📝Шайтон элчиси ёхуд кизини киморга тиккан ота!
ТОШТЕМИР
Бу эркакнинг афт-башарасига қараган одам уни сира қирққа кирган демайди. Кўз остидаги ёнғоқчалар, бўйнигача ёйилиб кетган ажинлар олтмиш ёшли чолдек кўрсатади Тоштемирни. Ҳатто баъзида кўча-кўйдан ўтиб қолса, уни билмасдан «Ассалому алайкум, отахон!» деб ўтиб кетишади. Лекин бунга Тоштемир заррача эътибор қилмайди. Унга ароқ, баъзида наша топилиб турса, қиморхонада ўтири-иб ўша зормандаларнинг кайфини сурса, бас… Нима қипти?.. Ота-она тириклик пайтида ёлғизгина боламиз-ку, демасдан қарғаб юборган бўлса… Бунинг устига анави хосиятсиз уй ҳам қиморга тикилди. Текинтомоқ қизи Хосиятдан бўлак ташвиши йўқ…
Тоштемир беихтиёр қизи эсига тушиб кайфдан юмила бошлаган кўзларини базўр очди-да, атрофга кўз югуртирди. Улфатлар негадир кўринмади. Фақат… Рўпарасида қандайдир қора соя ўтиргандек бўлиб кўзларини каттароқ очди-ю… Яна Эшмат қорига кўзи тушиб беўхшов ижирғаниб қўйди. — «Оббо, шу нусхаям ҳеч тинч қўймас экан-да!.. — хаёлидан ўтказди Тоштемир, — Қачон қараса, орқамдан юргани-юрган… Э, маҳаллага оқсоқол бўлсанг, менга нима?! Пандавақи-ей!..» — Эшмат қори Тоштемирнинг уйғона бошлаганини кўриб бирдан жонланди.
— Менга қара, Тош, — деди унинг елкасидан туртиб, — сен қачон одам бўласан ўзи-а?.. Ота-онанг сени дастингдан куя-куя ўлиб кетди… Хотинни-ку, бошига етмагунча тинчимадинг…
— Вей, қария, — қорининг сўзини бўлди Тоштемир, — сизга нима керак ўзи?.. Ё менминан ошиқ ташламоқчимисиз?.. Ҳи-ҳи-ҳи!.. — Эшмат қори унинг бу гапидан аччиқланиб ҳассасини қўлига олди.
— Ҳой, бетамиз, нимага отангдан қолган уйни сотдинг-а?.. Ҳеч бўлмаса қизингни ўйламадингми?.. У қайси кўчада қолади энди?..
— Пул керак бўлди, қария, пул!.. Ё сиздан сўрасам, бериб турармидингиз-а?.. Ҳи-ҳи-ҳи!..
— Кулма!.. Кўмганда куласан ҳали… Мен сенга эмас, қизингга ачинаман, холос…
— Э, намунча қизинглайверасиз?.. Қиз меники, нима хоҳласам, шуни қиламан. Ундан кўра мачитингизга борсангиз-чи, пешин қазо бўлади… — Эшмат қори келганига пушаймон бўлди. Кайфи таранглигидан оғзининг сўлагиниям артишга куч тополмай ўтирган Тоштемирга нафрат аралаш тикилиб турди-да, қўшиб қўйди:
— Кўзингни оч, бола, агар қизингга бир нарса бўлса, маҳалла кечириб ўтирмайди, нақ тошбўрон қилдирвораман…
МЕН ЗЎРМИ, СЕН ЗЎР?..
Мардонқул «бобой»нинг қиморхонаси Тоштемирга ўз уйидек бўлиб қолган. Айниқса, «учиб» қолган дамларида ҳам эмаклаб-эмаклаб бўлса-да, мана шу каталакдай ҳужрага етиб олади-ю, тўйгунича ухлайди. То бир-иккитаси келиб «ўйин» бошламагунча ухлайверади. Хосият эса, бир гап бўлар… Ижара ҳақини тўлаб турган бўлса… Қолаверса, қўни-қўшнилар ҳам ташлаб қўйишмаётгандир…
Тоштемир боши оғриқдан тарс ёрилгудек бўлиб секин ўрнидан турди. Увадаси чиққан эски кўрпачани устидан олиб бир четга улоқтирди-да, чойнакни пайпаслаб кўрди. Сув йўқ… У базўр ўрнидан туриб ҳовлига чиқди. Атрофни кузатиб вақт пешинми, эрталабми, фарқлаёлмади. Шу пайт дарвоза очилиб, «улфатлари» Содиқ «ғазначи» билан Ҳошим «новча» келиб қолишди.
— Ие, сен ҳалиям шу ердамисан?.. — хохолаб кулганча Тоштемирга қўл узатди ғазначи. — Тоштемир унга бир ўқрайиб қўйди-ю, тўнғиллади:
— Шу ерда бўлмай энамнинг уйида бўлармидим?..
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳужра одамга тўлди. Отдан тушса ҳам эгарни бўшатмаган Тоштемирга худо бериб, ошиққа биринчилардан бўлиб ёпиша кетди.
— Вей, бола, бор-йўғингдан айрилиб зўрға ўтирган бўлсанг, — дея койинган бўлди Мардонқул бобой, — сенга ким қўйибди яна ошиқ тепишни… Қўй, ўзингга жабр қилаверма!.. — Тоштемир бу гапларга эътибор қилмай бир бурчакда астойдил наша тутатаётган шоп мўйловли кимсага хўмрайиб қаради.
— Ҳой, Тўхташ, қасам ичиб айтаманки, бугун уйимни қайтариб, яна устига ўн минг кўкидан қўшиб берасан… — Тўхташ Тоштемирга совуқ жилмайиш қилди.
— Кўрамиз… — Уста қиморбозлар омад кетса жуда узоқ вақт ортга қайтавермаслигини доимо тан олишади. Шунинг учунми, улар мабодо бир-икки кетма-кет ютқазиб қўйишса, дарҳол ўйиндан чиқиб, маълум вақт чўтал йиғиб кун кўришади… Аммо бунақанги ирим-сиримлар Тоштемирга бегона бўлди.
Ўз уйидан, отасидан қолган мол-ҳолидан айрилиб расвойи олам бўлгани етмай яна таваккал ошиққа оёқ тиради.
— Тўхта,тўхта, аввал пул тик… Пулинг борми ўзи тикишга?.. — аюҳаннос солиб қичқиришди атрофдагилар… Тоштемир бирпас сукут сақлаб тургач, беихтиёр тилга кирди:
— Гарткам!.. Қизим Хосиятни тикаман…
— Афтағфирилло… Ҳой, бола, кўзингни оч, ҳозир ютқазиб қўясан, — қичқирди Мардонқул бобой, — сен Тўхташминан бекор ҳазиллашаяпсан… — Тўхташ Хосиятни яхши танийди. Жуда келишган, бунинг устига ювош қиз. Кайфчиликда бир-икки тегиниб ҳам кўрган. «Индамаган…» Буёғи, хотинсиз бўлса… Хосият ҳам етилиб турибди… Ҳозир манави аҳмоқни бир юришдаёқ тиндира олса, қиз ўзиники… Ана ундан кейин бировга ғинг деб оғиз очиб кўрсин-чи…
Тўхташ совуқ тиржайиб, Тоштемирнинг тепкисига бўйсунмай бир четда юмалаб ётган ошиқларни қўлига олди-да, оёғи остига қўйди.
— Гарткам!.. — Қиморбозларнинг ҳаммаси кутилмаганда ув тортиб юборди. Тоштемир не кўз билан кўрсинки, рақибнинг ошиғи олчи эди…
ХОСИЯТНИНГ ҲАСРАТЛАРИ
Хосият болалигидан мунғайиб, не-не қийинчиликлар билан катта бўлган. Отаси ичкилик, қимор деб деярли рўзғор билан иши бўлмайди. Айниқса, онаси бечора не азобда ўлиб кетди. Эр кўриб, рўзғор қилиб рўшнолик кўрмади. Бунинг ўрнига, бутун умр пиёниста, зўравон эрнинг дастидан сомонхоналарда, оғилхоналарда жон сақлаб ўтди… Хайриятки, Хосиятнинг бахтига қўшнилари Сарви кампир бор экан. Отаси ичиб келди дегунча, ўн яшар Хосиятни дарров қўлтиғига оларди. — «Юр, қизим, сен ўзингнинг жонингни сақла, қиз боласан… Эр-хотин бир амаллаб келишиб олишар…» — дерди у нуқул Хосиятнинг бошини силаб…
Мана, энди у ўн саккизга кирди. Хосият тенгиларнинг аксариятини узатиб юборишаяпти… У бўлса, ҳануз бўлмағур отани деб эл-улус олдида боши эгик… Гарчи, ҳамма Хосиятнинг ким эканини билса-да, барибир номус қилади…
Хосият ўрнидан туриб девордаги соатга қаради… Ярим кеча бўпти… «Қаерда юрибдийкин-а? Яна ичиб келмасин-да, ишқилиб!..» Шу пайт ташқарида дупур-дупур овоз келди-ю, Хосият ҳовлиқиб деразадан қаради. Отаси экан… «Хайрият, ичмаганга ўхшайди, — деб қўйди ичида, — Бир кун бўлсаям тинч ухлайдиган бўпман…» Лекин қизалоқ Тоштемирнинг нима ишлар қилиб қўйганидан, афсуски, бехабар эди. Шу боис, отаси ҳушёрлигидан қувониб дарров олдига дастурхон ёзди-да, овқат иситиб келди. Тоштемир қовоғи уйилган кўйи кутилмаганда қўйнидан бир шиша ароқ чиқариб дастурхон устига қўйди.
Ароқни кўриб Хосиятнинг жон-пони чиқиб кетди… — «Уйга ароқ кўтариб келадиган одати йўқ эди-ку! — кўнглидан ўтказди у елка қисиб, — Ишқилиб, бир балони бошламасин-да!»
Тоштемир бир кўтаришда косадан сал кичикроқ пиёладаги ароқни сипқориб, пишиллай-пишиллай тузланган бодринг кавшаркан, ер остидан қизига қараб қўйди… Тўғриси, битта-ю битта қизини ўша Тўхташнинг қўлига топширгиси йўқ… Лекин… Иложи қанча… У билан ҳазиллашиб бўлмайди… Одамлари кўп… Гапидан қайтганини сезиб қолса, бир кечада ўлдиртириб юборишиям ҳеч гапмас… Йўқ… Бўлар иш бўлди… Вақт кетаяпти… Айтилган пайтга етказиб бормаса бўлмайди… Нима қилиш керак?.. Қизига бир оғиз айтсинмикан ё алдаб олиб борсинмикин?.. Йўқ… Қиморбоз дангал бўлгани яхши… Ўзининг боласи-ку!.. Унинг хоҳишига қараб ўтирса, нималар демайди… Қани, қаршилик кўрсатиб кўрсин-чи… Нақ бўғизлаб қўя қолади…
Тоштемир пиёладаги қолган ароқни ичиб, шишани деразадан ташқарига улоқтирди-да, бошини эгганча жимгина дастурхоннинг бир четини ўйнаб ўтирган Хосиятга ўгирилди.
— Хосият, — деди у жиддий оҳангда қизига яқин келиб, — кийимларингни кий, мен сени бир жойга олиб бормоқчиман…
— Қаерга?.. — Тоштемир нима дейишни билмай бироз сукут сақлаб олгач, сўзида давом этди:
— Тўхташ амакингникига…
— Мен у ерда нима қиламан, ота?..
— Э, нима қилардинг?.. Мен сени қиморга бой бериб қўйдим… Биласан-ку… Пул бўлмагандан кейин…
— Бу гапларни эшитиб Хосиятнинг ранги-қути ўчди… Наҳотки?.. Наҳотки, отаси шундай пасткашликка борган бўлса?.. Ахир… Одамлар нима дейди?.. Дугоналарининг кўзига қандай қарайди?.. Йўқ… Бормайди… Ҳеч қаерга бормайди…
Хосият беихтиёр орқасига ўгирилиб ташқарига чиқиб кетмоқчи бўлди. Аммо отанинг бақувват қўллари билакларидан тутиб уни ўзига қаратди.
— Ҳа-а, қочмоқчимисан, ҳароми?.. Қочиб бўпсан… Агар раъйимга қарши борсанг нақ бўғизлаб ташлайман… Кийин, дедим сенга!..
— Қўйворинг!..Мен ҳеч қаерга бормайман… Қўйворинг!.. — Хосият отасининг қўлларидан қутулиш илинжида жон-жаҳди билан силтаниб дод солар, лекин унинг овозини сувоғи кўчиб тушган пахса деворлардан бўлак ҳеч ким эшитмасди.
МАДАД
Шайтон домига тушган одамнинг кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлиши мана шу ерда билинди-қўйди. Қизининг оҳу нолалари, ялиниб-ёлворишлари Тоштемирнинг тош юрагини эрита олмасди. У жон-жаҳди билан Хосиятни ташқарига судрар, албатта, қандай қилиб бўлмасин, ўз жонини қутқариб қолиш илинжида эди… Шу пайт у бошига келиб тушган кучли зарбадан беихтиёр қалқиб кетди-ю… Йиқилаётиб шошилинч орқасига қаради. Тепасида темир ҳассасини навбатдаги «зарба»га шайлаганча Эшмат қори турарди. Бу орада Хосият отасининг қўлидан чиқиб тўғри Сарви кампирникига югурди. Эшмат қори калтак зарбидан ерда гарангсиб ўтирган Тоштемирнинг бўйнига ҳассасини тақади.
— Бу кунингдан кўчага чиқиб гадойлик қилганинг яхши эмасми, ҳароми?! — ўшқирди Эшмат қори, — саройлардай манави уйингни, отанг раҳматлидан қолган мол-ҳолни осмонга совурганинг етмай, энди бегуноҳ қизга ёпишдингми?.. Ҳа… Илгариги кучим бўлганда-ку, сендақаларни икки ямлаб бир ютардим-а!.. — У ўзини ўнглаб секин ўрнидан турмоқчи бўлаётган Тоштемирнинг елкаси аралаш яна бир туширди-да, «Ҳе, ҳезалак!» — дея сўкинганча, ҳовлини тарк этди.
ХОСИЯТНИНГ ҚАЙТИШИ
Хосият Сарви кампирнинг ҳовлисига сочлари тўзган ҳолда, ранги-қути ўчиб кириб келди.
— Ҳа, қизим, сенга нима бўлди?.. Ким сени хафа қилди?.. — ҳайрон бўлиб уни сўроққа тута бошлади Сарви кампир. Хосият эса, жавоб бериш ўрнига пиқиллаб йиғларди, холос… Сарви кампир дарров унга қайноқ чой берди. Йиғлашдан тўхтаб, сал ўзига келгач, яна сўради:
— Хўш, энди гапир-чи, нима гап ўзи?..
— Энажон, отам мени қиморга ютқазиб қўйибди… Анави Тўхташ қиморбозга…
— Вой, яшшамагур-ей!.. — Сарви кампир азбаройи жаҳли чиққанидан бошидаги дока рўмолининг икки четини тортиб-тортиб қўйди, — Вой, балога йўлиққур-ей!.. Менга қара, қизим, маҳаллага чиқиб айтиб бермаймизми у ярамас маҳлуқни-а?.. Бир адабини берсин…
— Эшмат қорининг ўзи келиб кетди-ку!.. Мени тортқилаб судраётганди, ўша кеп қолиб отамни ҳассасиминан роса савалади… Сени маҳалладан ҳайдаттирвораман деди…
— Ажаб қипти!.. — тиззасига шапатилади Сарви кампир, — Имонсиз отангга буям кам… Мен қорининг ўрнида бўлсам, эшакка тескари миндириб, сазойи қилардим у гўрсўхтани… Ҳа, майли, унчалик бўлса, сен секин уйларингга кириб ҳеч нарса билмагандай ўтиравер… Ўзим сендан хабар олиб тураман… Бор, қизим, илоё, бошинг тошдан бўлсин!.. — Хосиятга Сарви кампирнинг гаплари далда бўлдими, пиёладаги чойини апил-тапил ичди-да, кўчага йўл олди…
Дарвозаси қаршисига етгач, ичкарига кириб секин атрофни кузатди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмади. Кўнгли тинчиб, эҳтиёткорлик билан ичкари уйга кирди-ю… Қотиб қолди… Чунки унинг кароватида… Совуқ тиржайганча, Тўхташ қиморбоз ўтирарди.
ШАЙТОННИНГ ЭЛЧИСИ
Хосият бирпас нима қилишини билмай довдираб турди-да, беихтиёр аста-секинлик билан орқага тисарила бошлади. Лекин остона ҳатлашга улгурмади. Тўхташ қиморбознинг бақувват, чайир қўллари унинг икки билагидан тутди.
— Оббо, ўзимнинг қушчам-ей!.. Қаерга қочмоқчисан ўзи-а?.. Йў-ўқ, сен энди меникисан… Қани, бағримга кел-чи, келақол!.. — Тўхташнинг кўзлари шу тобда катта-катта очилиб, ўзи ўлжасига ташланаётган илон қиёфасига кирган эди. Хосият бу нобакор эркакнинг қўлларидан қутулиш учун бетўхтов силкинар, афсуски, сира иложини тополмасди.
— Қўйворинг!.. Нима ҳаққингиз бор?.. Ҳозир дод соламан… Вой-дод!.. Ёрдам берингла-ар!.. — Хосиятнинг фарёдини ҳеч ким эшитмади...
Тўхташ уни тўшакка судраб олиб бориб ётқизди-да, аввалига икки қўлини орқасига қилиб маҳкам боғлади, сўнгра аста-секин қизнинг иштонини ечди. Хосиятнинг ҳали бирон-бир бегона эркак қўли тегиб улгурмаган оппоқ, бўлиқ сонларига, депсинаётган тойчоқдек кўйлагини туртиб турган анор янглиғ сийналарига ҳирс билан термуларкан, Тўхташ шошиб қолди. У ёқ-бу ёққа тез кўз ташлаб олган бўлди-ю, ҳовлиқиб шимини еча бошлади.
— Майли, қизалоқ, — ҳарсиллаганча уқтирган бўлди у ҳануз оёқлари остидан чиқиб, туришга интилаётган Хосиятнинг тиззасидан босиб, — мен сени олиб кетмай қўя қоламан… Фақат… Бирпас жим туриб берсанг бўлди…
Бироқ у шимини ечишга улгурмади. Кимдир елкаси аралаш ушлади-ю, ўрнидан турғазди… Тўхташ қаршисида участка нозирини кўргач… юлқиниб қочмоқчи бўлди. Бунга ҳам улгурмади. Участка нозири унинг қўлларини кишанлаб, секингина кўчага, милиция машинаси томонга бошлади…
САФАР ОЛДИДАН
Тўхташ қиморбоз воқеасидан сўнг Тоштемир қишлоқ кўчасида юришга қўрқиб қолди. У кундузлари дала қирғоқларида ёки шаҳарда дайдиб вақт ўтказар, қоронғи кечадагина қишлоққа қайтарди. Эски «қиморхона»ни эса, миршаблар ёпиб, у ерга ўз қўриқчиларидан бирини қўйиб кетишди. Лекин қиморбозлар қишлоқнинг бошқа чеккасида ўйинни давом эттираверишди…
Тоштемир астойдил ошиқ тепаётганларга боқиб ичи қизиб-қизиб қўярди-ю, яна ўйинга қўшилишга сира юраги дов бермасди. Унинг ҳолатини пайқаган Мардонқул бобой калака қилган бўлди:
— Ҳа, Тош, тепмайсанми баччағар ошиқни?.. Ё Тўхташ юрагингни олиб қўйдими дейман-а?.. — Паст бўйли, юмалоққина, бошида биронта ҳам туки йўқ Мўмин кал унга қўшимча қилди:
— Менга қара, Тош, айтишларича, Тошканни қиморбозлари жа бўш-баёв эмиш… Улар кўпинча қарта ўйнар экан-да!.. Сен, яхшиси, ўша ёққа бориб ўйна… Ажабмас, қўлинг пул кўриб одам қаторига қўшилсанг… — Ўтирганлар гурр этиб кулиб юборишди. Аммо бу кулги Тоштемирга заррача таъсир қилмади. У калнинг гапини жиддий қабул қилган эди.
— «Ҳақиқатанам, Тошкентга борсаммикан?.. — ўйлади Тоштемир ўйинни бепарво кузатиб ўтираркан, — Ёлғизнинг ёри Худо, дейишади-ку!.. Бу ерда тумшайиб ўтирганимминан биров менга бир сўм берармиди?.. Анави миршабларнинг кўзиданам панароқ бўлиб турардим… Ҳа, бораман… Омадимни синаб кўраман…» — Тоштемир бир қарорга келгандек даст ўрнидан турди-ю, Мардонқул бобойни ташқарига имлади. Ҳовлига чиқишгач, муддаога ўтди:
— Отахон, калнинг гапида жон борга ўхшаб қолди… Тошкентга бориб бир таваккал қилиб кўрсаммикин деяпман-да!.. Шунга… Йўл харжига пича пул қарз бериб турсангиз… Келишимминан ўша заҳоти қайтараман… — Мардонқул бобой пулнинг дарагини эшитиб Тоштемирга хўмрайиб қаради.
— Менга қара, сен ўзи 20 минг қарзсан… Яна қандай қилиб сенга пул бера оламан-а?..
— Ахир… Мени яхши биласиз-ку!.. — деди илтижоли оҳангда Тоштемир, — Охирги марта бир қўллаб юборинг, бобой!.. Мана кўрасиз, мен тошканликларнинг бурнини ерга ишқаб келаман… — Мардон бобой бироз мулоҳаза қилиб кўргач, Тоштемирга «Майли, ишондим» дегандек бош ирғаб қўйди ва пул олиб чиқиш учун ичкарига кириб кетди.
ИККИ ЙЎЛ ОРАСИДА
Тўхташ билан бўлиб ўтган кўнгилсизликлардан сўнг ўз уйига қадам босиб киришга Хосиятнинг юраги дов бермади. У кунини Сарви кампирникида ўтказа бошлади. Аммо Сарви кампир ҳам ўзидан қўрқарди.
— «Айни етилган пайти бўлса, — дерди у ўзига ўзи, — худо кўрсатмасин, биров бир нарса қилиб кетса нима қиламан-а?..» — Сарви кампирнинг юрагига ваҳима тушиб кунларнинг бирида Хосиятни ёнига чақирди.
— Қизим, мана бир неча кунлардан берисига биргамиз, — деди у Хосиятнинг пешонасини силаб, — менам сенга анча ўрганиб қолдим… Ахир, сен киргандан бери уйимнинг юзи очилди. Ҳаммаёқ саранжом-саришта… Локигин… Битта сал ёмон тарафи бор-да, қизим!..
— Вой, нима экан у, эна?..
Сарви кампир бир-икки томоқ қириб олди-да, сўзида давом этди:
— Нима десамийкин?.. Мана, сенам бўй етиб қолдинг… Бунинг устига кечаги воқеалардан кейин мен анча юрак олдириб қўйдим… Худо уриб сенга бир нарса бўлиб қолса-ю, қариган чоғимда мениям мелисама-мелиса судраб қолишса нима бўлади?.. Ана шунинг учун… Сенга маслаҳатим… Анави Саломат амманг бориди-ку, ўшаникига бориб турсанг… Нимаям қилардик, қизим, пешонанг қурмағур шўракан-да!.. — Хосият кампирнинг гапларига тушунди. Унинг гапларидан сира хафа бўлмади. Аста бошини эгиб Саломат аммасини кўз олдига келтирди. У ўзларидан икки-уч қишлоқ нарида — Ойдинкўлда туради. Ҳали қирққа етмай бир этак болани туғволиб бутунлай ўралашиб қолган. Отасининг она бир ота бошқа синглиси. Шунинг учунми, борди-келди ҳам ҳаминқадар… Билмайди. Ҳозир борса, аммаси яхши кутиб оладими-йўқми?.. Ҳарқалай, у ҳам тил-жағли аёл… Бўлар-бўлмас гапларни гапириб Хосиятни хўрлаб қўймасмикин?.. Умуман, шундай оғир дамларда остонадан ичкарига қўярмикан ўзи?..
Хосият ўйлай-ўйлай Сарви кампир билан хайрлашиб, таваккал аммасиникига йўл олди.
АММА
Саломат ориқдан келган, оқ-сариққа мойил аёл. Шунинг учун бўлса керак, сал нарсага жаҳли чиқиб кетаверади. Ана шу жаҳлдорлиги дастидан тўртта боласи билан эри ташлаб кетган. Болалар ташвиши, рўзғор оғирлиги елкасига тушгач, янада жаҳлдор, янада жиззаки бўлиб қолди. Ўгай бўлса ҳам Тоштемирга ишонганди. Лекин у ҳам расвои олам бўлиб кетди. Биргина қизини боқолмайди-ю, Саломатга қарармиди?.. Қуриб кетсин ака бўлмай!..
Саломат жизғанаги тутиб эндигина ҳовлига чиқди-ю, дарвозахонада қўлида тугунини кўтариб нима қилишини билмай турган Хосиятга кўзи тушиб баттар тутоқди.
— Ҳа-а, — дея турган ерида қичқирди Саломат икки қўлини белига тираб, — қайси шамоллар учирди?.. Эшитдим, гўрсўхта отанг бор бурдини қиморга ютқазиб юборибди… Энди кўчада қолиб амманг эсингга тушибди-да-а?.. Илгарилари… Дилбарим демасдиларинг-ку!.. — Хосият аммасига яқин келиб секин тугунини ерга қўйди.
— Амма, отам мениям қиморга тикворибди… Энди у уйга боришга қўрқаяпман…
Бу гапларни тинглаб туриб кутилмаганда Саломатнинг қошлари чимирилди.
— Хўш, уйга боришга қўрқсанг, мен нима қиб берай?..
— Сизникида пича яшаб турсам…
— Э, йў-ўқ, — деди қатъий оҳангда Саломат, — агар шу гапинг рост бўлса, демак, сени ўша ютиб олганлар истаб юришибди. Мен ўзи болаларимминан зўрға ўтирган бўлсам… Сенинг дастингдан бизниям бир ёқли қилиб кетишсинми кейин… Йўқ, амманг ўргилсин, қариндош-уруғчилик ўз йўлига… Сени олиб қололмайман… — Хосият аммасидан бундай муомалани кутмаганиданми, қизариб-бўзарди. Боши эгилиб, кўзларига ёш келди. — «Наҳотки, кўчада қолаётган бўлсам?.. — дерди ичида қон йиғлагудек бўлиб, — Ахир, битта-ю битта туғишган аммам шу эди-ку!.. Энди қаерга, кимларнинг олдига йиғлаб бораман?..» — Хосият бирпас қандайдир номаълум илинж билан Саломатга тикилиб тургач, ундан жўяли бир гап чиқмаслигини тушуниб етди ва яна қўлига тугунини олиб кўчага чиқиб кетди.
МУСОФИР
Кўр кўрни қоронғида ҳам топишига Тоштемир Тошкентга келгандан сўнг юз карра ишонч ҳосил қилди. Аввалига катта, тўполон шаҳарда паноҳ излаб бироз довдираган бўлса-да, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ўзи қидираётган ҳақиқий қиморбозни топди. У Эски шаҳардаги чойхоналардан бирида ётиб юрар, исми Хўжайли эди. Ўзи эндигина 25га қадам қўйган бўлишига қарамай, Хўжайли шаҳарда анчагина ном чиқарганлар хилидан экан. Тоштемирнинг атайин Қўқондан қимор ўйнаш учун келганини эшитди-ю, аввал уни менсимагандек кулиб қўйди. Улфатлар: «Э, Қўқондан қуруқ қўл билан келмагандир… Бир нимаси бордир, ахир!.. Қизталоқни шилиб олмайсанми?!» — деяверишгач, ноилож рози бўлди. Афсуски, Тоштемирнинг киссасида қайтиб кетишга яроқлигина пулидан бўлак ҳеч вақоси йўқ эди. У фақат ютишига… Ютишига ишонарди…
Хуфтон ўқилиб, бозор-ўчар тарқагач, қиморбозлар аста-секин чойхонага тўплана бошлашди. Тоштемир тўрда гўёки савлат тўкиб ўтирганча, уларнинг афт-башарасини, хатти-ҳаракатини кузатиш билан овора, иззат сақлабми, ҳеч кимга ортиқча сўз қотавермасди.
Ниҳоят ўйин бошланди. Ошиқларни ҳурмат юзасидан Тоштемирга узатишди. У ошиқни қўлида шарақ-шарақ айлантириб, оёғи остига тикди.
— Гарткам!.. — Не кўз билан кўрсинки, ошиқ олчи келди. Ўртага тикилган дастлабки эллик минг сўм (меҳмондўстлик назаридан Тоштемирни биринчи марталик пул тикишдан озод этишганди) Тоштемирга ўтди. Ўтирганлар баравар қарсак чалиб унга ароқ тутқазишди… Ҳаммаси, аслида ана ўша ароқдан бошланган эди. Қувончи ичига сиғмаган Тоштемир биронтаям «мезбон»нинг қўлини қайтармас, ўзининг илк ғалабасини нишонлаш билан овора эди. Афсуски, бу тошкентлик қиморбозларнинг кичик бир ҳийласи эканини мутлақо билмасди… Кайф орасида бўйнига беш юз минг сўм илиб қўйишганини, пули йўқлигини сезиб қолишгач эса, ўласи қилиб калтаклаб Қорақамишдаги сассиқ анҳор бўйига ташлаб кетишганини эртаси куни аъзойи бадани қақшаб уйғонгандагина зўрға-зўрға эслай олди. У амал-тақал ўрнидан туриб атрофни кузата бошлади. Сал наридан унга ҳайрон қараб ўтиб кетаётган ўрис йигитидан папирос сўрамоқчи бўлди-ю, тил билмаслиги ёдига тушиб тилини тишлади. Сўнгра шошилиб киссасини пайпаслаб кўрди. Хайрият, пулларига тегишмабди. — «Ярамаслар, шафқатсиз бўлсаям мард экан… — хаёлидан ўтказди Тоштемир, — Яхшиямки, манави анҳорга ташлаб юборишмабди. Бўлмаса…» — Тоштемир оғриқдан зўриқиб турган оёқларини зўрға қўзғатиб ўрнидан жилди-да, тўғри келган томонга кета бошлади. Мақсади, кечгача бошқа бир қиморхона топиш, Тошкент қиморбозларини, барибир ютиш ва ютиш эди…
КЎРГУЛИК
Хосият аммасиникидан чиқиб қаерга боришини, тунни қайда ўтказишни билмай ҳайрон бўлиб қолди. Аксига олиб тобора қош қорайиб борар, кузнинг баданни жунжиктирувчи муздек шабадаси Хосиятнинг юпқа, одми кўйлаги оша урилгани сайин янада ваҳимага тушарди. Шу пайт узоқдан далачи қизларнинг шўх қийқириқлари, ора-сирада қандайдир эркакларнинг ҳазиломуз сўкинишлари қулоққа чалина бошлади. Хосият уларнинг кўзига кўринишдан қўрқиб зовур ёқалаб Бачқирга — қишлоқ гузари тарафга қараб кета бошлади… Қанча юрганини билмайди. Бир пайт кутилмаганда бошида қаттиқ оғриқ турди. У: «Қорним очлигидан бўлса керак» деб хаёл қилди-ю, бепарво кетаверди. Лекин… Узоққа бормади бу ҳолат… Энди кўнгли айниб, боши айлана бошлади… Хосият ортиқ юришга мажоли келмай, ерга ўтириб олди ва тинимсиз ўқчийверди. Қанча ўқчимасин, ичидан ҳеч нарса чиқмас, фақат… Кўнгли кетиб бораётганини ўқтин-ўқтин ҳис қилиб турарди, холос…
Қанча ётганини билмайди… Кўзини зўрға-зўрға очганида аллақачон тун ярим бўлган, узоқ-яқиндан дайди итларнинг акиллаши қулоғига чалинар, бадани қизиб кетаётганига қарамай, нуқул қалтирарди, холос.
Хосият дард ичида бир амаллаб ўрнидан қўзғалди-да, атрофни кузатган бўлди. Ўзидан анча нарида қанақадир номаълум бинонинг деворлари кўзига кўрингандек бўлди. Қишлоқда ўсган эмасми, қоронғиликдан, зовурдаги қовғаларнинг шитирлашидан қўрқиб ўтирмади. Иложи борича қадамини тезлатиб шийпонга келди-ю, хоналардан бирининг эшиги ланг очиқ турганини кўриб севиниб кетди ва шартта ичкарига кириб чироқни ёқди.
КУТИЛМАГАН МЕҲМОН
Тоштемир судрала-судрала катта йўл бўйига чиқди-да, қай тарафга юришни ўзича чамалаган бўлди. Шу тобда оёғига қаттиқроқ тепиб қўйишган шекилли, лўқиллаб оғрир, калтак зарбидан тирс-тирс ёрилиб кетган лаблари қаттиқ ачишиб, оғиз очишга қўймасди. — «Хў-ўп қиморбозлар экан-да, баччағарлар!.. — дея ўйларди у турган ерида, — Мусофир-ку, деб ўлдирворишганда нима қилардим?.. Айниқса, анави Тўхташ хунасага ўхшаганнинг қўлига тушиб қолсанг, юзингда кўзинг деб ўтирмайди, ҳа!..» — Тоштемир бир ўнгга, бир чапга қаради. Ўнгда уй камроқдек кўринди. — Нима бўлса-бўлди… Ўнгга юраман, — кўнглидан ўтказди Тоштемир, — қиморбоз баланд-баланд уйларда нима қилади, яйловроқ жойларда бўлади-да!..» — Янглишмаган экан. Бир-икки чақирим йўл босгач, қозоқ ўтовига ўхшаб кетадиган қора уй кўринди. Оқсоқланганча, энди уйга яқинлашган ҳам эдики, ичкаридан ёши етмишга бориб қолаёзган, чўққисоқол қария чиқиб келиб, Тоштемирга савол назари билан боқди.
— Кел, бола, қайдан бўласан? — Тоштемир унинг Тошкент чолларидан эмаслигини пайқагач, эркинроқ туриб гап бошлади:— Ота, мен мусофирман… Ҳў-ў, Қўқон тарафлардан келаяпман…— Нима бўпти келсанг?.. Оғзи-бурнинг қон-ку!.. Тепалаб кетишганми дейман-а?.. Ҳа-а, бу ерларни Тошкан деб қўйибди, бола!.. — Қариянинг оғиз кўпиртириб мақтаниши Тоштемирнинг жонига тегди. Шунинг учунми, ўйлаб ўтирмай шартта сўзини бўлди:
— Ота, мен мусофирман… Ҳў-ў, Қўқон тарафлардан келаяпман…
— Нима бўпти келсанг?.. Оғзи-бурнинг қон-ку!.. Тепалаб кетишганми дейман-а?.. Ҳа-а, бу ерларни Тошкан деб қўйибди, бола!.. — Қариянинг оғиз кўпиртириб мақтаниши Тоштемирнинг жонига тегди. Шунинг учунми, ўйлаб ўтирмай шартта сўзини бўлди:
— Ота, шу ерларда ошиқ тепадиган мардидан йўқми мундай?..
— Ие, ҳали… Қиморбозмисан?.. Шунақа демайсанми, қизиғар?!
— Бу нима деганингиз?.. — Қариянинг беўхшов сўкинишидан жаҳли чиқиб деди Тоштемир, — Қизиғар дейсиз-а?! — Қария беихтиёр сўкиниб юборганидан ҳийла хижолат чекиб, Тоштемирни юпатган бўлди:
— Майли, майли… Хафа бўлма!.. Мен ўзи ҳовв Сайрамни ўзбеклариданман-да!.. Кел, яхшиси, танишиб олайлик… Менинг исмим — Полвон ота… Сеники-чи?..
— Тоштемир… — Қария шундан кейингина уни ичкарига таклиф қилиб, остига кўрпача тўшади.
— Шундай қилиб, қиморбозман дегин, — дастурхондаги бир лаган қўй гўштини майдалаб тўғраб Тоштемирга узатаркан, — Ҳали шошмай тур, кеч кирсин, келишади Тошканни учарлари… Уларга бас кела олармикинсан, ишқилиб-а?.. — Тоштемир қариянинг гапини эшитмаганга олиб гўшт чайнашда давом этди.
СЎНГГИ САС
Кеч кириб қўй подалари отар-отарларига қайта бошлагач, Тоштемирнинг юраги негадир ғаш торта бошлади. Кўнглига қил сиғмай атрофни ўзича сайр қилган бўлди. Бу ҳам чигалини ёзавермагач, барчасига қўл силтаб, кетиб юбормоқчи бўлди. Лекин ғурури қурғур сира йўл бермади.
— Йўқ, мен барибир тошканликни адабини беришим керак, — дерди ўзича ғудурлаб, — шундай ютайки, энадан туғилганига пушаймон еб, соямга салом қиладиган бўлсин… Ютмасам, қўқонлик… Йўқ, бачқирлик отимни бошқа қўяман…»
Орадан бир соатлар чамаси вақт ўтиб, қора «Мерседес» ва унинг ортидан эргашиб келаётган «Жигули» қора уй тарафга қараб бурилди. Тоштемирнинг шундоқ ҳам безовта ураётган юраги баттар така-пука бўлди. Машиналар оёғи остига келиб тўхтагач эса… Тоштемирнинг кўз ўнгида кутилмаган манзара намоён бўлди… Машинадан кечагина ўзини ўласи қилиб калтаклаган йигитлар даврасида Хўжайли тушиб келарди. Тоштемир уни кўрди-ю… Оёғига баттар оғриқ кирди. Калтак зарбидан ёрилиб кетган лаблари бир-бирига қаттиқроқ ёпишди. Орқага тисарилиб секингина жуфтакни ростлаб қолмоқчи бўлди… Аммо кеч эди. Хўжайли унга яқин келиб елкасига қўлини қўйди.
— Ҳа, қўқонлик, ҳалиям ўлмадингми?.. Оббо, сен-эй!.. — У бошқа ҳеч нарса демади. Фақат… ёнидаги шерикларига маъноли қараб қўйди-да, ичкарига кириб кетди…
ҚАЕРДАСИЗ, ОТАЖОН?..
Хосият шийпон ичкарисига кирди-ю, бўш турган кароватга чўзилди. У ухлаб қолдими, ё ҳушидан кетдими, билмайди. Кўзини очганида қовоқлари сим-сим оғрир, оёқ-қўллари мадорсиз эди. Ичкарида кимдир у ёқдан-бу ёққа ивирсиб юрарди. Хосият аранг бошини кўтариб номаълум кимса тарафга ўгирилди. У мозор маҳаллалик қоровул чол Йўлчи бобо экан.
— Бобо, нон… нон бери-инг!.. — ялинган оҳангда зўрға сўз қотди Хосият. Йўлчи бобо унинг уйғонганини пайқаб, — «Худога шукр», — деб қўйди-да, аста кароватга яқин келди.
— Адашмасам, сен анави қиморбознинг қизисан-а?..
Хосият «Ҳа», дегандек билинар-билинмас бошини қимирлатди.
— Бу ерларда нима қилиб адашиб юрибсан, қизим?.. Ҳа-а… Эшитгандим… Эшитгандим… — Йўлчи бобо нимадир эсига тушгандек, бошини сарак-сарак қилиб халтачадаги нондан бир бўлак синдирди-да, Хосиятга узатди.
— Ма, аввал мана буни еб ол-чи!.. — Хосият нонни қўлига олиб зўрға бир бурда тишлай олди. Ортиқ оғиз қимирлатишга мадори етмади. Йўлчи бобо эса, унга бирпас ер остидан тикилиб тургач, яна гап бошлади:
— Менга қара, қизим… Тўғрисини айтсам… Сенинг бу ерда ётишинг, ҳарқалай, тўғри келмаса керак-ов!.. Бу ер шийпон бўлса… Дўст бор, душман бор… — Хосият иккинчи марта нон тишлашга ҳаракат қилиб, нонни қўллари қалтирай-қалтирай оғзига яқин олиб бораркан, ўпкаси тўлиб кетди… Ахир… Қаерга боради?.. Ярим кечада кимнинг эшигини қоқиб киради?.. Ҳеч ким уйига киритмаса… Ҳамма ундан ҳазар қилса…Шу тобда Хосиятнинг кўз олдига отаси келди.— «Ота, мени не кўйларга солиб қўйдингиз?.. — хаёлан савол берарди отасига у, — Ахир… Мен якка-ю ягона фарзандингиз эдим-ку!.. Мендан кейин нима қиларкинсиз, ота?.. Сочингизни юлиб, «болам»лаб йиғлармикинсиз?..» — Хосият секин ўрнидан туриб, дала четидаги тор сўқмоқ оралаб кета бошлади. Унинг тинимсиз боши айланар, кўнгил айнишидан ўқчиб-ўқчиб бормоқда эди… Йўқ, у узоққа бора олмади. Қишлоққа яқинлашай деганда беихтиёр оёғи тойиб кетди-ю, ёнбошдаги баҳайбат зовурга қулади. Сув остига чўкиб улгурган Хосиятнинг фақатгина «билқ-билқ» қилиб гўёки Яратгандан қайта ҳаёт сўраётган нафас товушларидан афсуски, барча бехабар эди.
— «Ота, мени не кўйларга солиб қўйдингиз?.. — хаёлан савол берарди отасига у, — Ахир… Мен якка-ю ягона фарзандингиз эдим-ку!.. Мендан кейин нима қиларкинсиз, ота?.. Сочингизни юлиб, «болам»лаб йиғлармикинсиз?..» — Хосият секин ўрнидан туриб, дала четидаги тор сўқмоқ оралаб кета бошлади. Унинг тинимсиз боши айланар, кўнгил айнишидан ўқчиб-ўқчиб бормоқда эди… Йўқ, у узоққа бора олмади. Қишлоққа яқинлашай деганда беихтиёр оёғи тойиб кетди-ю, ёнбошдаги баҳайбат зовурга қулади. Сув остига чўкиб улгурган Хосиятнинг фақатгина «билқ-билқ» қилиб гўёки Яратгандан қайта ҳаёт сўраётган нафас товушларидан афсуски, барча бехабар эди.
ОНА ТУПРОҚ
Хўжайлининг калтаклари зарбидан қўл-оёқлари, қовурғалари синиб, аъзойи бадани момоталоқ бўлиб кетган Тоштемирни ўз уйига ўткинчи машинада олиб келиб ташлашди. Тоштемир қадрдон сўрисида мажолсиз ётганча, зўрға-зўрға нафас олар, ўт билан ўйнашганларига, умуман, ана шу ярамас қиморга илакишиб қолганларига минг пушаймон чекарди…
Маҳалла катталари келишиб, қизининг ўлганини унга билдиришмади. Ундан ҳар куни Эшмат қорининг ўзи хабар олиб турди. Орадан уч кун ўтгач, Эшмат қори уйқу орасида хириллаб-хириллаб қўяётган Тоштемирга бирпас тикилиб турди-да, қўшни йигитлардан бир-иккитасини чақириб келди.
— Буни ичкарига олиб киринглар, кун-соати битганга ўхшайди…
Ўша куни хуфтон маҳалида Тоштемирнинг жони узилди. У ҳеч ким билан видолаша олмади. Ҳеч кимга сўнгги сўзини айта олмади. Қизини сўроқламади. Фақат… Ўзи ётган полсиз уйнинг похол тўшалган жойидан бир сиқим тупроғини қўлига олди-да, ўша тупроқни чангаллаганча жон берди.
Тамом