July 14, 2020

Падаркуш.

(Дарахтни қулатган болтага хам дарахтдан соп ясалади.)
Бундан роппа роса бир ой олдин Мурод исмли навқирон ёшдаги йигитнинг суди бўлиб ўтди.Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра 13 йилга озодликдан махрум этилди.Азиз дўстларим озроқ вақтларини менга ажратишса, бу хукм келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари хақда имкон қадар сўзлаб бераман.
Фазлиддин хаётда деярли хамма орзуларига эришган, бахтли одам эди.Уч тўртта камази бор, тинмай Россияга мева-чева сабзавот ва полиз экинларини олиб бориб сотади.Егани олдида емагани кетида аммо бу бахтига соя ташлаб турган бир жихат бор эди. Тўғри узоқ муддат фарзанд кўрмай юрган кезлари Аллохдан ёлвориб илтижо қилганида туғилажак фарзандининг ўғил ёки қизлигини фарқи йўқ эди.Илтижолари амалга ошиб қиз фарзандли хам бўлди. Иштаха овқат пайти очиларкан-да, қаранг! Энди ўғил кўриш орзусида яшай бошлади. Аммо, кетма-кет қиз туғилавергач аламини хотинидан ола бошлади. Аёли бешинчи марта юкли бўлганда дангал шарт қўйди:
-Ўғил туғмасанг, касалхонадан тўғри онангникига кетавер!-Муштипар аёл, кўз ёшларини ичига ютди.
-Айб мендами, Худо бермаса нима қилай! Айтишади-ку, экканингни ўрасан!-эътироз билдирарди ичида. Овоз чиқариб гапиришга эса, эридан қўрқарди, аёллик шаъни йўл бермасди.
1990 йилда Аллохнинг уларга рахми келдими, ё гулдек оиланинг бузилиб кетишини истамадими, бу сафар “Ол қулим” деб қўчқордек ўғил берди. Фазлиддин қувонганидан уч кун халққа ош берди. Муродимга етдим деб, ўғлига “Мурод” исмини қўйди.
Тўрт қиздан кейин туғилган бола аллада азиз тўрвада майиз каби униб-ўса бошлади. Бола мактабга борганда чўнтагида бир талай пул билан борар, бу эса тенгдошлари ичида хукмдорлик қилишига хазмат қиларди. У дўкондан майда-чуйдаларни кўп харид қилар, буюрган ишини бажараётган ўртоқлари билан бахам кўрарди. Секин-аста ўқитувчилар шикоят қилиб кела бошладилар. Дада кўпроқ сафарда бўлар, онанинг тергашлари кўп фойда бермасди. Бундай вазиятларда боласи пул сўраганда бермасдан жазолар, бу болага ёқмасди албатта. Аммо, Мурод бунинг хам йўлини топди. Ўзидан бир синф катта болалар билан аввалига Вали каптарбознинг саккизта каптарини ўғирлаб чиқишди-да, бозорда сотиб юборишди. Кейин яна бир махалладошларининг товуқлари хам “қулоғини ушлаб кетди”. Хали мактабни битирмай туриб, йигитчалар енгил хаёт кўчасига кириб улгурдилар.
Уларнинг ўғирликлари фош бўлмагани учун кундан кунда йигитлар хаволаниб боришар, ўз кўнгилларида шохона хаёт кечиришарди. Донолар билиб айтганлар, йигитни тўқчилик, қизни йўқчилик бузади, деб. Катта еб сассиқкекирдак бўлган қахрамонимиз махалласига келган бегона йигитларни урадиган одат чиқарди. Ўзи кўпам махалласидан четга чиқолмас, катагида қичқирган хўроздек, бутун Тошкеннинг йигитларига Дам бераман деб кўксига урарди. Бир-икки кичик ишкаллардан, дадасининг пули эвзига қутилиб кетгани, дадаси томонидан қаттиқ танбех олмагани эрка ўғилни бадтар қутиртириб юборди.
Шу кунлари иккита кўча наридаги Нафисани нишонга олиб, пойлай бошлади. Тенгдошлари ичида чиройликкина бўлган бу қизни Тўйтепалик Карим хам севиб қолганди. Аммо, маст холда машина миниб, одам уриб ўлдиргани учун қамалиб чиққан бу йигитга қизни бермасликлари аниқдек кўринарди.
Мурод Нафисанинг уйини разведка қилиб, кундуз кунлари деярли хеч ким ховлида қолмаслигини, катталар бозорда савдо қилишларини аниқлади. Шундан кейин қоқ туш махали - одамлар салқинда дам олишаётганда қизникига борди. Пичоқча ёрдамида дарвоза илгагини кўтариб, ичкари кирдида яна илиб қўйди.
Шу куни бозорга чиқмай дам олган онаси қаттиқ чинқириқ овозидан уйғониб, қизи ётган хонага чопди. Афсуски, кеч қолганди… Катта жанжал бўлди. 17 ёшли Мурод шармандаларча қамалиши аниқ бўлиб турган кунлари, дадаси бир амаллаб йўлини топди. Қанча кетса хам сарфлаб, бу ишни ёпишга эришди. Аслида, Карим бу воқеадан кейин хам қизга уйланиш фикридан қайтмагани, уларга қўл келди. Қизни унга узатдилар. Тўй харажатларининг катта кисмини Фазлиддин чекига олди. Шундан кейин ота Муродга кўп насихат қилди, ўғил эса нос чекволган бангидек жим эшитди. Бу гаплар ўғлининг бир қулоғидан кириб иккинчи қулоғидан чиқиб кетаётганини ота билмасди ўша пайтда.

Муродда заррача афсусланиш, ачиниш хисси шаклланмаганди. У фақат ўзининг “МЕНИ” ни севар, фақат шу “МЕН” учун хар балога тайёр эди. Бу ишлардан сўнг Мурод бошқа бир қизни ёқтириб қолди. 18 ёшли йигит 28 ёшли татар қизга ошиқ бўлиб қолганди. Онасига шу қизни олиб беринглар деб айтганда, онасининг афти лимон егандек тиришиб кетди. Онаси у қизнинг келиб чиқишини билгани учун келин қилишни истамади, аммо, ўғлим ким ўзи деган савол хаёлигаям келмади. Ха, кирпи боласини юмшоғим деса, қарға оппоғим дерканда!
Дадаси хам бу қизни келин қилишни истамади. Бу оиланинг обруси йўқ эди шахарда. Қизнинг онасини бир пайтлар анчагина “гапи” чиққан, енгилтабиат аёл эди.
Мурод хар куни уйидагилар билан уришар, аммо севганига уйланиш учун розилик ололмасди. Йигит уйдагилардан норози эканини бўрттириш учун уйига келмай қўйди. Дадаси уч кун деганда аллақаёқдаги ишратхонадан топиб келди.
Хозирда Фазлиддиннинг хам ишлари юришмай қолганди. Ўғлининг “шарофати” билан иккитата “Камаз”ларини сотган, хозир битта эскироғини ўзи миниб турибди. Тонгда ишга отланган ота ўғли яна қочиб кетганини билиб роса бўғилди. Ўғли шу кетганча бир хафта йўқолиб кетди. Бир хафтадан кейин эса формали одамлар излаб келди. Бу пайтда Мурод гадойтопмас жойларга уриб кетди. Хамтовоқлари билан уч-тўрт кун аввал ўғирликка тушишганда хонадон эгаси таниб қолган экан. Эртаси кўчада Муродни кўриб дўқ урди:
-Мурод, сениям, Денисниям танидим. Учинчи одам Адхам бўлса керак а? Яхшиликча олган нарсаларингни қайтаринглар, йўқса ўзларингга ёмон бўлади.
Ўғриларнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. Олган пулларини, тиллаларни қайтариб ишни бостириш мумкин эди. Аммо, улар бошқача йўл тутишдиким, эртасига қотил сифатида қидирила бошладилар.
Фазлиддин охирги “Камаз”ни хам сотди. Адвокат ёллади, ишни бостиришга киришди. Ээх, қанча тўполон, югур-югурлар бошландия! Эски “Камаз”ни пули урвоқ хам бўлмади. Данғиллама уйини сотишга мажбур бўлди. Адвокат хам, терговчи хам Фазлиддинга кўп маслахат беришди:
-Ака, қўйинг, эгри дарахни нихоллигида тўғриланади. Кейин тўгрилолмайсиз синиб кетади. Айбдор бўлса Жазосини олсин, кўзи очилсин!
-Мени болам қотил эмас, ўртоғи қилган бўлса касофатига қолябди холос, - деб ўғлининг қотиллигига ишонмади. Кейин Денис билан учрашди.-Денис, қилган ишингни бўйнингга олиб, ёлғиз эдим, деб кўрсатма берсанг жазо енгил бўлади. Уйимни сотдим, ярмини оилангга бераман, ўзим кўчиб кетаман бу ерлардан.
Денис шу ерда ақлига бўйсунди. Шерикларим йўқ, деб хамма ишни бўйнига олди. Фазлиддин бор будини сарфлаб ўғлини сақлаб қолди. Кейин сотилган уйининг ярим пулига Олмалиқдан кичкинароқ уй олди. Бу сафар ўғлини қаттиқ тергади. Муроднинг хам кўзи очилганди гўё. Энди кўчада беъмани тентирамаса-да, ота-онасидан яширинча татар севгилиси билан учрашиб келарди. Мурод хар қанча тихирлик қилса хам бу қизга уйланишига ота-онасини рози қилолмай, дилида алам қолди. Аламини бостириш учун эса, наша чекишга зўр берди.
Фазлиддин ўғлининг бу зохирий босиқлигидан анча хотиржам тортиб қолди. Ўғлини хам ўзи билан балиқ овига олиб бора бошлади. Охирги балиқ овига боришганда Мурод “Мен бироз ухлаб олай” деб дарёдан узоқлашди. Фазлиддин қармоққа тикилиб ўтирганда эса, ортидан келиб бўғзига чанг солди. Ота хар қанча қаршилик қилса хам ўғлига кучи етмади. Падаркуш отасининг қўл оёқларни боғлаб олди-да, боши салафан пакет кийдириб димиқтира бошлади. Отасининг ранги кўкариб жон холатда оёқ қоқаётганда пакетни ечиб олди. Кайфдан кўзи қизарган ўғил бу қийноқ усулидан лаззатланаётганди худди, ё алхазар!
Орадан йиллар ўтиб кетди, Фазлиддиннинг жасади топилмади. Падаркуш энди ўзини тергаётган опаларига хам, онасига хам бемалол қўл кўтарар, одамийлик сиёхини буткул йўқотганди. Онасининг калтак еганига чидолмаган катта опа, участка нозирини чақириб келди.
-Ука, шу болани бир-икки кун қамаб, сал ховуридан туширайлик. Онамга қўл кўтарибди.
Мурод шу қамалганча қайтиб озодликка чиқмади. Аввалига, участкавой унинг махалладаги майда жиноятларини аниқлаб, ишни туманга оширди.

​​Тумандагилар эса, ўз отасини ўлдирганини аниқлашди. Буни қандай аниқлашди, хамма хайрон. Хар холда, ички ишлардаги йигитлар ўз ишининг усталари экан
, ўз методлари борда.
Бу хабардан карахт бўлган опа укаси билан учрашувга борганда сўради:
-Жаллод!!! Отамни кўзига қараб туриб ўлдира олдингми, падаркуш?!
-Ха ўлдиролдим. Васиятиниям айтиб берайми сенга?-масхара қилиб кулди Мурод. Кейин, бирдан жиддий тортиб қолди. Хаёлида ўша жараён гавдаланди...
-Бўпти ўғлим, сени қўлингда ўлиш насибам экан, охирги гапимни гапириб олай. Билмадим қаерда хароm еган эканман-у, сен пайдо бўлган экансан. Сен хеч қачон уйланма болам. Худойим сенга фарзанд бермасин! Ота ўз фарзанди қўлида ўладиган бўлса, сен бола кўрмагин ўғлим. Катталар бекорга айтишмаган экан: “Ўзимдан чиқса бало, Қайдан топарман даво”...
Мурод дадасинин гапларини опасига айтганда аёлнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Энди укасига бегонадек, қотилга қарагандек дахшат билан тикилиб турди-ю, бирор сўз айтолмай ортига кайтди.


Хулоса ўрнида: Ўғил ўғил дейдиган оталар!
Қайси ўғилдан кам қизингиз дегим келади.
Ал қасосул, минал хақ! Қайтар дунё!
Шу Падаркушгаям қайтади бир кун.
Оталарга ўз боласи қўлида ўлиш ёзилмасин. Амин!

Kanalimizga obuna bo'ling