May 29, 2020

Сарик шайтон васвасаси.

Бу воқеага озми-кўпми ўзим ҳам гувоҳ бўлган эдим. Ҳануз ўша уй ёнидан ўтиб қолсам, ҳикоя қаҳрамони ёдимга тушиб, вужудимни муз қоплайди.
Хосият эри билан уч йилча яшади-ю, она уйига қайтиб келди.
Мунисхон опа ҳам шу икки йил ичида бўларича бўлганди. Қизи ҳар аразлаб келганда, ичи куярди. Дарди ичида эди. Бировга айта олмасди. Хосиятнинг эри қиморбоз чиқиб қолди, ичиб келиб қизимни итдай калтаклайди, туғмасдан олиб, туғмасга солади. Уйидаги қўлга илинадиган буюмларни қиморга бой бериб бўлибди.- деёлмайди. Энди эса… Буниси ҳаммасидан ошиб тушди. Куёв ичиб келиб бировнинг боласини ярим тунда катта кўчага қувиб солишга уялмабдими, демак, Хосиятнинг у хонадонда кераги қолмабди.
Бормайсан ўша файзи йўқ уйга! Сениям уканг каби аччиқ тўлғоқ еб туққанман. Эр дегани шундай бўлса, қаро ер бўлгани дуруст,- деди Мунисхон опа. Шундай қилиб, Хосият эри Хурсаналининг уйига қайтмади. Орадан бир ойча ўтиб кўчларини ҳам ташлаб кетишди. Ора очиқ бўлди. Буёғига Хосият олтмишга кириб қолаёзган онасига эш бўлиши, пул топиш илинжида олис юртларга кетиб қолган ёлғиз укасининг йўқлигини билдирмай рўзғорга қарашиши лозим эди.
Болаликдан олди-сотдига қизиқиши уни тез кунда шаҳардаги катта бозорлардан бирига етаклади. Ёнидаги пули бир қоп пиёзга етибди. Ҳар куни бир қопдан бўлса-да пиёз сотиб фойдасига рўзғор учун ул-бул олиб келадиган бўлди.
Шундай кунларнинг бирида шом маҳали бозордан чарчаб уйга қайтаётган Хосиятнинг кўзи бир кекса рус кампирга тушиб қолди. Кампир қўлидаги зил замбил халтачани ортиқ кўтариб юришга холи келмай йўл четига ўтириб олганди. Хосият ўзи аранг одимлаётгани боис индамай ўтиб кетмоқчи эди. Бироқ кампир ўтирган ерида қичқириб тўхташга мажбур этди.
Ҳой қизим, манави халтачамни уйимгача элтиб берсанг-чи! Хосият билинар-билинмас уф тортганча кампирнинг тепасига келди. Қаерда турасиз ўзи? норозиланган оҳангда сўради у.
Ҳов анави беш қаватли уйнинг бешинчи қаватида тураман, ўргилай! Шу ерга етганда силлам қуриди. Илоё камлик кўрмагин! - деди кампир жонланиб.
Уй бу ердан бир чақиримча келарди. Хосият кампирнинг буюмларини квартираси ичкарисигача элтиб берди. Кел, тез кетиб қолма! Ол қизим, ўз қўлим билан пиширганман уни кампир қўярда қўймай ошхонага олиб ўтди-да, шкафдан мураббо олиб олдига қўйди.
Йўқ, раҳмат! деди Хосият тоқатсизланиб. Уйда онам кутиб турибди. Мен борай энди!
Вой, шошилмагин-да!Ёлғизлик қурсин. Вақти келганда жуда-а билинаркан, қизим,-деди кампир беихтиёр кўзига ёш олиб балкон томон бир муддат ўйчан тикилиб қолди. Фарзандларингиз йўқми? сўради Хосият кампирга юраги ачишгандек. Э, улар олисда. деди кампир қўл силтаб. Тирикмисан, ўликмисан дейишмайди. Ишқилиб омон бўлишсин. Ҳеч қурса қариндош-уруғларингиз бордир?
Йўқ, борлариям ўтиб кетишган… Қанийди, бир яхши одам бўлса-ю, ҳолимдан хабардор бўлиб турса. Мана шу уйимни хатлаб берардим… Кейинги пайтларда тез-тез мазам қочадиган бўлиб қолди, қизим. Ҳа-а… Қийин экан сизга. хўрсинди Хосият. Бирор қўшнидан илтимос қилсангиз бўларкан. Қўшниларданам ёлчимадим. Ўтган йили рўпарадаги қўшнига ёлворгандим. Бир-икки ҳафта қарашиб юрди. Кейин-кейин мени арзимаган баҳоналар билан жеркиб ташлайдиган бўлди. Мен унақанги оғир гапларни кўтара олмайман-да! Бор-э, дедим-у, қўлимни ювиб қўлтиғимга арта қолдим… Аразлабди қурмағур. Ҳалигачаям мени кўрса юзини терс буриб ўтади. Хосият кампирга жавобан ҳеч нарса дея олмади. Мураббодан бир марта тотган бўлди-ю, ўрнидан қўзғалди.
Тўхта, қизим, унинг йўлини тўсди кампир. Яхши қизга ўхшайсан. Агар малол келмаса, мендан хабар олиб тур. Савоб бўларди. Мен-а?.. елка қисди Хосият. Холажон… Вақтим бўлармикан?.. Ҳа-я, бунисини ўйламабман-ку!.. бош эгди кампир. М-майли…Кампирнинг бу қадар ёш гўдак каби ўпкаланиши Хосиятни қадам босишга қўймасди. Қолаверса… Эшитгани бор, баъзилар мана шундай кекса одамларни ўз қарамоғига олиб, кейинчалик уйларига эга чиқишаркан. Нима, шундай уй кимни тешиб чиқарди?.. Онасига айтган тақдирда ҳам фақат маъқуллайди. Бунга шубҳайўқ. Хўп, хола, хўп! кампирни юпатган булиб йелкасига кокди Хосият.


Мен ҳозир бориб ойимминан гаплашиб кўрай-чи! Розилик билдирсалар, шу заҳоти келаман олдингизга. Вой қоқиндиқ! суюниб кетди кампир. Мени исмим Валя хола. Ойингга тушунтириб айтгин, болам. Мен кўп нарса сўрамайман. Иссиқ-совуғимдан хабар олиб турсаларинг бас. Бояги гапим гап. Мана шу уйимни ўзгинангга хатлатиб бераман, ҳа!
Хосият мулойимгина хайрлашди-да, ташқарига йўл олди. Валя хола деярли беозор эди. Унга кунига ярим коса овқат бериб, кирларини ювиб турилса кифоя экан. Хосият учун бу юмушлар оғирлик қилмасди. Бозордан келибоқ ҳар куни Валя холадан хабар олар, уй ичларини йиғиштириб, кирлаган кийимларини ўзи билан олиб кетарди.иШу кўйи орадан икки ойча вақт ўтди. Кунларнинг бирида… Уйдаги жиҳозларнинг чангини артиш билан овора бўлган Хосият беихтиёр темир чойнакни қўлидан тушириб юборди. Чойнакнинг қопқоғи очилиб ичидаги буюмлар гилам устига сочилиб кетди.
Бу оддий буюмлар эмасди. Турли ҳажмдаги тилла тақинчоқлар эди.
Шу лаҳзада Хосиятнинг аёллиги устун келиб, кўзлари чақнади. Худди ўғирлик қилаётган кимсадек югуриб эшик ёнига борди-да, кампир ўтирган хонага қулоқ тутди. Валя хола телевизорнинг товушини варанглатганча қандайдир кўрсатувни берилиб томоша қиларди. Бундан кўнгли бироз таскин топган Хосият ортга қайтиб тилла балдоқларни билагига, узукларни бармоқларига тақиб кўзгуда ўзини кўз-кўз қила бошлади.
Ҳа, шубҳасиз, унга бу тақинчоқлар жуда-жуда ярашиб тушганди.
Шунча тиллани нима қиларкин кампир? Саксонга яқинлаб қолган бўлса, қариндош-уруғи, меросхўри бўлмаса. Кимга қолдиради буларни?- ўйлади Хосият лаб буриб. Азозил инсон қалбига кириб олдими, тамом, амрига бўйсундирмай қўймайди. Нима қилиб бўлмасин, бандасига ҳукмини ўтказишга уринади. Хосият ҳам алоҳол у иблиснинг домида турар, боягина хаёлида айланаётган тотли туйғулар саҳрога тушган ёмғир томчиси каби сингиб, унинг ўрнини шайтоний фикрлар эгаллаб олди.
Йўқ, билдирмасдан олволаман буларни. деди ўзига ўзи. Билиб ўтирибдими?!. Тўхта, олдинига бирор пана жойга беркитай-чи! Башарти кампир эътибор қилмаса, ана ундан кейин олиб кетавераман. Ахир… Мениям шундай тақинчоқлар тақиб юргим келади!.. Эрга тегиб ҳам тилла нималигини билмабман. Кампир бўлса…
Хосият шоша-пиша тақинчоқларни ечиб олиб, енгига яширди-да, балконга чиқиб эски-тускилар турадиган шкаф ичига жойлади. Бу ерни Валя хола умрининг охирига қадар ҳам ковлаштирмаслиги аниқ эди…
Афсуски, шу кечаси алақ-чалақ тушлар кўриб чиқибди. Эрта тонгда кўнгли ғаш тортиб юз-қўлини юваркан, кўз ўнгида фақат бир ҳовуч тилла тақинчоқлар гавдаланар, уларни тақишга шошиларди.
Шу пайт ташқари эшик тақиллаб қолди. Хосият югуриб бориб эшикни очди-ю… Қотиб қолди. Қаршисида Валя хола маъюс тикилиб турарди. Ҳ-ҳа, хола… Ҳозир… Ўзим бормоқчийдим… деди тутилиб Хосият. У гапини тугатмасдан ортидан Мунисхон опа чиқиб келди-да, кампирга мулозамат қила кетди.
Вой, опа, қани, ичкарига киринг! Ҳозир чой дамлайман. Қизингиз… Тиллаларимни қайтариб берсин! деди Валя хола бирдан жиддий тортиб. Илтимос… Сиз онасисиз-ку… Нима? Қанақа тилла? ҳайрат аралаш кампирга боқиб сўради Мунисхон опа. Т-ушунтириброқ гапиринг… Қизингизнинг ўзи билади. деди Валя хола. Уйдаги тиллаларимнинг ҳаммасини ўғирлаб чиқибди. Ўғирлаб?.. Ўйлаб гапиряпсизми?.. Туҳмат қилманг!.. Шу ёшга кириб туҳмат қиламанми? кўзига ёш олди Валя хола. Ёшлик қилгандир. Кўзига чиройли кўриниб кетгандир… Майли, кечираман. Қайтариб берса бас. Менга қаранг, сиз кимга туҳмат қиляпсиз? Хосият беихтиёр жазавага тушиб икки қўлини белига тираганча кампирга ўдағайлай бошлади. Қанақа тилла?.. Темир чойнакдаги тиллаларни айтяпман. деди Валя хола. Ўлимтигим эди… Қизим, мабодо олган бўлсанг қайтариб бер. Хосиятга юзланди Мунисхон опа. Нима қиласан ўша тиллаларни? Бировнинг омонати буюрмайди. Хосият онаси қаршисида ўғри деган номга эга бўлишни, қолаверса, ўша тиллалардан айрилишни сира истамасди.
Бу кампирнинг гувоҳи йўқ. Бўйнимга қўя олмайди, деган умид унга далда бериб турарди. Сизам менга ишонмаяпсизми? онасига ўшқирди у. Қанақа тилла? Бу шум кампирнинг томи кетиб колган булса, мен айибдорманми?.


Бермайсанми қайтариб? — кескин оҳангда сўради Валя хола. — Айт, бермайсанми?

— Э, тилланг бошингда қолсин! — ҳайқирди Хосият. — Бошимга урармидим сенинг тиллангни?.. Бор, бор, йўқол!.. Пешонамда туриб жинимни қўзитма!..

Валя хола бошини эгган кўйи ортга қайтди. Хосият эса сир ошкор бўлиб қолмаслиги учунми, йўлига бўлса-да, анча пайтгача уйни бошига кўтариб жавраниб турди…

Валя хола ҳам анойи эмасди. Шу куни милиция бўлимига қўнғироқ қилди. Кўрибсизки, текшир-текшир бошланиб, тилла тақинчоқлар эски-тускилар орасидан топилди. Экспертиза эса, бу тақинчоқларда Хосиятнинг ҳам бармоқ излари борлигини аниқлаб берди.

Сариқ шайтоннинг макри Хосиятнинг бошига бир арава балони ағдарди. У қилмишига яраша тегишли жазосини олди.
Тамом.


Do'stlaringizga xam ulashung...