Tushda kechgan umrlar
КЕРАКЛИ ДАЛИЛ КЕРАКЛИ ПАЙТДА АЙТИЛАДИ
Комиссар карахт бўлиб уйғонди. Уйғонди эмас, ухладими-йўқми, ўзи билмасди. Туни билан
алоқ-чалоқ тушлар кўриб чикди. Фенобарбитал ичганидан кейин қулоғи шанғиллаб, кўз ўнгида
қумдек майда, ялтироқ заррачалар кўрина бошлади. Боши ғувиллаб, энди кўзи илинган эди, қараса, ёнида Назира ётибди. Секин қўлидан ушлади. «Қўйвор! — деди Назира сансираб. —
Қўйвор, беномус!» Ие, Назира эмас, Фотима-ку! «Қўйвор!» — деди Фотима ғазабдан афти
қийшайиб... Комиссар юраги гурсиллаб уйғонди. Анчагача қоронғи шифтга қараб ётди. Бора-
бора тағин боши ғувиллай бошлади. Шунда... девор орасидан қандайдир шарпа сирғалиб чиқди.
Бир қараса, Ҳусанхўжага ўхшайди, бир қараса, Тўлаганга. Нуқул иршайиб, унсиз кулади...
Бўлмади... Комиссар ўрнидан туриб, валидол шимди. Бирпас иккиланиб турди-да, ваннахонага
кириб, илиқ душ олди. Адёлга ўраниб ётган жойида «Спидола» қулоғини буради. Алланечук
ҳузурбахш куй вужудини ёқимли сийпалаб ўтди. Анчагача эшитиб ётди. Охири куй тугаб,
диктор бир нималарни гапира бошлади. Комиссар «Исломобод» деган сўзни тушунди, холос.
Бундан чикди, Покистон экан... Мэлс ёдига тушиб, дарров радио қулоғини бошқа тўлқинга
олди. «Америка овози» СССРда бўлаётган демократик жараёнларни гапирар эди. Ниҳоят,
деразада тонг бўзара бошлади. У шошилмасдан кийинди. Плашини, шляпасини... Сут бидонини
олиб, пастга тушди. Қиш ҳали тугамаган, аммо кўклам нафаси сезилиб турарди. Қорлар эриб
битган, бақатераклар шохида бўртишга мойил куртаклар кўз очсамми-йўқми, деб иккиланиб
тургандек, шабадада оҳиста силкинарди. Орқа томондан кимдир ҳансираб нафас олгани
эшитилди. Эгнига «олимпийка», бошига чанғичилар телпагини кийган икки киши югуриб ўтиб
кетди. Ота-бола Оллобергановлар!
«Югура-югур! — деб ўйлади Комиссар энсаси қотиб. — Умрингни узайтирмоқчимисан?
Хэх! Кўчани кесиб ўтаётганингда пақ этиб машина уриб кетса — тамом! Қарабсанки, эшигинг
олдида қўшалоқ тобут турибди! Икки қаватли участканг хотинингга қолади». Дарвоқе, икки
қаватли кошонани қандай қурдийкин, бу? Хўп, профессорсан. Хўп, ана, ойлигинг саккиз юздир.
Саккиз юз сўм маош билан юз эллик минглик қаср солиб бўладими? Порахўр! Ҳаммаси
порахўр! Тағин булар ёшларга адолатдан ваъз ўқийди. Маузерни йўлдан урганлар ҳам шунақа
домлалар! Ёшсан, профессор, ёшсан! Ақалли ўн беш ёш каттароқ бўлганингдами! Эллигинчи
йилларда бир марта сўроқ берсанг, сичқоннинг инини минг тангага сотиб олган бўлардинг. Ўн
йил олдин рўй берган ҳангома Комиссарнинг ёдига тушди. Ғирт комедия! Йўқ, ўн йилмас,
аввалроқ бўлган экан. Унда Назира тирик эди.
Марказдаги уйда қўшни турадиган Совмин ходими илтимос қилди:
— Эрталаб ош бор, Соат Ғаниевич. Дорилфунунда ишлайдиган домлам невара тўйи
қиляпти.
Комиссар хушламайроқ турганини кўриб тушунтирди:
— Биламан, сиз ошга боришни ёқтирмайсиз. Шунақа-ку, одамларга қўшилсангиз ёмон
бўлмайди.
Тахминан шундай фасл эди. Февралнинг охирлари. Қорлар эриб, қиш чекина бошлаган,
аммо ҳали кўклам келмаган...
Қўшни хизмат машинасини чақириб қўйган экан, тонг отмасдан йўлга тушдилар.
— Домла Саидийни олиб кетсак, — деди қўшни. — Шундоқ, йўл устида.
Қўшнининг айтишига қараганда, домла Саидий дегани — шоир экан. Тўй қилаётган олим
билан эски қадрдон эмиш.
Комиссар менга барибир, дегандек қўл силтади. Нима фарқи бор: шоирми, ёзувчими? У
шоир-поирларни танимас, адабий китоб ўқишга тоқати йўқ эди.
Машина тор кўчага кирди. Аллақандай дарвоза олдида тўхтадилар. Совмин ходими
қўнғироқни босди. Ичкаридан ҳадеганда овоз келавермагач, дарвозани тақиллата бошлади.
Комиссар тоқати тоқ бўлиб, машинадан тушди. Уйғотишнинг оддий усулини ҳам билмайди, бу
галварс! Деразани муштлаш керак! Мана бундай! Ҳа, баракалла! Дарров чироқ ёнди.
Дарвоза ортида шўлтиллаган қадам товуши эшитилди.
— Ким? — деди эркак киши хавотирланиб. Комиссар кўнглида ғурур ҳиссини туйди. Сенга
ҳисоб бериб ўтириш қолувди энди!
— Очинг! — деди дағдаға аралаш.
Калит шиқирлади. Дарвоза остонасида елкасига тўн ташлаган, оппоқ сочли бошига яп-янги
дўппи кийган ихчам гавдали одам пайдо бўлди. Тўсатдан бир қалқиди-ю, чалқанчасига ерга
қулади. Дўпписи бир томонга, калиши иккинчи томонга учиб, оёғи тарвақайлаб қолди.
— Домла! — Совмин ходимининг капалаги учиб, шоирнинг бошига эгилди. — Сизга нима
бўлди, домла? Кўзингизни очинг!
Бунақа пайтда гарданини ишқалаш керак. Шундай килишди. Шоир кўзини очди.
— Нима га-ап? — деди инқиллаб. — Тинчликми?
— Тинчлик, домлажон, сизни ошга айтиб келдик. — Совмин ходими меҳрибонлик билан
шоирни қўлтиғидан кўтарди. Шоирнинг шими ҳўл, тиззалари лой эди.
Ҳовли бир зумда югур-югур бўлиб кетди. Эркагу аёл, бола-бақра аралаш-қуралаш ёпирилиб
келди. Ўғил-келинлари, невара-чеваралари шоирни авайлаб уйга етаклашди.
— Дадажон, нима бўлди?
— Бобожон, нима қидди?
Жўжага ўхшамай ўл ҳамманг! Нима бўларди? Отанг қўрққанидан сийиб юборди. Тамом —
вассалом! Совмин ходими ҳам ичкари кириб кетганча зим-зиё бўлди. Анча кутишди. Комиссар
машинада ўтиравериб, зерикиб кетди. Нима зарил эди, шу лаънати ошга бориб? Наҳорлаб
мечкай қоринга ош ейишдан бошқасини билмайди булар!
Ниҳоят, Совмин ходими домла Саидийни суягудек бўлиб олиб чиқди.
— Оддинга ўтирақолинг, домлажон! — деди меҳрибонлик билан.
Комиссар орқа ўриндиққа ўтаётганда қўшниси ўзига нафрат билан қараб қўйганини сезди...
Тўйхонага етгунча бир оғиз гаплашмадилар. Шоир ортига бурилиб қарамас, ўқтин-ўқтин
хўрсиниб қўяр эди.
Ош тугамаган экан. Дастурхонда турп бўлаклари, гуруч қолдикдари сочилиб ётган иссиқ
уйга олиб киришди. Буни қарангки, Совмин ходими билан шопирга бир лаган, шоир билан
Комиссарга бир лаган ош келди. Шоир ошга қўл ҳам урмади. Емасанг, заҳарингга! Комиссар
таъби тортганча еди.
— Ошдан олмадингиз-ку, домла! — деди чой ҳўплаб. Бир нуқтага тикилиб ўтирган шоир
сесканиб ўзига келди. Кўзи чақчайди. Паст овозда дона-дона қилиб таъкидлади:
— Сен билан ош ейманми? Сен билан-а?
Хонада ўтирган ўн чоғли одам ярқ этиб шу томонга қаради...
Қайтишда машинага яна ўша тартибда жойлашдилар: олдинда шоир, орқада Совмин ходими
билан Комиссар. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Совмин ходими шоирни дарвозагача суяб олиб
борди. Комиссар унинг охирги гапини эшитди:
— Мени кечиринг, домла... Билмабман... Билсам... — Комиссарнинг хаёлидан истеҳзоли ўй
кечди. «Хэх! Билганда нима қилардинг?»
Совмин ходими қайтиб келиб, олдинги ўриндиққа ўтирди.
— Ишхонага! — деди қатъий оҳангда.
Комиссар мийиғида кулиб қўйди. «Демак, мени дуч келган метро бекатига ташлаб кетасан!
Гапир, Совмин! Нега индамайсан? — деди хаёлан хитоб қилиб. — Хэх! Албатта индамайсан-да!
Яхшилаб титкилаб кўрилса, ўзингнинг биографиянгдан ҳам хоҳлаганча иллат топилади!»
Сут дўконида очирид кўп экан. Узоқ туриб қолди. Қайтаётганида кун ёришиб кетган эди.
Эгнига пахталик кийган Қурбоной йўлка супуряпти. Дўконга нон тушяпти... Ота-бола
Оллобергановлар тағин югургилаб ёнидан ўтиб кетишди. Қани чопавер-чи, қаёққа бораркансан.
Эрта-индин ўғлингга передача ташийсан. Тоштурмага. Ўғлинг анави Шоматовнинг ўлиги
устида айтган гап эсингдан чиқдими? Тергов практикасининг ўз қонунлари бор. Энг залварли
далил энг охирида айтилади. Ўнгланмас зарба бериш учун... Анави сўтак терговчига айтиб
қўйиш керак. Шоматовни мана шунинг ўғли ўддирган!
ҲАМКАСБЛАР СУҲБАТИДАН
— Хўш, коллега, келин нима дейди?
— Шоматова касал эди. Стенокардия бўлиб, шифохонада бир ярим ой ётди. Чиққанига уч
кун бўлди.
— Шунинг ўзи энг катта аргумент! Сўроқ берувчи ўзини касалга солдими, демак, айби —
бўйнида.
— Сизга қолса, ҳамма жиноятчи!
— Сенга қолса, ҳамма оппоқ! Яхшиси, бу соҳани ташлагин-да, боғчага бориб, қўғирчоқ
ўйна!
— Ташласам — ташлайвераман, ўртоқ Комиссар!
— Қочмоқчиман, дегин? Овора бўласан! Давлат сени шунча йил бекорга ўқитдими?
— Ўртоқ Комиссар! Ростини айтсам, жонга тегдингиз...
— Хэх! Аввал мана бу ишни охирига етказгин-да, кейин катта кўча! У қулоқ бу қулоғинг
билан эшитиб қўй! Сенга охирги фактни айтяпман. Ўлиб ётган Шоматовнинг бошида
тўпланганлар орасида биттаси бор эди. Биласанми, нима деди? «Шунақа бўлишини билардим»,
деб айтди. Ўз оғзи билан!
— Аспирант Оллобергановни айтмоқчимисиз? Рўйхатимизда турибди.
— Оператив ишлашни билар экансанлар-ку! Хэх! Бу ёғини эшит! Байрам куни, яъниким
Шоматов ўлдирилишидан бир кун олдин кечки пайт гастрономда конфет сотишди. Очиридда
турган эдим. Кўчада шовқин-сурон бўлиб қолди. Чиқсам, йўл четида қора «Волга» турибди.
Анави ойимча бўлса, иккитасининг итдек ириллашини томоша қилиб турибди. Шоматов
«Волга» шопири билан ёқа бўғишяпти.
— Ким экан ўша шопир?
— Шопир эмас, «Волга»нинг эгаси! Оллоберганов Санжар! Профессор Оллобергановнинг
ўғли! Ўлик тепасига биринчи бўлиб югургилаб келганлар ҳам шулар эди. Шоматовнинг қотили
ўша йигит бўлади!
— Айби исботланмагунча ҳеч кимни қотил деёлмайман, Комиссар!
— Билганингни қил! Устингдан генералга рапорт ёзаман! Сендақа ландовурларни ҳайдаш
керак органдан!
— Илтимос, чиқинг бу ердан.
ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН
Оллоберганов Санжар. Йигирма олти ёшда. Олийгоҳ аспиранти. Миллати —
ўзбек. Ота-онаси билан Бахт кўчасидаги хусусий уйда истиқомат қилади.
Уйланмаган. Аввал судланмаган. Комсомол аъзоси.
— Шоматовни танирмидингиз?
— Қайси Шоматов?
— Шоматов Рустам. Сиз аспирант бўлган олийгоҳда ўқиган. Биринчи курсни битириб,
ҳарбий хизматга кетган. Афғонистонда бўлган.
— Э, бўлди, анави йигитми?
— Қайси маънода «анави йигит?»
— Байрамнинг эртаси куни ҳалок бўлган...
— Худди ўша! Танирмидингиз?
— Умуман, танирдим. Ўқиш бошланмасидан олдин уй олишим керак, маълумотнома
беринг, деб борди. Ёзиб бердим.
— Нега маълумотномани сиздан сўрайди?
— Менга жамоатчилик вазифаси сифатида куллиёт месткомлигини юклаб қўйишган.
— Тушунарли. Шоматов билан ораларингда гап қочмаганмиди?
— Менинг Шоматовга нима хусуматим бўлиши мумкин?
— Шоматова Шаҳнозани танийсизми?
— Нима десам экан...
— Борини айтаверинг.
— Умуман... танийман. Қўшни бўлгандан кейин...
— Ўшанда Шоматовлар оиласи Чилонзорга кўчиб келганига икки ой ҳам бўлмаган эди.
— Бировнинг хотини билан танишиб олиш учун анчайин қисқа муддат эмасми бу?
— Нега энди? Шаҳноза ўзимизда ўқийди... Танийман-да!
— Қанча одам ўқийди ўша даргоҳда?
— Факультетдами? Аниқбилмайман-ку... беш юздан ортиқ.
— Беш юздан ортиқ талаба орасида нега айнан Шаҳнозани танийсиз?
— Қулоғим сизда.
— Гап шундаки, Шаҳноза — Дилянинг дугонаси. Иккаласи курсдош.
— Ким у Диля?
— Дилфуза... Илтимос қиламан, ўртоқ терговчи, бу ишга Диляни аралаштирманг! Яқинда
тўйимиз бўлиши керак. Ваъда берасизми?
— Ўйлаб кўрамиз... Шоматова сиз айтаётган Диля билан дугона эканини ким исботлайди?
— Марҳамат, Шаҳнозанинг ўзидан сўранг! Дилфуза Шаҳнозанинг ЗАГСига борган, тўйида
қатнашган. Иккаласи сирдош ўртоқ...
— Яхши, гражданин Оллоберганов! Фақат... Баъзи деталларга аниқлик киритишга тўғри
келади. Шоматов ҳалок бўлган куни, эрталаб сиз ўша атрофда югуриб юрганингизни кўрган
одамлар бор.
— Тўғри! Ҳар куни ўша ерда югураман!
— Ўша куни айнан Шоматовнинг подъезди рўпарасида нима қилаётган эдингиз?
— Менми?
— Сиз!
— Эсимда йўқ.
— Эслаб кўринг! Бақатерак панасида турган одам сиз эдингиз.
— Э-ҳа, бўлди! Ноқулай бўлса ҳам айтаверайми?
— Бемалол!
— Қистаб қолди. Туман эди... Дарахт панасига ўтиб...
— Нима учун Шоматовнинг ўлиги тепасига келиб, «Шунақа бўлишини билардим!»
дедингиз?
— Ким? Менми?
— Сиз!
— Гапиринг!
— Ўртоқ терговчи! Бордию мен Шоматовнинг жонига қасд қилган бўлсам, шунақа гапни
айтармидим?
— Айтгансиз-ку!
— Қайси аҳмоқ бировни ўлдиради-да, тепасига келиб, ҳаммага эшиттириб, «ажаб бўпти»,
дейди? Қани мантиқ!
— Қайси аҳмоқ худди шунақа, мантиққа сиғмайдиган мантиқдан фойдаланмайди?
— Сиз мени... мени...
— Ҳаяжонланманг, гражданин Оллоберганов!
— Чақиринг Шаҳнозани! Ҳозир чақиринг! Мен нима ёмонлик қипман уларга!
— Ҳар қалай «шунақа бўлишини билардим», деганда нимани назарда тутгандингиз?
— Рустамнинг ўзи жанжални пулга сотиб оладиган йигит эди. Йўқ ердан бағис топарди. Шу
феъли учун университетдан ҳайдалишига оз қолган. Биринчи курсда... Уй масаласида анави
маълумотномани олгунча ҳам жонимдан тўйдирди. Қўйиб берсам, сўйиб ташлайдиган важоҳати
бор эди...
— Еттинчи ноябрь, байрам куни кечқурун соат олтилар атрофида қаерда эдингиз?
— Нима?
— Эслаб кўринг, гражданин Оллоберганов. Шоматов билан нега ёқалашдингиз?
— Бўлди! Эсладим! Мен у билан эмас, у мен билан ёқалашди! Шаҳнозани қўлида оғир юки
бор экан. Уйига элтиб қўйганим учун гуноҳкор бўлдимми?..
МУҲАББАТНИНГ САРОЙИ КЕНГ...
Санжар ташқари чиқдию юзига муздек ҳаво урилиб, нафаси қайтиб кетгандек бўлди.
Кўклам нафаси сезилиб қолган бўлса ҳам, ҳавода қиш заҳри ҳамон сақланиб турар, офтоб рўяда
қуёш тафти баданни илитгандек бўлар, аммо салқин жойда бир зум турсангиз, этингиз
жунжикар эди. Санжар кўнгли ғаш тортиб уйга пиёда кетди. Атрофдаги одамларга парво
қилмас, машиналар шовқини қулоғига кирмас эди. Қуруқ туҳматга қолади, шекилли! Ҳа, айтди!
Ўша куни ертўла зинасида чўзилиб ётган Рустамни кўриб: «Шунақа бўлишини билардим!»
деди. Ўлганини қаёқдан билибди? Биров билан уришган бўлса, таъзирини бериб қўйишгандир,
деб ўйлаганди-да!
Қизиқ, Шаҳноза нимасини ёқтирган бу боланинг! Ўлгудек қўрс бўлса, текканга тегиб,
тегмаганга кесак отса... Шундоқ чиройли, шундоқ ақлли қиз... Муҳаббатнинг саройи кенг, деб
шуни айтса керак-да! Ўша куни Диля билан концертга тушмоқчи эдилар. Санжар Фарҳод
бозоридан гул харид қилди. Машинасини жилдириб бозор дарвозасидан чиқаётса, Шаҳноза
турибди. Қўлида каттакон хўжалик сумкаси... Санжар машинани тўхтатди. Шаҳноза
иккиланиброқ орқа ўриндиққа ўтирди. Сумкаси Қўполлигидан хижолат чекиб, оёқ остига
қўяётган эди, Санжар машинадан тушиб, юкхонани очди. Сумка оғир эди: турп, картошка,
олма, сабзи, бало-баттарлар...
Санжарнинг ғаши келди. Гулдек хотинига сумка кўтартириб қўйганидан кўра бозор-ўчарни
ўзи қилса ўладими, анави ҳўкиз! Хирсдек кучи бор. Моторга калит солаётиб рўпарадаги
ойначадан Шаҳнозага разм солди. Қизнинг ранги синиққан, хомуш кўринарди.
— Бозорни хўжайин қилмайдими? — деди Санжар ярим ҳазил оҳангида.
— Қиладилар... — Шаҳноза синиқ жилмайди. — Қишлоқдан ойим келгандилар, Рустам акам
кузатгани автостанцияга кетдилар... Диля яхши юрибдими?
Санжар самимий кудди.
— Ўртоғингизни минг йил кўрмагандек гапирасиз...
— Шунақа-ку... — Шаҳноза тағин маъюс кулимсиради. — Дилянинг кайфияти кўп
жиҳатдан сизга ҳам боғлиқ-да...
— Ташвишланманг, — деди Санжар. — Ўртоғингизни кайфияти зўр. Бугун концертга
тушамиз.
Машинани симёғочларга байроқчалар илинган, уйлар пештоқига «Яшасин Улуғ Октябрь!»
деган қизил алвонлар осиб қўйилган кўчадан ҳайдаб кетди.
— Салом айтинг, — деди Шаҳноза. — Байрам билан табриклаб қўйинг...
Санжар «Волга»ни ғизиллатиб бораркан, эсига тушган гапни айтди:
— Диля айтди. Шу томонларга кўчиб келибсизларми?
— Шунақа... — Шаҳноза қаёққа юриш кераклигини тушунтирди.
Деярли қўшни туришаркан. Катта кўчанинг бу бети — маҳалла, у бети Шаҳнозаларнинг доми...
— Қўшни эканмиз-ку! — Санжар астойдил ажабланди. — Нега ҳеч кўрмайман сизни?
— Мен сизни кўриб тураман! — деди Шаҳноза машинадан тушаётиб.
— Қаерда?
— Шу ерда! — Шаҳнозанинг кўзлари боядан бери илк бора шўх порлади. — Ҳар куни
эрталаб югуриб юрасиз. Шеригингиз билан.
— Шеригим эмас, дадам, — деди Санжар кулиб. — Рустамга айтинг: хоҳласа у ҳам
югурсин. — Юкхонани очиб, сумкани туширди. Орқа ойна тагида ётган гулдастадан учта
чиннигул олиб Шаҳнозага узатди.
— Байрамингиз муборак бўлсин. Бахтли бўлинг...
...Худди шунинг устига анави аҳмоқ келиб қолса бўладими? Пойлаб турган эканми, нима
бало... Машинанинг орқа ойнасини чил-чил қилди. Санжар олишиб ўтириш бефойдалигини
билиб, машинага ўтираркан, Шаҳнозанинг ранги қув ўчиб кетганини, кўзида жиққа ёш билан
эрининг билагига осилганини кўрди.
* * *
Аслида Санжарнинг Диля билан танишишига Рустам сабаб бўлган. Сабаб эмас-ку,
баҳонамикин... У пайтда пахта кампанияси сиёсий масала ҳисобланар эди. Ўшанда Санжар
бешинчи курсда ўқир, айни пайтда куллиёт комсомол ташкилотининг котиби эди. Штабда ҳар
кеча мажлис, ҳар кеча ҳисобот... Шундай кунлардан бирида ЧП рўй берди. Биринчи курс
талабаларидан биттаси безорилик қилибди. Баракка нон олиб борган тракторчига ҳозироқ
совхоз марказига бориб, дўхтир топиб келасан, деб дағдаға қилибди. Тракторчи кўнмаган экан,
ёқасидан судраб ерга туширибди-да, тракторни ўзи ҳайдаб кетибди. Кеч кириб, поликлиника
ёпилган экан. Ярим кечаси дўхтирнинг уйига бостириб борибди. Хотин кишини тракторга
ўтқазиб, баракка оборибди. Бир қиз шамоллаб қолган экан... Энг ёмони, эртасига бутун курс
далага чиқишдан бош тортибди. Калтакнинг йўғони Санжарнинг бошида синди. «Комсомол
вожаклигини эплолма-япсиз», дейишди. «Талабаларни эркалатиб юборгансиз», дейишди.
Кечаси олмадек лампочка хира ёритиб турган, сичқон ҳиди билан тўлган баракда умумий
комсомол йиғилиши бўлди. Биринчи курслар энг чеккада, қамишзорга туташиб кетган
участкада эди. (Одат шу: биринчи курсларни «Камчатка»га юборишади.) Тўполон
ташкилотчиси — Рустам деган йигит экан. Баскетболчиларга ўхшаган баланд бўйли, гавдали...
Санжар ёш раҳбарларга хос вазминлик билан пахта халқимизнинг бойлиги эканини
тушунтирди. Павел Корчагинлар бундан ҳам қийин шароитда темир йўл қурганини эслатди.
Кекса декан ярим кечада хотин кишини совукда дийдиратиб тракторда олиб келиш яхши иш
бўлмаганини, совхоз раҳбарияти ректоратдан ўша болани ўқишдан ҳайдашни талаб
қилаётганини айтди.
— Врач бўлганидан кейин бурчини бажарсин! — деди Рустам пинагини бузмай.
Санжарнинг жаҳли чиқци.
— Ўзинг-чи! — деди бақириб. — Ўзинг нега бурчингни адо этмайсан? Нега пахта
термайсан? Болаларни йўлдан уриб, нега саботаж қиласан?
Санжар Рустамнинг узр сўрашини кутган эди. Ғалати иш қилди, ярамас! Кат тагига қўл
суқиб, лойга беланган иккита этак олди. Биттасини ўзининг белига боғлади. Иккинчисини
Санжарга узатди.
— Тақинг! — деди лаби истеҳзоли қийшайиб. — Юринг, далага чиқамиз. Иккаламиз бир
бўлиб, эрталабгача ярим этак подбор терсак, бетимга туф денг! Қани ўша пахта! Қор босиб
ётибди-ку!
...Ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди. Қирқтаси баравар гапирса ёмон бўларкан.
Сочи қирқилган, совуқдан лаблари ёрилиб кетган, аммо ниҳоятда кўҳлик эканлиги кўриниб турган қиз, айниқса, қўп гапирди.
— Домла! — деди деканга қараб. — Боядан бери пахтани гапирасизлар. Нима гап ўзи, деб
сўрадингларми! Касал бўлган ким, дедингларми? — У тўсатдан йиғлаб юборди. — Кеча
Шаҳнозанинг олдига бориб келдик. Иситмаси қирқдан тушмаяпти. Сизнинг ҳам қизингиз
бордир ахир!
Ёш тўла кўзлари билан Санжарга чақчайди.
— Корчагинингиз йўқ пахтани термагандир! Чақириб келинг, қўрсин аҳволимизни!
Киз қорайиб кетган қўлини силкита-силкита, алам билан гапирар, Санжар хафа бўлмас,
аксинча, қизалоқнинг гаплари ёқар эди унга... Бу — Диля эди...
ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН
— Шундай қилиб, гражданка Шоматова, сиз еттинчи ноябрдан саккизинчи ноябрга ўтар
кечаси эрингиз билан бир уйда бўлганингизни тасдиқлайсиз. Шунақами?
— Ҳа.
— Демак, сиз саккизинчи ноябрь куни эрталаб, эрингиз Шоматов Рустам ухлаб ётганида
сутга чиққансиз?
— Ҳа.
— Навбат кутгансиз. Сут етмаган.
— Ҳа.
— Айтингчи, эрталаб чиқиб кетаётганингизда ташқари эшикни қулфлаганмидингиз?
— Аввал ҳам айтувдим-ку, эшик ёпилса ўзи қулфланиб қолади, деб.
— Айтгансиз. Айнан ўша куни эшик қулфланиб қолганмиди-йўқми?
— Билмайман, эсимда йўқ.
— Демак, сиз сутга бордингиз. Навбат кутдингиз. Сут етмади. Қайтиб келдингиз. Соат неча
эди?
— Эсимда йўқ.
— Эслаб кўринг.
— Билмайман. Тонг ёришган эди. Келсам, Рустам акамни олиб кетишган экан.
— Мушук-сичқон ўйинини бас қилинг, Шоматова! Мана, экспертиза хулосаси! Ўзингиз
ўқийсиз-ми ё ўқиб берайми? «Ўлим ҳодисаси тунги соат ўн икки билан икки ўртасида рўй
берган. Суд тиббий текширувида шу нарса аниқландики, юрак фаолияти...» Йиғлашнинг ҳожати
йўқ! Агар сиз ўша кеча эрингизнинг ёнида бўлганингизда, уйда чинни идишлар, дераза ойнаси
синганини эшитмаслигингиз мумкин эмас эди! Столга ёзилган дастурхонга оққан қонни
кўрардингиз... Эрталаб сутга чиққанингиз ёлғон! Ўша куни сут дўконига бормагансиз! Умуман,
дўконга сут олиб келинмаган! Бинобарин, ўша кеча уйда бўлмагансиз.
— Рустам акам... Рустам акам ҳар куни тушимга кирадилар. Нима қилай? Нима қил-а-ай?
Жонимдан тўйиб кетдим!
— Йиғлашдан фойда йўқ. Ўша кеча қаерда тунадингиз?
— Уйимда! Аямнинг ёнида... Эрталаб... эрталаб... адам билан аям насиҳат қилишди. «Ошсиз
уй бор, уришсиз уй йўқ, арзимаган нарсани баҳона қилиб, аразлаб келишга ўрганма», дейишди.
Ўзим ҳам кечаси билан ухлолмай тўлғаниб чиқдим. Бир маҳал...
— Йиғламанг... Марҳамат... Сув ичинг...
— Бир маҳал кўзим илинган экан... Билмайман, тушимми, ўнгимми...
— Йиғламанг, Шоматова...
— Дарё эмиш... Йўқ, дарёмас, анҳормиш. Гагарин боғидаги анҳор. Ўзимизнинг скамейкада,
ўзимизнинг наъматак тагида ўтирган эмишман. Қарасам, сувнинг у бетида Рустам акам
турибдилар. Кулиб турибдилар. Кел, деб имлармишлар. «Сузишни билмайман-ку!» десам, кийимларини ечмай, анҳорга калла ташлабдилар... Мундай қарасам... Қарасам...
— Ўзингизни босинг...
— Қарасам, анҳорда сув эмас, сув эмас... қон оқаётган-миш... Рустам акам қон ичида оқиб
кетибдилар... Рустам акам... Қон ичида... Биласизми, қип-қизил қон ичида... Ишонсангиз... Уйга
қандоқ етиб келганимни билмайман. Қарасам, уй тўла одам. Милициялар... Қора кийимлилар...
— Сизга ишонгим келади, синглим... Ишонгим келади-ю... Нега бу гапларни бошида
айтмадингиз?
— Қўркдим... Нима қилай, қўрқиб кетдим!
— Балки бу ёғига очиқ гаплашармиз. Айтинг-чи, бир кун олдин, яъни байрам куни эр-хотин
жанжаллашганмидинглар?
— Ҳа...
— Нима масалада? Ростини айтинг! Тушунаман... Эрингизнинг жахли тез бўлган. Ҳар қалай
контузия таъсири... Лекин тўғрисини айтинг! Буниси жуда муҳим, биляпсизми, жудаям муҳим...
Ўртага рашк аралашганмиди?
— Тушунарли... Эрингиз 11–24 рақамли «Волга»нинг ойнасини нега синдирди? Такрор
айтаман, фақат тўғри гапиришингизни талаб қиламан!
— Бола-чақангизнинг роҳатини кўринг! Ёлбораман! У одамни тинч қўйинг! Гуноҳ менда
бўлса, қамай қолинг! Унга тегманглар! Яқинда уйланади. Сирдош дугонамга уйланади! Бирйўла
икки бегуноҳнинг уволига қолманг...
— Айтинг-чи, синглим... Эрингиз жаҳли чиққан пайтларида нормадан чекиниш ҳоллари рўй
берармиди? Масалан, ўзини идрок этолмай қолиш... Ҳушдан кетиш...
— Рустам акамни тушларимда кўраман. Ҳар куни кўраман... Нега кетдим? Ўша куни нега
кетди-и-им? Нега-а-а?
РУСТАМНИНГ ОХИРГИ КУНДАЛИГИДАН
Еттинчи ноябрдан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси
Менга нима бўлди? Нега ҳаммаёқ қоронғи? Танқда ётибман шекилли... Демак, мина
портлаган. Болалар қани? Хайриддин! Йўқ... Хайриддин ўлган-ку... Э-ҳа... Бўлди! Коризда
ётибман. Ана, ёнбош томондан нур тушяпти. Амаллаб силжишим керак.Чиқиб олмасам
бўлмайди... Биламан, «дух» пойлаб турибди. Қимирладим — отади... Барибир чиқиб кетишим
керак, қаеримдан яраландим экан? Автоматим нега йўқ?
...Аста-секин ҳушимга келдим. Қарасам, уйимда эканман. Ташқари эшик очиқ. Остонада
чўзилиб ётибман. Гавдамнинг ярмиси семон майдончада, ярмиси шолча ташланган
кавшандозда... Ғира очиқ қолган ичкари эшикдан хира нур тушиб турибди. Амаллаб ўрнимдан
турдим. Бошим ғувиллайди. Баданим ўт бўлиб ёниб кетяпти. Оёқларим тош боғлангандек оғир.
Дастурхони йиғиштирилмаган стол устида стаканга солинган шам липиллаб турибди. Ярми
ёниб бўлибди. Эриган шам қуйқалари стакан ичига оқиб тушибди. Девор тагида чил-чил бўлиб
ётган чойнак бўлакларини, гиламга ёпишиб қолган чой шамасини кўрдиму бугун рўй берган
воқеа эсимга тушди. Вужудим бўм-бўш бўлиб қолди... Бўм-бўш...
Эрталаб ойим келди. Қўлида бир тугун узум: байрам қилиб хабар олгани кепти. Ўзимдан
хафа бўлиб кетдим. Нега онамни кўргани мен бормайман-да, у келиши керак? Қачон одам
бўламан! Шаҳноза ош дамлади. Анчагача чақчақлашиб ўтирдик. Дадам «Декабрда свидание
беради. Рустам албатта келсин», деб ойимга ҳам хат ёзган экан. Тушдан кейин ойим отланиб
қолди. «Бугун қолақолинг, эртага қудаларингиз ҳам келишмоқчи», деб эр-хотин ҳарчанд
қистамайлик, кўнмади. Бир хонали каталакда ётиб қолишга ийманди, шекилли.
— Жон болам, — деди елкамга қоқиб. — Яхши ўтирган экансизлар. Худога шукр, кўнглим жойига тушди. Мени Пскентнинг автобусига чиқариб юборсанг — бас. Қоронғи тушмасидан
етиб олақолай.
Шаҳнозани қайта-қайта бағрига босиб хайрлашди. Пастга тушаётганимизда Шаҳноза ҳам
отланиб қолди.
— Ғир этиб бозорга тушиб келаман, — деди тушунтириб. — Уйда ҳўл мева билан кўкат
қолмабди.
«Эрталаб ўзим олиб келарман», десам, кўнмади. Онамни кузатиб қайтсам, Шаҳноза ҳалиям
келмабди. Юрагим сиқилиб, пастга тушдим. Қуёш ботган, сийрак туман туша бошлаган, ҳаво
совуқ эди. Кўнглим баттар ғаш тортди. Шунча бозор қиладими, одам!
Кўча бўйидаги бақатерак тагига келиб тўхтаган машинага аввал эътибор бермадим. Орқа
эшикдан тушаётган Шаҳнозанинг сарғиш плашини кўрганимдан кейингина разм солиб
қарадиму, қора машинани танидим: Санжарнинг «Волга»си! Юрагим нохуш уриб кетди.
Санжар нариги эшиқдан тушди. Башанг кийинган, бўйнида бўйинбоғ... Машина орқасига ўтиб,
юкхонани очди. Хўжалик сумкасини ерга қўйиб, очилиб-сочилиб, бир нималар деди. Шаҳноза
ҳам чамаси ғамза билан жавоб қилди. Санжар Шаҳноза тушган эшикдан машина ичига бош
суқди. Шаҳнозага оппоқ чиннигуллар узатди. Назаримда Шаҳноза боягидан ҳам очиқроқ ғамза
билан кулгандек бўлди.
Қандай етиб борганимни билмайман. Шаҳнозанинг қўлидан гулларни юлиб олдим-да,
майда-майда қилиб, Санжарнинг башарасига отдим. У ранги гезарганча, бир зум довдираб
турди-да, «Аҳмоқ!» — деди. Ўзимни идрок этолмай қолдим.
Шуниси эсимдаки, Санжар чап бериб қолди. Қўлим машинанинг орқа ойнасига қарсиллаб
урилди.
Ойна чил-чил бўлиб кетди. Аммо тўкилиб тушмади. Шаҳноза қўрқувдан кўзлари олайиб,
билагимга осилди.
— Кетинг! — деди ялиниб. — Илтимос, кетинг, Санжар ака!
«Санжар ака»си бирпас серрайиб турди-да, рулга ўтирди. Машина беш-олти қадам юриб,
бир силкинган эди, орқа ойнаси дув тўкилиб кетди.
Шаҳноза икковимиз йўл четида анча туриб қолдик. Байрам бўлгани учунми, одам гавжум,
аммо ҳеч ким бизга парво қилмас эди. Ниҳоят, Шаҳноза кафти билан юзини тўсганча уй томон
югурди. Бирпас иккиланиб турдим-да, мен ҳам уйга йўл олдим. Терак тагида турган сумкага қўл
тегизишга ҳазар қиддим. Назаримда, жигарранг сумка ҳам, ичидаги нарсалар ҳам ҳаромга
ўхшар эди.
Шаҳноза каравотга мук тушиб йиғлаб ётган экан. Рости, қилган ишимдан ўзим пушаймон
бўлдим. Ёнига келиб ўтирдим. Бошини силаб юпатгим келди-ю, ғурурим йўл қўймади.
Телевизорни ёқсам, «Ахборот» кўрсатаётган экан. Москвадаги ҳарбий парадни беряпти. Ана,
БТРлар, БМПлар, танклар, ракеталар... Қулоғим остида портлаш садолари, ярадор йигитларнинг
оҳу фиғони эшитилгандек бўлди. Телевизорни ўчириб қўйдим. Анча фурсат ўтди. Шаҳноза
ҳамон каравотда ҳиқиллаб ётар, ёнига боргим, кўнглини кўтаргим келарди-ю, гапни нимадан
бошлашни билмасдим. Аксига олиб чироқ ўчиб қолди. Дераза пардасини очиб қарасам,
ҳаммаёққа зулмат чўкибди. Фақат катта кўчадаги симёғочларда чироклар ёниқ, улар ҳам туман
қўйнида ярадек хунук, ярадек оғриқ аралаш милтираётгандек эди.
— Шам бормиди, Шаҳноз? — дедим вазиятни юмшатиш илинжида.
У хоҳламай ўрнидан турди. Ҳиқиллаб йиғлаганча, ошхонага кириб кетди. Тарақ-туруқ
қилиб, шам излади. Анчадан кейин стаканга солинган, липиллаб ёнаётган шамни кўтариб
кирди. Йиғиштириб олинмаган дастурхонга қўйди. Йиғидан кўзлари шишиб кетган эди.
Ачиндим. Ичимда ўзимни сўкдим.
— Чой ичайлик, Шаҳноз... — дедим секин.
У кескин бурилиб, яна ошхонага кирди. Чойнак кўтариб чиқди-да, дастурхон устига дўқ этиб қўйди. Чойнак қопқоғи шарақлаб силкинди, тумшуғидан чой томди.
— Қуймайсанми? — дедим ноқулай илжайиб.
— Балки ичириб қўйишим ҳам керакдир? — Энди у йиғламас, шам ёғдусида кўзлари
ғазабли ёниб турарди. — Э-ҳа, — деди асабий кулиб. — Эсимдан чиқибди: ахир сиз ёш
боласиз-ку! Нотавон гўдак!
Гапидан кўра оҳанги оғир ботди. Ичимдан тошиб келаётган титроқни аранг тийиб турардим.
Эшик журъатсиз тақиллади. Шаҳноза шошилмай бориб очди. Қоронғи йўлак томондан
Қурбоной холанинг овози келди. Шаҳноза билан айланиб-ўргилиб сўрашди. «Рустамжон ўғлим
яхши ўтирибдими?» деди. Гап-сўзидан шам сўраб чиққанини англадим.
...Шаҳноза қайтиб келиб, юзини терс ўгирган кўйи ўтираверди.Нимадир дейишим керак эди.
— Ким кепти? — дедим ўта бемаъни савол бераётганимни била туриб.
Шаҳноза ярқ этиб ўгирилди.
— Вой! Эшитиб қолдингизми? — деди ўйиб оладиган оҳанг-да. — Санжар ака келди!
Байрам баҳона машинасида сайр қилдирмоқчи экан. Диляни ўйнатиб зерикибди. Энди менинг
галим экан!
Ғазабим қўзиди. Амаллаб ўзимни босишга уринардим. Билиб турибман: ҳозир уришсак,
буниси — охирги жанжал бўлади.
— Гулни-чи? — дедим лабим титраб. — Гулни нега Диляга бермабди?
Шаҳноза афтимга чақчайиб, истеҳзоли кулди.
— Сиз бермаганингиздан кейин у беради-да! Бирон марта гул совға қилганмисиз одам
бўлиб?
Титраб кетдим.
— Бас! — дедим таҳдид билан.
— Урмоқчимисиз? — Шаҳноза ўрнидан сапчиб турди. — Уринг! — деди чинқириб. —
Уринг! Шундан бошқа нима келарди қўлингиздан! Дуч келган одамга мушт кўтарасиз. Ҳамма
— ёмон. Битта сиз — яхшисиз! Ўз кўнглингизда қаҳрамонсиз! Адолат ўрнатмоқчи бўласиз...
Уни бу алпозда биринчи кўришим эди. Юзи ғазабдан хунуклашиб кетган, кўзларида алам
эмас, ғазаб ҳам эмас, нафрат ёнар, вужуди қалтираганча автоматдек тўхтовсиз гапирар эди.
— Нимага эришдингиз? — деди ҳамон чинқириб. — Нимани исботладингиз? Одамлар
сизнинг адолатингизга тупурган, эшитдингизми! Минг марта, миллион марта! Бундан кейин
ҳам тупуради, билдингизми?..
Қулоқларим шанғиллаб борар, кўз ўнгим қоронғулаша бошлаганини сезиб турардим.
— Бўлди! — дедим нафасим қайтиб. — Бўлди, Шаҳноза... илтимос, Шаҳноза... Дунёда
адолат бор-ку! Озми-кўпми, адолат бор ахир...
У дами кесилгандек жимиб қолди. Мени биринчи марта кўраётгандек бошимдан оёғимгача
қараб чиқди.
— Нима? — деди овозини пасайтириб. — Нима дедингиз? —. Эсдан оғган одамдек
қийқириб-қийқириб кула бошлади. — Ҳа-а, энди тушундим, тушундим! — Яна баттарроқ
қийқирди. — Манави кошонани айтяпсиз! Сенга уй олиб бердим, демоқчисиз. Шунақами?
Айтинг, шуни пеш қилмоқчимисиз? Уй олиб берганмиш. Вой! Уй олиб берганмиш! —
Жазаваси тутиб, қўш қўллаб тиззаларига ура кетди. — Суюнчи беринглар! Бу киши излаган
адолатини топибдилар!
Ҳайратдан оғзим очилиб қолган, нима дейишни, нима қилишни билмасдим.
Кулиб-кулиб, чарчади шекилли, энтиккан кўйи афтимга узоқ тикилди.
— Қаҳ-ра-мон! — деди нафратли истеҳзо билан бош чай-қаб. — Адолат курашчиси!.. У
қулоқ-бу қулоғингиз билан эшитиб олинг! Агар адам исполкомдаги Степаничми, гўрми-ерми,
ўшанинг жиғилдонига беш мингни тиқмаса, мана шу товуқ катагиниям тушингизда
кўрардингиз!
Бу сафар музлаш бармоқларимдан бошланмади. Оёқ-қўлим бирваракайига музлади-қолди.
Ичимдан отилган титроқ миямга урилди-ю, бошим бир коса оловга айланди.
Эсимда йўқ. Аввал қайноқ чойнакни отиб, кейин бақирдимми, ё олдин бақириб, кейин
чойнакни отдимми?.. У жон-ҳолатда чап берганини, чойнак гилам осиғлиқ деворга урилиб, чил-
чил синганини ғира-шира кўрдим.
Бўғзимдан отилиб чиққан ваҳшиёна ҳайқириқдан ўзимнинг қулоқларим ёрилиб кетгудек
бўлди.
— Йўқ-о-о-ол!!!
Унинг кетидан йўлакка отилганим ҳам элас-элас ёдимда.
...Шам тугай деб қолди. Ичим ёниб кетяпти. Ҳаво етишмаяпти... Нега очилмайди бу
падарлаънат дераза! Михлаб қўйилганми, нима бало? Ойна синдими? Ҳа-а, тирсагимга тегибди.
Баттар бўлмайдими! Ташқари зим-зиё. Йилт этган чироқ йўқ. Қарғалар хосиятсиз фиғон
чекади... Туман қуюқлашиб кетибди. Яхши... Ҳеч ким кўрмайди... Аччиқ хазон ҳиди. Куз ҳиди...
Куз — ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди... Оёқ остида касалманд хазонлар инграйди.
Эрта баҳордан бўтана бўлиб шоша-пиша қирғоғига сиғмай оққан ариқлар тиниқлашади. Шунча
уринишлари зое кетганини тушуниб, оламга маъюс боқади... Еру кўкни оппоқ кафандек туман
чулғайди. Эрта-индин осмонга мотам либосини кийган булутлар чиқади. Ер устида узоқ чарх
уради-да, аччиқ-аччиқ кўз ёши тўкади... Сим-сим ёмғир ёғади. Тўрт кунлик умрида дунёга
сиғмаган, охир-оқибат жон таслим этган табиатга аза очиб, унсиз йиғлайди.
...Билагим ачишяптими? Ҳаммаёқ қон-ку! Нима қипти: қонни энди кўришимми? Шам тугай
деяпти... Тезроқ... Дафтарни жойига қўйишим керак. Аввалгиларининг олдига...
Мен неча ёшга чиқдим ўзи? Йигирма иккига? Йўғ-е, ахир мен етмиш иккидаман-ку! Балки
саксон иккидир! Нима фарқи бор?! «Донолар ҳаётни кузатурлар жим...»
Тамом! Ҳаммаси тамом бўлди... Ажаб... Юрагим нега бунча осойишта? Қилт этса-чи? Э-ҳа...
Ахир... Мен энди йўқман-ку. Бу дунёда борлигингдан ким наф кўрди-ю, йўқлигингдан кимга
зиён? Ойимга ачиняпман. Дадамга... Шаҳнозага... Рози бўлинглар... Онажон... Мени кечиринг,
ойи!
ОППОҚ-ОППОҚ ҚОРЛАР ЁҒДИ
Бир ҳафтадан кейин қор ёғди. Аввал ёмғир эзмаланиб турди-да, тушга бориб қорга айланди.
Қабристондаги шамдек қотган тераклар устида совуқ учқунлар ғужғон ўйнади. Қор барча
марҳумлар қатори девор тагидаги ҳали тупроғи совиб улгурмаган қабрни ҳам муздек қучоғига
олди...
Чўққисоқол гўрков пешин намозини ўқиб, ҳужрасидан чиқди. Қор қабристон узра чўккан
ўлик сукунатни янаям чуқурлаштиришга қасд қилгандек унсиз ёғар, мозористон кимсасиз эди...
Гўрков девор тагидаги қабр бошида ўтирган одамга кўзи тушиб, яқин борди.
Юпун кийинган ёш жувон қабр устидаги қорни кафти билан сидириб туширар, совуқдан
қўллари қизариб кетган, қора рўмоли, елкалари қорга беланган, плашининг этаги лой эди...
— Унақа қилманг, қизим, — деди гўрков вазминлик билан. Аёл тиззалаб ўтирганча, беҳуш
алпозда бош кўтариб қаради.
— Нега? — деди ҳайратланиб.
— Ўзингизни олдириб қўясиз... — Гўрков юмшоқлик билан тушунтирди. — Марҳум ҳам
безовта бўлади.
— Нега? — Аёл қўллари билан қор чангаллаган кўйи титраб-титраб йиғлаб юборди. —
Нега! — деди инграб. — Рустам акам нега ўлди? Яхши бўлгани учунми?!
ҚУРБОНОЙ ХОЛАНИНГ ҲАР КУНГИ ТАШВИШЛАРИ
Биқини ачишиб уйғонди.
— Худойим, ўзингни раҳминг келсин... — деди пичирлаб. Уч кун олдин касали тўсатдан
зўриққани эсига тушди.
Кўча супуриб турган жойида тутиб қолса бўладими? Оғриқнинг зўридан аъзойи баданидан
муздек тер чиқиб, бирпасда икки букилиб қолса, денг! Худойимдан ўргилай! Бандасига атаган
дарди ҳам кўп экан-да. Бўлмаса, ёқмас овқат егани йўқ, оғир иш қилгани йўқ...
...Бўйнидан «ачом» қилиб ётган неварасининг дўмбоқ қўлчасини авайлаб олиб, устига кўрпа
тортди. Ўрнидан сирғалиб турди-да, йўлакка чиқиб, чироқ ёқди. Шошилмай таҳорат қилди.
Газга чой қўйиб, нимқоронғи хонага қайтиб кирди. Бомдодни ўқиб, ўтганларга Аллоҳнинг
раҳматини тилади. Жумламўминга имон, саломатлик, юртга тинчлик сўради...
Ошхонага кириб, чой ичди. Бир қўлига пақир, бир қўлига узун бандли супурги олиб, яна
ётоққа мўралади.
— Умида, — деди паст овозда. — Болалар боғчага кеч қолмасин.
Умиданинг каравоти ғирчиллади.
— Бораверинг, — деди уйқусираб.
Қурбоной хола пақир бандини даранглатиб юбормаслик учун зиналардан эҳтиёткор қадам
босиб, пастга тушди. Кунлар узайиб қолган эди. Қиш бўйи қоқсуякдек сўппайиб турган
бақатераклар кўклам яқинлашаётганини сезгандек жонланиб қолган, яланғоч шохларини тонг
шамолида силкитиб, ўзини ўзи уйғотаётганга ўхшар эди. Қирғоғи бетонланган ариқлар четида
майсалар униб чиқибди... Мунис, ожиз майсалар...
Қурбоной хола пақирни терак остига қўйиб, шиғиллатиб супуриб кетди. Анчадан кейин нон
дўконига машина келди. Бошига эски дўппи кийган ҳайдовчи машина кажавасини очди.
— Супуряпсанми?
Қурбоной хола Комиссарнинг ғўлдираган овозини эшитиб, ишини тўхтатди.
«Йўқ, ўйнаяпман!» деб ўйлади энсаси қотиб.
Салом берди. Комиссар чангдан қочиб, ўн қадамча нарида турарди. Бошида қора шляпа,
эгнида қора плаш. Қўлида сут бидон...
— Куёвингни судга бердингми? — деди Комиссар.
— Худога солдим!
— Тўғри қиласан! — Комиссар истеҳзоли илжайди. — Худонинг сендан бошқа дарди
касали йўқ.
Қурбоной хола супургини кўтариб, ишини давом эттирмоқчи эди, Комиссар сўраб қолди.
— Хабаринг бўлмадими, анави болани ўлдирганлар топилдимикан?
— Топилганда нима? — деди Қурбоной хола. — Ўлганнинг ёш жони кетди... Худо раҳмат
қилсин...
— Келин-чи, келин? Қадами қийшаймаяптими? Қурбоной хола норози алпозда қараб қўйди.
— Ўзингиз тузукмисиз?— деди бошқа гап тополмай.
— Менми? — Комиссар кулди. — Хэх-хэх-хэх! Қачон ўласиз, демоқчимисан? Овора
бўласан! Мен ўлмайман! Хэх!
1991 - 1992
Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти
Тошкент - 2002