Shamol ortidan yugurib (Xolid Husayniy)
***
Ҳасанни бир ҳафта кўролмадим. Ҳар куни
эрталаб турсам, нонуштам дастурхонда тайёр,
кийимлар дазмолланган туради. Одатда, Ҳасан
кийимларимни менинг олдимда ўз тилидаги
эски қўшиқларни куйлаганча, хиргойи қилган-
ча тайёрларди. Энди эса...
Кунларнинг бирида Али бир қучоқ ўтин кўта-
риб кирди. Ундан Ҳасанни сўрадим.
– Ишларини битириб, яна ётишга кириб кет-
ди, – деди у печкага ўтин қаларкан.
– У бугун мен билан ўйнамасмикин?
Али қаддини ростлаб, менга қаради:
– Билмадим, ўша, варраклар мусобақасидан
ҳамма ёғи қонга беланиб қайтди. Кийимлари
ҳам бир аҳволда. Сўрасам, шунчаки, болалар
билан варрак талашиб уришдим, деди.
Мен бошимни эгганча тухум арчиш билан
машғул эдим.
– Билмадим, мен биров билан урушганиниям
кўрганим йўқ, – дея тўнғилладим.
Отам бизни жума куни Жалолободга олиб
бормоқчи эди. Кечки пайт отамнинг ёнига ки-
риб, шу ҳақда сўрадим. Отам кўзойнагини бур-
нига қўндирганча газета ўқиб ўтирарди. Менга
қараб жилмайди.
– Албатта, борамиз ўғлим. Ҳасан ҳам биз би-
лан боради.
Бирдан қовоғим солинди.
– Унинг мазаси йўқ, боролмаса керак, – дея
минғирлаб бурнимни тортдим. – Али айтди, ма-
заси йўқ экан, бир-икки кун ётиши керак экан.
– Нега кўринмай қолди, десам, гап бу ёқда
экан-да, – бош чайқади Бобо.
Хуллас, икки микроавтобусни тўлғизиб,
Жалолободга борадиган бўлдик. Бобонинг узоқ
қариндоши Ҳумоюн амакининг Жалолободда
ҳовлиси бор эди.
У ҳам икки хотини, болалари, ҳиротлик қа-
риндошларини эргаштириб борадиган бўлди.
Учта микроавтобус тўлди. Бобо, Раҳимхон ва мен битта машинада кетдик. Йўл-йўлакай гап
менинг варрак мусобақасида эришган ғалабам
устида борди.
Айниқса, отам юзлаб рақиблар орасидан
ютиб чиққанимни ғурур билан гапириб борар-
ди. Ҳамроҳлар мени самимий табриклашди.
Фақат Раҳимхон жим.
Машина ойнасидан ташқаридаги қир-адир-
ларга маъносиз боқиб борарканман, бошим ай-
ланиб, кўзим тинаётганини, кўнглим ағдарилиб
бораётганини ҳис этдим.
Ҳумоюн амакининг ҳашаматли, икки қават-
ли ҳовлиси бор экан. Ҳовлининг ўртасида мар-
мар ҳовуз. Ҳумоюн амаки меҳмонлар шарафи-
га яхшигина зиёфат берди. Дастурхон турли
ноз-неъматларга тўлиб-тошди. Дастурхон боши-
да ҳам мен ҳақимда илиқ фикрлар билдирил-
ди. Менинг эса, томоғимдан ҳеч нарса ўтмасди.
Худди игнанинг устида ўтиргандек эдим.
Ниҳоят, ҳамма ухлагани кетди. Мен, Бобо,
Ҳумоюн амаки ва Раҳимхон бир хонада туна-
дик. Мендан бошқа ҳамма тарракдек қотганди.
– Мен Ҳасанни қандай зўрлашганини кўрдим!
– оғзимдан бу гап қандай чиқиб кетганини бил-
майман. Отам ҳамон қотиб ётар, хона хуррак
овозидан зир титрарди. Дераза оша ой маҳзун
мўралайди.
Мени ҳеч ким эшитмаганига амин эдим. Ахир
бу даҳшатли сирни мен қандай ўзимга, ичимга
сиғдира оламан?
Минг лаънат, бу дардни кимга айтаман?
Кўзимни юмишим билан ўша машъум кун,
ғишт тўдаси устида турган Ҳасаннинг духоба
иштони кўз олдимга келаверади. Шу кундан бошлаб, уйқусизлик менинг доимий ҳамроҳимга
айланди.
Кейинги ҳафтанинг ўрталарига қадар Ҳасан
билан бир оғиз ҳам гаплашмадик. Бир куни у
идиш-товоқларни юваркан, мен дастурхон бо-
шида кавшаниб ўтирардим. Дафъатан, «тепа-
ликка чиқмаймизми», деб сўраб қолди. Мен бир
оз ўйланиб рози бўлдим.
Мана, тепаликдамиз. Ҳеч нарса ўзгармаган.
Анор бағридаги битик ҳам ўша – «Ҳасан ва Амир
– Кобулнинг ҳукмдорлари!» Ҳасан «Шоҳнома»дан
бирор нима ўқиб беришимни сўради. Мен эса,
бунга хоҳиш билдирмадим. Тезроқ уйга қайт-
гим келаётганини айтдим.
1975 йилнинг қишидаги бу воқеа ҳаётимдаги
энг изтиробли саҳифа бўлиб қолди.
Отам билан муносабатларимиз анча яхши-
ланган эди. У билан энди соатлаб, турли мав-
зуларда баҳслашиб ўтирардик, ҳатто унга янги
ҳикояларимни ҳам ўқиб берар, отам жимгина
эшитарди. Қаранг, биргина қоғоз варрак бизни
шунча яқинлаштирдими?
Кунлар бир маромда ўтиб борарди. Ҳасан
эса, худди ўзини орамизда ҳеч нарса бўлмаган-
дек тутарди.
Хонада китоб ўқиб ўтирганимда, Ҳасан ки-
риб келди.
– Нима дейсан? – дедим китобдан бош кўтар-
май.
– Юр, ташқарида ўйнайлик!
– Бор, ўйнайвер, – дедим тўнглик билан.
– Амир оға, мен сенга нима қилдимки, мендан
бунчалик безгансан? – сўради Ҳасан ўкинчли
овозда. – Айт бирор айбим бўлса, тўғирлайман.
Бошимни тиззаларим орасига қисдим.
– Мени тинч қўй, – дедим кўзларимни чирт
юмганча. – Мендан узоқроқ юр, қорангни кўрмай!
О, қанийди менинг бу қўрслигимга жавобан
бирор оғиз гап қайтарса... Балки сал бўлса-да,
юрагимни икки ҳафтадан бери ғижимлаётган
оғриқ сал бўлса-да, босилармиди? Ҳасан инда-
май чиқди-кетди.
Каравотга юзимни босиб, ҳўнграб юбордим.
Чин, мен энди Ҳасандан узоқроқ бўлишни, йўл-
ларимиз ҳеч қачон бирлашмаслигини истар-
дим. Агар у менинг ёнимда бўлса, негадир ҳаво
сийраклашиб бўғилиб кетаётгандек бўлардим.
Ҳасан умуман ёнимда бўлмаганида ҳам, атроф-
даги ҳар бир жиҳоз, ҳар қандай манзара уни
эсга солаверарди. Қаёққа юз бурмай, унинг
маъсум қиёфаси, чексиз ва манфур садоқатига
дуч келардим.
Баҳор келиб, мактабда машғулотлар бошлан-
ган бўлса-да, мен аввалги ҳаловатни топа олма-
дим. Бу пайтда отам ҳовлимизга лола экарди.
– Бобо, балки хизматкоримизни янгилармиз,
– сўрадим ерга лола пиёзчаларини суқиб чиқа-
ётган отамдан.
Отам менга бақрайганча қараб қолди.
– Мен... шунчаки айтдим-қўйдим, – дея отам-
нинг ўқдек қадалган кўзларидан ўзимни олиб
қочдим.
– Сен ҳали, кекса, садоқатли хизматкоримиз-
ни ҳайдаб юборишимни истаяпсанми? – Бобо
қўлидаги эски қўлқопини бир четга зарда билан
ирғитди. – Агар Ҳасан билан орангизда нимадир
гап қочган бўлса, бунга катталарни аралаштир-
ма. Мен Али билан бирга катта бўлганман. Отам
уни ўз фарзандидек кўрарди. Али бу хонадонда
салкам қирқ йилдан бери яшайди. Сен эса, уни
ҳайдашимни истаяпсан? – отамнинг юзи ҳам
лоладек қизариб кетганди. – Амир, шу пайтгача
мен сени чертмадим. Аммо, бу гапни яна бир
марта оғзингга оладиган бўлсанг, мендан хафа
бўлма бола, тушундингми гапимни?
Бошимни қуйи солганча:
– Ота, кечиринг, – дея олдим холос.
– Ҳасан ҳам биз билан қолади, – деди Бобо.
– У шу ерда туғилган. Унинг уйи шу ер. Бунақа
аҳмоқона гапларни каллангдан чиқариб ташла.
Мана, ёз ҳам келди. Ҳасанга янги ҳикоямни
ўқиб беришга ваъда бериб, уни ўша эски те-
паликка олиб чиқдим. Менинг кутилмаган бу
таклифимдан у шошиб қолди.
Эски қабристон девори олдидаги анор сояси
остида ўтирибмиз. Ғарқ пишган меваларини
кўтаролмай қолган дарахт шохидан беш-ўнта
анор узиб олдим. Иккита анорни кафтимда ғил-
диратиб ўйнарканман, Ҳасанга ўйчан тикилиб
қолдим.
– Ҳасан, мана шу анорни сенга ирғитсам,
нима қилардинг?
Ҳасаннинг юзи тундлашди. Назаримда, унинг
юзи жуда қаримсиқ кўриниб кетди. Ўзимни
бошқара оладиган ҳолда эмасдим. Қандай унга
қараб анорни ирғитганимни билмай қолдим.
Чақалоқнинг калласидек анор гурсиллаб унинг
кўкрагига урилди. Ҳасан оғриқданми, ҳайрат-
данми, бақириб юборди.
– Энди... мени ур, – дея бақирдим. – Анорни
от менга!
Ҳасан менга анграйганча қараб қолди.
Навбатдаги анор унинг елкасига бориб тегди.
Қип-қизил шарбат унинг юзига сачради.
– От, менга от, нега гапимга кирмаяпсан, –
бўғилиб қичқирдим мен. – Сенга айтяпман,
аяма, ур мени, ур! Мени бу азоблардан қутқар!
Қачонгача сени деб ухлолмай чиқаман, Ҳасан!
Мевалар кетма-кет у томонга уча бошлади. У
эса қимирламасди.
– Қўрқоқ, – бақирдим бор овозимда. – Сен ла-
пашанг ва қўрқоқсан!
Бечорани неча марта анор билан савалага-
нимни ўзим ҳам билмайман. У бошдан-оёқ қи-
зилга бўялганди. Мен эса ҳолсизланиб тиззалаб
ўтириб қолдим.
Шу пайт Ҳасан ўрнидан туриб, ердан яна бир
анорни олди-да, қоқ пешонасига уриб пачоқлади:
– Мана, – шарбат унинг юзларини қон мисоли
ювиб тушарди. – Энди кўнглинг жойига тушди-
ми? Сал бўлсаям енгил тортдингми?
У шарт бурилиб, тепаликдан тушиб кетди.
Тиззалаб ўтираркан, кўзимдан шашқатор ёш
оқа бошлади:
– Нима қилай, сени Ҳасан? Айт, сени нима
қилсам бўлади?
***
Кўз ёшларим қуриб, уйга йўл олганимда, уни
нима қилиш ҳақида якдил қарорга келиб бўл-
гандим.
Ўша йили ёзда 13 га тўлдим. Бу пайтда ҳали
юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурарди.
Отам хизматкорни алмаштириш ҳақидаги
таклифимдан кейин мендан сал ранжигандек эди. Ҳар йили туғилган куним катта тантанага ай-
ланиб кетарди. Уйимизга юзлаб, ҳатто мен уму-
ман танимаган одамлар ташриф буюришарди.
Совға-саломларни-ку айтмаса ҳам бўлади.
Менинг 13-таваллуд куним ҳам ҳақиқий бай-
рам тусини олди. Уйимизда Бобонинг яқин
дўстлари, ҳамкорлари, қариндош-уруғлар жам-
ланишди. Ичкилик ҳам ариқдаги сувдек оқди.
Дастурхонда минг хил нозу неъмат муҳайё этил-
ди. Боғимиз тўрида санъаткорлар учун мах-
сус саҳна қурилган эди. Афғон булбули Аҳмад
Зоҳирнинг ўзи келиб, аккардеон чалиб, қўшиқ
айтди.
Мен эшик олдида таниш ва бегоналар би-
лан қучоқлашиб кўришар, уларнинг табрик ва
совғаларини қабул қилардим.
– Амиржон дўстим, туғилган кунинг билан!
– Таниш овоздан сергак тортдим. Не кўз билан
кўрайки, рўпарамда Асеф турибди. Ўша мараз
Асеф. Ёнида отаси Маҳмуд ва онаси немис аёли
– Таня! Кўзим тиниб кетгандек бўлди.
– Хуш келибсизлар, азизлар, – дея уларни
қарши олди отам хушмуомалалик билан. Отам
азалдан Асеф билан дўстлашишимни хоҳларди.
Мана, Бобо ҳозир ҳам Асефнинг қўлини сиқиб
табриклаяпти. Асефнинг ҳам, ота-онасининг
ҳам юзида табассум. Фақат мен ясама бўлса-да,
жилмайишни эплаёлмаяпман.
– Камол билан Вали ҳам келишди, – елкамга
қўлини қўйди Асеф. Беихтиёр тисарилдим. –
Эртага бизнинг ҳовлимизда волейбол ўйнамоқ-
чимиз. Сен ҳам Ҳасан билан бор, албатта!
– Мен волейболни ёмон кўраман, – дея ғуд-
рандим.
– Энди кечирасан, Асеф, ўғлим, – отам унга
гуноҳкорона термилди. – Бизнинг ўғилга китоб
бўлса бас!
Нима? Отам мен учун Асефдан кечирим сўра-
яптими? Шу ярамасдан-а? Қанчалар аламли.
Аммо, нима учун менинг дамим чиқмаяпти?
– Ҳечқиси йўқ, – кулди Асеф. – Амиржонни
биламан-ку! Шунинг учун ҳам унга китоб олиб
келдим. Мана, дўстим, мендан совға!
Карахт алпозда унинг қўлидаги китобни олди-
му боғчанинг тўрига, Асефдан узоқроққа югур-
дим. Тоқатим шу ергача етди, холос. Боғчамиз
деворига суянганча, Асеф тутқазган китоб
муқовасига кўз ташладим. Бу Гитлернинг тар-
жимаи ҳоли баён этилган асар эди. Худди на-
жасни тутиб тургандек ирганиб, китобни боғча
девори оша улоқтирдим.
Ҳолсизланиб, ўтлоқ устига ўтириб қолдим.
– Ўғлим, нега меҳмонларнинг ёнига чиқма-
япсан? – Раҳимхоннинг меҳрли овозини дарҳол
танидим. Ундан шароб ҳиди анқиб турарди.
У оҳиста келиб ёнимдан жой олди.
– Сизам ичасизми? – сўрадим ҳайратимни
яширолмай.
Раҳимхон елкамни қоқиб қўйди.
– Ҳа, энди, гоҳ-гоҳида ичиб туришнинг айби
йўқ.
Раҳимхон билан анча гаплашиб ўтирдик. У
шу аснода менга ўзининг ҳазин ишқ қиссасини
гапириб берди:
– Нима учун шу пайтгача уйланмаганимнинг
сабабини биласанми? Билмайсан! Мен ҳам бир
пайтлар қад-қомати келишган 18 ёшли йигитча
эдим. Ҳумайра исмли ҳазорий қизни севардим.
У қўшнимиз хизматкорининг қизи эди. Шунақа
чиройли эдики, ҳуснига кўкдаги ой ҳасад қилар-
ди. У билан боғимиздаги олма дарахти тагида
отамдан яширинча учрашиб турардик. У билан
ширин-ширин хаёллар сурардик. Келгусидаги
ҳаётимизни, уйимизни, болаларимизни ўзимиз-
ча тасаввур қилардик.
Отам бу сирдан воқиф бўлгач, ҳамма орзула-
римиз саробга айланди. Онам ҳазорий хизмат-
корнинг қизини севиб қолганимни эшитиб, ҳу-
шидан кетди... Жалол акам уйдан милтиқ кўта-
риб чиқди, отам тўхтатиб қолмаганида, билма-
дим нима бўларди.
– Кейин нима бўлди? – у жим қолгач, аранг
юрак ютиб сўрадим.
– Нима бўларди. Отам эртаси куниёқ, Ҳу-
майрани оиласи билан Ҳазоражотга кўчирти-
риб юборди. Кейин мен уни умуман кўрмадим.
Шунда, умуман уйланмасликка қасам ичдим.
Мана, кўриб турибсан, шу қасамимга содиқ қо-
либ келяпман.
Орада совуқ сукунат чўкди.
– Ичингдаги дардни кимгадир айтсанг, ен-
гил тортасан, – деди Раҳимхон енгил хўрсиниб.
– Мана, сен билан бир оз гаплашиб, менинг ҳам
кўнглим ёзилди. Нимадир сенинг ҳам дилингни
хира қилиб турган бўлса, айт, Амиржон, енгил
тортасан!
Нега у бундай деди? Балки у варрак билан
боғлиқ гаплардан хабар топган, фақат ўзим
иқрор бўлишимни кутгандир. Ҳарқалай, бу мен
учун сир бўлиб қолди.
– Айтганча, бу сенга, – у менга жигарранг чарм
муқовали дафтарчани тутқазди. – Туғилган ку-
нинг муборак бўлсин.
...Олдинма-кейин ҳовлига ўтдик. Зиёфат да-
вом этарди. Тасодифан кўзим Ҳасанга тушди. У
кумуш идишларда Асеф ва унинг ҳамтовоқла-
рига таом тарқатаётган эди...
***
Эртаси куни мен ўз ётоқхонамда бир уюм
совғалар ичида ўтирардим. Ялтироқ қоғозга
ўралган қутиларни бирма-бир очар ва лоқайд-
лик билан бурчакка улоқтирардим. Улар ора-
сида турли ўйинчоқлардан «полароид» фотоап-
паратигача, спорт анжомларидан конвертга
солинган пулларгача бор эди. Биламан, отам бу
зиёфатни менинг ғалабам шарафига уюштир-
ди. Мен эса, бунга лойиқ эмасдим.
Отамнинг ўзи менга иккита нарса совға
қилди. Биринчиси, кўрган кўзни қувнатади-
ган, кобуллик ҳар бир боланинг орзуси бўлган
«Швинн Стингрей» велосипеди. Иккинчиси эса,
кўк циферблатли, миллари олтиндан ясалган
қўл соати.
Мен учун бу икки совғанинг ҳам қиймати
йўқдек эди. Соатни ҳам совғалар уюми устига
ирғитдим.
Фақат Раҳимхон берган блокнот бошқа сов-
ғалардан фарқланиб турарди. Блокнотни қў-
лимда айлантирарканман, Раҳимхон ва унинг
бахтсиз муҳаббати ҳақида ўйлардим. Кейин
эса, кўз ўнгимда Ҳасаннинг Асеф ва Валига
овқат ташиб юргани жонланди. Бечора Ҳасан.
Бунга қачонгача чидаш мумкин? Энди мен
учун ҳаммаси кундек равшан: бу уйда ё мен
яшайман, ё Ҳасан. Иккимиз учун бирга яшаш
қанчалар оғир...
Ҳасан ва Али кечаги зиёфатдан сўнг ивирсиб
кетган ҳовлини тартибга келтириш, идишларни
ювиш билан банд эдилар.
Али мен билан илиқ сўрашди. Кейин қўли
билан кутиб туришимни ишора қилиб, кулба-
сига йўрғалади. Бир оз ўтиб, тугунча билан
қайтди.
– Амир, ўғлим. Кеча ур-тўполонда Ҳасан би-
лан мен совғамизни сенга топшира олмагандик.
Гарчи арзимаса ҳам шу совғани ол, сенга ёқади,
деб умид қиламиз.
Ярим овозда раҳмат айтдим. Тугунчада
Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си ўроғлиқ экан.
Кўзларим яшнаб кетди.
– Ҳасан айтувди. Сенинг китобинг анча эски-
риб, варақлари титилиб кетган экан. Бу қўлёз-
ма нусха, суратлари ҳам қўл билан чизилган.
Ўпкам тўлиб йиғлаворишимга оз қолди. Мен
бу совғага номуносиб эканимни билсам-да, ай-
толмадим.
Хонам совғага лиқ тўлган эди. Негадир бу
китобга кўзим тушишини истамай, уни совға-
лар ичига кўмиб қўйдим.
Уйқуга ётиш олдидан отамнинг ёнига бо-
риб, ўзи совға қилган соатни кўрган-кўрмага-
нини сўрадим. Эрталаб эса, Али ва Ҳасаннинг
бозорлик қилгани кетишларини кутдим. Мана,
ота-бола аравачаларини судраб, чиқиб кетиш-
ди. Мен совғалар уюмидан пул солинган икки-
та конверт ва отам совға қилган тилла соатни
олиб, оёқ учида хонамдан чиқдим. Отамнинг
ҳужраси олдидан ўтаётиб, ичкарига қулоқ тут-
дим. Бобо телефонда ким биландир гилам сав-
доси хусусида гаплашарди.
Зиналардан оҳиста пастлаб, ота-боланинг
кулбасига кирдим. Ҳасаннинг тўшаги остига
соат ва пулларни жойлаштириб, ортимга қайт-
дим. Кейин орадан бир оз ўтиб, отамнинг хо-
насига кирдим ва кечаси билан ёд олиб чиққан
ёлғонларимни айтдим. Ич-ичимдан ўзимга бош-
қа ёлғон гапирмасликка сўз бердим.
Ҳасан ва Али бозордан гўшт, нон, мева-чева
билан қайтишди. Мен уларни хонамнинг дера-
засидан кузатиб турардим. Отам ҳовлида экан.
Алига нимадир деб ҳужрасига кўтарилди. Али
ҳам бош ирғаб, кулбасига йўл олди.
Кўп ўтмай, Бобо хонамнинг эшигини тақил-
латди:
– Менинг ёнимга кир, гап бор!
Унинг ҳужрасида ота-бола шолғомдек қизар-
ганча қўл қовуштириб туришарди. Йиғлашган
бўлса керак, икковининг ҳам кўзлари қизарган.
Бу муштипар ота-болани ҳам йиғлатибман-да!
Наҳот, яна бир қабоҳатга қўл урдим?
– Демак, пулни ҳам, Амирнинг соатини ҳам
сен олгансан? – сўради бир оз ўтгач, отам боши-
ни кўтариб.
– Ҳа! – бўғиқ овозда жавоб қайтарди Ҳасан.
Унинг бу жавоби юзимга тарсакидек урилди.
Қалқиб кетдим. Юрагим сиқилди. Шууримга шу
нарса ёриб кирдики, Ҳасан яна бир карра ўзини
мен учун қурбон қилаётир. Агар Ҳасан отамнинг
саволига «йўқ» деб жавоб қилганида, отам унга
чиппа-чин ишонар, чунки, Ҳасан шу пайтгача
ҳеч кимни алдамаганди. Шунда, ҳаммасини тан
олишга тўғри келар, асл айбдорнинг кимлиги очи-
либ қоларди. Бобо эса, менинг бу ишимни мутлақо
кечирмаган бўларди. Яна бир нарсани аниқ сездим. Ўша машъум кунда, ивирсиб ётган тор кў-
чада бир четда биқиниб ўтирганча, кўз ўнгимда
рўй берган ноҳақликка аралашмаганимни Ҳасан
ҳам билган, балки мени кўрган ҳамдир? Мен унга
хиёнат қилаётганимни била туриб ҳам, мени
қутқаришга уринаётир. О, Ҳасан, сени қанчалик
яхши кўришимни ўшанда англадим. Ҳеч кимни
сенчалик яхши кўрмаганман, Ҳасан! Мен сенинг
қўйнингдаги илон эдим. Сенинг марҳаматингга
муносиб эмасдим. Мен ёлғончи, хоин, аблаҳ ва
ўғриман. Аммо, ўша онда қалбимдаги бу изтироб
ўрнини аллақандай қувонч эгаллади. Мана, ҳозир
ҳаммаси тугайди. Бобо хизматкорларни қувиб бо-
ради ва ҳаммаси янгидан бошланади.
– Мен... сени кечираман!
Ҳайратдан донг қотдим. Кечиради? Қана-
қасига? Ахир отам учун энг ярамас иллат ўғир-
лик эмасмиди? Ўғирлик ҳамма гуноҳларнинг
ўзаги деган ҳам отам эмасмиди?
– Биз кетамиз, оға соҳиб, – деди Али. – Биз
энди бу уйда яшай олмаймиз.
– Мен ўғлингни кечирдим, деяпман, Али,
эшитмадингми?
– Йўқ, оға-соҳиб! Энди бу ерда бир кун ҳам
туролмаймиз, – дея Али Ҳасанни худди кимдан-
дир яшираётгандек бағрига босди. У ўғлини
кимдан яшираётгани менга равшан эди. Демак,
Али ҳамма гапдан хабардор. Ҳасан унга айтган.
– Тупурдим ўша пулгаям, соатгаям, – отам
ўрнидан туриб кетди. – Гап тамом. Ўтган ишга
салавот. Мен ҳеч нарсани кўрганим ҳам, эшит-
ганим ҳам йўқ.
– Кечиринг, оға-соҳиб! Биз ҳамма нарсамиз-
ни тайёрлаб қўйганмиз.
– Али, эсингни йиғ, – отам тутақиб кетди. –
Мен шу пайтгача сенга ёки ўғлингга бирор ёмон
гап гапирдимми? Мен сени ўз инимдек кўра-
ман, буни биласан.
Улар орасидаги мунозара анча давом этди.
Аммо, Алининг қарори қатъий эди.
– Қаерга борасан? – сўради отам сўник
оҳангда.
– Ҳазоражотда амакиваччам яшайди. Ўша
ерда бир кунимизни кўрармиз. Фақат бизни юки-
миз билан автовокзалгача олиб борсангиз бас!
Ёзда Кобулда ёмғир кам ёғади. Бироқ, отам
Али билан Ҳасанни машинасида олиб кетган
куни ёмғир худди челаклаб қуйгандек ёғди.
Ўша кунги момақалдироқнинг гулдуроси ҳануз
қулоғим остидан кетмайди. Ҳасан кулбасидан
ўраб боғланган кўрпа-тўшакни орқалаб чиқди.
Бобо машина ичида Али билан анчагача тор-
тишди. Чамаси, у сўнгги бор ота-болани қолиш-
га кўндирмоқчи бўлди. Аммо фойдаси бўлмади.
Машина қўзғалди. Шундагина мен ўз хато-
йимни бутун борлиғим билан идрок этолдим.
Мен билган, мен таниган аввалги ҳаётим, бола-
лигим худди шу нуқтада тугаган эди.