April 18, 2020

Echki (Hikoya)

Хайринисо ҳоланинг келини туғруқ пайтида вафот этди. Оила қайғуга чўмди. Туғруқхона эшиги олдида ухламай, чўнтаги ичидаги оҳирги пулини суюнчига атаб, ғижимлаб турган Имомалига ноҳуш ҳабар айтилганда ғамдан чўкка тушиб қолди.
Гўдак тирик, она эса...
Мотамдан сўнг, Ҳайринисо ҳола гўдаккинага нима беришни билмай боши қотди, қишнинг кунида тўрт маҳал-беш уй наридаги аёл келиб эмизиб кетди. Кўкрагига совуқ тегиб, зинғиллаб қолгач, у ҳам келолмасликка узирини айтди.
Ғамдан букчайиб қолган Имомалини биғиллаётган боласи билан қолдириб, Ҳайринисо ҳола- қишлоқда "яхши одам" бўлиб танилган масжид имомининг уйини қора тортиб кетди.
Домлага дардини айтди, эчки сути зарурлигини, имкон бўлса оз-оздан пулини узиб олишини, лекин қўлида сотиб олишга арзигулик пули йўқлигини айтди.
Домла ҳақиқатда яхши одам экан, энг зотдор эчкиларидан бирини икки эгиз улоқчаси билан, ҳатто бошқаларга ўхшаб, ирим қилиб- бўйинтуруғини олиб қолмасдан, шундоқлигича Ҳайринисо ҳолага тутқазди.
-Аллоҳ таоло йўлида беминнат беряпман- ҳадя, илоҳим норасиданинг оғзи оққа етиб, солиҳ йигитлардан бўлиб, вояга етсин.
Қувончдан ва ғамдан йиғлаб юборган- аёл дуо қила-қила эчкини улоқчалари билан етаклаб уйига кетди.

Баҳор келди.
Уч ой эчки сутини ичган гўдакка эт битиб, кулиб "гав-гув" қилиб, ҳаммани ўзига қаратиб, анча катта бўлиб қолди.
Қудалар бир-икки сўраб келишди, олиб кетайлик деб. Ҳайринисо бермади, берса ичи ҳувиллаб қолишидан қўрқди.
Гўдакнинг-ку ризқини Аллоҳ таоло йўқ жойдан етқазди, катталар эса анча рўзғордан тортилиб қолишди. Баъзан эчки икки боласидан орттириб берадиган ярим косагина сутга "суқимиз кирмасин" деб кўзларини олиб қочишарди. Шундай кунларнинг бирида Имомали гап бошлади:
-Она, бундай юраверсак бўлмас, Рассига кетмоқчиман, у ёқдан Аллоҳ берса пул юбориб тураман, бир ризқимни излаб кўрай...
Ҳайринисо бошида рўйхушлик бермади, бора-бора ўзи ҳам ўйлаб кўриб рози бўлди. Энди йўлкирага пул топиш керак. Имомали уч-тўрт кишидан пул сўради, ҳамма ўзининг важини айтиб, пул бермади. Тўғри-да ҳозир ҳамманики ўзига зўрға етиб турибди.
Иккаласининг ҳам оҳирги тикилган кўзлари- эчки бўлди.
"Ёдгорали анча катта бўлиб қолди. Янаги ойдан нон чайнаб берса ҳам бўлар балки..."
Ғира-ширада Ёдгоралини қўшни келинга омонат беришиб, она-бола эчкиларни етаклаб, бозорга йўл олишди.

Бозорда одамлар зотдор эчки ва улоқчаларга анча қизиқиш билдиришди. Фақат Имомали бисотидаги шугина эчкиларни арзон-гаров сотгиси келмади.
Шу пайт кутилмаган воқеа юз берди, бозорга домла кириб келдилар. Одамлар ҳурмат билан қўшқўллаб саломлашишга шошилишди.
"Камбағалнинг дови юрмас экан-да, энди домла олдида нима диган одам бўлдим"- изтиробдан йиғлаб юборди Ҳайринисо ҳола.
" Илоҳим кўрмасинлар, кўрмай қолсинлар"- деб тескари томонга қараб, паналаб олди.
Аксига олиб, эчкилар ўз эгаларини таниб- маъраб қолишди.
-Ие... Жониворлар, сизлар ҳам шу ердамисизлар?!...
Ҳайринисо уятдан рўмоли учини тишлади.
-Ассалому алайкум- Ҳайруннисо тинчмисизлар, норасида анча катта бўлиб қолдими?!
Ҳайринисо ҳола энди батамом йиғлаб юборди. Четда ер чизиб турган- Имомали келиб, бош эгиб, қизариб ўзи вазиятни тушунтирди.
-Эчки бозорга қанчага кирди?!
Имомали ғулдираб бозор қўйган нарҳни айтди.
-Ўзи сизга қанча пул керак?!
Имомали Россияга автобусда кетаётганини, самалёт ёки поездга пули етмаслигини тушинтирди.
-Иш бўлса ишлайсизми?! Масжиднинг қоровулчилигига ойлик оз, сизга бошқа бирор жойдан иш қидириб кўрамиз. Ҳозир мен сизларга эчки учун- бозор сўраган пулни бераман, эчкини эса уйга қайтарасизлар, гўдаккина ҳали барибир норасида...
Оғзидаги ошни олиб қўймайлик...

Шу сўзларни айтиб домла чўнтагидан пул олиб, санаб Имомалига тутқазди.
-Йўқ, ундай қилманг, ўзи юзимиз шувут домлааа, сизга икки марта юкимизни ортсак, уят бўладии... Ҳайринисо ҳоланинг овози ва "ҳай-ҳай" лаши атрофдаги одамларни ҳам жалб қилди. "Нима экан, нима бўлибди" деб бир-биридан

сўрашлар бошланиб кетди. Воқеадан ҳабардор бўлиб турган икки-уч киши ёнбошига қараб тушинтиришни бошлади.
Энди одамларнинг ҳай-ҳайлаши, ғовур-ғувури кучайди.
-Эй аҳли мусулмон, ҳурматли домламиз шу ҳайрли ишга бош қўшган эканлар, биз қараб турсак бўлмас, борми Аллоҳ йўлида атагани борлар...
Кимдир шунақа деб ҳайқирди.
Ҳайринисо ҳола ўтириб, ҳиққиллаб йиғлашга тушди. Бечора кампир ора-орада "Олма Имомали, олмагин... уят бўлади!" деб қўярди...
Оломон эса бир қийиққа пул йиғишни бошлаб юборган эди....

Азизахон Исмоилова