Имтиҳон (6)га тайёргарлик! ҚУРЪОНИ КАРИМ ҚИССАЛАРИДАН
АСҲОБУЛ КАҲФ ҚИССАСИ
Қуръони каримда муҳтарам пайғамбарларнинг қавмлари билан бўлган ҳодисаларни ёритувчи қиссалар билан бирга бошқа қавмлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Булар Қуръон ҳақ Калом эканига, Аллоҳнинг даргоҳидан нозил қилинганига далолат қилади. Зеро, уларда оқил кишилар учун ибрат ва панд-насиҳатлар бордир.
Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқатан, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқарилган сўз эмас. Балки ўзидан аввалги нарсаларни (самовий китобларни) тасдиқловчи, (унга) имон келтирадиганқ қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китоб)дир” (Юсуф сураси, 111-оят).
Қуръони каримда пайғамбарлар қиссасидан ташқари яна асҳобул каҳф қиссаси, чоҳ эгалари қиссаси, боғ эгалари қиссаси, қишлоқ эгалари қиссаси, фил эгалари қиссаси, Зулқарнайн қиссаси, кучли сел ёпирилгани ҳақидаги қиссалар келтирилган. Ана шундай қиссалардан бири Асҳобул каҳф воқеасидир.
Асҳобул каҳф қиссаси Қуръони каримнинг Каҳф сурасида келтирилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Балки Сиз каҳф (ғор) ва битик эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз[1]? Эсланг, ўшанда у (мўмин) йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Парвардигоро, бизларга Ўз ҳузурингдан раҳмат – марҳамат ато эт ва бизларнинг ишимизни ўнгла”, дедилар. Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (ухлатиб) қўйдик. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик” (Каҳф сураси, 9-12-оятлар).
Имом Розий шундай деган: “Билгинки, Қурайшдан бир гуруҳ одамлар асҳобул каҳф қиссасидан ажабландилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни имтиҳон қилиш учун улар ҳақида сўрадилар. Шунда Аллоҳ: “Балки Сиз каҳф (ғор) ва битик эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз?” деди. Яъни, бундай ўйлама! Зеро, Бизнинг оятларимизнинг ҳаммаси ажойибдир. Осмонлар ва ерни яратишга, ерни ўсимликлар, ҳайвонлар ва маъданлар билан зийнатлашга, кейин қуруқ ер қилиб қўйишга қодир бўлган Зотга одамлардан баъзи тоифаларни Ўз ҳимоясига олиш учун 300 йилдан зиёд ухлатиб қўйиш қийин эмас. Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодирдир[2]”.
Муфассирлар Асҳобул каҳф қиссаси нозил бўлишига бир қанча сабабларни келтиришган. Қисқаси, Қурайш қавми Назр ибн Ҳорис ва Уқба ибн Абу Муайтни Мадинадаги яҳудий олимлари олдига юборишган. “Улардан Муҳаммад ҳақида сўранглар. Уларга сифатини айтиб беринглар. У нима деяётганини хабар қилинглар. Зеро, улар аввалги аҳли китоблардир. Улар пайғамбарлар ҳақида биз билмаган нарсаларни билишади”, дейишди.
Бас, иккиси йўлга тушиб, Мадинага етиб келишди ва яҳудий олимларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида сўрашди ва ўз навбатида, у зотнинг сифатларини зикр қилишди. Яҳудий олимлари у иккисига: “Муҳаммаддан уч нарса ҳақида сўранглар. Агар у сизларга ўшалар ҳақида хабар берса, у ҳолда ҳақиқий пайғамбардир. Агар хабар қилолмаса, ёлғончи кишидир.
Аввало, сизлар бориб ундан “Ғор соҳиблари” хусусида сўранглар. Улар ҳақида хабар берсин. Бу борада ажойиб қисса бор. Кейин машриқ ва мағрибни айланган киши ҳақида хабар берсин. Сўнгра руҳ ҳақида сўранглар. Руҳ нима эканини айтиб берсин. Агар Муҳаммад сизларга шу нарсаларни айтиб берса, бас, у пайғамбардир. Унга итоат этинглар!” дейишди яҳудий олимлари.
Назр ва Уқба ортга қайтиб, қавми олдига келишди.
– Эй, Қурайш жамоаси! Яҳудий олимлари Муҳаммаддан баъзи нарсаларни сўрашимизни буюрди, – дейишди.
Шундан сўнг улар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, яҳудийлар ўргатган саволларни беришди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сўраган нарсаларингиз ҳақида сизларга эртага хабар қиламан”, дедилар. Бироқ “Иншааллоҳ” (яъни, “Агар Аллоҳ хоҳласа”) демадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ваҳий туширишини ўн беш кун кутиб қолдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот ҳузурларига келмади. Шунда Макка аҳли иғво тарқатиб: “Муҳаммад эртага хабар қилишни ваъда берганди. Бугун ўн бешинчи кун ҳам ўтяптики, сўраган нарсамиз ҳақида бирон нарса дегани йўқ”, деб ичларидан севинишди. Пайғамбар алайҳиссалом ваҳий келмаётганидан ва Макка аҳлининг гапини эшитиб маҳзун бўлдилар. Ниҳоят, Жаброил алайҳиссалом Аллоҳдан Асҳобул каҳф қиссасини олиб келди. Шунда у зот уларга мўмин йигитлар ва ер юзини айланиб чиққан киши ҳақида хабар бердилар. Руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳ таоло шундай жавоб қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ Ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир”. Сизларга жуда оз илм берилган[3]” (Исро сураси, 85-оят).
Асҳобул каҳф қиссаси баёни мана бу жумлалар билан бошланади:
“Балки Сиз каҳф (ғор) ва битик эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз?”
“Каҳф” сўзи ичи кенг ғор маъносини англатади. Бу ердаги ғордан мурод, мўмин йигитлар ўзлари учун макон тутган жойдир.
Кучли қавлга кўра, “битик”дан мурод, асҳобул каҳф исмлари, насаблари ва қиссалари ёзилган лавҳ.
Яъни, эй муҳтарам пайғамбар, Биз сизга сўзлаб бераётган асҳобул каҳф қиссаси қудратимизга далолат қилувчи оятларнинг энг ажойиби деб ўйлаётгандирсиз? Йўқ, бундай ўйламанг. Зеро, Бизнинг қудратимиз чексиздир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Шундан кейин йигитлар ғорга жойлашганларидан кейин айтган сўзлари келтирилади:
Эсланг, ўшанда у (мўмин) йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Парвардигоро, бизларга Ўз ҳузурингдан раҳмат – марҳамат ато эт ва бизларнинг ишимизни ўнгла”, дедилар.
Бу ердаги “раҳмат” манзилдаги омонлик, ризқнинг кенглиги ва гуноҳларнинг мағфират этилишини ўз ичига олади.
Яъни, ўша йигитлар эътиқодларини сақлаш учун ўз масканларини тарк этиб, ғордан паноҳ топиб, у ерни ўзлари учун қароргоҳ қилиб олгач:
– Ё Парвардигор! Бизлардан марҳаматингни дариғ тутман. У билан қалбимиз таскин топсин, ишларимиз ўнглансин! Биз динимизни сақлаш, имонда мустаҳкам туриш ва тоатингда бардавом бўлиш йўлида ҳаракат қилмоқдамиз. Ўзинг ишимизни осон қил, бизларга тавфиқ бер! – дея илтижо қилган вақтларини эсла!
Имонини сақлаш учун йўлга чиққан йигитлар камчилик эди. Улар жуда ёш бўлишларига қарамай имонлари саломатлиги учун борларини беришга тайёр эдилар. Ояти карима сиёқидан кўриниб турибдики, улар йўлларида учраган ғорни ўзлари учун маскан қилиб олганлар. Ҳа, улар эътиқодларини асраш йўлида қулай ва шинам уй-жойларини ташлаб, ғорни маскан тутдилар. Ғорга кириб, жойлашгач, дарров Аллоҳга тазарру қилдилар, У Зотдан яхшилик умидида дуо қилдилар.
“Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (ухлатиб) қўйдик”.
Бу ерда “қулоққа уриш” деганда ғорга кириб паноҳ топган йигитларнинг узоқ муддатга ухлатиб қўйилиши назарда тутилмоқда. Қулоққа уриш билан улар атрофидаги нарсаларни ҳис қилмайди, эшитмайди.
Яъни, йигитлар ғорга кирганларидан кейин Аллоҳ таолога дуо-илтижолар қилганларида, Аллоҳ уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб парда билан тўсиб қўйди. Натижада, улар уйғотиб юбориши мумкин бўлган нарсаларни эшитмайдиган бўлиб қолдилар ва қаттиқ уйқуга кетдилар.
Бу ерда “бир неча йил” деб умумий тарзда айтиляпти. Аммо қисса сўнггида улар ғорда 300 йилдан кўпроқ ухлаганлари баён қилинган.
Ўша йигитлар ҳис қилиш аъзоларининг барчаси тўсилганига қарамай Аллоҳ бу ерда қулоқни хослашига сабаб, айнан қулоқ инсоннинг уйғонишига асосий омилдир. Қулоқнинг эшитиш вазифаси ишдан чиқса, одамнинг ухлаши қийин бўлмайди.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эрта турмайдиган бир киши ҳақида: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар. Яъни, ўша нарса уни қуёш чиқишидан олдин туришига монеълик қилган.
Узоқ давом этган уйқудан кейин нима бўлгани қуйида баён қилинади:
“Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик”.
Кўпчилик муфассирлар наздида, икки гуруҳдан бири асҳобул каҳф, иккинчиси шаҳар аҳлидир. Аллоҳ асҳобул каҳфни шаҳар аҳлининг замонида (яъни, орадан уч юз йил ўтиб) уйқудан уйғотган эди. Улар мўмин йигитларнинг хабарларини билишарди.
Айтилишича, мўмин йигитларни уйғотган шаҳар аҳолиси икки тоифага: мўмин ва кофирга бўлинган. Улар ғорда қанча муддат турганлари ҳақида ихтилоф қилишган.
Қалб таскин топадиган қавл шуки, икки гуруҳ ҳам асҳобул каҳфдан бўлган. Чунки Аллоҳ таоло “Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун Биз уларни ана шундай уйғотдик”, деган.
Оятдаги “билиш”дан мурод, ҳақиқатни изҳор қилишдир. Балки қайси бир гуруҳ тўғрироқ ҳисоблашини билиш маъносида бўлиши ҳам мумкин.
Имонини саломат сақлаш мақсадида бўлган йигитларни Аллоҳ 300 йилдан ортиқ ухлатиб қўйиб, кейин бирон жойларини ўзгармаган ҳолда турғазиши У Зотнинг қудратига, Унга ихлос билан ибодат қилиш лозимлигига, ўлгандан кейин тирилиш ҳақлигига далолат қилувчи аломатлардандир.
Юқорида асҳобул каҳф қиссаси умумий тарзда келтирилди. Энди мазкур қисса мукаммалроқ суратда баён қилинади. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Биз Сизга уларнинг хабарларини рўй-рост сўйламоқдамиз. Ҳақиқатан, улар Парвардигорига имон келтирган ва Биз имонларини зиёда қилган йигитлардир. Биз уларнинг дилларини (имон билан) қувватладик. Ўшанда улар туриб дедилар: “Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда ноҳақ (сўзни) айтган бўламиз. Ана у қавмимиз эса Ундан ўзга “илоҳ”ларни (худо) қилиб олдилар. Улар ўзлари учун аниқ бир ҳужжат келтирсалар эди. Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! (Йигитлар!) Модомики, сизлар улардан ва Аллоҳдан ўзга – улар сиғинаётган нарсалардан четланган – юз ўгирган экансизлар, энди ғорга паноҳ топиб боринг. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳмат-марҳаматини кенг қилади ва сизларнинг ишларингизни ўнглайди” (Каҳф сураси, 13-16-оятлар).
Яъни, эй Муҳаммад, Сизга ва умматингизга бу қиссани Биз сўзлаб берамиз. Бу қисса ердаги ва кўкдаги нарсалардан хабардор Парвардигорингиз томонидан нозил қилингандир. Унинг ростлигида шубҳа йўқ.
Аллоҳнинг: “Биз Сизга уларнинг хабарларини рўй-рост сўйламоқдамиз” дейишидан мўмин йигитлар ҳақидаги қисса баъзи одамларга маълум экани, аммо унга хурофот ва ботил нарсалар аралашиб кетганига ишора қилади.
“Ҳақиқатан, улар Парвардигорига имон келтирган ва Биз имонларини зиёда қилган йигитлардир”.
Ўша йигитлар Яратганга ихлос қилган, Парвардигорларига тўлиқ бўйин эгган, унинг ҳақлигига имон келтирган эдилар. Аллоҳ таоло уларнинг ихлосларини, ҳақ йўлда собитқадамликларини бардавом қилди. Ҳидоятларига ҳидоят, имонларига имонни зиёда қилди.
Ибн Касир шундай деган: “Аллоҳ таоло уларни йигитлар, демоқда. Ёшлар кексалардан кўра ҳақни қабул қилишга мойил бўладилар. Сабаби, ёши қарилар бирон нарсани маҳкам ушлаб олсалар, ундан воз кечишлари қийин бўлади. Шу сабаб, Аллоҳ ва Расулига ижобат қилувчиларнинг кўпи ёш йигитлар бўлишган. Қурайш қабиласининг кексалари ўз эътиқодларидан (яъни, ширкдан) воз кечишмади. Жуда оз қисми имонга мушарраф бўлди.
Бир қанча имомлар, жумладан, Бухорий “Биз уларнинг имонларини зиёда қилдик” оятини имон зиёда бўлиши ва камайишига далил қилганлар[4].
Биз уларнинг дилларини (имон билан) қувватладик. Ўшанда улар туриб дедилар: “Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз”.
Оятдаги “қалбни қувватлаш”дан мурод, уларнинг қалбларини мустаҳкамлаш, ҳақ йўлда сабот билан туришга йўллаш ва тасалли беришдир.
Улар қавмлари қилаётган нотўғри ишларни тарк этиш ва имон йўлида ҳар қандай машаққатга чидашга аҳд қилаётганларида шундай сўзларни айтишган. Ёки подшоҳлари уларни бут-санамларга сиғинишга ундаганида, сабот билан туриб ширк ва залолат йўлига юрмасликларини баралла эълон қилишган[5].
Нима бўлганда ҳам, ғордан паноҳ топган мўмин йигитлар қалби мустаҳкам, ҳаққа бўйин эгган ва Аллоҳнинг зикри билан диллари хотиржам бўлган ёшлар эди. Аллоҳ таоло уларнинг имонларини зиёда қилган, қалбларини саботли, бардошли қилган, Ўз паноҳида асраган.
“Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз”, дедилар.
Яъни, улар Аллоҳдан ўзга бирон нарсага ибодат қилмасликларини душманлари қаршисида туриб эълон қилдилар. Улар қатъият ва шижоат билан:
– Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. У барча нарсани яратган Зотдир. Биз Аллоҳдан ўзга “илоҳ”ларга ҳаргиз топинмаймиз! – дедилар.
Алусийга кўра, мўмин йигитлар: “Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир”, деб тавҳидур рубубияга, “Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз”, деб тавҳидул улуҳияга ишора қилишган[6].
“Акс ҳолда ноҳақ (сўзни) айтган бўламиз”.
Яъни, Биз Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаймиз. Агар фаразан, Ундан ўзгасига дуо ва ибодат қилсак, у ҳолда ҳақиқат доирасидан узоқ гапни айтган бўламиз.
Бу оят ўша йигитлар имони қай даражада кучли бўлганини кўрсатади. Қайси банда ҳақ йўлда улар каби сабот билан тура олса, Аллоҳ таоло унинг қалбини қувватлантиради, қийинчилик ва машаққатларга сабрли қилади. Шунингдек, бу оят Аллоҳга ширк келтириш инсоннинг асл фитратига тескари эканига ҳам далолат қилади. Аллоҳнинг мана бу сўзлари нақадар ҳақ: “Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган (кимса) кабидир” (Ҳаж сураси, 31-оят).
Йигитлар ўз имонларини ошкор қилиш билан бир қаторда қавмларининг ботил эътиқодини ҳам очиб ташладилар ва уларни инкор қилдилар:
“Ана у қавмимиз эса Ундан ўзга “илоҳ”ларни (худо) қилиб олдилар. Улар ўзлари учун аниқ бир ҳужжат келтирсалар эди”.
Маълумки, уларнинг қавми қилаётган ширк амалларига бирон нарсани далил қилиб келтиролмасдилар. Йигитлар бу ерда уларнинг ана ўша ожиз тарафларига урғу беришмоқда.
Яъни, ғайратли мўмин йигитлар Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, ҳар қандай ширк амални тарк этишга аҳд қилишгач, қавмлари қилаётган нотўғри ишларин инкор қилиш мақсадида:
– Манави қавмимиз жаҳолат домига тушиб қолишган. Улар бут-санамларни Аллоҳга шерик қилишяпти. Улар мана шу бут-санамлар Аллоҳга шерик қилиши жоизлигини қувватлайдиган бирон ҳужжат келтира оладиларми?! Шубҳасиз, улар бундай қилишдан ожиздирлар! – дедилар.
Бу оят динда ҳар бир нарсанинг собит ҳужжати бўлиши кераклигини ҳам кўрсатади.
Мушрикларнинг нозик жойини ушлаб, уларни ожиз қолдирувчи оят Қуръони каримнинг бошқа ўрнидан ҳам келтирилган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: “Сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган (бутларингиз) ҳақида хабар беринглар – менга кўрсатинглар-чи, улар ердан нимани яратганлар? Ёки улар учун осмонлар(ни яратиш)да шериклик борми?! Агар ростгўй бўлсангиз, менга ушбу (Қуръон)дан илгари (нозил бўлган ва сизларнинг бутларга сиғинишингизни тасдиқлайдиган) бирон китобни ёки бирон илмий асарни (яъни, аввалги уламолардан қолган бирон аниқ ҳужжатни) келтиринглар!” (Аҳқоф сураси, 4-оят).
Шундан сўнг мўмин йигитлар қавмларини зулмда айблаганлари баён қилинади:
“Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!”
Аллоҳ номига ёлғон тўқиган, Унга ибодат қилиш ва итоат этишда шерик қилганлардан ҳам золимроқ кимса йўқдир! Зеро, Аллоҳ шерикдан пок Зотдир!
(Йигитлар!) Модомики, сизлар улардан ва Аллоҳдан ўзга – улар сиғинаётган нарсалардан четланган – юз ўгирган экансизлар, энди ғорга паноҳ топиб борингиз. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳмат-марҳаматини кенг қилади ва сизларнинг ишларингизни ўнглайди”.
Қисса давомида мўмин йигитлар ғордан паноҳ топиб, узоқ уйқуга кетганларидан кейинги ҳолатлари баён қилинади. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Қуёш чиқишда уларнинг ғорларидан ўнг тарафда ўтиб кетганини, ботишда эса улардан сўл томонга ўтиб кетганини, улар (ғорнинг) тўрида эканларини кўрасан. Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун тўғри йўлга йўлловчи бирон дўст топа олмайсан. Уйқуда эканлар, сен уларни уйғоқ, деб ўйлайсан. Биз уларни ўнг томонга, сўл томонга айлантириб турамиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётади. Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг, (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлар эдинг” (Каҳф сураси, 17-18-оятлар).
Эй инсон, агар сен ғор эгаларини мана шу ҳолатда кўрсанг, қуёш машриқдан чиқиб, ғорларига нисбатан ўнг томонга ўтиб кетганини, ботишда уларнинг чап томонига ботганининг гувоҳи бўласан. Иккала ҳолатда ҳам қуёш зиёси уларга етиб бормайди. Бу Аллоҳ таолонинг ҳимоясидир. Қуёш тафти уларга азият етказмаслиги, рангларини ўзгартириб, либосларини чиритиб юбормаслиги учун шундай қилинди.
“Улар (ғорнинг) тўрида эканларини кўрасан”.
Яъни, улар ғорнинг ўртасида, кенг жойда ухлаб ётганларининг гувоҳи бўласан.
Ушбу оят тафсирида уламолар икки хил фикрдалар. Имом Розий буни қисқача шундай ифодалаган: “Биринчи қавл шуки, ўша ғорнинг оғзи шимол томонга очилган эди. Агар қуёш чиқса, ғорнинг ўнг томонида бўларди. Қуёш ботаётганида ғорнинг чап томонида бўларди. Қуёш зиёси ғор ичига етиб бормаган. Лекин ёқимли шабада ва ҳаво ғорга кириб турган.
Иккинчи тоифа уламоларга кўра, қуёш чиққанида Аллоҳ таоло унинг зиёсини ғорга тушишдан тўсган. Қуёш ботаётганида ҳам худди шундай бўлган. Бу одатдан ташқари ҳолат бўлган. Аллоҳ асҳобул каҳфга хослаган улуғ кароматдир бу[7]”.
Иккала фикрда ҳам жон бор. Аммо қалб иккинчи қавлга мойил бўлади. Чунки Аллоҳ таоло “улар (ғорнинг) тўридадирлар” деган сўзи улар ғор ўртасида ухлаб ётганларини кўрсатади. Шунга қарамай уларга қуёш зиёси етиб бормаган. Бу уларнинг ҳоли ажиб бўлганидан дарак беради.
“Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир”.
Мана шу оят ҳам ғорга кириб паноҳ топган мўмин йигитларнинг ҳоли оддий эмас, ғаройиб, одатдан ташқари бўлганига ишора қилади.
Яъни, Биз уларга кўрсатган марҳаматимиз чексиз қудратимизга далолат қилувчи, иродамизга бирон нарса тўсқинлик қилолмаслигига ишора қилувчи аломатлардандир.
Оят мана бу жумла билан тугайди:
“Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун тўғри йўлга йўлловчи бирон дўст топа олмайсан”.
Аллоҳ кимни ҳақ йўлга ҳидоят қилса, ана ўша инсон ҳидоят топибди. У икки дунё саодатини қўлга киритибди. Аллоҳ қайси бандани тўғри йўлдан оздириб қўйса, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз унинг учун ҳақ йўлга йўлловчи биронта ҳам йўлбошчини топа олмайсиз.
Шундан кейин ғор ўртасида ухлаб ётган йигитларнинг ғаройиб кўриниши тасвирланади:
“Уйқуда эканлар, сен уларни уйғоқ, деб ўйлайсан”.
Яъни, эй хитоб қилинаётган инсон, агар сен уларни кўришга қодир бўлганингда, ухлаб ётган бўлсалар ҳам уларни уйғоқ деб ўйлаган бўлардинг.
Бунга сабаб, уларнинг кўзлари очиқ ва дам-бадам у ёқдан-бу ёққа ўгирилиб олишлари эди:
“Биз уларни ўнг томонга, сўл томонга айлантириб турамиз”.
Яъни, ухлаётганларида уларни ўнг ва чап томонга ўгириб қўямиз. Бу таналарини ҳимоя қилиш, кўп ухлаганлари сабаб ер жисмини чиритиб юбормаслиги учун қилинган эди.
Асҳобул каҳф уйқу ҳолатида неча марта ўнг ва чап томонга ўгириб қўйилганини фақат Аллоҳ билади. Муфассирлар бу борада биронта ҳам саҳиҳ ривоятни келтиришмаган. Шунинг учун бу масалани четлаб ўтамиз.
Кейин ғор эгаларининг ити шундай тасвирланади:
“Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётади”.
Асҳобул каҳфга сафарда ҳамроҳ бўлган ит ғор оғзида икки оёғини чўзиб ётарди. Гўё ит эгаларини ҳимоя қилиб, уларнинг олдига биров киришига тўсқинлик қилиб тургандек.
“Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг, (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлар эдинг”.
Яъни, агар сен уларни шу ҳолатда кўрганингда, қўрқувдан ортингга қарамай қочган, қиёфаларидан даҳшатга тушган бўлардинг.
Уламолар бу оятдан бир қанча ҳукмларни чиқаришган. Жумладан, Ибн Касир шундай деган: “Ит, одатдагидек, эшик олдида ётган. Бу унинг одати ва табиатидир. Ит эшик олдида уларни қўриқлаб турган. У уй ташқарисида эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, ит бор уйга фаришталар кирмайди. Уларнинг итлари ғор эгалари баракасига шерик бўлди. Улар шу ҳолатда ухлаб қолишди. Бу яхши кишиларга суҳбатдош бўлишнинг фойдасидир. Мана шу сабаб ит зикр қилинган, у ҳақида хабар берилди[8]”.
Ибн Атийя отасидан ривоят қилади: “Мен Абулфазл Жавҳарий ҳижрий 469 йилда Миср жоме масжидида ваъз қилиб: “Ким аҳли хайрни яхши кўрса, уларнинг баракасидан насибадор бўлади. Бир ит фазилат аҳлини яхши кўрди ва уларга ҳамроҳ бўлди. Шу сабабдан Аллоҳ ўша итни Каломининг муҳкам оятларида зикр қилди”, деганини эшитганман”.
Қуртубий айтмоқчики, баъзи итлар солиҳлар ва авлиёларга ҳамроҳ бўлиб шундай улуғ даражага эришган экан, у ҳолда мўмин бандаларнинг валий ва солиҳлар билан аралашиб юриши ҳақида нима деб ўйлайсиз? Бу ерда камолот даражасига чиқа олмаган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у зот оилаларини яхши кўрадиган мўминлар қалбига тасалли берилмоқда.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан масжиддан чиқдим. Масжид эшиги олдида бир кишини кўрдик. У: “Ё Расулуллоҳ, қиёмат қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У кунга нима тайёрлагансан?” дедилар. Бу саволдан ҳалиги киши хокисор бўлиб қолди (шашти тушиб кетди). Кейин: “Ё Расулуллоҳ, қиёмат кунига намоз, рўза ва садақа амалларидан кўпини ҳозирлай олмадим. Бироқ мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман”, деди. Шунда у зот: “Бас, сен ўзинг яхши кўрганлар билан бирга бўласан”, дедилар” (Бухорий ривоят қилган).
Анас розияллоҳу анҳу шундай деган: “Бас, мен Аллоҳ ва Расулини, Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Гарчи улар каби амал қилолмасам ҳам, (жаннатда) улар билан бирга бўлишдан умид қиламан[9]”.
Қисса давомида уйқудан уйғонган йигитларнинг ҳолати ва ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат ҳақида ҳикоя қилинади:
“Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун Биз уларни ана шундай уйғотдик. Улардан бири деди: “Қанча (муддат ухлаган ҳолда) турдинглар?” Улар(нинг айримлари): “Бир куни ё ярим куни турдик”, дедилар. (Қолганлари эса:) “Қанча (ухлаб) турганингизни Ёлғиз Парвардигорингиз билади. Энди бир кишини мана бу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ – насиба олиб келсин. У эҳтиёт бўлсин ва сизларни бировга сездириб қўймасин. Чунки улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қиладилар ёки яна ўзларининг динларига қайтарадилар. У ҳолда, ҳеч қачон қутула олмайсизлар”, дейишди” (Каҳф сураси, 19-20-оятлар).
Аллоҳ таоло “Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун Биз уларни ана шундай уйғотдик”, дейиш билан асҳобул каҳф узоқ давом этган уйқудан нима сабаб уйғотилганини баён қилмоқда. Уйқудан турғазишнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Аммо бу ерда қисқа қилиб биргина сабаб зикр қилинмоқда.
Яъни, Биз мўмин йигитларни чуқур уйқуга кетказганимиздан кейин, улар бир-бирларидан сўрашлари учун уйқудан турғаздик.
Хўш, улар уйғониб, бир-бирларига қандай саволларни беришди?
Улардан бири деди: “Қанча (муддат ухлаган ҳолда) турдинглар?” Улар(нинг айримлари): “Бир куни ё ярим куни турдик”, дедилар”.
– Бу ғорда қанча ухлаб ётдингиз? – деб сўради. Унинг саволига бошқалари:
– Бир кун ёки ярим кун ухлаган бўлсак керак. Қанча ухлаганимизни аниқ билмаймиз, – деб жавоб қайтарди.
Шундан кейин ғор эгаларидан баъзилар бунинг илмини Аллоҳга хослагани баён этилади:
(Қолганлари эса:) “Қанча (ухлаб) турганингизни Ёлғиз Парвардигорингиз билади”, дейишди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мана шу оятни далил қилиб, асҳобул каҳф етти нафар бўлган, деб айтган. Чунки оятда “Улардан бири”, дейилмоқда. Бу бир киши. Унга берилган жавобда: “Бир ёки ярим кун турдик”, дейилмоқда. Бу кўпликдир. Унинг энг оз миқдори уч кишидир. Кейин “Қанча (ухлаб) турганингизни Парвардигорингиз билади”, дейилмоқда. Бу бошқа бир жамоа (уч кишининг) гапидир. Шу билан улар етти киши бўлади[10].
“Энди бир кишини мана бу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар”.
Яъни, бу ерда қанча муддат турганингиз ҳақида баҳслашишни тўхтатинг! Буни фақат Аллоҳ билади. Сизларлар ҳозир ичингиздан бир кишини манави кумуш тангалар билан яқин атрофдаги шаҳарга юборинглар. Бирон егулик олиб келсин. Ҳозир таомга муҳтожмиз.
Айтилишича, оятдаги шаҳардан мурод, ғорга киргунларича ўзлари яшаган шаҳардир.
“У энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ – насиба олиб келсин. У эҳтиёт бўлсин ва сизларни бировга сездириб қўймасин”.
Яъни, шаҳарга етиб борса, бозорни қидириб топиб, ундаги энг ҳалол, покиза, сифатли ва баракали таомлардан олиб келсин! Очликни қондирувчи энг сара егуликларни танласин. Шаҳарга киришда ва чиқишда эҳтиёт бўлсин. Уни биронтаси сезиб қолмасин! – деди.
“Чунки улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қиладилар ёки яна ўзларининг динларига қайтарадилар. У ҳолда, ҳеч қачон қутула олмайсизлар”, дейишди.
Шаҳарга сездирмай кириб-чиқиш сабаби баён қилинмоқда бу оятда.
Яъни, шаҳарга таом олишга борадиган киши энг тоза егуликлардан олсин ва сизларнинг хабарингизни бировга айта кўрмасин! Зеро, улар турган жойингизни билиб қолишса, тошбўрон қилишади ёки ўзларининг ботил динларига қайтаришга ҳаракат қилишади. Аллоҳ сизларга нажот берганидан кейин ўша нотўғри йўлларга кирсангиз, у ҳолда дунёда ҳам, охиратда ҳам нажотга эришолмайсиз!
Ақидасини кўз қорачиғидай асраш пайида бўлган бу мўмин йигитлар орадан 300 йилдан зиёд вақт ўтиб кетганини, замон ўзгариб, авлодлар алмашганини, ўзлари яшаб келган шаҳарларининг ташқи кўриниши ҳам бутунлай ўзгариб кетганини билишмасди. Аслида уларни ширкка масжбурлаган кимсаларнинг даври даврони аллақачон ўтиб кетган эди.
Ушбу ибратли қисса қуйидагича давом эттирилади:
“Шундай қилиб, Аллоҳнинг (қайта тирилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва (қиёмат) соатининг (келиши) шак-шубҳасиз эканини билишлари учун (одамларни ғордаги йигитлар аҳволидан) огоҳ қилдик. Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқудан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот этишгач,) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар. Бас, (айрим кишилар:) “Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигори уларни жуда яхши Билувчидир”, дедилар. Уларнинг устида ҳукмрон бўлганлар: “Албатта биз улар устида бир масжид қуриб оламиз”, дейишди” (Каҳф сураси, 21-оят).
Аллоҳ таоло асҳобул каҳф хабарини одамларга маълум қилишининг ҳикмати мана шу оятда баён этилмоқда.
Яъни, одамлар Аллоҳ таолонинг қайта тирилиш ҳақидаги ваъдаси ҳақ эканини кўзлари билан кўришлари, қиёмат қоим бўлишига шубҳа йўқ эканини билишлари учун ғордаги йигитлар хабарини уларга маълум қилинди.
Зеро, кимда-ким ғордаги йигитлар ҳолатини билса, узоқ муддат ухлаб ётиб кейин уйғонганларини кўрса, Аллоҳ таоло инсонларни қайта тирилтириб, қиёмат куни ҳисоб қилиш учун маҳшаргоҳга тўплашига кўзи билан кўриб тургандек аниқ ишонади.
Ривоят қилинишича, ғордаги мўмин йигитларнинг шериги таом сотиб олиш учун кумуш тангаларни олиб шаҳарга борганида, озиқ-овқат сотаётган бир киши олдига келиб, пулни унга берди. Сотувчи тангани кўриб, ҳайрон бўлди. Чунки ушбу танга анча йиллар олдин зарб қилинганди. Бундан бошқа савдогарлар ҳам хабар топишди ва унга: “Бу тангаларни қаердан олдинг?” дейишди. У: “Кеча шу тангага озроқ хурмо сотиб олгандим. Мен шаҳар аҳлиданман. Мушриклар тазйиқидан қўрқиб шерикларим билан ғордан паноҳ топганмиз”, деди. Бас, савдогарлар уни подшоҳ ҳузурига олиб боришди ва танга билан шаҳарга келган йигит қиссасини айтиб беришди. Подшоҳ бундан хурсанд бўлиб, бошқа шерикларини ҳам кўриш учун у билан ғорга келди. Асҳобул каҳфни кўргач, уларга салом берди. Шундан кейин Аллоҳ таоло уларни вафот эттирди[11].
Асҳобул каҳф вафотидан сўнг шаҳар аҳолиси нима қилгани қуйида келтирилади:
“Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқудан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот этишгач,) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар”.
Одамлар ғордан паноҳ топган йигитлар вафотидан кейин улар ҳақида ихтилоф қила бошладилар. Улардан баъзилар: “Улар фалон даврда яшаган”, деса, бошқалар: “Улар ғорда фалон йил туришган”, деб айтарди. “Уларнинг устига мана бундай бино қурамиз”, деганлар ҳам бор эди улар орасида.
Талашиб тортишганлар ичидан баъзилари мўмин, баъзилари кофир эди.
Бас, (айрим кишилар:) “Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигори уларни жуда яхши Билувчидир”, дедилар.
Ихтилоф қилаётганлар ичида айрим одамлар:
– Улар турган ғор оғзига бир уй қуринглар. То одамлар у ерга бориб, уларга азият етказмасин, – дедилар.
Улар ичидан баъзилари орадаги низога барҳам бериш, беҳуда тортишиш олдини олиш учун:
– Жанжални бас қилинг! Аллоҳ таоло уларнинг хабарларини билувчи Зотдир! – дедилар.
“Уларнинг устида ҳукмрон бўлганлар: “Албатта биз улар устида бир масжид қуриб оламиз”, дейишди”.
Шаҳардаги сўзи ўтадиган, гапи ерда қолмайдиган кишилар:
– Уларни табаррук қилиш учун устларига бир масжид – ибодат қиладиган жой қурамиз, – дейишди.
Алусий шундай деган: “Бу оят солиҳлар қабри устига бино қуриш, у ерда масжид қуриш, намоз ўқиш жоизлигига далил қилинган. Жумладан, Шиҳоб Хафожий Байзовий тафсирига ёзган ҳошиясида буни зикр қилган. Бу ботил ва ўта нотўғри гапдир. Чунки Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Аллоҳ қабрларни зиёрат қиладиган аёлларни ва унинг устига масжидлар ва ўриндиқлар қилиб оладиганларни лаънатлаган”, дейилган.
Имом Муслим ривоятида шундай дейилган: “Огоҳ бўлингларки, сизлардан олдингилар пайғамбарлари қабри устида масжид (қуриб) олишган. Мен сизларни бу ишдан қайтараман”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган яҳудий ва насронийларни лаънатлаган” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Шундан сўнг асҳобул кафҳ неча киши бўлгани ҳақидаги низо ва унинг ечими келтирилади:
“Ҳали улар (яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга замондош бўлган яҳудий ва насронийларнинг айримлари ўша асҳобул каҳфни:) “Учтадир, тўртинчилари итларидир”, десалар, айримлари: “Улар бешта бўлиб олтинчилари итларидир”, деб ғайбга тош отадилар. Яна: “Улар еттитадир, саккизинчилари итларидир”, ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз “Уларнинг ададларини энг яхши биладиган Зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билади”, денг! Бас, улар хусусида фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала – мунозара қилинг ва (асҳобул каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво – савол сўраманг!” (Каҳф сураси, 22-оят).
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, одамлар асҳобул каҳф ҳақида баҳслашадилар. Улардан баъзилар: “Улар учта бўлган. Тўртинчилари итларидир”, деса, бошқалар: “Улар бештадир. Олтинчилари итларидир”, деб аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотадилар.
“Ғайбга тош отадилар” деб, “учтадир, тўртинчилари итлари”, “бештадир, олтинчилари итлари”, деб ихтилоф қилган кишиларга раддия берилмоқда.
“Ғайбга тош отиш”дан мурод, ҳужжат-далили бўлмаган ҳолда тахмин ва шубҳа-гумон билан гапириш, ўзи аниқ билмаган нарса ҳақида талашиб-тортишишдир.
Шундан кейин ҳақиқатга яқинроқ бўлган қавл келтирилади:
Яна: “Улар еттитадир, саккизинчилари итларидир”, ҳам дейдилар.
Яъни, мўминлар: “Асҳобул каҳф еттитадир, саккизинчилари итлари”, дейишади.
Ибн Касир шундай деган: “Аллоҳ таоло бу ерда асҳобул каҳф ҳақида одамларнинг ихтилофини келтирган ва уч хил қавлни зикр қилган. Тўртинчи гапни ҳеч ким айтмаган. У Зот “Ғайбга тош отадилар”, деб аввалги икки гап заиф (аҳамиятсиз, нотўғри) эканига ишора қилган. Кейин “Улар еттитадир, саккизинчилари итларидир”, деб учинчи қавлни келтириб, сукут қилган ёки тасдиқлаган. Бу охиргиси тўғри экани, ҳақиқат айнан шундайлигига далолат қилади[12]”.
Кейин Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга асҳобул каҳф сони ҳақида тортишаётганларга қандай хитоб қилишни ўргатади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз “Уларнинг ададларини энг яхши биладиган Зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билади”, денг!”
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, ғор эгалари сони ҳақида баҳслашаётганларга:
– Парвардигорим азза ва жалла ғор эгаларининг сонини сизлардан яхшироқ билади. Сизлар эса фақат гумон қилмоқдасизлар. Парвардигоримнинг илми эса аниқ ва батафсилдир. Аллоҳ барча нарсани қамраб олган Зотдир. Асҳобул каҳф сони қанчалигини жуда ҳам оз одамлар билади, – деб айтинг.
Бу ерда имонларини сақлаш учун ғордан паноҳ топган мўмин йигитлар сони қанчалигини кам одамлар билиши таъкидланмоқда.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен ана ўша камчилик одамларданман. Улар етти нафар бўлишган”, деган ва исмларини бирма-бир зикр қилган.
“Бас, улар хусусида фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала – мунозара қилинг ва (асҳобул каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво – савол сўраманг!”
Яъни, шундай экан, ғор соҳиблари хусусида бирон киши билан баҳслаша кўрманг! Илло ўзингизга ваҳий қилинган нарсалардан четга чиқмаган ҳолда очиқ мунозара қилинг! Мўмин йигитлар ҳақида улардан сўраманг! Сабаби Сизга ваҳий қилинаётган қисса аҳли китобдан сўрашга ҳожат қолдирмайди.
Шундан кейин келажакда бирон ишни қилишдан олдин, албатта “Иншааллоҳ”, дейиш лозимлиги таъкидланади:
“Ва бирон нарса ҳақида: “Мен албатта бу ишни эртага қилувчиман”, дея кўрманг. Магар “Иншааллоҳ! – Аллоҳ хоҳласа”, (денг. Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг ва: “Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни, асҳобул каҳф ҳақида хабар беришдан ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ Пайғамбар эканимга яхшироқ далолат қиладиган) тўғри йўлга ҳидоят қилса”, денг[13]!” (Каҳф сураси, 23-24-оятлар).
Имом Қуртубий шундай деган: “Кофирлар руҳ, мўмин йигитлар ва Зулқарнайн ҳақида сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саволингизга эртага жавоб қайтараман”, деб “Иншааллоҳ”, демаганлари учун Аллоҳ Расулига танбеҳ берган[14].
Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, бирон ишни келажакда бажаришга қарор қилсангиз, “Мен буни эртага қиламан!” деб айтманг. Балки ишингизни Аллоҳнинг изни-иродасига боғланг. “Мен бу ишни эртага Аллоҳнинг изни ва хоҳиши билан бажараман”, денг. Зеро, сиз ва бошқалар томонидан қилинадиган иш-ҳаракат Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқдир. Бандалар қиладиган барча ишлар Аллоҳга аён. Агар У Зот хоҳласа, ўша иш содир бўлади, хоҳламаса, йўқ.
Бу ерда келажакка оид режа тузиш, эртанги қилинадиган ишларни ният қилишдан эмас, балки қиладиган иши ҳақида: “Мен буни шубҳасиз амалга ошира оламан”, деб аниқ ўзига ишонишдан қайтарилмоқда. Зеро, эртага нима бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди.
Оқил киши Аллоҳ жорий қилган сабабларни юзага келтиради. Кейин уни Аллоҳнинг иродасига боғлайди, “Эртага фалон ишларни аниқ бажараман”, деб айтмайди, балки “Агар Аллоҳ хоҳласа, мана бу ишларни қиламан”, деб барча нарсани Аллоҳга ҳавола қилади. Мўмин банда Аллоҳнинг хоҳиши ўзининг хоҳишидан устун эканини, ожизона тадбиридан кўра Аллоҳнинг ҳикматли тадбири мутлоқ олий эканига аниқ имон келтиради.
Ҳаётда қанчадан-қанча инсонлар ўзларича бирон ишни қилмоқчи бўлиб, унга обдон тайёргарлик кўрадилар. Кейин Аллоҳнинг иродаси унинг ўйлаган режасини ўзгартириб юборади. Сабаби ўша одамлар ишни бошлашдан олдин Аллоҳнинг хоҳиши ўзларинкидан устун келишини хаёлларига келтирмагандилар. Аллоҳ ожиз банда ўрганиб қолган одатларни бузишга, кутилмаган ишларни қилишга қодирдир. Аллоҳ ҳикматли ва меҳрибон Зотдир.
“(Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг”.
Яъни, бирон ишни қилишдан олдин “Иншааллоҳ”, деб айтинг. Агар ишларни Аллоҳнинг иродасига боғлаш ёдингиздан кўтарилса, эслашингиз билан айтинг.
Бу оятдан маълум бўладики, бирон ишни қилишдан олдин, албатта “Иншааллоҳ” – агар Аллоҳ хоҳласа қила оламан бу ишни, деб айтиш лозим. Агар унутиб қўйса, эслаган вақтида айтади. Шунда ишларни Аллоҳга ҳавола қилган, оятда айтилган кўрсатмани бажарган бўлади.
“Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам яқинроқ тўғри йўлга ҳидоят қилса”, денг!
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, бирон иш қилмоқчи бўлсангиз, Парвардигорингиз хоҳишини илгари қўйинг. Агар унутсангиз, эслаган вақтингизда айтинг ва шояд Парвардигорим менинг Пайғамбар эканимга далолат қилувчи асҳобул каҳф қиссасидан ҳам яхшироқ ҳужжат-далилни берса, деб айтинг!
Аллоҳ таоло у зот алайҳиссалом сўраган нарсани ато қилди: Расули акрамга анбиёлар қиссаларини, ғайб хабарларини етказди.
Асҳобул каҳф ҳақида одамлар томонидан қилинган баҳс-мунозара баёнидан кейин Аллоҳ таоло мўмин йигитлар ғорда қанча муддат турганларини очиқ-ойдин маълум қилган:
“Улар ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар[15]. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ яхшироқ билувчидир. Осмонлар ва ернинг сирлари Ёлғиз Уникидир. У Зот нақадар Кўрувчи, Эшитувчидир! Одамлар учун Ундан ўзга дўст-мадакор йўқдир. У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмайди” (Каҳф сураси, 25-26-оятлар).
Йигитлар ғорда 300 йил ухладилар. Бунга яна тўққиз йилни зиёда қилишди.
Бу ерда Аллоҳ таоло мўмин йигитлар ғорда қанча муддат ухлаганлари ҳақида хабар қилмоқда. Буни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким аниқ билмайди. Одамларнинг бу ҳақидаги гаплари тахмин, шубҳа-гумондан иборатдир.
Баъзилар айтишича, “улар ғорларида уч юз йил турдилар” жумласи аҳли китобга тегишлидир. Аллоҳ уларга раддия бериб, “Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ яхшироқ билувчидир”, деган.
Имом Ибн Касир иккала қавлни келтириб, улардан аввалгисини тўғрироқ деб билган ва: “Бу билан Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга асҳобул каҳф ғорда қанча муддат турганларини хабар қилмоқда. Улар қамарий йил ҳисобига кўра, 309 йил, шамсий йил ҳисобига кўра, 300 йил ухлашган. Қамарий ҳисоб ҳар 100 йилда шамсийдан 3 йилга фарқ қилади. Шу сабаб Аллоҳ уч юз йилдан кейин “яна тўққиз йилни зиёда қилдилар”, деган[16]”.
“Осмонлар ва ернинг сирлари Ёлғиз Уникидир”.
Бу ерда йигитлар ғорда қанча турганларини фақат Аллоҳ аниқ билиши алоҳида таъкидланмоқда.
Яъни, осмонлар ва ердаги барча нарсани Аллоҳ билади. У Зотдан ҳеч нарса махфий қолиб кетмайди.
“У Зот нақадар Кўрувчи, Эшитувчидир!”
Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб туради, барча нарсани эшитиб туради. Хоҳ катта, хоҳ кичик, хоҳ махфий, хоҳ ошкора бўлсин, бирон нарса Унинг назари ва эшитишидан четда қолмайди. (Аллоҳнинг кўриши ва эшитиши одамларникига умуман ўхшамайди. Аллоҳ таоло Ўзи яратган мавжудотларга ўхшашдан Пок Зотдир. – таржимон).
Аллоҳ таоло оятни қуйидаги жумла билан тамомлайди:
“Одамлар учун Ундан ўзга дўст-мадакор йўқдир. У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмайди”.
Осмонлар ва ер аҳли орасида Аллоҳдан ўзга кўмакчи, мадад берувчи, ишларни тадбир қилувчи йўқдир. Аллоҳ таоло Ўз ҳукмида яратганларидан биронтасини шерик қилмайди.
Муфассирлар юқоридаги оятлар тафсирида қуйидаги масалаларни зикр қилишган:
Мўмин йигитлар қўним топган ғорнинг қаерда жойлашгани ва улар қайси замонда яшаб ўтишгани.
Уламолар асҳобул каҳф турган ғор қаердалиги ҳақида бир қанча фикрларни айтишган. Улар ичида энг машҳурига кўра, у ғор Эфес деб аталадиган шаҳар яқинидадир. Бу шаҳар ҳозир Туркия ҳудудида. Айтилишича, у Измир шаҳридан 40 мил масофа узоқликдадир. Ҳозир “Аёзбук” номи билан танилган.
Бошқа бир қавлга кўра, ғор “Абсус” дейиладиган мамлакатдадир.
Яна бир қавлга кўра, ўша ғор Ақаба кўрфази ва Фаластин оралиғидаги Петра номли мамлакатдадир. Бу ҳақида бошқа фикрлар ҳам айтилган. Аммо уларни зикр қилишдан бирон манфаат бўлмагани боис сўзни қисқароқ қилишни лозим топдик.
Жумҳур муфассирларга кўра, мўмин йигитлар мелодий III асрда, Рим императори Дақёнус замонида яшаб ўтишган. Дақёнус одамларни бут-санамларга сиғинишга мажбур қилар, сўзига кирмаганларни қаттиқ азобларди.
Қуйида асҳобул каҳф қиссасидан олинадиган энг муҳим фойдаларни қисқача зикр қиламиз:
1. Асҳобул каҳф қиссаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан етказган нарсаларнинг ҳақ эканига далолат қилади. Одамлар мўмин йигитлар ҳақидаги қисса борасида жуда кўп ихтилоф қилишди. Аллоҳ Ўз Расулига ваҳий қилиб, улар тортишаётган масалани очиқ-ойдин баён қилиб берди.
2. Имон қалбга маҳкам ўрнашса, банда учун ҳамма нарса осон бўлади.
3. Мўмин банда доим, айниқса, қийин дамларда, ғам-ташвишга ботганда Аллоҳ таолога дуо қилиши керак. Киши Аллоҳга тақво қилса, У Зотга итоат этса, Аллоҳ унга машаққатдан чиқар йўлни пайдо қилади, ғам-ташвишдан халос қилиб, уни ўйламаган томонидан ризқлантиради ва турли шикаст-балолардан сақлайди.
4. Холис ният ва тўғри фикр кишини ҳақиқат сари бошлайди. Покиза қалб соҳиблари яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладилар.
5. Шаръий сабабларни юзага келтириш Аллоҳга таваккул қилишга зид эмас. Йигитлар Аллоҳга таваккул қилиб йўлга чиқдилар ва ҳожат бўлганида ишлатиш учун пул ҳам олдилар. Демак, оқил мўминнинг Аллоҳга таваккули ва сабабларни юзага келтириши орасида зиддият пайдо бўлмайди.
6. Асҳобул каҳф қиссаси Аллоҳ таоло Ўзи яратган мавжудотларни қайта тирилтиришга қодир эканига ишора қилади.
7. Мўмин киши бирон ишни қилишни қалбига тугса, албатта “Иншааллоҳ”, дейиши керак. Зеро, у барча нарса Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ эканига имон келтиради.
ИККИ БОҒ ЭГАЛАРИ ҚИССАСИ
Қуръони каримдаги бу қисса дунё зийнати билан мағрурланган, Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилган кимса ҳаётидан мисол қилиб келтирилган. Унда ношукрлик ҳамда камтарликнинг оқибати ҳақида ҳикоя қилинади. Бу албатта, қалб кўзи очиқ инсонлар учун улуғ ибратдир.
Икки боғ эгаларининг қиссаси Каҳф сурасида келган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, кофирларга) икки киши (ҳақидаги) масални келтиринг! Улардан бири учун Биз икки узумзор боғ қилиб, иккисини ҳам хурмолар билан ўраган ва ўрталарини экинзор қилган эдик. Ҳар икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар, Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор ҳам ўтказган эдик. Яна (ўша кишининг) мол-давлати ҳам бор эди. Бас, у биродарига мақтаниб: “Менинг мол-дунёим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ, қувватлироқ”, деди. Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: “Бу ҳеч қачон йўқ бўлмайди, деб ўйлайман. Ва (ҳеч қачон) қиёмат қоим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам ҳам, албатта бундан-да яхшироқ оқибат – бахтни топаман” (Каҳф сураси, 32-36-оятлар).
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Аллоҳга эртаю кеч дуо қиладиган, фақат Унинг розилигини истайдиган мўминларга, дунё ҳаёти билан ғурурга кетган кофирларга, икки киши ҳолатини мисол келтиринг.
Аллоҳ таоло ўша икки кишидан бирига, яъни, кофирга иккита узумзор боғни ато этганди. Боғнинг атрофи ҳимоя учун хурмолар билан ўралганди. Боғлар ўртасида экинзор ҳам бор эди. Бу ерда бошқа мевалар, озиқ-овқатлар етиштириларди.
“Ҳар икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар, Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор ҳам ўтказган эдик”.
Ана ўша боғлар – узум, хурмо ва турфа хил меваларни бекаму кўст берарди. Бу баракали боғ ўртасидан бир анҳор ҳам оқиб ўтарди.
Аллоҳ таоло мана шу икки боғни жуда гўзал суратда тасвирламоқда. Ундаги меваларнинг турфа хиллиги, йил бўйи ҳосил бериши, боғнинг хурмо билан ўраб қўйилгани ва ўртасидан зилол сувларнинг оқизиб қўйилгани, барчаси унга берилган неъматларнинг улуғлигига далолат қилади.
“Яна (ўша кишининг) мол-давлати ҳам бор эди”.
Икки боғ эгасининг бундан бошқа олтин-кумуш, чорвалардан иборат молу давлати, ер-мулки ҳам бор эди.
“Бас, у биродарига мақтаниб: “Менинг мол-дунёим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ, қувватлироқ”, деди.
Бу сўзлардан турфа неъматлар билан сийланган кофир кимсанинг ғурури ва нонкўрлиги яққол кўриниб турибди.
Яъни, икки боғ эгаси шукрли мўмин кишига:
– Бойлигим сеникидан кўпроқ. Бола-чақа, дўсту ёр ва ёрдамчилар борасида ҳам сендан устунман, – деб кўкрак керди.
Албатта, бундай гап қалб кўзи кўр кимсалардан чиқади. Улар дунё зийнатлари билан кўмилганлари сари ўзларини энг зўр ва кучли деб ўйлайдилар.
Шундан кейин бундан ҳам ёмонроқ сўзлари келтирилади:
“Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: “Бу ҳеч қачон йўқ бўлмайди, деб ўйлайман. Ва (ҳеч қачон) қиёмат қоим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам ҳам, албатта бундан-да яхшироқ оқибат – бахтни топаман”.
Ўша кофир банда мўмин танишига мақтаниш билан чекланмади, у энди боғлари томон юрди. Боққа келиб:
– Менинг бу боғларим сира йўқ бўлмаслигига аниқ ишонаман. Қиёмат бўлмайди, деб биламан. Аллоҳга қасамки, фараз қилайлик, агар Парвардигоримга қайтсам, ҳозиргидан ҳам яхшироқ оқибатга эришаман, – деб ўзига юқори баҳо берди.
Ҳа, у охиратга ишонмасди, у боғи мангу ўзида қолади, ҳеч йўқ бўлмайди, бойликларим абадий, деб ўйларди. Кофирлиги сабабли шундай хаёллар уни чалғитиб қўйди.
Молу давлати билан ғурурга кетган кимсалар ҳақида Қуръони каримда яна шундай дейилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: “Қасамки, албатта (охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилади”, деган кимсани кўрдингизми?” (Марям сураси, 77-оят).
“Яна улар: “Бизларнинг мол-дунё ва болаларимиз имон келтирганларникидан кўпроқ, (бинобарин бизлар Аллоҳ наздида улардан обрўлироқмиз ва) бизлар азобланувчи эмасмиз”, дедилар” (Сабаъ сураси, 35-оят).
Юқоридаги оятларни тафаккур қилсак, икки боғ эгаси афзаллик мезони бойлик ва бола-чақа деб билгани, у ҳаётини ғурур ва манманлик асосига қургани, дунё ҳаёти зийнатлари абадий қолади, деб нотўғри ўйлагани, охират кунига ишонмагани, ўша кунда ҳисоб қилиниб, мукофот ё жазо берилишини инкор этганини кўрамиз.
Шунингдек, ўша кофир кимса охиратда ҳам худди дунёдагидек улуғ неъматларга эришаман, деб хомхаёл қилган.
У орзуларининг кўплиги, ҳирсининг кучлилиги, ғафлат уйқусида экани, ғурур отига мингани учун ҳам боғим ҳеч қачон йўқ бўлмайди, деб ўйлаганди. Афсуски, мана шу иллат ўзини мусулмон санайдиган кишиларда ҳам бор. Буни тиллари билан очиқ айтмасалар-да, қилаётган ишлари шундан гувоҳлик беради.
Кейин кофир кимсага жавобан мўмин киши айтган сўзлар келтирилади. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Биродари унга хитоб қилиб деди: “Сен ўзингни тупроқдан, сўнг нутфа – бир томчи сувдан яратиб, сўнгра инсон қилиб ростлаган Зот – Аллоҳга кофир бўлдингми?! Мен эса: “У – Аллоҳ Парвардигоримдир”, (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман. Сен боғингга кирган пайтингда: “Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлади). Бор куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ биландир”, десанг эди! Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг, шоядки, Парвардигорим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар, (сенинг боғингга эса) осмондан чақмоқлар юборади, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолади. Ёки унинг суви (ер остига) сингиб кетиб, сен уни истаб ҳам топа олмай қоласан” (Каҳф сураси, 37-41-оятлар).
Камбағал мўмин мағрур ва ношукр кофир кимсага қарата:
– Эй сен! Отанг Одам алайҳиссаломни тупроқдан, сени бир томчи сувдан яратиб, комил инсон қилган, кўринишингни чиройли қилган Аллоҳни инкор қиласанми?! – деб хитоб қилди.
“Кофир бўлдингми?!” дейиш билан инсонни мукаммал суратда яратган зот – Аллоҳга имон келтириши, ихлос билан ибодат қилиш ва берган неъматларига шукр қилиш лозимлигини таъкидланмоқда.
Шундан кейин солиҳ киши ўз ҳолатини дадиллик билан шундай ифодалайди:
“Мен эса: “У – Аллоҳ Парвардигоримдир”, (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман”.
Яъни, агар сен Яратувчи Аллоҳни инкор қилсанг, мен ундай қилмайман. Мен мўминман. Аллоҳни Ягона Илоҳ деб эътироф этаман ва Унга ибодат қиламан. Ёлғиз Аллоҳ менинг Парвардигоримдир. Унга ҳеч нарсани шерик қилмайман.
Сен боғингга кирган пайтингда: “Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлади). Бор куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ биландир”, десанг эди!
Яъни, агар боғингга кирганингда, у ердаги дарахтлар ва мевалар кўзингни қувнатганида, Аллоҳ берган неъматлар учун, молу давлат ва фарзандлар учун У Зотга ҳамду сано айтсанг, Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади, куч-қувват Аллоҳгагина хосдир, деб айтсанг, мақсадга мувофиқ бўларди!
Баъзи салафлар: “Ким ўз моли, фарзандлари ёки бойлигидан кўзи қувонча, бас, “Маа шаа-аллоҳу лаа қуввата иллаа биллааҳ, деб айтсин”, дейишган. Бу айнан шу оятдан олинган. Бу ҳақида марфу ҳадис ҳам ворид бўлган. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло бандасига неъмат берганида, у: “Маа шаа-аллоҳу лаа қуввата иллаа биллаҳ”, деб айтса, то умрининг охригача Аллоҳ таоло у бандадан ҳар қандай офатни даф қилади. Сўнгра “агар боғингга кирганингда...” оятини тиловат қилдилар” (Байҳақий, Абу Яъло, Ибн Мардавайҳ ривоят қилган).
Мўмин банда қаршисидаги нодон кимсани шукр қилишга чақирганидан кейин унинг мағрурлиги ва мақтанчоқлигини инкор қилади:
– Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг, шоядки, Парвардигорим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар, (сенинг боғингга эса) осмондан чақмоқлар юборади, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолади.
Яъни, эй мағрур одам! Агар мени бойлик ва фарзандлар бобида ўзингдан пастда деб билсанг, мен Қодир Аллоҳдан дунёда ва охиратда сенинг боғингдан кўра яхшироғини ато этишини, осмондан чақмоқ ёки кучли шамол келиб, боғингни хонавайрон қилишини, ям-яшил боғу бўстонинг гиёҳсиз теп-текис ерга айланиб қолишини тилайман!
“Ёки унинг суви (ер остига) сингиб кетиб, сен уни истаб ҳам топа олмай қоласан”.
Яъни, ё бўлмаса, боғингдаги зилол сувлар тупроқ остига сингиб кетишини истайман. Ана ўшанда сен сувни талаб қилишга қодир бўлолмайсан. Чунки сувни чиқариш фақат Аллоҳнинг ишидир.
Мўмин киши кофир кимсани мана шу йўл билан куфрдан қайтарди, ношукрлик оқибати ёмон бўлишини маълум қилди.
Қисса сўнггида нонкўр кимсанинг оқибати қандай бўлгани баён этилади:
“(Ҳақиқатан,) унинг мева-боғи ҳалок қилинди. Ўзи эса ҳувиллаб қолган ишкомларини (кўриб) ва уларга сарфлаган нарсаларни (ўйлаб,) чапак чалганича (афсус-надомат чекканича:) “Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!” деб қолаверди. Шунингдек, унинг учун Аллоҳдан ўзга на бир ёрдам берадиган жамоат бўлди ва на унинг ўзи (ўзига) ёрдам бера олувчи бўлди. У жойда салтанат ҳақ Аллоҳникидир. У энг яхши савоб – мукофот ато этувчи ва энг хайрли оқибатни берувчи Зотдир” (Каҳф сураси, 42-44-оятлар).
Кофир кимса Аллоҳнинг ҳисобсиз неъматларига ношукр бўлгани сабабли, молу давлати, боғлари ҳалок қилинди. Унинг ҳеч вақоси қолмади. Кечагина яшнаб турган боғу бўстон бугун шамоллар учириб кетадиган хас-ҳашакка айланиб қолди. Нонкўр кимса икки қўлини бир-бирига уриб чапак чалганича бу боғни обод қилиш, уни зийнатлаш учун сарфлаган пулларига қаттиқ надомат чекиб қолаверди. У мана шу боғни кўз қувнатувчи қилиш учун озмунча сарф-харажат қилганмиди? Ҳазилакам уринганмиди унинг ободлиги йўлида? Неъматлар қадрини билмаслик оқибатида ҳаммаси бекор бўлди.
“Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!” деб қолаверди.
Ўша кимса боғидан айрилгани, бор будидан маҳрум бўлгани учун афсус-надоматга қолди.
– Эҳ, дўстимнинг гапига кирсам бўларкан! Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасам бўларкан! – деб армонда қолди.
Кўп одамларнинг ҳолати худди шундай: бошларига мусибат тушса, оғир жудоликка мубтало бўлсалар, Аллоҳни эслаб қоладилар. Ваҳоланки, ишлари юришиб, ошиғлари олчи бўлиб турганида Аллоҳга дуо қилиш хаёлларига ҳам келмайди.
Бу қиссадан яна шу нарса маълум бўладики, одам бошига катта бир мусибат кутилмаганда тушса, бирданига гапиролмайди, бирон гап айтишга ожиз қолади. Кейинроқ ўзига келгач, гапиришга чоғланади. Гувоҳи бўлганимиздек, кофир кимса боғидан айрилганида, унинг кули кўкка совурилганини кўрганида, ҳеч нарса демасдан чапак чалганича қолаверди. Кейинроқ ўзига келгач:
– Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч нимани шерик қилмаганимда! – деб оҳу нола чекди.
Инсон табиатига хос ўта нозик жиҳатларнинг тасвирланиши Қуръони карим оламлар Парвардигори Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини исботлайдиган далиллардандир.
Икки боғ эгаси қиссаси Аллоҳнинг қудрати улуғлиги, амри сўзсиз бажо этилишининг баёни билан ниҳояланади:
“Шунингдек, унинг учун Аллоҳдан ўзга на бир ёрдам берадиган жамоат бўлди ва на унинг ўзи (ўзига) ёрдам бера олувчи бўлди. У жойда салтанат ҳақ Аллоҳникидир. У энг яхши савоб – мукофот ато этувчи ва энг хайрли оқибатни берувчи Зотдир”.
Бойлигига ишониб ўзига бино қўйган кимса бор-будидан айрилганида унга кўмак берадиган бирон киши – на оила аъзолари, на дўсту биродарлари топилди. Унинг бошидан балони тўсиб қолувчи бирон зот йўқ эди. Бу ишга фақат Аллоҳ қодирдир. Неъматлар қадрига етмаган у кимсага мадад берилмади. Чунки у имондан куфрни, шукрдан нонкўрликни афзал билиб, яхшилик йўлларини беркитиб қўйганди.
“У жойда салтанат ҳақ Аллоҳникидир” жумласи уч хил тушунтирилган:
1. Ана шу ҳолатда боғланиш ва ришта Ёлғиз Аллоҳга хосдир. Кофир азобни кўрганида, Аллоҳнинг ваҳдониятини эътироф этган. Бу ҳақида бошқа оятда шундай дейилган: “Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач, “Якка-ю Ягона Аллоҳга имон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик”, дедилар. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги имонлари уларга фойда берувчи бўлмади” (Ғофир сураси, 84-85-оятлар).
2. Ана ўшанда ҳақиқий салтанат оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога хосдир. Бу ҳақида шундай дейилган: “Ўша кунда ҳақ – собит подшоҳлик (Ёлғиз) Раҳмон учун бўлади. У кун кофирларга анча қийин бўлади” (Фурқон сураси, 26-оят).
“У энг яхши савоб – мукофот ато этувчи ва энг хайрли оқибатни берувчи Зотдир”.
Яъни, Аллоҳ таоло Ўзининг валий бандаларига жуда кўп яхшиликлар ва мукофотлар беради, имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотларнинг оқибатини чиройли қилади.
Биз бу қиссада мағрур ва ношукр кимсаларнинг оқибати нима билан тугашини, камтар, мўмин инсонлар қандай мақомларга эришишини, имон ва солиҳ амал банданинг нажот топиши учун васила бўлишини англадик.
Шунингдек, Аллоҳдан ўзга ҳукм қилувчи йўқ эканини, У Зот мутлоқ Қодирлигини, хоҳлаган ишини қилишини билиб, ундан етарлича ибрат олдик.
ЗУЛҚАРНАЙН ҚИССАСИ
Зулқарнайн – Аллоҳ таоло тарафидан кенг мулк ва куч-қувват ато этилган, неъматларга шукр қилган ва ер юзини ислоҳ қилиш йўлида жидду жаҳд қилган инсондир. У ҳақдаги қисса Каҳф сурасида келган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) яна Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Энди мен сизларга у ҳақидаги хабарни тиловат қиламан”. Ҳақиқатан, Биз унга (Зулқарнайнга) бу ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва барча нарсасига йўл-имконият ато этдик. Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: “Эй Зулқарнайн, сен ё азобга дучор қиласан ёки уларга яхши муомалада бўласан”, дедик. У айтди: “Золим бўлган кимсани, албатта азоблаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблайди. Энди имон келтириб, яхши амал қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлади. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрамиз”. Сўнгра у (шарққа қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун чиқишига етиб боргач, (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақлайдиган) бирон парда қилмаган эдик. Худди илгаригидек бўлди. Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз – (уни) иҳота қилиб олгандирмиз. Сўнгра у яна йўл олди. (Кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди. Улар: “Эй Зулқарнайн, шак-шубҳасиз, Яъжуж ва Маъжуж (номли қавмлар) ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Бизлар сенга бир харажат – тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир тўғон қуриб берасанми?” дедилар. (Зулқарнайн) айтди: “Парвардигорим менга ато этган (салтанат сизлар берадиган мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай. Менга темир парчаларини келтиринглар! (Темир парчалари) иккала тоғ билан биробар бўлгач, “Дам уринглар!” деди. Бас, қачонки, у ўт қилгач, деди: “Менга эритилган мис ҳам келтиринглар, у (темир парчаларининг) устидан қуяман. Энди улар (тўсиқ) устига чиқишга ҳам қодир эмаслар, уни тешик ўтишга ҳам қодир эмаслар. Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим ваъда қилган вақт келганида, ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир”, деди у” (Каҳф сураси, 83-98-оятлар).
Биқоий айтади: “Мусонинг Хизр билан қилган сафари илм талабида бўлганди. Зулқарнайннинг сафари эса Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш учун бўлди. Илм жидду жаҳднинг асоси бўлганидан, (Каҳф сурасида) аввал Мусо ва Хизр қиссаси, кейин Зурқарнайн қиссаси келтирилган[17]”.
Зулқарнайн ҳақида сўровчилар Қурайш кофирларидир. Асҳобул каҳф қиссасида зикр қилинганидек, яҳудийлар қурайш вакилларига: “Муҳаммаддан уч нарса ҳақида: аввалда ўтган йигитлар, машриқ ва мағрибни айланиб чиққан киши ва руҳ ҳақида сўранглар”, дейишган.
Муфассирлар Зулқарнайн ҳақида жуда кўп қавлларни келтиришган. Улар ичида ҳақиқатга энг яқини Алусий айтган гаплар бўлса ажаб эмас: “Абу Райҳон Беруний “Ўтмиш қавмлардан қолган осори атиқалар” номли китобида зикр қилишича, Зулқарнайн – бу, Абу Курайб Ҳимярийдир. У Яман подшоҳларидан бўлган. Яман ҳукмдорлари “Зу” лақаби билан чақирилган. Масалан, Зунаввос, Зуязин ва ҳоказо[18]”.
Қатъий айтиш мумкинки, Зулқарнайн Арастунинг шогирди Александр Македонский эмас. Чунки Александр бутларга сиғинувчи бўлган. Зулқарнайн эса Аллоҳга имон келтирган, қайта тирилиш ва ҳисоб қилишга ишонган мўмин бандалардан эди.
Рожиҳ қарашга кўра, Зулқарнайн пайғамбар эмас, солиҳ банда бўлган.
Баъзилар Зулқарнайн Мусо алайҳиссаломдан кейин яшаган, дейишади. Бироқ бундан бошқача маълумотлар ҳам бор.
Маълумки, Қуръони карим қиссаларни келтиришда қайси замон ёки маконда бўлганига эмас, асосий ибратли ва насиҳатли жиҳатларига эътиборни қаратади.
Фотиҳ ҳукмдорнинг “Зулқарнайн” деб аталишига сабаб, унинг машриқ ва мағрибни фатҳ қилганидир.
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) яна Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Энди мен сизларга у ҳақидаги хабарни тиловат қиламан”.
Яъни, эй Муҳаммад, қавмингиз Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Уларга жавобан:
– Мен сизларга унинг хабарини етказаман. Аллоҳ менга буни ваҳий орқали билдиради, – деб айтинг.
Шундан кейин Зулқарнайнга берилган неъматлар санаб ўтилади:
“Ҳақиқатан, Биз унга (Зулқарнайнга) бу ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва барча нарсасига йўл-имконият ато этдик”.
Яъни, Биз Зулқарнайнга хоҳлаган ишини амалга ошира олиши учун кучли салтанат ато этдик. Яна мақсадига эришсин деб, истаган нарсаини бердик.
Аллоҳ таоло Зулқарнайнга қандай неъматлар бергани ҳақида саҳиҳ ҳадис айтилмаган. Шунинг учун биз Аллоҳ Зулқарнайнга мулкини мустаҳкамлаши учун кўп неъматлар ато этганига имон келтирамиз. Баъзи муфассирлар келтирган заиф қавлларга эътибор бермаймиз.
“Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва (булоқ) олдида бир қавмни учратди”.
Зулқарнайн салтанатини мустаҳкамлаш истагида қуёш ботадиган томонга йўл олди. У мағриб тарафдаги обод ерларнинг сўнгги чегарасига етиб боргач, қуёш гўё бир булоққа ботиб кетаётганини кўрди. Аслида эса бундай эмасди. Одатда, инсон билан қуёш уфқи орасида сув бўлса, қуёш худди сувдан чиқиб, сувга ботаётгандек туюлади. Шунингдек, теп-текис жойда инсон қуёшни ердан чиқиб, ерга ботаётганини кўради.
Оятнинг зоҳирига кўра, бу қавм Аллоҳни танмасди. Зулқарнайн уларни Аллоҳга ибодат қилишга чақирди. Улар ичида кимлардир имон келтирди, кимлардир кофир бўлди. Аллоҳ Зулқарнайнга ихтиёр берди:
Биз: “Эй Зулқарнайн, сен ё азобга дучор қиласан ёки уларга яхши муомалада бўласан”, дедик.
Аллоҳ таоло илҳом қилиш ёки фаришта орқали:
– Эй Зулқарнайн, бу кофир ва фосиқ қавмни қатл қилиш ё бошқа йўллар билан азоблайсан ёки уларга гўзал суратда муносабатда бўласан, – деди.
Мана бу жавоб Зулқарнайннинг фикри соғломлигидан дарак беради:
“Золим бўлган кимсани, албатта азоблаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблайди. Энди имон келтириб, яхши амал қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлади. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрамиз”.
Зулқарнайн қавм иши борасида Аллоҳ берган ихтиёрга жавобан:
– Ё Раббим! Улардан ким куфрда, фосиқлик ва исёнда оёқ тираб туриб олса, ўша кимсани биз дунёда турли йўллар билан азоблаймиз. Кейин у Парвардигорига қайтарилади ва У Зот охиратда жаҳаннамнинг қаттиқ азоби билан жазо беради. Бироқ ким имон келтириб, солиҳ амалларни қилса, унга икки дунёда чиройли оқибат, ажр-мукофот ва жаннат бўлади. Биз имон келтирган ва солиҳ амалларни бажарган инсонларга енгиллик қиламиз, уларни зинҳор машаққатга қўймаймиз.
“Сўнгра у (шарққа қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун чиқишга етиб боргач, (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақлайдиган) бирон парда қилмаган эдик”.
Зулқарнайн қуёш ботиш тарафда мақсад қилган ишларини амалга оширгач, энди машриққа – кун чиқиш томонга йўл олди. У машриқ томондаги обод ерларнинг сўнгги чегарасига етиб боргач, қуёш бир қавм устидан чиқиб келаётганини кўрди. Уларни қуёшдан тўсиб турувчи либос ҳам, иморат ҳам йўқ эди. Бу қавм ер остида ва ғорларда яшарди.
Аллоҳ Зулқарнайнга худди шундай амр қилди. У Зот Зулқарнайнга жуда кўп имкониятлар ато қилган эди. Унинг мулки машриқ ва мағрибгача етиб борганди.
“Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз – (уни) иҳота қилиб олгандирмиз”.
Аллоҳ Зулқарнайн ишини тўлиқ қамраб олганди. Аллоҳдан бирон нарса махфий бўлиб қолмайди. Аллоҳ Зулқарнайннинг қанча қўшини борлиги, куч-қуввати ва аслаҳаларини, подшоҳлиги ва салтанати билан боғлиқ барча нарсаларни мукаммал билади.
“Сўнгра у яна йўл олди. (Кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди”.
Зулқарнайн мағриб ва машриқдан кейин улар ўртасидаги учинчи йўлга отланди. У икки тоғ орасига етиб келганида, у ерда тилини тушуниб бўлмайдиган бир қавмни учратди. Тилининг нотанишлиги, ақллари калталиги сабабли, уларнинг гапни тушуна олмасди.
Айтилишича, бу икки тоғ – Арманистон ва Озарбайжон тарафдаги икки тоғдир. Бу ҳақда бошқа қавллар ҳам бор.
Улар: “Эй Зулқарнайн, шак-шубҳасиз, Яъжуж ва Маъжуж (номли қавмлар) ер юзида бузғунчилик қилувчилардир”, дедилар.
Яъжуж ва Маъжуж насаби ҳақида ихтилоф қилинган. Айтилишича, улар Нуҳнинг ўғли Ёфас наслидандир. Турклар ҳам улардан саналади. Яна бошқалар, Яъжуж турклардан, Маъжуж дайламдандир, дейишган.
Яъни, бир гапни англаб ололмайдиган бу қавм Зулқарнайнда куч-қувват ва салоҳиятни кўргач:
– Эй Зулқарнайн! Яъжуж ва Маъжуж қабиласи ер юзида фисқу фасод, босқинчилик, товламачиликдан иборат турли ёмон ишларни қиладилар, – дейишди.
“Саҳиҳайн”да Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари қизарган ҳолда уйқудан уйғондилар ва: “Лаа илааҳа иллаллоҳ! Яқинлашган ёмонлик сабаб арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжуж деворидан мана шунчаси очилди”, деб қўлларини ҳалқа қилдилар. Мен: “Ичимизда солиҳ кишилар бўлса ҳам ҳалок қилинамизми?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Ҳа, агар нопокликлар кўпайиб кетса”, дедилар”.
“Бизлар сенга бир харажат – тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир тўғон қуриб берасанми?” дедилар.
Икки тоғ ортида яшовчи қавм Зулқарнайнга ишонганларидан унга бир манфаатли ишни таклиф қилишди. Уларнинг саволидан, қавм ўз ишларини Зулқарнайнга топширишга рози эканликлари маълум бўлади.
Яъни, эй Зулқарнайн, сенга жуда катта миқдорда бойлик берсак, бизларни Яъжуж ва Маъжужнинг хуружидан сақлайдиган мустаҳкам бир тўсиқ қуриб бера оласанми?!
Зулқарнайн уларнинг таклифига қуйидагича жавоб қайтарди:
– Парвардигорим менга ато этган (салтанат сизлар берадиган мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай”.
Яъни, Зулқарнайн бир гапни тушунмайдиган қавмнинг таклифига жавобан:
– Аллоҳ таоло менга берган кенг ризқ, бойлик ва куч-қувват сизлар бермоқчи бўлган ҳақдан кўра яхшироқдир! Бойлигингиз ўзингизга буюрсин! Унинг ўрнига мен тарафда туриб девор қуришда ёрдам беринглар. Шунда мен сизлар билан Яъжуж ва Маъжуж ўртасига мустаҳкам девор тиклайман, – деди.
“Менга темир парчаларини келтиринглар! (Темир парчалари) иккала тоғ билан биробар бўлгач, “Дам уринглар!” деди.
Яъни, менга катта-катта темир парчаларини олиб келинглар, – деди Зулқарнайн.
Бас, улар Зулқарнайн талаб қилган нарсани олиб келишди. Темир парчаларини иккала тоғ билан баробар бўлгач:
– Икки тоғ орасидаги темир парчалари устига олов пурканглар! – деб айтди.
Бас, қачонки, у ўт қилгач, деди: “Менга эритилган мис ҳам келтиринглар, у (темир парчаларининг) устидан қуяман”.
Темир парчалари қип-қизил олов каби бўлганида, Зулқарнайн:
– Менга эритилган мис олиб келинг! – деди.
Зулқарнайн аввалига темир парчалари олиб келишни буюрди. Қавм талабни бажо келтиришгач, устма-уст қилиб икки тоғ орасини темир парчалари билан тўлдирди. Тоғ бўйи баробарида темир бўлакларини тиклагач, “Олов ёқинглар, босқонлар билан пуфланглар!” деди. Улар Зулқарнайн айтганини қилишди. Тоғ орасига тиклаб қўйилган темир оловдек қизил тус олганида: “Менга эритилган мис олиб келинглар. Бу темирни янада мустаҳкам қиламан”, деди Зулқарнайн.
Зулқарнайн тоғ ортида яшовчи қавм таклифини лаббай, деб қабул қилди ва уларнинг талабини бажо келтирди: Яъжуж ва Маъжуж хуружидан сақлайдиган бир салобатли девор қад қўтарди.
Қуръони карим хабар беришича, бу бақувват тўсиқни ошиб ўтишга Яъжуж ва Маъжуж қабиласи қодир бўлмайди:
Энди улар (тўсиқ) устига чиқишга ҳам қодир эмаслар, уни тешик ўтишга ҳам қодир эмаслар”.
Яъжуж ва Маъжуж энди тоғ устига чиқишга имкон топа олмайдилар, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар.
Зулқарнайн бундай улкан ишни бажариб, ўзини катта олгани йўқ. Балки Парвардигорига шукр қилиб, Унинг қудрати олдида ожиз экани эътироф этди:
“Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим ваъда қилган вақт келганида, ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир”.
Яъни, икки тоғ орасига бино қилинган девор Парвардигорим Аллоҳ таолонинг марҳаматидир. У Зотнинг раҳмати ҳамма нарсадан кенгдир.
Дунё охирлаганда ёки Яъжуж ва Маъжуж чиқиш вақти келганида, бу девор теп-текис қилиб қўйилади. Аллоҳ таоло бандаларига савоб ва жазо бериш ҳақидаги ваъдаси ҳақдир, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
(Имонида содиқ, Парвардигорига хокисор ва шукрли бандалар шундай бўлади. Улар инсонлар нигоҳида қанча катта ишларни бажармасинлар, ўзларини кичик олиб, қилган ишлари Аллоҳ таолонинг марҳамати, фазлу карами сабабидан бўлганини эътироф этадилар ва бунинг учун Аллоҳга ҳамду санолар айтадилар. – таржимон).
Зулқарнай қиссасидан қуйидаги манфаатлар олинади:
1. Ер юзидаги имкониятни Аллоҳ хоҳлаган бандасига беради. Бу Аллоҳ тарафидан улуғ неъматдир.
2. Ҳақни юзага чиқариш, ботилни даф қилиш учун ер юзи бўйлаб саёҳат қилиш содиқ мўминлар сифатларидандир.
3. Адолатли раҳбар золимларни зулмдан қайтаради, адолатли кишиларга яхшилик қилади.
4. Мурувватли инсонлар қўлидан келганича муҳтожларга ёрдам беради, зулм кўраётганлардан жабр-истибдодни қайтаришга ҳаракат қилади.
5. Муҳтож инсонга яхшилик қилганда бунинг савобини Аллоҳдан умид қилиш ва муҳтожларни тоқатидан ортиқ нарсага ундамаслик фазл эгаларига хос хислатдир.
6. Содиқ мўминлар ҳар бир яхшиликни Аллоҳга нисбат берадилар ва У Зотга шукр қиладилар. Аллоҳ уларга фазлини зиёда қилгани сари улар ҳам Парвардигорларига ҳамду сано айтиб ва шукр қилишни кўпайтириб борадилар. Зулқарнайн қиссаси қуйидаги жумла билан тамомлангани қандай гўзал: “Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим ваъда қилган вақт келганида, ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир”.
УЛКАН СЕЛ ҲАҚИДАГИ ҚИССА
Аллоҳ таоло Сабаъ қабиласига жуда кўп улуғ неъматларни ато этганди. Аммо улар ношукрлик қилиб, ўзларига юқори баҳо бердилар. Натижада, Аллоҳ улардан бу неъматларни олиб қўйди. Шу маънодаги қисса Сабаъ сурасида келтирилган. Қуръони карим оятларига қулоқ тутайлик:
“Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида бир аломат бор эди – ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга:) “Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират қилувчи Парвардигордир”, (деган эдик). Бас, улар юз ўгиришгач, Биз устларига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор “боғлар”га алмаштириб қўйдик. Кофир бўлганлари сабаб уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина жазо берамиз. Биз улар билан ўзимиз баракотли қилган қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юришни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга:) “Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар”, (деган эдик). Улар эса (бу неъматларга ношукрлик қилиб:) “Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин”, дейишиб, ўзларига зулм қилдилар. Бас, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояларга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тарқатиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир сабр-қаноат қилувчи, шукр қилувчи учун оят-ибратлар бордир. Ҳақиқатан, иблис уларнинг устидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар. Фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга эргашмадилар). (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги – фақат Биз охиратга имон келтирадиган кишиларни, ундан шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир. Парвардигорингиз барча нарсани кузатиб турувчидир” (Сабаъ сураси, 15-22-оятлар).
Сабаъ аслида одамнинг исмидир. Яъни, унинг насаби: Сабаъ ибн Яшжаб ибн Яъраб ибн Қаҳтон ибн Ҳуд. Сабаъ Яман подшоҳларининг аввалгисидир.
Бу ерда Сабаъдан мурод, унинг исми билан номланган тураржой ёки қабила. Улар Ямандаги Маърабда истиқомат қилишарди. Уларнинг ери жуда унумдор, боғу роғлари бор, турли хил мевали дарахтларга бой эди. Тўғон қурганларидан кейин фаровонликлари янада зиёда бўлди. Улар ёмғир сувларини тўплаб, ҳожати тушганида ундан фойдаланишарди. Бу тўғон “Маъраб тўғони” номи билан машҳур бўлган. Бироқ Сабаъ қабиласи Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмади. Оқибатда, қўлларидаги улуғ неъматлардан айрилдилар.
Ибн Касир шундай деган: “Сабаъ Яман подшоҳлари ва аҳли эди. Табобиалар (яъни, Яман ҳукмдорлари) улардан эди. Билқис ҳам улардан эди. Улар жуда фаровон ҳаёт кечирардилар. Аллоҳ таоло уларни Ўзи берган ризқларидан истеъмол қилиб, шукр қилиш, Ёлғиз Ўзига ибодат қилишга чақириш учун пайғамбарларни юборган эди. Бироқ улар пайғамбарлар гапига қулоқ солмадилар. Шунда сел юборилиши билан жазоландилар.
Имом Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Сабаъ ҳақида “Ким у? Эркакми, аёлми ёки жой номими?” деб сўради. Шунда у зот: “У эркак кишидир. Унинг ўн нафар ўғли бор эди. Улардан олти нафари: Мазҳиж, Кинда, Азд, Ашъарий, Анмор, Ҳимяр Яманда яшаган. Қолган тўрт нафари: Лахм, Жузом, Омила ва Ғассон эса Шомда яшаган”, дедилар[19]”.
“Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида бир аломат бор эди”.
Яъни, Аллоҳга қасамки, Сабаъ қабиласи учун ўзлари яшаб турган масканларида Аллоҳнинг қудратига, У Зотнинг бандаларига меҳрибонлиги ва Унга шукр қилиш вожиблигига, ношукр кимсалар бошига балолар тушишига далолат қилувчи белги-аломатлар бор эди.
“Ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб...”
Сабаъ аҳли учун ўнг томонда ҳам, чап томонда ҳам боғу роғлар бор эди. Бу боғлар тотли мевалар билан тўлиб тошганди.
Хабарларда келишича, гар бир аёл бошига сават қўйиб ўша боғлардан ўтса, дарахтлардан тўкилган мевалар саватини тўлдириб қўяр экан.
(Биз уларга:) “Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират қилувчи Парвардигордир”, (деган эдик).
Яъни, Биз уларга пайғамбарларимиз ва солиҳ бандаларимиз тилидан:
– Парвардигорингиз сизларга ато этган мана шу ризқ-рўзлардан енглар, мазали мевалардан баҳраманд бўлинглар! У Зотга шукр қилинглар! Агар шукр қилсангиз, Аллоҳ сизларга янада зиёда қилади. Бу неъматларни берган Парвардигорингиз Аллоҳ мағфирати ва раҳмати кенг бўлган Зотдир, – дедик.
Шундан сўнг уларнинг ношукрликлари сабаб бошларига ёғилган мусибат ҳақида хабар қилинади:
“Бас, улар юз ўгиришгач, Биз устларига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор “боғлар”га алмаштириб қўйдик”.
Улар сувни тўсиш учун улкан бир тўғон барпо қилгандилар. Аллоҳга итоат этмаганликлари, неъматларга ношукрлик қилганларидан, қолаверса, тўғон ишига бепарво қараб, уни вақтида ислоҳ қилишни тарк этганликларидан сўнг тўғон бузилиб, катта миқдордаги сув ҳосилдор ерларини вайрон этиб, экинзору боғларини пайҳон қилди. Уларнинг уй-жойлари вайронага айланди. Ўзлари эса турли юртларга тарқалиб кетдилар. Уларнинг бу забун ҳоли ҳатто зарбулмасал бўлиб кетди. Яъни, хотиржамликни йўқотган, беҳаловат одамларга нисбатан “Сабаъ қабиласи каби тарқалиб кетди” ибораси ишлатилади.
Нонкўрликлари учун ширин мевалари еб бўлмас, аччиқ ва тахир меваларга айланиб қолди.
Бу улкан мусибатдан кейин Сабаъ қабиласининг баъзи уруғлари, жумладан, Авс ва Хазраж Мадинаи мунавварага, Азд қабиласи Уммонга, Ғассон қабиласи эса Шомга кўчиб ўтди.
Мана шу оятда неъматларни қадрига етмаслик, уни Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарфламаслик, ўша неъматнинг завол топишига, унинг ўрнига азоб-уқубат келишига ишора қилади. Шу сабаб қисса давомида:
“Кофир бўлганлари сабаб уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина жазо берамиз”, дейилган.
Яъни, Аллоҳ Сабаъ қабиласини неъматларга ношукрлик қилгани учун жазолади. Бу адолатли жазо эди. Аллоҳ оятларини инкор қилган, неъматларига нонкўрлик қилган, ҳидоятдан залолатни, тоатдан исённи афзал билган кимсаларни мана шундай жазолайди.
Шундан кейин уларнинг жоҳилликлари ва аҳмоқликлари сабабли йўлиққан бошқа бир мусибат зикр қилинади:
“Биз улар билан ўзимиз баракотли қилган қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юришни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга:) “Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар”, (деган эдик).
Яъни, Аллоҳ таоло қудрати ва раҳмати билан Сабаъ аҳли орасида бир-бирига яқин қишлоқларни барпо қилган эди. Бир қишлоқдан иккинчисига бориш вақти ҳам белгилаб қўйилганди. Бунинг учун ярим кун ёки ундан камроқ вақт кетарди.
Айтилишича, мусофир бир қишлоқдан йўлга чиқса, қош қорайгунича нариги қишлоққа етиб оларди.
“Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар”, (деган эдик).
– Яхшиликлар билан тўла мана шу қишлоқлар орасида кундузи ҳам, кечаси ҳам тинч-хотиржам юраверинглар. Сизлар учун ҳар қандай ҳолатда ҳам тинчлик таъминлангандир, – дедик.
Мана шу оятларда Аллоҳнинг Сабаъ аҳлига берган улуғ неъматларидан бири зикр қилинмоқда. Улар учун муборак қишлоқлар орасида сафар қилиш жуда осон қилиниб, сафар давомида тинчлик ва омонлик таъминланганди. Бунинг улуғлигини фақат сафар қилган, йўл машаққатларини бошидан ўтказган одамгина билади.
Лекин Сабаъ қабиласидагилар бу неъмат қадрига етмадилар. Балки жоҳиллик қилиб, Аллоҳ таолога қуйидагича дуо қилдилар:
– Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин.
Аллоҳ уларга фазлу марҳаматидан улуғ неъматларни берганди. Бироқ фикри тор, ақли калта, сўқир кимсалар бунинг қадрига етмасдан:
– Ё Парвардигор! Бу қишлоқлар ўртасида саҳроларни пайдо қил! Масофани узоқлаштир! – деб Аллоҳга ёлвордилар.
“Ал-кашшоф” муаллифи айтганидек, улар фаровонлик ва хотиржамлик қадрини билмадилар, фаровонликдан зерикдилар, офиятни хушламадилар. Ўзлари учун бахтсизлик ва машаққатни сотиб олдилар. Бани Исроил ширинлик ва бедана ўрнига пиёз билан саримсоқ сўраганидек улар ҳам ўзлари учун шуни афзал билишди”.
Улар мана шу ёмон сўзни айтиб ўзларига жабр қилдилар. Уларнинг дуолари қабул қилинди. Натижада, осонгина сафар қилиш имконидан маҳрум бўлиб, машаққат ва қийинчиликка дучор бўлдилар.
“Бас, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояларга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тарқатиб юбордик)”.
Яъни, уларнинг талабларини бажо келтирдик. Одамлар гапириб юрадиган, зарбулмасал қиладиган, ҳикоялар қилиб қўйдик ва турли юртларга тарқатиб юбордик. Улардан баъзилари Шомга, бошқалари эса Ироққа кўчиб ўтишди. Улар аввалда якдил бир уммат эдилар. Юртлари фаровон, хотиржам ва баракали диёр эди. Молу давлатлари, обрў-эътиборлари ҳам бор эди. Лекин берилган имкониятни қўлдан чиқардилар.
“Албатта бунда ҳар бир сабр-қаноат қилувчи, шукр қилувчи учун оят-ибратлар бордир”.
Аллоҳ томонидан берилган неъматларнинг қадрига етмагани учун уларнинг бошига шундай кўргиликлар солинди. Бунда Аллоҳнинг тоатига сабр қилувчи, У Зотнинг неъматларига шукр қилувчи оқил бандалар учун очиқ-равшан аломатлар бордир.
Шундан кейин Сабаъ қабиласининг куфри ва ношукрлиги сабаби баён қилинади:
“Ҳақиқатан, иблис уларнинг устидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар. Фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга эргашмадилар)”.
Шайтон уларни тўғри йўлдан оздирди, Аллоҳга итоат этишдан қайтарди. Улар Парвардигорларига шукр қилмадилар, шайтон макрига алдандилар. Фақат бир гуруҳ мўминлар Аллоҳга ихлос билан ибодат қилганликлари учун иблис уларни йўлдан уролмади. Улар мустаҳкам арқонни ушлаб, ҳидоят йўлида бардавом бўлдилар.
Сабаъ қабиласи мажбурлаб йўлдан оздирилмади, балки улар ўз ихтиёрлари билан исёнга қўл урдилар. Нопок нарсани покизадан ажратиш учун шундай қилинганди:
“(Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги – фақат Биз охиратга имон келтирадиган кишиларни, ундан шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир”.
Улар шайтонга мажбуран эргашганлари йўқ. Иблис васвасасини қайтариш имкони бор эди. Агар Аллоҳга мустаҳкам боғланганларида унинг васвасасидан сақланардилар. Аллоҳ қайси банда охиратга имон келтирувчи ва қайси бири охиратдан шубҳада эканини ажратиб олиш учун шайтонга одам боласини васваса қилиш имконини берган.
“Парвардигорингиз барча нарсани кузатиб турувчидир”.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Парвардигорингиз ҳар нарсани кузатиб, кўриб турувчидир. Бирон нарса У Зотнинг ҳифзи ҳимояси, кузатиши, илми ва қудратидан четга чиқолмайди.
ҚИШЛОҚ АҲЛИ ҚИССАСИ
Аллоҳ таоло Ўзигагина ихлос билан ибодат қилишга чақириш, мақталган хулқлар билан хулқланиш, ширк амаллардан қайтариш учун қишлоқ аҳлига пайғамбарларни юборганди. Бироқ жуда озчилик одамлар набийларга имон келтирдилар.
Қишлоқ аҳли ҳақидаги қисса Ёсин сурасида қуйидагича келтирилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳли – у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг[20]! Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда у иккисини ёлғончи қилишгач, Биз (уларни) учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас, (уччала элчи:) “Ҳақиқатан, биз сизларга (юборилган) элчилармиз”, деган эдилар, улар: “Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Раҳмон (яъни, Аллоҳ) бирон нарса нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзлаяпсизлар”, дедилар. (Элчилар) айтдилар: Парвардигоримиз биладики, бизлар шак-шубҳасиз, сизларга (юборилган) элчилармиз. Ва бизларнинг зиммамизда фақат очиқ-равшан етказишгина бордир”. Улар дедилар: “Ҳақиқатан, биз сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар тўхтамасангизлар, албатта сизларни тошбўрон қиламиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етади”. (Элчилар) айтдилар: “Бадгумонингиз ўзларингиз биландир! Сизларга ваъз-насиҳат қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб, дўқ-пўписа қиласизларми?!) Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!” (Ёсин сураси, 13-19-оятлар).
Қуртубий шундай деганлар: “Жумҳур уламоларга кўра, бу қишлоқ Антокиядир. Айтилишича, Исо алайҳиссалом Аллоҳга даъват қилиш учун Антокия шаҳрига ўз элчиларини юборган[21]”.
Қуртубий ва бошқа муфассирлар айтган гапни Ибн Касир маъқулламаган. Балки у киши: “Кўплаб салафлардан нақл қилинишича, бу қишлоқ Антокиядир. Элчилар эса Исо алайҳиссалом томонидан юборилган эканлар. Бир қанча сабабларга кўра, бундай мулоҳазалар бор:
Биринчидан, оятнинг зоҳирига кўра, ўша элчилар Исо алайҳиссалом тарафидан эмас, Аллоҳ томонидан юборилган: “Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда у иккисини ёлғончи қилишгач, Биз (уларни) учинчи (элчи) билан қувватлантирдик”.
Иккинчидан, Антокия аҳли Исо алайҳиссалом элчиларига имон келтирган. Масиҳ алайҳиссаломга илк имон келтирган шаҳар ҳам Антокиядир. Шу сабабли, насронийлар наздида масиҳий дин уламолари бор тўрт шаҳардан бири Антокиядир.
Учинчидан, Антокия аҳли билан Исо алайҳиссалом асҳоблари – ҳаворийлар қиссаси Таврот нозил қилинганидан кейин бўлган. Абу Саид Худрий ва бошқалар ривоят қилишича, Аллоҳ таоло Тавротни нозил қилганидан кейин бирон уммат бошига азоб туширмаган. Балки мўминларга мушрикларни қатл қилишга буюрган.
Шундан маълум бўладики, мазкур қишлоқ Антокия эмас. Чунки “Антокия” номи билан шуҳрат қозонган қишлоқ насроний замонида ҳам, бошқа даврларда ҳам ҳалок қилингани маълум эмас[22]”.
Бизнингча, аллома Ибн Касирнинг гаплари ҳақиқатга яқинроқ. Сабаби, Қуръони каримда қишлоқ аҳли кимлар экани айтилмаган. Шу ва бошқа қиссаларда ундан олинадиган панд-насиҳат ва ибратларга эътибор қаратилади.
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳли – у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг!”
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Макка мушрикларига куфр ва ўжарликда бардавом бўлган қишлоқ аҳлининг аҳволини мисол қилиб келтиринг! Уларнинг оқибати ҳам худди шу қишлоқ аҳлиники каби бўлишидан огоҳлантиринг!
Эй Муҳаммад алайҳиссалом, элчилар қишлоқ аҳлини тўғри йўлга бошлаш учун келгандилар. Макка мушриклари ҳам Сизга нисбатан худди улар каби муомала қилмоқдалар.
Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда у иккисини ёлғончи қилишгач, Биз (уларни) учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас, (уччала элчи:) “Ҳақиқатан, биз сизларга (юборилган) элчилармиз”, деган эдилар.
Яъни, Биз ўша қишлоққа икки нафар элчимизни юборгандик. Аммо улар икковини ёлғончига чиқариб, уларнинг даъватидан юз ўгиришди. Шунда Биз уларни учинчи элчи билан қувватлантирдик. Уччала элчи қишлоқ аҳлига қарата:
– Ҳақиқатан, биз сизларга юборилган Аллоҳнинг элчиларимиз. Бас, бизга итоат этинглар, Парвардигорингиз Аллоҳга чин ихлос ила ибодат қилинглар, бут-санамларга сиғинишни бас қилинглар! – дейишди.
Шундан кейин элчилар ва қишлоқ аҳли ўртасида кечган қизғин баҳс-мунозара ҳақида сўз юритилади:
Улар: “Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Раҳмон (яъни, Аллоҳ) бирон нарса нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзлаяпсизлар”, дедилар.
Қишлоқдагилар элчиларни инкор қилиб, уларга ҳурматсизлик кўрсатдилар.
– Сизлар худди биз каби оддий одамларсиз, биздан фарқли жиҳатингиз йўқ сизларнинг! – дедилар.
Уларнинг даъвосига кўра, пайғамбарлар оддий инсонлардан қандайдир жиҳатлари билан ажралиб туриши керак эди.
Улар сўзларига қуйидагиларни қўшимча қилишди:
– Даъват қилаётган нарсаларингиздан Аллоҳ бирон нарсани нозил қилмаган. “Биз пайғамбарлармиз”, деб ёлғон айтяпсизлар, – дейишди.
Шундай қилиб, қишлоқ аҳли ўзларига юборилган элчиларни тан олишмади. Уларни ёлғончиликда айблашди. Лекин элчилар бу гапларга сабр-тоқат қилиб, қишлоқ аҳлига:
– Парвардигоримиз биладики, бизлар шак-шубҳасиз, сизларга (юборилган) элчилармиз. Ва бизларнинг зиммамизда фақат очиқ-равшан етказишгина бордир, – деб жавоб қайтаришди.
Яъни, улар ишонч ва одоб билан:
– Ёлғиз Парвардигоримиз сизларга пайғамбар эканимизни билади. Унинг илми кифоя қилади. Зиммамизда сизларга Парвардигоримиз топшириғини етказиш бор, холос. Бунда ҳеч қандай ноаниқлик ва адашиш йўқдир, – дедилар.
Кўриниб турибдики, Аллоҳнинг элчилари қишлоқ аҳлига улар каби жоҳиллик билан жавоб қайтарганлари йўқ. Балки уларнинг жавобида кучли мантиқ бор эди. Ақл эгалари бу сўзларни эшитиб, уларнинг ҳақ элчилар эканини билиб оларди.
Бироқ қишлоқ аҳолиси соғлом мантиққа асосланган сўзларга эътибор қилмадилар. Уларга бу тарзда раддия бердилар:
– Ҳақиқатан, биз сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар тўхтамасангиз, албатта сизларни тошбўрон қиламиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етади.
Яъни, орамизда турганингиздан шумланяпмиз. Бу ердалингизгизни хушламаяпмиз. Юзингизга қарашни ёқтирмаймиз. Қасамки, агар бу ердан қорангизни ўчирмасангиз ва бўлмағур гапларингизни бас қилмасангиз, сизларни тошбўрон қиламиз, қаттиқ азоблаймиз! – деб дағдаға қилишди.
Лекин элчилар ҳам бўш келмадилар, уларга сабот ва ҳикматли йўл билан қуйидагича жавоб қайтаришди:
– Бадгумонингиз ўзларингиз билан! Сизларга ваъз-насиҳат қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб, дўқ-пўписа қиласизларми?!) Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!
Яъни, аслида шумланишингизга биз сабабчи бўлмадик, балки шумланиш ўзингиздандир. Куфрда оёқ тираб туриб олганингиз, ҳақдан юз ўгирганингиз учун шундай кўйга тушгансизлар! Сизлар маъсиятларга кўмилиб кетдингиз, ҳақдан ботилни афзал билдингиз, яхши гумондан кўра шумланишни устун қўйдингиз. Сизлар ҳаддан ошган бир қавмсиз! – деб жавоб қайтаришди элчилар.
Шундан кейин қишлоқ аҳли ва солиҳ бир инсон ўртасида бўлиб ўтган суҳбат келтирилади. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“(Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб деди: “Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар! Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар[23]!” (Бу сўзларни эшитган қавми: “Ҳали сен ҳам шуларнинг динидамисан?!” деганларида, у айтди:) “Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Сизлар ҳам Ёлғиз Унгагина қайтариласизлар. Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмайман. Чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг қўллаб-қувватлашлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмайди ва улар мени қутқара олмайдилар. У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўламан. Ҳақиқатан, мен Парвардигорингизга имон келтирганман. Бас, мени тингланг!” (Лекин жоҳил қавм Ҳабиб Нажжорнинг сўзларига қулоқ солмасдан қатл қилишгач, унга:) “Жаннатга кир”, дейилди. У айтди: “Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилгани ва азиз-мукаррам кишилардан қилганини билсалар эди”. Биз кейин унинг қавми устига осмондан бирон қўшин туширмадик. Биз (ҳеч нарса) туширувчи бўлмадик. Фақат бирданига даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, баногоҳ улар “ўчиб” қолдилар. Бандаларга ҳасрат-надомат бўлгай! Уларга бирон пайғамбар келмас, магар улар унинг устидан масхара қилиб кулувчи бўладилар. Ахир улар ўзларидан илгари ҳам Биз қанча асрларни (яъни, авлодларни) ҳалок қилганимизни – ўшалар уларнинг олдига қайтиб келмасликларини кўрмадиларми?! Ҳеч шак-шубҳасиз, барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилинувчилардир” (Ёсин сураси, 20-32-оятлар).
Пайғамбарлар келгани ҳақидаги хабар бутун қишлоққа овоза бўлди. Одамлар ичидан баъзилари уларга таҳдид қилишганини билиб, шаҳар чеккасида яшайдиган бир ақли соғлом киши қавмига насиҳат қилиш, пайғамбарларга азият етказишдан қайтариш учун қавми олдига ошиқди:
“(Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб...”
Айтилишича, бу кишининг исми Ҳабиб Нажжордир. У дурадгорлик билан шуғулланган.
Баъзи муфассирлар унинг касби-кори ва ҳолати ҳақида зикр қилишган. Ўйлаймизки, буларни келтиришдан бирон наф йўқ. Чунки муфассирлар айтган гапларни тасдиқлайдиган битта ҳам саҳиҳ ривоят ворид бўлмаган.
Аллоҳ таоло у кишининг исми, касби ва ҳолатини зикр қилмаган. Парвардигори олам уни Қуръони каримда зикр қилишининг ўзи унинг учун улуғ фахрдир. Биздан талаб қилинадигани солиҳ кишиларга эргашиш ва имонда собитқадамлик билан улар ортидан юришдир.
Қисса аввалида пайғамбарлар юборилган жой қишлоқ дейилганди. Бу ерда эса шаҳар деб айтилмоқда. Бу, унинг ҳудудлари жуда кенг бўлгани, элчилар ҳақидаги хабар бутун юрт бўйлаб дув-дув овоза бўлганидан дарак беради.
“Шошганча келиб...” дейишилидан ўша мўмин кишининг нафси пок, қалби соғлом, ҳиммати баланд, қатъиятли эканини билиб оламиз. У пайғамбарлар ва қавми олдига келиб, ҳақ сўзни баралла айтишга шошилди. Кўпчилик каби жимгина ўтиравермади. Балки қавмини яхшиликка йўллаб, ёмонликдан қайтариш умидида улар томон шошилди.
“Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар!”
Бу ерда Ҳабиб Нажжор қавми олдига етиб борганида айтган сўзлари келтирилмоқда.
Яъни, у қавмига насиҳат қилиб:
– Эй қавмим! Сизларни энг тўғри йўлга бошлаш, очиқ залолатдан қутқариш учун келган пайғамбарларга эргашинг! – деб хитоб қилди.
“Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар!”
Яъни, Парвардигорингиз юборган бу зотлар ортидан юринг, насиҳатларини қабул қилинг. Улар ўзлари тўғри йўлдадирлар, соғлом ақидаларида собитқадамлар, тўғри йўлга бошлаганлари учун сизлардан ҳақ талаб қилмайдилар. Агар бу элчиларга эргашсангиз, молингиз камайиб қолмайди. Балки дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топасизлар.
Бу сўзларни эшитган қавми: “Ҳали сен ҳам шуларнинг динидамисан?!” деганларида, у айтди:
– Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Сизлар ҳам Ёлғиз Унгагина қайтариласизлар. Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмайман. Чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг қўллаб-қувватлашлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмайди ва улар мени қутқара олмайдилар. У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўламан. Ҳақиқатан, мен Парвардигорингизга имон келтирганман. Бас, мени тингланг!
Яъни, солиҳ киши қавмига қарата:
– Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишдан мени нима тўсиб туради?! Мен аввалда ҳеч нарса эмасдим. У Зот йўқдан бор қилди мени. Вафот этганимиздан кейин яна Аллоҳга қайтамиз. Аллоҳ сизлар дунёда бажарган ишларингизни ҳисоб қилади. Шунга қараб, мукофот ёки жазо беради, – деб насиҳат қилди.
“Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?!
Бу ердаги савол инкор ва рад этиш маъносидадир.
Яъни, Аллоҳга ибодат қилишда бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмас!
(Ҳаргиз ундай қилмайман. Чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг қўллаб-қувватлашлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмайди ва улар мени қутқара олмайдилар”.
Яъни, агар Аллоҳ менга зарар етказишни истаса, ўша бутлар мендан бирон нарсани қайтаролмайди, мени қўллаб-қувватлашга ҳам қодир бўлмайди. Агар Парвардигорим бошимга бирон мусибат тушишини ирода қилса, бу жонсиз санамлар мендан азобни тўсиб қололмайдилар!
“У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўламан”.
Яъни, агар мен ибодатда Аллоҳга бошқа “илоҳлар”ни шерик қилсам, у ҳолда адашиб кетишим аниқ.
Шундан кейин шижоат билан ўз имонини эълон қилди:
– Ҳақиқатан, мен Парвардигорингизга имон келтирганман. Бас, мени тингланг!
Яъни, сизларни яратган ва ризқлантирувчи Парвардигорингизга имон келтирдим. Бас, мен айтаётган гапларга қулоқ солинг! Аллоҳга ишонганимга, манави бутларни инкор қилиб, Парвардигоримга бирон нарсани шерик қилмаслигимга гувоҳ бўлинг!
Қалбида имон мустаҳкам ўрнашган мўмин киши ҳақни муносиб тарзда ҳимоя қила олди. У маломатчининг таънаю дашномларидан ҳеч ҳам чўчимади. Қавмини турли йўллар билан тўғри йўлга бошлади, уларни ширк амаллардан қайтарди. Лекин жоҳил қавм Ҳабиб Нажжорнинг ҳикматли насиҳатларига кирмади. Оятнинг сиёқига кўра, қавм солиҳ кишини қатл қилишгач, унга:
Солиҳ киши вафот этаётганида фаришталар унга башорат бериб:
– Имонинг ва эзгу амалинг сабаб жаннатга кир! – дейишди.
Бу ердаги буйруқдан мурод, жаннатга киришга изн берилишидир. Бу, қишлоқ аҳлига юборилган элчиларни тасдиқлаган солиҳ киши дунёдан ўтганига ишорадир. Ибн Масъуддан ривоят қилинишича, ўша киши айтадиган гапларини айтиб бўлганидан кейин қавм уни қатл қилган.
Айтилишича, бу ердаги буйруқ изн эмас, балки жаннатга кириш ҳақидаги башоратдир. Яъни, ўлим фаришталари унга аҳли жаннатдан эканини, қиёмат куни қайта тирилиб ҳисоб қилингандан кейин мўминлар билан бирга жаннатга киришини башорат беришган[24]”.
У айтди: “Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилгани ва азиз-мукаррам кишилардан қилганини билсалар эди”.
Бу ерда солиҳ кишининг башоратдан кейин айтган гаплари келтирилмоқда.
Яъни, солиҳ кишига: “Имонинг ва солиҳ амалларинг сабаб жаннатга кир!” дейилди. Шунда у:
– Мени қатл қилган, насиҳатларимга қулоқ солмаган қавмим Парвардигорим берган мукофотни, У Зот мени мағфират қилиб, фазлу карами ила мукаррам бандаларидан қилганини билишса эди! – деб айтди.
Ибн Касир шундай деган: “Агар қавм аъзолари солиҳ киши эришган савоб, неъматларни кўрганларида, албатта пайғамбарларга эргашган бўлардилар. Аллоҳ ўша солиҳ кишига раҳм қилсин, ундан рози бўлсин! У қавмининг ҳидоятга келишини жуда хоҳлаганди, уларнинг тўғри йўлга юришларидан умидвор бўлганди[25]”.
“Ал-кашшоф” муаллифи шундай деганлар: “Бу ерда жоҳилларга мулойим муомала қилиш, ғазабни босиш, ўзига ёмонлик қилганларга ҳам яхши муомала қилиш, уларга холислик қилиш, манфаати йўлида жонини фидо қилиш, уларни дуоибад қилмаслик лозимлигига ишора бордир. Ахир солиҳ киши ўзини қатл қилган, бут-санамларга сиғинган кофир кимсаларга яхшиликни соғинганини кўрмайсанми[26]?”
Шундан кейин қишлоқ аҳли бошига тушган кўргилик ҳақида хабар берилади:
“Биз кейин унинг қавми устига осмондан бирон қўшин туширмадик. Биз (ҳеч нарса) туширувчи бўлмадик”.
Яъни, Биз унинг ўлимидан кейин қишлоқ аҳлини ҳалок қилиш учун осмондан азоб фаришталарини туширмадик. Чунки бирон нарса қилишимизга арзимас эдилар. Уларнинг шаъни пастлиги ва ҳоли хароб экани учун Биз осмондан бирон нарса туширувчи бўлмадик.
“Фақат бирданига даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, баногоҳ улар “ўчиб” қолдилар”.
Уларнинг бошига туширган уқубатимиз биргина қичқириқдан иборат бўлди. Жаброил Бизнинг амримиз билан қаттиқ қичқирди. Натижада, улар қимирлашга ҳам мажоллари келмайдиган маййитларга айландилар, барчалари, битта қолмай ҳалок бўлдилар. Улар аввал ловуллаб ёниб турган олов эдилар. Кейин эса бирдан ўчиб қолдилар.
Элчиларни ёлғончига чиқариб, насиҳатини қабул қилмаган, солиҳ кишиларни қатл қилган кўрнамак кимсалар оқибати мана шундай бўлади.
Аллоҳ таоло ёлғончи кимсалар оқибатидан хабар бергач, барча инсонларни вақт борида панд-насиҳат олишга, тўғри йўлдан юришга амр қилади:
– Бандаларга ҳасрат-надомат бўлгай! Уларга бирон пайғамбар келмас, магар улар унинг устидан масхара қилиб кулувчи бўладилар.
Қўлдан чиқарилган имконият сабабидан қаттиқ ғамга ботиш, надомат чекиш “ҳасрат” дейилади.
Бу ердаги “бандалар”дан мурод, элчиларни инкор қилган кишилардир. Улар тўғри йўлдан кўра сўқирликни афзал билишди. Бу ерда, аввало, ана ўша кимсалар назарда тутилмоқда. Кофир кимсалар ҳолидан ажабланилмоқда. Уларнинг ҳоли ҳайратланишга, ажабланишга ва ибрат олишга муносиб экани баён қилинмоқда. Ахир уларнинг бошига тушган мусибат ва кўргилик мана шунга далолат қилади.
Оятнинг маъноси қуйидагича: куфрлари сабаб ҳалок қилинган ўша бандаларга ҳасрат-надомат бўлсин! Улар ҳидоят элчилари бўлмиш пайғамбарлар устидан кулиб, масхара қилиб, уларни камситишди, даъватларига унашмади. Аслида ақлларини ишлатганларида, анбиёлар даъватига лаббай деб ижобат қилган, Аллоҳга итоат этган бўлишарди.
Сўнгра ўзларидан олдин ўтган қавмлар қиссасидан ибрат олмайдиган Макка кофирлари танқид остига олинади:
“Ахир улар ўзларидан илгари ҳам Биз қанча асрларни (яъни, авлодларни) ҳалок қилганимизни – ўшалар уларнинг олдига қайтиб келмасликларини кўрмадиларми?!”
Яъни, Биз куфрда қаттиқ туриб олганлари, пайғамбарларини истеҳзо қилганлари туфайли олдин ўтган қанчадан-қанча умматларни ҳалок қилганимизни Макка кофирлари наҳотки билмасалар?! Ҳалок қилинган ўша қавмлар улар олдига келиб, бошларига тушган мусибат ҳақида асло хабар беролмайдилар. Улар бунга қодир эмаслар. Аллоҳ ирода қилган ҳикматга кўра шундай бўлади.
Бироқ улар қиёмат куни қабрларидан чиқиб, ҳисоб қилиниш учун У Зот ҳузурида тўпланадилар:
“Ҳеч шак-шубҳасиз, барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилинувчилардир”.
Макка аҳли ва бошқалар билдиларки, Биз аҳли золим бўлган жуда кўп қишлоқларни ҳалок қилдик. Ҳалок қилинган кимсалар дунёда Макка аҳли олдига қайтиб келганлари йўқ. Бироқ аввалги ва охирги авлодлар жамоаси қиёмат куни албатта Бизнинг ҳузуримизга қайтиб келадилар. Биз уларнинг амалларига мувофиқ ҳисоб қиламиз. Уларга мукофот ё жазо берамиз.
Бу ҳақида бошқа оятда шундай дейилган: “Қасамки, албатта барча (халойиққа) қилган амалларининг (жазосини) Парвардигорингиз комил қилиб беради. Албатта У Зот улар қилаётган амалларидан Хабардордир” (Ҳуд сураси, 111-оят).
Бу ҳикматли қиссадан қуйидаги хулосалар чиқади:
1. Аллоҳ таоло бандаларига марҳамати чексиздир. У Зот уларга бир эмас, бир қанча пайғамбарларни юборган.
2. Оқил кишилар жоҳиллар жаҳолатига, тентак кимсалар нодонлигига мулойимлик ва сабр-бардош билан жавоб қайтарадилар.
3. Ҳар қандай уммат ичида қалби пок, одоб-ахлоқ эгаси бўлган инсонлар топилади. Улар ҳақ тарафда туриб, адолатни ҳимоя қиладилар. Шаҳарнинг нариги четидан шошилганча келиб элчилар ҳимоясига ошиққан солиҳ киши Ҳабиб Нажжор бунга ёрқин мисол бўлади.
4. Золим қавмни ҳалок қилиш, ҳидоятдан кўра залолатни афзал билган жоҳилларни азоблаш Аллоҳнинг адолатидандир.
5. Ақлли кишилар ўзларидан аввал ўтган қавмлар қиссасидан ибрат оладилар, уларнинг хатоларини такрорламасликка ҳаракат қиладилар. Солиҳларга эргашиш ва бетавфиқлар даврасини тарк этиш фаросат соҳибларининг одатидир.
БОҒ ЭГАЛАРИ ҚИССАСИ
Боғ эгалари қиссасининг қисқача баёни шундай: бир солиҳ киши ўғилларига мевали боғини қолдириб кетади. Вафот этаётганида боғдаги меваларнинг бир қисмини камбағал ва мискинларга беришни васият қилади. Бироқ ота вафотидан кейин ўғиллар васиятни унутиб, бахиллик қилишиб, оқибатда, боғларидан айрилишади. Мевалар ҳақини адо қилмаганлари ва хасисликлари сабабидан мевали боғларига талафот етади.
Ана энди Қуръони каримга қулоқ тутамиз. Оятларда мазкур қисса ўта балоғатли ва таъсирли услубда баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Ҳақиқатан, Биз уларни (Макка аҳлини очарчилик ва қаҳатчилик билан) балоладик. Биз (илгари) боғ эгаларини ҳам худди шундай (маҳрумлик билан) балолаган эдик. Ўшанда улар, албатта уни эрта тонгда (ҳақ-улуш) ажратмаган ҳолларида узиб олишга қасам ичган эдилар. Бас, улар уйқуда бўлган чоғларида унинг устида Парвардигорингиз томонидан бўлган айланувчи бир айланди-ю, узилгандек бўлиб қолди. Улар эса тонгда туришиб: “Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангиз, зироатгоҳларингизга юра қолинглар”, (деб) бир-бирларини чақирдилар. Сўнг: “Бугун устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да”, (дейишиб) бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар. Улар ёмон ният билан қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар. Энди қачон уни кўришгач, (аввал): “Шак-шубҳасиз, биз йўлдан адашиб қолдик”, дедилар. (Сўнг бу ўзларининг боғлари эканини билишгач:) “Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз”, дедилар. (Шунда) уларнинг инсофлироғи: “Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтиб – шукр қилмайсизларми, демаганмидим?” деган эди, улар (вақт ўтгач): “Парвардигоримизга тасбеҳ айтамиз. Ҳақиқатан, бизлар (ўзимизга) зулм қилувчи бўлдик”, дедилар. Сўнг бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошлашди. Улар дедилар: “Эй, ўлим бўлсин сизларга! Ҳақиқатан, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик. Шояд Парвардигоримиз бизларга ундан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилувчилармиз”. (Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, охират азоби шак-шубҳасиз, янада каттароқдир. Албатта тақводор зотлар учун Парвардигори хузурида ноз-неъмат боғлари бордир” (Қалам сураси, 17-34-оятлар).
Ибн Касир шундай деганлар: “Аллоҳ таоло буни Қурайш кофирларига мисол қилиб келтирган. Аллоҳ уларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юбориб улуғ марҳамат кўрсатган ва улкан неъматлар ато этганди. Бироқ улар муҳтарам Пайғамбарни тасдиқлаш ўрнига ёлғончига чиқаришди ва у зотга тиш-тирноқлари билан қаршилик қилишди.
Баъзи салафлар зикр қилишича, боғ эгалари Яман аҳлидан бўлишган. Улар “Заравон” дейиладиган қишлоқда яшаганлар. У Санъодан олти мил узоқликдадир. Ота болаларига бу боғни мерос қилиб қолдирганди. Улар аҳли китобдан эдилар. Оталари яхши хулқли инсон бўлган. Боғдаги меваларнинг керагини олиб, қолганини камбағалларга садақа қилиб юборарди.
Солиҳ ота вафот этгач, боғ ўғилларига мерос қолди. Улар: “Отамиз роса аҳмоқ одам бўлган. Бу боғнинг меваларидан бир қисмини камбағалларга улашган. Агар биз уларга улуш ажратмасак, молимиз янада кўпаяди!” дедилар. Улар шунга азму қарор қилишгач, ният қилган нарсаларининг тескариси содир бўлди. Уларнинг қўлидаги барча нарса ҳалок қилинди: сармоя ҳам, ундан келадиган фойда ҳам кетказилди. Қўлларида ҳеч вақоси қолмади. Бор-будидан айрилишди[27]”.
“Ҳақиқатан, Биз уларни (Макка аҳлини очарчилик ва қаҳатчилик билан) балоладик. Биз (илгари) боғ эгаларини ҳам худди шундай (маҳрумлик билан) балолаган эдик”.
Бу ердаги “балолаш”дан мурод, имтиҳон қилиш, синашдир. Бу яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам бўлиши мумкин. Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай деган: “Ҳар бир жон ўлимни тотиб кўрувчидир. Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам “алдаб” имтиҳон қиламиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина қайтариласизлар” (Анбиё сураси, 35-оят).
Бошқа ўринда эса бундай дейилади: “Биз уларни (яъни, яҳудийларни) бутун ер юзига жамоа-жамоа қилиш бўлиб юбордик. Уларнинг ораларида яхшилари (имон келтирганлари) ҳам, ундай эмаслари (имонсизлари) ҳам бор. Уларни (куфр ва исёндан) қайтишлари учун кўп яхшилик (неъматлар) ва ёмонлик (балолар) билан синаб кўрдик” (Аъроф сураси, 168-оят).
Юқоридаги оятнинг маъноси қуйидагича: Биз берган неъматларга нонкўрлик қилганлари, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни инкор қилганлари боис Қурайш мушрикларини қаҳатчилик ва очарчилик билан имтиҳон қилдик. Ҳатто ўлимтикларни едилар. Бундан илгари боғ эгаларини ҳам худди шундай имтиҳон қилгандик. Бахилликлари ва Аллоҳнинг амридан бўйин товлаганлари учун уларнинг боғини буткул вайрон қилган эдик.
Демак, боғ эгаларининг қиссаси Макка аҳли учун маълум бўлган. Шу сабаб, ибрат олишлари учун Аллоҳ хасис ўғиллар ҳақидаги қиссани мисол қилиб келтирмоқда.
Макка аҳли ва боғ эгалари орасидаги ўхшашлик шуки, икки тоифага ҳам улуғ неъматлар ато этилганди. Иккови ҳам неъматлар қадрига етмади, унинг ҳақини адо қилмади. Бунинг оқибатида қўлларидаги молу давлатдан айрилишди.
“Ўшанда улар, албатта уни эрта тонгда (ҳақ-улуш) ажратмаган ҳолларида узиб олишга қасам ичган эдилар”.
Бу ерда “улар” деб боғни оталаридан қабул қилиб олган ўғилларнинг айримлари назарда тутилмоқда, ҳаммаси эмас. Зотан, ўғиллар орасида ақли расо ва Аллоҳнинг ҳақларини адо қилувчилари ҳам бўлган.
Яъни, улар эрта тонгда боғдаги меваларни узиб олишга қасам ичишди. Бироқ мевалардан муҳтож инсонларга зиғирча ҳам ҳақ ажратмадилар. Аллоҳ таоло уларга бу ишни вожиб қилганди. Лекин улар мискин ва камбағалларни маҳрум қилиб, меваларни тўлиқ ўзлари олмоқчи бўлишди.
Шундан кейин бу ёмон қасамларининг оқибати қандай натижа билан тугагани баён қилинади:
“Бас, улар уйқуда бўлган чоғларида унинг устида Парвардигорингиз томонидан бўлган айланувчи бир айланди-ю, узилгандек бўлиб қолди”.
Ўша бахил кимсалар боғнинг меваларидан биронта ҳам камбағалга бермасликка қасам ичишди. Шунда боғ устига бало ёғилди. Натижада, боғ ёниб, кули кўкка совурилди. Ундаги мевалар худди узиб олингандек бўлиб қолди. Боғда наф келтира оладиган ҳеч вақо қолмади.
Аллоҳ таоло боққа қандай бало юборилганини зикр қилмаган. Чунки қиссани келтиришдан мақсад балонинг қандайлигини баён қилиш эмас, балки инсонларни бу ҳодисадан ибрат олишга ундашдир.
Имом Қуртубий шундай деганлар: “Ушбу оят инсоннинг қатъий қарори – қалбидаги нияти учун ҳам жазоланиши мумкин эканига далолат қилади. Ахир боғ эгалари муҳтожларга улуш ажратмасдан меваларни узиб олишга аҳд қилишди. Ҳали ниятларини амалга оширмай туриб жазоланишди. Шу маънода Аллоҳ таоло: “Ким у жойда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса, (буларнинг ҳар бирига) аламли азобдан тотдириб қўямиз[28]”, деган.
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар икки мусулмон банда қиличи билан учрашиб қолса (яъни, урушса), қотил ҳам, ўлдирилган ҳам жаҳаннамдадир”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, қотил (жаҳаннамга тушиши маълум). Аммо нима сабабдан ўлдирилган (ҳам дўзахга киради)?” деб сўралди. Шунда у зот: “Чунки у ҳам шеригини ўлдиришга ташна (қаттиқ хоҳлаб турган) эди”, дедилар[29]”.
Шундан кейин азму қарорларини амалга ошириш учун қандай ҳаракат қилганлари тасвирланади:
Улар эса тонгда туришиб: “Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангиз, зироатгоҳларингизга юра қолинглар”, (деб) бир-бирларини чақирдилар”.
Улар биров кўриб қолмаслиги учун тонг саҳарлаб бир-бирларини чақиришди:
– Юринглар, боғимизга бориб эрта тонгда меваларни тезроқ узиб олайлик! Биров кўриб қолмасин! – дея бир-бирларига хитоб қилишди.
Сўнг: “Бугун устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да”, (дейишиб) бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар.
Улар овозларини пасайтириб боғ томон шошилганча йўл олдилар ва бир-бирларига:
– Ҳазир бўлинглар, бугун боғингизга биронта мискин кириб олмасин! – деб пичирлашиб гапиришди.
“Улар ёмон ният билан қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар”.
Боғ эгалари эрта тонгда кечаги қарорларини амалга ошириш учун боғ томонга йўл олишди. Айни пайтда уларни бу аҳдидан ҳеч ким қайтаролмасди. Чунки улар мақсадига эришиш учун барча чораларни кўриб қўйишганди: меваларни узиб олишни сир тутишди, эрта тонгда боғ томон йўл олишди ва мискинлар кўзидан четроқ бўлиш учун бор кучларини сарфлашди.
Бироқ боққа бориб, не кўз билан кўрсинларки, боғлари ўзгариб қолибди. Уларнинг ўша вақтдаги ҳолатлари Қуръони каримда мана бундай тасвирланган:
Энди қачон уни кўришгач, (аввал): “Шак-шубҳасиз, биз йўлдан адашиб қолдик”, дедилар. (Сўнг бу ўзларининг боғлари эканини билишгач:) “Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз”, дедилар.
Улар боғларини ғалати ҳолда кўришгач, аввалига:
– Ие! Адашиб бошқа йўлга кириб қолибмизми?! Бу бизнинг боғ эмас. Боғимиз кеча ғарқ пишган мевалар билан тўла эди-ку! – дейишди.
Бироқ кўз ўнгларидаги вайрона – “боғ” ўзлариники эканига иқрор бўлгач:
– Йўқ, адашмабмиз. Боғимиз шу экан. Аслида мискинлар ҳақини поймол қилганимиз учун Аллоҳ бизни боғимиздан маҳрум қилибди! – деб оҳу нола чекишди.
Шунда улар ичида ақл-заковат соҳиби бўлган бир ўғил:
– Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтиб – шукр қилмайсизларми, демаганмидим? – деди.
Бу ердаги “тасбеҳ” истиғфор айтиш, тавба қилиш ва ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини беришдир.
Яъни, ака-укалар ичидаги энг оқили, энг инсофлиси бўлиб ўтган воқеани ўз кўзи билан кўрганидан кейин биродарларига хитобан:
– Сизлар мискинларни боғдаги меваларнинг бир қисмидан маҳрум қилаётганингизда: “Аллоҳга тақво қилинглар, бундай қилманглар! Отангиз қилиб келган эзгу ишни давом эттиринглар! Мискинларга улуш ажратинглар!” демаганмидим. Лекин менинг гапимга қулоқ солмадинглар, ўз билганингиздан қолмадинглар. Гапимга кирмаганингиз оқибатида боғингиздан бутунлай ажраб қолдингиз! – деди.
Кўп одамлар неъмат қўлларидан кетганидан кейин унинг қадрини биладилар ва надомат чекадилар. Боғ эгалари ҳам оқил биродарларига хитобига жавобан:
– Парвардигоримизга тасбеҳ айтамиз. Ҳақиқатан, бизлар (ўзимизга) зулм қилувчи бўлдик, – дедилар.
Яъни, улар вақт ўтгандан кейин қилган гуноҳларини тан олиб, кеч бўлса ҳам:
– Парвардигоро! Биз Сенинг нуқсонлардан поклигингни эътироф этамиз. Сенга истиғфор айтамиз. Қилган айбимизни кечир! Биз бандаларинг ҳақига тажовуз қилиш билан ўзимизга жабр қилдик, – деб илтижо қилдилар.
Шундан сўнг боғлари барбод бўлганига ишонч ҳосил қилганларидан кейин ўрталарида бўлиб ўтган воқеа баён қилинади:
“Сўнг бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошлашди”.
Улар шу кўйга тушганларидан кейин бир-бирларини маломат қила бошлашди. Ҳар бири айбни кимгадир ағдаришга уринди: “Сен туфайли шундай мусибатга учрадик!” деб бир-бирларига танбеҳ бера бошлашди.
Улар: “Эй, ўлим бўлсин сизларга! Ҳақиқатан, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик. Шояд Парвардигоримиз бизларга ундан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилувчилармиз”, дедилар.
Яъни, улар афсус-надомат билан:
– Э, воҳ! Ҳолимизга вой! Биз ҳадимиздан ошдик, Парвардигоримиз амридан бўйин товладик. У Зот бизга фазлу марҳаматини кенг қилган эди. Аммо биз зиқналик қилдик. Энди Аллоҳ бизга бундан ҳам яхшироқ неъматларни ато этишидан умидвормиз! Биз Ёлғиз Аллоҳга тавба ва истиғфор билан тазарру қиламиз. Умидимиз яккаю Ягона Аллоҳдан! – дедилар.
“(Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир”.
Аллоҳ амрига қарши чиққан Макка кофирларини ҳам, улардан бошқаларни ҳам худди боғ эгаларини ношукрликлари сабаб неъматдан айро қилгани каби азоблайди.
(Бу оятда эшитувчилар диққатини жалб қилиш учун аввал кесим (хабар), кейин эга (мубтадо) келмоқда. Буни тилимизга сўзма-сўз таржима қилинса: “Мана шундай бўлади азоб” тарзида ифодаланади. – таржимон).
“Агар билсалар, охират азоби шак-шубҳасиз, янада каттароқдир. Албатта тақводор зотлар учун Парвардигори хузурида ноз-неъмат боғлари бордир”.
Аллоҳ дунёда боғ эгаларини азоблагани каби Макка мушрикларини ҳам жазолади. Бироқ охиратдаги азоб дунёдагидан кўра оғирроқ, давомийроқ ва аламлироқдир. Агар илм ва фаҳм-фаросат эгалари билсалар, имон ва солиҳ амал билан эҳтиётларини қиладилар, уларнинг оқибатига йўлиқишдан ҳазир бўладилар.
Мана шу қиссасини тафаккур қилган киши одамзот руҳиятига хос нозик жиҳатлардан хабардор бўлади: бой бўлганида ва камбағаллигида, неъматга эришиб турганида ва ундан ажраб қолганида қай кўйга тушишидан вофиқ бўлади.
Боғ эгалари қиссасидан олинадиган энг катта ибрат шуки, Аллоҳнинг неъматларини инкор қилган, қадрига етмаган ношукр бандалар оқибати яхши бўлмайди. Нонкўрлик неъматнинг заволига сабабдир.
ЧОҲ ЭГАЛАРИ ҚИССАСИ
Чоҳ эгалари қиссасини қисқача баён қиладиган бўлсак, бир гуруҳ содиқ мўминлар жамоаси имон ва ихлосда, Аллоҳга ибодат қилишда собитқадам бўлиб туришган. Натижада, уларнинг душманлари мўминларни қаттиқ азоблашган. Бир чоҳ (чуқур) қазиб, унга олов ёқишган ва мўминларни ана ўша чуқурга ташлашган. Қуръони каримда бу қисса ажиб ва таъсирли услубда баён қилинган:
“Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам. Ваъда қилинмиш кунга қасам. (Ўша кунда) гувоҳ бўлувчи ва гувоҳ бўлинувчига қасамки, чоҳ эгалари лаънатлангайлар! (У чоҳ) ўтинли оловдир! Ўшанда улар (чоҳнинг) устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар[30]. Улар фақат (мўминлар) қудрат ва мақтов Эгаси бўлган Аллоҳга – осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир! Албатта мўминлар ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бор ва улар учун ўт азоби бордир! Албатта имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу буюк саодатдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг ушлаши қаттиқдир. Албатта Унинг Ўзи бошлайди ва қайтаради. У Мағфиратли, Муҳаббатли Зотдир. (У) Арш Соҳиби бўлмиш Буюк Зотдир. (Аллоҳ) истаган нарсасини амалга оширувчидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга қўшинларнинг – Фиръавн ҳамда Самуд (қабиласининг) хабари келдими? Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар)! Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир. Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришлардан ҳимояланган Лавҳдаги) буюк Қуръондир” (Буруж сураси, 1-22-оятлар).
“Бурж” сўзи луғатда “баланд қаср” мазмунини ифодалайди. Бу ерда “бурж”лардан мурод, юлдуз ва сайёралардир. Улар ўн иккитадир: ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв ва ҳут.
Бурж деб аталишига сабаб, у осмон жисмларига нисбатан бир манзил-макон кабидир.
“Ваъда қилинган кун” қиёматдир. Чунки Аллоҳ таоло ушбу кунда бандалар қилган яхши амаллари учун мукофот, ёмонликлари учун жазо беришни ваъда қилган.
“Гувоҳ бўлувчи” қиёмат кунига шоҳид бўлиб, ундаги даҳшатли манзара ва ажойиботларни кўрувчидир.
“Гувоҳ бўлинувчи” эса, ёш болалар сочини оқартириб юборадиган кунда бўладиган воқеа-ҳодисалардир.
“Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам. Ваъда қилинмиш кунга қасам. (Ўша кунда) гувоҳ бўлувчи ва гувоҳ бўлинувчига қасамки, чоҳ эгалари лаънатлангайлар!”
Яъни, қасамки, куфру исёнлари сабаб чоҳ эгалари лаънатлангандирлар, Аллоҳнинг раҳматидан узоқдирлар!
“Чоҳ” ердаги узун чуқурдир. У хандаққа ўхшайди.
“Чоҳ эгалари” – аввалда ўтган кофир қавм. Улар ерда катта бир чуқур кавлаб, ичида гуриллатиб олов ёқишган ва унга мўминларни ташлашган. Мўминлар Аллоҳга бўлган имонлари сабабли динсиз кимсалар томонидан шундай азобга гирифтор қилинган.
“(У чоҳ) ўтинли оловдир! Ўшанда улар (чоҳнинг) устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар”.
Яъни, мўминларни азоблаш учун қаттиқ ёнувчи олов ёққан чоҳ эгалари Аллоҳнинг раҳматидан узоқдирлар! Улар мўминлар азобланишини томоша қилиш учун чоҳ атрофига терилиб ўтириб олишганди. Улар шу йўл билан имонли кишилардан ўч олмоқчи бўлишди.
Бу қилмишлари ўта ёвуз, золим бўлганларидан, қалбларида раҳм-шафқат ҳисси умуман бўлмаганидан дарак беради.
Шундан кейин бу золим кимсалар нима сабабдан мўминларни бундай аёвсиз тарзда қийноққа солганлари баён қилинади:
“Улар фақат (мўминлар) қудрат ва мақтов Эгаси бўлган Аллоҳга – осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир!”
Ўша динсизлар мўминларни биргина сабабдан ёмон кўрардилар: мўминлар мутлоқ улуғлик ва мақтовлар Соҳиби бўлган Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишарди. Аллоҳ шундай Зотки, осмонлар ва ердаги жамики нарсалар Унга тегишли, барчаси Аллоҳнинг мулкидир. Аллоҳ барча нарсани кўриб, кузатиб туради. Бандалари қилаётган бирон ишни кўрмай қолмайди. У Зотдан ҳеч нарсани сир тутиб бўлмайди.
Бу оятларда мўминларга ноҳақ азоб берган кимсалар ҳолидан ажабланилмоқда. Зеро, улар фақат Аллоҳга ихлос ила ибодат қилганлари учун қийноққа маҳкум этилганди. Мазкур кофир кимсалар назарида, Аллоҳга имон келтириш оловда ёқишга муносиб жиноят эди.
Шайтон қўлида қўғирчоқ бўлган кимсалар, унинг ноғорасига ўйнаган одамлар назарида яхши хислатлар ҳам ёмондек туюлади. Аввалги қавмлар ҳаётига бир назар ташласак, шаҳват домига тушган кимсалар Лут алайҳиссаломга нисбатан: “Лутнинг аҳлини қишлоғингиздан (қувиб) чиқаринглар! Ҳақиқатан, улар жуда покиза кишилардир”, дейишганига гувоҳ бўламиз (Намл сураси, 56-оят).
Чоҳ эгалари мўминлардан фақат Аллоҳга бўлган имонлари сабабли ўч олишаётганди. Шунга ўхшаш оят бошқа ўринда ҳам келган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Эй аҳли китоб, сизлар биз томонимиздан ёмон кўрадиган нарсангиз фақат бизнинг Аллоҳга, ўзимизга нозил қилинган Китобга (яъни, Қуръонга) ва илгари нозил қилинган китобларга имон келтирганимиз, сизларнинг кўпчилигингиз эса итоатсиз эканликларингиздир” (Моида сураси, 59-оят).
Ибн Касир шундай деганлар: “Бу қиссада кимлар назарда тутилаётгани ҳақида турли қавллар айтилган. Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинишича, улар Форс аҳлидир. Подшоҳлари маҳрамларни никоҳга олишни ҳалол қилишни хоҳлаганида, уламолари буни инкор қилишган. Шунда катта чуқур қазилиб, буни инкор қилган олимларни бирма-бир чоҳга ташлашган.
Яна у кишидан ривоят қилинишича, улар яманликлардир. Улар ичидаги мўминлар ва кофирлар жанг қилиб, мўминлар ғолиб чиқишган. Кейин кофирлар мўминларни мағлуб этган. Шунда бир чуқур кавлаб, уларни ўша ерда ёқишган[31]”.
Бу оятларда мўминларни имонда мустаҳкам туришга, ғанимлардан етган озорларга мардонавор чидашга тарғиб қилинмоқда. Шунингдек, аввалги ўтган мўмин инсонлар бошига бундан-да оғирроқ мусибатлар тушгани эълон қилиниб, солиҳ аждодлари каби сабрли бўлишга ундалмоқда. Зеро, чиройли оқибат тақводор инсонларга тегишли бўлади. Аллоҳнинг ўзгармас қонуни шуни тақозо этади.
Шундан кейин Қурайш кофирлари мўминларга азият етказишда давом этсалар, уларни аянчли оқибат кутиб тургани ҳақида огоҳлантирилади:
“Албатта мўминлар ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бор ва улар учун ўт азоби бордир!”
Мўминлар ва мўминаларни қийнаб, уларга зулм ўтказган кимсалар гуноҳларидан тавба қилмасалар, Аллоҳга имон келтирган инсонларга жабр қилишни тўхтатмасалар, улар учун охиратда жаҳаннам азоби бўлади! Уларга яна ёндириш билан ҳам азоб берилади!
Мўминлар ва мўминаларни фитнага солганлардан мурод, Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф ва шу каби Қурайш мушрикларидир. Улар Билолни, Аммор ибн Ёсирни, унинг ота-онасини қаттиқ азобларга гирифтор қилишганди.
(Шунингдек, бу оят замирига мўминларни азоблаган, уларни ноҳақ қийнаган ҳар қандай кимса киради. Агар улар вақтида тавба қилмасалар, имон йўлига тўғаноқ бўлишни тўхтатмасалар, оқибатлари чоҳ эгалариники билан бир хил бўлади. – таржимон).
Бу ерда жаҳаннам азоби билан ўт азобининг жамланиши туғён ва ширк ботқоғига ботиб кетган кимсаларга жуда қаттиқ азоблар бўлишига ишорадир.
Имон йўлини танлаган инсонларга азият етказиш оқибатидан огоҳлантирилгач, энди мўминларга бериладиган мукофотлар зикр қилинади:
“Албатта имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу буюк саодатдир”.
Имон келтирган ва эзгу ишларни қилган мўмин бандалар учун Парвардигорлари ҳузурида дарахтлари ва боғлари тагидан ариқлар оқиб ўтувчи жаннатлар бордир. Мана шу мукофотни қўлга киритиш энг катта бахтдир. Бундан улуғи бўлмайди. Ҳар қандай ютуқ Аллоҳ розилиги ва жаннатга эришиш олдида кичикдир.
Икки тоифа вакиллари оқибати қандай бўлиши баён этилгач, Аллоҳнинг қудрати чексиз эканига далолат қилувчи жумлалар келтирилади. Бу билан мўминлар қалби мустаҳкамланиб, янада сабрли бўлишга чақирилади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг ушлаши қаттиқдир”.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, албатта Парвардигорингиз Аллоҳнинг золим ва исёнкор бандаларни жазолаши жуда қаттиқдир. Бас, шундай экан, саҳобаларингизга буюринг, азиятларга сабр қилишсин! Зеро, охиратда чиройли оқибат уларники бўлади.
“Албатта Унинг Ўзи бошлайди ва қайтаради”.
Ёлғиз Аллоҳ дунёда махлуқотларни яратади. Кейин ҳисоб қилиш учун уларни қайта тирилтиради. Аллоҳнинг Ўзи дунёда кофирларни қаттиқ жазолайди. Сўнгра охиратда янада аламлироқ жазо беради уларга.
“У Мағфиратли, Муҳаббатли Зотдир. (У) Арш Соҳиби бўлмиш Буюк Зотдир. (Аллоҳ) истаган нарсасини амалга оширувчидир”.
Аллоҳнинг раҳмати кенг, мағфиратли Зотдир. Тавба қилган ва имон йўлидан юрган кишиларни албатта кечиради. Ўзига итоат этган ва ҳидоят йўлига кирган инсонларни яхши кўради Аллоҳ.
Аллоҳ улуғ Аршнинг Эгасидир. Аллоҳ Ўз зоти ва сифатларида ўта Буюкдир. У Зот истаган ишини амалга ошира олади. Биронтаси Унга эътироз билдиролмайди. Унинг амри бажо келтирилади, истак-хоҳиши сўзсиз амалга оширилади.
Шундан кейин Аллоҳнинг азоби қаттиқ ва амри шубҳасиз бажарилишига далолат қилувчи жумлалар келтирилади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга қўшинларнинг – Фиръавн ҳамда Самуд (қабиласининг) хабари келдими?”
Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сизга ҳадидан ошган ва исёнкор Фиръавннинг хабари етиб келдими? Солиҳ алайҳиссалом ҳақидаги хабар-чи? Улар пайғамбарларини инкор қилиб, озор беришди, тегмаслик таъкидланган туяни сўйиб юборишди.
Аллоҳ таоло уларнинг куфри ва ҳадидан ошганлари сабаб қандай жазолаганини билдингизми?
Бу ерда Фиръавн ва Самуднинг алоҳида зикр қилинишига сабаб, улар бошқалардан кўра кўпроқ зулм қилишган, ўзгаларга қараганда тажовузкорроқ бўлишган. Шунингдек, Фиръавн ва Самуднинг қиссаси Макка аҳли орасида маълум эди.
“Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар)! Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир”.
Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан замондош бўлган мушриклар ўтган қавмлар қиссасидан ибрат олмай, куфрда қаттиқ туриб олишгани назарда тутилмоқда.
Яъни, Фиръавн ва Самуд қабиласи қўшинининг оқибати ҳалокат билан тугади. Сабаби улар куфрда эдилар. Лекин, эй Муҳаммад, қавмингиз улардан ибрат олмаяптилар, Сизни ёлғончи қилишда давом этмоқдалар. Билингки, Аллоҳ уларни тўлиқ қамраб олган. Аллоҳнинг жазосидан уларни биронта ҳам чора ёки ҳийла қутқариб қололмайди. Улар Аллоҳнинг ҳукми остидадирлар. Аллоҳ Ўзи истаган вақтда уларга муносиб жазо беради.
“Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришлардан ҳимояланган Лавҳдаги) буюк Қуръондир”.
Анави мушриклар айтаётганларидек, Қуръон аввалгилардан қолган афсоналар эмас. Балки У ҳақ Каломдир, Аллоҳ таолонинг буюк Каломидир.
Қуръон Лавҳул маҳфуздадир, ўзгартиришлардан сақланган, шайтонлар унга ета олмайдилар.
Биз мўминлар Қуръони карим Лавҳул маҳфузда эканига имон келтирамиз. Аммо бунинг ҳақиқатини, Лавҳул маҳфуз қандайлигини Аллоҳга ҳавола қиламиз, бу ҳақида баҳслашмаймиз. Сабаби бу ғайб илмидир. Уни фақат Аллоҳ билади. Лавҳул маҳфуз васфи ҳақида ишончли саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган.
Ушбу қиссадан олинадиган энг муҳим ибрат шуки, бу ўткинчи дунё ҳаётида икки тоифа – ҳақ ва ботил аҳли ўртасида аёвсиз жанг кетади. Бироқ Аллоҳнинг суннати (тақдири, қонуни) чиройли оқибат фақат мўмин бандаларники бўлишини тақозо этади.
ЮЗ ЙИЛДАН КЕЙИН ТИРИЛТИРИЛГАН КИШИ ҲАҚИДАГИ ҚИССА
Мана шу қисса Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига, қайта тирилиш, ҳисоб қилиниши, мукофот ва савоб, жазо ва азоб ҳақлигига ишора қилади.
Бу қисса Иброҳим алайҳиссалом билан тортишган подшоҳ зикридан кейин келтирилган. Саййидимиз Иброҳим алайҳиссалом унга шундай жавоб қилганлар: “Албатта Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни мағрибдан чиқаргин-чи?!” Шунда бу кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди[32]” (Бақара сураси, 258-оят).
Энди Аллоҳ тарафидан юз йилга ўлдирилиб, кейин қайта тирилган киши ҳақидаги қиссани кўриб чиқамиз. Парвардигоримиз шундай деган:
“Ёки бир зот ҳақидаги масални (билмадингизмики,) у зот томлари йиқилиб-ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: “Аллоҳ бу хароб бўлган (қишлоқни) қандай тирилтирар экан-а?” деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб деди: “Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?” “Бир кун ё ярим кун”, деди у. Аллоҳ деди: “Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара – бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳ қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят – ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплаганимизни кўргин”. Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: “Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан”, деди” (Бақара сураси, 259-оят).
Бу ерда зикр қилинаётган зотдан мурод, Узайр ибн Шархиёдир[33].
Айтилишича, қишлоқдан мурод, Байтул мақдисдир. Уни Бобил ҳукмдори Бухтанаср харобага айлантирганди. Қуръони карим шахслар ва жой номларига эътибор қаратмайди. Балки ҳолатни баён қилиб, ундан олинадиган ибратларга аҳамият беради.
“Аллоҳ бу хароб бўлган (қишлоқни) қандай тирилтирар экан-а?” деди.
Бу ўша одам қишлоқнинг вайронага айланганини кўриб, ажабланганидан айтган гаплардир.
Яъни, хароба қишлоқдан ўтаётган киши ҳақидаги қиссага эътибор бер! У ҳайратдан ёқа ушлаб:
– Бу қишлоқ кули кўкка совурилганидан кейин Аллоҳ уни қандай ёки қачон обод қилар экан-а?! – деди.
Имом Қуртубийга кўра, ўша киши аввалда гуллаб-яшнаган шаҳарнинг барбод бўлганидан афсусланиб шундай деган[34].
Бу савол вайронани қандай қилиб обод қилиш ҳақидадир, тирилтириш маъносида эмас. Чунки ўша киши қиёмат куни қайта тирилтиришга ишонган мўмин киши бўлган. У қишлоқни вайрона ҳолида кўргач, Аллоҳ уни қандай обод қилишини мулоҳаза қилиб, У Зотнинг қудратидан ҳайратланган. Шу билан бирга, шаҳар обод бўлишини истаган ва бунинг қандай рўй беришини билишга қизиққан.
Хўш, бу саволнинг натижаси қандай бўлди? Буни қуйидаги оятлардан билиб оламиз:
Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб деди: “Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?” “Бир кун ё ярим кун”, деди у.
Узайр шундай деганидан кейин Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Қишлоқ обод бўлганидан кейин унинг руҳини танасига қайтарди. Сўнг:
– Қанча муддат ўлик ҳолда ётдинг? – деб сўради.
– Бир куни ё ярим кун шундай ётдим, – деди.
Бу оятда ўлим уйқуга, тирилиш эса уйқудан уйғонишга ўхшаши баён қилинмоқда. Бандалар ўлганларидан кейин уларни қайта тирилтириш Аллоҳ учун осондир. Бу ҳақида Парвардигори олам шундай дейди: “(Эй инсонлар,) сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (қиёмат кунида) қайта тирилтири ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Аллоҳ Эшитувчи, Кўрувчидир” (Луқмон сураси, 28-оят).
Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳга қасамки, худди ухлаганингиз каби ўласизлар ва худди уйғонганингиз каби тирилтириласизлар. Кейин қилган амалларингиз бўйича ҳисоб берасизлар. Яхши амалларингиз учун мукофот, ёмон ишларингиз учун жазо оласизлар. Албатта жаннат абадийдир, дўзах ҳам абадийдир”.
Аллоҳ деди: “Йўқ, юз йил турдинг”.
Яъни, сен бир ё ярим кун эмас, балки юз йил ўлик ҳолда ётдинг.
Кейин қайта тирилиш ҳақлигига далолат қиладиган нарсаларга назар солишга ундайди:
“Таом ва ичимлигингга қара – бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин”.
Яъни, сен юз йил шу ҳолда турдинг. Агар бундан шубҳанг бўлса, ана таоминг ва ичимлигингга қара. Шунча йиллар ўтса ҳам улар ўзгармаган, тароватини йўқотмаган. Шунча замонлар ўтса-да, ўз ҳолича турибди. Ана энди эшагингнинг суяклари қандай қилиб чириб кетганига эътибор бер. Мана шу нарса орадан узоқ вақт ўтганини кўрсатади.
“(Бу ҳодисани Аллоҳ қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят – ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплаганимизни кўргин”.
Бу иш қайта тирилтиришга Аллоҳ қодир эканини кўрсатиш учун қилинди. Ана энди манави суяклар ҳақида тафаккур қил, Биз уни қандай қилиб гўшт билан қоплаганимизга эътибор бер!
Суддийдан ривоят қилинишича, Узайр эшагининг суяклари ҳар тарафга сочилиб ётарди. Бас, Аллоҳ бир шамолни юбориб, кейин ҳар бир суякни ўз жойига қўйди ва уларни гўшт билан қоплади. Буларнинг ҳаммаси Узайр кўз ўнгида содир бўлди[35].
Аллоҳ таоло оятни қуйидаги қавли билан тамомлаган:
Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: “Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан”, деди.
Узайр Аллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтиришига далолат қилувчи очиқ-ойдин ҳужжатларни кўзи билан кўриб, аъзолари билан ҳис қилганидан кейин:
– Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир эканига аниқ ишонаман, бунга ҳеч ҳам шубҳам йўқ! – деди.
Ушбу қисса Аллоҳ таолонинг Яккаю Ёлғиз эканига, У Зотнинг қудрати чексизлигига, шунингдек, ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақлигига далолат қилади.
ШАНБА КУНИ ҲАДИДАН ОШГАНЛАР ҚИССАСИ
Шанба куни ҳадидан ошган кимсалар қиссасининг қисқача баёни бундай: Бани Исроилдаги бир қавм шанба куни Аллоҳ таолога холис ибодат қилишга аҳд қилишган. Шунда уларга фақат шанба куни ов қилиш ман этилган. Аллоҳ уларнинг имонларини ва аҳдларига вафо қилишларини синаш учун айнан шанба куни денгиз соҳилига жуда кўп балиқлар юборган. Улар ибодат қилиш керак бўлган кунда балиқлар соҳил бўйида шундоққина кўриниб турган. Шунда ибодатга бел боғлаган қавмнинг иштаҳаси очилиб, шанба куни балиқ овлаш борасида бир ҳийла ўйлаб топадилар.
– Шанба куни балиқ билан лиқ тўладиган мана бу денгиз четига бир чуқур кавлаб қўямиз. Унга сув билан қўшилиб балиқлар ҳам киради. Шанба куни биз уларни овламаймиз, шунчаки ҳовузга қамаб қўямиз. Кейин бошқа кунларда бемалол тутаверамиз. Шу билан Парвардигоримизга берган ваъдамизга вафо қиламиз ва балиқ овидан ҳам қуруқ қолмаймиз! – дейишди.
Насиҳатгўй инсонлар уларни огоҳлантириб, бу иш Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга нисбатан ҳийла экани, балиқларни ҳовузга қамаб қўйиш овлаш билан баробар эканини тушунтиришди. Бироқ нафслари ақлларидан устун келгани боис, панд-насиҳатларга парво қилишмади, балки шайтоний ҳийлаларини амалга оширишди. Шунда Аллоҳ уларга ғазаб қилиб, уларни маймунларга айлантириб, ўзидан кейингиларга ибрат қилиб қўйди.
Ана энди Аъроф сурасига қулоқ тутамиз. Унда ўзига хос услубдаги ажойиб қисса келтирилади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) улардан денгиз олдидаги қишлоқ ҳақида – шанба куни ҳаддан ошганлар ҳақида сўранг! Ўшанда шанбалик қилган кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса келмасди. Уларни итоатсиз бўлганлари сабаб мана шундай имтиҳон қиламиз[36]. Ўшанда улардан бир жамоат: “Нима сабабдан Аллоҳнинг Ўзи (бу дунёда) ҳалок этадиган ёки (охиратда) қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қиласизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар Аллоҳдан) қўрқсалар, деб (насиҳат қиляпмиз)”. Бас, қачон улар ўзларига эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабаб қаттиқ азоб билан ушладик. Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: “Бадбахт маймунларга айланинг!” дедик” (Аъроф сураси, 163-166-оятлар).
Бу ерда Набий алайҳиссаломга хитоб қилиниб, замондош яҳудийлардан шанба куни ҳаддан ошган кимсалар ҳақида сўраш буюрилмоқда.
Яъни, эй Муҳаммад, анави яҳудийлардан Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилиб олган аждодларининг ҳоли не кечгани ҳақида сўранг. Уларнинг хабари китобларида бор. Уни беркита олмайдилар.
Савол беришга ундашдан мақсад, уларни исён қилганликлари учун танқид остига олиш. Шояд тавба қилиб, ҳақ йўлга кирсалар, аввалги ўтганлар каби мусибатларга дучор бўлмасалар.
Яҳудийлар яхши биладиган бу қиссани Пайғамбар алайҳиссалом келтиришлари мўъжизадир. Ахир у зот яҳудийдар китобини ўқимаганлар. Балки Аллоҳ у зотга ваҳий орқали буни маълум қилган. Агар улар шу ҳақида фикр юритсалар, мўмин бўлардилар.
Жумҳур муфассирларга кўра, бу қишлоқ Мадян ва Тур орасида жойлашган “Айла” номли қишлоқдир[37].
“Шанба куни ҳаддан ошганлар ҳақида сўранг!”
Яъни, шанба куни ов қилиш билан Аллоҳ белгилаб берган чегарадан ўтган, ўзларига зулм қилган кимсалар ҳақида яҳудийлардан сўранг!
“Ўшанда шанбалик қилган кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса келмасди”.
Яҳудийлар улуғлайдиган шанба куни катта-катта балиқлар сув юзасига қалқиб чиқиб, осонлик билан овлаш имкони туғиларди. Шанба куни ўтгач, балиқлар кўринмасди. Бу Аллоҳ таоло тарафидан синов бўлган эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Аслида яҳудийларга ҳам жума кунини мўътабар санаш амр қилинган эди. Бироқ улар жума кунини тарк этиб, шанбани танладилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни имтиҳон қилди: ўша кунда ов қилишни ман этиб, шанбани улуғлашни буюрди. Шанба куни келганида улар денгиз бўйида балиқларни кўрардилар. Бошқа кунларда эса балиқлар кўринмас, фақат шанба куни қайтиб келарди. Аллоҳ уларни мана шундай имтиҳон қилган. Бу Аллоҳ таолонинг “Ўшанда шанбалик қилган кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса келмасди”, деган сўзи маъносидир[38]”.
Имом Қуртубий айтадилар: “Ривоят қилинишича, мазкур воқеа Довуд алайҳиссалом замонида бўлиб ўтган. Иблис уларга васваса қилиб: “Сизлар шанба куни балиқ овлашдан қайтарилдингиз. Шундай экан, денгиз четида сунъий ҳовузлар кавланг”, деди. Улар шанба куни ўша ҳовузга балиқларни ҳайдаб бориб қамаб қўйишарди. Сув камлиги сабаб балиқлар у ердан чиқиб кетолмасди. Якшанба куни эса бемалол балиқларни тутиб олишарди[39]”.
“Уларни итоатсиз бўлганлари сабаб мана шундай имтиҳон қиламиз”.
Аллоҳ шанба куни балиқларни сув юзасига чиқариш ва бошқа кунларда уларни кўрсатмаслик билан ҳаддан ошган кимсаларни имтиҳон қилади. Кимда-ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, итоатсизлик қилса, шариат қонунлари доирасида ҳийла ишлатса, мана шундай синов билан жазоланади. Зеро, ким Аллоҳга итоат этса, У Зот дунё ишларини осон қилиб қўяди, охиратда улуғ мукофотлар билан тақдирлайди. Ким итоатсизлик қилса, Адолатли ва Қодир Зот бўлмиш Аллоҳ ўша кимсани қаттиқ жазолайди.
Энди ўша қишлоқ аҳлидаги бир қанча тоифалар ва уларнинг ҳолати тўғрисида маълумот берилади:
“Ўшанда улардан бир жамоат: “Нима сабабдан Аллоҳнинг Ўзи (бу дунёда) ҳалок этадиган ёки (охиратда) қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қиласизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар Аллоҳдан) қўрқсалар, деб (насиҳат қиляпмиз)”.
Ушбу оятдан тушуниш мумкинки, қишлоқ аҳли уч тоифа бўлган:
1. Шанба куни ҳаддан ошганлар, исён ва туғёнга ботиб, Аллоҳ белгилаб берган чегарадан ўтганлар.
2. Уларни ёмон ишдан қайтарган кишилар.
3. Исёнкор кимсалар тузалишидан умидини узган ва насиҳатгўйларни маломат қилган кишилар.
Юқоридаги оятга кўра, шанба куни балиқ овлаб чегарадан чиққан одамларга насиҳат қилган зотларга:
– Буларга насиҳат қилишнинг фойдаси йўқ, огоҳлантирган билан таъсир қилмайди. Нега насиҳат қиласизлар?! Чунки Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилишни тақдир этган ва ер юзини улардан тозалайди, ёмонликлари сабабли муносиб жазоларини беради, – дейилди.
Насиҳат қилувчилар бунга жавобан шундай дейишди:
– Амру маъруф ва наҳий мункар борасида камчиликка йўл қўймаслик ва уларнинг тўғри йўлга юришидан умид қилиб насиҳат қиляпмиз!
Аллоҳ шундан кейин исёнкор ва насиҳатгўй жамоанинг оқибати қандай бўлганини баён қилади:
“Бас, қачон улар ўзларига эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабаб қаттиқ азоб билан ушладик”.
Яъни, шанба куни ҳийла қилиб балиқ овлаган кимсалар кўр ва кар ҳолларида туғёнда давом этишиб, насиҳатни хушламаганларидан кейин ҳақ йўлга даъват қилганларга нажот бердик. Исёнкор кимсаларни эса қаттиқ азобладик.
Бу ерда балиқ овлаб ўзларини азобга гирифтор қилган кимсалар ва уларни бу қинғир йўлдан қайтарган кишилар оқибати ҳақида хабар қилинган. Бироқ насиҳатгўй инсонларни койиган кишилар ҳақида бирон нарса дейилмаган.
Баъзи муфассирлардан ривоят қилинишича, улар нажот топишмаган. Чунки ёмон ишдан қайтарганлари йўқ. Устига-устак улар панд-насиҳат қилганларни танқид қилишган.
Лекин жумҳур муфассирларга кўра, бу тоифа вакиллари ҳам нажот топган. Сабаби, улар шанба куни балиқ овлаган кимсалар қилаётган ишни ёқтиришмаган. Улар каби ман этилган ишни қилишмаган. Исёнкорларнинг инсофга келишидан умидларини узганлари боис насиҳат қилишни ўзларига эп кўришмаган.
Учинчи тоифа оқибати қандай бўлганини Аллоҳга ҳавола қиламиз. Чунки бу борада саҳиҳ матн ворид бўлмаган. Чунончи, Қуръонда насиҳатгўйлар ва ҳаддан ошганлар оқибати баён этилган. Лекин насиҳатгўйларни маломат қилганлар ҳақида бирон нарса айтилмаган.
Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: “Бадбахт маймунларга айланинг!” дедик.
Яъни, уларга панд-насиҳат кор қилмагач, Аллоҳ таоло:
– Бадбахт ва хор маймунларга айланинг! – деди ва шундай бўлди.
Ушбу оят тафсирида айтилишича, Аллоҳ таоло ўша қавмни аввал бахтсизлик ва турмушдаги танглик азоби билан жазолаган. Улар шунда ҳам ақлларини ишлатиб, тўғри йўлга юришмагач, уларнинг жисмлари маймунларга айлантириб қўйилган. Улар ҳақиқатан маймун бўлишган. Оятнинг зоҳири шуни кўрсатади. Жумҳур уламолар мана шу қавлни маъқуллашган.
Айтилишича, улар хулқ жиҳатидан маймунга айлантирилган, худди маймун каби ёмонлик ва бузғунчилик қиладиган кимсалар бўлиб қолишган. Бу Мужоҳиддан ривоят қилинган.
Маъсиятга ботганлари, насиҳатни хушламаганлари, нафсга қарши курашишда сусткашлик қилганлари боис улар мана шундай жазога дучор бўлдилар. Улар нафсга қул бўлиб, ўзларига хорлик сотиб олдилар.
Баъзи одамлар ўзининг қинғир мақсадларига етиш, нопон ниятини амалга ошириш учун ҳийлани восита қилиб олади. Уламолар мана шу оятлардан келиб чиқиб, қабиҳ (ёмон) ҳийла жоиз эмаслигини таъкидлашган. “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган мана бу ҳадис келтирилган: “Аллоҳ яҳудийларни ҳалок қилсин! Уларга (ҳайвон) ёғлари ҳаром қилинганди. Бироқ (яҳудийлар) уларни сотиб, пулини едилар”.
ФИЛ ЭГАЛАРИ ҚИССАСИ
Фил эгалари ҳақидаги қисса жуда машҳур саналади. Қисқача баён қиладиган бўлсак, ҳабаший Абраҳа Каъбани бузиш учун жуда катта қўшин тўплаб Макка сари отланади. Ниятини амалга оширмоқчи бўлганида Аллоҳ таоло уни ва қўшинини ҳалок этади. Мана шу қисса Қуръони каримнинг Фил сурасида қисқа ва чиройли услубда баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай хабар қилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? У Зот уларнинг ҳийла-найранггини барбод қилмадими? У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, уларни чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!” (Фил сураси, 1-5-оятлар).
Фил воқеасини Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, бошқалар ҳам жуда яхши билишарди. Ҳатто ўша ҳодиса билан тарих саналарини ҳисоблашни ҳам жорий қилишган: “Бу воқеа фил йили ёки ундан олдин ё кейин содир бўлган”, деб айтишарди.
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми?”
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Парвардигорингиз фил эгаларини қандай ҳалок қилганини аниқ кўрдингиз, буни шубҳасиз биласиз. Улар Каъбаи муаззамани бузмоқчи бўлдилар. Аммо Аллоҳ уларни аянчли ҳолатда мағлуб этди. Бунда оқиллар учун ибрат бордир. Мазкур ҳодиса Бизнинг қудратимизга ва Байтимизни ҳимоя қилишимизга далолат қилади.
“Парвардигорингиз қилганини” дейилиши фил эгалари билан содир бўлган воқеани юзага келтиришга фақат Аллоҳ қодир эканига ишорадир. Зеро, У Зот суюкли Пайғамбарини ҳимоя қилиш, унга душманлари устидан нажот беришни ваъда қилган. Шунингдек, Макка аҳли ҳам Ҳабашистон қўшинлари хуружидан омон қолдирилди. Бу Аллоҳ таолонинг уларга кўрсатган марҳаматидир.
Оятда “фил эгалари” дейилишига сабаб, улар ўзлари билан улкан филлар олиб келиб, Каъбани бузиб ташламоқчи, Макка аҳлини хорламоқчи бўлишган.
“У Зот уларнинг ҳийла-найранггини барбод қилмадими?”
Аллоҳ таоло фил эгаларининг Каъбани бузиш ҳақидаги ниятларини барбод қилди. Уларнинг саъй-ҳаракатларини бекор кетказди. Аксинча, ўзларини буткул ҳалокатга дучор қилди.
“Ҳийла” (арабча матнда “кайд” сўзи билан келтирилган) махфий тарзда ўзга одамга зарар етказишни ният қилишдир. Улар кундуз куни очиқчасига Макка томон қўшин билан бостириб келганларига қарамай, Аллоҳ таоло бу оятда Абраҳанинг қилган ишини “ҳийла” демоқда. Сабаби, улар дилида Макка аҳлига нисбатан ҳасад, бузғу адоватни яшириб келган. Ҳа, уларнинг кўпи қалбида Каъбатуллоҳ ва унинг атрофидаги яшовчи аҳолига нисбатан кек-адоват сақлаб юрарди.
Аллоҳ таоло қалбда кек сақлаш ҳақида шундай деган: “Эй мўминлар, ўзларингиздан бошқаларни (яъни, ғайридинларни) сирдош – дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва сизларни қийинчилик-машаққатларга дуч келишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари ўз оғизларидан ошкор бўлади. Дилларидаги (адоват) эса янада каттароқдир. Агар ақл юритсангиз сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик” (Оли Имрон сураси, 118-оят).
Шундан кейин Аллоҳ фил эгаларининг макрини қандай қилиб барбод қилганини баён этади:
“У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб...”
Аллоҳ таоло ҳаддан ошган анави кимсалар макрини бекор кетказди: уларнинг устига гала-гала қушларни юборди. Ҳар тарафдан қушлар келиб ҳалокатига сабаб бўлди. Аллоҳ таоло: “Парвардигорингизнинг қўшинларини Ёлғиз Унинг Ўзигина билади”, деган (Муддасир сураси, 31-оят).
Баъзи уламоларнинг айтишича, гала-гала қушлар ён атрофдан учиб келиб, фил эгалари устига тошлар ёғдиришган.
Икримадан ривоят қилинади: “Қушлар уларнинг устига нўхатдек келадиган тошларни ташлаган. Агар улардан биронтасига тош тегадиган бўлса, унинг сабабидан чечак (касаллик) чиққан. Араб ерларида энг биринчи чечак ана ўша кунда пайдо бўлган”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинган: “Агар ўша тош уларнинг бошига тушса, ғурра қилган (ёки ёндириб юборган). Бу аввалги чечак эди. Айтилишича, ўша йили араб ерларида қизамиқ ва чечак касали илк бор пайдо бўлган”.
Ибн Жузо “Тафсир”ида: “Танага теккан тош вужудни тешиб ўтиб кетган. Айримларида турли касалликлар пайдо қилган. Улар батамом ҳалок бўлганлар. Абраҳанинг танаси эса илма-тешик бўлиб кетган”, деган[40].
“Уларни чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!”
Бу ерда Аллоҳ таолонинг изни билан гала-гала қушлар ташлаган тош оқибатида фил эгалари қандай аянчли ҳолатга келиб қолгани баён қилинмоқда.
Яъни, Қудратли Аллоҳ Каъбани бузмоқчи бўлганлар устига тош ёғдирувчи қушларни юборди. Оқибатда улар буткул маҳв этилди. Гўё шамол учириб кетадиган япроқ ёки ҳайвонлар томонидан чайнаб ташланган сомон каби бўлиб қолдилар.
Мана шу қиссада Аллоҳ таоло нақадар Қодир Зот эканига далолат қилувчи мисоллар келтирилди. Уни ўқиган инсоннинг имони зиёда бўлади, саботи янада ортади. Залолатда юрган кимсалар бу қиссани ўқиб, ўзларига хулоса чиқаришади, куфр, ширк ва нифоқ иллатидан покланиб, тўғри йўлдан юра бошлайдилар.
[1] Муфассирлар ёзишича, асҳобул каҳф – ғор эгаларининг қиссаси бундай бўлган экан: Исо алайҳиссалом замонларидан кейин Рум давлатларининг бирида Дақёнус номли золим шоҳ чиқиб, одамларни бутларга ибодат қилишга мажбур этар, амрига бўйсунмаган кишиларни эса ўлдирар экан. Кунлардан бирида, унга фуқароларидан бир неча йигит унинг фармонидан бош тортиб, бутларга сиғинаётганини етказибдилар. Подшоҳ уларни ўз саройига чақириб, бу хабарнинг рост-ёлғонлигини сўраганида, улар: “Бизлар Ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимса ёки нарсага сиғинмаймиз”, деб жавоб қилдилар. Шунда шоҳ уларга: “Сенлар ёш, чиройли, бақувват йигитлар экансанлар, ўз жонларингга жабр қилманглар. Мен сенларни ўлдириб юборишга кўзим қиймаяпти. Яхшиси, эрталабгача ўйлаб кўриб, эртага менга жавобини айтинглар”, деб уларга рухсат беради. Йигитлар ўзаро маслаҳатлашиб, “Аллоҳдан ўзгага бўйсунгандан кўра шу диёрни тарк этганимиз афзал”, дейишиб, тун қоронғусида шаҳарни тарк қилишади. Йўлда яйловдан ўтиб бораётганларида уларга ўша ерлик бир чўпоннинг ити ҳам эргашади. Тонгга яқин бир тоққа етиб боришиб катта ғорга кириб яширинадилар. Эрталаб бу воқеадан хабар топган шоҳ ўз аскарлари билан уларнинг ортидан тушиб, ўша ғор оғзига яқинлашгач, аскарлар унга киришга қўрқадилар. Шунда Дақёнус уларга ғордаги йигитлар очлик ва ташналикдан қирилиб кетишлари учун ғор оғзини беркитиб ташлашни буюради. Лекин Аллоҳ таоло Ўзининг садоқатли бандаларини ҳалок бўлишдан сақлайди – уларни узоқ уйқуга чўмдиради. Уйғонганларида орадан 300 йил ўтган эди. Бундан бехабар йигитлар бир ё ярим кун ухладик деб ўйлайдилар ва ораларидан битталарини яширинча шаҳарга егулик хариб қилиб келиш учун жўнатадилар. У йигит бозорга келиб таом сотиб олиб, ёнидаги тангани узатганида, сотувчи ҳайрон бўлиб: “Бу Дақёнусдан қолган танга-ку, бирон ердан хазина топиб олдингми?” деб сўрайди. Йигит ҳам ҳайрон бўлиб: “Ҳеч қандай хазина топиб олганим йўқ. Бу менинг қавмим ишлатадиган оддий танга”, деб жавоб қилиб, Дақёнусга нима бўлганини сўрайди. Бу орада тўпланиб кетган одамлар унинг аллақачон ўлиб кетганини айтишиб, йигитни подшоҳ олдига олиб боришади. Бу шоҳ мўмин, солиҳ киши эди. Йигитдан ўзи ва ўртоқлари бошидан кечган воқеаларни эшитгач, аскарлари ва шаҳар аҳли билан ўша ғор оғзига борадилар. Ичкаридаги йигитлар Дақёнус олиб кетгани келди, деб ўйлашиб, ўлим олдидан сўнгги бор ибодат қилиб олишга тутинадилар. Подшоҳ ва унинг одамлари ғорга киришиб, уларни ибодат устига кўрадилар ва намозларини тугатганларидан сўнг подшоҳ йигитларнинг ҳар бири билан қучоқлашиб кўришиб, уларнинг бошларидан кечган саргузашт Аллоҳ таоло бандаларини қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилиш учун қайта тирилтириши ҳақ эканига бир оят – аломат эканини айтади (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).
[2] “Тафсирул фахрир розий”, 21-жуз, 82-бет.
[3] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 132-бет.
[4] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 139-бет.
[5] Имом Қуртубий оятдаги “туриш” уч хил маънони ифодалашини айтган. Қаранг: “Тафсирул қуртубий”, 10-жуз, 365-бет.
[6] “Тафсирул алусий”, 15-жуз, 219-бет.
[7] “Тафсирул фахрир розий”, 21-жуз, 99-бет.
[8] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 141-бет.
[9] “Тафсирул қуртубий”, 10-жуз, 372-бет.
[10] “Тафсиру фатҳил баён”, 5-жуз, 534-бет.
[11] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 142-бет.
[12] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 143-бет.
[13] Муфассирлар ривоят қилишича, бу икки оят нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган: яҳудийлар қурайшлик арабларга: “Бориб Муҳаммаддан сўранглар-чи, агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлса, сизларга руҳ – жон ҳақида, асҳобул каҳф ва Зулқарнайн тўғрисида хабар берсин”, деган эканлар. Улар келиб Пайғамбар алайҳиссаломдан шу ҳақида сўраганларида, у зот: “Эртага келинглар, албатта сизларга жавоб қиламан”, дебдилар-у, “Иншааллоҳ” сўзини қўшмабдилар. Шунда бир қанча вақт ваҳий келиши тўхтаб, сўнгра Пайғамбар алайҳиссаломга танбеҳ бўлиб юқоридаги оятлар нозил бўлган (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).
[14] “Тафсирул қуртубий”, 10-жуз, 385-бет.
[15] Ушбу оят асҳобул каҳф ўз ғорларида шамсий ҳисоб билан уч юз йил турганлари ҳақида хабар бермоқда. Кейинги тўққиз йил қўшилиши эса қамарий ҳисобидан келиб чиққан. Шамсий ҳисобдаги юз йил қамарий ҳисобда бир юз уч йилга тўғри келади (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).
[16] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 146-бет.
[17] “Назмуд дурар лилбиқоий”, 12-жуз, 128-бет.
[18] “Тафсирул алусий”, 16-жуз, 27-бет.
[19] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 491-бет.
[20] Бу қисса орқали Қуръон Макка мушрикларини Муҳаммад Пайғамбар алайҳиссаломга имон келтирмасликнинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантиради (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).
[21] Қаранг: “Тафсирул қуртубий”, 15-жуз, 14-бет.
[22] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 559-бет.
[23] Ривоят қилинишича, бу киши шаҳар четида истиқомат қилувчи художўй ва саховатли бир одам бўлиб, исми Ҳабиб Нажжор эди. У ҳамшаҳарлари ўзларини ҳақ йўлга даъват қилиш учун келган элчиларни ёлғончи қилишиб, ўлдиришмоқчи бўлиб турганларидан хабар топгач, шошганча уларнинг олдига келиб, мазкур оятлардаги сўзларни айтган (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).
[24] “Тафсирул алусий”, 22-жуз, 228-бет.
[25] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 558-бет.
[26] “Тафсирул кашшоф”, 4-жуз, 11-бет.
[27] “Тафсиру ибни касир”, 8-жуз, 223-бет.
[28] Ҳаж сураси, 25-оят.
[29] “Тафсирул қуртубий”, 18-жуз, 241-бет.
[30] Ушбу оятларда қадимда ўтган бир подшоҳ ва унинг малайлари мўминларни Аллоҳ таолога бўлган имон-эътиқодларидан қайтариш учун қўллаган мудҳиш чоралари ва оқибатда ўзлари қазиган чоҳга қулаб ҳалок бўлганлари ҳақида хабар берилди. Ўшанда улар мўминларни ташлаб ёқиш учун узун ва чуқур чоҳ кавлашиб, ҳар бир мўминни ўша чоҳ ёқасига келтиришгач, агар имонидан қайтмаса, мана шу ловуллаб ёниб турган чуқурга ташлашларини айтишганида, бирон мўмин имонсиз яшашни имон билан шаҳид бўлишдан ортиқ билмаган экан. Лекин улар ўша чуқурга отилган пайтларида ҳали олов баданларига тегмасидан Аллоҳ таоло уларнинг жонларини Ўз ҳузури олийсига чорлаган, мўминларнинг жасадларини куйдиришдан ор қилган олов эса юқорига кўтарилиб, чоҳ ёқасида томошабин бўлиб ўтирган кофирларни куйдириб ҳалок қилган экан (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).
[31] Қаранг: “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 387-бет.
[32] Подшоҳ Намруд Иброҳим алайҳиссаломга: “Сен бизларни даъват қилаётган илоҳинг қандай зот?” деганида, Иброҳим пайғамбар айтдилар: “Парвардигорим Ўз бандаларига жон бериб, жон олувчидир”. Шунда Намруд: “Бу менинг ҳам қўлимдан келади”, деб икки кишини келтирди-да, бирини ўлдириб, яна бирини қўйиб юборди. Иброҳим алайҳиссалом унинг аҳмоқлигини кўргач, дедилар: “Менинг Парвардигорим қуёшни шарқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам қудрат эгаси бўлсанг, уни ғарбдан чиқаргин-чи?!” Ана шунда Намруд жавоб тополмай лол бўлиб қолди (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).
[33] Айтилишича, Ҳазқиёл ибн Бузодир. Бу хусусда бошқа қавллар ҳам келтирилган.
[34] “Тафсирул қуртубий”, 3-жуз, 299-бет.
[35] “Тафсиру ибни касир”, 1-жуз, 314-бет.
[36] Муфассирлардан Қуртубийнинг ёзишича, бу воқеа Довуд алайҳиссалом замонларида бўлган экан. Ўшанда шанба кунлари балиқлар сон-саноқсиз бўлиб сув юзида оқиб келар, эртасига эса дарёда биронта ҳам балиқ қолмас экан. Бу фурсатдан фойдаланган иблис яҳудийларни васвасага солиб, улар дарё четларида саёз ҳовузлар кавлашиб, шанба кунлари балиқларни қамаб олишадиган, эртасига эса ўша ҳовузлардан тутиб кетадиган бўлган эдилар. Бу қилмишлари оқибатида улар Аллоҳ таолонинг имтиҳонидан ўта олмаган эканлар. Юқоридаги оятда итоатсиз кимсаларни Аллоҳ ўтиб бўлмайдиган бало-имтиҳонларга гирифтор қилишига ҳам ишора бордир. Ўшанда яҳудийлар уч тоифага бўлиниб қолган эканлар: бир тоифа юқорида айтилган шанда кунлари балиқ овлайверадиган итоатсизлар, иккинчи тоифа ўзларини бу жиноятдан сақлаб, ўзгаларни ҳам ундан қайтарганлар, учинчи тоифа эса ўзлари у кунда балиқ тутмай, ўзгаларни ҳам ундай қайтармайдиганлар эди (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).
[37] Бу қишлоқ Табария ёки Мадян эди, деган қавл ҳам бор.
[38] “Тафсирул фахрир розий”, 4-жуз, 316-бет.
[39] “Тафсирул қуртубий”, 7-жуз, 306-бет.
[40] “Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф, “Софватул баён”, 2-жуз, 569-бет.