Tushda kechgan umrlar (O'tkir Hoshimov)
РУСТАМНИНГ ИККИНЧИ КУНДАЛИГИДАН
Май ойининг ўн олтинчи куни
«Ил-76»да кетяпмиз. У ёққа олиб кетишаётганда солдатларни қандай «босишган» бўлса, бу
ёққа келаётганда ҳам шундай зичлаб жойлаганлар. Фарқи шуки, у ёққа борганлар орасида
дўстларим бор эди: Хайриддин, Темур ака, Саша... Ҳозир атрофдаги болаларни деярли
танимайман: турли қисмлардан тўпланган «дембиллар». Яна бир фарқи бор: у ёққа сумка
кўтариб кетган эдик. Бу ёққа ҳар бир солдат биттадан «дипломат» кўтариб келяпти.
Мотор товуши ғўриллаб, қулоқни қоматга келтиради. Аскар болаларнинг ҳаммаси — жим.
Ҳамма бир нарсани ўйлаб турибди-ю, айтолмайди. «Самолётга «Стингер» тегмаса бас!»
Хаёлимга бемаъни ўй келди. Самолётда «икки юзинчи» юк бормикин? Йўқ бўлса керак.
Ўлик ташийдиган махсус самолёт бўлади, дейишади. Аслида-ку, темир тобутда ётганларга
барибир. Самолётда олиб келадими, Хайратондан машинада олиб ўтадими? Нима фарқи бор?
Хўп, онанг сочини юлиб дод солади. Отанг кавшарланган сандиқни қучоқлаб, «ўғлим, жон
болам», деб изиллайди. Қаёқдан билиб ўтирибди: қутида қонга беланган жасадинг ётибдими,
бир пой этигингми, ё шунчаки тузми?.. Севган қизинг (агар бўлса) «у ёқ»дан юборган
суратингни юзига босиб, кечаси билан унсиз йиғлаб чиқади.
Бир маҳал кабина тепасидаги қизил чироқ тахдидли ёниб-ўча бошлади. Ҳамма беихтиёр ўша
томонга қаради. Эшик очилиб, учувчи кўринди.
— Йигитлар, чегарадан ўтдик! — деди жилмайиб. Самолёт ичи бир зумда шодон шовқинга тўлиб кетди. Биров Тошкентнинг ҳавоси қандай экан, деса, бошқаси қулупнай егиси
келаётганини айтди. Нарироқца дипломат устида омонат ўтирган бир бола кафти билан юзини
тўсганча юм-юм йиғлаяпти...
Аэропорт Тошкентга ўхшамас эди. (Бошқа аэродромга қўнганимизни кейин билдим.)
Торгина залга кирдик. Божхонанинг бадқовоқ ходимлари худди биров Афғонистондан атом
бомбаси ўғирлаб келаётгандек ҳар битта солдатнинг дипломатини тит-пит қилиб текширишга
тушди.
Бир чеккада сигарет чекиб турарканман, қулоғимга жуда азиз, жуда қадрли куй эшитилди.
Радиода «Муножот»ми, «Чўли Ироқ»ми янграр, номини эслай олмасдим-у, йиғлагим келарди.
Ташқари чиқишим билан сурмаранг такси ғириллаб келиб шундоқ ёнбошимда тўхтади. Ёш
бўлса ҳам афти қаримсиқ таксичи қўлимдаги дипломатга ёпишди.
— Чамадонинг қани, солдат? — деди шанғиллаб.
— Чамадон йўқ, — деган эдим, шоширди.
— Ўтир! Тезроқ бўл! Бу ерда тўхташ мумкинмас. ГАИ талонимни тешади.
Қанақа одам бу? Мен такси чақирган бўлмасам!
— Автостанцияга! — дедим ёнига ўтириб.
— Уйинг қаерда ўзи?
— Узоқда. Автостанцияга оборсангиз бўлди.
— Қаерда турасан? — Таксичи машинани чаққон ғизиллатиб кетди.
— Пскентда.
— Қизиқ экансан-ку, Ҳиротга бўлсаям обориб қўярман!
— У ёққа таксида боришга пулим етмайди!— дедим тўғрисини айтиб. — Автостанцияга
оборсангиз бас.
— Пули билан нима ишинг бор! — У қўлини пахса қилди. — Пскентнинг ўзига борасанми
ахир?
Индамай бош ирғаган эдим, сўради:
— «Афғонмисан?» Хўп, дейвер, ука! Қалай, омон-эсон келдингми, ишқилиб? Суюнганидан
уйингдагиларнинг юраги қоқ ёриладиган бўлди-да! Мен-чи, вей, «афғонларни» узоқдан
танийман. Сениям кўриб, дарров билдим. Шошма, дедим, шу болага бир хизмат қилиб қўяй,
дедим.
Мунча шақиллайди бу шопир! Тошкент ўзгармабди. Ўша-ўша шаҳар. Ўша-ўша кўчалар.
Йўл четида ям-яшил дарахтлар яшнаб ётибди. Машиналар бир-бирини қувиб, шамолдек елади.
Гўё ўн беш қадам олдинда бораётган машина минага дуч келиб, портламайдигандек! Кўчада
одам мунча кўп? Гўё олисда, қоялар орасида биқиниб турган снайпер хоҳласа беш минутда
йигирматасини ер тишлатмайдигандек...
— «Сув париси»дан борми, соддат? Нима дейди бу?
— Нима?
Таксичи қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Мен шохида юрсам, сен баргида юраркансан, солдат! Отинг нима?
Айтдим.
— Вой, Рустамжон-эй! Вой муғамбир-эй! — У навбатдаги машинани қувиб ўтаркан,
сигнални бибиблатди. — Мендан ҳам қув экансан. Кўрдим, дипломатинг енгил! Аммо-лекин
битта дипломатга анча-мунча «сув париси»ни жойласа бўлади! Бизда бир кийими беш юз
туради! Эшитдингми, беш юз! Хўп десанг пуллаб бераман! Қуруғини арра қиламиз!
Келишдикми?
— Йўлга қаранг, ака! — дедим тишимни тишимга қўйиб. — Менда ҳеч қанақа «сув париси»
йўқ!
— Ола-а! — Таксичи ишонқирамай юзимга қараб қўйди. — Ўтган ҳафта битта капитанни Севера Востокка обориб қўйган эдим. Сенга ўхшаб гаплашиб кетдик. Аммо-лекин маладес!
Кўнгли очиқ одам экан. Ўзиям Афғонистондан тўртта чамадон билан келди, азамат. «Мен
офицерман, бунақа ишларга уқувим йўқ. Кўмаклашиб юборсанг, бизнес қиламиз», деди...
Шаҳардан чиқдик. Ям-яшил далалар бошланди. Йўл четида хўппайган толлар, осмонга
хитоб қилган мирзатераклар... Димоғимга алланечук қадрдон ис урилди. Аввалига эслолмадим.
Нима бу? Маст қилувчи ҳид қаёқдан келяпти? Бир чақиримча юргач ўнг томондаги кумуш
япроқли жийдаларга кўзим тушди-ю, дилим яйраб кетди. Жийда гуллабди, жийда!
— Ростинй айт, ука! — деди таксичи машинани шиддат билан ҳайдаб бораркан. — Чиндан
ҳам ҳеч нима обкелмадингми Афғонистондан?
— Олиб келдим! — дедим тоқатим тоқ бўлиб. — Пистолет олиб келдим. Чўнтагимда
турибди.
Худога шукр! Уни ўчди. Йўл чети ям-яшил... Бедазорлар, энди қўшқулоқ бўлиб чиққан
пахтазорлар. Унда-мунда қўйлар, ола сигирлар ўтлаб юрибди.
Таксичи кўчамиз бошида машинани тўхтатди.
— Қайси уй? — деди шанғиллаб.
— Ҳов ана! Тол соясидаги дарвоза.
— Бўпти! Тушавер! — у азза-базза машинасини айланиб ўтиб, ўнг эшикни очди. — Аввал
суюнчисини чўзиб қўйишсин-да, мундоқ.
Эс-ҳушимни йиғиб олгунча такси чанг кўтариб, дарвозамиз томон елди. Узоқцан кўриб
турибман. Машина дарвоза олдида тўхтади. Таксичи жонсараклик билан дарвозани қўшқўллаб
муштлади. Зум ўтмай ўзини ичкарига урди. Бирпасдан кейин эгнида янги тўн, бошида дўппи
билан қайтиб чиқди. Мен томонга имо қилиб, бир нималар деди. Дарвоза олдида турган Илҳом
акамни кўрдим-у, юрагим орзиққанча югурдим. Таксичи дипломатни тол тагига қўйди-да,
машинасини шиддат билан орқага қайтарди. Акам ҳам мен томонга чопди.
Машина менга рўпара келганида бир сония секинлади.
— Солдат! — деди таксичи деразадан бошини чиқариб. — Аканг берган уч юзига рози
бўлсин.
Юрагим қинидан чиқиб кетаётганга ўхшар, жонҳолатда уйим томон югурар эдим.
Акамнинг қучоғидан чиқдиму бўйнимга осилган онамни бағримга босдим. Шунда ойим
таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини оғриқ билан ҳис этдим. Рўмоли елкасига сирғалиб
тушган, сочлари дув оқарган, билаклари косовдек қорайиб, ингичка тортиб кетган. Хиралашган
кўзларидан дув-дув ёш оқар, нуқул «болам, жон болам», деб юзларимни силар эди.
Димоғимга райҳон ҳиди урилиб, юрагим қалқиб кетди. Болалиқдан шууримга сингган,
унутилаёзган қадрдон ис... Шунақа-ку, сочлари нега бунча оқариб кетган? Кетаётганимда
бунақа эмасди-ку! Гавдаси нега бир тутам бўлиб қолди. Одамзод шунчалик тез ўзгариши
мумкинми?
— Йиғламанг, ойи, — дедим кулиб. — Мана, мен кеддим-ку! Ойим ҳамон бўйнимга
осилганча ҳиқиллар эди.
— Йиғлаётганим йўқ, болам, — деди кўз ёшларини артиб. — Сен келдинг, болажоним. Энди
ҳечам йиғламайман.
Қизиқ, келинойим ҳам аллақандай қаримсиқ бўлиб қопти. Пешонамдан ўпаркан, ҳорғин
кўзларида қувонч порлади.
— Бўлди, ойижон! — деди онамни юпатиб. — Худога шукр, Рустамжон соғ-саломат
қайтдилар. Энди тўй қиламиз.
— Албатта қиламиз! — Ойим кўз ёшлари аралаш жилмайди. — Худо хохдаса
тезлаштирамиз тўйингни, Рустамжон!
Остона ҳатлаб ўтишим билан ойим жонсарак алпозда келинойимга буюрди:
— Салимахон! Тез бўлинг, жон болам! Патирни олиб чиқинг! Чаққон-чаққон!
Келинойим бирпас гарангсиб турди-да, уйга югурди. Зум ўтмай бир чеккаси тишланган
патирни қўшқўллаб кўтариб чиқди. Онам патирни менга тутқизди.
— Бисмилло, деб тишла, болам! — деди овози қалтираб. Икки йил аввал худди шу остонада
туриб бир четини тишлаб кетган патирни қўлимга олдим. Патирнинг кемтик қиррасида
ўзимнинг тишларим изи кўриниб турарди. Бир томонида ип осилиб қолган. Ажаб, икки йил
деворда осиғлиқ турган нон моғорламаган, ҳатто гард ҳам қўнмаганди.
— Илоҳи омиин! — Ойим косовдек қўлларини фотиҳага очди. — Омон-эсон келганинг рост
бўлсин, болам! Жумла-мўминни дилидаги ниятига етказсин. У дунёю бу дунё уруш бўлмасин!
Сув балосидан, ўт балосидан, туҳмат балосидан яратган Эгамнинг ўзи асрасин!
Ҳовли ўзгармабди. Этакдаги икки уй, бир айвон томига чиқариб юборилган сўритокда узум
шўралари осилиб турибди. Бурчақдаги тандир ҳам, эшиги қия очиқ молхона ҳам, чап томондаги
акамнинг шифер томли уйи ҳам ўша-ўша. Пастак девор оддидаги икки туп гилос шиғил мева
солибди. (Пастдаги шохларни жиянчалар «қийратгани» аниқ.) Сўри ёнидаги олма гулини
тўккан, аммо тугган меваси ҳали майда шекилли, қалин япроқлар орасида кўзга илинмайди.
Ҳовли ўртасида бир вақглар дадам атайлабдан Бешариқдан ҳавас қилиб олдириб келган
қўқонгуллар яшнаб ётибди. Зангори, қизил, напармон... Гулзорнинг чор атрофи яшил рангга
бўялган пастак сим панжара билан ўралган. Панжара ортида райҳонлар...
Келинойим бирпасда ёғоч сўрига жой қилди. Қават-қават пойандоз ташлади. Дастурхон
ёзди. Ойим сўри четига омонат ўтирган кўйи тағин узундан-узоқ фотиҳа ўқиди, келинойим
ҳовлига кўлоблатиб сув сепаётганда райҳон иси гуркираб кетди. Ростини айтсам, очиққан эдим.
Тандир нонни иштаҳа билан еб, кўк чой ичарканман, боядан бери хаёлимда айланаётган саволга
энди жавоб топгандек бўлдим. Ҳовлида нима етишмаётганини билдим. Кираверишда, тепасини
ёпиб, гаражга мослаштирилган йўлакда одатда сарғиш «Нива» турарди. Дадам уни деярли
минмас, акам шаҳаргами, тумангами борганда ҳайдар эди. Ҳозир «гараж» супуриб-сидириб
қўйилган, девор четида турадиган эски канистрлар ҳам кўринмасди. «Дадам миниб кетгандир-
да!»
— Дадамга хабар қилдингларми? — дедим чой ҳўплаб.
— Хабар қилдик, укам, хабар қилдик! — деди акам елкамга қоқиб. — Қани, нонга қара.
Ойимларнинг нонларини соғингансан! Ойим маладеслар-да, Рустам! Нонни ўзлари ёпмасалар,
кўнгиллари жойига тушмайди. Бугун эрталаб ишга кетаётсам, хамир қориб ўтирибдилар. «Нима
зарил, Салиманинг ўзи ёпади», десам, нима дейдилар дегин? Нима дедингиз, ойи, ўзингиз
айтинг!
Ойим бир акамга, бир менга қараб кулимсираб қўйди-ю, индамади.
— Айтдиларки, — деди акам тантанавор оҳангда, — мени айтди, дерсан, Илҳом, бугун
укангдан ё дилгиром келади, ё ўзи кириб келади, хамир учди, дедилар. Тўғрими, ойи?
— Туш кўрсам... — деди ойим ёшланган кўзларини дастурхон попугидан узмай. — Боғ
эмиш. Ка-а-атта боғ... Бир маҳал ичида от кўринибди. Оппоқ от. Қарасам, от устида сен
ўтирибсан. Вой, болам, қачон келдинг, десам индамай кулиб турибсан. Қарасам, отни жилови
йўқ. Қўрқиб кетдим. Тушақол, болам, тезроқ туш, йиқилиб-нетиб юрмагин тағин десам, яна
индамайсан. Бир маҳал даданг пайдо бўлиб қолдилар. Ҳой, дадаси, ушланг анави отни,
Рустамжонни опқочиб кетмасин, десам... — Ойим тўсатдан жимиб қолди. Ошхона томонга
қараб, ожиз, йиғлоқи овозда чақирди...
— Салимахон-у-у! Ҳой, Салима! Рустамжонга қатиқ бермабсиз-ку!
Ошхона эшигидан келинойим мўралади.
— Чопинг! — деди ойим тайинлаб. — Ақиданикига чиқинг. Бир коса қатиқ берсин.
Рустамжон келди, денг.
Келинойим ошхонадан чиқиб, кўчага зинғиллади. Ҳайрон бўлдим.
— Ўлсин! — Ойим шоша-пиша қўл силтади. — Қисир қолувди, сотиб юбордик.
— Яна биттаси бор эди-ку! — дедим ҳайратланиб.
— Унисини гўштга топширдик. — Акам беписанд кулди. — Қорни шишиб кетди.
Жиянларинг ўйинга андармон бўлиб, беда оралаб кетганини билмай қолибди... Шўх-да
шумтакалар!
Ростини айтсам, жахдим чиқди. Қишлоқда туриб сигир боқмаса, қанақа гап бу?
Акам кўнглимдан ўтганини сезди чоғи, елкамга шапатилади.
— Эй, ука! Шунгаям ота гўри — қозихонами? Бош омон бўлса, дўппи топилади.
— Салима чиққунча мен овқатга қарай, — онам инқиллаб сўридан тушаётган эди, дарвоза
томондан шодон қийқириқ эшитидди...
— Ур-ре! Кичик дадам кептилар!
Акамнинг икки ўғли ховлига отилиб кирди. Ўқдай учиб келиб, иккаласи икки томондан
ёпишди. Иккови аллақаерда роса футбол тепган шекилли, терга ботиб кетган.
— Менга нима обкелдиз? — деди каттаси.
— Менга-чи? — деди кичиги.
— Сенларгами? — дедим дилим яйраб. — Жевачка олиб келдим.
Яна ғалва бошланди:
— Менга ўнта берасиз!
— Менга ўн бешта, хўп?
— Беради! Иккаланггаям беради! — Ойим болаларни мендан нари сурди. — Аввал
қўшнилардан суюнчи олмайсанларми? Кичик дадам келдилар, демайсанларми?
Жиянчалар бир зумда бутун қишлоққа хабар қилибдими, кун ботмасдан меҳмон босди.
Биринчи бўлиб Турсунбой ака чикди. Белимдан силтаб-силтаб бағрига босаркан, ойимга хитоб
қилди:
— Айтмабмидим, хола! Рустамжон бирон ери тирналмасдан келади, демабмидим! Сиз
бўлсангиз йиғлаб юрибсиз! Тўйни тезлаштиринг, тўйни! Укамга ўзим куёвжўра бўламан! — У
менга қараб, гапини тасдиқлатиб олди. — Тўғрими гапим? Хатда ёзганмидим шуни? Ана! Гап
битта бўлади!
Ҳовлига катта жой солинди. Шўрва тортилди, ош дамланди. Шу пайтгача дадам
келмаганига жаҳлим чиқа бошлади. Акам юпатди:
— Тошкентда сессия бор экан. Ҳали замон келиб қоладилар.
...Меҳмонлар тарқаб, ҳовли жимжит бўлиб қолди. Олма тагидаги сўрида тағин тўртовлон
қолдик. Ойим, акам, келинойим, мен... Вақт алламаҳал бўлиб қолган, дарвоза рўпарасидаги тол
тепасида муаллақ тўхтаган тўлин ой мўл-мўл нур сочар, чигирткалар куйиб-ёниб чириллар эди.
Ой бунақа ёруғ бўлиши ёмон. Заставада пешоб қилгани ҳам боролмайсан. Маскахалат-ку,
гавдангни асрайди. Қоялар панасида кўзга кўринмайсан. Аммо соянг бор-ку, соянг! Бир
чақирим нарида пойлаб турган «дух» снайпери соянгни кўрмайди, дейсанми? БУР тепкисини
битта босса...
Нима бўлди менга? Афғонистон қолиб кетди-ку? Ҳов олисларда! Совуқ тоғлар ортида.
«Қизиқ, нега дадам йўқ? Соат неча бўлди, ўзи? Мажлис шунча чўзиладими?»
— Дадам қачон келадилар, ака? — дедим тоқатим тоқ бўлиб.
— Келадилар, укам, келадилар. — Акам ғайрат билан чой қайтаришга киришди. — Баъзан
сессия уч кунлаб чўзилади. Биласан-ку, депутат бўлгандан кейин...
...Айвонда майкачан жияним кўринди. Кичиги.
— А-я! — деди йиғламсираб. — Сияма-ан!
Келинойим югуриб айвонга чиқди. Болани ҳожатхона томон етаклади. Ўша ёқдан «Бўл тез,
жойингга бориб ухла!» дегани эшитилди. Келинойим қўлидан етаклаб кетаётган эди, бола
гулзор рўпарасида тўхтади. Сўри томонга бурилиб қаради-да, ер тепиниб хархаша қилди: — Жевачка! Кичик дада, жевачка! — деди йиғламсираб.
— Жиннивой-эй! Сенга жевачка ваъда қилувдим-ку! — Сўридан сакраб тушиб, айвонга
чикдим. Бурчакда турган дипломатни очиб, тиш чўтка, сочиқ сингари лаш-лушлар орасидан бир
қути сақични олдим.
— Ма! — дедим кулиб. — Юзта!
— Битта ўзимгами? — Болакай кўзлари ҳайратдан очилиб сўради. — Акамга-чи?
— Аканггаям бор! — дедим меҳрим товланиб. Келинойим боланинг бошини силади.
— Бўлдими, юр энди. Ухла!
Қайтиб келиб сўрига ўтиришим билан жиянчам остонада тағин пайдо бўдди. Сув сепилган
ҳовли саҳнида дикир-дикир югуриб ёнимизга келди. Чамаси, бутунлай уйқуси ўчиб кетган эди.
— Очиб беринг! — деди сақични узатиб. — Очиб беринг, кичик дада-а!
Болани тиззамга олиб, сақич қоғозини очдим. Бола мазза қилиб чайнаркан, сўлаги оқиб
илжайди.
— Вой, кичик дада, қулпнайга ўхшаркан! — Бир зум қарсиллатиб чайнаб турди-да,
бўйнимга осилди. — Кичик дада-а, — деди қоп-қора кўзларини катта-катта очиб. — Сиз
келдингиз-а?
— Кўриб турибсан-ку, келдим, — дедим кулиб.
— Энди кетмайсиз-а?
— Йўқ, — дедим гапи нашъа қилиб. — Кетмайман! Болакай бир зум ўйланиб турди-да,
сўради:
— Бобожоним қамоқдан чиқадилар-а? Ичимда бир нима узилиб кетгандек бўлди.
Келинойим югуриб келиб, боланинг билагига чанг солди.
— Юр! — деди таҳдид билан. — Ухласанг ўласанми, зумраша!
— Йў-ў-ўқ! Кичик дадамминан ўтираман! — Бола оёқ-қўлларини типирлатиб чинқирди. —
Ухламайман! Ухламайман!
— Ўчир! — Акам қўлини пахса қилиб келинойимга ўдағайлади. — Обкир уйга!
Ойим ўтирган жойида тебраниб йиғлаб юборди:
— Худо уриб қолди бизни, болам! Худога нима ёзувдик, ўғлим! Отанг бечора шунча йил
меҳнат қилиб, кўрган куни шу бўлдими, Рустамжон?
* * *
— Юр, ука, уйга кирайлик. — Акам ўрнидан турди. — Ойи, — деди юпатувчи оҳангда. —
Сиз дамингизни олинг. Ака-ука бир отамлашайлик.
Онам индамади. Аммо ёнимизда ўтиргиси келаётгани кўриниб турарди.
— Хоҳласангиз, юринг сиз ҳам... — Акам онамнинг қўлидан тутиб, сўридан тушишга
кўмаклашди.
Учовлашиб, Илҳом акамнинг «катта зал»ига кирдик. Акам чироқни ёқиши билан гарангсиб
остонада туриб қолдим: уй деярли шипшийдам эди. Янгам иккита болали бўлганда ҳам «катта
зал»ни келиннинг уйидек безатиб қўядиган одати бор эди. Сервантда дид билан терилган
сервизлар, тахмонда қўша-қўша бахмал кўрпалар, деворда чўғдек гиламлар... Энди бўлса, уй
ўғри ургандек ҳангиллаб қолибди. Ўртада хонтахта. Атрофида тўртта кўрпача. Бурчакда
болалигимда дадам олиб келган «Электрон» телевизор. Бор жиҳоз — шу. Ҳатто нафис
дарпардалар ҳам қаёққадир гумдон бўлган. Деразаларнинг ярмини тўсган оддий сарғиш парда
ғариб мунғайиб турибди.
— Ўтир, ука. — Акам юзимдаги саволни ўқиб, хижолатли илжайди. Шоша-пиша кўрпачага
имо қилди. — Юқори чиқинг, ойи.
Ойим қўллари қирсиллаганча, хонтахта қиррасидан ушлаб, тўрдаги кўрпачага чўқди. Акам
токчадан очилган арақ, иккита пиёла олди.
— Салима! — деди айвон томонга қичқириб. — Обке, редиска-педискадан!
— Шу ўлгурни ичмасаларинг нимайди-я? — деди онам норози бўлиб.
— Кўпмас, ойи, жиндай... Қани? Омон-эсон қайтганинг учун!
Биринчи пиёладан кейин акамнинг кўзлари қизариб, пишиллаб нафас ола бошлади.
— Ҳайрон бўляпсанми? — деди шипшийдам уйга қараб. — Сотдик! Қани ол... Майли, ука,
бош омон бўлсин! Дадам соғ-саломат келсалар бас! — Бир нима дафъатан ёдига тушган-дек,
кулимсиради. — Аммо сенинг тўйингга аталган нарсаларнинг нинасиниям қимирлатганимиз
йўқ. Тўғрими, ойи?
Онам индамай бош ирғаб қўйди.
— Анави исковичлар хўп ёпишди, — деди акам. — «Бу қанақа атлас? Қаердан келган?
Шунча адёлни нима қиласан? Кимдан пора олгансан?» Ўзбекнинг тўйи шунақа бўлади, келинга
қилмаса бўлмайди, десак, қулоқ солса қани!
Акам яна арақ қуйди.
— Қўя қол энди, болам, — деди ойим ташвишланиб. — Уканг толиққан, дамини олсин,
эртага гаплашарсанлар.
— Йўқ! — акам алам билан бош чайқади. — Эшитсин! Сен у ёқда дадамдан нега дарак йўқ,
деб ёзасан... Бу ёқда дадамни тиқиб қўйган. Бир кечада идоранинг ўзидан олиб кетган. Қўшиб
ёзганмиш. Пора олганмиш... Кун ора сўхтаси совуқлар уйга бостириб киради. Яширган
тиллаларингни топ, дейди... Қўлида мина излайдиган таёққа ўхшаган нарса. Ҳаммаёқни
титкилайди. Халажойгача кавлаб кўрди, тўғрими, ойи?
Онам бошини бир ёнга ташлаган кўйи номаълум нуқтага термилиб ўтирар, унниқиб кетган
мошранг рўмоли сирғалиб елкасига тушган, оппоқ сочлари тўзғиган, кўзларида маъно йўқ эди.
Ич-ичимдан титроқ уйғониб, тўсатдан миямга чидаб бўлмас оғриқ турди. Бармоқларим
музлай бошлади. Ҳозир, ҳозир бошланади! Онам! Бечора онамнинг бир ками шу томошани
кўриш эди! Жонҳолатда арақ шишасини юлқиб олиб, пиёлага тўлдириб қуйдим. Гиреҳланиб
қолаётган тишларим орасига пиёла қиррасини зўрлаб тиқиб, ичдим... Қанча вақт ўтганини
билмайман. Ниҳоят, кўз ўнгимни қоплаган сарғиш туман тарқалгандек бўлди. Хайрият!
Қарасам, акам кўзлари ҳайратдан чақчайиб, юзимга синчиклаб тикиляпти. Бошимни
нимадир таталаётганини ҳис этиб, ғашим келди. Ойимнинг қўллари экан. Бурилиб қарасам,
онам орқамда тик турганча икки букланиб бошимни уқалаяпти. Пиёла хонтахтада тўнкарилиб
ётибди.
Қути ўчган келинойим тумшуғимга коса тиқиштирди.
— Ичинг, ича қолинг, Рустамжон! — деди ялиниб.
Сув экан. Косани кафтим билан нари сурдим.
— Керакмас.
Ойим бошимни уқалашдан тўхтади.
— Сенга нима бўдди, болам! — деди икки юзимни силаб. — Онангни нега қўрқитасан,
жоним болам?
Энди у йиғламас, қовжираб қолган кўзларида қўрқинч, хавотир бор эди.
— Ҳеч нима! — дедим илжайишга уриниб. — Нега ваҳима қиласиз!
— Шу ўлгурни ичма девдим-ку! — Ойим акамга дашном берди. — Юр, болам, — деди
елкамни силаб. — Жойингни солиб бераман. Чарчагансан.
Худога шукр! Хуруж ўтиб кетди. Бояги арақни ичганим яхши бўлган экан. Титроқ босилди.
Қўлимнинг музлаши қолди.
— Ойи, — дедим ялиниб. — Сиз кириб ётинг. Биз акам билан гаплашиб олишимиз керак.
Барибир онам ёнимга ўтириб олди. Биламан, энди бир қадам ҳам жилмайди.
— Бу ҳангомалар, — деди акам хўрсиниб, — августда бошланди. Мактаб таъмири охирлаб
қолганди. Эрта-индин август кенгаши бошланади... Директор уйга одам юборибди. Вилоятга кимни юбориш муҳокама қилиниши керак экан. Мажлисни илмий мудир ўтказди. Чорак
соатчадан кейин директор кириб келди.
«Ўртоқ Шоматов, сизни сўрашяпти», — деди. «Ким?» — десам, «Чиқсангиз биласиз», —
дейди. Ўшандаям хаёлимга ёмон ўй келгани йўқ. Фақат ҳайрон бўлдим. Директор доим отимни
айтиб, Илҳомжон, деб чақирарди. Чиқсам, мактаб ҳовлисида ҳеч ким йўқ. Дарвоза олдига
келсам, кўк «Жигули» турибди, ноль олти. Сен тенги йигит ёнимга келиб: «Сиз — Шоматов
Илҳом бўласизми?» — деди. «Ҳа», — дедим, машинанинг орқа эшигини очди. «Марҳамат,
ўтиринг, гражданин Шоматов!» — деди.
Акам «Полёт»ни тутатиб, чуқур-чуқур сўрди. Зимдан онамга разм солдим. Ойим пинжимга
тиқилиб жимгина мунғайиб ўтирар, акамнинг бу ҳикояларини ўнлаб, юзлаб марта эшитган
бўлса керак, гапга аралашмас, чамаси, эшитишни ҳам хоҳламасди.
— Шопирдан бошқа яна икки киши бор экан. Биттасиниям танимайман. Шопир олдида,
ўшаларнинг хўжайини бўлса керак, битта семиз киши ўтирибди. Бояги йигит мени орқа
ўриндиққа ўтқизди. Ёнбошимга ўзи ўтирди. Худди киноларда кўрсатадиган шпионни қўлга
олгандек. Чап томонимда биттаси, ўнг томонимда биттаси.
«Шоматовнинг уйига!» — деди олдинги ўриндиқдагиси. Юрагим ғаш тортди. Бояги
йигитдан сўрадим. «Тинчликми, брат?» десам, ҳалигина илжайиб турган одам кўзини ола-кула
қилди. «Мен сенга брат эмасман, алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи Шевелев бўламан!»
дейди. «Отанг Шоматов Шомансур приписка қилгани, катта миқдорда пора олиб, пора бергани
учун қамоққа олинди», дейди. Рост, оёқ-қўлим бўшашиб кетди. «Сизлар адашяпсиз, менинг
отам унақа одаммас, бир умр ҳалол ишлаган. Ленин ордени бор, депутат», дедим. Олдинда
ўтиргани мен томонга қараб, мазах қилиб кулди. Қоронғи тушгунча ҳамма нарсани рўйхатга
олди. Ҳаммаёқни тит-пит қилиб ташлади. «Нима керак сизларга, айтинг, ўзим топиб бераман»,
десам, «Ўчир овозингни!» дейди. Аммо ойим — маладес! — Акам ҳамон мунғайиб ўтирган
онамга қараб қўйди. — Сенинг тўйингга аталган кўрпа-тўшакларни ағдар-тўнтар қилаётган эди,
қўлига ёпишдилар. «Келиннинг сарпосига тегма, ўғлим келса, уйлантираман, деб, ўз қўлим
билан тикканман», дедилар. Барибир, кўрпаларнинг пахтасигача титиб чиқди. «Миллионер
бўлмасанг, келинингга шунча падаркани қаёқдан олдинг?» дейди. Ойим: «Нима қилай бўлмаса,
сенларга ўхшаб тўрт шиша арақ билан ўғил уйлантирайми? Мен бу нарсаларни йиллаб
тўплаганман», десалар, масхара қилиб кулади. «Миллионни топсанг, эринг қутулиб чиқади,
бўлмаса эринг ҳам кетади, ўғлинг ҳам хотин ололмай холостяк ўтади», дейди.
— Арақдан борми? — дедим ичимдан тағин титроқ келаёт-ганини сезиб.
Ойим кўзимга хавотирланиб қараб қўйди.
— Топилади! — Акам айвон томонга овоз берди. — Сали-и-и! Ошхонани қарагин, яна битта
шиша бор эди.
Онам энди оғиз очишга шайланганди, кескин илтимос қилдим:
— Қўрқманг, ойи, кўп ичмаймиз. Фақат... йўқ деманг. Илтимос.
Келинойим... Итоаткор ва ҳамиша жилмайиб турадиган келинойим арақ шишасини
келтириб, хонтахтага қўйди.
— Овқат иситиб келайми? — деди мунғайиб.
— Обке! — Акам жонланиб, шиша қопқоғини бурай бошлади. — Бояги жаркопдан опке.
— Қишлоққа офат дориди, Рустам! — деди акам бош чайқаб. — Битта «Коммунизм»нинг
ўзидан йигирма саккиз киши қамалди. Ишонасанми, дадамни изламаган жойимиз қолмади. Кун
ора кеннайинг билан тугун-терсак кўтариб йўлга тушамиз. МВДга борамиз, «Коммунизм»
колхозининг раиси Шоматов қаерда?» десак, «Билмаймиз, Тоштурмага бор», дейди.
Тоштурмага борсак, «КГБга учраш», дейди. Бу ёқда биз дадамни излаб юрибмиз, у ёқда
анавилар ҳар куни келиб, ойимни қўрқитади. «Эринг гумдон қилган миллионни топасан!» deydi
Акам толиққандек узоқ сукутга чўмди.
— Салима! — деди бақириб. — Нима бало, ўзингам жаркоп бўлиб кетдингми?
Янгам товоқда қовурдоқ кўтариб келди.
— Кейин... — Акам яримта картошкани қошиққа илиб чайнаркан, бўйнини чўзиб ютинди.
— Кейин мениям қамоққа тиқишди. Икки ой ушлашди... Ичасанми, яна жиндай?! Икки ой
ушлашди... Қийнашга қийнади. Икки кеча-кундуз сув бермади. Ухлатмади. Нима? Сен
билмайсан-да, ука. Кундузи тик оёқда турғазиб қўяди. Кечаси билан сўроқ қилади. Аммо
ростини айтишим керак. Ургани йўқ. Бундан кўра ургани яхшийди! Саволи нуқул битта: отанг
яширган хазина қаерда? Қанча тез топсанг, шунча яхши, отанг ҳам чиқиб кетади, сен ҳам! «Ҳой,
одам! Отамда қанақа хазина бўлсин, умрбод ҳалол меҳнат қилган, на колхознинг, на давлатнинг
бир тийинига кўз олайтирмаган», десам ҳаммасини қайтадан бошлайди. Бухгалтер тан олди,
пахта пункти қабулчиси показание берди, райком бўйнига олди, обком тилхат берди.
Ҳаммасини биламиз, дейди. Отанг биридан пора олиб, бирига берган, ўртада ўзига ҳам чўтал
олиб қолган, дейди. Тамом — вассалом!
Бир куни... — Акам энг муҳим нарса эсига келгандек, келинойимни чақирди. — Сали-и!
Салима! Келинойим остонада шарпадек пайдо бўлди.
— Ўтир! — деди акам ёнбошига имо қилиб. — Ўтир! Рустам эшитсин! Ҳаммасини эшитсин!
Бир куни эрталабдан соқолимни ҳафсала билан қиртишлаб қолди. Юзимга атир сепди.
Машинага ўтқизиб турмадан шаҳарга олиб келди. Битта хонага обкирди. Қарасам, стол тўрида
бурни чўмичдек кимса ўтирибди. Кейин билдим. Москвадан ўзбекни бошига қирон солиш учун
келган генерал Амбарцумян дегани шу экан. Хўп мулойим гаплашди. «Сиз — Шоматов,
интеллигент одам кўринасиз, мактабда дарс бераркансиз», деди. Индамадим. «Демак, сиз ёш
авлодни совет жамиятининг ғалабалари руҳида тарбиялашингиз керак», деди. Индамай
туравердим. «Шундоқ одам нега отангиз тўплаган миллионларни яширасиз, ваҳ-ваҳ-ваҳ»,
дейди. Отам ҳеч қачон ҳеч кимдан пора олмаганини, қўшиб ёзмаганини айтдим. Гувоҳинг бўлса
юзлаштир, дедим. Шунда нима қилди, дегин? — Акам энтикиб нафас ола бошлади. Кўзлари
аланг-жаланг бўлиб буюрди. — Чиқ, Сали! Чиқиб кет! Ойи, — деди ёлвориб. — Жон ойи! Сиз
ҳам чиқиб туринг! Илтимос! Беш минутга...
Келинойим онамнинг қўлтиғидан олиб, чор-ночор айвонга йўналди.
— Эшикни ёп!—деди акам бақириб. Кейин овозини пасайтирди. — Бурни чўмичдек ўша
Амбарцумян гувоҳ керакми сенга, деди-да, тугмачани босди. Эшикда кўринган соқчига,
Шоматовани олиб кир, деб буюрди. Қарасам, остонада янганг турибди. Эгнида эски пальто,
бошида рўмол... «Илҳом ака», деб мен томонга юрган эди, армани соқчига «олиб чиқ» деб
буюрди. Янгангниям, мениям оғзимдаги оғзимда, бўғзимдаги бўғзимда қолаверди. Кейин... —
акам титроқ қўллари билан сигарет тутатди. — Кейин... биласанми нима деди ўша генерал!
Шоматова Салима сенинг хотининг бўлади-а, деди. Агар отангни устидан показание бермасанг,
умарилган миллионни топмасанг, ажойиб томоша кўрасан, деди. Биласанми, яна нима деди? —
Акам ҳиқиллаб қолди. Кафтининг тескариси билан кўз ёшларини артди. — Ўн минутдан кейин
хотинингни бандитлар зўрлаётганини кўрасан, деди... Биттаям бутун жойи қолмайди, деди. Ўша
хунаса Амбарцумян, хотини ўнта ўйнаш тутса, ҳайрон бўлмас. Аммо ўзбек бунақа гапга
чидайдими, укам?
Акам унсиз йиғлар эди.
— Ўша гапдан кейин тамом бўлдим! — Акам юраги ёниб кетаётгандек кўксини чангаллади.
— Дадам пора олганмас, аммо сизларга пул керак бўлса, топиб бераман, дедим. Эртасига дадам
ўз қўли билан ёзган хатни олиб келишди. Ўша хатни ҳар битта ҳарфигача эслайман. «Ўғлим! —
деб ёзибди дадам. — Онангга тушунтир. Мен-ку, айбсиз айбдор бўлишга бўлдим. Бор бисотни
топширинглар! Жон омон бўлса, мол топилади. Онангни эҳтиёт қил. Сенлар тинч бўлсанг, мен
ҳам тинчийман. Рустам бу гапларни эшитмасин...» дебди. Уч кундан кейин мени чиқариб юборишди. Биласанми, Рустам? — акам алам билан титради. — Ўша куни Салимани эринг
билан свидание қилдирамиз, қайнотангни ҳам кўрасан, деб олиб борган экан. Нариги хонада
дадамга ҳам кеннойингни кўрсатишибди. Менга нима деган бўлса, дадамга ҳам шуни айтган
экан. Келинингни бандитлар зўрлаётганини томоша қиласан, дебди!
Оғир, чуқур сукунат чўкди. Айюн эшигидан онам журъатсиз мўралади.
— Бўлди энди, — деди мунғайиб. — Қолганини эртага гаплашарсизлар.
— Кейин-чи? — дедим ғазабдан тишим ғижирлаб. — Нима бўлди?
— Кейинми? — Акам истеҳзоли илжайди. — Сотдик! Ҳаммасини сотдик! Машинани,
сигирларни, мебелни! Келинойингнинг тақинчоқларини! Ҳаммасини! Ҳатто бувамдан ойимга
ёдгорлик бўлиб қолган билагузукларни ҳам... Йиғиштириб келганда юз мингга бормади.
Миллионни топсанг, отангни чиқариб юбораман, деган Амбарцумяннинг корчалонига элтиб
бердим.
Акам яна сигарет тутатди. Чуқур хўрсинди.
— Суд Москвада бўлди, — деди йўталиб. — Аҳмоқ! Эшшак! — Акам шиддат билан
қўшқўллаб бошига муштлади. Тўсатдан ҳўнграб юборди. — Мен аҳмоқман! Эшшакман!
Эшшак! — деди ҳансираб. — Ўз қўлим билан дадамни қамоққа тиқдим. Мана шу қўлларим
билан. Эшитяпсанми, мана шу қўлларим билан! Нима қилай, укам, чопиб ташласам,
қутуламанми, қўлларимни! Дадам судда айтди: терговда берган показанеларимни тан олмайман,
мениям, ўғлимниям мажбур қилишган, деди. Ҳеч ким қулоқ солмади. Шоматовнинг ўғли тергов
гуруҳига саксон уч минг пул, яна ўттиз минг атрофида баҳоланган тилла буюмлар топширган.
Демак, Шоматов — миллионер, деб туриб олди.
Май ойининг йигирманчи куни
Автостанция чеккасидаги автомат-телефонда рақам терарканман, қўлим титрар эди. Бугун
якшанбами? Университетга боришдан наф йўқ. Шаҳноза — уйда. Анави қақажон синглиси
дастакни кўтариб қолса, яна бошни қотиради. Хайрият, Шаҳнозанинг ўзи олди.
— Лаббай?
Юрагим гурсиллаб кетди. Икки йил кутгандим бу овозни. Икки йил! Совуқ қиш кечалари
заставадаги «уйча»да ётганимда, карвонни кузатиб қайтаётиб, олис йўл азобидан толиқиб, танк
ичида мудраб қолганимда мана шу овоз бехосдан қулоғимга чалиниб, чўчиб уйғонган
пайтларим кўп бўлган...
— Шаҳноза! — товушим бўғиқ, ишончсиз чиқди. Симнинг у томонида бир лаҳза сукут
чўкди-ю, ҳайрат аралаш қувончли хитоб эшитилди.
— Вой! — Шаҳноза энтикиб қолди. — Вой?!
— Бугун соат учда, ўша жойда... — дедим-да, дастакни илиб қўйдим. Ҳамон юрагим
гурсиллар, шу топда бошқа гапиролмаслигимни билардим. Нарироққа боргандан кейин, ўзимни
сўкдим. «Э, ўл, тўнка! Ақалли ҳол-аҳвол сўрамайсанми? Уйдагилар яхши ўтиришибдими,
демайсанми? Бўлар иш бўлди. Военкоматга бориш керак».
Тахта тўсиқ ортида ўтирган новча капитан норизо қиёфада ўрнидан турди.
— Нега честь бермайсан, сержант? — деди кўзимга тикандек қадалиб.
Ё, Худо! Хўп ғалати нарса-да, бу «ҳарбий интизом» дегани! Унвони ўзингдан бир поғона
баландми, қоққан қозиқдек ғўдайгин-да, честь бер! Танисанг ҳам честь бер, танимасанг ҳам.
Ҳурмат қилсанг ҳам честь бер, қилмасанг ҳам! Ўзини бир тийинга олмаслигинг мумкин. Аммо
эгнида мундир, елкасида погон бор.
— Салом, ўртоқ капитан! — дедим фуқарочасига оддий қилиб. Киссамдан ҳужжатларимни
олиб, тахта тўсиқ устига қўйдим.
— Устав бўйича доклад қил! — деди капитан дағдаға билан. Кўрганмиз бунақа пўписаларни! Тўғри, ҳали «совет фуқаро»сига айланганимча йўқ. Оддий «дембил»ман, холос.
Аммо қайтадан ҳарбий хизматга юбориш қўлидан келмайди. Нари борса, бир ой «повуска»
ташитишга мажбур қилиши мумкин. Жазо тариқасида.
Бир-биримизнинг кўзимизга узоқ тикилиб турдик. Охири капитан ҳужжатларимни юлқиб
олди.
— Қачон келдинг? — деди қовоқ-тумшуғи осилиб. Бир қадар жаҳлдан тушгани овозидан
сезилиб турарди. — Экипаж командиримидинг?
— Ҳа!
— Контузия бўлганмисан? — Капитан госпиталдан берилган қоғозни синчиклаб кўздан
кечира бошлади. — Эҳ-ҳа! Жароҳат ҳам олган экансан. Энди нима қилмоқчисан?
— Ўқишимни давом эттираман.
— Мен Қандахорда хизмат қилганман, — деди капитан ҳужжатларимдан кўз узмай.
Бу ҳам порох ҳидини тотганлардан экан-да! Капитанга ҳурматим ошди.
— Демак, гап бундай! Уруш қатнашчиси сифатида тубандаги ҳуқуқларинг бор. — Капитан
«афғонлар»га айтавериб ёд бўлиб кетган сўзларни аниқ-равшан қилиб такрорлади. — Олий
ўқув юртига киришда имтиёз, биринчи навбатда телефон олиш, биринчи навбатда квартира
олиш, инвалид бўлсанг, навбатсиз хусусий автомашина олиш... Хуллас, имтиёзлар тўғрисидаги
ҳужжатингни беришади.
— Ўртоқ капитан! — дедим тушунтириб. — У ёқдаги ҳарбий врач, «Уйингга қайтишинг
билан госпиталга бориб, мутахассисга учрашишинг шарт», деган эди.
— Бу мумкин! — деди капитан кескин оҳангда. — Госпиталга йўлланма берамиз.
Ўша куни
Анҳор бўйига пиёда келдим... Одамларнинг бунчалик бепарво юришига ҳамон кўника
олмасдим. Ҳар бир дарахт орқасида «дух» пойлаб тургандек эди. Боғ яшнаб кетибди. Оппоқ
гуллари тескари ўсган узум бошига ўхшаб учини осмонга қаратиб турган каштанлар, довучча
туккан ўриклар, ям-яшил арчалар шамолда арғамчи учади. Гулзорда хонаки гунафшалар,
сиёҳранг гулсапсарлар эркаланиб чайқалади. Аммо ҳавонинг авзойи бузуқ, осмонда қорамтир
булутлар чарх уради.
Мана, ўзимизнинг скамейка. Ўзимизнинг наъматак. Напармон гуллари қуёш томчисидек
ярақлайди. Харракка ўтириб, анҳорни томоша қилдим. Тоғ томонда ёмғир ёққан шекилли,
анҳор лойқаланиб, тўлғаниб оқади. Сув бетида олма шохчалари, настарин гуллари шитоб билан
қалқиб боради. Ана, бир дона лола оқиб келяпти. Гулбарглари ёйилиб кетган. Худди зада
бўлган юрак парчасидек. Тўлқинлар уни гоҳ эркалаб елкасига кўтаради. Гоҳ бўтана гирдобига
улоқгиради. Эрмак қилаётгандек... Булутлар қуюқлашиб, шамол кучайди. Харрак ёнбошидаги
наъматак жонсарак чайқала бошлади... Шошқин қадам товушини эшитиб, юрагим орзиқиб
кетди.
Қулоғимга қадрдон овоз кирди:
— Рустам ака! Рустам ака-а-а!
Шаҳноза қушдек учиб келиб, бағримга отилди. Димоғимга гул ҳиди урилди. Ўзгармабди!
Фақат... янаям очилиб кетибди!
Эгнида атлас кўйлак. Сочини чиройли турмаклаб, миттигина атиргул ғунчасини қистириб
қўйибди.
— Соғиндим, Рустам ака! Соғиниб кетдим. — Кўзларидан икки томчи ёш силқиб чиқиб,
лабига сизди.
— Мен ҳам, — дедим бағримга босиб. — Тушларимда кўрдим. Кўп, жуда кўп кўрдим.
— Мен ҳам...
...Кўзлари... Шаҳнозанинг кўзлари шунақанги чиройли, шунақанги бегуноҳ, илҳақлик билан
боқадики, юрагингни суғуриб олаётганга ўхшайди...
— Ўзгарибсиз... — деди юзимни силаб. — Озибсиз. Қорайибсиз.
— Сен ўзгармабсан! — дедим елкасидан қаттиқроқ қучиб. — Янаям чиройли бўлиб
кетибсан.
Шу алпозда анча ўтирдик.
Бир маҳал Шаҳноза юзимга илкис қараб қўйди.
— Рустам ака... — деди секин. — У ёқда... одам ўлдирдингизми?
Юрагим шиғ этди. Кўз ўнгимга сўриток тагида ётган аёл келди. Қизил кўйлакли аёл.
Юзлари оппоқ, тиниқ... Худди Шаҳнозаникига ўхшаган... Шу пайт осмон ярақлаб кетди.
Даҳшатли гумбурлашдан қулоғим чиппа битиб қолгандек бўлди. «Эр-эс!» Ракета портлади!
Осмонда ракета портлади! Ўрнимдан қандай туриб кетганим, қай алпозда наъматак панасига
ўтганимни билмай-ман. Пешонамга илиқ ёмғир томчиси урилди. Тағин момақалдироқ
гумбурлади. Қарасам, Шаҳноза ҳам ўрнидан туриб кетибди, кўзлари катта-катта очилган кўйи
менга ҳайратланиб тикиляпти.
— Сизга нима бўлди? — деди пичирлаб.
— Ҳеч нима... — дедим шуурсиз бир тарзда қайтиб жойимга ўтирарканман. — Ўзим...
Шунчаки...
Ўша заҳоти шовуллаб жала қуйди. Шамол авжига минди. Наъматак шохлари шиддатли
чайқала бошлади. Нафармон гуллар шамолда чирпирак бўлиб учганча, анҳорга тушиб, лойқа
тўлқинларга кўмилиб кетди. Чақмоқ булутлар орасида оловли қамчисини ўйнатар,
момақалдироқ муттасил гумбурлар эди. Анҳор юзи бир зумда алғов-далғов бўлиб кетди.
Шаҳноза елкамга бошини ташлаб ҳиқиллаб йиғлаб юборди. Вужуди титрар эди. Атлас кўйлаги
жиққа сув бўлиб, баданига ёпишиб қолди.
— Шамоллаб қоласан... — дедим елкасидан қучиб...
Май ойининг охири
Округ госпитали деворлари қалин, пасқам, қадимий бино экан. Кекса дўхтир эринмасдан
сўроққа тутди:
— Контузия бўлганингда узоқ ҳушингдан кетганмидинг?
— Бошинг қаттиқ оғрийдими? Қанақа пайтда оғриқ куча-яди?
— Асабинг тез қўзғайди? Бехосдан чўчиб кетасанми?
— Бошинг оғриганда қусгинг келадими? Баданинг музламайдими?
— Ўшандан кейин ҳеч ҳушингдан кетдингми?
Ҳамма саволларга жавоб бериб бўлгач, мен ҳам сўрадим:
— Контузия асорати қачон тузалади?
— Аниқ айтолмайман, — деди дўхтир. — Бунақа дардни вақт даволайди.
Асабийлашмасликка ҳаракат қил.
...Уролог эса ёш йигит экан. Нари борса мендан беш-олти ёш катта. Белимга тегиб,
биқинимдан чиқиб кетган ўқ ўрнини узоқ пайпаслади. Бу ҳам у ёқдаги хирургнинг гапини
қайтарди.
— Омадинг бор экан, солдат! Ўқ аортага тегса, тамом эдинг. — Кейин тўсатдан сўраб қолди.
— Уйланганмисан?
Индамай бош чайқадим.
— Танлаган қизинг борми?.. Яхши... Тезроқ уйлан!
Ҳайрон бўлиб турганимни кўриб, тушунтирди:
— Биласанми, солдат, эркак кишининг иккита юраги бўлади. Биттаси юрак, биттаси эркаклиги... Тушунтиролдимми? Бунақа жароҳатдан кейин лимфа, простата безлари, жинсий
органларда функционал ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Патологияга айланиб кетмаслиги учун
органлар фаолиятини кучайтириш керак. — Шундай деб, елкамга дўстона шапатилаб қўйди.
— Тўйингга таклиф қиласанми?
Госпиталдан кўнглим ғаш тортиб чиқдим. Дўхтир айтган гапларнинг кўпини тушунмадим.
Англаганим шуки, тўйни тезлаштириш керак... Майли, биз томон-ку тайёр. Онамнинг орзуси
ҳам шу. Ҳар куни бир гапни айтади, тўйингни ўтказаверамиз, даданг омон-эсон келсалар, орзу-
ҳавасларини невара тўйидан кўраверадилар, дейди. Фақат... Шаҳноза нима деркин? Ота-онаси-
чи? Отаси қамоқда ётган, қўли қисқа бўлиб қолган куёвга рози бўлармикан! Билишимча, қуда
томон катта даргоҳ... Шаҳноза билан гаплашиш керак! Хотира ва қадрлаш майдонида.
Июнь ойининг боши
Акам аллақанча газета йиғиб қўйган экан. Ўқиб, ҳайрон бўлдим. Бирида бутун мамлакатни
қамоқхоналарга айлантирган тузум емирилгани, тўла демократия рўёбга чиқаётгани ёзилади,
бошқасида «ўзбек иши» бўйича қамоққа олинган «текинхўрлар» лаънатланади. Бирида
одамларни эътиқоди учун тазйиқ остига олганлар қораланади, виждон эркига йўл очилгани
айтилади, бошқасида отасини дафн этиш учун мозорга бориб Қуръон тиловат қилган
коммунист фельетон қилинади... Қизиқ...
Июнь ойининг ўрталари
Кечқурун Илҳом акамникида эски «Электрон»ни кўриб ўтирган эдик. Москвадан ғаройиб
«томоша» берилди. СССР прокуратурасининг Амбарцумян ва Петров бошчилигидаги гуруҳи
жиноятчилар маконига айланган Ўзбекистонда ҳақиқий қаҳрамонлик намуналарини
кўрсатаётган эмиш. Ич-ичидан чириб кетган бу республикага Россиядан яна бир гуруҳ энг яхши
мутахассислар ёрдамга келаётган эмиш... Гапириб-гапириб стол устига ёйиб қўйилган тилла
буюмларни намойиш қилишди. Балдоқлар, олтин занжирлар, узуклар... Булар ҳаммаси
давлатни, халқни талаш эвазига тўпланган бойликлар экан. Бувамдан ойимга хотира бўлиб
қолган тилла билагузук ҳам бормикин шулар ичида?
Июнь ойининг охирлари
Уй ичи салқин. Онам дераза пардаларини тўсиб қўйгани учун ташқаридаги иссиқ хонада
унча сезилмайди. Ҳовли жимжит. Аҳён-аҳёнда мусича кукувлайди. Иссиқдан толиққан
шекилли, овози ҳорғин. Ойим қалин кўзойнак тақиб, кўрпача қавиб ўтирибди. Худо хохдаса,
келаси ой — тўй...
Онам «оқ ўраб» келганидан бери қуда томонни оғзидан бол томиб мақтайди. Ҳозир ҳам
гапни айлантириб, шунга тақади:
— Ўзимам сезувдим, ўғлим! Сен у ёқдалигингда, янги йил арафаси Тошкентдан келган
кизлар орасида, айниқса, Шаҳнозахонга дилим кетувди. «Қани шундоқ қизни келин қилсам»,
дегандим. Фаришта омин деган экан... Бирам ширин, бирам одобли... Илоё ўзларингдан
кўпайинглар. — У кўзойнак устидан менга қараб қўйди-да, жимиб қолди.
Биламан, ҳозир отамни гапиради. Айтмадимми?
— Икки орзуни бир етказмас экан-да, болам... Даданг ёнингда бўлганларида-ку... — Сўзлари
бемаврид эканини билиб, дарров хатосини тузатди. — Сен кўнглингни чўктирма, — деди
мендан кўра кўпроқ ўзини юпатиб. — Тўйни шунақанги. қарс-бадабанг қилиб ўтказамизки,
«фалончи қамалибди», деб суюниб юрган оғзи катталар уялиб қолсин! Аканг бор... Қариндош - уруғ, эл-юрт бор... Худога шукр, юртдан оқибат кўтарилмаган экан. Ҳалитдан нечтаси «Бизга
нима хизмат бор?» деб келяпти. Даданг шунча йил раис бўлиб, бировнинг оҳига озор берганмас.
Ҳаммасининг бошини силаган. Тўйи борми, маъракаси борми, туриб берган.
Ҳовлида ҳамон мусича кукувлайди. Ёзнинг толиқтиргувчи сукунатини янаям
чуқурлаштиришга аҳд қилгандек, осойишта ва ҳорғин хониш қилади. Ўзбекнинг ўзидек содда,
беозор... Беозорлиги учун дуч келган дайди мушукка ем бўладиган қушча...
Ойим бир нималарни ўйлаб, ўзича жилмайиб қўйди.
— Кафан кийган кетади, капалак кийган келади! — деди ишонч билан. — Мени айтди,
дерсан! Даданг келадилар. Ярим йил ўтар, бир йил ўтар... Эшикдан кули-и-б кириб келадилар.
Шаҳнозахонни чўғдек ясантириб саломга олиб чиқаман.
Шаҳноза кўз ўнгимга келди. «Шу ҳафта совчилар боради, тағин ноумид бўлиб қайтиб
кетишмасин», деганимда ийманиб ерга қараб турган Шаҳноза...
Ойим капалакни гапирдими? Қизиқ... Уйга капалак кириб қопти. Миттигина. Қанотлари
кўкимтир. Унсиз типирчилаб у деворга урилади, бу деворга урилади. Ана! Қанотларини
жонҳолатда силкиб, учиб борди-да, дарпардага қўнди. Худо билсин, эрталабдан бери ёруғ
дунёга чиқиб кетиш илинжида питирлайвериб ҳолдан тойгандир... Синчиклаб кузатиб турдим.
Биддимки, капалак нур шу ердан тушаётганини сезиб турибди. У ёкда, ташқарида офтоб бор.
Эркинлик бор... Тоза ҳаво... Гулзорлар... Шўрлик! Билмайдики, башарти бирон инсофли одам
дейлик, мен пардани бир четга суриб, йўл очиб берганим тақдирда ҳам, капалак барибир
озодликка чиқолмайди. Дераза ёпиқ... Ташқарида ёруғ олам кўриниб туради. Аммо деразадан
тушаётган нур — қалбаки нарса... Ўртада тўсиқ бор. Ҳаммаси — ёлғон! Ҳаммаси — алдов!
Нурли келажак деб одамларни алдаш мумкин-ку! Сен ким бўпсан, биродар! Оддийгина
капалаксан, холос!
...Дадам масаласида югурмаган жойим қолмади. Адвокатура... Прокуратура... Суд...
Райком... Обком... Марказкўм... Минг хил амалдорни кўрдим. Эшиқдан киришинг билан «ҳозир
сузиб ташлайман», деб, буқага ўхшаб хўмрайиб ўтирганини ҳам, мулойим табассум билан
қарши оладиганини ҳам жавоби бир хил. «Майли, аризангизни ташлаб кетинг, ўзимиз хабар
қиламиз». Баъзилари овозини пастлатиб дўстона маслаҳат беради: «Отангиз «пахта иши»
бўйича қамалганми? Яхшиси бу ишга аралашманг». Аланг-жаланг бўлиб, товушини янаям
пасайтиради: «Биласизми, ука, бу иш билан Москва шуғулланяпти. Эҳтиёт бўлинг...» «Ўзи
хабар қиладиган»лардан бир тилиш хат келади. «Коммунизм» колхозининг собиқ раиси
Шоматов Шомансур асосли равишда ҳибсга олинган. Суд ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Мазкур иш бўйича шикоятингиз бўлса мамлакат олий органларига мурожаат қилишингиз
мумкин...»
Ёпиқ дераза! Ҳаммаси равшан. Барчаси адолатли. Ҳаммаёқ гўзал! Олам нурга тўлиқ! Ёлғон
нур... Ёлғончи дунё ва... ожиз капалак...
Июль ойининг тўртинчи куни
Республика газетасида ғалати сарлавҳага кўзим тушиб қолди. «Ўзбек иши» ўзбекларнинг
ишими?» Шоша-пиша ўқиб чиқдим. Мақола шапалоқдеккина эди. Аммо ўқишим билан
вужудимда олов ёниб кетгандек бўлди. Мақолада «ўзбек иши» халққа қарши кампанияга
айланиб кетгани, минглаб одамлар қамалгани, ҳўлу қуруқ баравар ёнаётгани, гуноҳкорлар
қатори бегуноҳлар ҳам азият чекаётгани, бу масалада редакцияга минглаб хатлар келаётгани
баён қилинган эди. Ҳаяжондан қўлим титраб, қайта ўқиб чйқдим. Хайрият! Рост гапни
айтадиганлар ҳам бор экан-ку! Мақола остига «Маузер Ғаниев, хатлар ва шикоятлар бўлими»
деб ёзилган эди.
Маузер! Эсда қоладиган исм! Қарасам, газета икки кун олдин чиққан экан.
...Учинчи қаватдаги узундан-узоқ йўлакдан ўтиб борарканман, охирроқдаги эшикка илинган
ёзувга кўзим тушди. «Маузер Соатович Ғаниев. Меҳнаткашлар хатлари ва шикоят бўлими
мудири». Эшикни тақиллатишим билан ичкаридан «Ҳа!» деган асабий овоз келди. Кирсам, ёши
қирқларга бориб-бормаган, аммо кўзларининг таги осилиб кетган, чакка сочларига оқ оралаган,
юзлари сўлғин, тепакал одам алланима ёзиб ўтирибди. Стол усти бетартиб. Бир чеккада «Опал»
қутиси. Кулдон сигарет қолдиқларига тўлган...
— Узр! — деди у қоғоздан кўз узмай. — Қайси хат бўйича келгансиз? Қачон ёзгансиз?
Фақат тезроқ...
Эшик олдида индамай туравердим. У ҳам ишини қилаверди. Анча вақт ўтди. Шу ерда
эканлигимни эслатиб қўйиш учун маъноли йўталдим.
— Гапингизни айтаверинг, — деди қоғоздан кўз узмай. — Қачон шикоят ёзгансиз?
— Мен шикоят ёзган эмасман! — дедим ғашим келиб. — Ёзиш ниятим ҳам йўқ! Оғзаки
гапга ишонасизларми ўзи?
Маузер Соатович ёзишдан тўхтади, тепакал бошини кўтарди.
— Нима? — деди энсаси қотиб.
— Бу дунёда қоғозсиз гапга ҳам ишонадиган одам борми-йўқми?
Маузер Соатович менга ўхшаганларни кўравериб жонидан тўйиб кетган шекилли,
ижирғаниб қараб қўйди.
— Хўш? — деди чимирилиб.
— Мақолангизни ўқидим, —дедим таклиф қилмаса ҳам рўпарасига ўтириб. — Рост
гапларни ёзибсиз!
— У мақола энди йўқ! Эшитдингизми, йўқ! Вассалом! — Маузер Соатович сигарет
қутисини жахл аралаш силтаб менга узатди. — Чекасизми?
Қизиқ! Қанақа одам бу? Бир қарасанг, дўқ қилади. Бир қарасанг, сигарет тутади.
— Гапиринг! — деди жеркиб. — Нима дардингиз бор? Олдиндан айтиб қўяй! «Пахта иши»
билан келган бўлсангиз гаплашмайман!
Шахт билан ўрнимдан турдим-да, хайрлашмасдан эшикка йўналдим.
— Шошманг! — деди у бақириб. Тўхтадим.
— Қайтинг! — «Опал» қутисидан сигарет олиб лабига эмас, сарғайиб кетган тишлари
орасига асабий қистирди. Гўё ғажиб ташламоқчи бўлгандек.
— Айтавер дардингни! — деди тўсатдан сенсираб. Гап бошлашим билан чеҳраси ёришди. —
Шомансур аканинг ўғлимисан? Ташла қўлни! Отанг ажойиб одамлар! У киши тўғрисида очерк
ёзганман. Ишнинг кўзини биладиган раис эдилар... Ўзинг қаерда ишлайсан?
— Ўқийман, — дедим тўнғиллаб. — Журналистикада.
— Ия, ҳамкасб эканмиз-ку! Қани, бир бошидан гапир-чи, нима бўлди ўзи?
Ҳамма гапимни сабр билан эшитди. Шу орада кам деганда ўнта сигарет чекди. Хона тутунга
тўлиб кетган, Маузер Соатович диққат билан тинглар эди. Назаримда, ҳикоям тугагунча баттар
қаримсиқ қиёфага кириб қолгандек бўлди.
— Шуми? — деди охири. Кейин негадир кулди. — Биласанми, ука, икки соат олдин
Иккинчининг қабулида эдим. — У тамакидан сарғайган бармоғини бигиз қилиб шифтни
кўрсатди. — Шахсан ўртоқ Иккинчининг қабулида! Қани, айт-чи, Ўзбекистонда Биринчи
каттами, Иккинчими?
Ҳеч балога тушунмадим. У анграйиб қолганимни кўриб хириллаб кулди. Йўталиб, симтўрга
туфлади.
— Иккинчи айтдики... Пистадек қилиб юрмасанг... Яна ҳеч нимага тушунмадим.
— Отинг Рустаммиди? — Маузер Соатович тағин йўталди.— Менга қара, Рустам!
Александр Македонский деган пошшони эшитганмисан? Баракалла! Македонскийнинг энг зўр
тактикаси қанақа бўлган, биласанми? — Қовоғи салқиган кўзлари билан юзимга синовчан қараб турди-да, давом этди: — Македонскийнинг зўрлиги шунда бўлганки, қайси юртни босиб олса,
ўша юртдан чиққан одамни ҳоким қилиб тайинлаган. Ёнига эса Иккинчи қилиб ўз одамини
қўйган. Эшитдингми? Иккинчи қилиб! Оми халқ бу ёқда юраверган: пошшо ўзимиздан чиқди,
деб хурсанд! У ёқда бўлса Иккинчи Биринчининг нозик жойига ип боғлаб олган. Биринчи
ғиринг деб кўрсин-чи! Иккинчи ипни тортиб қўяди. Салгина тортса, Биринчи вой-войлаб
қолади. Қалай? — У тағин хириллаб кулди. — Жиндай ҳаддидан ошса гўрдан олиб, гўрга
тиқишдан ҳам тоймайди... Ўзимиздагига ўхшаб. Биласанми, бунинг отини нима дейди? —
Унинг ҳорғин кўзларида изтироб пайдо бўлди. — Мустамлакачилик! — деди хўрсиниб.
Суҳбатимиз тамом бўлганини тушундим.
— Москвага бораман! — дедим ўрнимдан туриб.
— Нима? — Маузер Соатовичнинг ҳозиргина маъюс боқиб турган кўзларида ўт ёниб
кетгандек бўдди. — Москвага? — деди истеҳзоли кулиб. — Борақол! Тезроқ бор! Рустамжон
қачон келадилар, қачон дадаларини олиб кетадилар, деб қучоғини очиб турибди.
Беихтиёр қайтиб жойимга чўкдим.
— Москва эмиш! — У асабийлик билан янги сигарет пачкасини очди. — Ўшаларнинг ўзи
бошлади-ку бу кампанияни! — Қўллари қалтираб тутатди. — Уларга қолса, бутун Ўзбекистон
Қўшиб ёзувчи! Ҳаммаси ҳаромхўр. Ҳаммаси ўғри, порахўр. Ўттиз еттинчи йил қайтиб келди! —
Унинг кўзлари олайиб, Ўрнидан сапчиб турди. Алам билан столни муштлади. — «Ўзбек иши»
эмиш! — деди инграгудек бўлиб...
Оғир, изтиробли сукут чўкди. Маузер Соатович кафти билан тутун ҳайдаб, у ёқдан-бу ёққа
асабий бориб кела бошлади. Бир қадар ўзини босиб олди чоғи, қайтиб жойига ўтирди.
— Қўшиб ёзиш ҳамма жойда бўлган, — деди анчайин вазмин оҳангда. — Айбни эса келиб-
келиб ўзбекка ёпиштиришди. Сабаби шуки, арманига осилса, ўша куни армани кўчага шиор
кўтариб чиқади. «Арман халқидан қўлингни торт!» дейди. Гуржига ташланса, гуржи кўчага
чиқади. «Нега халқни ҳақорат қиласан?» дейди. Сен билан биз — ўзбекмиз. Биттамизни
бўғизласа, иккинчимиз меърайиб турамиз. Навбат ўзимизга етгандагина, қўйга ўхшаб
маъраймиз. — У бирпас ўйланиб қолди. — Ҳамма нарсанинг ибтидоси бўлганидек, интиҳоси
ҳам бўлади, — деди ишонч билан. — Ҳақиқат эртами-кечми рўёбга чиқади.
— Хўш, мен нима қилишим керак? — дедим ижирғаниб.
— Кутасан! — Маузер Соатович хотиржам тушунтирди. — Бошқа илож йўқ. Бу калаванинг
учи узун. Мени айтди дерсан, калаванинг учи охир-оқибат Москвага бориб тақалади! Ана
ўшанда ҳаммаси жой-жойига тушади. Бунақа ишнинг кетидан югуриб юргандан кўра бизга
Афғонистон хотираларини ёзиб кел, газетада чиқарамиз.
— Нимани ёзай? — дедим маъюсланиб. — Одам ўлдириш қанақа бўлишиними?
Маузер Соатович индамай бошини қуйи солди.
Тутунга тўлиб кетган хонадан чиқиб борар эканман, хаёлимни оғир ўйлар чулғаган,
ночорликнинг зилдек юки елкамдан босиб, ерга михлаб ташлаётганга ўхшарди. Барибир,
барибир топаман! Отамнинг гарданига йўқ ердаги айбларни илиб қамоққа тиққан, оиламиз
бошига шунча кулфат солган Амбарцумян гуруҳидан ақалли биттагинасини топмагунча, кўзига
тикилиб туриб, жиллақурса, бир нечта савол берма-гунча тинчимайман. Тин-чи-май-ман!!!
Эртаси куни
Дадамдан хат келди. Шимолий Қозоғистондаги «ахлоқ тузатиш» колониясида жазо
муддатини ўтаётган дадамдан.
«Рустамжон, ўғлим! — деб ёзибди отам. — У ёқдан жонинг соғ қайтганини ўқиб, Худога
минг қатла шукр қилдим. Сен Афғонистонда юрганингда бу ёқда бунақа ишлар бўлиб кетди...
Нимаям дердим... Пешонада шу ёзуғ ҳам бор экан... Ёшим бир жойга борганда қамоққа тушиш хаёлимга кептими?.. Мана, энди ҳаммасини бир бошдан ўйлайман. Кечалари уйқим ўчиб
кетади. Дунёнинг бу бурчидан кириб, у бурчидан чиқаман. Ўйлаб ўйимга етолмайман. Гуноҳим
нима ўзи?.. Ота-онам ўттизинчи йиллардаги очарчиликда ўлиб кетган ғирт етим бўлсам.
Ўсмирлигим уруш даврига тўғри келган бўлса... Эсимни танибманки, елкамнинг яғири чиқиб,
меҳнат қилдим. Қўш тортдим, мола босдим, трактор ҳайдадим... Тиришиб-тирмашиб ўқидим.
Ўзлари кўтаришди. Аввал бригадир қилишди, кейин ҳосилот. Ундан кейин раис. Партия
ҳукуматимиз қаёққа ташласа, ўша ерга бориб тушдим. Тўқайда чивинга ем бўлиб, ер очдим.
Қолоқ хўжаликни кўтар, деса қулоқ қоқмай хўп дедим. Онанг шўрлик кўрпасини орқалаб
кетимдан эргашиб юрди. Аканг Бекободда туғилди, сен — Пскентда... Бир оғиз айтмадим:
«Ҳой, мен ҳам одамман-ку, умрим бино бўлиб ҳаловат кўраманми-йўқми?» демадим. Бит
анавинақа нарсага семиргандек, берган темир-терсакларига, депутатлигига маҳлиё бўлиб
юраверибман... Бир хил раисларга ўхшаб пул йиғмадим, оқ уй — олабаргаклар солмадим. Нима
қилсам халқ учун, партия учун қилдим. Ўн етти йил шу колхозда ишладим. Дуч келган одамдан
сўраб кўр, ўғлим. «Худони ўртага солиб айтинглар-чи, дадам умри бино бўлиб қинғир иш
қилдими, бировнинг бурнини қонатдими?» дегин-чи, имони бўлса айтар, рост гапни! Мана энди
келиб-келиб тўхтаган жойим — лагерь бўлди. Ўзбекистонда қўшиб ёзганлар бўлмаган,
демайман. Аслида ўшалар ҳам Москванинг буйруғи билан қилган бу ишни. Осмон баравар план
бериб, бажармасанг онангни учқўрғондан кўрсатаман, деганидан кейин шу йўлга кирмай чораси
қолмаган. Менинг бўлса, Худо олдида ҳам, бандасининг олдида ҳам виждоним пок. Бунақа
ҳаром ишга қўл урган эмасман. Битта гуноҳим шуки, бу савдолар бошланган заҳоти раисликни
топширишим керак эди... Туриб-туриб ўзимга нашъа қилади. «Партиянинг содиқ солдатиман,
орденли раисман», деб юраверибман. Ақалли сени Афғонистондан олиб қолишга «партиявий
виждоним» йўл қўймабди. Хоҳласам уч кунда Туркманистондан Тошкентга ўзлари обкеб
қўярди. Энди бўлса, аллақандай миллионларни бўйнимга илди. Фалончидан уч юз минг
олгансан, пистончига юз минг бергансан... Бўҳтон! Ҳаммаси туҳмат! Онангнинг ёзишига
қараганда, тўйинг юришиб қолганмиш. Отам тўйимни кўролмади, деб асло кўнглингни
чўктирма. Худо хоҳласа, омон-эсон борсам, невара тўйлари қиламиз. Илоё бахтли бўл, болам!
Мендан ҳеч хавотир олманглар. Соғлиғим яхши. Атрофимда ҳурмат қиладиган имонли одамлар
бор... Онангни эҳтиёт қил. Дуойи салом билан даданг. 18 июнь».
Июль ойининг еттинчи куни
Шаҳноза билан ЗАГСга ариза бердик. «Пахтакор» метроси олдида анча кутдим. Метронинг
қуббали биноси афғон «зеленка»сидаги уйларни эслатади. Тўғри, унақа пастак, лой томли эмас-
ку... Ҳар қалай узоқдан қараган одамга шунақага ўхшаб кўринади. Одамлар қуббанинг бир
эшигидан ёпирилиб чиқади. Иккинчисидан ёпирилиб киради. Бепарво, беписанд... Ростини
айтсам, уларни томоша қилиш ёқимли эди. Аввалига ақлим етмади. Нима қипти? Биров у ёққа
кетяпти, биров бу ёққа... Нимаси мароқли бунинг! Кейин тўсатдан бир янгиликни англадим:
ўзимда рўй берган ўзгаришни сездим: кўнглимдаги хавотир ҳисси йўқола бошлабди. Мен ўз
юртимдаман. Мина портламайди, гранатомёт отилмайди. «Эрэс» учмайди. Мен ўз уйимдаман!
...Шаҳнозани узоқдан кўрдим. Қора «Волга» телестудия рўпарасида тўхтади. Фариштадек
оппоқ либос кийган Шаҳноза «Волга»нинг орқа эшигидан тушди. Олд эшикка келиб, ялтироқ
сумкачасини очди. Ҳайдовчига пул узатиб, алла-нималар деди. Чамамда, ҳайдовчи пулни
олмади. Машинасини жилдирди. «Волга» менинг рўпарамга келганда, атайлаб тезликни
оширгандек бўлди. Рулда ўтирган ҳайдовчини бир лаҳза кўриб қолдим. Сочлари силлиқ
таралган... Артистлар-никига ўхшаган оппоқ юзли, хушмўйлов йигит шу томонга қараб,
истеҳзоли кулиб қўйгандек туюлди. Ким бўлди бу таниш башара! Эслай олмадим.
Ҳаммаси бир лаҳзада бўлиб ўтди. Шаҳноза чопқиллаб келиб, билагимдан тутди. Салом берди.
— Ўлсин, аксига биттаям такси учрамаса! — деди мулойим жилмайиб. Бошини бир томонга
ташлаган кўйи қоп-қора киприкларини гуноҳкорона пирпиратиб туриши шу қадар самимий
эдики, бояги «артистнамо» шопирдан рашк қилганимга ўзим уялдим.
ЗАГСдан ўтиш катта тантана эканини билардим. Бир хиллар ариза беришга ҳам келин томон
бир машина, куёв томон бир машина бўлиб, асъасаю дабдабалар билан келаркан. Сўппайиб
келганим учун Шаҳнозадан уялдим. Ажойиб қиз-да Шаҳноза! Мени хижолатдан чиқариш
учунми, чиройли кўзлари сузилиб таклиф қилди:
— Биласизми, Рустам ака, энди «Лолазор»га бориб, музқаймоқ еймиз! Хўп?
Шаҳноза шунақанги очилиб кетган, шунақанги чиройлики! Ўзига бунчалик оро берганини
кўрган эмасман. Оқ кўйлак, оқ туфли. Сочига оппоқатиргул ғунчасини қистирган. Кўзлари,
йирик-йирик кўзлари парпираб турибди. Худди ўзининг юзига ўхшаган пуштиранг
музқаймоққа жажжи қошиқ учини ботиради-да, ангишвонадек бежирим оғзига олиб бориб, бир
лаҳза иккиланиб қолгандек бўлади: «Есамми-емасамми?»
Бир маҳал киприклари капалак қанотидек титраб кулиб юборди.
— Айиқ! — деди қошиқчаси билан таҳдид қилиб. — Худди айиқнинг ўзисиз, Рустам ака!
Асал еяпган айиққа ўхшайсиз! — Курси суянчиғига елкасини ташлаганча қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Айиқсиз!
Ўтирган курсимни шаҳд билан ёнига сурдим-да, елкасидан қучиб музқаймоқ мазаси келиб
турган лабларидан ўпдим.
— Жиннимисиз? — У типирлаб ўзини орқага ташлади. — Ҳамма қараб турибди.
— Қарайверсин! — дедим кулиб. — Сен менинг хотинимсан!
—Жинни! Айиқ! — Шаҳноза эркаланиб қўлидаги қошиқчаси билан яна таҳдид қилди. —
Ёмон бола бўпсиз! Билиб қўйинг, биздаям қурол бор. Бир урсам! — Шундай деб рўмолчаси
билан менинг лабларимни артиб қўйди.
— Энди, — деди эркаланиб, — тўполон қилмасдан, яхши бола бўлиб ўтиринг-да, гапимга
қулоқ солинг! — Негадир кўзларига чуқур жиддият чўқди. — Сиз у ёқда юрганингизда туш
кўрдим, — деди ўйланиб. — Тоққа борганмишмиз. Сижжакка. Холамларникига... Қалин қор
ёққанмиш. «Юр, Шаҳноз, сирпанчиқ учамиз», дебсиз-да, қўлимдан ушлаб тортибсиз. Қарасам,
пастда жарлик бормиш. «Жиннилик қилманг, Рустам ака», десам, қўлимни қўйиб
юбормасмишсиз. Иккаламиз жарликка караб кетаётганмишмиз. Қўлингиздан шунча тортсам
кучим етмасмиш... — Шаҳноза тушининг таъбирини билмоқчи бўлгандек, кўзимга тикилиб
узоқ жимиб қолди.
— Кейин нима бўпти? — дедим хушчақчақ гапиришга уриниб.
— Бир маҳал қўлимдан чиқиб кетдингиз... — У ўша туш даҳшатини қайтадан кўз ўнгида
аниқ тасаввур қилди шекилли, қандайдир сўник алпозда бошини қуйи солди.
— Кейин-чи? — дедим ўсмоқчилаб. Бемаъни савол бераётганимни тушуниб турардиму, ҳар
қалай Шаҳнозанинг туши нима билан тугашини билгим келарди.
— Кейинми? — Шаҳноза жилмайди. — Қарасам, жар ёқасида бир туп арча бормиш. Югуриб
борсам, арча тагида кули-и-б ётганмишсиз. «Йиқилдингизми?» десам, «Ҳазиллашдим, жинни»,
дебсиз. Шунақа деб нуқул каппалаб қор еётганмишсиз. «Қор еманг, шамоллаб қоласиз», десам,
«Чанқаб кетдим, ичим ёниб кетяпти», дермишсиз...
Июль ойининг ўрталари
Нонушта устида акам айтиб қолди:
— Рўзимат отаникига бориб, кўнгил сўраб кел. — Тушунмадим.
— Қайси Рўзимат ота, нима гап ўзи?
— Тўртинчи бўлимдаги Рўзимат ота бор-ку, бир оёғи оқсоқ сувчи! Ўшаникида таъзия бор.
Бугун учинчи куни. Сен шаҳарда ўз ташвишларинг билан бўлиб, хабар ололмадинг. Кўнгил
сўраб қўй, укам.
Эсладим! Ҳовлисида нуқул бедана сайраб турадиган киши.
— Нима бўпти? — дедим хавотирланиб. — Рўзимат ота касал эмасди шекилли...
— Ўзимас, ўғли... Яхши бола эди раҳматли... Ўлигини яшикка солиб обкелишибди. Ҳаммаёқ
тўполон бўлиб кетди... — Акам ўрнидан тураркан, қаттиқ тайинлади: — Албатта боргин, укам!
Қўнгил сўра, юпат... Тобуткашмиз ахир!
Бундан чиқди, Афғонистондан яна битта «икки юзинчи» юк кепти-да!
Рўзимат отани узоқдан танидим. Шифер томли, пастак уй салқинида ўзи тенги иккита қария
билан ўтирибди. Қўлида ҳасса. Ёнбошида «отам замонидан қолган» суянчиғи ёйсимон курсилар
қаторлашиб турибди. Чоллардан бири ингичка, йиғлоқи овозда узундан-узоқ тиловат қилди.
Шаҳид кетганларга ва хусусан кўзи очиқ кетган Азаматжонга жаннатдан жой тилади.
Қолганларга имон, соғ-саломатлик, юртимизга тинчлик, давлатимизга омад чорлаб, фотиҳа
тортди.
Азамат дедими? Э, бўлди, эсимга тушди! Рўзимат отанинг битта-ю битта ўғли-ку! Мактабда
биздан бир синф кейин ўқиган ювошгина бола...
— Худога шукр, ўғлим, у ёқдан жонинг соғ қайтибсан, — деди Рўзимат ота совиб қолган
чойдан ярим пиёла узатиб. Чолларнинг қулоғи оғирроқ шекилли, овозини баландлатиб мени
таништирди. — Бу йигит — Рустамжон. Шомансурнинг кенжаси.
Чоллар бири олиб бири қўйиб дадамни мақтаб кетишди:
— Даданг яхши одам, болам. Насиб этса эрта-индин чиқиб қолади.
— Хафа бўлманг, ота, — дедим ердан кўз узмай. — Бандалик.
— Аллоҳнинг иродаси... — чоллардан бири бош чайқаб чўққи соқолини тутамлади. —
Биров ҳар куни яратган эгамдан омонатингни олсанг-чи, деб илтижо қилади. Бировни ўн
гулидан бир гули очилмасидан олиб кетади. Тақдири азал деб шуни айтади-да...
Орага вазмин сукунат чўкди. Ликопчадаги қанд устида ари айланиб, узоқ ғўнғиллади.
— Ота, — дедим ниҳоят юрак ютиб. — Азаматжон қачон кетувди афғонга?
Рўзимат ота кўзимга диққат билан тикилди.
Шунда... кўзларига кўзим тушиб, юрагим сесканиб кетди. Рўзимат отанинг кўзида на алам,
на ёш бор эди. Нигоҳи музлаб қолганга ўхшар, кўз қорачиқлари торайиб кетган, дунёнинг
жамики ғам-андуҳларини чекавериб оламга маъносиз қарашга мослашиб қолган ҳорғин
қорачиқларда армон бор эди: тубсиз армон!
— Ўзим айбдорман, болам, — деди худди оғир гуноҳига иқрор бўлган одамдек ишонч
билан. — Афғонистонга юборсам бўларкан. Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади. Мана,
сен... — у юзимга хаёлчан қараб қўйди-да, негадир кулимсиради. — Худога минг қатла шукр,
тўрт мучанг соғ қайтиб келдинг. Мен бўлса... — Рўзимат ота лабларини аламли буриб, оғир-
оғир бош чайқади. Бироқ овози ўзгармади. Гўё биров эшитса роҳатланадиган ҳангомани ҳикоя
қилаётгандек, хотиржам давом этди: — Қарасам, ёшим элликдан ўтиб, шартим кетиб, партим
қопти. Холанг билан маслаҳат қилдик. Шундоқ-шундоқ дедим. Мен-ку, гирмон билан урушиб,
тамом бўлганимни билмабман, энди сен ҳам бола кўрмай ўтасанми, дедим... Эр-хотин азза-базза
Тошканга бориб, шу болани — Азаматжонни хатлаб, ўғил қилиб олдик.
— Аллоҳнинг иродаси... — деди чўққисоқол чол таскин бериб. — Илож қанча, шукр денг,
тақсир...
— Минг қатла шукр... — Рўзимат ота хўрсинди. — Ўғлим имонли бола чиқди. Бегоналиги
билинмади. Минг раҳмат, эл-юрт ҳам бефарзандсан, деб юзимга солмади... Тенгқурлариям
Азаматжондан бегонасирамади...
Рости, Азамат Рўзимат отанинг асранди ўғли эканини мен ҳам биринчи марта эшитиб туришим эди. Юрагим эзилганча бошимни қуйи солиб ўтиравердим.
— Повуска келганида, — деди Рўзимат ота, — военкоматга югурдим. Пешонамдаги битта-ю
битта болам шу, афғонга юборманглар, дедим. Стройбатга жўнатинглар, деб ялиндим.
Ширинкомасиниям бердим... Мана, оқибати! Тўрт ойдан кейин Владивостокдан темир
тобутда ўлиги келди. Рўзимат ота негадир кулди. Лаблари титраб кетди.
— Уч кун олдин командиридан хат келувди. Ҳурматли ўртоқ Холматип, ўғлингиз Азамат
Ватан олдидаги бурчини ҳалол адо этяпти, депти. Шундоқ фарзанд ўстирганингиз учун сиздек
фронтовикка минг раҳмат депти... Уч кундан кейин эшиқдан темир тобут кўтариб кирди.
Военкоматдан икки киши билан частидан биттаси... «Тезроқ кўминглар», дейди. Тўғри айтади:
марҳумни маҳтал қилиб қўйиш гуноҳ! «Ўғлингиз эҳтиётсизлик қилди, ток уриб ўлди, мана
дўхтир хулосаси», дейди.
— Рўзиматжон, ука, қўйинг бу гапларни, — сийрак соқолли жиккак чол чой қуйиб тутди. —
Худо шоҳид, Азаматжон шаҳид кетди. Ҳури ғилмонлар орасида юрибди ҳозир.
— Иншооллоҳ! — Рўзимат ота чой ҳўплаб пиёлани жойига қўйди. — Мен бир нима
деётганим йўқ. Аммо... онаси чидолмади... Ақалли боламнинг совуқ дийдорини кўриб қолай деб
оламни бузиб ташлади. Шунча айтаман: «Ҳой онаси, ўликнинг баданига гул тушса, гурзи билан
ургандек бўлади, Худонинг қаҳри келади», десам қани кўнса! Ҳалиги военний охири пўписа
қилди... «Ким тобутга тегса, ҳарбий трибунал олдида жавоб беради», деди. Ана ўшандан кейин
кўнглимга шубҳа тушди.
— Қўйинг энди, тақсир! — чоллардан бири Рўзимат отага юмшоқ дашном берди. —
Кавламанг шу гапларни! Яратган Эгамнинг ўзи билади ёмонларни қандоқ жазолашни...
Рўзимат ота парво қилмай, сўзида давом этди:
— Аввал очмасам ҳам энди очаман яшигингни, дедим. Мен урушда қон кечиб, «Слава»
ордени олган пронтовикман, дедим. Қочиб кетди ҳаммаси! Очиб кўрсак... темир тобутни очиб
кўрсак... — Рўзимат отанинг овози титраб кетди. Аммо йиғламади. — Ток урган одам билан
болтада чопилган одамнинг фарқи бўлади-ку, тўғрими?
...Оёқларим музлай бошлади. Қўлларимга титроқ кирди. Рўзимат ота ҳамон бир нималарни
гапирар, лаблари қимирлаётгани кўриниб турар, аммо нима деётганини эшитмасдим. Бошимда
чидаб бўлмас оғриқ турди. Худо! Ўзинг асра! Ҳозир... Ҳозир йиқилиб тушаман! Ўзинг
шарманда қилма, Худо!
Июль ойининг охири
Бу даргоҳга унча-мунча одам ўз ихтиёри билан келмаса керак. Бировни повуска билан
чақириб оладилар. Бировни мелиса олиб келади. Албатта, нажот излаб ёки кўмак истаб
келганлар ҳам учрайди. Аммо улар ҳам мана шу мармар зиналардан чиқиб бораётганида
кўнглида мавҳум хавотир ҳиссини туйса ажабмас.
Йўлакдан ўтиб борарканман, Маузер Соатовичнинг гапи эсимга тушди. Табиийки, бу ерда
ҳам иккинчилар асосий шахслар бўлса керак. Йўқ, бу даргоҳда «у ёқдан» келганлар
Иккинчиликка қаноат қилмай, бир йўла биринчи бўлиб қўя қолган экан. Ҳайҳотдек хона,
девори ялтироқ, жигарранг панель билан қопланган. Ҳаммаёқ саришта. Озода, салқин. Каттакон
«Т» ҳарфига ўхшаган столнинг нариги бошида у ўтирибди. «Т»нинг қоқ пешонасида. Бериги
томонда — «Т»нинг қоқдумида мен ўтирибман. Ўзимни босишга ҳарчанд уринмай, ичимни
кемираётган ноаниқ хавотир ҳисси елкамдан босиб турганга ўхшайверади. У қоғозларни
шошилмай, айни пайтда эътибор ҳам бермай варақлашга тушди. Деворда машҳур «Инқилоб
чавандози»нинг ярим белидан тушган каттакон сурати осиғлиқ. «Чавандоз» нимаси биландир
Дон-Кихотга ўхшаб кетади. Боши кичкинагина, чўққисоқол, бўйни узун. Фақат бошига шапка
кийган: айвони қийшиқроқ шапка. «Чавандоз»нинг шундоқ остида У ўтирибди. Худди чавандознинг бели тагига осилиб тургандек. Ярашиқли кийинган. Бўйнида бўйинбоғ. Соқоли
қиртишлаб олинган. Ниҳоятда маданиятли одам экани кўриниб турибди.
— Сиз, гражданин Шоматов, — деди қоғоздан бош кўтариб. — Янглишиб бизга мурожаат
қилибсиз. Отангиз Шоматов ишини суд кўриб ҳукм чиқарган. Ажрим хулосаси билан
танишмисиз?
— Танишман!
— Ҳукмдан норози бўлсангиз СССР Олий Судига мурожаат қилишингиз мумкин. Бу —
сизнинг гражданлик ҳуқуқингиз, — деди хайрихоҳ оҳангда.
Қизиқ, айбланувчиларни сўроқ қилаётганда ҳам шунақа гаплашармикин?
— Олий Судга мурожаат қилмайман, — дедим ишонч билан (Яхши! Ҳали кириб келган
пайтимдаги ҳаяжон йўқолиб, кўнглимни алланечук хотиржамлик, ҳатто ўзимнинг ҳақлигимга
ишонч ҳисси эгаллади). — Аризабозлик қилиб Москвага бормайман. Рухсатингиз билан сиздан
баъзи нарсаларни сўрамоқчи эдим.
Унинг кулранг кўзларида бир лаҳза истеҳзоли табассум пайдо бўлганини кўриб, қўшиб
қўйдим:
— Биламан! Бу даргоҳда саволни сиз берасиз. Шунга қарамай...
— Шошиб турибман. — У соатига қараб қўйди.
— Ўн етти кундан бери навбат кутаман, — дедим овозимни баландлатмасликка уриниб. —
Кўп вақтингизни олмайман. Нариси билан ўн минут.
У аллақандай «пешка» билан пачакилашиб ўтириш керакми-йўқми, деб иккиланди, бир зум
ўйланиб қолди.
— Яхши! — деди қатьий қилиб. — Фақат ўн минут!
— Отамнинг терговида сиз ҳам қатнашганмисиз?
— Эсимда йўқ. Икки йил ичида минглаб «ишлар»ни кўрдик. Мақсад?
— Отам жиноятчи эканига шахсан сиз ишонасизми? Унинг кўзлари қисилиб, мулойим
табассум ғойиб бўлди.
— Саволингизга жавоб бермасам майлими, гражданин... Шоматов?
— Айтинг-чи, ўртоқ прокурор! Республика Олий Советининг камида юз минг одам сайлаган
депутатини, сайловчилар чақириб олмасдан туриб, шунчаки, бир кечада КПЗга тиқиб қўйиш
мумкинми?
Бу гўдакка қонун-қоидани ким ўргатди, дегандек кўзимга диққат билан тикилиб турди-да,
дона-дона қилиб тушунтирди:
— Мумкин! Депутатидан тортиб раҳбарларигача қўшиб ёзишни, порахўрликни касб қилиб
олган республикада ҳамма нарса қилиш мумкин!
Ажаб! Унинг қанча жаҳли чиқса, кулранг кўзлари қанча ёнса, мен ўзимни шунча хотиржам
ҳис эта бошладим.
— Ўзбекистон шунчалик айнаб кетган экан, — дедим киноя билан. — Марказга тола ўрнига
вагонда ҳаво, самолётда дипломат тўла пул борган экан, нега у ёқдагилар индамабди? Нега
«Бизга пул эмас, тола керак?» демабди? Нега бу ёқдан туриб пора узатганларни қамоққа
тиқасизлар-у, у ёқдан туриб пора олган казо-казолар билан ишингиз йўқ?
У шошилмай ўрнидан турди. Боши «инқилоб чавандози»нинг киндигига тақалиб қолгандек
бўлди.
Иккаламизнинг ҳозирги ҳолатимиз ғалати эди. Шошилиб кетаётганингизда оёғингиз остида
аллақаёқдан сакраб тушган чигиртка пайдо бўлади. Босиб эзғилаб ташласамми, индамай ўтиб
кетсамми, деб бир сония иккиланиб қоласиз. Чигиртка эса ўчакишгандек қилт этмай
тураверади, сурбет! Шу топда У ҳам иккиланиб турарди. Мен — чигирткани боссамми-йўқми?
Ўладиган ҳўкиз болтадан тоймайди, дейишади. Энди менга ҳаммаси барибир эди. Қўлидан
келса отиб ташласин. Гапимни айтиб бўлмагунча қимир этмайман!
— Агар шунча одамдан борингки мингтаси ноҳақ қамалган бўлса, — дедим дилимдагини
айтиб олиш учун шошилиб. — Мингта одам бир йилдан ноҳақ «ўтирса» минг йил бўладими!
Ўша минг йилни ким тўлайди? Сизми? Амбарцумянми? Ҳаммангизни йиғиштириб келганда
ҳам умрингиз етмайди-ку!
Унинг кулранг кўзларида бўриникига ўхшаш ўт ёниб кетди. Ҳа, мана, энди қайтдинг асл
қиёфангга! Қурбонининг бўйнига ханжар ботираётган жаллоднинг кўзлари шунақа бўлса
ажабмас!
Қизиқ... У столни муштламади. Соқчи чақирмади. Сичқон боласига тикилган мушукдек
секин лабини ялаб қўйди.
— Сопляк! — деди истеҳзоли кулиб. — Мен сени қабул қилмаслигим мумкин эди.
Афғонистонда хизмат қилганинг ҳурмати...
— Афғонистонни қўя турайлик, ўртоқ прокурор! — дедим ҳорғин оҳангда. — «Икки
юзинчи» юк фақат Афғонистондан эмас, мамлакат ичкарисидан ҳам ёғилиб келяпти. Уларнинг
хунини ким тўлайди? Ўзбек халқини бутун мамлакатга бадном қилганлар эмасми?
Стул суянчиғига тирсагимни таяб, ўрнимдан турдим. Оёқларимда мадор йўқлигини энди
сездим. У бўлса, кўзларидан ўт сочиб қилт этмай турарди.
— Охирги гап, — дедим курси суянчиғини чангаллаб. — Охирги савол: нега «ўзбек иши!»
Нега «арман иши» эмас, нега «ўрис иши» эмас! Ўзбек нима гуноҳ қилди сизларга?!
Эшик томон уч-тўрт қадам юрдим-да, қайтиб келдим. Иккиланиб киссамдан газета қогозига
ўралган темиртакни олиб стол устига қўйдим. Бунга ҳам қаноат қилмай қоғоз қатини очдим.
Ленин орденини кафтимнинг орқаси билан туртиб юборган эдим, силлиқ тахта устида сирғаниб,
нари борди.
— Амбарцумянга бериб қўйинг! — дедим унинг кўзига чақчайиб. — Онамнинг бор
бисотини шилиб олган экан. Бобомдан қолган билагузуккача! Бундаям олтин моддаси бор
дейишади. Ҳар қалай коллекциясига беш-ўн грамм тилла қўшилади!
Мадорсиз оёқларимни аранг босиб, эшик томон юрарканман, вужудим бўм-бўш бўлиб
қолган эди. Аниқ идрок қилиб турибман. Бошим ғувиллаётгани йўқ. Гарданим ҳам қотмаяпти.
Фақат вужудим бўм-бўш.
— Гражданин! — Эшик тутқичини ушлаган чоғим унинг ҳокимона буйруғи янгради.
Тўхтадим. Қамоққа тиқмоқчими! Марҳамат! Нари борса, тўйим ўн йил кечикар! Менга
барибир.
Осойишта бурилиб қарадим. У ҳамон стол ортида «чавандоз»нинг белига осилганча турар
эди.
— Ким билан гаплашаётганингни биласанми?
— Биламан! — дедим киприк қоқмай.
— Псих! — У негадир кулимсиради. — Контузиядан кейин савдойи бўлиб қолган
кўринасан. Сенинг тўғрингдаги ҳамма маълумотлар қўлимизда... Агар... — Унинг кулранг
кўзларида яна бўриникидек совуқ ўт ёнди. — Агар тағин бир марта рўпара келсанг, шу ердан
тўппа-тўғри жиннихонага жўнайсан!
Августнинг саккизинчи куни
Бугун менинг энг бахтли куйим! Тўйимиз бўлди! Шаҳнозанинг кўзларида шу қадар чексиз
қувонч порлаяптики, кўрган сайин ўзимнинг ҳам юрагим шодликдан ёрилиб кетгудек
типирчилайди. Ёнимда, ҳарир парда ёпиниб ўтирганча зимдан шу қадар теран меҳр билан
боқадики, бу нигоҳлар менга, фақат менга насиб этаётганидан оламга сиғмайман. Билмадим,
Шаҳноза менга бунчалар меҳр ато этган дамлар, ўзимни шу қадар қудратли ҳис этган онларим
аввал ҳам бўлганмиди? Неча марта туйган эдим бундай ҳолатни? Балки, тўрт йил аввал, қор ёғиб турган кечада Шаҳнозани барақдан туман марказидаги касалхонага олиб борганимда,
иситма аралаш «Раҳмат, Рустам ака», деб қўлимдан тутганидадир? Балки, арзимаган битта
тарвуз кўтариб кўргани борганимда, мулойим жилмайиб қўйганидадир! Эҳтимол, Тошкентга
қайтгач, кинога тушган кунимиз, биринчи марта ўпганимда, Шаҳноза «унақа қилманг», деб
йиғлаб юборганидадир?
Бугун мен дунёда энг бахтли одамман! Онам орзу қилганидек қарс-бадабанг тўй қилдик.
Базм кечаси охирлаганда, айниқса, қизиқ бўлди. Ойим билан Шаҳнозанинг аяси «Муножот»га
ўйнашди. Ойим донолар-да! Шунча кундан бери «Даданг тўйингни кўролмади», деб маъюс
тортиб юрган одам шунақаям очилиб кетдилар, шунақаям ўйнадиларки! Бало эканлар-ку!
ҲАМКАСБЛАР СУҲБАТИДАН
— Келинг, ўртоқ Комиссар!
— Хўш, ишларнинг жилиши қалай, коллега? Тўлагановани сўроқ қилдингми? «Уч оғайни
ботирлар».
— Килдик. Гувоҳлик беришига қараганда, эр-хотин Шоматовлар жуда иноқ яшаган.
— Хэх! Сен ўша фанатичканинг гапига лаққа тушдинг? Тўғрими? Ғирт жинни-ку, бу хотин!
Энкайиб намоз ўқиётганда думбасини қовоғари чақса, бу ҳам Худонинг бир махлуқи-да, деб
силайдиган аҳмоқ! Бутун авлод-аждоди диндор ўтган!
— Қизиқсиз, ўртоқ Комиссар! Тўлагановада нима айб? Мен бу хотинга тўла ишонаман!
— Сенга қолса, Васильевнинг алибийси қўлида! Тўлаганова қўй оғзидан чўп олмаган
фаришта. Келин-чи? Келин?! Балки у ҳам сутдек оппоқ, мусичадек беозордир! Хотин киши
хоҳласа, бир эмас, ўнта эркакни бемалол ўлдиртириб юборади. Тушундингми, ўлдириб эмас,
ўлдиртириб юборади!
— Эрингни қайси ўйнашинг ўлдирди, деб ёқасидан олайми энди? Асос қани?
— Нега мендан сўрайсан? Суриштир ўзидан! Сиқувга ол!