётган камерага тиқиб
қўйган эди, бир соат ўтмасдан эшикни муштлаб дод солиб қолди-ку! Боласи тушмагурлар-ей!
Парашадаги нажасни ейсан деб бошини пақирга тиқишибди. Ўша заҳоти ўз қўли билан ёзиб
берди: «Мен профессор фалончи пистончиев Совет жамиятига ичдан зарба беришни
режалаштирган яширин ташкилот аъзосиман. Шунинг учун ўтмишни улуғлаганман. Мен
Ўзбекистон мустақил бўлишини хохлаганман. Англия разведкасининг агенти бўлганимни тан
оламан. Туркияга қочиб ўтиб, ундан Лондонга бормоқчи эдим... Гуноҳимни тўлиқ бўйнимга
оламан».
Албатта, баъзи муҳим нуқталарни эслатиб туришга тўғри келди. Қизиғи бу эмас. Қизиғи
шундаки, тўрт кун уйқусизликка чидаган одам нажас ейишдан ор қилибдилар. Хэх! Бу киши
Ўзбекистон мустақил бўлишини хохлаб қоптилар! Пантуркист! Шпион! Сени деб тўрт кун уйга
боролмадим. Кетдинг энди қия бўлиб! Йигирма беш йилга! Музлаб ётган ўрмонда қарағай
кессанг, эсҳушингни йиғиб оласан. Ўйлаб туриб тутақиб кетасан-да, чорт возьми! Анави сўтак
терговчига қўйиб берса, бир ҳафтада ҳал бўладиган терговни йиллаб чўзади. Тувакка
ўгқазмайсанми Шоматовнинг хотинини! Сайрамайдими булбулигўё бўлиб! Тўғри, «горшок»
операцияси хотинлардан кўра эркак кишида яхши эффект беради. Лекин бу усулни хотин
кишига ҳам бемалол қўлласа бўлаверади. Бунисиям оддий метод. Яқинда қулоғига чалинди:
интернационалист жангчилар асирга тушиб қолса, афғонлар ҳам ишлатаётганмиш бу усулни Ажаб қилади. Яхши жангчи асир тушмайди!
Хуллас, «горшок» операцияси жуда қулай. Сўроқ бераётган жиноятчини қип-яланғоч қилиб
ечинтирасан. Ёрдамчиларинг усти берк тувакни олиб киради. Жиноятчини ўшанга ўтқазасан.
Ёрдамчиларинг унинг ичидаги каламушга кўз-қулоқ бўлиб турса — бас. Бундан ташқари,
тувакни жиноятчининг орқасига шундай ёпиштириш керакки, мояги унинг ичига кирсин. Беш
минутдан кейин каламуш нафас ололмай димиқиб қолади. Ташқари чиқиш учун сакрайверади.
Ҳар сакраганда моякни тишлайди. Дунёда каламушнинг тишидан ўткир нарса йўқ. Эркак
кишининг энг нозик жойи — мояк. Каламуш ҳар тишлаганда жиноятчи ҳайвондек ўкиради.
Манаман дегани ҳам ярим соатда ҳушидан кетади. Карасанг, тувак тўла қон... Каламушлар ҳам
одам қонини ичишга ўрганиб қоларкан. Бора-бора тувак ичида «зиёфат»ни пойлаб жимгина
ётадиган бўлиб қолади... Ана шунақа усуллар бор, коллега! Сен, бола, нимани билардинг!
Ҳалиям бўлса қўйиб бер бизларга! Любой жиноятчининг айбини уч кунда бўйнига қўйиб
бермасак, туфде!
* * *
... Ҳаво совуқ, осмонда заҳардек аччиқ қор учқунлари эринчоқ кезади. Кўчаларни ойнадек
муз босган, машиналар эмаклагудек қўрқа-писа имиллайди. Нафас олсанг, оғзингга совуқ олов
кираётгандек бўғзингни ачиштиради. Одамлар тайғоноққа йиқилиб майиб бўлмаслик учун
эҳтиётлаб қадам босади. Жуда соз-да! Қадамингни билиб бос! Қанча қўрқсанг шунча яхши!
Тартиб бўлади, интизом бўлади...
Комиссарнинг ёнидан қуён телпакли киши шитоб билан ўтиб кетди. Икки қўлини
пальтосининг чўнтагига суқиб олган... Қўлтиғида - арча... Ҳовлиқ-а, ҳовлиқ! Битта йиқилсанг,
арчанг беш қулоч нарига отилиб кетади. Янги йилни баннисада кутиб оласан. Хотининг
байрамга «передача» олиб боради.
...Анави терговчи Комиссарнинг гапига ишонмади. Хэх! Ўн беш ёшимдан комиссарман,
деса, ростданми, дейди. Албатта ишонмайди-да! Буларда на касбига меҳр бор, на эътиқод!
... Тепақўрғон катта қишлоқ эди... Чор-атроф боғ-роғлар, узумзорлар... Соат баҳор палласи
хирмонтепага чиқиб варрак учирар, бутун қишлоқ кафтда тургандек кўринар, ер-кўк ўриклару
шафтолилар гулига кўмилиб кетганга ўхшар эди. Ҳар йили сомоншувоқ қилинавериб қалин
тортиб кетган томлар устида қип-қизил лолақизғалдоқлар, мунис чучмомалар очилар, қишлоқ
этагида ёйилиб оқаётган Қонқус олисдан жигарранг илондек тўлғанаётгани кўзга ташланарди.
Қишлоқ ўртасида мезанали мачит.Обидхон эшоннинг тўрт пахса деворли қўрғони билан
Юнусбойнинг тунука томли қадди баланд уйи олдида Соатларнинг кулбаси бостирмадек ғариб
кўринарди. Ҳолбуки, Соатнинг дадаси унча-мунча одам эмас, Комиссар Ғаниев эди! Эгнига
чарм тужурка, бошига айвонли шапка кийиб, биқинига браунинг тақиб юрар, кўча-кўйда дуч
келиб қолса, Юнусбой ҳам, қозондек саллали Эшон ҳам икки букилиб таъзим қилишарди.
Шунақа-ку... Соат бир нарсага ҳеч тушунмасди. Ҳайит арафасида, Наврўз байрамида
Эшоннинг кўргони олдида от-аравалар қаторлашиб кетар, юзлаб одамлар «пири»нинг дуосини
олиб қолишга ошиқар эди.
Ҳеч ёдидан чиқмайди. Бир куни Соат браунингини мойлаб ўтирган дадасидан сўради:
— Нега Эшоннинг девори бизникидан баланд? Дадаси кулди.
— Эшон ўзининг қора қилмишларини элдан яшириш учун қўрғонини баланд девор билан
ўраб олган, ўғлим! Яқинда ҳаммасига қирон келтирамиз, Эшон ҳам бўлмайди, бой ҳам...
Умуман, девор деганнинг ўзи бўлмайди. Бутун дунёда пролетариат ғалаба қозонади.
Соат отасининг гапига яхши тушунмаса ҳам, бир нарсани англади. Яқинда Эшоннинг
девори бузилади. Юнусбойнинг тунука томли уйи қўпориб ташланади. Кейин ҳамма тенг
бўлади...
Дадаси орзусига етолмади. Куз кунларининг бирида ўлигини аравага ортиб келишди. Тепақўрғонда қиёмат бўлди. Қизил чойхонада катта митинг бўлди. Шаҳардан «катталар» келди.
Милтиқ кўтарган салдотлар ҳаммаёқни ўраб олди. «Инқилоб душманларига ўлим!», «Йўқолсин
текинхўр бой ва эшонлар!» деган хитоблар янгради.
Соат дадасининг катта одам эканини ўшанда аниқ ҳис этди. Отасини кўмишаётганида
салдотлар гумбурлатиб ўқ узди.
Эртаси қама-қама бошланди. Тепақўрғонда бир-биридан ваҳимали мишмишлар тарқалди.
«Комиссарни Юнусбойнинг одамлари пичоқлаган экан. Бойни отиб ташлашибди»,
«Комиссарни ўлдиришга Обидхон эшон фатво берган экан. Эшон совет халқининг душмани
экан. Аввал ҳам мачитда «саветский влас — очиздан ўлас», деб каромат қилганини эшитганлар
бормиш... Эшонни йигирма беш йилга кесишибди. Уйидан олиб чиқиб кетишаётганида Эшон
Қуръонни кўзига суртиб, қасам ичибди. «Каломулло урсин, мен бир бандаи мўъминнинг жонига
қасд қилишдан қўрқаман, яратган Тангримнинг ўзи гувоҳ», — деб йиғлабди.
Бир ҳафтада Тепақўрғон ўлат оралагандек ҳувиллаб қолди. Йигирмага яқин одам қамалди..
Мачит бузиб ташланди...
Тўғри, отасини Тепақўрғонда эмас, Бешёғоч яқинида, Сиймонкўприқда пичоқлашган экан...
Нима фарқи бор? Комиссар Ғаниев йигирма беш мингчилардан эди. Демак, уни шу ерлик ички
душманлар ўлдирган!
Соат бир нарсани тушунмас, тушунишни хоҳлагиси ҳам келмасди: қизиқ, ўша воқеалардан
кейин онаси тўсатдан намозхон бўлиб қолди. Жойнамоз устида юзига фотиҳа торта-ётиб,
баралла тавалло қилади:
— Эй поки парвардигор!.. Яккаю ягона болам ҳаққи, илтижо қиламан. Отасининг гуноҳидан
ўт. Маҳшар кунида дўзах азобидан ўзинг халос эт! Эшон ота! Биламан, сизда гуноҳ йўқ. Қаерда
бўлсангиз ҳам умр-жонингизга баракот ато этсин!
Охири Соат чидолмади. Жойнамоз устида ўтирган онасининг бошига ўдағайлаб борди:
— Ўчиринг-е! Унсурлар дадамни ўлдирсин-да, сиз уларни дуо қилинг?!
Онаси илтижоларини айтиб бўлиб, юзига фотиҳа тортди-да, ўрнидан турди.
— Мени онам десанг, – деди қатъият билан, – отангни йўлидан бормайсан! Борсанг, оқ
сутимни кўкка совураман. Ўлсам гўримда тик тураман!
Соат бирпас серрайиб турди-да, уйдан чиқиб кетди. Жинни бўлиб қолганми онаси?!
У тенгқур болаларнинг муносабати ўзгариб қолганини аввал пайқамади. Бора-бора
тушундики, ўртокдари ундан қўрқар экан! Тўрттаси гаплашиб турган бўлса, Соат яқин бориши
билан келишиб олгандек жимиб қолади. Йўқ, гаплашишади у билан. Гаплашади-ю, бегоналиги
сезилиб туради. Ғалати ҳолат. Соат ҳам ғурурланади, ҳам кўнгли ўксийди.
Ҳеч эсидан чиқмайди. Қиш офтоби чарақлаб турар эди. Аллақанча болалар ёнғоқзор
четидаги майдонда қорбўрон ўйнаётган экан. Соат ҳам келиб қўшилди. Кафтида қор зичлаб бир
отган эди, бахмал камзул кийган қизалоқ юзини чангаллаган кўйи чирқиллаб қолди. Тўғриси,
Соат уни урмоқчи эмасди. Шунчаки, қорни дуч келган томонга отганди.
Соат югуриб борди. Қараса, қизалоқ кафти билан юзини беркитиб, қорда чўккалаб
ўтирибди. Қизалоқнинг билагидан тортган эди, бир кўзи шишиб кетганини кўрди.
— Йиғлама, – деди раҳми келиб. – Атайлаб қилмадим-ку, жинни! Отинг нима?
— Отимни айтсам нима қилардинг! — деди қизалоқ ҳамон йиғлаб. — Мениям
қаматмоқчимисан? — Тағин ўкиниб-ўкиниб йиғлашга тушди.
— Ўв, зўравон! Нега урдинг Потмани?
Соат қулоғи остида янграган чийилдоқ овозни эшитиб бурилиб қаради. Ёнида ўзидан беш-
олти ёш кичик Ҳусан чакчайиб турарди. Соат шундагина тушунди. Булар — Эшоннинг арзанда
эгизаклари: Фотима-Ҳусанлар.
Индамай бурилиб кетаётган эди, Ҳусан кутилмаганда унинг ёқасига ёпишди.
— Нима ёмонлик қилди сенга? — деди биғиллаб. Соатнинг ғаши келди.
— Ўт-э, эшонвачча! — деди Ҳусаннинг қўлини ёқасидан олиб ташлашга уриниб. Ҳусан
чиллакдек қўллари билан маҳкам тирмашиб олган, кўзлари мушукдек ёнарди.
Соат бир мушт солган эди, Ҳусан қорга чалқанча йиқилди. Лаби қонаб, қорга туфлади.
Шундагина Соат қий-чув тинчиб қолганини, атрофини катта-кичик болалару қизлар ҳалқадек
ўраб, ўшшайиб турганини кўрди. Дадил бориб, ҳалқани ёриб ўтди. Қулоғига раста бўлган
йигитчаларга хос ғўлдираган овоз кирди:
— Менга қара, ўв Комиссар! Агар Ҳусанни яна бир марта урсанг...
Соат ортига бурилиб қаради. Ҳаким тегирмончининг ўғли - ўзи билан тенгдош Тўлаган
кўзини олайтириб турибди. Бунинг ҳам отаси сургун бўлган! Тўлаган бояги гапини яна
қайтарди:
— Бир марта урсанг...
Соат бир зум иккиланиб турди-да, нари кетди.
* * *
Ёзда яна бир юқеа бўлди. Айни саратон эди. Соат Қонқусга чўмилишга борди. Анҳор четида
тупроққа беланиб ётган қора-қура болалар орасида тўрт-бешта тенгқурлари ҳам борлигини
узоқдан қўрди. Тупроққа дум тушиб ётган болалар бир нималарни гаплашиб қийқириб
кулишар, ҳар кулганида завқланиб, товонини уриштириб қўярди. Бир чеккада, ўрик тагида
ётган Ҳусанхўжанинг ингичка кулгуси, айниқса, жаранглаб чиқар эди.
Соат яқин келиши билан ҳаммаси жимиб қолди.
— Чўмиляпсанларми? — деди Соат бошқа гап тополмай. Болалар орасида кимдир
тўнғиллади:
— Қайиш уқалаяпмиз!..
Қийқириқ кулги кўтарилди. Соат Ҳусанхўжанинг айрича завкланиб кулганини эшитди.
— Сув қанақа? — деди бепарво гапиришга уриниб.
— Тушсанг биласан.
Соат жахл билан кўйлагини ечиб, ўрик шохига идди-да, Қонқусга калла ташлади. Сув совуқ
эди. Шўнғиб чиқиб, оқимга қарши суза бошлади. Ҳов анави мажнунтолга етмагунча қўймайди!
Сузишга уста эди. Қизиқ, уввало уринадики, қани ақалли бир қулоч сурилса! Илгари оқимга
қарши ҳеч сузмаган экан. Қанақа анҳор ўзи бу лаънати? Юзаси қилт этмайди. Ҳовузга ўхшаб
жимирлаб турибди-ю, таги шиддат билан оқади. У олдинга интилади, сув орқага тортади! Оёқ-
қўлини тапиллатиб жон-жаҳди билан сузаверади. Етади! Мажнунтолга етмагунча қўймайди.
Охири ҳансираб кетди. Бир маҳал қараса, анҳор соҳилида болалар қалдирғочдек тизилиб
ўтирибди. Қорни, тиззаси тупроққа беланган.
— Ҳа-а, Комиссар! Қани, бир ғайрат қил-чи, кўрамиз сувга тескари сузиш қакақа бўларкан?
Бунинг отини Қонқус деб қўйибди, ўв!
Соат Тўлаганнинг овозини таниди. Шу гапинг учун ҳам сузади, ўлиб қолгунча сузаверади!
Бўлмади... Ҳолдан тойди. Қараса, оқим орқага — ўрамага суриб кетяпти. Қўрқув ичида
қирғоққа талпинди. Қамишларни чангаллаб сирпана-сирпана юқори чиқиб олди. Ҳансираб
нафас олар, оёқ-қўли титрарди. Соҳилга чиқиши билан болалар бараварига қийқириб кулишди.
«Душман! Ҳаммаси душман! Илоннинг боласи — илон, чаённинг боласи — чаён!..» — Соат
дафъатан хаёлига келган гапдан кўнглида алам ва айни пайтда алланечук енгиллик туйди.
Офтобнинг бинафшаранг ҳалқачаларидан қамашган кўзларини юмиб, узоқ ётди. Бир маҳал
қараса, кўйлаги осиғлиқ ўрик шохида сап-сариқ мевалар ялтираб турибди. Пастда эмас, қир
учида. Хаёлига ғалати ўй келди.
— Ҳусанхўжа! Ҳусанхўжа!
— Нима? — деган ингичка овоз келди.
— Ўрик олиб туш. Ҳов, юқори шохдан. Тез бўл!
— Йиқилиб тушаман-да.
— Йиқилмайсан.
Ҳусанхўжа узун иштонини шалоплатиб яқин келди.
— Кесак отақолай?
— Майли, — деди Соат лоқайдлик билан.
Ўрик баландда эди. Ҳусанхўжа мўлжаллаб нуқул кесак отар, кесаги тепа шохга етмас эди.
Терлаб кетди. Бошқа болалар индамай томоша қилиб ётибди. Охири, битта кесак ўрикли шохга
тегди. Учта ўрик тўпиллаб тупроққа тушди. Ҳусанхўжа югургилаб олиб келди.
— Манг, Соат ака!
— Ювмайсанми, аҳмоқ! — Соат кўзини ола-кула қилди. — Тупроққа қўшиб емайман-ку!
Ҳусанхўжа анҳор соҳилига қорни билан ётиб, ўрикни чайиб келди.
— Манг, ака!
— Ёрилибди-ку, эшшак! Менга бутуни керак! – Соат Ўрикларни анҳорга улоқтирди. – Чиқ
шохга! – деди ўдағайлаб. — Бутунидан узиб туш!
Ҳусанхўжа бирпас анграйиб турди-да, алам билан чийиллади:
— Эй, бор! Мен сенинг малайингманми?
— Нима? — Соат сапчиб ўрнидан турди. — Нима дединг? — тарсакилаб юборган эди,
Ҳусанхўжа ағдарилиб тушди.
Шунда... кутилмаган ҳодиса рўй берди. Овози дўриллаб қолган тенгдошлари қуюндек
ёпирилиб келди. Тўрттаси баравар ёпишди. Бири қўлтиғидан олди, бири оёғидан... Сувга
улоқтириб юборишди. Соат Қонқуснинг қоқ ўртасига шалоплаб тушди. Худди қурбақадек.
Соҳилга сузай деса, рақиблари тизилиб турибди: ҳаммаси завқланиб кулади. Ҳусанхўжа тупроқ
чангитиб маймундек ирғишлайди. Нариги қирғоқ — тик. Анҳор четида ўсган маймунжонлар,
найзасини қайраб турган наъматаклар сувга эгилиб ётибди. Соат тағин оқимга қарши сузишга
тушди. Мажнунтолга етса, нариги бетга чиқиб олади... Бора-бора қўлларидан мадор кетганини,
оёқлари увишиб қолганини сезди. Оғзига сув кириб ўқчий бошлади. Қонқус билан ҳазиллашиб
бўлмаслигини, ўз йўлига оқиб ётган сувга тескари сузиш яхши эмаслигини идрок этди. Аммо
бошқа чораси йўқ эди. Сув яна озгина оқизиб борса бас. Қонқус кескин бурилади-да, ўрамага
тортиб кетади. Бир лаҳза тин олди. Шунда соҳилдаги болалар ҳам жимиб қолганини ҳис қилди.
Қулоғига Ҳусанхўжанинг чинқироқ овози кирди:
— Тўлаган ака! Чўкиб кетади, шох синдириш қерак, Тўлаган ака!
Соат бутун кучини тўплаб тағин оқимга қарши сузди. Бироқ энди мадори қуриб битган,
қўллари ожиз шалоплар эди. Дафъатан тумшуғи тагида турган шохга кўзи тушди.
— Соат! – деди соҳилда ўрик шохининг бир учидан тутиб турган Тўлаган. - Ушла! Чўкиб
кетасан, жинни!
Соат ҳолдан тойган қўлларини ожиз типирлатаркан, қирғоқ томонга нафрат билан қаради.
— Йўқол! — деди нафаси қайтиб. — Менга сенинг ёрдаминг керак эмас!
Бурилиб, нариги соҳил томон сузди... Ниҳоят, наъматак шохига чанг содди. Кафтига тикан
кирганини ҳам, оғриқни ҳам сезмади. Энтикиб-энтикиб нафас ростлади. Наъматаклар
чангалзори оралаб тик соҳилга чиққунча тиканлар аъзойи баданини қонатиб ташлади. Қараса,
болалар нариги қирғоқда қаторлашиб турибди.
— Эшитиб қўйларинг! — деди Соат алам аралаш ғазаб билан. — Мен Комиссар бўламан!
Албатта бўламан! Ҳаммангни отаман! Битта-биттадан отаман!
ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН
Васильев Григорий Степанович. Йигирма саккиз ёшда. Макарон заводининг ишчиси. Миллати - рус. Сўққабош. Аввал судланмаган. Қатортол мавзеи, 10-уй, 35-
хонадонда истиқомат қилади. Партиясиз.
— Тошкентга қачон кўчиб келгансиз?
— Бултур. Май ойида.
— Қаердан?
— Смоленскдан.
— Бир ўзингиз яшайсизми?
— Бўлмаса ким билан туришим керак?
— Саволга жавоб беринг!
— Бир ўзим.
— Нима мақсадда келгансиз?
— Нима мақсадда бўларди. Яшаш, ишлаш учун. Камёб мутахассис сифатида таклиф
қилишган.
— Заводда нима иш қиласиз?
— Автопогрузчик ҳайдайман. Умуман, мени Алгоритм заводига таклиф этишган. Яқинда
ўша ёққа ўтаман.
— Программаловчи инженермисиз?
— У нима деганингиз?
— Касбингизни сўраяпман?
— Айтдим-ку, автопогрузчик ҳайдайман.
— Шу камёб касбми?
— Демак, камёб экан-да.
— Смоленскда нима иш қилардингиз?
— Заводда ишлардим.
— Оилангиз бормиди?
— Бор эди.
— Ким билан турардингиз?
— Хотиним, қайнонам, мен...
— Яна?
— Ҳа-а, гап бу ёқда денг?!
— Яна ким?
— Лариса шикоят ёзибдими? Овора бўлади! Қизи аввалги эридан бўлган. Мендан алимент
олишга ҳаққи йўқ.
— Хотинингиз билан расман ажрашмаган экансиз-ку.
— Тўғри, ажрашган эмасмиз, аммо у билан турмайман. Ажрашишга тайёрман.
— Йигирма иккинчи октябрдан йигирма учинчи октябрга Ўтар кечаси нима воқеа бўлганди?
— Эсимда йўқ.
— Эслатишим мумкин. Ўша оқшом тўй бўлган. Домнинг пастида.
— Э, уми? Шунга мени айбдор санаяпсизми?
— Саволга жавоб беринг! Нима бўлувди?
— Тинчлик бермаса нима қилай? Ярим кечагача ғат-ғут! Қулоқни қоматга келтиради.
Қийқиради, ёввойига ўхшаб!
— Кейин-чи?
— Нима, «Кейин?»...
— Сиз нима қилдингиз?
— Уч-тўрт марта огоҳлантирдим. Кейин, деразани очиб, сув сепдим. Сал боши совусин,
дедим.
— Қилган ишингиз жиноят эканини биласизми?
— Нега жиноят бўларкан? Рабочий класс дам олиши керакми ахир? Горисполкомнинг
қарори бор. Соат 23 дан кейин шовқин-сурон солиш мумкин эмас.
— Горисполкомнинг тўй қилинмасин, деган қарори йўқ. Нега одамларнинг бошидан сув
сепасиз?
— Хўп, ана, ҳазиллашдим, деб ҳисоблай қолинг. Нега мени тергов қиласиз-да, уйимга
бостириб кирган безорига индамайсиз? Тепиб, оёғимни синдирай деди. Оз бўлса, бўғиб ўлдириб
қўярди. Бу ҳақда милицияга хабар берганман. Суриштириб кўришингиз мумкин.
— Бўлмаса нега аризангизни қайтариб олдингиз? Нима учун экспертизага бормадингиз?
— Клавдия Сергеевна айтди. «Бекор қиляпсан шу ишни, ундан кўра тўйда меҳмон бўлсанг,
ҳеч ким сени ҳайдамасди», деди.
— Ким у Клавдия Сергеевна?
— Пенсионер. Биринчи қаватда туради. Тошкентга уруш пайтида келган экан.
— Шунинг учун қайтиб олдингизми аризангизни?
— Шу...
— Ўша куни ўзингиз қанча ичгандингиз?
— Менми? Туҳмат! Нега ичарканман?
— Эшигингизни тақиллатган гражданин Шоматовнинг бошига арақ шишаси билан урмоқчи
бўлгансизми ахир?
— Гражданин терговчи, миллатчилик қиляпсиз. Устингиздан арз қиламан!
— Марҳамат! Бу - сизнинг ҳуқуқингиз. Ўша куни ғирт маст бўлгансиз. Эртасига милицияга
ариза олиб борганингизда ҳам кайфингиз тарқамаган. Экспертизага боришдан қочгансиз.
Кечқурун даъвойингиздан воз кечиш тўғрисида бошқа ариза ёзиб келгансиз.
— Тўғри, ёзиб келганман. Нима бўпти шу билан? Ҳаққим бор.
— Гражданин Шоматовни ҳозир кўрсангиз, танийсизми?
— Мени аҳмоқ деб ўйлаяпсиз шекилли, гражданин терговчи? Уни ўлдириб кетишганини
мендан яхши биласиз.
— Нега энди айнан «ўлдириб кетишган» деяпсиз? Ўлдириб кетишганини сиз қаёқдан
биласиз?
— Қўшни домда бировни ўлдириб кетади-ю, қулоққа чалинмайдими?
— Еттинчидан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси қаерда эдингиз?
— Ҳ-ҳ-ҳа! Бу ишни менга ёпиштирмоқчимисиз? Овора бўласиз, гражданин терговчи! Худди
ўша кеча мен жонажон милиция паноҳида эди! Ҳушёрхонада! Туман ҳушёрхонасига телефон
қилсангиз, ҳамма справкани оласиз.
«ЁВВОЙИЛАР»
Руснинг ажойиб мақоли бор: «Бахтинг чопмас эди-ку, бахтсизлик жонингга ора кирди-да».
Ўша куни яхшиям ҳушёрхонага тушгани. Бўлмаса тинч қўймасди булар!
Гриша байрам куни боши ғум бўлиб уйғонди. Кеча анчагина «олган» эди. Пастга тушса,
нариги подъездда яшайдиган дўстлари турган экан. Лёва билан Миша. Эсида йўқ, қайси
биридан яхши таклиф чиқди: «Юринглар, аччиқ лағмон еймиз. Эски шаҳарнинг лағмони зўр
бўлади. Анавиндан ҳам топилади». Чорсуми-Морсуми, деган жойга боришди. Лёва бу ердаги
жинкўчаларни яхши биларкан. Исқиртгина ҳовлига киришди. Дастурхон ўрнига газета ёзилган,
қўполдан-қўпол стол ёнига келиб ўтиришди. Овқат чиндан ҳам мазали экан. Аччиққина.
«Русская водка»дан ҳам топилди. Қимматроқ экан-ку, чидаса бўлади.
Жинкўчаларни айланиб бозорга тушишди. Тарвуз егилари келди. Тўн устидан белбоғ
боғлаган сийрак соқолли чолнинг тарвузига харидор бўлишди.
— Уч сўм бераман, бобой! — деди Лёва каттакон тарвузни танлаб. — Тарозига қўй, болам, — деди чол русчани чайнаб гапириб. — Килоси етмиш тийин.
— Етмиш тийин? — Лёва ажабланди. — Калланг ишлайдими, бобой! Уялмайсанми?
Чол индамасдан тарвузни Лёванинг қўлидан олди-да, тарозига қўйди.
— Ўн икки кило, — деди оғзидаги кўкимтир нарсани туфлаб. — Саккиз сум қирқтийин...
Майли, саккиз сўм берақол.
— Гапини қара, Гриша! — деди Лёва аччиқланиб. — Битта тарвузни саккиз сўм дейди,
спекулянт!
Разм солиб қараса, тарвузлар тоғдек уйилиб ётибди. Ҳар биттасини саккиз сўмдан сотса,
миллионер бўлиб кетмайдими бу?
— Эй бобой! — деди Гриша энсаси қотиб. — Спекуляция учун статья бор. Биласан-а?
— Мен испикулон эмасман! — деди чол тағин русчани расво қилиб. — Сам, сам экканман!
Сладкий арбуз... Хохламасанг, ана, бошқа жойдан олавер.
Эҳтимол, шу билан гапсўз тугаса — олам гулистон эди. Боядан бери нарирокда турган
бошяланг, плаш кийган йигитча кутилмаганда савдога аралашди.
— Бу оқсоқол спекулянт эмас, — деди қандайдир асабий оҳангда. — Меҳнат қилганидан
кейин сотади-да молини! Яхшироқ қара, спекулянтга ўхшайдими шу одам?
Аллақандай бир талабанинг гапга қўшилиши Гришанинг ғашини келтирди.
— Қулоқ сол, — деди ғижиниб. — Нега мени сенлайсан? Талаба пинагини бузмади.
— Бўлмаса, нега сен отанг тенги одамни сенлайсан?! Сенинг юртингда тарвузнинг бир
тишлами саккиз сўм. Ўқиганман ўша ёқларда! Ҳаммасини биламан.
Боядан бери индамай турган Миша гапга энди қўшилди:
— Жуда ақлли бўп кетибсанми? Бултур тарвузнинг килоси йигирма тийин эди!
— Униси бултур эди, — деди талаба. — Бу йил бошқача. Ўша томондан келадиган
тракторнинг запчасти ўн баравар ошди. Нима қилсин деҳқон!
Гришанинг қони қайнаб кетди.
— Нари тур... Сендақа «академикни!»
Бир тепган эди, тарвуз паққа ёрилиб, шимининг почасига қип-қизил шарбат сачради.
Бирпасда ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди.
— Қоч! — деди Лёва. — Ўлдиради булар!
Чуриллаган ҳуштак товуши ҳавони титратди. Қомати нимаси биландир тарвузга ўхшаб
кетадиган милиционер пайдо бўлди.
Камида ўн беш сутка нақд эди-ку, эртасига Гриша дежур йигитга ялиниб-ёлбориб, «бир
жойга» телефон қилишга рухсат олди. Яхшиям Дима ишда экан. Аввалига қалаштириб сўкди.
«Сен махлуқ қачон ичишни ташлайсан», деб бақирди. «Шу ниятда Тошкентга олиб
келганмидим?» деди. Барибир, горисполком – горисполком-да! Кечга томон учовидан тилхат
олиб, қўйиб юборишди. Худди ўша куни ҳушёрхонага тушгани хўп иш бўлган экан-да. Бўлмаса,
терговчи «ҳўл иш»ни шилқ этиб бўйнига илмоқчи эди. Тўй куни сув сепганини гапиради!
Тўғри, сепди. Сенларнинг шовқин-суронингга кўзим учиб турибдими! Пулинг кўп-да сенларни!
Миллионерлар! Заводда эртадан кечгача ҳўкиздек ишлаб, уч юз сўм маош олиб кўр-чи, минг
кишини тўплаб тўй қила олармикансан.
Буларнинг тўйи ғалати бўларкан. Бир кун олдиндан домнинг тагида кечаси билан ғовур-
ғувир. Шовир-шувир... Терак шохига мингинчи лампочка осилган. Бирови гўшт чопяпти.
Бирови сабзи тозалаяпти. Яна биттаси кетмон билан ер ковлаб етибди. Нарироқца қозон!
Шунақанги каттаки, борш пиширсанг, бутун бошли полкка етади. Кечаси билан димоғига
аллақандай нотаниш ҳидлар кириб, мижжа қоқмай чиқди.
Энди кўзи илинган экан, аллақандай даҳшатли товушдан уйғониб кетди. Ғарт-ғурт! Зум
ўтмай, Африка қабилаларининг там-тамига ўхшаган товуш ҳам қўшилди. Нуқул банғиллайди!
Гриша юраги гупиллаб, дераза олдига борди. Очиб қараса, чироқлар машъал. Устига оппоқ дастурхон ёзилган узун-узун столлар қўйилган. Шундоқ дераза тагида биттаси икки қулоч
келадиган мис трубани ғартиллатяпти. Дўппи кийган тағин бири думалоқ патнисга ўхшаган
барабанни боши устида кўтарганча қарсиллатиб уриб ётибди. Кечаги қозон ўрнатилган чуқур
атрофида уч киши. Повар бўлса керак, биттаси оқ халат кийиб олибди. Ёнидаги пастак столда
чинни лаганлар тахлаб қўйилган. Оқ халатлиси қозон устидаги лаганларни олган эди, осмонга
қуюқ буғ кўтарилди. Қозон тўла сап-сариқ палов кўринди. Оқ халатлиси катта-катта гўштларни
узун бандли лапатка учига илиб, ёнидаги тоғорага ташлай бошлади. Ҳали дераза шарақлаб
очилганида кўзи тушган эканми, Қозон тепасида турганлардан биттаси қўл силкиб, шанғиллади:
— Тушавер, сосед! Палов тайёр!
Саҳар-мардонлаб кўзи учиб турибди-да, паловингга!
Гриша бошини секин ичкари тортди. Уйқусизликдан ачишган кўзларини ишқалаб, энди
ваннахонага кирмоқчи эди, пастдан машинанинг кучаниб гуриллагани эшитилди. Кўнглида
қизиқиш уйғониб, деразага қайтиб келди. Қараса, кўча четида бир эмас, иккита ЛАЗ турибди.
Автобусларнинг эшиги вошиллаб очилди-да, узун тўн кийган, бошига салла ўраганлар туша
бошлади. Мункиллаб қолган, ҳасса таянган чоллар, айниқса, кўп... Ораларида Будённий
қиличидан бир амаллаб жон сақлаб қолгани қанчайкин?
Дастурхон бирпасда ноз-неъматларга тўлиб кетибди. Олма-анорлар. Каҳрабодек узумлар...
Столда ўтиришини томоша қилсанг буларнинг! Худо ҳаққи, қошиқ ушлашни билмайди!
Ошни қўлда ейди. Қўлда! Чоллар-ку, майли, бошқалар-чи? Бошларида шляпа, бўйниларида
галстук, ошни қўли билан ейдилар. Эрталабдан бир лаган паловни уриб қорни ёрилиб
кетмагани! Ош еб бўлиб, юзига фотиҳаям тортади. Нақ кинонинг ўзи. Худо ҳаққи: декорация
керакмас!
... Куни бўйи Гришанинг боши гаранг бўлиб юрди. Тушлик овқат ҳам татимади. Кечқурун
ҳориб-чарчаб уйига келса, яна ўша шовқин!
Ҳой инсон! Эрталаб-ку, уйқуни ҳаром қилишга қилдинг! Мис карнайинг билан там-
тамингни чалиб, бутун квартални уйғотдинг! Паловингни ейишга — единг! Бўлди-да, энди! Бу
азоб ҳам бормиди ҳали?
Кун ботмасидан ҳаммаси қайтадан бошланди. Столлар безатилган. У ёқда коньяк, бу ёқда
арақ. Шампань... Ичкиликка карши кураш деган қонун йўқ экан-да буларга! Гастрономга
кирсанг бир шиша арақ учун икки соат очередь турасан. Булар бўлса, қаторлаштириб ташлабди.
Яна бошланди. Ғарт-ғурт. Айниқса, бир асбоби бор экан. Вой-вой овозининг хунуклиги! Ғийт-
ғийт қилади. Худди йиғлаётган хотиндек. Асабни пармалаб юборади. Бир маҳал қий-чув бўлиб
қолди. Ялтир-юлтир кўйлак кийган хотинлар, қора-қура, иркит болалар кўча томон югургилади.
Шунчаси қаёқдан пайдо бўлди? «Местннйлар» кам эди-ку бу уйда? Маҳалласи кўчиб келдими,
нима бало? Ҳа-а! Келинни олиб келишибди. Бир эмас, бешта енгил машина. Иккита автобус!
Қаранг, «Чайка»ям бор! Миллионер бўлмаса, «Чайка»ни қаердан олади булар! Ана, куёв йигит
кутиб олдилар келинни. Бошидан танга сочишдими-ей! Комедия! Куёвнинг бошида салла,
эгнида ялтироқчопон (Камида икки минг турар?). Келин оқ либосда. Бошида фата. Ҳақиқий
комедия! Бири — Европа, бири — Осиё. Нима қиляпти анави кампир? Олов ёқяптими? Бир
нарсани тутатиб юборди-ку! Бошланди яна! Ғийт-ғийт. Данғир-дунғир. Қийқириқни қаранг,
қийқириқни!
Гриша деразани ёпдиямки, қулоғи тинчиса қани? Холодильникда «Чашма» бор эди
шекилли? Чорт! Қурибди буям, янгисини очишга тўғри келади. Ўл-а, консерва ҳам тамом
бўлган экан-ку. Майли, тузланган бодринг ҳам тешиб чиқмайди! Кечаси деярли ухламагани
учунми, бир зумда боши ғувиллаб кетди. Иккинчи қадахдан кейин пастдан келаётган шовқин-
сурон баттар асабини қақшата бошлади. Микрофони бунча баланд! Бўлмади. Гриша деразани
шаҳд билан очиб қаради. Келин-куёв тўрда ўтирибди. Орқа томонида гилам. Ёнбошида
артистлар. Ашулани ванг қўйяпти. Ўртада йигирма-ўттиз чоғлиси ўйин тушяпти. Нуқул сакрайди...
Гриша шовқин-сурон босилишини кутиб турди. Ашула тугаши билан овози борича
ҳайқирди:
— Эй! Тинчлик борми-йўқми? Ярим кеча бўляпти. Эрталаб одамлар ишга боради.
Тўйхонага жимлик чўкди. Ўн-ўн бештаси баравар бошини кўтариб, дераза томонга қаради.
Рақс тушаётганлар пилдирпис бўлиб, жой-жойига тарқала бошлади. «Қўрқмас экансан-а!» деб
ўйлади Гриша мамнун бўлиб. Қани, айт гапинг бўлса, дегандек очиқ дераза олдида пойлаб
турди. Шунда, худди дераза тагида ўтирган бир йигит шошилмай ўрнидан турди-да, давра
ўртасига чиқди. Бошяланг, гавдали. Худди кинодаги ҳиндулар саркардасига ўхшайди. Тепага –
Гришанинг деразасига бир зум қараб турди-да, ҳокимона овозда бир нима деб қичқирди.
Артистлар аллақандай шўх куй чала бошлади. Бояги «ҳинду» ёввойилардек сакраб ўйинга туша
кетди. Қийқириқ, қарсак авжига чикди. Бир зумда давра тўлиб кетди. Музика боягидан баттар
гумбурлашга тушди.
— Шунақами! — деди Гриша таҳдид билан. — Кўрамиз ҳали! Ҳушингни жойига келтириб
қўймасам, юрган эканман! Муздеккина душ олсанг ўзингга келасан ҳамманг!
Қадаҳни тўлатиб ичди. Ғарчиллатиб бодринг чайнаркан, хаёлига аламли ўй келди. Мен
заводда саккиз соат ҳўкиздек ишлаб, бодринг ғажиб ўтирай-да, сен — текинхўрлар, шашлик еб,
коньякни урларинг!
Югуриб ваннахонага кирди. Пақирга лиммо-лим сув тўлатди. Дераза олдига бориб, пастга
энгашди-да, сепиб юборди. Яхши-и! Девор яқинида ўтирган беш-ўнтаси қий-чув солганча
сапчиб ўрнидан туриб кетди. Хах-ха-а!!! Қанақа бўларкан! Овозинг ўчмас экан-а!
Зум ўтмай эшик жиринглади. Э-ҳа, тепишга тушди-ку! Бутилка қайерда эди, бўшаган
бутилка? Қани, бир гаплашиб қўяйлик-чи! «Менинг уйим — менинг қалъам!», «Остонамдан
қадам босиб кўр-чи? Ҳа, сенмисан, ҳиндулар сардори?»
— Қани, туёғингни шиқиллат-чи! — деди Гриша тишини ғижирлатиб. — Ҳозир милиция
чақираман!
Парво қилмайди, сурбет! Шунақами? Мана бўлмаса! Каратэчи, шекилли, сволочь, оёқни
синдирдинг, аблаҳ! Қўйвор!
Бир маҳал ҳушига келиб қараса, ёш аёл «ҳинду»нинг билагидан тортқилаб, алланималар деб
чирқиллаяпти. Йўлак тўла одам.
— Хўп, узр сўрайман, — деди Гриша нафаси бўғзига тиқилиб. Хайрият, битта
одамбашараси ҳам бор экан. «Ҳинду»га дашном берди.
— Миллатчилик қилма! — деди. Нихоят, ҳаммаси даф бўлди.
— Адабингни бериб қўймасам, — деди Гриша аламдан титраб. Анчадан кейин эшик яна
жиринглади. Яқин боришга юраги дов бермай индамай ўтираверди. Эшик эса тўхтовсиз
жиринг-лар эди.
— Нима керак сенга? — деди ўтирган жойидан. Ўша томондан журъатсиз овоз кедди:
— Ташвиш қилманг, қўшни... Мен Аҳмадалиевман. Учинчи квартирада турадиган.
— Ҳеч кимни танимайман! — деди Гриша. — Гапингиз бўлса, эртага келинг.
— Қўрқманг! — деди эшик ортидаги одам. — Сизга ёмонлигим йўқ. Узр, бир минутли
маслаҳат бор эди.
Гриша иккиланиброқ ўрнидан турди. Ёмон тепибди, аблаҳ! Чўлоқланиб эшик томон
юраркан, хаёлига интиқомли ўй келди. Бўйним ҳам кўкариб кетгандир? Яхши! Эрталаб,
албатта, милицияга бораман.
Эшик олдига келганида иккиланиб қолди. Оқсоқланганча ошхонага кирди-да, газ плита
тагида ётган болтани қўлига олди. «Ғинг деса чопиб ташлайман!»
Эҳтиёткорлик билан калитни буради. Остонада бошига дўппи, эгнига кўк тўн кийган қария
турар эди. Қўлида қаппайган целлофан халта. Қизиқ, Гришанинг қўлидаги болтага қайрилиб ҳам қарамади.
— Хўш? — деди Гриша «гапни чўзма!» деган маънода.
— Гап бундай, қўшни... — Қария вазминлик билан муқаддимани узоқдан бошлади. — Мен
Ахмадалиевман. Бугунги тўйнинг эгаси. Ўғлимни уйлантирдим.
Гриша зинада биронтаси турмаганмикин, деган хавотирда ярим очиқ эшиқдан бўйнини
чўзиб, пастга қаради. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, истеҳзоли жилмайди.
— Табриклайман!
— Тўйхонага тушиб табрикласангиз ҳам бўларди, — деди қария соф рус тилида. — Уч кун
аввал тўйга айтиб чиқсам, йўқ экансиз.
— Мақсад?
— Бошимда битта-ю битта ўғлим бор. — Қария гапни яна бурди.— Ўқитувчиман. Рус
мактабида ўзбек тилидан дарс бераман.
Гришанинг хаёлидан истеҳзоли ўй кечди: «Сенинг тилингга кўзим учиб турувди!» Дафъатан
кайфи бутунлай тарқалиб кетганини ҳис этди.
— Шу боланинг тўйини ўтказай, деб йигирма беш йил йиғиб-тердим.
— Қисқароқ! — деди Гриша жеркиб.
— Яхши... — Қария негадир хўрсинди. — Ёмон иш қилдингиз, қўшни. Мен болаларни
интернационализм руҳида тарбиялашга умримни бағишладим. Сиз бўлсангиз...
Гришанинг тоқати тоқ бўла бошлади.
— Мен сизнинг ўқувчингиз эмасман! — деди эзмачурук қариянинг гапини кесиб.
Қария хафа бўлмади.
— Сиз - янги одамсиз, — деди вазминлик билан.
— Мақсад! — деди Гриша таҳдид билан.
— Мақсад шуки, халқнинг миллий удумларини ҳақорат қилманг! — Қария қўлидаги
целофан қопчасини узатди. — Бу – сизнинг насибангиз!
Гриша эсканкираб қолди.
— Пора, денг! — деди ҳушини тўплаб. — Нима, мени сотиб олмоқчимисиз?
Қария алланечук осойишта кулди.
— Ўзбеқда қўшни ҳақи деган гап бор. Сиз тўйда қатнашмадингиз.
Гришанинг иккиланиб турганини кўриб, қопчиқни остонага қўйди.
— Хоҳласангиз, олинг, хохламасангиз, ташлаб юборинг,— деди-да, секин-секин юриб,
зиналардан тушиб кетди.
— Мени сотиб ололмайсан! — деди Гриша қўлини пахса қилиб. Эшикни қарсиллатиб ёпиб,
диванга бориб ётди.
«Дима тўғри айтган экан, — деб ўйлади ижирғаниб. — Биз — жанг қилгани боряпмиз.
Ўзбекистон — иккинчи Афғонистон! Ҳаммаёқни порахўрлар эгаллаб олган! Қаранг-а, итдек
савалашади-да, кетидан пора бериб, оғзини мойламоқчи бўлади! Топибсан аҳмоқни! Милицияга
бунисини ҳам ёзаман!»
У ёққа ағдарилди, бу ёққа ағдарилди. Қани уйқу келса! Хаёлан дунёнинг у бурчидан кириб,
бу бурчидан чиқци. Кўзини юмган эди, шовуллаб турган ўрмонзорга бориб қолгандек бўлди.
* * *
Болалик субҳидамга ўхшайди. Тонгдек тиниқ, эртакдек гўзал.Ҳамма нарса сеҳрли эди. Ёз
палласи чўмиладиган турнанинг кўзидек кўллар ҳам. Ўрмонда қўзиқорин териб юришганида
тўсатдан гумбурлаб қоладиган момақалдироқлару азамат эманлар япроғини шатирлатиб қуйиб
берадиган жалалар ҳам... Худо қарғаган бу юртларда ойлаб бир томчи ёмғирга зор бўласан. У
ёқларда эса ёз бўйи ёмғир ёғади. Шовв этади-ю, бир зумда оламни яшнатиб юборади. Кетидан
қуёш чарақлаб чиқади. Емғир томчилари марвариддек ялтираб турган ям-яшил ўрмонларда югургинг, ўмбалоқ ошиб яйрагинг келади. Куз ёмғири эса бошқача бўлади. Худди шу паллада,
октябрнинг ўрталаридан бошлаб ўрмон четида жойлашган Берёзовка хутори мунғайиб қолади.
Йўлларнинг аталаси чиқиб кетади. На машина юради, на бричка. Хутор бутун дунёдан
ажралгандек, жунжиккан кўйи рўпарасидаги зах босган ўрмонга хавотир аралаш маъюс
термулади. Кечалари хаталар деразасида хира милтиллаган нур тун зулматига ҳадиксираб
мўралайди. Итингни кўчага чиқаришни раво кўрмайдиган ҳаво деб шуни айтадилар.
Берёзовканинг итлари ҳам бунақа матални эшитгандек ин-инига кириб кетади. Ҳар бир хатадан
моғор исига аралаш тузланган карам ҳиди анқиб турганга ўхшайди. Одамлар тезроқ қор
ёғишини, олам тезроқ ёришиб кетишини Худодан илтижо қилади. Ниҳоят, қор ёғади. Аввал
ёмғир аралаш яккам-дуккам учқунлаб туради-да, тўсатдан заптига олади. Олам оппоқ нурга
беланади. Қор остида ўйчан мудроққа кетган ўрмон сирли ва жозибали кўринади. Ҳақиқий рус
қиши бошланади. Совуқ ва жозибали рус қиши!
Нари-бериси билан бир кеча-кундузда харилардан қурил-ган хаталарнинг ярми белигача қор
остида қолади. Яхшиям, қор бошланишидан олдин теварагига зичлаб похол босилгани. Бўлмаса
ичигача муз уриб кетади. Албатта, совуқ заптига олган кезлари баъзи ноқулайликлар ҳам пайдо
бўлади. Шундоқ ётоқхонанинг ўзига олиб кирилган мегажин «ҳурқ-ҳурқ» қилиб, кечаси билан
уйқу бермайди. Печ устида ётсанг, ачимсиқ ҳид димоғингни ёради. Зиёни йўқ: ўрганиб кетади
одам. Ўрмонда бир соат чанғи учсанг, муздек, мусаффо ҳаво ўпкангдаги бор ғуборни суғуриб
олади.
Акаси чанғи учишга уста эди. Ҳар сафар Дима ўрмонга отланса, Гриша ҳам албатта кетидан
эргашарди. Чанғи остида қор ғирчиллайди. Ҳаво очиқ кунлари қуёш кўзни қамаштириб
чарақлайди. Ер оппоқ, совуқ. Осмон зангори, ундан ҳам совуқ. Гўё шишадан ясалгану чанғи
таёғи бехосдан тегиб кетса, синиб қоладигандек... Бошига оқ телпак кийган қарағайлар устидан
дув этиб қор тўкилдими, билингки, жонсарак олмахон шохдан шохга сакради. Ҳали
Рождествога анча бор. Бироқ хаталардан гармоннинг шодон товуши, мастона қийқириқлар
эшитилади.
Колхоз-ку, бўларича бўлган. Номига хўжалик. Хуторнинг ярми ҳувиллаб қолган. Ёшлар
«бахт излаб» ўзини шаҳарга урган. Эркаклар йўқ ҳисоби. Борлариям кўзини ишқалаб
уйғонадию қишлоқ марказидаги дўконга йўл олади. Ҳаммаси келишиб олгандек,
саҳармардондан дўкон олдига тўп-ланишади. Қишин-ёзин шу! Соқоллар ўсган, асабий...
Тушдан кейин келадиган «борматуха»га очирид кутишади. Нарироқдаги харракнинг қорини
сидириб ташлайдилар-да, тизилиб ўтириб, домино ўйнашга тушадилар. Ютқазганни «така»
қилиб харрак тагидан ўтказадилар. («Вақтни ўлдириш» керакми ахир?) На раис инсофга
келтиради, на милиция йўлга солади. (Аслида ҳаммаси — улфат, ҳаммаси — ҳамшиша!)
Тушдан кейин маст-аласт қўшиқлар яна авжига чиқади. Ора-чора муштлашувлар ҳам бўлиб
туради. Лекин бугун муштлашганлар эртага эрталаб апоқ-чапоқ бўлиб кетаверади. Бағри кенг
одамлар-да!
Гришанинг онаси тадбирли аёл эди. Бошқаларнинг карами муштдек бўлгунча, буларники
чойнакдек бўлиб «қайнаб кетади». «Бабье лето» бошланмасидан туриб, уларнинг хатаси ёнида
тоғдек пичан уюми пайдо бўлади. Қишлик ўтинни ҳаммадан аввал ғамлаб қўйишади.
Гришанинг эсида. Бир йили ярмаркага бориб, сигир сотиб олишди. Янги туғилган бузоғи
билан.
— Эшитиб қўйинглар! — деди онаси ака-укага. — Мана шу сигир оғир кунларда сенга
асқотади... Яйлов тўла ўт бўлса. Қишлоқда яшаб туриб, мол боқмаслик — гуноҳ-ку!
Сигирни етаклаб ўтиб кетишаётганида дўкон олдида домино қарсиллатиб ўтирган
мужиклардан бири гап отди:
— Табриклайман, Марья, сигир олибсан-да! Индамай кетаверишди. Бошқаси хириллаб kuldi.
— Қаранглар, мужиклар! Марья сигирли бўпти! Ҳар куни қаймоқ билан сийларкан-да
бизни!
Сигир етаклаб кетаётган онаси таққа тўхтади.
— Қаймоқни нима кераги бор сенга! Борматуха ичиб ётавер! — Мужиклар «томоқни ҳўллаб
олишга» улгурган шекилли, қийқириқ кулги эшитилди.
— Сигиринг ўзингга буюрсин!
— Қаймоғингга кўзимиз учиб тургани йўқ!
— Заҳарсан-да, Марья, заҳарсан! Чақиб-чақиб эрингни ўлдирдинг!
Дима йигитча бўлиб қолганди. Ўша томонга ғазаб билан чақчайиб қараган эди, онаси
юпатди:
— Парво қилма, ўғлим! Булар – тамом бўлган одамлар.
Соқол-мўйлови тиканак бўлиб кетган тағин бир мужик муросаомуз насиҳат қилди:
— Яхшиямас, Марья Сергеевна, яхшиямас! Ёш авлодни хусусий мулкчилик руҳида
тарбиялаяпсан.
Онаси, ранги қув ўчиб, тағин тўхтади. Етовда келаётган сигир тумшуғи билан унинг
елкасига урилгудек бўлиб пишқирди.
— Сен ҳам одам бўддинг-у! — деди онаси алам билан. Яна нимадир демоқчи бўлди-ю,
шаштидан қайтди.
Сигирнинг арқонидан тортди. — Юринглар, болаларим, парво қилманглар буларга...
Онаси тўғри айтган экан. Сигирни қўйиб юборасан. Ўзи ўтлаб келаверади. Хатадан бир
қадам чиқсанг, белинг баравар ўт! Хоҳласанг даладан пичан ўр, хоҳласанг ўрмондан! Бир эмас
ўнта сигирга етади!
— Бунақанги ишёқмасларни Худо урмаганига ҳайрон-ман! — деди онаси бир куни куюниб.
— Колхозга-ку беш тийинлик нафи йўқ. Ақалли ўзининг томорқасини эпласа-чи! Йў-ў-ўқ!
Буларга тайёри керак! Биров нақдлаб қўйса-да, булар молдек бўкиб, еб ётаверса!
Онаси колхоз фермасида ишлар, ниҳоятда ўқимишли хотин эди. Узоқ қиш кечалари ажойиб
шеърлар ўқирди. Пушкиндан, Лермонтовдан... Блокдан... Гришанинг эсидан чиқмайди.
Ташқарида бўрон увиллар, пастак деразани қор учқунлари аёвсиз савалар, онаси эса шеър ўқир
эди. Гриша акаси билан печ устида ётишарди.
— Дима, Гриша! — деди онаси бир маҳал қўлидаги китобни ёпиб. — Иккаланг ҳам катта
бўлиб қолдинг. Кўриб турибсанлар: ҳамма қишлоқдан қочяпти. Одамларнинг ердан меҳри
совиди. Ҳеч кимнинг ишлагиси келмайди... Сенлар ишлашинг керак. Ишламасанг — очингдан
ўласан! Шаҳарга борасанми, ундан наригами, ҳеч ерда текин нон йўқ. Қулоқларингга илиб
олларинг. Одам бўламан десанг, ичкиликка яқин йўлама!
Дима-ку, йўлини топиб кетди. Шаҳарга бориб, ўқишга кирди. (Аълочи эди ўзиям.) Гриша
колхозда бричка ҳайдай бошлади. Пичан ташийди. Чўчқахона гўнгини тозалайди. «Кормовой»
лавлаги олиб келади... Бора-бора ўзи ҳам қишлоқ марказидаги дўкон олдида навбат кутадиган,
мужиклар билан домино ўйнайдиган одат чиқарди.
...Бир куни яна гандираклаб келган эди, онаси саржин ўтин билан ҳолдан тойгунча савалади.
Эртасига эрталаб ўзи йиғлай-йиғлай Гришанинг дабдала бўлиб кетган юзини силаб илтижо
қилди:
— Бу юришингда хароб бўласан! Ҳозироқ шаҳарга жўна! Димага учраш. Ялингин-
ёлборгин... Агар... — деди кўзларида ғазабли учқун сачраб. — Қайтиб келсанг, уриб, оёғингни
синдираман!
Начора! Жўнади поездга ўтириб. Акаси ўқишни битириб, горком комсомолда ишлар эди.
Ёрдам берди. Ёрдами шу бўлдики, заводга ишга жойлаб қўйди. Завод ётоқхонасидан ҳужра ҳам
топиб беришди.
Лариса билан шу баҳона танишдилар. Лариса кранчи бўлиб ишларкан. Уч ой ўқиб ўзи ҳам автопогрузчик ҳайдашни ўрганди. Гриша Ларисани бир кўришдаёқ севиб қолган, эҳтимол,
шунинг учун бўлса керак, Ларисани кўрса, нуқул кўзини олиб қочар, тилига бирон жўяли гап
келмас эди. Лариса ҳаммасини сезиб юрган экан. Саккизинчи март куни ўтириш бўлди.
Завод клубида танца ташкил этилди. Уни Ларисанинг ўзи рақсга таклиф қилди.
— Тентак! — деди танца тушишаётганда. — Мен сендан тўққиз ёш каттаман. Қизим бор.
Нима қиласан, ўзингни қийнаб!
Гриша яхшигина ичиб олгани учунми, кўнгли бузилиб кетдими, тўсатдан йиғлаб юборди.
— Сендан бошқаси керакмас! Ўзимни ўлдираман, — деди ҳиқиллаб.
Ўзини ўлдиришга ҳожат қолмади. Тўйни Ларисаларнинг Уйида ўтказишди. Саккиз киши
йиғилди. Ларисанинг онаси — Нина Ивановна, тўртта дугонаси, куёв томондан — Дима... Тўй
рисоладагидек ўтди. Меҳмонлар тўйиб ичди. Аввал арақ. Кейин самогон... Тузланган карам,
мариновка қилинган Қўзиқорин билан газак қилишди. Нина Ивановна пазанда экан. Духовкада
бутун бошли ғоз пишириб келди. Оғзингда эриб кетади! Меҳмонлар ёшларга бахт тилашди.
«Горько, горько!» деб қийқиришди...
...Турмуши яхши эди. Саккиз яшар Светочка ҳам ундан бегонасирамади. Тўғри, «ота», деб
эмас, «Григорий Степанович», деб чақирарди. Нима қипти? «Дада», деди нима-ю, исми
шарифини айтиб чақирди нима?
Ҳамма ғалва Нина Ивановнадан чиқди. Балки, Гриша аввалига эътибор бермагандир. Аммо
кейинчалик қайнонасини ўйласа, нуқул елинлари осилган сигир кўз ўнгига келадиган бўлиб
қолди. Қайнонаси уйда олди ярим очиқ халат кийиб юрар, лорсиллаган кўкракларини кўз-кўз
қилгандек лапанг-лаб қадам босар, қалин, ёғли лаблари ҳамиша истеҳзоли қийшайиб турарди.
Овози ярим кечалари Березовкадан уч чақирим нарида жойлашган станциядаги тепловоз гудоги
сингари гулдираб чиқарди.
— Оёғингни артсанг-чи, оёғингни — дерди Гриша эшик-дан кириб келиши билан. —
Манави нарсанинг оти — латта бўлади, куёв! Бу сенинг хуторинг эмас, буқага ўхшаб кириб
кетаверадиган! Артдингми! Хайрият! Энди йўлакка чиққин-да,' шапкангнинг қорини қоқ!
Елканг-чи, елканг! Эрталаб эриб тушган сувни ким тозалайди, қишлоқи!.. Уни қара, тағин
кириб келяпти бу, молга ўхшаб! Оёғингни арт, дедим-ку!..
Овқат устида Гришадан янги иллат топарди:
— Қўлингдаги нарсанинг оти нима дейилади, биласанми? Вой, Худойим-эй, неча марта
тушунтириш керак бунга, а? Вилка деган матоҳ чап қўлда тутилади, қишлоқи! Қайси гўрдан
кавлаб чиқардинг бу плебейни, Лариса!
...Бир куни эрталаб Гриша ошхонага кирса, музлатгич устида хўқача тўла сут турибди.
Қишлоқда ўрганган одатига амал қилиб, силкитиб кўрди. Ичига қурвақа ташлаб қўйил-ган
бўлса, тумшуғини чиқаради. (Қишлоқда сут айнимасин деб ичига қурвақа солиб қўйишарди.)
Йўқ, қурвақа кўринмади.
Тағин силкитиб кўрди. Сут кўпириб, қаймоғи юзигатепди. Гриша бир кўтаришда хўқачани
яримлатди. Сутнинг таъми ғалати эканини шунда билди. Хўқачани жойига қўйиб, лабини кафти
билан артиб турганининг устига лапанглаб қайнонаси кириб келди. Гришани биринчи марта
кўраётгандек, кўзларини ола-кула қилиб бирпас қараб турди-да, тепловоз гудогидек чинқирди:
— Лари-и-и-и-са-а-а!
Ярим яланғоч хотини югуриб ошхонага кирди.
— Манавини қара! — деди Нина Ивановна семиз бармо-ғини Гришага бигиз қилиб. —
Манавининг жинни бўп қопти. Крахмал ичиб қўйди. Чойшабни крахмаллайман деб ивитиб
қўювдим!
Гриша ваннахонага югурди. Вараклаб қуса бошлади. Энкайиб турган жойида Лариса
гарданига хўқача билан туширди. Қолган-қутган крахмал Гришанинг юз-кўзига сачради.
— Ҳайвон! — деди Лариса бақириб. — Қачон одам бўласан, чўчқа. ...Ўша куни ойнинг иккинчи числоси — маош куни эди. Гриша заводдаги улфатлари билан
тўйибгина ичди. Ғира-шира эсида. Ёмғир ёғиб турганди. Тўғриси, йўлда бир-икки йиқиддиям.
Нима қипти, йигитчилик-да.
Эшикни, одатдагидек, қайнонаси очди.
— Лариса! — деди қулоқни қоматга келтириб. — Бу ёққа қара! Томоша қил манавининг
аҳволини!
Дилида тўпланиб ётган алам Гришанинг миясига урди-ю, қайнонасининг боши устида мушт
кўтарди.
— Ўлдираман! — деди қутуриб. — Ҳаммангни ўддираман! Қий-чув, бақириқ-чинқириқ
авжига чиқди. Бир томондан қайнонаси, бир томондан Лариса юмдалаб ташлашди.
Гриша болари уясини кавлаб қўйиб, арига таланган айиқ-дек лапанглаб қочди.
— Милиция! — Қайнонасининг ўкириги ёмғирли ҳавони титратди. — Милиция!
Ўлдирмоқчи! Ёрдам беринглар!
...Гриша жонҳолатда югуриб кетди. Узоқ югурди. Алла-қандай арча панасига яшириниб,
чўнқайиб ўтириб қолди. Ҳамон ёмғир ёғар, оёғидан зах ўтиб кетган, паралон курткасининг
ёқасидан сизиб кираётган совуқ томчилар гарданини музлатиб юбораётганини ҳис этиб
турарди... Лой ерга ёнбошлаб, кўзини юмди. Атроф сокин, қоронғи... Олисда кўчадан ўтиб
бораётган машиналарнинг бўғиқ гувиллаши эшитилиб турарди. Негадир хаёлига онаси келди.
Икки йилдан бери хабар олмагани, ҳатто хат ёзмагани эсига тушиб, йиғлагиси келди...
Ғира-ширада уйғонди. Бирпас гарангсиб турди-да, тушунди. Заводга бориб бўлмайди.
Лариса милйция чақиради. Горком комсомолга — акасининг олдига боради. Бошқа илож йўқ.
Ҳар қалай, Диманинг қўли узун! Тўғри, ўзидан ҳам ўтди. Дима сўкади... Майли, урса ҳам майли.
Бошқа чора йўқ. Пастдаги милиционердан-ку, ялиниб-ёлбориб ўтди. Учинчи қават, тўқсон
биринчи хонани тақиллатган эди, садо чиқмади. Эшик тепасидаги ёзувни қайта ўқиди.
«Васильев Д.С.» Тут-Қичдан ушлаб тортиб кўрди. Эшик қулф эди.
— Ким керак сизга, ўртоқ!
Паркет полда қарс-қурс қадам товуши эшитилди. Гриша ёнбошига бурилди. Пошнаси бир
қарич туфли кийган хуш-рўйгина қиз ипдек қошини чимириб рўпарасида турарди.
— Ким керак сизга? — деди қиз расмий оҳангда.
— Дмитрий Степанович, — деди Гриша ғўлдираб.
Қиз унинг лой босган курткасига, тимдаланган юзига шубҳали қараб қўйди.
— Нима иш билан келдингиз?
— Шахсий иш билан! — деди Гриша ижирғаниб.
— Қаерга келганингизни биласизми? — Қиз ипдек қошини зардали чимирди. — Бу ер
горком комсомол бўлади, ўртоқ! Бу ерда шахсий ишлар кўрилмайди.
— Мен Диманинг укасиман! — Гриша қўлини пахса қилди. — Акам билан гаплашишга
ҳаққим борми?
Қиз тағин унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди.
— Дмитрий Степанович секретариатдалар, — деди юз ифодаси ўзгармай. — Укаси
бўлсангиз, уйига боринг!
— Буниси – менинг ишим!
Қиз бирпас ўйланиб турди-да, раҳми келди шекилли, йўл кўрсатди.
— Йўлак бошида холл бор. Ўша ерда ўтириб туринг. Гриша қиз имо қилган томон йўл олди.
Холлда журнал столи, стол ёнида иккита курси бор экан. Ўтирди... Минг лаънат! Папироси ҳам
қолмабди. Гарангсиб, атрофни томоша қила бошлади. Деворда авлодлар босиб ўтган шонли
йўлни ифодаловчи плакатлар. Ундан пастда ҳар хил эълонлар... Йирик-йирик босма ҳарфлар
билан ёзилган эълон алоҳида ажралиб турарди. Гриша беихтиёр ўрнидан турди. Яқин бориб
ўқиди: «Ўзбекистон ССРда вужудга келган танг аҳволни тузатиш учун раҳбар лавозимларга ишга бориш ниятида бўлганлар 98-хонага мурожаат қилиши мумкин. Қалб даъвати билан
борганларга барча шароит яратиб берилади».
Ҳеч балога тушунмади. Қайтиб келиб жойига ўтирди. Ҳар эснаганда кўзидан мўлдир-
мўлдир ёш оқиб, пинакка кетди.
Бир маҳал гангур-гунгур овозлар, қадам товушларидан уйғонди. Йўлакка одам тўлиб кетган,
ҳаммаси зина томон сурилар эди. Зипиллаб борса, тўқсон биринчи хона эшиги ғира очиқ
турибди.
— Мумкинми? — деди мўралаб.
Дима сигарет тутатиб, аллақандай қоғозларни титкилаб ўтирган экан.
— Нима гап? — деди зарда билан.
Укасини кўриб дафъатан танимадими ё танимаганга оддими, қайта сўради:
— Нима гап?
— Ҳеч гап йўқ, — деди Гриша сунъий илжайиб. — Мен уйдан кетдим...
Дима сигаретини чуқур-чуқур сўриб, кулдонга улоқтирди.
— Табриклайман!
— Яшолмайман! — деди Гриша йиғламсираб. — Туролмайман ўша уйда! Жонимга тегди
хотиним ҳам, қайнонам ҳам. Мана бундай жонимга тегди.
— Хўш? — Дима унга ўқрайиб қаради. — Мендан нима хоҳлайсан?
— Кетаман! Туролмайман бу шаҳарда!
— Қаёққа?
— Билмайман! — Гриша ростини айтди. — Билмайман! Аммо яшолмайман бу ерда! Ўзимни
ўлдираман! Машина тагига ташлайман. Осаман. Заҳар ичаман!
— Истерика қилма хотинга ўхшаб! — Дима қайтадан сигарет олди. — Гапимни диққат
билан эшит. Сен ёш бола эмассан. Бундан бу ёғи елкамда ортмокдаб юролмайман... — Бир зум
ўйланиб турди-да, қўшиб қўйди: — Эртадан бу ерда йўқман. Оилам билан кўчиб кетяпман.
Гриша қулоқларига ишонмади. «Алдаяпти. Баҳона қиляпти!»
— Қаёққа? — деди талмовсираб.
— Ўзбекистонга! — Дима гугурт чақди. — Нима фарқи бор сенга!
— Олиб кет! — Гриша астойдил ялиниб илтижо қилди. — Олиб кет мениям! Ваъда
бераман! Бошқа қилмайман. Одам бўламан!
Дима шошилмай ўрнидан турди, секин-секин юриб тепасига кедди.
— Аҳмоқ! — деди нафрат билан. — Мен ўйнагани кетаётганим йўқ! Биласанми, Ўзбекистон
— ҳозир иккинчи Афгонистонга айланган! Кураш кетяпти! Ҳақиқий жанг! Ҳаммаёқ
порахўрлар. Ҳаммаёқ қўшиб ёзувчилар! Босмачилар! Тушундингми?
— Майли! — Гриша ростмана йиғлаб юборди. — Бу ерда тургандан кўра босмачилар
қўлида ўлганим яхши!
— Қўлингдан нима келади, аблаҳ! — Дима қичқириб юбор-ди. — Ўзбекистонни сақлаб
қолиш учун раҳбар кадрлар керак, тушундингми! Принципиал одамлар. Сен кимсан ўзи?
— Дима! — деди Гриша бурнини тортиб. — Вокзалда юк ортсам ҳам майли. Обкет, Дима,
обкет! Бўлмаса, ўзимни ўлдираман! Барибир ўлдираман!
...Поездда икки суткадан ортиқ юришган бўлса, илондек заҳар янгаси Гриша билан бир оғиз
гаплашмади. Акаси ҳам хомуш эди. Гриша бегона юртда ўзларини нималар кутаётганини
тасаввур қиларди. Ака-укани ёввойи тоғлар орасига юборишади. Ҳар бир қоя орқасида биттадан
босмачи милтиқ ўқталиб туради... Гриша ўзи ўлса ўладики, акасини ҳимоя қилади. Сўнгги
томчи қони қолгунча. Заҳар-заққум янгаси билиб қўйсин: Гриша акаси қилган яхшиликларни
унутадиганлар-дан эмас!
Тошкент вокзалига келиб тушишса, ҳаммаёқ осойишта. Одамларнинг чеҳраси очиқ...
Биронта «босмачи» рўпарасидан чиқиб, «Сен кимсан, нега келдинг?» — демади...
Диманинг бахти бор экан. Олис қишлоққа юборишмади. Қоқ марказда — Тошкентнинг
ўзида қолди. Тағин горисполкомга зампред қилиб «сайлашди». Қаранг, Гришани ҳам
«камёбмутахассис» сифатида дарров ишга олишди. Уй бериш-ди...
Гриша аввалига эҳтиёт бўлиб юрди. Кейин ўзини тамом эркин ҳис этди. Кўча кезадиган,
бозор айланадиган бўлди. Смоленск билан солиштирганда бу ер ҳақиқий жаннат эканини
тушунди: «Тошкент — нон шаҳри», деганлари рост экан! Ҳар қадамда нон! Ҳар қадамда мева-
чева! Магазинларда узун «дум»ли навбат йўқ...
Бора-бора ўзини хўжайиндек ҳис эта бошлади. Смоленскда бир кило узум — йигирма беш
сўм. Бу ерда икки сўм! У ёқда қовуннинг килоси — ўн сўм. Бу ерда — эллик тийин. Нега
шунақа? Ўйлай-ўйлай бир ҳақиқатга тушуниб етди: бу юртнинг одамлари қаллоб. Чайқовчилар
мевасини Смоленскка обориб ўн бараварига пуллайди! Ана сизга текин даромад!
...Бугун ўғлини уйлантирган анави чол ўқитувчиман, деди-ми? Ўқитувчи эмиш! Оддий
педагог бунақа тўй қилолмайди. Демак, бу ҳам қаллоб! Қаранг, пора бермоқчи бўлди-я!
...У стол устидаги соатга қараб қўйди. Иккидан ошибди.
Эриниб ўрнидан турди. «Ухлаш керак». Чироқни ўчираётганида хаёлига ғалати фикр келди:
«Нимайкин, анави қопчиқдаги? Нима қипти очиб кўрса, биров бир нима дермиди? Яхшиси,
милицияга олиб боради. Ашёвий далил сифатида».
Иккиланиб бориб, эшикни очди. Йўлак нимқоронғи, ҳеч зот кўринмас, қопчиқ остонада
қийшайиб ётарди. Гриша ўғирлик қилаётган одамдек олазарак бўлиб, қопчиқни юлқиб олди-да,
шоша-пиша эшикни ёпди. Қопчиқни очса, ичида бир шиша «Столичний» арақ, пишган гўшт
бўлаклари, тўртта нон, беш-олтита олма-анор чиқци.
— Яхши! — деди у ўзига-ўзи пичирлаб. — Арағингни ичаман. Анорингни ейман... Кейин
милицияга шикоят ёзаман. Менга пора таклиф қилди, дейман!
...Гриша шикоят аризасини ёзиб бўлганида тонг отиб қолган, мияси ғум эди. Аризани ич
чўнтагига солиб, зинадан тушаётганда чайқалиб кетди.
«Минг лаънат! — деб ўйлади ўзини сўкиб. — Арақни охиригача ичиш шартмиди?»
Пастга тушса, аксига олиб йўлак рўпарасидаги харракда Клава хола ўтирган экан. Гриша
уни ёқтирмас эди. Ўлгудек эзма кампир!
— Салом, Клавдия Сергеевна! — деди қаддини ғоз тутишга уриниб.
Клава хола энсаси қотиб, юзини ўгирди.
— Кеча қанақа «қаҳрамонлик» кўрсатганингни биласан-ми? — деди қаҳр билан.
— Нима қипман?!
— Аҳмоқ! — Клава хола олмадек мушти билан харракни урди. — Нима ҳаққинг бор
бировнинг тўйини бузишга!
— Мен? Мен бузибманми! — Гриша астсйдил ҳайратланди. — Анавининг ўзи урди-ку
мени! Милицияга шикоят қиламан! — Бурилиб кетаётган эди, лаънати оёғи панд берди. Мункиб
тушди.
— Борақол, — деди Клава хола ачитиб. — Кўрамиз, қўлингдан нима келаркин? Одамларга
ўхшаб тўйда меҳмон бўлиб ўгирсанг, ўлармидинг? Қирқ беш йилдан бери шулар орасида
яшайман, аҳмоқ! Бунақа бағри кенг халқ йўқ дунёда. Мен биламан-ку!
— Э-э! — Гриша асабий қўл силтади. — Насиҳатингизни неварангизга қилинг!
...Милицияда хайрихоҳлик билан қарши олишди. Протокол тўлдира туриб мулойимлик
билан таклиф этишди:
— Экспертизага боришга тўғри келади, гражданин Васильев! Оёғингизни, бўйнингизни
текшириб кўриш керак.
Гриша ўрнидан туриб кетди.
— Кечирасиз! — деди саросимага тушиб. — Мен ишга боришим керак...
«ҚУЛОҒИНГНИ ДИНГ ҚИЛГИН-У, ТИЛИНГНИ ТИЙ!»
Комиссар сут бидонни кўтариб пастга тушганда тонг отмаган, ҳаво совуқ эди. Бақатераклар
шохи қорнинг оғир юки остида эгилиб, шу туришда музлаб қолгандек. Бир-икки кун
эрувгарчилик бўлиб, тўсатдан яна совуқ тушди. Шунинг учун шекилли, том чеккасида узун-
узун сумалаклар таҳлидли осилиб ётибди. Комиссар икки букланганча йўлканинг қорини
кураётган Қурбонойни узоқдан кўрди. Қор қотиб қолгани учун курак ҳар текканида ғашни
келтириб қартиллайди. Эгнига қалин пахталик чопон кийган, бошига жун рўмол ўраган
Қурбоной кучана-кучана қорни йўлка четидаги ариққа суриб туширишга уринади.
Шу ҳам одамман, деб яшаб юрибди-да! Саҳармардонлаб кўча супуради. Қишда қор курайди.
Беш вакт энкайиб намоз ўқийди. Бошига кулфат тушса, курашиш, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш
ўрнига Худога солдим, дейди-да, бўзрайиб тураверади. Начора, ота-бобосидан қолган мерос...
Эшонлар эшак бўлади, дегани шу бўлса керак-да!
Яна қор бошлади шекилли! Тошкентта Россия қиши кўчиб келдими, нима бало... Москва
атрофларида ҳам қор кўп бўлади. Бир ҳафсала қилса, ҳафталаб ёғади. Қирқ биринчи йил
декабрида шундай бўлганди. Совуқ! Гапирган гапинг оғзингдан муз бўлиб тушаётгандек...
Фашист Москва остонасига келиб қолган, қочоқлар, ваҳимачилар кўпайган... СМЕРШ-чилар
жасорат кўрсатмаса, ким билсин, нима бўларди бу ёғи! СМЕРШнинг оддий лейтенантини
кўрса, унча-мунча полковникнинг қути ўчиб кетарди... Ҳеч эсидан чиқмайди. Қор уриб
турибди. Бутун полкни сафга тизишди. Окопни ташлаб қочган иккитасини тутиб келишган
экан. Ўша ернинг ўзида дала трибунали бўлди.
Бир маҳал капитан Захаров чақириб қолди:
— Лейтенант Ғаниев. Анави биттаси осиёликларданга ўхшайди. Билмайман, ўзбекми,
тожикми... Биттаям гапига тушуниб бўлмаяпти. Ўзинг тиллаш.
Ўрмон четидаги яйдоқ майдонда саф тортган аскарлар рўпарасида иккитаси безрайиб турар
эди. Иккаласи ҳам бошяланг, шинели ечиб олинган, яланг оёклари қорда гўштдек қизариб
кетган... Соат шаҳдам қадам ташлаб бориб берироқда тўхтади.
— Кимсан? — деб сўради қора сочлигидан. — Қаердан келгансан?
Қочоқ ўзбекча сўз эшитиб, жонланди.
— Ўзбекман, ака! — деди йиғламсираб. — Менда гуноҳ йўқ. Тепамда Худо турибди.
Гуноҳим йўқ, жон ака!
— Саволга жавоб бер. Нега жанговар постингни ташлаб қочдинг, хоин?!
— Мен хоин эмасман... — Қочоқ шундай деди-ю, бир зум Соатнинг юзига тикилиб туриб,
шодон хитоб қидди: — Соат ака! Мени танимадингизми, Соат ака? Мен-ку, бу мен! Ҳусан-ман,
Ҳусан! Тепақўрғондан... Яратганга минг қатла шукр! Худо етказди сизни, Соат ака! — У
ҳўнграб йиғлаб юборди...— Тушунтиринг буларга, менда гуноҳ йўқ! — Илтижо билан икки
қўлини осмонга чўзди. — Илоё дунё тургунча туринг, жон ака! Ота-буваларимнинг арвоҳи
қўлласин! — Ялангоёқ қор кечиб яқин кела бошлади.
— Нари тур, эшонвачча! — деди Соат нафрат билан. — Нега қочдинг? Нега қуролингни
ташладинг?
— Қурол? Қанақа қурол? — Ҳусан иркит қўли билан кўз ёшларини артди. — Ёғоч милтиқ
берганди. Устимга танк бостириб келди. Қўрқиб кетдим.
— Нима деб алжираяпти, Ғаниев?
Соат ярқ этиб қаради-ю, капитаннинг шубҳа билан чақчайиб турган кўзига кўзи тушди.
Юраги музлаб кетгандек бўлди. Особист учун Ватан хоинини ҳимоя қилишга уринди, деган
битта тамғанинг ўзи кифоя!
— Орқамизда Москва турганини унутдингми, илонвачча!— деди Соат ғазаб билан. —
Шахсан ўртоқ Сталиннинг ўзи Кремлдан жилмай ўтирибди-ю, сенинг жонинг ширинлик қилиб қолдими! – Шундай деб пистолетини чиқарди.
— Отманг, жон ака! — Ҳусан тиз чўкди. Қорда тошбақадек судралиб кедди-да, оёғини
қучоқлади. — Тавба қилдим. Жон ака, тавба қилдим! Ака-а-а!
Соат унинг бошини мўлжаллаб ўқ узди. Ҳусан чаккасидан тепки егандек ёнбоши билан
қорга ағанади. Оғзи ланг очиқ қолган, ҳамон «ака-а-а!» деб чинқираётганга ўхшарди.
— Ўртоқ капитан! — деди Соат қаддини ростлаб. — Халқ душманининг ўғли экан. Отаси
эшон экан. Сибирга сургун қилинган. Жанг қилишни хоҳламай, атайлаб қочибди. Ўзи тан олди.
...Ўз қўли билан биринчи марта одам ўлдиргани учунми, Ҳусан анчагача Соатнинг кўз
ўнгидан кетмай қодди. Нуқул «ака-а-а» деб дод солаётганга ўхшайди. Баъзан кечалари «ака-а-а»
деган чинқироқ овоздан уйғониб кетади...
Ҳар нарсанинг бошланиши қийин бўларкан. Кейин-кейин Ўрганиб кетди.
...Иши оғир эди. Урушда жасорат билан қўрқоқлик, фидойилик билан хоинлик кўпинча
ёнма-ён юради. Фронтни бунақа маразлардан тозаламасанг, ёмон ярага ўхшаб, маддалаб
кетади...
Ўзбекча хат ўқийдиганлар йўқ ҳисоб эди. Соат кечалари Ухламай хат титкилаб чиқар, ўзбек
аскарларининг гапига зимдан қулоқ солиб юрарди. Ўзбеклар уни кўрса, ўз жигаргўшасини
топиб олгандек, яйраб кетади. Оғзига келганини қайтармай вайсайди. Соатнинг вазифаси хоин
ва қўрқоқларни фош этиш... Факт эса етарли...
— Хэх! Жанг қилиш ёқмай қолдими? Хотинингни соғиндингми!.. Ҳа-а, гап бу ёқда дегин!
Немиснинг кучи кўп эканми? Яхши-и-и! Қани, марш «штрафной»га! Немиснинг кучини
яқиндан кўрасан. Олдинга юрсанг, фашист отади, орқага чекинсанг, ўзимизникилар. Керак
бўлса, ижтимоий келиб чиқишингни ҳам текшириб кўрамиз. Битта сен ўлганинг билан аскар
камайиб қолармиди! Хотининг бир кун йиғлайди. Икки кун йиғлайди. Чўлоқми, маймоқми,
топиб олади ўзига муносибини!
Эҳ-ҳе! Беш йил урушда юриб нималарни кўрмади бу бош!
...Яна бир воқеа ҳеч эсидан чиқмайди. Айтсанг биров ишонмайди. Битгаси немис билан
картошка кавлаганини вайсаб юрганмиш, деган сигнал кедци. Борса, сийрак мўйловли қозоқ.
Элликлардан ошган. Соат секин гапга содди:
— Немис билан картошка қазидингми?
Соддагина солдат экан. Устига-устак атрофида кўпдан бери на қозоқча, на ўзбекча
гаплашадиган одам бўлмагани учунми, севиниб кетди.
— Ўй-бай! —деди офицер билан гаплашаётгани ҳам эсидан чиқиб. — Немис-де, одам экан-
ғўй!
— Қара-я! Немис одам эканми, қани бир бошдан айтиб бер-чи!
...Солдат ҳаммасини гапириб берди. Олдинги линияга бир ҳафтача кухня келмабди. Нейтрал
зонада картошка полизи бор экан. Кечаси Бондаренко иккаласини картошка кавлаб келишга
юборишибди. Қуюқ туман экан. Картошка қазишаётганда ўн қадамча нарида немисча шивир-
шивирни эшитиб қолишибди. Немислар ҳам оч қолиб, иккитасини картошка кавлашга юборган
экан. Бондаренко энди отмоқчи бўлганида немислардан биттаси «не штрлай, не штрлай», дебди.
Русчани унча-мунча биларкан. Буни қарангки, гапдан-гап чиқиб, гурунглашиб қолишибди.
Русчани биладиган бояги немис уруш жонига текканини, уйини, учта боласини соғинганини
айтибди. Қозоқ ҳам саккизта боласи борлигини, колхозда «молши» бўлиб ишлашини айтибди.
Бондаренко онасини соғиниб кетганини гапирибди. Кейин улар у ёққа — булар бу ёққа
кетаверишибди.
— Улар-де кетди. Биз-де кетдиқ! Жахси немис экан, шорт возми! - деди қозоқ илжайиб.
— Қачон қочиб ўтадиган бўлдинг немис томонга? Солдат сийрак киприкларини
пирпиратди.
— Не дейсин?
— Қачон қочмоқчисан, аблаҳ?
— Мен қошмаймин, жўлдас нашайник! Соат сапчиб ўрнидан турди.
— Бондаренкони ҳибсга олинглар. Тез!
Буниси ёш бўлса ҳам қув экан. Командирнинг буйруғини бажариб, икки пақир музлаган
картошка кавлаб келдик, ҳеч қанақа немисни кўрганимиз йўқ, бу бобой туш кўряпти, деб туриб
олди.
— Ротадан яна неча кишини қочишга кўндирдиларинг? Қачон асирга тушмоқчисанлар? —
деди Соат қистовга олиб.
Бондаренко «Ўламан саттор немисни кўрганимиз йўқ», дейди. Содда қозоқ бўлса нуқул бир
гапни такрорлайди:
— Биз-де атпадиқ, немис-де атпади. Атпаса жағсиғўй!.. Соат батальонни сафга тиздирди.
Трибунал ҳукмини ўқиб эшиттирди: «Аскарларни фашист томонга қочиб ўтишга даъват
қилгани учун...»
...Урушда орттирган тажрибаси кейин ҳам қўл келди. Кўп марта қўл келди... Баъзилар орган
деганда нуқул жазо берувчи ташкилотни тушунади. Унақа эмас! Орган жамиятни ёт-
унсурлардан ҳимоя қилади. Шундай экан, унинг қўлигина эмас, «қулоғи» ҳам яхши ишлаши
шарт. Ҳар қандай ташкилотда, ҳатто ямоқчининг дўконида ҳам «қулоқ» бўлса зиён қилмайди.
Тўғри-да! Вақти-вақти билан «тозалаш» ўтказиб турмаса эплаб бўладими бу турфа жамиятни!
Урушдан кейинги «тозалаш» ҳам бежиз қилингани йўқ. Айниқса, олифта интеллигентлар
ҳаддидан ошиб кетди. Газета-журналларда совет жамиятини масхара қиладиган нарсалар пайдо
бўла бошлади. Мактаб ўқитувчисидан тортиб олимгача — ҳаммаси «доно!» Ҳаммаси — «даҳо!»
Хэх!
* * *
Аниқ эсида бор. Қирқ олтинчи йил эди. Тошкентда Навоий театри қурилаётган кезлар...
Тепақўрғондаги етти йиллик мактабдан сигнал тушди. Математика ўқитувчиси Ҳакимов катта
танаффусда оғзидан бол томиб японларни мақтабди. Эмишки, Ҳакимов Пиёнбозорга олма
сотгани борган. Қараса, қурилиш кетаётган жойда, симтўсиқ ортида оёғига ёғоч кавуш кийган
япон асири
мўлтираб турганмиш. Ҳакимов гўё асирга раҳми келган. Тўрт-бешта олмани симтўсиқдан
узатган. Гўё асир рус тилини билармиш. «Мен сизнинг молингизни текинга ололмайман, сиз
уни етиштириш учун меҳнат қилгансиз», деган. Қоровулхонада турган соқчи кўриб қолиб,
японни ҳайдаб юборган. Ҳакимовнинг айтишича, гўё япон жилмайиб таъзим қилган. «Раҳмат
сизга, яхши одам экансиз», деган. Ҳакимов оғиз кўпиртириб, японни улуғлаган. «Бунақанги
маданиятли одамни биринчи кўришим, ҳамма халқ орасида ҳам яхшилар бўларкан-да!» деган.
Шунақами ҳали? Самурай ёқиб қолдими сизга? Биласизми, жаноб Ҳакимов! Бунинг отини
камида КРА дейдилар! Контрреволюцион ташвиқот! Кани, бир текшириб кўрайлик-чи чиққан
жойингизни! Ҳакимов... Ким бўлди бу қушча? Тепақўрғонликларнинг ҳаммаси таниш эди-ку.
Ким билсин тағин... Қишлокдан чиқиб кетганига, эҳ-ҳе, қанча бўлди! Тошкентдаги ўқиш...
Москвадаги олий мактаб... Онасининг таъзиясига ҳам келолмади. Айни имтиҳон пайтлари эди.
Аслида гап бунда ҳам эмас. Соат онаси Тепақўрғондан Тошкентга кўчиб келганидан хабардор
эди. Бироқ онасидан келган ҳар бир мактубни ўқиганида юзига совуқ нафас урилаётгандек
бўларди. Онаси ҳеч кимга зуғум қилмасликни, ҳеч бир банданинг бурнини қонатмасликни
илтимос қилар, унга сайин Соатнинг ғаши келарди. Мамлакат ички душманларга тўлиб ётибди-
ю, саводсиз бу хотин насиҳатгўйлик қилади... Орада фин уруши бошланди... Кейин яна уруш...
Хў-ўш... Ҳакимов... Ҳакимов... Отаси инқилобдан аввал тегирмончи бўлган... Э-ҳа! Тўлаган-
ку бу! Уни Қонқусга чўктириб юбормоқчи бўлган оғайниси. Хэх! Ўшанда «ҳаммангни отаман!»
деган ваъда бўлганмиди? Биттанг Ватан хоини сифатида насибангни олдинг. Энди — сенга навбат... Хў-ўш... Хотини – Обидхонова Фотима. Отаси эшон бўлган. Сибирга сургун
қилинган... Ҳакимов ҳозир ўша эшоннинг қўрғонида яшайди. Бу ёғи неча пулдан тушди? Демак,
сен Эшонга ичкуёв бўлган экансан-да! Фотимага уйланганман, дегин! Ана, ҳаммаси аниқланди-
қолди. Қисматнинг ҳазилини қаранг: тағин эшонзодалар билан рўпара келди. Хэх!
Японга олма бергинг келиб қолдими? Олма баҳона — дийдор ғанимат, дегин! Самурай
имижими-да узатган қогозни япон резидентига беришга улгурдингми йўқми? Балки резидент
ўзингдирсан!
Шошилиш керак! Сен шохида юрсанг, биз баргида юрамиз, эшоннинг ичкуёви!
Ярим кечада йўлга тушдилар. Қора машина Тепақўрғонга етиб боргунча тонг ёришай деб
қодди. Кўройдин. Қишлоқ деярли ўзгармаган. Ўша пастак уйлар, пахса деворлар. Фақат бузиб
ташланган мачит ўрнида клуб қурилибди. Тунука томли клуб. Девори оқариб турибди... Куз
салқини сезилиб қолган. Тун осуда... Машина ортидан итлар кўксов бўлгандек бўғиқ акиллаб
югуради. Чанг-тўзон кўтарилади. Қонқус бўйидаги толлар қоронғида ҳурпайиб турибди.
Соат мийиғида кулиб қўйди. Уни анави ерда чўктириб юбормоқчи бўлишган эди...
Ўзларининг уйи ҳов нарида, жинкўчанинг охиридайди. Турганмикин ҳозир? Турган бўлса
нима? Бу ерлар энди унга бегона... Аллақачон бегона бўлган...
Соат ҳайдовчига буюрди:
— Чапга бур. Ёнғоқзор томонга... Йигитлар, чаққонроқ ҳаракат қилинглар! Тонг отяпти...
«Операция»ни саҳарга яқин бажаришда маъно бор. Бирин-чидан, «объект» хотинининг
қучоғида мириқиб ухлаётган бўлади. Иккинчидан, қўни-қўшнилар ёпирилиб чиқмайди.
Чиққанида қўлидан нима келарди-ку, ҳар қалай бегона кўздан холироқ бўлган яхши-да!
Дарвозани узоқ қоқдилар. Ўлиб қолганми бу! Ойнани тиқиллатай деса, ташқарига қараган
деразанинг ўзи йўқ. Эшоннинг қўрғони-да! Бир замонлар дадаси айтган гап Соатнинг эсига
тушди: «Эшон қора қилмишларини яшириш учун баланд девор орқасига беркиниб олган».
Тўлаган ҳам шуларнинг биттаси-да! Эшонзода Фотиманинг эри! Бу деворлар орасида бутун
бошли антисовет ташкилот штаби жойлашмаган деб ким кафолат беради!
Ниҳоят, йўлак томонда шошқин қадам товуши эшитилди. Уйқусираган эркак овози келди.
— Кимди? — деди ҳуркиб.
— Очинг! Районодан хабар бор. — Тамба сурилди.
Соат орадан шунча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам фонус тутиб турган Тўлаганни дарров
таниди. Кўзидан таниди! Йиллар ўтиб, одамнинг қиёфаси, гавдаси, ҳатто гапириш оҳанги ҳам
ўзгариб кетиши мумкин. Фақат кўзи ўзгармайди. Соатнинг рўпарасида айнан Тўлаганнинг ўзи
турар эди. Улғайибди. Соч қўйибди. Вой илон-ей! Мактабда интеллигент бўлиб юрасан-да,
уйингда аксилинқилобий фаолият олиб борасан! Хэх!
Тўлаган рўпарасида турган бир эмас, уч нафар нотаниш одамни кўриб тахта бўлиб қолди.
— Кечирасизлар, к-к-ким керак сизларга? — деди дудуқланиб.
— Овозингни чиқарма! — Соат плашининг чўнтагидаги пистолет бандини маҳкам қисиб
буюрди. — Бошла!
Тўлаган талмовсираб орқага чекинди. Қоронғи йўлакдан ўтиб, ҳовлига чиқишди. Тонг
ёришиб келар, ҳовли ўртасидаги бир туп тут шохида чумчуқлар уйқусираб чирқиллар эди.
— Сизларга ким керак? — деди Тўлаган ҳаммага бир-бир қараб. У елкасига авра тўн ташлаб
олган, бошяланг, сарпойчан оёғига калиш илган эди. Шу аснода Соатга узоқ тикилиб турди-да,
чеҳраси ёришди.
— Ие, ўзингмисан, ўртоқ? — деди дадилланиб. — Марҳамат, қани ичкарига! Одамнинг
капалагини учириб юбординг-ку, оғайни?
Айвон томонга қараб «аяси», деб чақирган эди, Соат паст, таҳдидли оҳангда таъкидлади:
— Мен сенга оғайни эмасман! Қонун номи билан қамоққа олиндинг!
— Соат эмас, Комиссар Ғаниев бўламан! Хатни топ, унсур! — деди Соат ғижиниб.
Тўлаганнинг ранги бўзариб кетди.
— Қ-қанақа хат? — деди баттар дудуқланиб. — Японнинг хати, ҳайвон! Японнинг хати!
Қаёққа тиқдинг, самурайдан олган хатни?
— Нима деяпсан, Соат? — Тўлаган кўзини ола-кула қилди. — Ё қуруқтуҳматингдан!
Ўлимдан хабарим бор, бунақа гапдан...
— Майли, керакли жойда эсингга солиб қўямиз. Тезроқ, йигитлар! Қани, фонусни бер бу
ёққа!
Зум ўтмай ичкаридан аёл кишининг «Нима қиляпсизлар?» деган қўрқинч тўла хитоби
эшитилди. Кимдир «ая, ая», деб йиғлаб юборди. Тўлаган ўша томонга юра бошлаган эди, Соат
қўлидан тутди.
— Кимирлама! Биқинингдан дарча очиб қўяман. Айвонга аввал ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги
кўйлакчан қиз, кетидан нимча. кийган дўмбоққина аёл югуриб чиқди. Иккаласининг ҳам
сочлари тўзғиб кетган, қиз қўрқиб йиғларди.
— Нима гап? Кимсизлар? — деди аёл кўзлари ваҳимадан катталашиб.
— Сиз, хоним, тек туринг! — деди Соат вазминлик билан. — Керак бўлса, сизниям
чақиртирамиз.
Йўқ, Фотима уни танимади.
Йигитлар бирпасда уйнинг тит-питини чиқариб юборишди.
Ҳовлининг бурчак-бурчакларига кириб чиқишди. Китоблару қоғоз-дафтарларни айвонга
уйиб қўйишди. Фотима гап нимадалигини тушунди шекилли, қизини бағрига босган кўйи
ҳайкалдек қотиб қолди. Тажрибаси бор-да! Обиск дегани нима эканини билади! Тўлаган ҳам
миқ этмай безрайиб турар, фақат қизалоқ қўрқувдан дағ-дағ титраб, йиғлар эди.
— Мана, ўртоқ полковник, — йигитлардан бири айвон пешида туриб Соатга ихчам
Қуръонни узатди.
— Болаларга математика ўрнига Қуръон ўқитяпман дегин! — Соат Тўлаганга қараб
истеҳзоли кулди. — Хэх, хэх, хэх!
— Уларникимас! — Фотима қуюндек учиб келиб, Қуръонга ёпишди. — Меники, отамдан
қолган ёдгорлик. Беринг бу ёққа!
— Нари тур, илонвачча! — Соат тирсаги билан бир туртган эди, Фотима тисарилиб бориб,
айвон пешига ўтириб қолди. Икки ўрим узун сочи кўксига ёйилиб тушди. Этаги кўтарилиб,
жиякли узун иштон остидаги бўлиқ сонлари лорсиллаб кетди. Соат Фотиманинг юзлари оппоқ,
силлиқ эканини идрок этди. «Шунақа чиройли жувон бўпти-да!» деган ўй хаёлидан лип этиб
ўтди.
— Хэх! — деди кулиб, Қуръонни шошилинч варақлади. Орасида ортиқча қоюз йўқлигига
ишонч ҳосил қилгач, китобни парча-парча қилиб йиртди. Ерга улоқтирди-да, тепкилай
бошлади. — Мана сенга ёдгорлик! Мана!
Шахдам юриб борди-да, Фотиманинг нимчасини тортқилаб еча бошлади. Фотима
жонҳолатда нимчасини чангаллаб Соатга ҳам қўрқув, ҳам ҳайрат билан термилди. Кўзлари
катта-катта, чиройли эди. Бир вақглар Соат бехосдан қор отганда йиғлаган кўзлар.
Орқа томондан Тўлаганнинг таҳдидли овози келди:
— Нима қиляпсан, Соат?
Соат ижирғаниб бурилди. Тўлаган кўзлари ғазабдан ёниб шу томонга талпинди,
йигитлардан бири рўпарасида тўппонча ўқталиб турар эди.
— Қўйвор! Қўйвор аямни! — Айвон бурчагида қунишиб турган қизалоқ қуюндек учиб
келиб, Фотиманинг елкасидан кучоқлаб олди. — Дадажон! Айтинг, аямга тегмасин!
Фотима Соатни энди таниди. Кўзидаги қўрқув ўрнини нафрат эгаллади.
— Чўнтагингни кўрсат! — деди Соат совуқ қатъият билан. Фотима елкасига осилган қизини кифти билан нари итарди.
Нимчасини ечаётганда кўкраклари диркиллаб кетди. «Керак бўлса, олақол!» дегандек
нимчани ерга улоқтирди. Нимча чўнтагида ҳеч нима йўқ экан. Соат Тўлаганга ўгирилди.
— Олдимга туш!
Тўлаган бир қадам юриб тўхтади.
— Фотима, — деди видолашгандек оҳангда. — Қурбонойни эҳтиёт қил. Сени Худога,
Қурбонойни сенга топширдим.
«Қурбоной эмиш! Хўп топибсанми, қизингни отини! Демак, Қурбон ҳайитида туғилган.
Мактабда ўқитувчилик қиласан, уйингда Қуръон ўқийсан... Илон! Мунофиқ!» Қизалоқ ҳамон
онасини қучоқлаб турар, чамаси, дадасининг олдига учиб бориб бўйнига осилгиси келар, аммо
нотаниш «амаки»дан қўрқар эди.
— Марш! — деди Соат. — Бизни куч ишлатишга мажбур қилма!
Шу пайт Фотима ўтирган жойида у ёқдан-бу ёққа тебрана бошлади.
— Эй, поки-парвардигор! — деди икки қўлини осмонга чўзиб. — Бу золимларгаям боққан
бало борми, Худо!
— Ая, туринг, аяжон! — Қизалоқ йиғлаб Фотиманинг қўлидан торта бошлади. — Дада,
айтинг, аям йиғламасинлар!
— Илоё Қуръон урсин сени, билдингми? — Фотима кўзлари ўтдек ёниб Соатга чақчайди-да,
тиззаларига шапатилаб, фарёд солди: — Қуръон урмаса, розимасман. Отамнинг арвоҳи урмаса,
розимасман! Болаларинг етим бўлиб, чирқиллаб қолмаса, розимасман! Мунча шўрпешона
бўлмасам, Худойим!
Ҳаммаси бир гўр. Ўрмон четида укаси ҳам шунақа саннаган эди. Ҳаммасини отиш керак,
битта қўймай!
Соат йўлакка етганида беихтиёр бурилиб қаради. Фотима айвон пешида ўтириб ҳамон
айюҳаннос солар, қизи эса бўйнидан қучиб йиғларди. Фотима шу ўтиришда ҳам қандайдир...
жозибали эди.
Соат мийиғида кулиб қўйди.
«Хэх. Майли, қарғайвер-чи! Кўрамиз ҳали, қандай сайраркинсан? Мана шу қўлларинг билан
елкамни силаб, мана шу тилларинг билан «Соат акажон», деб эркаламасанг, отимни бошқа
қўяман!»
ҲАМКАСБЛАР СУҲБАТИДАН
— Хў-ўш, коллега, ишлар қалай?
— Саломатмисиз, ўртоқ Комиссар? Марҳамат!
— Васильевнинг сўроғидан бирон наф чиқдими?
— Васильевнинг юз фоиз алибиси бор, ўртоқ Комиссар. Жиноят содир бўлган куни у
ҳушёрхонада ётган.
— Ҳм... Хўш? Хотини-чи? Шоматовнинг хотини нима дейди?
— Нима дерди? Ўша гап. Эрталаб сутга чиққан. Қайтиб келиб, рўй берган ҳодисани кўрган.
Чиндан ҳам ўша куни оператив группа етиб борганида Шоматова уйида эди.
— Уйида дегин? Хэх! Кечаси қаерда тунаган экан ойимча?
— Гувохлик беришича, туни билан уйида бўлган.
— Хотин кишининг макри қирқ эшакка юк бўлади! Эрталаб сутга чиққан эмиш! Ўша куни
сутга чиқмаган! Чиқса, мен кўрардим, мен!
— Аниқми шу гап?
— Мен ноаниқ гапирмайман, коллега! Бундан ташқари... Суриштириб кўрдингми? Шоматов
уйни қандай қилиб олди экан?
— Ўртоқ Комиссар... Ўлган одамни маломат қилиш...
— Мен учун ўлик-тирикнинг аҳамияти йўқ. Сенга ҳам шуни маслаҳат бераман.
— Шоматов Афғонистонда жанг қилган. Навбатсиз уй олишга ҳаққи бор!
— Жанг қилганмиш! Эътиборингиз учун, ўртоқ терговчи, горисполкомнинг уй тақсимоти
комиссиясида камина ҳам борлар! Бир мажлисда бу боланинг ўзини тутишини кўриб, аниқ
хулосага келганман. Уй нари турсин, молхонани ҳам раво кўриб бўлмасди унга...
— Ўртоқ Комиссар, Шоматов ҳалол жанг қилган. Контузия бўлган, жароҳатланган.
«Жасорати учун» медали бор...
— Жасорат эмиш! Кўрганмиз бунақаларни! Ҳозирги осо-бистларга ҳайрон қоласан киши!
Бир-биридан ландовур! Бўпти... Муваффақият тилайман! Маслаҳатим шуки, Шоматовани
каттиқроқ сиқувга ол. Ҳа, айтганча, Қурбоной деган хотин бор. Тўлаганова Қурбоной.
Фаррош... Кирмаган эшиги йўқ. Ҳақиқий наводчица! Ўшаниям... бир обработка қилиш керак.
РУСТАМНИНГ БИРИНЧИ КУНДАЛИГИДАН
...Кундалик ёзиш – қизларнинг иши. Қизларда бунақа «касал», шоирлар айтмоқчи, «шудринг
томчисидек мусаффо қалбига илк муҳаббат чўғи тушгач» пайдо бўлади. Ўз хаёлида муҳаббат
деб аталмиш қасрни бунёд этади. Хаёлий Малика хаёлий Шаҳзодасига айтолмаган гапларини
қоғозга туширади... Ёзаверади... Ёзаверади... Бир куни кўз ёшларидан суйкалиб кетган дафтарни
сирдош дугонасига ўқиб беради. Икковлари бир хонага кириб олиб, тонготар пичир-пичир
қилишади...
Шуям машғулот бўлди-ю! Тажаннинг қум барханларида Устингдан қора комбинезон,
ичингдан ўн саккиз килоли ўқ ўтмас нимча кийиб югуришнинг ўзи бўладими? Фақат бир
нарсани орзу қиласан: тўйиб сув ичсанг-да, ётиб ухласанг... Қоғоз қоралашни ким қўйибди
сенга, солдат!
Шунақа-ку, барибир ёзишим керак. Эрта-индин Афғонистонга «ташлашлари» аниқ. Худо
насиб этиб, уйга омон эсон қайтсам, эсдалик бўлиб қолади. Бир нарсани аниқ биламан.
Дафтарни ҳеч ким кўрмайди. Ҳеч ким! Ойим ҳам, дадамнинг вақти йўқ, акам ҳам... Шаҳноза
ҳам. Умуман, ҳеч ким! Мен уни ҳеч кимга кўрсатмайман! Нима кераги бор?!
Май ойининг йигирма учинчи куни
Военкомат дегани қассобхонадек гап. Қайси молни қачон сўяди, қандоқ сўяди — қассобнинг
иши. Дўхтирлари ҳам баайни мол дўхтири!
Болаларни трусичан қилиб қўяди-да, худди молнинг қанча тош босишини чамалагандек,
тортиб кўради. Кейин бўйингни ўлчайди. Бошингни, белингни, оёғингни... Турнақатор турасан.
Бир томонда дўхтирлар. Бир томонда ярим яланғоч «призивник»лар.
Энди сенлар одам эмас, ҳамманг бир хилда «призивник»сан.
Қулоқсолиб турсанг, антиқа савол-жавобларни эшитасан...
— Шикоятинг борми?
— Бор. Бошим оғрийди. Кечалари ухламай чиқаман, дўхтир!
— Менинг бошим ёрилиб кетай деяпти! Ўт! Яроқли!
— Сен нима дейсан?
— Жигарим касал. Сариқ бўлганман...
— Қачон?
— Уч йил аввал.
— Мен яқинда гепатит бўлиб, госпиталдан чиқдим. Яроқли!
— Бир касалим бору... айтишга уялиб турибман, дўхтир...
— Гапиравер! Бу ер сенга хотинлар монастири эмас.
— Шу... кечаси... тагимни ҳўллаб чиқадиган одатим бор. Болалигимдан бери шу... Ҳеч
тузалмаяпти.
— Зарари йўқ! Мен кун ора «каттасини» қилиб чиқаман. Ўт! Яроқли! Сен-чи! Сен нима
дейсан?
— Тутқаноғим бор, дўхтир. Рост айтяпман. Ишонмасангиз, госпиталга ётқизиб текшириб
кўринг.
— Шуям касал бўпти-ю! Мен кеча жиннихонадан қочиб чиқдим. Следуюший!
...Қараб туриб ҳам кулгинг келади, ҳам йиғлагинг. Булар-гаям осонмас. Ҳамма жойда план
бор. Пахта плани, пилла плани, газлама плани... Военкоматники—одам плани! Бажариш
керакми ахир? Европа томонларда хотинлар кам туғадиган бўлиб қолган. Бундан чиқци, Ватан
ҳимоячиларинингўрнини ўрта Осиёлик болалар билан тўлдириш керак! План — қонун дегани!
Бажармай кўрсин-чи?
— Шикоятинг борми?
— Йўқ!
Дўхтир қалин гардишли кўзойнаги устидан менга олайиб қаради.
— Ҳеч касал бўлмаганмисан?
— Йўқ!
— Маладес! Спорт билан шуғулланасанми?
— Ҳа!
— Қайси тури билан?
— Каратэ. Сариқ белбоғим бор.
— Маладес. Ўт!
Каталақдек хонага кирдим. Бояги «беморлар» тағин сўроққа тутилди.
— Ҳунаринг борми?
— Йўқ.
— Ўқийсанми?
— Ҳа!
— Нечанчи курсдасан?
— Биринчи.
— Сен-чи?
— Иккинчи.
— Имтиҳонларингни топширганмисан?
— Йўқ, ўртоқ капитан. Битта қарзим бор.
— Меники иккита. Навбат менга келди.
— Ҳунаринг борми?
— Шўпирман. Курсни битирганман.
— Ўқийсанми?
— Ўқийман.
— Нечанчи курс?
— Биринчи.
— Имтиҳонларни топширганмисан?
— Топширганман.
Ранги заҳил капитан ҳужжатларим солинган папканинг тепасига қизил қалам билан йўғон
қилиб «А — 20» деб езди.
Индамай турган эдим, тушунтирди:
— Боравер, бир ҳафтада повуска оласан.
— Айтинг-чи, — дедим кўнглим ғаш тортиб. - Мен қаерга боришим мумкин?
— ТуркВО ихтиёрига.
— Қанақа қисмга? Тахминан қаерга?
— Билмайман! — Капитан пашша қўригандек қўлини силкитди. — Следуюший!
Юрагим шиғ этди. Демак — Афғонистонга жўнатади. Ташқарига чиқсам, бояги — мендан
олдин навбатга турган талабалар гурунглашиб, сигарет тутатяпти.
— Бир эмас, учта имтиҳондан қарзим бор, деб қўя қолмадинг-да, Роберт! Бу - салдофонлар
билиб ўтирибдими!
Индамай нари кетдим. Нуқул ўзимни сўкаман. «Аҳмоқ! Мақтанчоқ эшак! Каратэга бало
бормиди! Ҳайдовчилик гувоҳноманг борлигини айтиб нима қиласан? Ақалли битта зачётдан
қарзим бор, десанг-қу, кузги чақириққача тинч қўярди!»
Заҳил капитан «А — 20» деб ёздими? ТуркВО ихтиёрига ўтасан, дедими? Тамом!
Авваллари болаларни Ленинградга борасан, Литвага юборамиз, деб лақиллатган-да, шаппа
босиб, Афғонга олиб кетган. Капитаннинг гапидан кўриниб турибдики, энди алдамай
қўйишибди. «Афғонистон», демади-ку, ақлинг бўлса, тушуниб олавер, қабилида гапирди. «Бир
ҳафтада повуска оласан», дедими? Бундан чиқди...
Соатга қарасам, тўртдан ошибди. Шаҳноза уйига келган бўлиши керак. Метродан қўнғироқ
қилдим. Телефондан одатдагидек ингичка, эрка овоз эшитилди.
— Алё-ё-ё! Ким бу-у-у?
Овозидан танидим: Шаҳнозанинг синглиси. Опасини чақириб бергунча одамни қон қилиб
юборади.
— Илтимос, Шаҳнозани чақиринг.
— Ким ўзи бу-у?
Авваллари қизалоқнинг эркалигига кулиб қўя қолардим. Бу гал ғашим келди. Ҳали Пскентга
ҳам бориб келишим керак.
— Чақир Шаҳнозани! — дедим зарда билан.
Бахтимга Шаҳноза яқинроқ жойда экан шекилли, телефон қулоғидан «Бер бу ёққа, жинни!»
деган товуш эшитилди.
— Шаҳноза, — дедим иложи борича вазминлик билан. — Бир соатдан кейин кўришсак...
«Ўзимиз-нинг» жойда.
— Тинчликми? — Шаҳнозанинг овозида хавотир бор эди.
— Тинчлик! — дедим кулиб. — Жудаям кўргим келяпти сизни. ...Шаҳноза атлас кўйлак
кийиб, сочини бежирим турмаклаб олибди. Анҳор бўйида, наъматак тагидаги харрақда
ўтирибмиз. Нариги соҳилда калта иштони жиққа ҳўл қора-қура болалар қий-чув солиб
чўмиляпти. Бошимиз устида ярим-ёрти гулини тўккан наъматак шохлари эгилиб турибди...
Тиканлари хали қотмаган. Юзингга, бўйнингга урилса, оғритмайди... фақат қитиқлайди... Эрта-
индин беозор бу тиканлар найзадек қайрилиб, ҳар биттаси ўққа айланиши мумкин... Қизиқ, ўқ
тегса қандай аҳволга тушаркин одам?..
— Нима гап? — деди Шаҳноза кўзимга термулиб. Мунча чиройли бу кўзлар! Мунча ақлли!
Мунча жозибали бу қайрилма киприклар! Ҳозир... Капалак қанотидек бир-икки силкинади-ю...
айнан юракнинг ўзини сўраб турган кўзлардан ёш оқади...
— Ҳеч гап йўқ... — дедим илжайиб. — Шунчаки, сизни соғиндим. Кўргим келди. Ёмонми
шу?
Шаҳноза анойи экан-да! Кафтлари билан юзимдан беозор тутиб, ўзига қаратди.
— Ростини айтинг...
— Нимани?
— Рустам ака? — Шаҳноза кўзимга узоқ, синчков тикилди. — Ёлғон гапиришни
эплолмайсиз. Айтинг, нима бўлди?
— Чақиришди... — дедим хушчақчақ гапиришга уриниб... — Бир ҳафтада кетсак керак.
Шаҳноза кафтини бўшатди.
— Қаёққа? — деди аламроқ ўйчанлик билан.
Ярқ этиб қарасам, елкасини харрак суянчиғига ташлаганча номаълум нуқгага, осмонга
термилиб ўтирибди. Чеҳраси шу қадар хомуш, шу қадар аянчли эдики, қўрқиб кетдим.
— Билмайман, — дедим ростини айтиб. — Билмайман... Ҳар қалай, чет элга бўлса керак.
Германиями, Мўғулистонми...
Шаҳноза қилт этмай ўтирар, ўзи ёнимда-ку, хаёллари узоқ-узоқларда кезаётганини ҳис этиб
турардим.
— Қўй энди, Шаҳноз... — дедим умримда биринчи бор сенсираб. — Кўрасан, ҳаммаси яхши
бўлади.
Анчадан кейин осойишта бурилиб қаради.
— Алдаманг! — деди овози титраб. — Алдаманг, Рустам ака! Афғонистонга юборади. —
Тўсатдан ўкраб йиғлаганча бўйнимдан қучоқлаб олди. — Ўзингиз хоҳлагансиз! Ўзингиз
айтгансиз! — деди чинқириб. — Аҳмоқсиз! Аҳмоқ! Мени Ўйламадингизми?
—Жиннимисан? — дедим ҳансираб. — Рустам ака! Нега унақа қиласиз, Рустам ака!
Кўз ёши оқиб турган юзларидан, ёш таъми анқиётган лабларидан ўпарканман, титрар эдим.
Бирин-кетин ёпирилиб келган аламли, аёвсиз саволлар юрагимни ғижимлар, дод деб
юборгим келарди. «Сен аҳмоқ, сен галварс, нега қадрига етмадинг шундай қизни! Эслаб кўр!
Бирон марта, ақалли бирон марта айтдингми? «Сени яхши кўраман, сенсиз менга у дунёю бу
дунё қоронғи,» дедингми? Сенинг нимангни севади бу қиз?»
— Шаҳноза... — дедим ялиниб. — Қўй энди, Шаҳноз! Худо урсин! Рост айтяпман. Ҳали
қаёққа боришимиз маълум эмас.
У эса ҳамон йиғлар, бўйнимдан, юз-кўзимдан, лабимдан тўхтовсиз ўпар эди. Вужудим
таранг тортилиб кетган. Худо ҳаққи, бунақа паллада шайтон эркак кишини ҳар кўйга солиши
мумкинлигини ҳис этиб турардим.
— Шаҳноз, — дедим энтикиб, — Шаҳноз... Илтимос. Жон Шаҳноз...
— Мен сизни кутаман, Рустам ака! Кутаман... — У илкис қучоғимдан чиқиб ёш тўла
кўзлари билан илтижо қилди: — Э, Худо! Бизга раҳминг келсин. Караминг кенглиги рост бўлса,
шафқат қил бизга!
Тўсатдан жимиб қолди-да, менга ўгирилди.
— Агар... — деди пичирлаб. — Агар... сизга бир нима бўлса... — Кўз ёши аралаш жилмайди.
Эркаланиб елкамга бошини ташлади. — Мен Худога ишонаман, — деди хўрсиниб. — Кўнглим
сезиб турибди. Сиз соғ-саломат қайтиб келасиз. — Бирпас ўйлаб турди-да, қўшиб қўйди: —
Рустам ака... Мен... кутаман. Келинг, бир нарсани келишиб оламиз. У ёқдан қайтган кунингиз
мана шу ерда, худди шу ерда учрашамиз. Хўп?
Май ойининг охирлари
Энг совуқ жой — Оймакон, энг иссиқ нуқта — Кушка, дейишади. Билмадим! Менга қолса -
энг иссиқ жой - Тажан! Ҳаммаёқ саҳро. Қумбарханлари... Кавушдек жағини осилтирган кўйи
сўлак оқизиб юрган туяларни, рўпарангдан чиқиб қолса, икки лунжини шишириб одамни
қўрқитиш учун вишиллаб қўядиган — «саҳро тимсоҳлари» — эчкиэмарларни ҳисобга
қўшмасанг, тирик жонзод йўқ ҳисоби! Шунақаям Худо қарғаган жой бўладими? Хаёлингда
яккаш бир ўй чарх уради: «Сув!» «Сув!» Қани энди, Тошкентда кўча четида шовиллаб оқиб
турган жўмракка шундоқ лабингни боссанг-да, тўйгунча, ёрилиб кетгунча ичсанг! Ёки
Пскентдаги сойнинг ажриқлар қоплаб ётган соҳилига ётиб олсангу, юз-кўзингни сувга ботириб,
ичаверсанг... Ичаверсанг
Эрталаб томоғинг қақраб, кўзларинг ачишиб уйғонасан. Сув эмас, аллақандай тахир сарғиш
нарса ичасан. Темур ака тушунтирди: бу ернинг сувини ичиб бўлмас экан. Аскарлар орасида
сариқ касали тарқалганмиш. Шунинг учун сувга янтоқ қўшиб қайнатиб бераркан. Флягангдаги
сув кун чиқмасдан қизиб кетади. Бурама қопқоғига бир қултум қуйиб ичсанг-томоғингни
ачиштириб, баттар чанқатади. Кечқурун ётаётиб, тағин хаёлингда ўша гап чарх уради: «Сув!
Бир қултум, ақалли бир қултум муздеккина сув бўлса-чи!»
Июнь ойининг бошлари
Туш кўрдим. Олма тагидаги сўрида ўтирган эмишман. Сўри остидан шарқираб сув
оқаётганмиш. Ҳовучлаб ичаверибман-ичаверибман. Чанқоғим ҳеч босилмасмиш. Бир маҳал
ойим коса олиб чиқибди. «Вой болам-ей! Ҳалиям ёш болага ўхшайсан-а! Косада ича
қолмайсанми», дебди. Косани ботирсам, сув қумга айланиб қолибди.
Июнь ойининг ўрталари
Қумлар орасида «Душман шаҳарчаси» бор. Бўлажак «душман объекти» тахминан шунақа.
Пахса деворли пастак уйларга «ҳужум» қиламиз. «Душман» бизни «ўққа тутади». Биз бостириб
борамиз. Ҳаммаси ҳарбий тактикага мувофиқ қилинади. Разведгруппа... Сапёрлар. Зирҳли
қисмлар: Т-62 танклари, БТРлар, кейин пиёдалар...
Мактабда ўқиб юрганимда дадамнинг «Нива»сини ҳайдаб, права олганим яхши бўлган экан.
Танкчиликка ўқитяпти. Темур аканинг айтишига қараганда, «у ёқда», айниқса, сапёрларга
қийин бўлармиш. Темир қутида ўлиги келаётганларнинг кўпчилиги - сапёрлар эмиш.
Июнь ойининг охирлари
Замполит тағин мажлис қилди. Социализм душманлари Афғонистондаги Савр инқилобини
бўғиб ташлашга жон-жаҳди билан уринаётганини, ўзининг интернационал бурчини адо этаётган
совет жангчилари порлоқ ғалабаларга эришаётганини айтди. Афғонистон биз билан тарихда
биринчи бўлиб дўстлик битимини тузган қардош мамлакат эканлигини, эрта-индин биз ҳам
Афғон тупроғига кириб Ватан олдидаги йигитлик бурчимизни адо этажагимизни тушунтирди.
Июнь ойининг охирлари
Бир йўла иккита хат олдим. Биттаси — акамдан, биттаси — Шаҳноздан.
Акам дадамнинг, ойимнинг, келинойим, жиянларимнинг номидан қизғин дуойи саломлар
йўллабди. «Мабодо у ёққа олиб кетишса Мўғулистонга тушдик, деб ёзавер, бўлмаса ойимлар
Рустам борган шаҳарнинг адресини нега ёзмайди, деб шубҳаланадилар», дебди. Акамнинг гапи
жўяли. Конвертга барибир «полевая почта» деб ёзилади-ку!
Шаҳнозанинг узундан-узоқ хатида қайта-қайта такрорланган бир илтижо бор эди:
«Ўзингизни асранг! Мен сизни кутаман.. Соғиниб-соғиниб кутаман!»
Июль ойининг бошлари
Экипажимиз тўрт киши. Мен - командир. Темур ака механик ҳайдовчи. Саша — отувчи.
Хайриддин — ўқловчи.
Машқ пайти танкнинг ичи дўзахдек ёниб кетади. Люкни очсанг, қум тўзони ёпирилиб
киради. Тўрт-бешта снаряд отмасингдан танк ичи порох исига, тутунга тўлиб бўғиб ташлаётгандек бўлади.
Биров йўталади, биров хириллайди... Фақат Темур ака бепарво.
— Қўявер, ука! — дейди нуқул қўл силтаб. — Ҳали «у ёқда» шунақанги тутунларни
кўрасанки...
Темур аканинг ёши ҳаммамиздан катта — бақувват, чайир йигит. Бир гал ечинганида
кўрсам, кўкрагига нина билан ўйиб бургутнинг расми солинган экан. Чап билагида «Темур»
деган кўкимтир ёзув.
— Нима бало, гражданкада рассом бўлганмисиз? — десам кулди.
— Ҳар бало бўлганман, ука! Сўрама!
Хайриддин — Темур аканинг акси — гавдаси муштдеккина. Қизларникига ўхшаган чиройли
кўзлари ўйчан боқади. Айтишига қараганда Форишда турадиган онасидан бўлак ҳеч кими йўқ
экан. Педагогика билим юртини битирган заҳоти армияга олибдилар. Хайриддин — художўй
бола. Пайқашимча, намоз ўқигиси келади-ю, атрофидагиларга кулги бўлишдан истиҳола
қилади. «Бандасининг боши — оллонинг тоши, — дейди чоллардек салмоклаб. — Худо хоҳласа
юртимиз-га омон-эсон қайтамиз, жўра... Кўнглим сезиб турибди».
«Ёғочнинг бўшини қурт ейди», деганлари рост экан. Танк экипажида энг «қора касб» —
ўқловчи ҳисобланади. Хайриддин ўрисчани яхши билмагани, ювошлиги учун ўқловчи бўлиб
қолган. Бироқ ўз юмушини сидқидилдан бажаради. Баъзан муштдек жасади билан ҳар бири
салкам қирқ килоли снарядларни кучаниб ташишини кўриб, раҳмим келади. Ёрдам берай, десам
ийманиб рад этади... «Қўйинг, жўра, сиз — командирсиз...»
Июль ойининг ўрталари
Шаҳноза иккаламиз анҳор лабида, ўзимизнинг наъматак тагида ўтирган эмишмиз. Сув
ичгим келармиш... «Шаҳноза, сув бергин, сув!» — десам, ҳовучида сув олиб узатармиш-у,
оғзимга олиб келиши билан ҳовучи орасидан тўкилиб кетармиш... Чўчиб уйғондим. Томоғимда
ўт ёнаётганга ўхшарди.
Август ойининг охирлари
Темур ака ғалати гап айтди:
— Ғирт аҳмоқ экансан, Рустам! Масалан, мен эртага ўлиб кетсам, ачинадиган одамим йўқ.
Етимхонада ўсганман. Мен-ку, майли! Афғонистонда пишириб қўйибдими сенга! Ана! Қанча
соддатларнинг оталари ўртага тушиб, боласини бошқа қисмга ўтказяпти. Бири «касал» бўляпти,
бири бошқа баҳона топяпти... Отанг раис бўлса, депутат бўлса, йўлини қилолмайдими?
Офицерда нафс йўқ деб ўйлайсанми?
Ўйлаб карасам, Темур ака рост айтяпти. Қанча болалар бошқа қисмга ўтиб кетди... Шунақа-
ку, Афғонистонга боришимиз мумкинлигини фақат акамга айтганман. Башарти бу гапни
акамдан эшитган тақдирда ҳам дадам бу ишга бош қўшмайди. Одатини биламан-ку!
Сентябрь ойининг ўрталари
Хайриддин қизиқ гап айтди:
— Эрта-индин «у ёққа» кетамиз.
— Қаёқдан биласиз? — десам, маъюс кулимсиради.
— Туш кўрдим, жўра... Кетяпган эмишман, йўлнинг охири кўринмасмиш.
29 сентябрь
«ИЛ-76» самолёти бунчалик катта бўлишини билмаган эканман. Қанор қопга туршак
босгандек тиқдилар. Биров тик турибди, биров тўрвасининг устида ўтирибди. Самолётнинг
темир «қорнида» чўккалаб ўтирган Хайриддин бир нималарни пичирлаяпти. Овози
эшитилмайди-ю, лаби қимирлаётганини кўриб турибман. Моторнинг гувиллаши қулоқни
қоматга келтиради.
Негадир ҳаммаёқ совиб кетди. Юрагимнинг туб-тубида қўрқув пайдо бўлди. «Худо, ўзинг
паноҳингда асра!» дедим унсиз илтижо қилиб. Бир маҳал аллаким елкамга туртгандек бўлди.
Темур ака! Ёнимда турган экан. Эътибор бермабман. Кулиб нимадир деган эди, эшитмадим.
Қулоғимга эгилиб бақирди:
— Қўрқма! Бир бошга бир ўлим!
Анчадан кейин самолёт пасая бошлади. Қулоқларим шанғиллаб кетди. Ўша заҳоти дум
томонда ғалати шувиллаган овоз эшитилди. Самолёт ортидан муттасил мушак отилиб чиқа
бошлади. Қутимиз ўчиб, ҳаммамиз аланг-жаланг бўлиб қолдик. Хайрият, самолёт ҳамон учиб
борар эди. Кейин тушундик: қўниш олдидан учувчилар самолётдан ракета чиқарар экан. Мақсад
— душман «Стингер»ини чалғитиш: «Стингер» учиб боратуриб «иссиқ объект» томонга
буриларкан. Агар самолётдан ракета отилса «Стингер» моторга эмас, ўша ракеталарга бориб
уриларкан. Худога шукр, омон-эсон қўндик.
Ерга қадам босишим билан Хайриддин огоҳлантирди:
— «Бисмилло» денг, жўра! Бу тупроқда аждодларимиз ётибди.
Айтганини ихлос билан адо этдим.
Бунақанги қаттиқ шамолни энди кўришим. Қўйиб берсанг, думалатиб кетади. Ҳаммаёқ чанг-
тўзон. Аэродромда самолётлар, вертолётлар қаторлашиб кетган. Худди пана-панада душманлар
яшириниб олгандек, автоматини айнан менга ўқталиб тургандек, бошимни ичимга тортдим.
Қарасам, бошқа болалар ҳам билаги билан шамолдан кўзини тўсганча олазарак аланглаб
боряпти.
«Урал» машиналарига ўтқазишди. Карвон тизилиб йўлга тушди. Ипдек чўзилиб кетган
иланг-биланг йўл гоҳ юқорига ўрмалайди, гоҳ пастга шўнғийди. Ҳамон шамол гувиллайди. Бир
томон яланғоч тоғлар, бир томон — чўл.
— Қаранг жўра, қаранг.
Ёнимда ўтирган Хайриддин елкамга туртди.
Урушнинг изи қанақа бўлишини биринчи бор кўрдим. Шундоқ йўл четида мажақланган
«КамАЗ»лар, портлаб, ёниб кетган бензавоз қолдиғи, танк занжири, дабдаласи чиққан,
ёнбошлаб қолган БТРлар ётибди. Ҳов пастда, жарлик орасида вертолёт бўлаклари кўзга
ташланади. Парраклари ғайритабиий қийшайиб кетган...
Қисмимиз Фарах шаҳрига яқин жойда экан. Манзара деярли ўша-ўша. Бир томон — қизғиш
қояли тоғлар, бир томон қумли саҳро. Пастда лойқаланиб оқаётган илонизи сой кўринади...
Кечаси ўқ товушидан уйғониб кетдим. Пастда, чамаси сой томонда вақти-вақти билан
автомат тариллаб қўяр эди. Совуқ... Ухлашга қўрқдим.
Октябрь ойининг бошлари
Казармаларимиз ғалати: девори фанердан ясалган. Икки қават фанер орасига қумми, нима
бало солинган. Эллик қадамча нарида офицерлар учун қурилган модул. Бу бино ҳам казармадан
фарқ қилмайди... Аскар болаларга разм солиб, бир нарсани англадим. Ҳаммасининг ранги
заъфарон. Ҳаммаси бадқовоқ... Қисмда бемалол, ясан-тусан қилиб юрган аёлларни кўриб,
кўнглимда таскин уйғонгандек бўлди. Бундан чикди, душманнинг ҳужум қилиш хатари йўқ.
Октябрь ойининг ўнинчи куни
Темур ака «Охотничий» сигарет чекиб ўтирибди. Бир ўзи эмас. Уч киши. Булар биз билан
келган «чижик»ларми, аввалдан хизмат қилаётган «қария»ларми, ажратолмадим: ҳаммамиз
аралаш-қуралаш бўлиб кетганмиз. Учов бир сигаретни галма-гал чекяпти.
— Тортасанми? — деди Темур ака негадир илжайиб.
— Мен сигарет чеккан эмасман, — деган эдим, яна кулди.
— Сигарет эмас бу, чарс!
Эртаси куни
Дунёда энг қудратли, энг енгилмас, энг иноқ... шонли Армия ҳақида телевизорда ҳафтада
бир кўрсатув бўлишини биласиз. Менга қолса ўша томошада «дедовшина» қанақа бўлишини
кўрсатган бўлардим. Янги келган «чурик»ларни хўрлашни, миллатчилик қилиб
дўппослашларни... Мен-ку, ўзимни ҳимоя Қилиш қўлимдан келади. «Қариялар» Хайриддинни
хўрлай бошлашди. Гоҳхалажой тозалатади. Гоҳ«бичок» теришга мажбур Қилади. Темур ака
биринчи кунларданоқ «қариялар» билан тил топишиб олгани яхши бўлган экан. Кечқурун
Хайриддинга зуғум қилаётганлардан иккитасини чақириб олди-да, «тушунтирди»:
— Эшитиб қўй, земляк! Мен «блатной»ларданман. Биринчи жангдаёқ отиб ташлайман!
Иккалангниям!
Октябрь ойининг йигирманчи куни
Олисда юрган одамга юртидан келган ҳар бир хат — битта байрам! Шаҳнозадан хат олдим.
Суратингизни юборинг, соғиндим, дебди.
Эртаси куни
— Ҳалиям бўлса, чарс тортишни ўрган! — деди Темур ака. — Ажойиб нарса-да, лаънати!
— Қўйинг, ака, — деди Хайриддин ялиниб. — Ўргатманг шунга.
Чарс дегани — наша экан. Қисм атрофида ўралашган жулдурвоқи афғон болалар чарс олиб
келиб, алюмин қошиққами, керосин ёки дудама мушакками алишиб кетаркан.
Экипажимиз деярли ўзгармади. Хайриддин — ўқловчи, Саша — отувчи... фақат Темур ака
резведкачилар батальонига тушиб қолди.
Комбатга илтимос қилдим.
— Ўртоқ капитан, экипажимизда механик ҳайдовчи Жўраев Темур бор эди, — деб гап
бошлаган эдим, офицер жеркиб берди:
— Бас қилинсин!
— Парво қилма! — деди Темур ака юпатиб. — Менга барибир. Кейин ўйласам, капитан
тўғри қилган экан. Экипажимизда жанг кўрган бирон киши бўлиши керак-ку, ахир!
Октябрь ойининг охири
Бугун илк бор ўлим шарпасини сездим. Постга келганимизга бир ҳафта бўлди. Танкимизни
катта йўл муюлишидаги окопга жойлаштириб олганмиз. Атрофимизда қоялар сўппайиб
турибди. Нарироқда снарядлар омбори. Юз йигирма снаряд тахлаб қўйилган. Танкнинг ўзида
қирқта снаряд. Гардез томон кетаётган «ип»ни қўриқлашимиз, хавфли муюлишдан омон-эсон
ўтказиб юборишимиз керак. Вазифамиз — рўпарадаги қоялар орасидан снаряд отилиб қолса,
объект координатларини аниқпаб, ўт очиш.
Танк люкидан бошимни чиқариб қараб турибман. Емғир ёғяпти. Олисда, иланг-биланг
йўлда «ип» кўринди. (Карвонни «ип» дейишади.) Бирпасдан кейин рўпарадаги тоғдан
гумбурлаган товуш эшитилди. Ғира-шира кўринаётган қоя ортида тутун бурқсиди. Осмонда
ғалати товуш эшитилди: машина сувдан ўтаётганида, ғилдирак қандай вошилласа, ўшанга
ўхшаган овоз. Ракета снаряди карвон яқинига тушиб портлади. Чаманда, карвонга шикаст
етказмади.
Люкни ёпишим билан шлемофондан командирнинг буйруғи эшитилди:
— Размах етмиш олти! Координат, — деди тушунтириб. — Иш бошла! Бешта снаряд.
Бу бешта снаряд от, деган маънони билдирарди.
— Бешта снаряддан ўт оч! — дедим бақириб.
Танк силкиниб, ҳаммаёқни порох ҳиди тутиб кетди. Тримпликсдан қараб турибман. Бояги
жойда тағин тутун бурқсиди. Атрофимизда кетма-кет снарядлар портлаб, қоятошлар ағдарила
бошлади. Танк зирҳига осколкаларми, тошларми чарсиллаб урилаётганини ҳис этиб турардим.
Улар худди бошимга ёғилаётганга ўхшар, терлаб кетгандим.
— Яна бешта снаряддан ўт оч!
«У ёқ» томонда ҳам тошлар ўпириляпти. Снаряд тушган жойда тутун аралаш олов осмонга
сапчияпти. «Карвон» шиддат билан гувиллаган кўйи муюлишдан ўтиб, пастга шўнғиётганини
тримпликсдан кўриб турибман. Шу ердан ўтиб олса бас, тоғ панасига яшириниб хатарсиз жойга
чиқади.
Механик Викторнинг ҳаяжонли хитоби эшитилди:
— Командир! Омборга ракета тушди!
Люкни очиш ниятида қўл чўзган эдим, Виктор сўкиб берди:
— Эсингжойидами, командир! Снайпер Бур билан пойлаб турган бўлса пешонангдан дарча
очиб қўяди.
Ёнбош томонда гумбурлаган портлаш эшитилди. Танк титраб кетди. Шу заҳоти хаёлимдан
ваҳимали ўй лип этиб ўтди. «Тамом! Омборда бир юз йигирмата снаряд бор. Ҳозир портлайди-
да, танкни ҳам, тўртталамизни ҳам майда-майда қилиб ташлайди». Беихтиёр комбинезон
киссасидаги автомат гильзасини пайпаслаб қўйдим. Ҳамма бажариши шарт бўлган қоида бор:
ўқ ўтмас нимча кийиш. Исми шарифи, шахсий Қуролининг рақами ёзилган қоғозни гильзага
тиқиб, бирон жойига яшириб қўйиш. Мабодо парчаланиб кетсанг ё куйиб кулга айлансанг ҳам
гильза барибир ёнмайди. Отингни билиб, уйингга жасадингни юборишади. Бу гаплар хаёлимдан
бир сонияда кечди.
Гумбурлаш тағин такрорланди. Шлемофон рациясидан взвод командирининг товуши
эшитидди:
— Размах! Тирикмисан?
— Тирикман, ўртоқ командир!
— Нега ишламаяпсан? Буйруқни беихтиёр такрорладим:
— Яна бешта снаряддан ўт оч!.. Ўртоқ командир, омборга ракета тушди. Снарядлар
портлаяпти.
— Қўрқма! — деди командир тасалли бериб. — Ҳаммаси бирдан портламайди. Охирги
снаряд ёрилгунча кутасан. Танкдан чиқиш тақиқланади.
Карвон ўтиб бўлган, душман ҳам ўт очишдан тўхтаган, аммо биз ёнбошимизда портлаётган
снарядларнинг гумбурлаши, танкнинг титраб-қақшашини кутиб ўтиришга мажбур эдик. Танк
ичи порох ҳидига тўлиб, қизиб кетган, Хайриддин бўғилиб йўталар эди. Снарядлар эса
шошилмай, битта-битта портлашда давом этарди.
— Қанча қолдийкин, Виктор? — дедим ички алоқада. — Ким билади дейсан? — Виктор чарс чекди шекилли, димоғимга ўткир ҳид урилди.
Шлемофонда командирнинг овози эшитидди:
— Шошма, Размах етмиш олти! Кутиб тур...
... Ярим кунча кутдик. Сўнгги снаряд портлаб бўлганидан кейин ҳам йигирма дақиқалар
пойлаб турдик.
Командирнинг буйруғи билан люкни очмоқчи эдим, кучим етмади. Елкамни титраб
кўтарсам, қандайдир оғир юк нари сурилгандек бўлди. Люк қопқоғини харсанг босиб қолган
экан. Юзимга муздек ҳаво, ёмғир урилди. Қарасам, снаряд омборининг ўрни ҳовузга айланиб
қолибди. Замбаракнинг мис гильзалари бетартиб сочилиб, тутаб ётибди. Танкимиз тошлар
уюми орасига кўмилиб кетибди.
Ноябрь ойининг боши
Хосиятсиз туш кўрдим. Отам ҳовлидаги сўрида ётганмиш. Тагида кўрпача ҳам йўқ, қуруқ
тахта устида ётибди. Дада, кўрпача солиб берай, десам, индамайди. Нуқул йиғлайди. Дадамнинг
йиғлашини ҳеч кўрган эмасдим. Қўрқиб кетибман. Ёнига югуриб борсам, дадам ғойиб бўлиб
қопти.
Ярим кун хомуш бўлиб юрдим. Охири Хайриддинга дардимни ёрдим.
— Қизиқмисиз, жўра! — деди Хайриддин кулимсираб. — Кўз ёши ёруғлик бўлади. Ниятни
яхши қилинг, жўра! Яхши ниятгаям, ёмон ниятгаям фаришта омин дейди.
— Айтганингиз келсин, — дедим елкасидан қучиб. Ажойиб йигит-да Хайриддин! Кўзлари
шунақа самимийки, ичида ғубор йўқлиги шундоқ кўриниб туради. Танк ўқлаш эмас, бошланғич
синф болаларини ўқитиш ярашади Хайриддинга!
Ноябрь ойининг ўрталари
«Губба»га тушишимга бир баҳя қолди. Худо ярлақаб қисмга келган эдим. Онда-сонда
постдан қисмга келиб-кетишга рухсат бўлади. (Ўшанда ҳам «карвон»га қўшилишга ижозат
тегса.) Постдагиларга почта, сигарет, лезвие, совун дегандек майда-чуйдаларни олиб келиш
сенинг зиммангга тушади. Менга хат йўқ экан. Руҳим тушди. Шаҳнозадан-ку, ҳафтада хат
келиб турибди. Қизиқ, уйдагилар нега ёзмайди? Тинчликмикан? Гарангсиб, магазинга кирдим.
Магазин тушгача офицерларга, пешиндан кейин солдатларга хизмат қилади. Инсоф билан
айтганда, дўконда одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса бор: Югославия сигаретидан тортиб,
япон магнито-фонларигача, ялтироқ «сим» рўмолдан тортиб, шода-шода дурларгача...
Солдатлар ўзига теккан маош — «чек»ларга нима харид қиларди? Сигарет, зажигалка...
Хайриддин қуюлтирилган сут сўраган эди (нима қилсин, чўчқа консерваси емайди, нуқул сутга
ружу қўйган). Саша билан Виктор сигарет сўрашган... Дўкон эшигидан киришим билан лабини
беармон бўяган, совуқ бўлса ҳам кўксини ярим яланғоч очиб, бўйнидаги шода-шода дурни
намойишкорона ялтиратиб турган сотувчи бобиллаб берди:
— Магазин ёпиқ, чиқ!
— Ҳозир очилди-ку, — деган эдим, негадир жахди чиқиб кетди.
— Переучёт деб ёзиб қўйибди-ку, галварс! — деди бакириб. — Рус тилини биласанми ўзи?
— Генераллардек қаддини ғоз тутиб буюрди. — Кругом марш!
— Эй, баба! — дедим ғазабдан титраб. — Сен ким бўпсанки, менга буйруқ берасан!
Кимдир билагимдан тутди.
— Юр, танкист, юр!
Жаҳл билан бурилиб қарасам, ёнимда бушлат кийган танкчи йигит турибди. Ўрис йигит.
Танимадим-ку, ҳар қалай ўзимизнинг батальондан бўлиши керак.
— Юр, земляк, юр, — деб ташқари судради.
Беш-ўн қадам юришимиз билан рўпарадан келаётган майорга кўзим тушди. Ўлганимнинг
кунидан честь бердим. Шилтиллатиб қор босганча нари кетдик.
— Эсинг жойидами, земляк! — деди танкчи овозини пасайтириб. — Олиша кўрма бу
хотинлар билан. Эрига бир оғиз, «ҳақорат қилди», деб шипшиб қўйса, нақ трибуналга тушасан,
тентак!
— Кимнинг хотини у? — дедим ҳамон ғижиниб.
— Қаёқдан билай! — танкчи елкасини қисди. — Биронта каттароқ офицернинг «прокат»га
олган хотини-да! Бу ерда ҳамма катталарнинг «вақтинча» хотини бор: сотувчи, кир ювувчи,
санитарка... Нотаниш ҳамкасбим ғалати илжайиб Қўйди.
— Тўғри-да! Ўлсинми, булар ҳам. — У елкамга дўстона қоқди. — Сен жангга кириб, ўлмай
чиқсанг Ватан номидан раҳмат эшитасан, катта офицернинг «прокат»га олган хотини бўлса,
Ватан олдидаги «хизматлари» учун орден олади! Билдингми!
Ниманидир англагандек бўлдим.
Янги келган кунларим кечалари офицерлар модули томонидан қулоғимга бот-бот кириб
турган гармонь товуши, хотинларнинг қийқириғи, кулгиси эсимга тушди.
— Эҳ, танкист, танкист! — деди ҳамкасбим аламнок илжайиб. — Содда экансан. Солдат
уйига тирик қайтса дипломатига бир пачка сақич солиб кетади. Ўшандаям таможняда олиб
қўймаса! Офицер таътилга борса, чамадонларини самолётга чиқаргунча терлаб кетасан. Қаёқдан
олади шунча нарсани? — Нотаниш танкчи овозини янаям пасайтирди: — Афғондан!
Тушундингми? Афғондан.
Анграйиб қолганимни кўриб, тағин елкамга қоқди:
— Уруш ўз йўлига, ҳаёт ўз йўлига! Бизда нима кўп: диз-топлива, керосин, КамАЗ
ғилдираклари, алюмин қошиқлар... Афғонда нима кўп: радиотехника, япон соатлари, наркотик,
латта-путта... Қарабсанки, савдо авжида. Воситачилар ҳам топилади, таржимонлар ҳам. Бир
айтдим-қўйдим, танкист! Офицерни сен десанг ҳам, «прокат»га олган хотинини сиз дегин!
Ўша кеча
Ғалати туш кўрдим. Тўйимиз бўлаётганмиш. Ёнимда Шаҳноза ўтирганмиш. Эгнида атлас
кўйлак, бўйнида шода-шода дур. Негадир лабини қизил бўёққа қуюқ чаплаб олганмиш. Тўйга
нуқул солдатлар, офицерлар келганмиш. Тағин ҳаммаси бегона одамлар. Муттасил гармонь
ғийқиллармиш. Шаҳнозани бағримга тортсам, қаршилик қилмасмиш... Негадир ёмғир еғаётган
эмиш. Қарасам, ёнимда ҳеч ким йўқмиш. Бир ўзим қолибман. Ёлғиз ўзим. Вужудим титраб
уйғондим. Совуқ эди. Анчагача қаердалигимни билмай карахт бўлиб ётдим. Охири, постдаги
«уйчамиз»ни танидим. Печка ўчиб қопти. Саша, Виктор, Хайриддин уйқуни уряпти...
Ноябрнинг охири
Бугун мен учун байрам бўлди. Бир йўла учта хат олдим. Акам уй ичилар тинчлигини,
дадамдан асло хавотир олмаслигимни тайинлабди. Шаҳноза бўлса, ғалати гап айтибди:
«Суратингиз жуда чиройли чиқибди... Пскентда Дилянинг холаси бор экан. Янги йил арафасида
бориб келамиз, деб қўймаяпти. Майлими борсам?»
Учинчи хат устига «Жалилов Турсунбойдан» деб ёзилган экан. Ҳайрон бўлдим. Қайси
Турсунбой бўлди бу? Э-ҳа! Мендан уч йил оддин мактабни битирган Турсунбой ака-ку!
Айтмоқчи, у ҳам Афгонистонда эди шекилли? Бундан чиқди, соғ-саломат қайтибди-да.
Хайрият!
Турсунбой аканинг хати оғир таассурот қолдирди.
«Жон укам, сенинг олдингда гуноҳкорман, - деб ёзибди у. — «У ёқда» хизмат
қилаётганингни акангдан эшитган эдим. Холамлардан хабар олай деб кирибман-да,
кўнгилларини кўтараман, деб қовун туширибман. «Хола, хафа бўлманг, ҳозир Афғонистон
тинчиб қолди, мана, ўзим ҳам хизмат қилиб келдим-ку, ҳеч кўнглингизни бузманг, эрта-индин
Рустамжон ҳам келиб қолади», дебман. Уйга келсам, онам қаттиқ койидилар. Эсинг борми,
аҳмоқ, холанг Рустамжоним Мўғулистонда хизмат қиляпти, деб юрибдилар-ку, дедилар. Қайтиб
чиқдим. Бир нарса ҳеч хаёлимдан кетмаяпти, жон ука... Ҳамон ўзимни гуноҳкор сезаман...
Чиқсам, холам дарвоза олдида турибдилар. Офтоб ботаётган эди. Холам қиблага қараб узоқ
илтижо қиддилар... Рости, олдиларига боришга юзим чидамади. Рустам! Укажон! Холамларга
кўпроқ хат ёз. Ўзимнинг бошимдан ўтган, биламан-ку! Мен уйингдагилардан тез-тез хабар олиб
тураман... Яна бир гап, ука! Худо хохдаса, эсон-омон қайтиб келсанг, тўйингда куёвжўра
бўлмаган номард!»
Декабрь ойининг боши
Дадам яна тушимга кирди. Тоғли йўлдан «Нива» ҳайдаб бораётган эмишман. Бир қарасам,
ўзимизнинг Тошкент — Қўқон йўлига ўхшайди, бир қарасам, Афғонистонга... Дадам ясан-тусан
қилиб олганмиш. Бошида янги дўппи... Эгнида қора костюм. Фақат оёғида доим кийиб
юрадиган, оқариб кетган жигарранг этиги. Гаплашдикми, йўқми, эслолмайман. Бир маҳал
осмонда вишиллаган овоз эшитилди. «Дада,! Снаряд! Снаряд!» — дебман бақириб. Шундоқ
машина ёнида снаряд портлабди. Дадам машина эшигидан отилиб кетибди. Қарасам, тошлар
орасида йиқилиб ётибди. «Кетавер, ўғлим, кетавер», — дермиш қўл силтаб. «У ёқда духлар бор,
дада», десам, нуқул қўл силкитармиш. «Кет, болам, сен кетавер!» дермиш.
Чўчиб уйғониб кетдим... Акамга хат ёздим: «Дадам нега ёзмайдилар? Нима бўлди? Ўз
қўллари билан хат ёзсинлар!»
Декабрь ойининг ўрталари
Қалин қор ёққан. Совуқ... Бу ернинг табиати ҳам, одатлари ҳам ғалати. Қиши ўлгудек совуқ.
Ёзи ўлгудек иссиқ. Бошқа жиҳатлари ҳам бор. Масалан: афғон қишда кўп ҳужум қилмайди.
Лекин йўлдан уларнинг машинаси ўтмай қолса, ҳушёр бўлиш керак: мина қўйган. Мабодо
«улар» икки-уч кун катта йўлдан юрмаса, демак, отишма бўлади...
Одатдаги кунлардан бири эди. Кеча қор ёққан, бугун эса чиннидек тиниқ осмонда офтоб
чарақлаб турибди. Тушга яқин пост рўпарасида иккита БМП тўхтади. «Шиндонга кетяпти», деб
ўйладим танк ёнида турганча. Шу пайт БМПдан бушлат кийган гавдали одам сакраб тушди.
Мен томонга узоқ қараб турди-да, қичқирди:
— Рустаммисан? — Овозидан танидим.
— Темур ака! «Уйча»мизга отилиб кирдим.
— Хайриддин! Темур ака кедди!
Қор босган сўқмоқдан сирғана-сирғана пастга, катта йўлга югурдик. Темур ака билан
қучоқлашиб кўришарканман, димоғимга чарс ҳиди урилди.
— Бормисиз? — десам, Темур ака бош бармоғини диккайтирди.
— Чики-пики! Разведкачилар билан унча-мунча офииерларинг ҳам ўйлашиб гаплашади.
Ўзинг қалайсан?
Ўша заҳоти югуриб келган Хайриддинни даст кўтарди-да, чирпирак қилиб айлантирди.
— Сен бола, ўзингни асра! — деди ясама пўписа қилиб.
Шунда... Темур аканинг ранги бир ҳолатга келиб қолганини, кўзларининг таги кўкариб
кетганини пайқадим.
— Ҳамма жой-жойига! — деган асабий буйруқ янгради. Темур ака яна менга қучоғини очди.
— Рустам,—деди шошқин пичирлаб. — Шу болани эҳтиёт қил! Биласан-а, имонли йигит!
— Ҳамма жой-жойига!
Темур ака ўрнидан жила бошлаган БМПга тирмашар экан, ҳайқирди:
— Хайриддин, — деди кулиб. — Эсингдан чиқмасин, укам... Мабодо менга бирон гап бўлса,
бир калима Қуръон...
Юрагим шув этди. БМПлар қорни тўзғитганча шиддат билан узоқлашди. Қарасам,
Хайриддиннинг кўзлари жиққа ёш...
Декабрь ойининг ўттиз биринчи куни
Пост командири қисмга бориб келишни буюрди. «Точка»га хат-хабарлар, янги йил
дастурхонига ўзимизга яраша ноз-неъматлар олиб келиш керак экан. Шиндон томон кетаётган
колоннадаги БМПга чиқиб олдим. Постларнинг ораси йигирма-йигирма беш чақирим. Қор
учқунлаб турар, совуқ эди. Қанча юрганимизни билмайман. Бир маҳал карвон тўхтаб қолди.
Мен ўтирган БМП карвоннинг олдироғида эди. Нима гап бўлганини билолмай машинадан
тушдим. Ўша томон юрган эдим, карвоннинг энг бошидаги танкдан эллик қадамча олдинда
турган БТРни кўрдим. Ҳайрон бўлиб, яқин бордим. БТР томондан кимдир зарда билан бақирди:
— ...еб ғўдайиб турибсанми, ёт!
БТР орқасида қорга дум тушиб ётган капитанга кўзим тушди.
— Ёт, аҳмоқ!—деди капитан ўдағайлаб.
Беихтиёр ўзимни панага олиб, қорга узала тушиб ётдим.
Шундагина йўл устида ғимирлаётган уч нафар солдат, уларнинг атрофида ғингшиб
айланаётган овчарка итга эътибор бердим. Хаёлимга ўқдек хатарли фикр келди. «Мина бор
экан!» Шунча пайтдан бери йўллар тинч эди. Бундан чиқди, «дух»лар шўравийларга «байрам
совғаси» қилишни яхши кўради, деганлари тўғри экан.
Сапёрлар шошилмай ҳаракат қилар, кўринишидан осойишта эди. Иккитаси чўнқайиб
ўтирибди. Биттаси — шуф ушлагани тик турибди. Ҳаммасининг ранги ўчиб кетганини,
чўнқайиб ўтирганлар дам-бадам пешонасидан оқаётган терни билаги билан сидириб
ташлаётганини кейин пайқадим.
— Ўртоқ капитан, — деди чўнқайиб ўтирганлардан бири минадан кўз узмай. —
«Итальянка!»
— Зарарсизлантир! — БТР панасида ётган капитан бўйнини ичига тортиб буюрди: —
Зарарсизлантир!
Сапёрлар анча уринди. Атроф сокин, қор учқунлари юзимга урилаётганини аниқ эшитиб
тургандек эдим. Ниҳоят, сапёр энгашган кўйи дадамнинг «Нива»сидаги ҳаво фильтрига
ўхшаган, япасқи кастрюлькадек нарсани чуқурдан тортиб ола бошлади.
Тўсатган гумбурлаган овоз еру кўкни ларзага солди. Тик турган сапёр билан ит бир томонга,
энгашиб ўтирганлар бошқа томонга учиб кетди.
Жонҳолатда югуриб бордим. Алланимага қоқилиб кетдим. Қарасам, қор устида қўл ётибди...
Қўл билақдан чўрт узилиб кетган, қон оқаётган гўшт орасидан оппоқ суяк туртиб чиқиб турар,
бармоқлар эса, нуқул қорни чангаллаб ғимирлар эди. Даҳшат ичида ўзимни орқага ташладим.
Оёғим остида одам боши думалаб ётарди. Кўзлари ола-кула, тилини ғарчча тишлаб олган... Бир
қаричча сарғимтир кекиртак ҳамон нафас олаётгандек қорда биланглайди... Қандайдир ёвуз,
бешафқат қўл шўрлик каллани кекиртаги билан узиб олгану улоқтириб юборгандек. Чучмал қон
иси димоғимни ёриб юборгудек бўдди.
Кўз ўнгим қоронғилашиб, чўккалаб қолдим. Кўнглим ағдарилар, лекин қуса олмасдим. Январь ойи
Бир ҳафта ухлолмадим. Кўзимни юмдим дегунча қорда думалаб ётган калла, биланглаётган
сарғимтир кекиртакни кўраман... Хаёлимга мудҳиш ўй келади. Сен ҳам ўша боланинг ҳолига
тушишинг мумкин.
Февраль ойининг ўрталари
Ниҳоят, дадамдан хат келди. Акам отамнинг хатини ўзиникига қўшиб жўнатибди.
«Рустамжон! Ўғлим! — дебди дадам. — Соғ-саломатмисан? Нега мендан хавотир оласан,
болам! Худога минг қатла шукр, мен яхшиман. Биласан-ку, иш кўп. Годоюй атчўт пайти... У
ёқларга кетганинг учун мен ҳам айбдорман. Олиб қолишим керак эди. Ўша пайтда қўлимдан
келарди... Майли, қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади. Биламан, Рустамжон! Сен —
азамат йигитсан... Онангни куйдирма. Тез-тез хат ёзгин. Онанг шўрлик бу дунёга келиб, нима
рўшнолик кўрди!..»
Февраль ойининг ўрталари
Постда БТР тўхтади. Бир гуруҳ йигитлар постдаги «уйча»мизга қора чопон кийган, салла
ўраган эчкисоқол «дух»ни судраб киришди. Пост бошлиғи бир ёққа кетганмиди, атайлаб ғойиб
бўлдими, билмайман. «Дух»ни суянчиқли курсига ўтқазиб оёқ-қўлини чандиб боғлашди.
Аллақаердан сим топиб, бир учини аккумуляторга улашди-да, бир учини «дух»нинг оғзига
тиқишди. Афғон аъзойи бадани қалтираб, ўкириб юборди. Бошидан салласи учиб кетди... «Дух»
қанча ўкирса, йигитлар шунча завкланиб хахолар эди. Афғон ҳушига келганида нуқул бир
гапни қайтарарди: «Ман — дўст! Ман — дўст!»
— Дўст бўлсанг, автоматни қаёққа олиб кетаётгандинг? Нега қочдинг? — Йигитлар шундай
деб, симни яна оғзига тиқади. «Дух» кўзи косасидан чиқиб дод солади.
Хайриддин бунақа томошага тоқат қилолмади шекилли, югуриб ташқари чиқиб кетди.
Биламан, Хайриддин пуштунчани озми-кўпми тушунади. Кетидан чиқсам, ранги ўчиб кетган,
юзига қор ишқалаяпти.
— Нима гап? — деган эдим, тушунтирди.
— Йигитлар туяда қурол олиб кетаётган «дух»ни қўлга туширибди. — Хайриддин юзини
бурди. — Одам боласини шунчалик қийнаш шартми, жўра!
Бир маҳал «уйча»дан Саша чиқиб келди.
— Парво қилма, командир! — деди елкамга кафтини босиб. — Аккумулятор токи одамни
ўлдирмайди. Бирпас «танца» туширишади-да, «дух»ни сарандойларга топшириб юборишади...
Февраль ойининг охири
Кечаси билан тишим оғриб чиқди. Жағ тишим... Худди биров миямни эринмасдан
пармалаётганга ўхшайди. Шунақанги азоб бердики, думалаб бўкиргим келарди. Хайриддин ҳам
мижжа қоқмади. Гоҳ сочиқни печка дудбуронида иситиб, лунжимга босади, гоҳ илиқ сув
ичириб қўйади. Виктор тумшуғимга чарс тиқиштиради... «Битта тортгин, ўтиб кетади», Дейди.
«Йўқот!» дейман...
Эрталаб туриб синиқ кўзгуга қарасам, чап лунжим оқиб тушган нонга ўхшаб қопти. Пост
бошлиғи ҳазиллашди:
— Зиёни йўқ, сержант. Тўйинг бўлгунча тузалиб кетади. — «Тузалиб кетармиш! Ўзингники
шунақа оғрисин, лунжимдан яраландим, деб медалга ёздирарсан!»
«Дард кетидан қувонч келади», деганлари рост экан. Уйдан хат олдим. Илҳом акам
ойимнинг гапларини сўзма-сўз ёзиб юборибди:
«Рустамжон, жон болам. Мўғулистонда совуқ қаттиқ бўлади, дейишади. Қийналаётганинг
йўқми? (Ойим маладес-да! Қаерда юрганимни мендан яхши билади-ку, ҳар хатимни «Қардош
Мўғулистондан салом» деб бошлаганим учун мени ёлғончи қилгиси келмайди.) Худодан
соғлиғингни тилаб ўтирибман. Қаерда бўлсанг ҳам жонинг омон бўлсин... Янги йил арафаси
уйимизга меҳмонлар келди: учта қиз... Бир-биридан чиройли, бир-биридан одобли. Айниқса,
биттаси бошқача экан. Оти — Шаҳноза. Менга нима деди дегин? «Ойижон, — деди. — Ташвиш
қилманг, Рустам ака эрта-индин келиб қоладилар», деди. Қанийди, менга шундоқ келин ато
қилса. Насиб этса, келишинг билан тўйни бошлаймиз. Ўша қиз сен билан ўқийдими? Онам рози
бўлсин десанг, ҳар куни хат ёз Шаҳнозага!»
Чеҳрам ёришиб, тишимнинг оғриғи ҳам эсимдан чиқиб кетди. Вой Шаҳноз тушмагур-эй!
Вой шум-эй!
Март ойининг охирлари
Баҳор — барчага баравар! Шоҳона саройлар олдидаги гулзор нима, гўристонда маъюс
дўппайган қабрлар нима — танлаб ўтирмайди. Ҳаммасини бир текис майсаларга буркайди.
Барчасига баравар меҳр ила чечаклар улашади. Кеча пастга,- сув бўйига тушдим. Катта йўл
четида қачондир узилиб кетган танк занжири занглаб ётибди. Худди аждар терисига ўхшайди.
Қарасам, «аждар териси» орасида бир нима қизариб кўриняпти. Яқин бордим... Танк занжири
орасидан майсалар гуркираб ўсиб чиқибди. Иккита қизғалдоқ баҳор шабадасида силкиниб
турибди... Дўзах оловида ёнган занжирни ҳам, урушни ҳам, мениям масхара қилаётгандек...
Ажиб ҳақиқатни англагандек бўлдим. Баҳор учун барча баравар. Кўклам қуёши рўпарада, довон
томонда туриб бизларга реактив снаряд отаётган «дух»нинг бошидан қанча мўл-кўл нур сочса,
душманни танкдан ўққа тутаётган бизнинг бошимиздан ҳам шунча нур сепаверади. Баҳор
шабадаси бизнинг юзимизни қанчалик эркалаб сийпаласа, уларниям шунчалик сийлайверади...
Баҳор — урушни тан олмайди!
Апрель ойининг боши
Шаҳноза ўрисча, ўзбекча газеталардан қирқиб олинган мақолаларни хатига қўшиб
юборибди. Деярли ҳаммасида қайта қуриш, ошкоралик деган сўзлар... Мақолалардан бирида
Афғонистон уруши адолатсиз эканини ёзибди. Бу гапни жудаям аниқ қилиб айтмаган бўлса ҳам
маъно шунга келиб тақалади. Ҳайрон бўлдим. Бу ёқда замполитлар қаҳрамонликка ундайди,
савр инқилоби душманларига шафқат қилмасликка чорлайди. У ёқда...
Апрель ойи
Билмаган одам уруш деганда нуқул отишмалару портлашларни тушунади. Тўғри,
отишмалар ҳам бўлиб туради, портлашлар ҳам. Бироқ энг жонга тегадигани бу эмас. Энг ёмони
— ҳамиша кўнглинг ғаш бўлиб юрасан. Негалигини ўзинг билмайсан. Янаям ёмони — зерикиш,
ўлик сукунат. Снаряд қутилари-ю тошлардан наридан бери қўнқайтириб ясалган «уйча»дан
туриб, ҳар куни бир хил манзарани кўрасан. Куну тун бир хил манзара. Шундан кўра тезроқ
отишма бўлишини ёки экипажингни «точка»дан олиб, жангга ташлашларини хоҳлаб қоласан..
Ўша куни
Тушлик пайти Хайриддин кўринмай қолди. Қўрқиб кетдим. Югуриб «уйча»дан чиқсам,
қоятошлар орасидаги сўқмоқдан битта-битта юриб тепага' кўтариляпти. Қўлида
лолақизғалдоқлар, чўл чучмомалари...
— Э, қаёқда юрибсиз? — десам, маъюс жилмайиб қўйди.
— Биласизми, жўра? — деди гул териб юрганидан ўзи хижолат бўлгандек кулимсираб. —
Ўйлаб қарасам, уруш тескари ҳақиқат дегани экан. Одам бўлгинг келса, шафқатсиз бўл. Ўлгинг
келмаса — ўлдир. Қизиқ-а, жўра...
Апрель ойининг ўрталари
Тағин тишим оғрий бошлади. Оғриқ кучайгандан-кучайиб, ДОД дейдиган аҳволга келдим.
Нима қилай ахир! Бошимни Деворга уриб ёрсам қутуламанми бу азобдан!..
— Хайриддин! Танкда омбур бор, олиб келинг, жон дўстим!
Хайриддин худди ўзининг жони оғриётгандек юзимни силади.
— Сабр қилинг, жўражон! Дардни берган Худо давосиниям беради.
Тажангланиб турганимни кўриб, юпатди:
— Хафа бўлманг, жўра, насиб этса, ҳаммаси изга тушиб кетади. Тиш оғриғи, кўз оғриғи —
қутлуғ дард. Ухланг, жўра.
Уйқу келса, қани! Хаёл минг кўчага олиб киради. Уйимиз кўз ўнгимга келди. Ойим...
Дадам... Шаҳноза... Ўзимизнинг анҳор... Ўзимизнинг наъматак...
Ўрнимдан турдим. Эшик ғийқиллаши билан Хайриддин уйғонди.
— Оғрияптими? — деди уйқу аралаш хавотирланиб.
— Йўқ, дўстим, ётаверинг!..
Ташқари чиқиб, харсанг қиррасига ўтирдим. Салқин шамол эсиб турибди. Чигирткалар
мастона нағма чалади. Ҳаммаёқ сокин. Бир маҳал Хайриддин ёнимга келиб ўтирди. Озғин
елкаси билагимга тегиб турибди. Осмонда янги ойнинг олтиндек тиниқ, нозик ўроғи ялтирайди.
Ҳов нарида, рўпарадаги қад кериб турган тоғлар ғира-шира нур қўйнида мудраб ётибди. Гавҳар
доналаридек йирик-йирик юлдузлар сирли порлайди. Ана, Олтин Қозиқ. Униси — Катта Айиқ...
Ҳов ана, кунботар томонда Зуҳро юлдузи милтиллаб турибди. Бир вактлар Хумсонга —
Опоқтоғамникига борганимда кечаси худди шунақа манзарани кўрган эдим... Ҳаммаси таниш,
ҳаммаси қадрдон. Ва ҳаммаси... сенга ёт...
— Ўша ой, ўша юлдузлар... — дедим ўзимга-ўзим. — Аммо барчаси бегона...
Хайриддин кулди. Елкалари силкиниб кетди.
— Шунақа денг?
Ҳайрон бўлиб бурилиб қарадим. Қизиқ, Хайриддин камдан-кам кулар эди.
Ҳозир бўлса, елкалари силкиниб-силкиниб куляпти.
— Бегона денг, жўра! — деди ҳамон кулиб. — Улар бизга бегона эмас, биз уларга
бегонамиз!
Кейин тўсатдан кулгиси кесилди.
— «Донолар ҳаётни кузатурлар жим»... — деди ўйчанлик билан. — Ёзуғимизни қарангки,
ҳаётни идрок этишга ҳам қўймадилар...
Бир ҳафтадан кейин
Бахтимга карвон ўтиб қолди. Пост бошлиғи карвонни бошқариб бораётган капитандан мени
медсанбатга олиб боришни илтимос қилди.
— Навбатдаги «ип» билан қайтасан, — деди менга. Қисмгача эллик чақиримдан кўп. Бир
қўлим билан жағимни чангаллаб, бир қўлимда автоматим солинган сафар сумкасини ушлаган
кўйи йўл-йўлакай инқиллаб бордим. (Қоида шунақа: ҳар қандай вазиятда ҳам қўлдан қуролни
қўймаслик керак.) Тиш дўхтир, мендан ҳам найнов, гавдали йигит экан. Пармаловчи
машинасини кўришим билан оғриқ тақа-тақ қолса денг! Дўхтир дўмбира бўлиб кетган жағимни
сийпалаб кўрди. Оғзимга ялтироқ темир тиқиб, томоша қилди... Бир маҳал миямга биров мих
ургандек ўкириб юбордим.
— Томоша қил! — деди дўхтир омбирга қисилиб турган, ярми кўкариб кетган тишимни
бурним тагига тиқиштириб. — Уч кун фурацилин билан оғзингни чайиб турасан!
... Батальонга етиб келганимда рухсат этилган муддат ўтиб бўлган эди. Бу ёғи «точка»га
йигирма чақиримча бор. Танк батальони командирига шундоқ-шундоқ, деб аҳволни
тушунтирдим.
— Бугун-эрта йўлга чиқадиган карвон йўқ, — деди капитан. — Майли, бир йўлини қиламиз,
еттинчи постдан яна бир солдат бор.
«Яна бир солдат» дегани Хайриддин экан. Минг йил кўришмагандек, қучоқлашиб кетдик.
— Тишингиз тузукми? — деди юзимга тикилиб.
— Қутулдим! Ўзиям лўмбоздек экан. Илдизи учта!
— Сизсиз жуда сиқилиб кетдим, — деди Хайриддин маъюсланиб. У постдагиларга почта
олгани келган экан.
— Менга хат йўқми? — десам, айбдорона бош чайқади.
— Ташвиш қилманг, жўра, — деди юпатиб. — Янаги сафар, албатта, келади. — Бир зум
ўйланиб турди-да, юзимга тезгина қараб одди. — Пост бошлиғи нега рухсат берганини биласиз-
ми? — деди сирли кулимсираб. — Бугун — менинг туғилган куним.
Қайтадан қучоқлаб, қутладим. Бир маҳал комбат чақириб қолди.
— Зампотехдан илтимос қилдим. Сенларни йўлдан ташлаб кетади.
Сочларига оқ оралаган майор мен билан Хайриддинга Қараб қўйди-да, норози тўнғиллади:
— Қайси аҳмоқ бир экипаждан бира тўла икки кишига рухсат берди?
Бироқ комбат билан олишиб ўтиргиси келмади шекилли, бизларга буюрди:
— Чиқ иккалангам бортга!
Шоша-пиша «Урал» машинасига чиқиб олдик. Машинада юк йўқ эди ҳисоб. Иккита танк
аккумулятори, битта эски баллон. Резина ғилдиракка ёнма-ён ўтириб, гурунглашиб кетдик.
Бугун Хайриддин ҳар пайтдагидан шод эди, дам-бадам жилмайиб қўярди.
— Хат келди, — деди кулимсираб. — Онам туғилган куним билан табриклаб, суратини
юборибди. Худди шу бугун келганини қаранг...
— Қани? — деб қўл чўзган эдим, хижолат чекиброқ суратни узатди.
Бошига гулдор рўмол ўраган аёл Хайриддинникига ўхшаган ўйчан кўзлари билан маъюс
термулиб турарди. Қизиқ, нимасинидир ойимга ўхшатдим... Ҳамма оналар бир-бирларига
ўхшайди шекилли. Сурат орқасига нотекис ҳарфлар билан ёзилган сўзларга кўзим тушди...
«Оллога топширдим, болам! Ўзингни эҳтиёт қил...» Негадир машина тўхтади. Иккаламиз
баравар ўрнимиздан туриб кетдик. Машинамиз адир тепасида тўхтаган, пастда, анча олисда қоя
панасидаги муюлишда «Бурбухайка» (афғонларнинг юк машинасини шунақа деймиз) турар эди.
Олисда, қонталаш уфқда қуёш оғиб боряпти. Қатъий қоида бор: афғон машиналари катта
йўлдан қоронғида юриши тақиқланган. «Бурбухайка»нинг кечга томон йўлга чиққани шубҳали
кўринганми, бир чеккада тўхтаб туришими, ҳар қалай кекса майор «Урал» кабинасининг
зинасида турганча ўша томондан кўз узмас эди. «Бурбухайка»дан беш-ўн қадам нарида, йўл
устида қора чопонли бир одам тик турар, яна биттаси чўнқайиб ўтирарди.
«Мина қўйяпти!» — Хаёлимга яшиндек урилган фикрдан сесканиб кетдим. Душманнинг
куппа-кундузи мина қўйиши ақлга сиғмайдиган гап! Лекин улар ҳам айнан шунақа — шубҳадан холи пайтни танлаган бўлиши мумкин. Кейинги кунларда йўллар камқатнов бўлиб қолган,
пасқам жой... Майор кабинага ўтириб, эшикни қарсиллатиб ёпди.
— Ҳайда!
Бояги одамлар мотор овозини эшитиб, шу томонга қарадию шоша-пиша машинасига
югурди. «Урал» пастликка шўнғиди. «Бурбухайка» ўрнидан жадал жилиб, юриб кетди.
Бояги жойга етиб келганимизда янги кавланган чуқурга кўзим тушди. Ҳўл тупроқ қорайиб
турарди. Майор кабина деразасидан бошини чиқариб, «Бурбухайка» томонга автоматдан ўқ
узди. Трассаланувчи ўқлар оловли из қолдириб учиб бораётгани кўриниб турар, бу — тўхта,
деган буйруқни билдирарди.
«Бурбухайка» тўхташ ўрнига шиддат билан елиб борарди. Хайриддин иккаламиз
автоматларга ёпишдик. Афғон машинаси зум ўтмай тепалик ортига шўнғиб, кўздан йўқолди.
«Урал» қир устига чиққанида «Бурбухайка» тағин кўринди. Йўлнинг чап! томонида, бир
чақиримча нарида қишлоқ кўзга ташланарди. Энди ҳаммаси аён эди. «Дух»лар ими-жимида
мина қўйиб қоронғи тушмасдан қишлоққа кириб олишни мўлжаллаган. Эрталаб ҳеч нима
бўлмагандек, яна йўлига кетаверади.
Майор ўша томонга тағин ўқ узди. «Бурбухайка» катта йўлдан қишлоқ томонга бурилиб
адир тепасига чиқа бошлади. Аммо йигирма-ўттиз қадам юрмасдан кечаги ёмғирдан кейин
аталаси чиқиб кетган лойда тайғона-тайғона тўхтаб қолди. Кучаниб вағиллаганча
ғилдиракларидан лой сачратишга тушди. Бизнинг машина рўпарага келиб тўхташи билан
«Бурбухайка» кабинасида автомат тариллади. «Урал»нинг чап эшиги тарақлаб очилганини
эшитдим. Ҳайдовчимиз бошини чангаллаган кўйи чинқирганча кабина зинасига йиқилганини
кўрдиму ўзимни ерга ташладим. Қарасам, ёнимда Хайриддин ётибди. Ранги қув ўчиб кетган...
Майор ўнг эшикдан тушди. Оқсоқланиб кабина олдига ўтди-да, «Бурбухайка»га тўхтовсиз ўқ
уза бошлади.
«Бурбухайка» эшиги ҳам очилди. Саллали бир одам лойда тайғониб тепаликка қоча
бошлади. Аниқ кўриб турибман, «дух» бошини елкаси орасига тортиб, лойда сирғана-сирғана
қочиб борар, қўлида қуроли йўқ эди. Ё отишмада қуроли ишдан чиққан, ё автомат шеригида
қолган. Ҳозир буни ўйлаб ўтиришга вақт йўқ эди.
— Тўхта! — Хайриддиннинг овозида ҳаяжон, аниқроғи, қўрқув борлигини ҳис этдим.
— Тўхта! — деди Хайриддин адир томон югуриб. У қандайдир дақиқалар ичида «дух»га
яқинлашиб борди. Орада беш-олти қадам қолди. Жонҳолатда кетидан югурдим.
— Қўлингни кўтар! — деди Хайриддин қичқириб. «Дух» тўхтади. Секин бурилиб қаради-да,
қўлини кўтарди. Бошида салла, қоп-қора соқоли кўксига тушган, ранги қув ўчиб кетган эди.
Хайриддин ҳамон югуриб борар, негадир автоматини ўқталиш ўрнига ҳадеб бир сўзни
такрорларди:
— Қўлингни кўтар!
«Дух» ерга энгашгандек бўлди. Қўлида пичоқ ярақлади.
— Отинг, Хайриддин! От! — дедим нафасим бўғзимга тиқилиб. Шунда кутилмаган иш
бўлди. «Дух» бир ҳамла билан Хайриддиннинг автоматини қўлидан учириб юборди. Етиб
борганимда Хайриддин чалқанчасига ағдарила бошлаган эди. «Дух» унинг автоматига
энгашганида жағига тепдим. Салласи учиб кетиб, тақир боши яланғочланиб қолди. Қаддини
ростламоқчи эди, яна тепдим. Томоғидан ғиппа олиб, қанча бўғиб турганим ёдимда йўқ.
Хириллаб оғзидан кўпик келди. Типирчиламай қўйди. Шундагина ҳушим жойига келди. Йўқ,
хириллаётган «дух» эмас, Хайриддин экан. У шундоқ ёнимда ётар, қонталаш уфққа тикилиб
қолган кўзлари ўйчан ва сокин эди.
— Нега? — деди инграб. — Мен уни отмоқчи эмасдим-ку... Оғзидан қон сизиб, лабининг
четидан оқиб туша бошлади.
Негадир йўталди. Оғзидан варақлаб қон келди.
— Хайриддин! Дўстим! — Ҳўнграб йиғлаб юбордим. Қандайдир ички сезги билан «дух»
ғимирлай бошлаганини ҳис этдим. Илкис қарасам, чўккалаб Хайриддиннинг ерда ётган
автоматига қўл чўзяпти. Ёқасидан бўғиб силкита бошладим.
— Нима қиддинг, мараз! Нима қилдинг! — дедим йиғлаб.
— Қўйиб юбор! — У ожиз типирчилаб билагимга осилди. — Қўйиб юбор!
Шундагина бир нарса шууримга етди: «дух» ўзбекча гапираётган эди.
— Сен...—дедим ғазабдан қалтираб. — Сен...ўзбекмисан? Буям ўзбек-ку!—Башарасига
кучим борича мушт туширдим.— Буям мусулмон боласи-ку, ит! Нима ёмонлик қидди сенга!
— Сенлар ўзбекми! — «Дух» ёрилган лаблари орасидан қон тупуриб, тишларини
ғижирлатди. — Йўқ! Сенлар ўзбекмас! Сенлар мусулмонмас! — У эсдан оғгандек хахолаб
кулди.— Сенлар «шўравий!» Ким чақирди сени бу ерга! Ўз юртингни сотиб бўлиб, энди
Афғонни ҳам ҳаром қилмоқчимисан? Тўнғиз!
Хайриддин қаттиқ хириллади. Бир лаҳза кўзим тушиб қолди. Ботиб бораётган қуёшдан
мадад олмоқчи бўлгандек ўша томонга қўл чўзиб, қаддини ростлашга уринган эди, йиртилиб
кетган комбинезони остидан қонга беланган ичаклари қайнаб чиқди. Қорасоқолнинг кўкрагини
мўлжаллаб тепкини босдим. У ётган жойида бир сапчиди. Тепкини босиб туравердим. Бош
чаноғи ёрилиб миясининг қатиғи сачраб кетганини, гўштлари, суяклари парча-парча бўлиб
атрофга отилаётганини кўриб турардим. «Магазин»даги ўкдар тугади шекилли, автоматнинг
тариллаши эшитилмай қолди. Фақат «А-а-а-а! А-а-а-а!» деган ваҳший ҳайқириқ ҳамон ҳавони
титратар эди. Кейин билсам... бақираётган ўзим эканман. Бир маҳал ҳаммаёқ жимжит бўлиб
қолди. Оёқ-қўлимдан мадор кетиб, Хайриддиннинг ёнбошига чўккаладим. У ҳамон уфққа
тикилиб ётар, очиқ кўзларида ҳайратми, ийманишми, шунга яқин ифода муҳрланиб қолган.
Кўм-кўк ўтлар устида ичаклари айқаш-уйқаш бўлиб чўзилиб ётганидан уялгандек, уларни
қорнига қайтиб солишга уринаётгандек, нозик бармоқлари билан чангаллаб олган эди.
— Бўлди, танкист, бас...
Бошимни кўтариб қарасам, ўн қадамча нарида кекса майор турибди. Бошяланг, оқ оралаган
сочлари ёйилиб чаккасига тушган...
— Тур, энди, ўғлим... — деди йиғлаб. «Бурбухайка» кабинасида яна бир «дух» мук тушиб
ётар,
йўл устида тўхтаб қолган «Урал»нинг ойналари чил-чил бўлиб кетган, бизнинг ҳайдовчи
қонга беланиб, зинада узала тушган кўйи қотиб қолган эди.
...Заставага келган заҳоти айтган биринчи гапим шу бўлди:
— Виктор! Чарсдан ол!
...Саша билан Виктор уч кунгача Хайриддиннинг овқатини тўшаги бошига келтириб қўйиб
юришди... Одат шу экан... Мен эса дўстимнинг руҳига ўзим билганча дуойи фотиҳа ўқидим...
...Хайриддиннинг ўрнига бошқа ўқловчи юборишди: латиш бола экан. Қизиқ... Яхши йигит
эди-ку, негадир ҳаммамиз бегонасираб турардик. Кейин билсам, Хайриддинни бутун экипаж
яхши кўриб қолган экан. Виктор ҳам, Саша ҳам...
Июнь ойи
Хайрият, постга бошқа экипаж юбориб, бизнинг танкни қисмга қайтариш ҳақида буйруқ
бўлди. Албатта, қисм ҳам — жоннинг ҳузури эмас. Тез-тез йўлга чиқиш, колонналарни ҳимоя
қилиб, «объект»ларга кузатиб қўйишга тўғри келади. Бошқаларни билмадим-у, менга «точка»да
туришдан кўра шуниси кўпроқ ёқади. Ҳар қалай, қисмда одам кўп... Кунинг тезроқ ўтаётганга
ўхшайди... Барибир Хайриддин хаёлимдан кетмайди. Қаёққа қарамай рўпарамга келиб, маъюс
жилмайиб тураверади. Уруш одамнинг дийдасини қотириб юборади дейишади. Бўлса бордир.
Аммо келиб-келиб, фариштадек беозор йигитнинг ўлиши... Ўйламай дейману, барибир хаёлимга келаверади. Ана, эс-ҳушини йўқотиб, телбаваш бўлиб қолган она темир тобутни
қучоқлаб дод соляпти. Тобут ичида ётган қорақош, қоракўз ўғлини кўриб тургандек... Темир
тобут нега бунчалик совуқлигини, формалин ҳиди қаёқдан келаётганини ўйлашга ҳоли йўқ.
Билмайдики, қути ичида жондан азиз боласининг ичак-чавағи ағдарилиб ётибди...
Июнь ойининг йигирма иккинчи куни
Чақчаронга карвон олиб бордик... Ўқ-дори ортилган КамАЗлар, бензавозлар, ҳатто автокран
ҳам. Карвонни кузатишнинг аниқ тартиби бор. Энг олдинда бошқарувчи танк, кетидан БТР,
ундан кейин КамАЗлар, кейин ,тағин танк, кетидан бошқа КамАЗлар, бензавозлар, автокран...
орқасидан яна БТР, уларнинг кетидан бизнинг танк, ортимиздан яна иккита БМП... Одатда,
бошқарувчи танкда минага дуч келса бешикаст портлатадиган мослама бўлади. «Тухум», дейди.
Аммо мина дегани ҳам анойи эмас. Баъзан карвон энди ўтиб бўлди деганингда тўсатдан портлаб
қолади. Механизми шунга мослаштирилган... Хуллас, йўл олис, хатарли эди. Энг хавфлиси
қишлоқ яқинидан ёки чакалакзор орасидан ўтиш. Хайрият, манзилга омон-эсон етдик.
Қайтишда тағин ўша тартибда йўлга тушдик. Бошловчи танк, юкини бўшатган бензавозлар,
БТР, юкини алмаш-тирган КамАЗлар, БМП, яна КамАЗлар, бизнинг танк, ортимизда иккита
БМП...
Атроф бийдек чўл. Танк ичи чангга тўлиб кетган. Нафас олиб бўлмайди... Бунақа пайтда ўқ
ўтмас нимча у ёқда турсин комбинезон ҳам ортиқчалик қилиб қолади. Икки кеча ухламаганмиз.
Автоматим тасмасини люк қопқоғига илганча, туйнуқдан бошимни чиқариб боряпман. Кўзим
юмилиб кетяпти. Бир лаҳза, ақалли бир сония ухлаб олгим келади.
Викторнинг хавотирли овозидан чўчиб уйғонгандек бўлдим.
— Мой босими тушиб кетяпти, командир. Мотор қизиб кетди.
Бошловчи танкка хабар қилдим.
— Ўртоқ командир! Етмиш олтинчининг мотори қизиб кетяпти.
Шлемофонда капитаннинг ҳорғин овози эшитилди:
— Тушундим... Олтмиш бир! Ортингдаги «қутилар» сени кутади.
Демак, тўхташим керак: «олтмиш бир», дегани — тўхта, деган маънони англатади.
«Қутилар» эса орқада келаётган БМПлар.
Карвон чанг кўтариб, йўлида давом этди. Бизлар бийдек чўлда тўхтаб қолдик. Орқамизда
турган БМПдагилар хуноб бўлишар, ҳар лаҳзада «тезроқ бўл, броня», деб қисташар эди:
Йўлга тушдик. Уч-тўрт чақирим юрмасдан танк яна секинлади.
— Командир! — деди Виктор хавотирланиб. — Мотор қизиб кетди. Яна бир чақирим юрсак,
двигатель ишдан чиқади.
Танк ичи чиндан ҳам дўзахдек қизиб борар эди. Бошловчи танкни чақириб, вазиятни
тушунтирдим. Шлемофондан капитаннинг норози тўнғиллагани эшитилди:
— Олтмиш бир. Сабр қил, шатакка олишади.
Люкдан бошимни чиқариб, атрофни кузатдим. Қуёш аёвсиз қиздирар, кўз илғагунча кетган
қумлар кўнгилда ғашлик уйғотар, олисда, йўлнинг ўнг томонида чакалакзор кўзга чалинар эди.
Бехосият жой... Бошқа танк келиши билан машинадаги сим арқонни унинг «думи»га уладик.
Танк вағиллаганча орқасидан қуюқ тутун, чанг-тўзон кўтариб судраб кетди. Ортимиздаги
БМПлар ҳам йўлга тушди. Ҳамон люкдан бошимни чиқариб, кузатиб борардим.
Пинакка кетдим шекилли... Онамни тушимда кўрдимми — ўнгимдами, билмайман. Аммо
овози қулоғимга ўқдек кирди:
— Кўзингга қара, болам, чуқур бор!
Даҳшатли гумбурлашдан танк силкиниб кетди. Бошим люк қопқоғига урилиб, ҳушимни
йўқотдим. Хаёлим жойига келганида беихтиёр энгашиб, пастга қарадим. Ўнг томондаги занжир узилиб кетган, танк мина портлаганда пайдо бўлган чуқурга ёнбошлаб қолган эди. Нариги танк
минадан қандай ўтиб олгани-ю. нега бизники портлаганига ақлим етмасди. Ўша заҳоти
чакалакзор томонда автомат тариллади. Бошим устидан ўқлар визиллаб ўтаётганини эшитиб
беихтиёр люк қопқоғини ёпдим. Танк яна бир силкинди. Викторнинг ҳаяжонли хитоби
эшитилди:
— Танк ёняпти, командир. Миномётдан отяпти! Чиндан ҳам зум ўтмай машина ичини
аччиқтутун қоплаб, ҳеч нима кўринмай қолди.
— Эвакуация люкига! — дедим бақириб.
Экипаж тушиб бўлишини кутиб турдим-да, охири ўзим ҳам танк тубидаги туйнукдан
эмаклаб ерга тушдим. Танкимиз қуюқ тутун ичида қолган эди. Чакалакзордан муттасил автомат
тариллар, орқадаги БМПлардан бири оёғи осмондан бўлиб ётар, атрофни дод-вой, сўкинишлар
тутиб кетган, нариги танк эса, замбарагидан чакалакзор томонга кетма-кет ўқ отар эди. Атрофда
ўқлар чийилларди. «Ўқ чийилладими, демак, четга кетган бўлади, ўзингга тегадигани овоз
чиқармайди», деган эски ақида хаёлимнинг бир чеккасида турган бўлса-да, танк панасидан
чиқишга юрагим бетламас эди. БМПдагилар пишиқ йигитлар экан. Чакалакзор томонга
муттасил ўқ узишарди. Тутаб ётган танк оддига эмаклаб чиқдим. Чакалакзор томонга
автоматдан кетма-кет ўқ уздим. Белим жиз этгандек бўлди. Тўғриси, оғриқ ҳам, қўрқув ҳам
сезганим йўқ. Автомат қўлимга ёпишиб қолганга ўхшар, ҳеч нимани ўйламай, нуқул отгим
келарди. Ўша томон эмакларканман, ёнбош томонда биров гапиргандек бўлди. Беихтиёр
бурилиб қарадим.
— Мама! Мама!
Димоғимга калла куйдирганда чиқадиган исга ўхшаган ҳид урилди. Қарасам, Сашанинг
сочлари ёниб, жизғанак бўлиб кетибди. Комбинезони куйиб, баданига ёпишиб қолган, юзлари
қорайиб кетган...
— Мама... — деди алаҳсираб. — Мамочка...
Тўхтовсиз ўқ узганча, чакалакзорга югурдим... Отишма қандай кутилмаганда бошланган
бўлса, шундай тугади. Атрофга сукунат чўкди. Ҳамон офтоб чарақлаб турар, чакалакзор тутун
ва оловга бурканган эди. Рўпарамда Виктор пайдо бўдди.
— Командир! — деди қўрқувдан кўзлари олайиб. — Ҳамма ёғинг қон-ку, Рустам!
Ажаб! Ҳамон оғриқ сезилмасди. Белимни ушлаб кўрсам, кафтимга илиқ, ҳўл нарса уннади.
Жон аччиғида уч-тўрт қадам юриб кўрдим. Кейин тўсатдан йиқилиб тушдим.
... Гувиллаган овоздан ўзимга келдим... БМПда кетаётганимни ғира-шира англадим. Йўқ,
аввал димоғимга аччиқ ҳид урилди. Кўзимни очсам, шундоқ Сашанинг бошига юзимни қўйиб
ётибман. Чамаси, Саша тамом бўлган, боши муздек, ҳамон куйинди ҳиди анқир эди. Қон
аралаш куйинди иси... Кимдир қорнимга қўлини ташлаб олган... Белим чидаб бўлмас даражада
оғрир, сув ичгим келарди... Жаҳл билан силтаб тортган эдим, ўша — кимнингдир қўли шилқ
узилдида, худди саржин ўтиндек, лўп этиб олдимга тушди... Яна ҳушдан кетдим.
Кечаси
Медсанбат дўхтири — сочлари оқарган киши бошимда жилмайиб турибди.
— Омадинг бор экан, солдат! Ўқ танк зирҳидан сачраб, белингга тегибди. Агар аортага тегса
борми, ҳозир яшикда ётган бўлардинг... — Гўё мен жарроҳлик илмини сув қилиб ичиб
юборгандек тушунтирди. — Умуртқа поғонасининг думғаза қисмидан иккита аорта томири
ўтади. Тушундингми? Ўқ ўшанга тегса — тамом эдинг! Ё бир сантиметр ўнгроққа — умуртқага
санчилса, бир умр инвалид бўлиб қолардинг.
Оғриқ баттар кучайган, аъзойи баданим ёниб борар, чанқаб кетган эдим.
— Маша! — деди дўхтир эшик томонга қараб. — Уролог қаёққа йўқолди?
Оппоқ халат кийган ёшгина, дўмбоққина жувон кириб келди.
— Текшир буни!—деди кекса дўхтир зарда билан. — Сенга тааллуқли жойи борга ўхшайди.
Қарасам, дўмбоқ жувон бемалол чойшабни очиб, белимдан пастини яланғочлаяпти. Бир
камим шу қолувди!
— Доктор! — дедим ялиниб. — Керакмас. Мен соппа-соғман! Илтимос!
— Илтимос эмиш! — кекса дўхтир қалин қошини чимир-ди. — Булар ҳаммаси олифта!
Бронжилет кийса ҳақи кетади! — деди қовоғини солиб. — Биламан, ўлмайсан! Аммо эшитиб
қўй: уйингга борганингдан кейин ҳам урологдан маслаҳат олиб турасан! Англадингми?
Урологдан!
Октябрнинг бошлари
Уч ойдан бери ҳеч нима ёзмадим. Умуман... Ҳеч ниманинг қизиғи йўқ менга. Ҳеч нимага
ҳайрон ҳам қолмайман... Қисмда Ҳар ҳафтада янги гап тарқалади. «Фалон жойда кўприк
портлабди». Хўш, нима бўпти? Кўприк бўлганидан кейин портлайди-да! «Битта «дух»ни тутиб
олиб, танк замбарагига тросс билан осишибди». Нима қипти! «Дух» бўлганидан кейин осиш
керак-да! Хоҳласа дарахтга осади, хоҳласа танк замбарагига!.. Бошимас, оёғидан осса, яна
яхши!
Елғиз қувончим юртимиздан келадиган хатлар... Шаҳноза суратини юборибди. Калта енгли,
оппоқ кўйлак кийиб жилмайиб турибди. Синчиклаб қарасам, суратдаги манзара таниш кўринди.
Ахир бу... ўзимизнинг анҳор-ку! Ана ўша харрак, ўзимизнинг наъматак! Вой, Шаҳноза
тушмагур-ей... Панага ўтиб суратини ўпдим...
Октябрнинг ўн еттинчи куни
Жанговар тревога эълон қилинди. Ҳаммаёқ югур-югур бўлиб кетди. Бундан чиқди, жанг
бўлади! Ким билсин, душман бирон объектга ҳужум қилгандир. Йўлда бораётган колоннага
шошилинч ёрдам керакдир. Ё бўлмаса, разведгруппа қамалда қолгандир... Ҳамма нарса бўлиши
мумкин...
Катта куч ташланганига қараганда жанг ҳам катта бўладиган кўринади. Танклар, БТРлар,
БМПлар елиб боряпти.
Кун пешиндан оғган... Куз осмони тиниқ, сокин. Тримпликсдан қизғиш тоғлар аниқ-таниқ
кўринади. Олисда, йўлдан бир чақиримча чеккада қишлоқ кўзга ташланади. Узокдан қараган
одамга афғон қишлоқлари, нима десам экан, мозористонга ўхшаб кўринади. Пахса деворли
уйларнинг томи Тошкент атрофидаги қишлоқларникига ўхшаб тунука ёки шифердан қиялатиб
ёпилган эмас. Фарғона водийсидаги уйларникига ўхшаган текис том ҳам эмас... Қандайдир
ғалати: ҳар бир уйнинг томи лойдан қуббасимон қилиб ясалган. Ҳафсала билан суваб қўйилган
қабрдек...
Танклар, БТРлар шиддат билан қишлоқ томонга бурилди. Ўша ёқда қуюқтутун, қизғиш
аланга кўзга ташланар, портлаш садолари эшитилар эди. Демак, қишлоқда жанг боряпти. Йўл
четида тўхтаб турган БМПга кўзим тушди. Маскахалат кийган йигитлар машина олдида
уймалашиб турарди. Устав бўйича танкни тўхтатишга ҳаққим йўқ. Кўнглимдан нима кечганини
ўзим билмайман. Механикка буйруқ бердим:
— Тўхта, Виктор! Бир минутга...
Люкдан бошимни чиқаришим билан қишлоқ томонда гумбурлаётган портлаш садолари,
автоматларнинг муттасил тариллаши яна қаттиқроқ янграгандек бўлди. Димоғимга тутун, порох
ҳиди кирди. Маскахалатли йигитлар йўл четида тўхтаган БМПга ўлик ортишаётган экан.
Ўликлар негадир яланғоч эди. Учта жасад машинага, плаш палатка устига қатор ётқизиб қўйилган. Ерда тағин иккитаси ётарди. Йигитлар портлаш овозларига, автоматларнинг
тариллашига парво қилмай, ўз юмушларини қандайдир совуққонлик, ҳатто хотиржамлик билан
адо этишар, бири жасаднинг қўлтиғидан, иккинчиси оёқларидан олиб, машинага ортар эди.
Навбатдаги жасаднинг қоп-қора сочларини кўриб, беихтиёр ерга сакраб тушдим. Яқин бордиму
сесканиб кетдим. Қип-яланғоч жасаднинг гавдаси оғир шекилли, машинага ўлик ортаётган
йигитлардан яна бири югуриб келиб, унинг белидан қучоқлаганча дўстларига кўмаклашди.
Шунда жасаднинг чап қўли шилқиллаб ерга осилди. Билагига татуировка билан қинғир-қийшиқ
қилиб ёзилган «Темур» деган сўзга кўзим тушди.
— Темур ака! — юрагим сирқиллаб, жасад бошига эгилдим. — Темур ака!
— Нари тур, танкист! — деди йигитлардан бири ҳансираб. — Ундан кўра жангга кирсанг-
чи!
— Темур ака!.— дедим инграгудек бўлиб. Ҳарчанд тикилиб қарамай афтини таний олмадим.
Жасаднинг юз-кўзи, аъзойи бадани қора қонга беланган эди. Шунда... Бир нарсани аниқ
кўрдим! Темур аканинг қулоқлари, бурни... ва... олати кесиб олинган эди! Қанча фурсат туриб
қолганимни билмайман.
Танк зирҳига қандай тирмашдим, люқдан қандай кирдим, эсимда йўқ.
— Бос, Виктор! — дедим ҳайқириб.
Шлемофондан командирнинг баджаҳл товуши эшитилди:
— Размах Етмиш олти. Нега тўхтаб қолдинг?
— Кетяпман, — деди хириллаб.
— Объектни жануб томондан айланиб ўт. Эҳтиёт бўл, мина бўлиши мумкин...
«Мина эмиш! Мина тугул атом бомбаси бўлмайдими!»
— Бос, Виктор!
— Люкни ёп, командир...
— Ўчир овозингни! Бос!
Пастак девор ортида саллали бош кўринди. Елкасидаги гранатомётни деворга тираб мен
томон рўпара қидди. Вужудимда ўлим шарпаси бир лаҳза ўрмалаб ўтгандек бўлди. Қизиқ,
негадир қўрқмадим. Тушунтириб беролмайман. Ажал билан рўпара келсанг-да, қўрқмасанг!
Шуниси ёдим-даки, хотиржам буюрдим:
— Учта снаряддан ўт оч!
Одамнинг талқондек майда-майда бўлиб кетишини ўз кўзим билан кўрдим. Тутун тарқалгач,
қарасам, девор ҳам йўқ, бояги саллали ҳам... Рўпарадаги қуббасимон уй ичидан автомат товуши
эшитидди. Ўқлар танк зирҳига урилиб чийиллаганча сакраб кетаётганини ҳис этиб турар, аммо
люкни ёпиш хаёлимга келмас эди.
— Ўт оч!
Қубба томли уй хотинларнинг упадонидек оппоқ кукунга айланди. Эсдан оғиб қолганга
ўхшардим.
— Виктор! Бос! Бос! — дердим нуқул бақириб.
Танк қутурган буқадек ўкирар, пулемётидан тўхтовсиз ўқ узганча йўлда дуч келган нарсани
пайҳон қилиб борар, қуббасимон томли уйлар, толми, қайрағочми, қандайдир дарахтлар, узум
токлари, думини хода қилиб, у ёқдан-бу ёққа югураётган сигир, қанотини жонсарак
патирлатганча учиб-қўнаётган товуқлар кўзга чалиниб қоларди.
— Бос! Бос! — дердим бақириб, автоматдан муттасил ўқ ёғдирардим.
Бир маҳал ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Ҳолдан тойиб, жойимга ўтирдим. Тримпликсга ўқ
теккан шекилли, ойнаси дарз кетган, ташқари кўринмасди. Атрофда гумбур-гумбурлар тинган,
ўқ овозлари эшитилмайди... Ҳатто танкнинг гувиллаши ҳам...
Танк жим. Автоматлар жим... Қишлоқ жим... Гўё ҳеч нима бўлмагандек.
Қаддимни ростлаб, атрофга қарадим. Ҳаммаёқ тутунга тўлган, осмонда чанг-тўзон муаллақ туриб қолган. Қишлоқда соғ уйнинг ўзи кўринмас, олисда қонга ботган калладек қип-қизил
қуёш уфққа чўкиб борарди.
Синчиклаб разм солсам, аллақандай ҳовли ўртасида турибмиз. Ипга илинган, ҳали қуриб
улгурмаган чойшаблар, хотинларнинг кўйлаги тупроққа қоришиб ётибди. Томи ўпирилиб,
девори қулаган уй ичидан тутун аралаш тўзон бурқсиб турибди. Ҳовли юзида қўй қумалоғига
ўхшаш қора нарсалар тупроққа қоришиб, ер билан битта бўлиб ётибди. Гарангсиб, узоқ тикилиб
қарадим-да, тушундим: майиз экан. Бир чеккада танк занжири эзғилаб, илма-тешик қилиб
ташлаган гилам... Одам қонидек қип-қизил... Аллақайси бурчакдан қулоқлари шалпайган,
қўрқувдан кўзлари жавдираган олапар ит чиқиб келди. Танкка хавотирли назар ташлади-да,
думини қисганча, сўриток томон юрди. Япроқларини чанг босган сўриток тагига бориб,
алланимани ҳидлади. Дор узилганда аёлларнинг қизил кўйлаги чеккага отилиб кетган шекилли,
сўриток тагидаги ариқ ичида беўхшов чўзилиб ётарди. Ит илтижо қилгандек, ғингшиб қўйди-да,
кўйлакни яна ҳидлади. Чўнқайиб ўтирган кўйи, осмонга қараб ғайритабиий овозда бир-икки
вовиллади. Кейин вовиллаши ўз-ўзидан увлашга айланиб кетди... Бир дақиқа ўтди... Беш
дақиқа... Умрим бино бўлиб бунақа нолани эшитган эмасдим.
Юрагимни тушунарсиз ваҳима ғижимлаётганга ўхшарди. Сакраб ерга тушдим.
— Кет! — дедим овозим титраб.
Ит қайрилиб қарамади. Чўнқайиб ўтирганча нолали увлайверди. Ердан кесак олиб отдим.
— Кет!
Ит увлашдан тўхтади. Мен томонга қараб қўйди. Назаримда, «ўз ҳолимга қўясанми-йўқми,
нима гуноҳ қилдим сенга!» деган илтижо билан термилгандек бўлди.
— Йўқол! — дедим дағдаға билан.
Ит думини қисиб нарироққа борди, чўнқайиб ўтирганча, тумшуғини осмонга чўзиб қайтадан
увлашга тушди.
Негадир қўрқиброқ яқин бордим. Сўриток тагида ётган нарса, кўйлак эмас, одам гавдаси
экан. Хотин кишининг гавдаси. Сўритокнинг панасидан паноҳ топмоқчи бўлгандек, ёнбошлаб
ётибди. Бошида шарфга ўхшаган рўмол, эгнида узун кўйлак. Аммо оёқяланг... Оёқлари сўриток
тагидаги ариққа тушиб қолган... Бирпас иккиланиб туриб қолдим.
— Туринг, — дедим қўрқа-писа елкасига қоқиб. — Туринг, опа, қўрқманг.
Аёл қимир этмади. Худди гапимни тушунадигандек далда бердим:
— Туринг, биз сизга тегмаймиз.
Танк томондан Викторнинг овози келди:
— Қайтиш керак, командир!
Бурилиб қарасам, ҳайдовчи люқдан бошини чиқариб турибди.
— Қайтишга буйруқ бўлди, командир.
Ит эса ҳамон увлар, қулоғингни тешиб, юрагингни ўртаб юбормагунча тинчимайман, деб
қасд қилгандек нола чекар эди.
Автомат затворининг шақир-шуқури эшитилди. Қарасам, Виктор итни мўлжалга оляпти.
— Отма! — дедим ўшқириб. Тағин аёлнинг бошига эгилдим.
— Опа! — Аёлнинг елкасидан тортган эдим, чалқанча ётиб қолди. Жонҳолатда ўзимни
орқага ташладим. Ахир бу... Шаҳноза-ку! Оппоқ юзи, қоп-қора сочлари, қайрилма киприклари...
Йўқ... Бу — Шаҳноза эмас. Шаҳнозанинг кўзлари Қора. Буники — зангори... Барибир... Барибир
Шаҳнозага ўхшайди. Юзининг тиниқлиги, катта-катта кўзларининг ҳайрат билан термилиши...
Бирон ерида жароҳат изи кўринмасди. Фақат кўйлагининг ёқаси очилиб, оппоқ, бўлиқ
сийналари яланғочланиб қолган эди. Гуноҳ иш қилиб қўйган одамдек яна орқага тисарилдим.
Шундагина бўйнини тешиб ўтган ўқ ўрнига кўзим тушди. Тешикдан ипдек оқиб қон сиза
бошлади. Кейин, тўсатдан, қон оқиши тезлашиб кетди. Аввал тўшига тушди, кейин сийнасига...
Бирпасда сийнаси қип-қизил қонга беланди... Даҳшат ичида гандираклагудек бўлиб, танк томон
чекиндим. Шу пайт вайронага айланган, тутаб ётган уй ичидан бола йиғиси эшитилди. Зум
ўтмай вайрона остонасида нимча кийган, аммо иштонсиз, бир ярим-икки ёшлардаги ўғил бола
кўринди. Қизиқ! Ит увлашни бас қилиб, боланинг олдига югуриб борди. Ғингшиб, боланинг
бурнини ялади. Бола дўмбоқ қўлчаси билан ит бошини нари итариб, баттар йиғлай бошлади. Ит
кўзларида мутелик билан бир зум тикилиб турди-да, оҳиста бурилиб аёл томон лўкиллади. Бола
ҳамон йиғлаганча ўз тилида ғужур-ғужур қилиб, итга эргашди. Оёқяланг тупроқ кечиб, алпанг-
талпанг юрган кўйи аёл тепасига келди. Бир зум туриб қолди: йиғлашдан тўхтади. Аммо
ўпкасини тутолмай ҳиқиллаганча «мўржона-мўржона»(онажон- онажон), деди. Аёлнинг ёнига
чўккалади-да, ёш тўла кўзлари билан негадир ғудраниб кулди. Тупроққа беланган қўлчалари
билан онасининг маммасини чангаллаганча эма бошлади. Бирпас эмди-да, илкис бошини
кўтарди. Ҳайрон бўлиб, гоҳ онасига, гоҳ итга, гоҳ менга мўлтиради. Оғзини каппа-каппа очиб,
чирқиллаб йиғлаб юборди. Гўдакнинг оғзидан сўлак аралаш қон оқар эди.
... Аввал ич-ичимдан титроқ келди. Кейин қўлимнинг бармоқлари музлай бошлаганини ҳис
қилдим. Ундан кейин оёқларим қалтирай бошлади. Танкка қандай етиб бордим, эсимда йўқ.
— Отаман! — дедим ўкириб. — Ҳаммангни отаман! Ўзимниям отаман!
...Кейин нима бўлганини билмайман.
Ноябрь ойи
Уйдан хат келди. Акам ойимнинг гапларини сўзма-сўз ёзиб юборибди: «Худога шукр,
Рустамжон, нурли тушлар кўряпман. Офтоб чарақлаб турган далада чопқиллаб юрибсан.
Соғиниб кетдим-ку, болам, кел, битта бағримга босай, десам, югуриб олдимга келибсан.
Ойижон, сут ичгим келяпти, сут беринг, дебсан. Мен сенга коса тўла сут бердим. Охиригача
симириб, ичиб олдинг... Сут—ёруғлик, жон болам. Худо хоҳласа, кўпи кетиб ози қодди...»
...Мени нега туғдингиз, ойи? Нега туғдингиз!!!
ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН
Тўлаганова Қурбоной. Эллик беш ёшда. Тураржойлардан фойдаланиш
бошқармасининг фарроши. Миллати — ўзбек. Оилали. Қатортол мавзеси, 9-уй, 44-
хонадонда истиқомат қилади. Партиясиз.
— Гражданка Тўлаганова Қурбоной сиз бўласизми?
—Ҳа, мен бўламан. Нима гуноҳ қилдим, холанг айлансин!
— Ўтиринг!
— Ўзинг асра, Худойим... Гуноҳим нима? Унақа одамни қўрқитмагин, жон болам... Оёқ-
қўлим титраб кетяпти.
— Биров сизни гуноҳкор деяптими, нега ваҳима қиласиз, гражданка Тўлаганова!
— Ана! Тағин «гражданка» деяпсан! Ман юрак олдириб қўйганман, холанг қоқиндиқ.
— Ўтиринг!
— Хўп, ўғлим, хўп. Бирпас ўзимга келиб олий, майлими? Илоё бола-чақангни роҳатини
кўргин.
— Неча йилдан бери ЖЭКда ишлайсиз?
— ЖЭКда ишламийман, холанг ўргилсин, уборшисаман, кўча супураман. Икки «дўм»ни
ажратиб берган. ЖЭКни хўжайини айттан. Хола, мана шу дўмлани атрофи тоза бўлсин,
зиналари ярақлаб турсин, деган. Умридан барака топгур, хўжайин яхши одам. Инсофли.
Байрамда пирмиялни берди— ўттиз сўм. Хола, деди, биз сизга ўхшаган пўристой одамларни
ҳурмат қиламиз, деди.
— Кимлар билан турасиз?
— Нима?
— Квартирангизда кимлар туради?
— Ўзи бир ҳафтадан буён мазам йўқ. Совуқ тушганидан бери касалим ўлгур қўзиб қолди.
Бўйра бўйи қорни курагунча ҳарсиллаб кетаман, болам. Шу савил қолгур ўт қопчасини олдириб
ташлаб қутуламан, шекилли. Дўхтир айтди: қўрқманг, хола, деди, буям кўричакни кестиришдек
гап, қийналиб юрасизми, бунақа қилиб, ундан кўра кестиринг-у, қутулинг, деди.
— Квартирангизда неча киши туради, деяпман?
— Одамни унақа қўрқитмагин-да, холанг айлансин. Мана, ҳамма қоғозларни обкеганман.
Уйни налугини вақгида тўлийман, ўғлим. Мана, ойма-ой тўлаганман.
— Уфф, неча киши турасизлар?
— Нима қилий, холагинанг айлансин. Битга-ю битта қизимни жўжаларим билан кўчага
ҳайдаб қўяйми? Тор қорнимга-сиққан кенг уйимга сиғмийдими?.. Бошида этгандим. Умида,
жон қизим, эсингни йиғ, бўладиган савдо эмас, бу боланинг кўзи бежо, дегандим. Ҳозирги
ёшларни биласан-ку! «Ўламан саттор, шундан бошқасига тегмийман», деб туриб олди. Мана
нима бўдци!
— Мен қизингизни сўраётганим йўқ, гражданка Тўлаганова! Ким билан турасиз, деяпман.
Савол тушунарлими?
— Бўмаса нега учасковой кун ора кириб сиёсат қилади? Квартиранинг майдони тўрт кишига
тўғри кемайди, дейди? Кечаям борди. Нўрмага тўғри кемасмиш. Бўмаса, уй оббер, уч хоналими,
тўрт хоналими, десам, ман сизга квартир берадиган исполком эмасман, дейди. Комиссар неча
марта айтди: куёвингни сўтга бер, қизинг билан невараларингга уй олиб беради, диди. Умида
бир жахлга минганди, насиҳат қилдим. Қўй, болам, шайтонга ҳайф бер, пешонангдагини кўриб
кетарсан, дидим. Нима қилади жанжал қўзғаб. Тўғрими? Куёвим яхшими-ёмонми, уям Худони
бир бандаси-да! Иккинчи хотинидан боласи бор. Умида эрига жабр қилса, ўша боланинг ҳам
кўнгли ўксийдими, ахир?
— Миямни қоқиб, қўлимга бердингиз-ку, хола. Айтяпман-ку, мен бошқа нарсани
сўрамоқчиман.
— Сўрайвер, болам, сўрайвер.
— Шоматов Рустамни танирмидингиз?
— Анави... куёвними? Албатта танирдим. Яхши бола эди, раҳматли. Ҳар кўрганда:
«Ҳорманг, хола, чарчаб қолмадингизми?» деб сўрарди. «Сизни Пскентга олиб бориб, бир
ўйнатиб келаман», дерди. Бу дунёга келиб нима кўрди, бола шўрлик! Қандоқ яхши йигит эди...
— Йиғлашнинг ҳожати йўқ. Шоматов билан кириш-чиқишинглар бормиди?
— Албатта, бор эди! Келин-куёв дўмга кўчиб келган кунлари энг аввал ман билан
танишган...
— Шоматовнинг оиласи билан муносабати қандай эди?
— Келин биланми? Қўш каптардек иноқ эди. Қанийди, менинг куёвим ҳам Умидаминан
шунақа тотув бўлса, деб орзу қилардим.
— Наҳотки, Шоматов хотини билан ҳеч уриш-жанжал қилмаган бўлса?
— Бегуноҳ бандасига туҳмат қилиш — одам ўлдириш билан тенг, жон болам.
— Ҳар қалай-да! Турмушда нималар бўлмайди.
— Тавба! Худоё тавба! Ман кетсам бўладими? Ҳализамон невараларимни боғчадан олишим
керак. Бу ҳафта Умида иккинчи исменда... Анави участковойингга этиб қўясанми? Уйимдан
ҳайдаб чиқармайдими?
— Ўтиринг, гражданка Тўлаганова! Соат энди тўрт ярим бўлди.
— Хўп дегин, умрингдан барака топгур. Асир намозим қазо бўлмасин...
— Намоз ўқийсизми? Намоз ўқийсизми, деб сўраяпман. Ҳозир диндорларга қарши қанақа
кураш олиб борилаётганини биласизми?
— Ўқисам, ўзим учун ўқийман-да, болам. Комиссарга этмай қўя қол бу гапни.
— Қизиқ хотин экансиз-ку... Айтинг-чи, эрталаб барвақт турасизми?
— Албатта-да! Одамлар ишга кетгунча йўлкаларни супуриб қўйишим керак-ку!
— Шоматовнинг хотини эрталаблари кўчага чиққанини кўрганмисиз?
— Шаҳнозами? Кўрганман! Худойлигимни этаман, ҳар куни бўлмасаям кун ора бидон
кўтариб сутга чиқарди. Сут дўкони — гастрономни ёнбошида. Тонг отмасдан турнақатор
очирид бўлиб кетади. Қараб туриб ёқамни ушлайман. Сенга ёлғон, Худога чин. У ёғи
Тепақўрғон, бу ёғи Қатортол қандоқ жойлар эди. Ҳаммаёқ – боғ, ҳаммаёқ – дала. Ҳар хонадонда
ўлдим деганда биттадан сигир бўларди. Бешёғочга сут обориб сотардик. Энди-чи? Эрталабдан
сутга очирид...
— Уфф! Келин ўша куни ҳам сутга чиқдими?
— Қайси куни?
— Эри ўлган куни!
— Кўрмадим. Ёлғон гапиришга Худодан қўрқаман. Тағин билмадим. Туман эди. Қуюқ
туман. Худо билади-ку, ё ман пастга тушишимдан олдин, ё уйнинг орқа томонига ўтиб
кетганимда сутга борган бўлишиям мумкин.
— Эслаб кўринг-чи, уй атрофида биронта бегона одамни Учратмадингизми?
— Йўқ!.. Тўғри, анча нарида бир шарпа кўрингандек бўдди. Назаримда, мани кўриб дарахт
панасига ўтганга ўхшади... Тағин, билмадим. Туман эди.
— Бўй-бастини илғагандирсиз, ахир! Келбати қанақайди? Семизми, ориқми? Новчами?
— Назаримда, бошида тўқима қалпоқча бордек кўринди. Анавинақа, ёш болалар совукда
киядиган қалпоқча бўлади-ку...
— Ўша одамни ҳозир кўрсангиз танийсизми?
— Вой ўлмасам! Қаёқдан танирканман? Этдим-ку, туман эди. Ўн қадам нарини кўриб
бўлмасди.
— Айтинг-чи, Шоматовни охирги марта қачон кўрган эдингиз? Яъни ўлмасдан олдин?
— Рустамжонними? Байрам куни кўрдим. Кечга томон дўкондан невараларимга кампут
обкелаётгандим. Кичик неварам кампутга ўч. Ошгаям кампут қўшиб ейди...
— Рустам нима қилаётган экан?
— Рустамжонми? Кўча бўйида турган экан. Салом берди. «Келинни олиб уйга киринглар,
Умида ош дамлавотти», дисам, «раҳмат», диди...
— Кейин-чи?
— Кейин... Умидага айтдим, «янги қўшнилар меҳмонга чиқиб қолиши мумкин, аччиқ-чучук
қил, туруп тўғра», дидим.
Чиқишдими?
— Йўқ... Аксига олиб, чироқ ўлгур ўчиб қолса дегин... Уйингга буғдой тўлгур невараларим
қоронғидан қўрқади. Чироқ ҳадеганда ёнавермади. Иккаласи хархаша қилишга тушди. Уйда
шам қурмагур тамом бўлган экан. Пастга тушдим. Қарасам, тўртинчи қават деразасида нур бор.
Янги қўшниларникида.
— Шоматовларникидами?
— Ҳа. Чиқдим.
— Эшикни ким очди?
— Келин, Шаҳноза. Шунақа-шунақа, дидим. Биттагина шам бериб...
— Шошманг. Ичкарида ким бор экан?
— Ичкари кирмадим.
— Ҳеч қандай овоз ҳам эшитилмадими?
— Йўқ... Назаримда эшикни тақиллатаётганимда ичкаридан Рустамжоннинг овози келгандек
— Нима деди Рустам?
— Тавба! Бировнинг гапига қулоқ солиш гуноҳ-ку, холанг айлансин!
— Келиннинг кайфияти қандай эди?
— Қоронғида кўриб ўтирибманми? Бинойидек эди шекил-ли.
— Уйқингиз зийракми?
— Билмасам... Баъзан кечалари ўт қопим оғриб, тўлғаниб чиқаман.
— Ўша кеча Шоматовларнинг уйи томонидан шубҳали овоз, бақириқ-чақириқ
эшитилмадими?
— Йўқ. Рустамжонлар икки йўлак нарида туради.
— Яхши... Билишимча, сиз ҳамма қўшниларни яхши танийсиз. Тўғрими?
— Йигирма беш йил бирга тургандан кейин...
— Одатлариниям биласизми?
— Бу нима деганинг?
— Яъни... масалан... Кимникига ким киради, ким чиқади. Ким ким билан яқин?
— Бировнинг турмушига аралашиш—шайтоннинг иши... Ҳадиси шарифда этганларки...
— Хўп. Ҳадисингизни қўя туринг. Ўша куни эрталаб Шоматовларнинг подъездидан
биронтаси чиқмадими?
— Худо шоҳид: ҳеч кимни кўрмадим.
— Ўша томондан шовқин-сурон, дейлик, дераза сингани эшитилдими?
— Йўқ.
— Шоматовнинг жасадини биринчи бўлиб сиз кўрдингизми?
— Ертўла зинасида ётган Рустамжон эканини қаёқдан билибман? Эсимга тушса, юрагим
туздек ачийди! Қандоқ яхши бола эди! Ўн гулидан бир гули очилмаган ёшгина йигит нима
қилувди санларга, Худо бехабарлар! Бировнинг жонига қасд қилишдан оғир гуноҳ борми? У
ёқда бола бечоранинг ёш жони кетди. Бу ёқда келин шўрлик чирқиллаб қолди...
— Жасад устига биринчи бўлиб отставкадаги полковник Ғаниев бордими?
— Комиссарни айтяпсанми?
— Ҳа, ўша кишини!
— Тўғри, худойлигимни айтаман. Аввал Комиссар борди, кейин ман...
— Айтинг-чи, хола... Комиссарни яхши танийсизми?
— Танийман, ўғлим. Яхши танийман. Ҳаммамиз тепақўрғонлик бўлганимиздан кейин...
— Нима учун намоз ўқишимни Комиссарга айтма, дедин-гиз? Сизнингча Комиссар қанақа
одам? Нега индамайсиз?
— Нима дей, болам. Уям Худонинг бир бандаси...
— Қизиқ экансиз... Майли, сизга рухсат. Бориб, намозингизни ўқийверинг. Фақат... Бу гапни
мен айтмадим, сиз эшитмадингиз. Тушунарлими? Манави пропускни эшикдаги дежурнийга
берасиз... Бормайсизми, ахир?
— Бир нарса сўрасам, майлими, болам? Отинг нима?
— Бу ёғи қизиқ бўлди-ку! Терговчи менми, сизми?
— Этақол, жон болам.
— Ана! Повесткага ёзилган-ку: «Старший терговчи Сайдалиев С» деб. Фамилиям
Сайдалиев, отим — Саидаъзам.
— Бундан чиқди, саидлар авлодидан экансан.
— Ғалати гапларни гапирасиз, хола! Бунинг нима ахамияти бор?
— Яна битта гап этсам, кўнглингга келмайдими?
— Оббо! Боринг энди!
— Кетаман, болам. Ҳозир кетаман. Худо ҳаққи, эшигингдан кириб келганимда қўрққан
эдим. Кейин... қарасам, юзингда нур бор. Мана энди тушундим. Палагинг тоза экан.
— Жа-а, бошни айлантириб юбордингиз-да, хола?
— Билдимки, руҳинг тоза, болам! Бировга ёмонлик қилиш қўлингдан келмайди.
Аждодларингни арвоҳи йўл қўймийди.
— Бўпти, хайр, гражданка Тўлаганова!
— Яна битта гап этсам майлими?
— Уфф! Боринг, дедим-ку!
— Бу ҳунар санга ярашмийди, холанг айлансин! Бўлак тирикчилик қил... Бунақа ҳунарнинг
нонини ейдиганлар бошқача бўлади.
— Терговчилар ёмон одам деб ким айтди сизга?
— Бошимдан ўтган, болажоним! Бошимдан ўтган...