Shamol ortidan yugurib (Xolid Hisayniy)
Март, 1981 йил.
Қаршимизда оч яшил либосдаги жувон ўти-
рарди. У юзини ҳарир рўмол билан тўсиб олган.
Юк машинаси ҳар силкинганда, у беихтиёр
«бисмилло»ни тилга оларди. Унинг эри эса кич-
кина гўдакни қўйнига олганча, нималарнидир
шивирлаб кетиб борарди. Юк машинасининг
кузовидан ўрин олган 10–12 нафар йўловчи ора-
сида мен билан отам ҳам бор эдик. Биз Кобулдан тунги соат учда чиққандик. Негадир менинг бо-
шим айланар, кўнглим айнирди. Шунда бояги
киши менинг аҳволимни тушуниб, кабинани
чертди ва ҳайдовчи Каримдан машинани тўх-
татишни илтимос қилди.
– Биз ҳали Кобулдан унча узоқлашмадик.
Озроқ чидасин.
Қайт қилиб юбормаслик учун ўзимни аранг
тутиб борардим. Ҳарқалай, 18 га тўлган ўсмир
учун йўл азобига бардош беролмаслик уят, ахир.
Бу юк машинаси Каримнинг ягона тирик-
чилик манбаи. У шўравийлар (советлар) томо-
нидан ишғол қилинган Кобулдан одамларни
яширинча олиб чиқиб, нисбатан хавфсизроқ
бўлган Покистонга элтиб қўярди. Келишувга
кўра, Карим бизни Жалолободга олиб бориши,
у ердан эса, биз йўловчиларни унинг акаси
Тўранинг машинасига алмашишимиз, Тўра ан-
чайин катта ва тезюрар машинаси билан бизни
Пешоварга етказиши лозим эди.
Ниҳоят, Карим машинасини Моҳипар шар-
шараси яқинида тўхтатди. Биз отам билан бу
йўлдан тинчлик вақтида неча марталаб ўтган-
миз. Бу ердаги манзараларни жаннатда ҳам уч-
ратиш мушкулдир.
Машинадан сакраб тушдиму йўл четидаги
тубсиз жарлик лабига бориб ўқчий бошладим.
Наҳотки, биз қадрдон уйимизни ташлаб кет-
япмиз? Ҳамма-ҳамма нарса, отамнинг оҳорли
кийимлари, онамнинг беҳисоб китоблари, ме-
нинг болаликдаги ўйинчоқларим, ошхонамиз-
даги идиш-товоқлару, ётоқдаги кўрпа-тўшак-
лар ҳаммаси қолиб кетди. Фақатгина уйимиз
деворини безаб турадиган портретларнигина ўзимиз билан олганмиз. Айтганча, Раҳимхон
совға қилган блокнот ҳам ёнимда.
Чиқиб кетаётганимизни янги хизматкоримиз
Жалолиддинга ҳам айтмаганмиз. У бизни бирор
ёққа меҳмонга кетган деб ўйлар.
Кобулда ҳеч ким бир-бирига ишонмай қолган-
ди. Пул ёки жонни қутқариш учун ҳамсоя ҳамсоя-
ни, дўст дўстни, ўғил отани, ака укани, хизматкор
хожасини сотишга тайёр эди. Масалан, туғилган
кунимда қўшиқ айтган Аҳмад Зоҳир машинасида
дўстлари билан қаёққадир жўнаган, эртаси куни
йўл четида боши мажақланган ҳолда топилган...
Хуллас, ҳаёт буткул издан чиққанди.
Мен эса, жарлик лабида ўтирганча, ҳамон ўқ-
чирдим. Мен ярим кечаси, куннинг совуғида ўз
уйимдан юзлаб чақирим йироқдаман. Балки бу
ҳаммаси тушдир? Эрталаб ўзимизнинг тинч-хо-
тиржам уйда кўзимни очаман. Кўчаларда қо-
ровуллик қилаётган шўравий аскарлари ҳам,
ваҳимали танк ва БТРлар ҳам, қўрқинчли отиш-
малару портлашлар ҳам бўлмайди.
Қизиқ, ҳозир Ҳасан нима қилаётган экан-а?
Яна кўнглим ағдарилиб келди.
Орадан 20 дақиқалар ўтиб, биз Моҳипар
блок-постида турардик. Чамаси бизни шўравий-
лар тўхтатишган эди. Баданимни ваҳима босди.
Ташқарида ёндиргичнинг чиқиллагани, ким-
нингдир русчалаб «спасибо» дегани, рус талаф-
фузида эски афғон қўшиғини бузиб куйлагани
эшитилди.
Аэста боро, Маэман, аэста боро.
(Оҳиста юр, ой юзли гўзал, оҳиста юр).
Шу чоқ машинанинг брезент ёпқичи кўта-
рилиб, ташқаридан Карим ва икки аскарнинг
боши кўринди. Аскарнинг бири афғон, иккин-
чиси рус эди. Рус лабига сигарета қистирганча,
афғонча ашулани замзама қиларкан, йўлов-
чиларга бирма-бир қараб чиқди. Ташқаридан
тушаётган ой нури машинанинг ичини ёритиб
турарди. Совуқ бўлса-да, баданимни совуқ тер
босаётган эди.
Руснинг кўзлари машинадаги ёш жувоннинг
юзларига қадалганча тўхтади ва Каримга ни-
мадир деди. Карим эътироз оҳангида нимадир
деганди, рус унга бақира кетди. Орага афғон
аскар аралашди. Руснинг дағдаси эса тобора
ошиб борарди
Ниҳоят, Карим йўловчиларга юзланиб, рус
аскари жувон билан ярим соат бирга бўлиш
истагида эканини айтди. Аёл илкис юзига чод-
расини туширганча, йиғлаб юборди. Боласини
бағрига босиб кетаётган эрининг ранги докадек
оқарганди. Каримга қараб:
– Мистер соҳибга тушунтиринг, бизга раҳм
қилсинлар! Жанобларининг ҳам волидалари,
сингиллари, балки рафиқалари бордир?
Карим таржима қилди. Рус баттар тутақди.
– Бу иш йўл ҳақи ҳисобига ўтади, деяпти, – ерга
тикилганча руснинг раъйини билдирди Карим.
– Биз йўл ҳақини тўладик-ку! – қайсарлик
қилди эркак. – Бу ёғига сиз жавобгарликни бўй-
нингизга олгансиз.
Карим рус аскари билан яна анча тортишди.
Шу чоқ отам ўрнидан турди. Мен унинг оёқла-
ридан ушлаб қолишга уриндим. Аммо у силта-
ниб, пастга отилди. – Ундан бир нарсани сўрамоқчиман, – дея Ка-
римга юзланди Бобо. – Бунда ор-номус борми ўзи?
Карим аскарга таржима қилди, аскар ҳам
жавоб қайтарди:
– Урушда ор-номус бўлмайди, деяпти, – тар-
жима қилди Карим.
– Бу итга айтиб қўй, урушда ор-номус тинчлик
пайтидагидан ҳам кўра кўпроқ аҳамиятга эга.
Юрагим қинидан чиққудек потирларди.
Отам ҳам қаҳрамонликнинг зап вақтини топди
ўзиям. Шунча одам жим турганда, орага суқи-
либ нима қиларди?
Руснинг гапларини эшитиб бўлгач, отамга
юзланиб муроса оҳангида сўз қотди:
– Оға соҳиб, булар руслар, улар бизга ўхша-
майди, ор-номус, уят нималигини билишмайди.
– Нима деяпти?
– Айтяптики, сизни... пешонангиздан дар-
ча очиб, ҳамманинг кўз ўнгида мана буни... –
Карим боши билан жувон томонга имо қилди.
У гапини тугатмай туриб, рус сигаретасини
улоқтирди ва ғилофидан тўппончасини чиқа-
риб, отамнинг пешонасига тиради.
Кўзларимни чирт юмиб олдим. Наҳот, отам-
нинг пешонасида шундай қисмат битилган бўл-
са? Мактабда ўрганган дуоларимни пичирлай
бошладим.
– Унга айт, – отамнинг ўктам овози жаранг-
лади. – Мени илма-тешик қилиб ташласа ҳам,
бир муслиманинг шармисор қилинишига йўл
қўймайман.
Дафъатан Ҳасаннинг оғриқдан тиришган
башараси кўз олдимга келди, қулоғим остида
Асефнинг ҳайвоний пишқириши...
Мен ўшанда ғинг деёлдимми? Балки, мен
мана бу мард одамнинг фарзанди эмасдирман?
– Айт унга, – деди Бобо. – Агар у мени бит-
та ўқ билан ўлдира олмаса, мен уни тилкалаб
ташлайман, ҳе падарига лаънат!
Мен юзимни қўлларим билан бекитиб ол-
гандим. Тепки босилди. Ўқ овози жаранглади.
Тамом. Мен энди етимман! 18 ёшли етим. Энди
отамни қандай кўмаман? Ўзим қаерга бораман?
Бирдан кўзимни очдим. Бобо ҳануз жойида
қилт этмай турар, машина олдида яна бир рус
пайдо бўлган, унинг қўлидаги тўппончанинг
оғзи ҳавога қаратилган, ундан буруқсаб тутун
чиқиб турарди.
Отамни отмоқчи бўлган аскар эса тўппонча-
сини ғилофига жойларди.
Ҳозиргина пайдо бўлган оқсоч рус офицер русча
талаффуздаги форсийда биздан узр сўради.
– Афв этасизлар, урушга манавинақа она
сути оғзидан кетмаган гўдакларни жўнатиша-
ди. Бу ерда нима кўп – гиёҳванд моддалар кўп.
Чекиб олишади-да, дуч келганга қурол ўқталиб,
кўнглига келган номаъқулчилигини қилишади.
...Орадан чорак соат ўтган, машинамиз елиб
борарди, ҳеч ким чурқ этмасди. Тонгга бирор
соат қолганда, Жалолободга кириб бордик.
Карим зудлик билан бизни қалин акациялар ора-
сидаги кулбага жойлаштирди. Этни жунжикти-
рувчи совуқ шамол эсарди.
Карим олақоронғи хонанинг эшигини зичлаб
ёпди-да, пардаларни туширди. Унинг айтишича,
унинг акаси Тўра бизни Пешоварга олиб борол-
мас эмиш. Бир ҳафта илгари машинасининг мо-
тори ёниб кетибди, эҳтиёт қисмлари йўқ экан.
– Бир ҳафта олдин бўлса, нега бизни бу ёққа
опкелдинг? – дея кимдир уф тортди. Шу чоқ
кимдир одамлар орасидан ажралиб чиқди-ю,
ҳайдовчининг ёқасидан тутиб, ердан ярим газ
юқори кўтарди. Бу Бобо эди.
– Мен айтаман нима учунлигини, у фақат ўз
чўнтагини ўйлаган. Бизни бу ёққача опкелиб
пулимизни олди. Қолгани билан нима иши бор?
Тўғрими? Сени ҳозир ўлдираман!
Карим типирчилаб, хирилларди, оғзидан
кўпик сиза бошлаганди. Мен аниқ билардим,
отам айтган ишини қиладиган одам.
Одамлар ҳайдовчини унинг чангалидан ха-
лос этишга уринишди. Ниҳоят, орага бояги,
отам рус аскарнинг қўлидан қутқазган аёл ўр-
тага тушгач, Бобо чангалини ёзиб юборди.
Каримнинг танаси полга гурсиллаб тушди.
Қисматнинг ўйинини қаранг, отам боягина
ўзи танимаган бир аёлни ажнабийнинг чанга-
лидан озод этганди, энди ўша аёл бошқа бир
инсоннинг ҳаётини асраб қолди.
Шу пайт пол остидан аллақандай шовқин
эшитилди.
– Нима гап, тинчликми? – сўради кимдир.
– Улар қочқинлар, – пишиллаб жавоб қайтар-
ди Карим. – Улар ертўлада. Сизларга ўхшаб...
кетишлари керак эди. Кутишяпти.
– Қачондан бери кутишяпти? – сўради отам.
– Икки ҳафтадан бери.
– Сен боя машина бузилганига бир ҳафта бўл-
ди, демовмидинг?
– Билмадим, оға, балки икки ҳафта олдин бу-
зилганмиди? Эсимда йўқ!
– Машинани қачон тузатасанлар, – отамнинг
қичқириғидан Карим яна деворга биқинди. «Бу
гал аниқ ўлдиради» деган фикр ўтди хаёлимдан.
Карим Бобонинг амри билан ертўланинг қоп-
қоғини очди. Ичкаридан зах, моғор ва яна ал-
лақандай қўланса ҳид буруқсаб чиқди. Бирма-
бир пастга тушдик. Ертўлада жуда кўп одамлар
менга нигоҳини қадаб тургандек туюлди. Ертўла
шифтига осилган мойчироқнинг заиф нури ич-
каридаги шарпаларни ғира-шира ёритар, одам-
ларнинг шивир-шивири, томчининг чакиллаши
ва аллақандай чийилдоқ товушлар эшитиларди.
Бобо хўрсинганича жомадонини ерга қўйди.
Карим уч-тўрт кун ичида акасининг машинаси
тузалиши ва бизни Пешоваргача олиб бориши-
ни айтди. Бир ҳафтача ертўлада қолиб кетдик.
Ертўла каламуш билан лиқ тўла экан.
Кўзлар қоронғида ўрганганида, ертўладаги
одамларни санаб чиқдим. Чамаси ўттизтача
бор эди. Елкама-елка ўтириб, қотирма, нон,
ёнғоқ, олма сингари ўзимиз билан олиб келган
егуликларни қисматдошларимиз билан баҳам
кўрардик.
Эркаклар беш маҳал ертўланинг бир бурчаги-
да йиғилиб намоз ўқир, фақат отам уларга қў-
шилмасди.
Ертўлага биздан аввал келиб жойлашганлар
орасида Камол ва отаси ҳам борлигини пайқа-
дим. Ҳа, худди ўша, Ҳасаннинг қўлларини орқа-
га қайириб, оёқларини босиб турган болалардан
бири.
Унинг отаси Бобони таниб, қуюқ сўрашди.
Мен эса, Камолнинг юзларига зимдан тикил-
дим. Камолнинг қиёфаси ҳиссиз ва рангсиз, ёноқлари чаккасига ёпишиб кетган, кўзлари
маъносиз боқарди.
Унинг отаси Кобул кинотеатрининг хўжайи-
ни эди. Отам билан суҳбати асносида шуни бил-
димки, унинг аёли кўчада дайди ўқдан ҳалок
бўпти. Отамнинг қулоғига шивирлаб айтаётга-
нида эшитиб қолдим:
– Ўғлимнинг бир ўзини ташлаб кетмасам
бўларкан, тўртта бўлиб келишибди. Бечорани
зўрлашибди ҳайвонлар. Келиб қарасам, қонга
беланиб ётибди. Мана, ўшандан бери... тилдан
қолган.
«Худодан қайтибди!» – хаёлимдан кечгани шу
бўлди.
Бир ҳафта ўтиб, Карим акасининг машина-
сини тузатиш имкони йўқлигини билдирди.
– Фақат битта йўли бор, – деди Карим. –
Амакиваччамнинг бензин ташийдиган маши-
наси бор. Ҳозир у Жалолободда. Менимча ҳам-
мангиз сиғасиз.
Кекса чол-кампирдан бошқа ҳамма бу так-
лифга рози бўлди. Ўша оқшом ҳаммамиз Ка-
римнинг қариндоши Азизнинг бензовоз маши-
наси бортидан жой олдик. Эсимда, отам маши-
нага чиқаётиб, тамакидонига бир ҳовуч тупроқ
солиб, кўзига сурган, кейин уни чап кўкрак
чўнтагига жойлаштирганди.
Бензовознинг ичи нақ дўзахни эслатарди.
Нафас олишнинг имкони йўқ. Ўпкалар худди бу
ифлос ҳавони ютишдан бош тортгандек сиқи-
либ тораяди. Қўлларим қалтирайди, баданимни
совуқ тер босади. Бақирай дейману, ҳаво ет-
майди, ҳаво. Даҳшат!
Ертўладаги ҳаёт бензовознинг тор ва сассиқ
ҳавоси олдида ҳолва экан. Назаримда, ҳаво ҳам
аллақандай қуюқлашиб қолган.
Қулоғимга гўдак йиғиси, она алласи чалина-
ди. Кимдир йўталади, кимдир бақириб, совет-
ларни сўкади.
– Бирор яхшироқ нарса ҳақида ўйла, болам, ен-
гил тортасан, – қулоғим остида шивирлайди Бобо.
Менинг энг бахтли, қувончли дамларим Ҳасан
билан бирга кечганди. Ўтлоқларда чопқиллаб
ўйнаганларимиз, уйимиз ортидаги тепалик,
исмларимиз битилган анор дарахти, осмонни
тўлдириб учган варраклар... Ҳа, мен ўша пайт-
лардагидек лаззатни, қувончни бошқа ҳеч қаер-
да учратмадим.
Кўксимга оқиб кирган мусаффо ҳаводан эн-
тикиб кетдим. Биз цистерна ичидан ёруғ оламга
чиққандик. Яратганга шукур!
– Биз Покистондамиз, Амир, – деди отам ел-
камни қоқаркан. – Ҳозир автобус келиб, бизни
Пешоваргача олиб кетади.
Кўз ўнгимда отамнинг бақувват оёқлари, жома-
донларимиз, цистерна ичидан ёруғ дунёга чиқа-
ётган қочқинлар, йўл четида турган бензовоз...
Олдинда эса, бинафшаранг далалар, саноқ-
сиз тепаликлар оралаб, уфққа туташиб кетган
узун йўл, очиқ ҳаводан тўйиб нафас олгим ке-
лади.
Шу чоқ ёнгинамиздан даҳшатли чинқириқ янг-
ради. Кимдир «бензиндан заҳарланибди», деди.
Издиҳом ўртасида чўккалаб ўтириб олган бечора
ота Камолнинг жонсиз танасини қучганча, унинг
кулранг юзларидан пайдар-пай ўпарди.
– Кўзингни оч жон болам, мени қўрқитма, –
дея телбаларча қичқирарди ота. – Эй парвар-
дигор, жон керак бўлса меникини ол, ўғлимни
қайтариб бер.
Бобо унга яқинлашиб, тасалли бериш учун
елкасига қўлини қўйди. Камолнинг отаси эса,
худди қутургандек отамнинг қўлини силтаб
ташлади ва Каримнинг камарига қистирилган
тўппончани суғуриб олди. Карим эса, ранг қути
ўчиб, тиз чўкди ва ёлвора бошлади:
– Илтимос, мени ўлдирманг, тўртта болам-
нинг уволига қолманг!
Ҳеч ким қимирлашга-да, журъат этолмасди.
Камолнинг отаси тўппончанинг дўлини оғзига
тиқди-да, тепкини босди. Ўқ овози ва атрофга
сочилган қон фаввораси бир умр ёдимда қолди.
Икки букилганча ўтириб қолдим.
Фримонт, Калифорния, 1980 йиллар.
Бобога Америкадаги ҳаёт тарзи ёқарди. Биз
тез-тез ота-бола бўлиб, Элизабет кўли яқинида-
ги хиёбонга сайр қилгани борардик.
Бу ерда афғонлар, араблар кўп эди. Отам
уларнинг даврасида кўп бўлар, сиёсат ҳақида
баҳслашишни ёқтирарди. Бундай баҳсларда
Бобо кўпинча арабларни Фаластинни жуҳуд-
лардан ҳимоя қилолмаганликда айблар, Совет-
Америка муносабатларини эринмай таҳлил қи-
лар, президент Картерни ношудликда айбларди.
Фақат отамга сершовқин шаҳарнинг дим ҳаво-
си, машиналарнинг овози, кўчанинг олағовури
ёқмас, Калифорния ўсимликлари таратаётган чангдан отам тинимсиз йўталар ва аксирарди.
Кейин бу ернинг ҳавоси биздагидек мусаффо,
мевалари афғон замини неъматлари сингари
лаззатли, суви Кобул сувидек тоза эмасди.
Бобо ёнилғи қуйиш шохобчасида ишларди.
Мен отамни инглиз тили курсига ёзилишга
чандон уринсам-да, унамас, бепарво кулиб қўя
қоларди.
– Энди ўқиб гўр бўлармидим?
1983 йилнинг баҳор ойлари эди. Отам билан
сайр қилиб юрганимизда, мен китоб дўконига
кирмоқчи эканимни айтдим. Мен дўконга ки-
раётиб, отамнинг қарама-қарши томондаги
озиқ-овқат дўконига кираётганини кўрдим. У
ерда ўта сермулозамат эр-хотин, вьетнамлик
Нгуенлар савдо қилишарди. Отам мистер Нгуен
билан анчадан бери таниш эди.
Мен китоб рафидан янги детектив асарни
варақлаб кўраётганимда, Нгуенлар дўконидан
кучли шовқин эшитилди. Варақлаб турган ки-
тобимни ташлаб, кўчага отилдим.
Эр-хотин бурчакка биқиниб олган, Мистер
Нгуен аёлини маҳкам қучоқлаб турарди. Полда
апелсинлар сочилган, журнал столи ағдарилган,
отамнинг оёғи остида ерга тушиб синган бан-
кадаги димланган мол гўштининг сели ҳар ёққа
сачраб кетганди. Маълум бўлишича, отамнинг
апельсин сотиб олишга нақд пули йўқлиги учун
чек ёзиб берган, Нгуен эса, ундан ҳужжат талаб
қилган экан.
– Ҳужжатни кўрсат эмиш, – тўнғиллади отам
форсчалаб. – Мен бу итваччадан бир йилдан
бери мева-чева сотиб оламан, буям мендек му-
софир, бир нима фойда қилсин деб, фақат шунинг дўконидан савдо қиламан. Бу эса, мендан
ҳужжат сўраб ўтирса.
– Ота, улар ҳақ, – дея уни тинчлантиришга
тиришдим. – Бу ерда тартиб шунақа. Бу ер –
Америка!
– Ҳе, ўша... – отам ғудраниб сўкинди.
– Йўқолинг иккалангиз ҳам, – Мистер Нгуен
хотинини гавдаси билан тўсиб, ҳассаси билан
эшикни кўрсатди. – Иккинчи бу ерга қадам бос-
манглар. Ҳозир полиция чақираман.
– Илтимос, полицияни безовта қилмасангиз, –
ўтиндим улардан. – Биз ҳозир кетамиз.
Мен дарҳол чўнтагимдаги бор пулни чиқариб,
уларга етказилган зарарни тўладим.
Эр-хотинларнинг қўли ҳамон қалтираб турарди.
Рост, Кобулда ҳамма бир-бирини танир,
бир-бирига ишонарди.
У ерда кредит картаси ўрнида ясси таёқчалар
олиб юриларди. Баъзан Ҳасан билан нон олгани
борар, новвой таёқчанинг бир четини кертиб
қўяр, ойнинг охирида отам таёқчадаги белги-
ларга қараб, новвой билан ҳисоб-китоб қилар,
ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмасди.
***
…Пешовардан келганимиздан бери орадан
бир ярим йил ўтганига қарамай, отам Америкага
ҳечам кўника олмасди. У иккинчи бор уйла-
ниб, биринчи аёлини унута олмаётган эркакка
ўхшарди. У ҳамон Жалолободнинг шакарқа-
миш ўсадиган далаларини, Пағмон боғларини
қўмсар, Шўрбозор расталарини кезишни, та-
ниш-билишлар билан қўл олиб кўришишни орзу
қиларди. Америка мен учун эски хотиралар қабристони, отам учун эса, ўтмиш изтироблари
масканига айланди.
Биз Пешоварда муҳожират хизмати томо-
нидан виза берилгунга қадар ярим йил яша-
гандик. Гарчи ўта ғарибона кулбада яшаган
бўлсак-да, у ер Бобо учун қадрдон эди. Бу кул-
бага отам кўпинча ўзимизга ўхшаб виза кута-
ётган ҳамюртларимизни меҳмонга чақирарди.
Кўпинча меҳмонлардан бири албатта бирор
чолғу кўтариб келар, тонгга қадар кулбамиздан
куй-қўшиқ садолари аримасди.
– Ота, балки Покистонга қайтармиз, – дедим
бир куни унга кечки овқат устида. – Ҳарқалай,
у ерда ўзингизни худди Ватандагидек ҳис этар-
дингиз!
– Албатта, мен учун Пешовар яхши, – отам чой
ҳўплаб хўрсинди. – Сенга эса, Америка. Ахир бу
ерга сени деб келганман, болам!
Зимдан отамнинг қадоқ боғлаган қўлларига
қарадим. Бу қўллар менинг оқ пахтадек момиқ,
қизларникидек нозик қўлларимдан фарқ қилар-
ди. Бу қўллар менга нималарни ҳадя этмади.
Америка ҳам Амирга Бобонинг қимматли совға-
си бўлди.
Америкага келганимиздан сўнг бир ой ўтиб,
отам ёқилғи шохобчасига ишга жойлашди.
Отам ҳафтада олти кун, кунда ўн икки соат-
лаб ишлар, бензин қуяр, чек уриб берар, ёғ ал-
маштирар, ойна артарди.
Бобо ишга жойлашган куни биз Сан-Хосега,
бизнинг ишимиз билан шуғулланувчи ижтимо-
ий таъминот хизматчиси, ҳабаш аёл, миссис
Доббинснинг қабулига кирдик. Отам озиқ-овқат учун берилган бир даста талонларни хонимнинг
столи устига қўйди.
– Мен ҳамиша нонимни ҳалоллаб еганман, –
деди Бобо. – Сизга катта раҳмат! Энди мен иш
топдим. Ўз нонимни ўзим топиб ея оламан.
Миссис Доббинс бизга ҳайратланиб термилиб
қолди.
– Ўн беш йилдан бери ишлаб, бундай ҳолатга
илк бора гувоҳ бўлиб турибман.
Идорадан отам худди хавфли ўсмадан халос
бўлган бемордек енгил тортиб чиқди.
1983 йилнинг ёзида ўрта мактабни битир-
дим. Битирув оқшомида отам ҳамманинг олди-
да мени қучиб табриклади. Унинг кўзлари қу-
вончдан порлаб турарди.
Ўша куни кечқурун у мени Хэйворддаги
афғон кабобхонасига олиб борди. Шу куни би-
ринчи марта отам мен билан пиво ичди. Мен-ку,
бокалнинг чорагини бўшатгунимча, отам уч бо-
кални бўшатди. Кейин отам бир оз ширакайф-
лик билан атрофдагиларни ҳам пиво билан роса
сийлади.
Кабобхонадан чиққанимизда атрофга қо-
ронғилик ўз чойшабини ташлаганди. Отам ҳай-
даб юрган эски «бьюик-сенчури» рулига ўтириб,
машинани уйга ҳайдадим. Салон тамаки ва
пиво ҳидидан димиқиб борарди.
– Кварталнинг охирига қараб ҳайда! – буюр-
ди Бобо сархуш овозда.
Кўчанинг охиридаги автомашиналар майдон-
часига етганимизда тўхташни буюрди. Кейин
эса, чўнтагидан калит чиқариб, қаршимизда
турган тўқ рангли, эски русумдаги «форд» ма-
шинасига имо қилди. – Бу сенга совға. Фақат янги амортизатор
қўйсанг бас. Бинойидек машина! Насиб этса,
коллежга кирсанг, миниб борасан.
Кўзларимга ишонгим келмасди. Мана буни
чинакам совға деса бўлади. Беихтиёр кўзларим
ёшланди. Овозим бўғилиб, «ташаккур, отажон»
дея олдим, холос.
Иккимиз «форд» салонига ўтдик. Отам ма-
шинанинг орқа ўриндиғида ястаниб ўтирарди.
Иккимиз ҳам жим қолдик.
– Ҳасан ёнимизда бўлса қандай яхши бўлар-
ди-я, – деди отам ўзи билан гаплашаётгандай
бир оҳангда.
Ҳасан! Бу номни эшитишим билан кимдир
томоғимдан хиппа бўғиб олгандек бўлди.
– Кузда коллежнинг биринчи босқичига
ўқишга кираман, – дедим эрталаб отамга. У со-
вуқ чой ичиб, кардамон дорисини чайнаб ўти-
рарди. – Инглиз тилини пухта ўзлаштиришим
керак, – дея қўшиб қўйдим. – Адабий маҳора-
тимни оширмоқчиман.
– Ёзувчи бўласанми? – отам менга тикилган-
ча чой ҳўплади. – Яхши пул тўлашадими?
– Агар зўр ёзсам, машҳур ёзувчи бўлолсам... –
дедим тунд овозда.
– Сен ёзувчиликка ўқигунингча, машҳур бўл-
гунингча пулни қаердан топасан? Агар уйлан-
санг-чи, хотинингни қандай боқасан?
– Ишласам керак.
– Қизиқ, – елка қисди отам. – Ўқиш учун бир
неча умрингни сарфлаб, кейин яна пул топиш
учун менга ўхшаб қора иш топасанми? Унақада
ўқишнинг нима кераги бор?
Отам жим қолди. Мен унинг ошқозон яра-
си туфайли қорайган бармоқларига тикилдим.
Бечора отам!..
Баъзан отам совға қилган «форд»да Сан-
Франциско кўчаларини соатлаб айланардим.
Шаҳарнинг бой ва фақир қатламлари яшайди-
ган кварталлар бўйлаб узоқ изғирдим. Гоҳида
уммон соҳилига бориб, Тинч океанининг соҳир
манзараларини хаёлчанлик ила кузатардим.
Болалигимда океанни фақат экранларда кўрган,
у ҳақда китобларда ўқигандим. Мен Ҳасанга
«ҳали пайти келади, икковимиз тўлқинлар ти-
нимсиз ювиб турадиган қумли соҳилларни оёқя-
ланг кезамиз» деб айтардим. Мана, қаршимда,
шундоқ оёқларим остида уммон шовуллайди.
Худди экранда кўрганимдек. Фақат, Ҳасан бу
соҳир манзарадан бенасиб.
Мен Американинг тенгсиз гўзаллигига мафтун
бўлаётган айни дамда менинг Ватанимда
қирғинбарот давом этар, ҳар куни қанча-
дан-қанча бегуноҳ одамлар, кексалар, аёллар
ва болалар ҳаёт билан видолашар, аҳоли жон
ҳовучлаб кун кечирарди. Американинг гўзал
манзаралари эса, ҳаётдан баҳра олишга, но-
хуш ҳислар ва хотиралардан кўз юмишга ун-
дарди. Бу ерда қўрқув ҳам, таҳлика ҳам, сирли
шарпалар ҳам, афсус ва надоматлар ҳам, дил-
ни ўртовчи азобли хотиралар ҳам йўқ. Фақат
шунинг учун ҳам, сенга таъзим қилишга тай-
ёрман, Америка дегим келарди-ю, аммо қал-
бимнинг бир чети Ватанимга бўлган соғинч
ҳиссидан ўртанардим, худди отам каби...